Саъд ибн Абу Ваққос

Рукн: Саҳобалар Чоп этилган: 12.12.2014
"От, Саъд, от... Ота-онам сенга фидо бўлсин".
(Муҳаммад Расулуллоҳ Уҳуд куни
Саъдга шундай хитоб қилгандилар)
 
Аузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм, бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
"Биз инсонга ота-онасини (яъни уларга яхшилик қилишни) амр этдик. Онаси унга ожизлик устига ожизлик билан ҳомиладор бўлди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (келур). (Биз инсонга, буюрдикки,) "Сен Менга ва ота-онанга шукр қилгин! Ёлғиз Ўзимга қайтажаксан!" Агар улар (яъни ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсалар-да,) дунёда яхши муомалада бўлгин ва ўзинг Менга ижбат-тавба қилган кишиларнинг йўлига эргашгин! Сўнгра (яъни қиёмат кунида) Ўзимга қайтурсизлар; бас, Мен сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берурман" ("Луқмон сураси", 14-15-оятлар).
Бу ояти карималар ажойиб ва нодир бир воқеа сабаби билан нозил бўлгандир. Ҳали ғўр, ёшгина йигитчанинг шуурини бутунлай бир-бирига зид ҳиссиётлар чулғаб олганди. Ўшанда яхшилик ёмонлик устидан, иймон куфр устидан ғолиб келганди. Бу воқеанинг қаҳрамони маккалик ёшларнинг саркори, ҳам отаси, ҳам онаси баобрў шахслардан бўлган, олинасаб йигитча эди. Унинг исми Саъд ибн Абу Ваққос розиаллоҳу анҳудир.
Маккада нубувват нури зоҳир бўлган онда Саъд ўн гулидан бир гули очилмаган, беғубор, ота-онасига меҳр-муҳаббатли, айниқса, онасининг атрофида гирдикапалак фарзанд эди. У ҳали суяги қотмаган, бор-йўғи ўн етти баҳорни қаршилаган бўлишига қарамасдан кўпни кўрган кишилар каби ақлли, мўйсафидлар сингари мулоҳазакор эди. Тенгдошлари ружу қўйган беҳуда ўйин-кулгуларга мутлақо қўшилмас, гўёки уни буюк келажак кутиб турганини олдиндан билгандай аксар вақтини ўқ-ёй ясашга, камондан ўқ узиш машқларига бағишларди. Бундан ташқари, у қавми муккасидан кетган расвогарчилик ва бузуқ ақидадан безор эди. Одамларни адашиб-улоқиб юрган зулматларидан қутқариб, нажот йўлига етаклаш учун қаердандир қудратли ва меҳрибон ёрдам қўли чўзилишини интизорлик билан кутарди.
 
Саъднинг кунлари шу зайлда ўтиб турган бир маҳалда Аллоҳ азза ва жалла инсониятга ана шундай меҳрибон ва бунёдкор ёрдам қўли чўзилишини ирода этди. Бу қўл башарият саййиди Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг қўллари эди. У қўл мангу нурсочар илоҳий юлдузни - Аллоҳнинг китобини маҳкам тутганди...
Саъд ибн Абу Ваққос сира иккиланмай ҳақ ва ҳидоят чақириғига "лаббай", деб жавоб берди. У эркаклардан учинчи ёки тўртинчи бўлиб, исломни қабул қилди. Шунинг учун кўпинча фахрланиб "Мен етти кун давомида исломнинг учдан бир қисмини ташкил қилиб турдим", деб қўярди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъднинг иймонга келиши билан кўп қувондилар. Чунки ундаги олижаноблик аломатлари, жавонмардлик нишоналари, шак-шубҳасиз, бу ҳилол яқин кунлар ичида бадрга, яъни тўлим ойга айланишининг башоратини берарди. Саъд ҳурмат-эътиборли, обрў-иззатли хонадондан бўлгани учун Макка ёшларини кетидан эргаштириб, исломга етаклаши мумкин эди. Қолаверса, Саъд Пайғамбар алайҳиссаломнинг тоғалари тарафидан, бану Зуҳра қавмидан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оналари Омина бинти Ваҳб ҳам шу қавмдан эди. Сарвари олам бу қариндошчиликни мўътабар санардилар. Ривоят қилинишича, бир куни пайғамбаримиз бир неча асҳобларининг даврасида ўтирганларида, Саъднинг келаётганини кўриб қоладилар. Шунда "Мана бу киши менинг тоғам! Қани бошқалар ҳам ўзининг шунақа тоғасини кўрсатсин-чи!" дейдилар.
 
Саъд ибн Абу Ваққоснинг исломдан кейинги ҳаёти илгаригидай бир текис давом этавермади, балки ёш, тажрибасиз мўмин йигитниг оғир ва шиддатли имтиҳонга рўбарў қилди. Азбаройи имтиҳоннинг қийинлигидан Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло унинг хусусида Қуръон оятларини туширди. Келинг, бу машаққатли синовни ҳикоя қилиб бериши учун сўзни Саъднинг ўзига берайлик. Саъднинг ҳикояси:
- Иймонга келишимдан уч кун олдин туш кўрдим. Гўёки бири биридан қуюқ зулматлар қўйнида ғарқ бўлиб кетганмишман. Қоқилиб-йиқилиб, зўрға ўрмалаб кетаётган пайтимда тўсатдан бир парча Ой нури пайдо бўлибди. Мен Ойнинг нурига қараб юрибман. Борсам, мендан олдин уч киши - Зайд ибн Ҳориса, Али ибн Абу Толиб ва Абу Бакр Сиддиқлар ёруғликка чиқиб олишибди.
Тонг отгандан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам махфий тарзда исломга даъват қилаётганларининг хабари қулоғимга чалинди. Шунда Аллоҳ менга яхшиликни ирода этганини, ўзининг элчиси орқали зулматлардан нур сари чиқаришни хоҳлаганини билдим. Вақтни чўзиб ўтирмай, дарҳол йўлга тушдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Жиёд дарасида учратдим. У киши эндигина аср намозини ўқиб бўлган эканлар. Шу ерда исломни қабул қилдим. Мендан олдин фақат тушимда кўрган уч кишигина мусулмон бўлган эдилар.
Менинг иймонга келганимни эшитиб, онамнинг тепа сочи тикка бўлаёзди. Мен онамга меҳр-мурувватли, итоаткор фарзанд эдим. Буни билган онам ўз таъсирини ўтказмоқчи бўлди.
- Эй Саъд, - деди, - сен аллақандай номаълум динни қабул қилибсан. Хатто у туфайли ота-онангнинг динидан воз кечибсан... Аллоҳнинг номига қасамки, сен ўша янги динингни тарк этасан, акс ҳолда мен бир луқма таом ҳам емайман, бир қултум сув ҳам ичмайман. Очлик ва ташналикда кўз юмаман. Ана ўшанда кўйимда жигар-бағринг кабоб бўлади, қилиб қуйган аҳмоқлигинг учун афсусу надоматлар чекасан, бутун умр одамлардан "онасининг қотили" деган таънаю маломатларни эшитиб ўтасан.
Мен "Ундай қилманг, онажон. Мен ҳеч нарса эвазига динимдан воз кечмайман", деб ёлвордим, бироқ онам қарорида қатъий туриб олди. Оби-таомдан бутунлай четланди. Бир неча кун туз ҳам тотмади, сувга ҳам яқинлашмади. Кўз ўнгимда озиб-тўзиб, кўзлари киртайиб, охири ҳолсизликдан силласи қуриб, ётиб қолди. Мен тез-тез онамнинг тепасига бориб, ҳеч бўлмаса бир тишлам таом ейишини ёинки бир ҳўплам сув ичишини ўтиниб сўрардим. У эса кескин бош чайқар, агар динимдан қайтмасам ўлгунича шу ҳолда давом этишини айтиб, қасам ичарди.
Шунда мен ҳам гапнинг пўсткалласини айтдим:
- Онажон, мен сизни жонимдан ортиқ кўраман, аммо Аллоҳ ва Расулини сиздан кўра кўпроқ севаман... Худо ҳаққи, агар сизнинг мингта жонингиз бўлсаю ҳаммаси бирма бир чиқиб турса ҳам динимни тарк қилмайман.
Онам менинг сўзларим жиддий эканини англаб, тақдирга тан берди. Ноилож, еб-ичишни бошлади. Аллоҳ бизнинг тўғримизда оят туширди:
- "Агар улар (яъни ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсаларда) дунёда яхши муомалада бўлгин".
 
Саъд ибн Абу Ваққос иймонга келган кун мусулмонлар учун энг хайрли, ислом учун энг муборак кунлардан бири бўлган эди.
Бадр жиҳодида Саъд ва укаси Умайр барчага ўрнак бўлишди. У кезлар Умайр кичкина бола, нари борса, энди балоғат ёшига етган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жангдан олдин лашкарни кўздан кечириб чиқаётган маҳалда кўриб қолиб, кичкиналиги учун қайтариб юборишларидан қўрқиб, орқа сафга беркиниб олди, бироқ Пайғамбар алайҳиссалом унинг айёрлигини билиб қолдилар ва жиҳодга чиқишдан манъ этдилар. Ўшанда Умайр қаттиқ йиғлади. Охири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга раҳмлари келиб, жангда қатнашишга изн бердилар. Саъд ҳам бундан кўп қувонди ва бўйи пастлиги сабабли қилични укасининг бўйнига илиб қўйди. Ака-ука Аллоҳнинг йўлида ҳақиқий мужоҳидларга хос жасоратлар кўрсатишди.
Саъд маъракадан Мадинага ёлғиз ўзи қайтди. Укаси Умайрни Бадр тупроғида шаҳид ҳолда қолдирди, савобини Аллоҳ таолодан умид қилди.
Уҳуд кунида тиззаларга титроқ кириб, мусулмонлар қўшини парчаланиб кетди. Жанггоҳда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилиб ўн нафарга етар-етмас киши қолди, холос. Улар орасида Саъд ибн Абу Ваққос ҳам бўлиб, жон-жаҳди билан Пайғамбар алайҳиссаломни мудофаа қилар, ҳар сафар камондан ўқ узганда, албатта, бир мушрикни ер тишлатарди. Сарвари олам буни кўриб, Саъдни янада кўпроқ шижоатлантириш учун "От, Саъд, от... Ота-онам сенга фидо бўлсин", деб қичқиргандилар. Саъд бутун умри давомида мана шу хитоб билан фахрланиб ўтди. Аҳён-аҳёнда:
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч кимга бирданига "ота-онам фидо бўлсин" демаганлар. Фақат менгагина Уҳуд кунида шу сўзларни айтганлар, - деб қўярди.
 
Саъд ўзининг энг улкан хизматини кейинроқ ҳазрати Умар форслар диёрига ҳақ динни олиб кириб, кофирлар давлатига якун ясашга ва шу билан мажусийлик иллатини таг-томири билан қўпориб ташлашликка аҳд қилган пайтда кўрсатди. Халифа чор атрофдаги волийларга мактублар йўллаб, от миниб, қурол тутишга қодир бўлганларни, жасур, ақлли ва зийрак кишиларни, шеър ёки нотиқлик санъатидан бохабарларни, қўйингки, жангда асқотиши мумкин бўлган барча одамларни Мадинага жўнатишни буюрди. Машриқу Мағрибдан мужоҳидлар гуррос-гуррос пойтахт сари кела бошлашди. Ҳамма жамланиб, қўшин шай бўлгач, Умар ибн Хаттоб саркардаликни кимга ишониб топшириш масаласини муҳокамага қўйди. Машварат аҳли бир овоздан ягона номзодни кўрсатишди — шерюрак паҳлавон Саъд ибн Абу Ваққос. Умар розиаллоҳу анҳу унга жанговар байроқни тутқазди.
Улкан черик Мадинадан жўнаб кетиши олдидан жангчиларни кузатишга чиққан амирул мўминин лашкарбошига сўнгги кўрсатмаларни берди:
— Эй Саъд, сени "Расулуллоҳнинг тоғаси, Расулуллоҳнинг саҳобаси" деган сўзлар кеккайтириб юбормасин. Зеро, Аллоҳ таоло ёмонликки ёмонлик билан ўчирмайди, балки ёмонликни яхшилик билан маҳв этади.
Эй Саъд, Аллоҳ билан ҳеч кимнинг ўртасида қариндош-уруғлик яқинлиги йўқ, у зотга магар тоат билан яқинлашув мумкин. Одамларнинг бой-бадавлатию фақиру фуқаролари Аллоҳнинг наздида баробардир. Аллоҳ уларнинг парвардигори, улар эса бандалардир. Бандалар бир-бирларидан фақат тақво билан афзал бўла оладилар. Роб таолонинг ҳузуридаги мукофотга тоат билан эришилади. Сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асосий вазифалари нимадан иборат эканини биласан. Ўша ишни давом эттирмоқ бугун сенинг ҳам бурчингдир.
Лашкар аста қўзғолди. Унда тўқсон тўққизта Бадр жанги қатнашчиси, уч юз ўндан ортиқ Ризвон байъатидан олдин иймон келтирган мусулмонлар, уч юзта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Макка фатҳида иштирок этганлар ва етти юзта саҳобаларнинг фарзандлари бор эди.
Қўшин Қодисияда (Кўфадан ўн беш чақирим узоқликдаги мавзеъ. Ҳижратнинг ўн олтинчи йилида у ерда мусулмонлар ва форслар ўртасида ҳал қилувчи жанглар бўлиб ўтган. Унда мусулмонлар узил-кесил ғалаба қозонганлар) қарор топди. Ҳарир кунида (Қодисия кунларининг сўнггиси) мусулмонлар шиддатли ҳужум бошладилар. Душманни маҳкам исканжага олиб, сафларини пароканда қилиб ташладилар. Ҳамма ёқни "Ла илаҳа иллаллоҳ" ва "Аллоҳу акбар" ҳайқириқлари тутиб кетди. Форс лашкарбошиси Рустам ҳалок бўлди. Қўмондонидан айрилган аскарлар бутунлай карахт бўлиб, ҳатто ҳимояланишдан ҳам ожиз қолдилар. Қаршилик қилиш беҳуда эканини тушуниб, таслим бўлдилар. Беҳад-беҳисоб ғанимат ўлжа қилинди. Ўша куни мусулмонлар улкан зафарни қўлга киритдилар.
 
Саъд узоқ умр кўрди. Аллоҳ унга кўп молу давлат инъом қилди, лекин у ўлим тўшагида ётганида жундан тўқилган, титилиб кетган жуббасини келтиришни буюрди ва деди:
— Мени жуббамга ўраб кўминглар, чунки Бадр куни мен шу либосимда мушрикларга қарши жанг қилганман. Аллоҳга ҳам ўша кийимимда йўлиқишни хоҳлайман.
 
Доктор Абдураҳмон Раъфат ал-Бошонинг «Содиқ саҳобалар қиссаси» китобидан Дониёр Анорбоeв таржимаси
 
* * *
 
"Ot, Sa’d, ot... Ota-onam senga fido bo‘lsin".
(Muhammad Rasululloh Uhud kuni
Sa’dga shunday xitob qilgandilar)
 
Auzu billahi minash shaytonir rojiym, bismillahir rohmanir rohiym.
"Biz insonga ota-onasini (ya’ni ularga yaxshilik qilishni) amr etdik. Onasi unga ojizlik ustiga ojizlik bilan homilador bo‘ldi. Uni (ko‘krakdan) ajratish (muddati) ikki yilda (kelur). (Biz insonga, buyurdikki,) "Sen Menga va ota-onanga shukr qilgin! Yolg‘iz O‘zimga qaytajaksan!" Agar ular (ya’ni ota-onang) seni o‘zing bilmagan narsalarni Menga sherik qilishga zo‘rlasalar, u holda ularga itoat etma! Ularga (garchi kofir bo‘lsalar-da,) dunyoda yaxshi muomalada bo‘lgin va o‘zing Menga ijbat-tavba qilgan kishilarning yo‘liga ergashgin! So‘ngra (ya’ni qiyomat kunida) O‘zimga qaytursizlar; bas, Men sizlarga qilib o‘tgan amallaringizning xabarini berurman" ("Luqmon surasi", 14-15-oyatlar).
Bu oyati karimalar ajoyib va nodir bir voqea sababi bilan nozil bo‘lgandir. Hali g‘o‘r, yoshgina yigitchaning shuurini butunlay bir-biriga zid hissiyotlar chulg‘ab olgandi. O‘shanda yaxshilik yomonlik ustidan, iymon kufr ustidan g‘olib kelgandi. Bu voqeaning qahramoni makkalik yoshlarning sarkori, ham otasi, ham onasi baobro‘ shaxslardan bo‘lgan, olinasab yigitcha edi. Uning ismi Sa’d ibn Abu Vaqqos roziallohu anhudir.
Makkada nubuvvat nuri zohir bo‘lgan onda Sa’d o‘n gulidan bir guli ochilmagan, beg‘ubor, ota-onasiga mehr-muhabbatli, ayniqsa, onasining atrofida girdikapalak farzand edi. U hali suyagi qotmagan, bor-yo‘g‘i o‘n yetti bahorni qarshilagan bo‘lishiga qaramasdan ko‘pni ko‘rgan kishilar kabi aqlli, mo‘ysafidlar singari mulohazakor edi. Tengdoshlari ruju qo‘ygan behuda o‘yin-kulgularga mutlaqo qo‘shilmas, go‘yoki uni buyuk kelajak kutib turganini oldindan bilganday aksar vaqtini o‘q-yoy yasashga, kamondan o‘q uzish mashqlariga bag‘ishlardi. Bundan tashqari, u qavmi mukkasidan ketgan rasvogarchilik va buzuq aqidadan bezor edi. Odamlarni adashib-uloqib yurgan zulmatlaridan qutqarib, najot yo‘liga yetaklash uchun qayerdandir qudratli va mehribon yordam qo‘li cho‘zilishini intizorlik bilan kutardi.
 
Sa’dning kunlari shu zaylda o‘tib turgan bir mahalda Alloh azza va jalla insoniyatga ana shunday mehribon va bunyodkor yordam qo‘li cho‘zilishini iroda etdi. Bu qo‘l bashariyat sayyidi Muhammad ibn Abdullohning qo‘llari edi. U qo‘l mangu nursochar ilohiy yulduzni - Allohning kitobini mahkam tutgandi...
Sa’d ibn Abu Vaqqos sira ikkilanmay haq va hidoyat chaqirig‘iga "labbay", deb javob berdi. U erkaklardan uchinchi yoki to‘rtinchi bo‘lib, islomni qabul qildi. Shuning uchun ko‘pincha faxrlanib "Men yetti kun davomida islomning uchdan bir qismini tashkil qilib turdim", deb qo‘yardi.
Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Sa’dning iymonga kelishi bilan ko‘p quvondilar. Chunki undagi olijanoblik alomatlari, javonmardlik nishonalari, shak-shubhasiz, bu hilol yaqin kunlar ichida badrga, ya’ni to‘lim oyga aylanishining bashoratini berardi. Sa’d hurmat-e’tiborli, obro‘-izzatli xonadondan bo‘lgani uchun Makka yoshlarini ketidan ergashtirib, islomga yetaklashi mumkin edi. Qolaversa, Sa’d Payg‘ambar alayhissalomning tog‘alari tarafidan, banu Zuhra qavmidan. Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning onalari Omina binti Vahb ham shu qavmdan edi. Sarvari olam bu qarindoshchilikni mo‘‘tabar sanardilar. Rivoyat qilinishicha, bir kuni payg‘ambarimiz bir necha ashoblarining davrasida o‘tirganlarida, Sa’dning kelayotganini ko‘rib qoladilar. Shunda "Mana bu kishi mening tog‘am! Qani boshqalar ham o‘zining shunaqa tog‘asini ko‘rsatsin-chi!" deydilar.
 
Sa’d ibn Abu Vaqqosning islomdan keyingi hayoti ilgarigiday bir tekis davom etavermadi, balki yosh, tajribasiz mo‘min yigitnig og‘ir va shiddatli imtihonga ro‘baro‘ qildi. Azbaroyi imtihonning qiyinligidan Alloh subhonahu va taolo uning xususida Qur’on oyatlarini tushirdi. Keling, bu mashaqqatli sinovni hikoya qilib berishi uchun so‘zni Sa’dning o‘ziga beraylik. Sa’dning hikoyasi:
- Iymonga kelishimdan uch kun oldin tush ko‘rdim. Go‘yoki biri biridan quyuq zulmatlar qo‘ynida g‘arq bo‘lib ketganmishman. Qoqilib-yiqilib, zo‘rg‘a o‘rmalab ketayotgan paytimda to‘satdan bir parcha Oy nuri paydo bo‘libdi. Men Oyning nuriga qarab yuribman. Borsam, mendan oldin uch kishi - Zayd ibn Horisa, Ali ibn Abu Tolib va Abu Bakr Siddiqlar yorug‘likka chiqib olishibdi.
Tong otgandan keyin Rasululloh sollallohu alayhi vasallam maxfiy tarzda islomga da’vat qilayotganlarining xabari qulog‘imga chalindi. Shunda Alloh menga yaxshilikni iroda etganini, o‘zining elchisi orqali zulmatlardan nur sari chiqarishni xohlaganini bildim. Vaqtni cho‘zib o‘tirmay, darhol yo‘lga tushdim. Rasululloh sollallohu alayhi vasallamni Jiyod darasida uchratdim. U kishi endigina asr namozini o‘qib bo‘lgan ekanlar. Shu yerda islomni qabul qildim. Mendan oldin faqat tushimda ko‘rgan uch kishigina musulmon bo‘lgan edilar.
Mening iymonga kelganimni eshitib, onamning tepa sochi tikka bo‘layozdi. Men onamga mehr-muruvvatli, itoatkor farzand edim. Buni bilgan onam o‘z ta’sirini o‘tkazmoqchi bo‘ldi.
- Ey Sa’d, - dedi, - sen allaqanday noma’lum dinni qabul qilibsan. Xatto u tufayli ota-onangning dinidan voz kechibsan... Allohning nomiga qasamki, sen o‘sha yangi diningni tark etasan, aks holda men bir luqma taom ham yemayman, bir qultum suv ham ichmayman. Ochlik va tashnalikda ko‘z yumaman. Ana o‘shanda ko‘yimda jigar-bag‘ring kabob bo‘ladi, qilib quygan ahmoqliging uchun afsusu nadomatlar chekasan, butun umr odamlardan "onasining qotili" degan ta’nayu malomatlarni eshitib o‘tasan.
Men "Unday qilmang, onajon. Men hech narsa evaziga dinimdan voz kechmayman", deb yolvordim, biroq onam qarorida qat’iy turib oldi. Obi-taomdan butunlay chetlandi. Bir necha kun tuz ham totmadi, suvga ham yaqinlashmadi. Ko‘z o‘ngimda ozib-to‘zib, ko‘zlari kirtayib, oxiri holsizlikdan sillasi qurib, yotib qoldi. Men tez-tez onamning tepasiga borib, hech bo‘lmasa bir tishlam taom yeyishini yoinki bir ho‘plam suv ichishini o‘tinib so‘rardim. U esa keskin bosh chayqar, agar dinimdan qaytmasam o‘lgunicha shu holda davom etishini aytib, qasam ichardi.
Shunda men ham gapning po‘stkallasini aytdim:
- Onajon, men sizni jonimdan ortiq ko‘raman, ammo Alloh va Rasulini sizdan ko‘ra ko‘proq sevaman... Xudo haqqi, agar sizning mingta joningiz bo‘lsayu hammasi birma bir chiqib tursa ham dinimni tark qilmayman.
Onam mening so‘zlarim jiddiy ekanini anglab, taqdirga tan berdi. Noiloj, yeb-ichishni boshladi. Alloh bizning to‘g‘rimizda oyat tushirdi:
- "Agar ular (ya’ni ota-onang) seni o‘zing bilmagan narsalarni Menga sherik qilishga zo‘rlasalar u holda ularga itoat etma! Ularga (garchi kofir bo‘lsalarda) dunyoda yaxshi muomalada bo‘lgin".
 
Sa’d ibn Abu Vaqqos iymonga kelgan kun musulmonlar uchun eng xayrli, islom uchun eng muborak kunlardan biri bo‘lgan edi.
Badr jihodida Sa’d va ukasi Umayr barchaga o‘rnak bo‘lishdi. U kezlar Umayr kichkina bola, nari borsa, endi balog‘at yoshiga yetgan edi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam jangdan oldin lashkarni ko‘zdan kechirib chiqayotgan mahalda ko‘rib qolib, kichkinaligi uchun qaytarib yuborishlaridan qo‘rqib, orqa safga berkinib oldi, biroq Payg‘ambar alayhissalom uning ayyorligini bilib qoldilar va jihodga chiqishdan man’ etdilar. O‘shanda Umayr qattiq yig‘ladi. Oxiri Rasululloh sollallohu alayhi vasallam unga rahmlari kelib, jangda qatnashishga izn berdilar. Sa’d ham bundan ko‘p quvondi va bo‘yi pastligi sababli qilichni ukasining bo‘yniga ilib qo‘ydi. Aka-uka Allohning yo‘lida haqiqiy mujohidlarga xos jasoratlar ko‘rsatishdi.
Sa’d ma’rakadan Madinaga yolg‘iz o‘zi qaytdi. Ukasi Umayrni Badr tuprog‘ida shahid holda qoldirdi, savobini Alloh taolodan umid qildi.
Uhud kunida tizzalarga titroq kirib, musulmonlar qo‘shini parchalanib ketdi. Janggohda Rasululloh sollallohu alayhi vasallamni himoya qilib o‘n nafarga yetar-etmas kishi qoldi, xolos. Ular orasida Sa’d ibn Abu Vaqqos ham bo‘lib, jon-jahdi bilan Payg‘ambar alayhissalomni mudofaa qilar, har safar kamondan o‘q uzganda, albatta, bir mushrikni yer tishlatardi. Sarvari olam buni ko‘rib, Sa’dni yanada ko‘proq shijoatlantirish uchun "Ot, Sa’d, ot... Ota-onam senga fido bo‘lsin", deb qichqirgandilar. Sa’d butun umri davomida mana shu xitob bilan faxrlanib o‘tdi. Ahyon-ahyonda:
- Rasululloh sollallohu alayhi vasallam hech kimga birdaniga "ota-onam fido bo‘lsin" demaganlar. Faqat mengagina Uhud kunida shu so‘zlarni aytganlar, - deb qo‘yardi.
 
Sa’d o‘zining eng ulkan xizmatini keyinroq hazrati Umar forslar diyoriga haq dinni olib kirib, kofirlar davlatiga yakun yasashga va shu bilan majusiylik illatini tag-tomiri bilan qo‘porib tashlashlikka ahd qilgan paytda ko‘rsatdi. Xalifa chor atrofdagi voliylarga maktublar yo‘llab, ot minib, qurol tutishga qodir bo‘lganlarni, jasur, aqlli va ziyrak kishilarni, she’r yoki notiqlik san’atidan boxabarlarni, qo‘yingki, jangda asqotishi mumkin bo‘lgan barcha odamlarni Madinaga jo‘natishni buyurdi. Mashriqu Mag‘ribdan mujohidlar gurros-gurros poytaxt sari kela boshlashdi. Hamma jamlanib, qo‘shin shay bo‘lgach, Umar ibn Xattob sarkardalikni kimga ishonib topshirish masalasini muhokamaga qo‘ydi. Mashvarat ahli bir ovozdan yagona nomzodni ko‘rsatishdi — sheryurak pahlavon Sa’d ibn Abu Vaqqos. Umar roziallohu anhu unga jangovar bayroqni tutqazdi.
Ulkan cherik Madinadan jo‘nab ketishi oldidan jangchilarni kuzatishga chiqqan amirul mo‘minin lashkarboshiga so‘nggi ko‘rsatmalarni berdi:
— Ey Sa’d, seni "Rasulullohning tog‘asi, Rasulullohning sahobasi" degan so‘zlar kekkaytirib yubormasin. Zero, Alloh taolo yomonlikki yomonlik bilan o‘chirmaydi, balki yomonlikni yaxshilik bilan mahv etadi.
Ey Sa’d, Alloh bilan hech kimning o‘rtasida qarindosh-urug‘lik yaqinligi yo‘q, u zotga magar toat bilan yaqinlashuv mumkin. Odamlarning boy-badavlatiyu faqiru fuqarolari Allohning nazdida barobardir. Alloh ularning parvardigori, ular esa bandalardir. Bandalar bir-birlaridan faqat taqvo bilan afzal bo‘la oladilar. Rob taoloning huzuridagi mukofotga toat bilan erishiladi. Sen Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning asosiy vazifalari nimadan iborat ekanini bilasan. O‘sha ishni davom ettirmoq bugun sening ham burchingdir.
Lashkar asta qo‘zg‘oldi. Unda to‘qson to‘qqizta Badr jangi qatnashchisi, uch yuz o‘ndan ortiq Rizvon bay’atidan oldin iymon keltirgan musulmonlar, uch yuzta Rasululloh sollallohu alayhi vasallam bilan birga Makka fathida ishtirok etganlar va yetti yuzta sahobalarning farzandlari bor edi.
Qo‘shin Qodisiyada (Ko‘fadan o‘n besh chaqirim uzoqlikdagi mavze’. Hijratning o‘n oltinchi yilida u yerda musulmonlar va forslar o‘rtasida hal qiluvchi janglar bo‘lib o‘tgan. Unda musulmonlar uzil-kesil g‘alaba qozonganlar) qaror topdi. Harir kunida (Qodisiya kunlarining so‘nggisi) musulmonlar shiddatli hujum boshladilar. Dushmanni mahkam iskanjaga olib, saflarini parokanda qilib tashladilar. Hamma yoqni "La ilaha illalloh" va "Allohu akbar" hayqiriqlari tutib ketdi. Fors lashkarboshisi Rustam halok bo‘ldi. Qo‘mondonidan ayrilgan askarlar butunlay karaxt bo‘lib, hatto himoyalanishdan ham ojiz qoldilar. Qarshilik qilish behuda ekanini tushunib, taslim bo‘ldilar. Behad-behisob g‘animat o‘lja qilindi. O‘sha kuni musulmonlar ulkan zafarni qo‘lga kiritdilar.
 
Sa’d uzoq umr ko‘rdi. Alloh unga ko‘p molu davlat in’om qildi, lekin u o‘lim to‘shagida yotganida jundan to‘qilgan, titilib ketgan jubbasini keltirishni buyurdi va dedi:
— Meni jubbamga o‘rab ko‘minglar, chunki Badr kuni men shu libosimda mushriklarga qarshi jang qilganman. Allohga ham o‘sha kiyimimda yo‘liqishni xohlayman.
 
Doktor Abdurahmon Ra’fat al-Boshoning «Sodiq sahobalar qissasi» kitobidan Doniyor Anorboev tarjimasi