Жаъфар ибн Абу Толиб

Рукн: Саҳобалар Чоп этилган: 11.12.2014

«Жаъфарни жаннатда кўрдим. Унинг қонга бўялган икки қаноти бор эди...»
(Ҳадиси шарифдан)

Жаъфар ибн Абу Толиб Пайғамбаримизга (алайҳиссалом) шу қадар ўхшардики, ҳатто кўзи хирароқ одамлар кўпинча уларни адаштириб қўйишарди. Оталари Абу Толиб қурайшнинг насаби улуғ ва обрўли кишиси бўлишига қарамай, камбағал ва бола-чақаси кўп эди. Қурғоқчилик йили Абу Толибнинг аҳволи баттар оғирлашди. 
Ўша пайтда бу оиладан бўлғуси пайғамбар Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ва у кишининг амакиси Аббосдан кўра бадавлатроқ одам йўқ эди. У киши амакилари Аббос ҳузурига келиб: «Амаким Абу Толибнинг болалари кўп. Бу қурғоқчиликда одамлар қийинчиликда ва очарчиликда қолишди. Иккимиз Абу Толибга ёрдам бергани борайлик. Мен ўғилларидан биттасини, сиз биттасини олинг», дедилар. Ҳазрати Аббос бу таклифдан ғоят хурсанд бўлди.

Икковлари Абу Толибнинг уйига келишди. Аҳдлашилган таклифни изҳор этишди. Шунда Абу Толиб: «Менга Уқайлни қолдириб (Уқайл ҳазрат Алининг акаси эди), хоҳлаганингизни олиб кетаверинг», деди. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Алини, Аббос эса Жаъфарни тарбиясига олди. 
Али Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) билан бирга яшай бошлади. Аллоҳ таоло у зотга тўғри ва ҳақ динни юборгач, биринчилардан бўлиб имон келтирди. Жаъфар эса амакиси Аббос хонадонида улғайиб камолга етди. У ва хотини Асмо бинти Умайс Абу Бакр Сиддиқ ҳузурида, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Арқамнинг ҳовлисига кирмасларидан аввал Исломни қабул қилган эдилар. Бу ёш оила ҳам дастлабки мусулмонлар қатори қурайш кофирларининг ҳар тарафдан таъқибига, турли азоб-уқубатларига учради. Шунда Жаъфар ибн Абу Толиб хотини ва бир неча шериклари билан ҳабаш тупроғига ҳижрат қилишга Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) рухсат олди.
Биринчи муҳожирлар карвони Жаъфар ибн Абу Толиб бошчилигида Ҳабашистонга жўнади. Улар одил подшоҳ Нажоший даргоҳида ҳузур топдилар. Лекин қурайш кофирлари мусулмонлардан бир қисми ҳабаш ерига кўчиб кетганини, у ернинг подшоҳи ҳимояси остида тинч-омон яшаётганини билгач, уларни ўлдиришга ёки тутиб олиб келишга аҳд қилди. 
Шу ўринда сўзни Умму Саламадан (розийаллоҳу анҳо) эшитамиз: 
«Ҳабашистонга етиб боргач, бизни яхши кутиб олишди. Бирор ёмон сўз эшитмай ва озор кўрмай Аллоҳ таолога ибодат қилиб яшай бошладик. Бу хабар Қурайшга етиб боргач, бизга қарши маслаҳат қилиб, ўзларидан нуфузли икки кишини — Амр ибн Ос билан Абдуллоҳ ибн Абу Робиани Нажошийга юборишди. Ҳабаш подшоҳига муддаоларини айтишдан аввал битриқларига совға-саломларни топширишни тайинлашди. 
Амр ибн Ос билан Абдуллоҳ ибн Абу Робиа Ҳабашистонга келишгач, Нажошийнинг дин хизматчиларига совғалар беришди ва муддаоларини баён этишди: “Подшоҳнинг ерига ота-боболарининг динидан қайтган, ўз қавмининг гапига қулоқ солмайдиган аҳмоқ ёшларимиз кўчиб келишди. Агар биз подшоҳингизга шу ҳақида гапирсак, подшоҳ уларнинг дини тўғрисида сўрамасданоқ бизга топшириб юборишни маслаҳат берсангиз. Чунки қавмларининг катталари эътиқод қилаётган нарсаларини улардан кўра яхшироқ билишади”. Битриқлар бу гапга рози бўлишди.
Икковлари Нажоший ҳузурига бориб, совғаларни беришди ва такаллуф ила сўз бошлашди: 
— Сизнинг мамлакатингизга бир гуруҳ ярамас ёшларимиз жойлашиб олишди. Улар биз ҳам, сиз ҳам билмайдиган динга сиғинишяпти. Бизни олдингизга ўшаларнинг оталари, қариндош-уруғлари уларни қайтариб олиб боришимиз учун жўнатишди. Албатта, оталари уларнинг бузғунчиликларини ҳаммадан яхшироқ билишади. 
Нажоший дин хизматчиларига қаради. Улар икковини тасдиқ этишди. Нажоший бундан қаттиқ ғазабланди ва: 
— Аллоҳга қасам, уларни ҳузуримга чақириб, уларга нисбат берилган нарса ҳақида сўраб билмагунимча бирортасига рухсат бермайман. Агар ростдан ҳам шу иккови айтганидай бўлса, бу таклифга розилик билдираман. Агар ундай бўлмаса, уларни ҳимоямга оламан! — деди.
Нажоший бизларни чақириб келишга одам жўнатди. Унинг ҳузурига боришдан олдин ўзаро бундай келишиб олдик: «Подшоҳ биздан динимиз ҳақида сўраса, ҳамма гапни очиқ айтамиз. Унга фақат Жаъфар ибн Абу Толиб гапиради. Бошқа ҳеч ким гапирмасин». 
Подшоҳ ҳузурига киргач, унинг икки тарафида эгниларига ридо, бошларига бахмал кулоҳ кийган битриқлар китобларини очиб ўтирганини кўрдик. Амр ибн Ос билан Абдуллоҳ ибн Абу Робиа ҳам ўша ерда эди. 
Нажоший бизга юзланди.
— Қавмингизнинг динини ташлаб, менинг ҳам, бошқа бирорта миллатнинг ҳам динига кирмай, ўзингиз учун қандай янги динни танлагансиз?
Жаъфар ибн Абу Толиб олдинга чиқди.
— Эй подшоҳ, биз санамларга сиғинадиган, ўлимтик ейдиган, фаҳш ишларни қиладиган, қариндошликни узадиган, қўшничиликни унутадиган жоҳил кишилар эдик. Кучлиларимиз заифларимизнинг ҳақини ер эди. То Аллоҳ таоло бизга ўзимиз унинг насабини ва ростгўйлигини, омонатдорлиги ва покизалигини жуда яхши биладиган пайғамбар юборгунича шу ҳолда қолдик. У пайғамбар бизни ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилишга, ўзимиз ва оталаримиз сиғинаётган санамлар ва бутларни ташлашга чақирди. У зот бизга рост гапиришни, омонатни адо қилишни, қариндошлик ришталарини тиклашни, қўшнилар билан яхши муомалада бўлишни, ҳаром нарсалардан тийилиш ва ноҳақ қон тўкишдан сақланишни буюрди. Бузуқ ишлардан, ғийбатдан, етимнинг молини ейишдан ва покиза хотинларга туҳмат қилишдан бизни қайтарди. Аллоҳнинг расули бизга фақат ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилишни, Унга ҳеч нарсани шерик қилмасликни буюрди. Унга ишондик ва имон келтирдик. Улар бизни динимиздан қайтариш учун зулмни ҳаддан ошириб, сиқувга олишгач, сизнинг шаҳрингизга, сизнинг қўл остингизда зулм кўрмаймиз, деган умид билан келдик.
— Пайғамбарингиз Аллоҳ ҳузуридан олиб келган нарсадан бирор нарса биласанми?
— Ҳа. 
— Ўқи.
Жаъфар ибн Абу Толиб Марям сурасининг бошидан бир неча оят ўқиди. 
Нажоший Қуръон оятларини тинглар экан, таъсирланиб, йиғлаб юборди, ҳатто соқоли кўзёшлари билан ювилди. Битриқлар ҳам йиғлаб, очиқ турган китобларини ҳўл қилиб юборишди.
— Шубҳасиз, Пайғамбарингиз келтирган нарса билан Исо (алайҳиссалом) олиб келган нарсанинг манбаи биттадир.
Нажоший ушбу сўзларини тугатгач, Амр ибн Ос ва унинг шеригига қарата: 
— Аллоҳга қасамки, буларни сизларга топшириб қўймайман! — деди.
Подшоҳ ҳузуридан чиқишимиз билан Амр ибн Ос бизга эшиттириб шеригига: 
— Эртага Нажошийнинг олдига келиб, буларга нисбатан ғазаб уйғотадиган бир ишларини айтиб бераман. Шунда подшоҳ буларнинг уруғини қуритиб юборади, — деди. Абдуллоҳ ибн Абу Робиа: 
— Ундай қилма, динимизга қарши бўлса ҳам, улар бизнинг қариндошларимиз, — деди. Амр ибн Ос шеригидан жаҳли чиқиб, баттар тутақди: 
— Эртага подшоҳга: «Булар Исони қул бўлган дейишади, дейман». Ана ундан кейин нима бўлишини кўрамиз. 
Эртасига у подшоҳ ҳузурига келиб, кечаги иддаосини айтди. Биз жуда оғир бир аҳволда қолдик. Агар подшоҳ Исо ибн Марям тўғрисида сўраб қолса, нима деб жавоб берамиз, деб ташвишлана бошладик. Кейин бу ҳақда Пайғамбаримиз бизга айтган Аллоҳ таолонинг сўзидан бошқа ҳеч нарсани айтмасликка келишиб олдик. Бу сафар ҳам фақат Жаъфар ибн Абу Толиб сўзлайдиган бўлди.
Нажоший ҳаммамизни яна ҳузурига чақирди. Подшоҳ ва унинг битриқлари худди кечаги ҳолатда ўтиришарди. Амр ибн Ос билан унинг шериги ҳам шу ерда эди. Киришимиз билан Нажоший шошиб сўради:
— Исо ибн Марям ҳақида нима дейсизлар?
Яна Жаъфар ибн Абу Толиб жавоб берди:
— У ҳақда Пайғамбаримиз нима деган бўлса, шуни айтамиз.
— Пайғамбарингиз нима деган?
— У зот Аллоҳнинг бандаси ва расулидир. У зот Аллоҳнинг Марямга бахш этган руҳи ва калимасидир. 
Нажоший бу сўзларни эшитгач: 
— Аллоҳга қасамки, Исо ибн Марям худди Пайғамбарингиз айтганидай бўлган, — деди. 
Атрофидаги битриқлар уни инкор қилмоқчидай ғудурлашди. Нажоший:
— Жим бўлинглар! — деб амр қилди. Сўнгра бизга: — Боринглар, бемалол яшайверинглар. Ким сизларни ҳақоратласа, жарима тўлайди, ким сизларга қарши чиқса, жазоланади. Аллоҳга қасамки, сизларнинг бирортангизга бирор ёмонлик эвазига олтин тоғ ваъда қилинса ҳам, рози бўлмас эдим, — деди. Сўнгра Амр ибн Ос ва шериги келтирган совғаларни қайтариб берди. Иккови ҳам ғазабларини ичга ютганча чиқиб кетишди. Биз эса унинг ҳимоясида соғ-омон яшай бошладик”. 
Жаъфар ибн Абу Толиб ва унинг хотини Нажошийнинг мамлакатида ўн йил тинч ва хотиржам яшади. Ҳижратнинг еттинчи йилида ҳабаш тупроғини тарк қилиб, Жаъфар ибн Абу Толиб бошчилигида бир неча мусулмон Мадинага қайтишди. Улар Мадинага етишган пайтда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳам Ҳайбар қалъасини фатҳ қилиб қайтаётган эдилар. У зот Жаъфарни кўриб қувондилар ва: «Қайси бирига кўпроқ суюнай: Ҳайбарни олганимизгами ёки Жаъфарнинг келганигами?» дедилар. Жаъфар ибн Абу Толибнинг қайтганига барча мусулмонлар, айниқса, камбағал мусулмонлар кўпроқ севинишди. Боиси у киши заиф ва камбағалларга ниҳоятда меҳрибон бўлгани учун «Мискинлар отаси» деб ном олган эди. 
Абу Ҳурайра (розийаллоҳу анҳу) бундай ҳикоя қилади: 
«Биз, камбағаллар учун энг яхши одам Жаъфар ибн Абу Толиб эди. У бизни уйига олиб бориб, уйида бор нарсаси билан тўйдирарди. Агар овқати тугаб қолса, ёғ солинадиган мешини олиб чиқиб берар, ҳолбуки унда ҳеч нарса бўлмас эди, биз эса уни ёриб, ичидаги ёғ юқини ялар эдик».
Ҳижрий саккизинчи йили бошларида Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Рум аскари билан урушиш учун қўшин тайёрладилар. Қўшинга амр қилдилар: «Зайд ўлдирилса ёки яраланса, Жаъфар ибн Абу Толиб бошлиқ бўлсин, агар Жаъфар ўлдирилса ёки яраланса, Абдуллоҳ ибн Равоҳа бошлиқ бўлсин, агар Абдуллоҳ ибн Равоҳа ҳам ўлдирилса ёки яраланса, мусулмонлар ўзларидан бир кишини бошлиқ қилишсин».
Мусулмонлар Шомнинг шарқ тарафидаги Ўрдун тупроғида жойлашган Мўъта қишлоғига етганларида румликлар уларга қарши юз минг кишилик қўшин тайёрлашганини, Лахм, Жузан, Қузоа ва бошқа қабилалардан ҳам яна юз минг қўшин Румга ёрдамга келганини билишди. 
Мусулмонларнинг қўшини эса бор-йўғи уч минг киши эди, холос. 
Иккала қўшин тўқнашди ва уруш авжига чиқди. Зайд ибн Ҳориса душман билан олиша-олиша ҳалок бўлди. Шунда Жаъфар ибн Абу Толиб ўзининг малларанг отидан чаққонлик билан сакраб тушди-да, душман ўзидан кейин фойдаланмаслиги учун отининг пайларини кесди, сўнг байроқни кўтариб, рум аскарлари сафига ёриб кирар экан, бундай шеър ўқиди:
Жаннат ажиб юксакдир насиб этган инсонга,
Шароби жон роҳати болдек ширин маконга.
Ирқи ўзга румликлар – шум ниятли ёмонга,
Дўзах қаъри ланг очиқ, динни инкор этганга,
Мард бўлсанг, биз тайёр, қани, тушгин майдонга.

Жаъфар жангда ҳалок бўлди. Шундан кейин байроқни Абдуллоҳ ибн Равоҳа олди. У ҳам аввалги икки шериги каби жанг қилди ва ҳалок бўлди. 
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) учала аскар бошлиғининг ўлими хабарини эшитгач, қайғуга толдилар. У зот Жаъфар ибн Абу Толиб уйига йўл олдилар. Жаъфарнинг хотини Асмо эрини кутиб олишга тайёргарлик кўриб, хамир қораётган, болаларини ювинтириб-ясантираётган эди.
Асмо бинти Умайснинг (розийаллоҳу анҳо) ўзи бундай дейди:
«Расуллуллоҳ бизникига келганларида муборак юзларини ғам пардаси қоплаб олганини кўриб, юрагимга қўрқинч тушди. Жаъфар ҳақида бирор ёмон хабар эшитиб қолишдан хавотирланиб, савол беришдан чўчидим. Саломлашгач:
— Жаъфарнинг болаларини олиб кел, — дедилар. 
Мен болаларни чақирдим. Болалар қувониб Расулуллоҳнинг олдиларига югуриб келишди. Расулуллоҳ болаларни суйиб эркаладилар, улар у зотни бир-биридан қизғанишар эди. У зот болаларга энгашиб, уларни ўпиб, ҳидлай бошладилар, муборак кўзларидан эса дув-дув ёш оқар эди. Мен: 
— Ота-онам сизга фидо бўлсин, нега йиғлаяпсиз?! Жаъфарга бирор гап бўлдими?! — дедим.
У зот Жаъфарнинг шаҳид бўлганини айтдилар».
Оналарининг йиғисини эшитиб, болаларнинг юзидан севинч йўқолди ва ҳаммалари турган жойларида қотиб қолишди.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) кўзёшларини артдилар. Сўнг дуо қилдилар:
— Эй Аллоҳ, Жаъфарнинг болаларига бир ўринбосар бер. Эй Аллоҳ, Жаъфарнинг аҳлига бир ўринбосар бер... — Кейин яна бундай дедилар: — Жаъфарни жаннатда кўрдим. Унинг қонга бўялган иккита қаноти бўлиб, кўкраги ҳам қип-қизил қон эди...

Акрам ДЕҲҚОН 
таржимаси

"Ҳидоят" 2007 йил 1-сон

* * * 

«Ja’farni jannatda ko‘rdim. Uning qonga bo‘yalgan ikki qanoti bor edi...»
(Hadisi sharifdan)

Ja’far ibn Abu Tolib Payg‘ambarimizga (alayhissalom) shu qadar o‘xshardiki, hatto ko‘zi xiraroq odamlar ko‘pincha ularni adashtirib qo‘yishardi. Otalari Abu Tolib qurayshning nasabi ulug‘ va obro‘li kishisi bo‘lishiga qaramay, kambag‘al va bola-chaqasi ko‘p edi. Qurg‘oqchilik yili Abu Tolibning ahvoli battar og‘irlashdi. 
O‘sha paytda bu oiladan bo‘lg‘usi payg‘ambar Muhammad ibn Abdulloh va u kishining amakisi Abbosdan ko‘ra badavlatroq odam yo‘q edi. U kishi amakilari Abbos huzuriga kelib: «Amakim Abu Tolibning bolalari ko‘p. Bu qurg‘oqchilikda odamlar qiyinchilikda va ocharchilikda qolishdi. Ikkimiz Abu Tolibga yordam bergani boraylik. Men o‘g‘illaridan bittasini, siz bittasini oling», dedilar. Hazrati Abbos bu taklifdan g‘oyat xursand bo‘ldi.

Ikkovlari Abu Tolibning uyiga kelishdi. Ahdlashilgan taklifni izhor etishdi. Shunda Abu Tolib: «Menga Uqaylni qoldirib (Uqayl hazrat Alining akasi edi), xohlaganingizni olib ketavering», dedi. Muhammad ibn Abdulloh Alini, Abbos esa Ja’farni tarbiyasiga oldi. 
Ali Payg‘ambarimiz (alayhissalom) bilan birga yashay boshladi. Alloh taolo u zotga to‘g‘ri va haq dinni yuborgach, birinchilardan bo‘lib imon keltirdi. Ja’far esa amakisi Abbos xonadonida ulg‘ayib kamolga yetdi. U va xotini Asmo binti Umays Abu Bakr Siddiq huzurida, Payg‘ambarimiz (alayhissalom) Arqamning hovlisiga kirmaslaridan avval Islomni qabul qilgan edilar. Bu yosh oila ham dastlabki musulmonlar qatori quraysh kofirlarining har tarafdan ta’qibiga, turli azob-uqubatlariga uchradi. Shunda Ja’far ibn Abu Tolib xotini va bir necha sheriklari bilan habash tuprog‘iga hijrat qilishga Payg‘ambarimizdan (alayhissalom) ruxsat oldi.
Birinchi muhojirlar karvoni Ja’far ibn Abu Tolib boshchiligida Habashistonga jo‘nadi. Ular odil podshoh Najoshiy dargohida huzur topdilar. Lekin quraysh kofirlari musulmonlardan bir qismi habash yeriga ko‘chib ketganini, u yerning podshohi himoyasi ostida tinch-omon yashayotganini bilgach, ularni o‘ldirishga yoki tutib olib kelishga ahd qildi. 
Shu o‘rinda so‘zni Ummu Salamadan (roziyallohu anho) eshitamiz: 
«Habashistonga yetib borgach, bizni yaxshi kutib olishdi. Biror yomon so‘z eshitmay va ozor ko‘rmay Alloh taologa ibodat qilib yashay boshladik. Bu xabar Qurayshga yetib borgach, bizga qarshi maslahat qilib, o‘zlaridan nufuzli ikki kishini — Amr ibn Os bilan Abdulloh ibn Abu Robiani Najoshiyga yuborishdi. Habash podshohiga muddaolarini aytishdan avval bitriqlariga sovg‘a-salomlarni topshirishni tayinlashdi. 
Amr ibn Os bilan Abdulloh ibn Abu Robia Habashistonga kelishgach, Najoshiyning din xizmatchilariga sovg‘alar berishdi va muddaolarini bayon etishdi: “Podshohning yeriga ota-bobolarining dinidan qaytgan, o‘z qavmining gapiga quloq solmaydigan ahmoq yoshlarimiz ko‘chib kelishdi. Agar biz podshohingizga shu haqida gapirsak, podshoh ularning dini to‘g‘risida so‘ramasdanoq bizga topshirib yuborishni maslahat bersangiz. Chunki qavmlarining kattalari e’tiqod qilayotgan narsalarini ulardan ko‘ra yaxshiroq bilishadi”. Bitriqlar bu gapga rozi bo‘lishdi.
Ikkovlari Najoshiy huzuriga borib, sovg‘alarni berishdi va takalluf ila so‘z boshlashdi: 
— Sizning mamlakatingizga bir guruh yaramas yoshlarimiz joylashib olishdi. Ular biz ham, siz ham bilmaydigan dinga sig‘inishyapti. Bizni oldingizga o‘shalarning otalari, qarindosh-urug‘lari ularni qaytarib olib borishimiz uchun jo‘natishdi. Albatta, otalari ularning buzg‘unchiliklarini hammadan yaxshiroq bilishadi. 
Najoshiy din xizmatchilariga qaradi. Ular ikkovini tasdiq etishdi. Najoshiy bundan qattiq g‘azablandi va: 
— Allohga qasam, ularni huzurimga chaqirib, ularga nisbat berilgan narsa haqida so‘rab bilmagunimcha birortasiga ruxsat bermayman. Agar rostdan ham shu ikkovi aytganiday bo‘lsa, bu taklifga rozilik bildiraman. Agar unday bo‘lmasa, ularni himoyamga olaman! — dedi.
Najoshiy bizlarni chaqirib kelishga odam jo‘natdi. Uning huzuriga borishdan oldin o‘zaro bunday kelishib oldik: «Podshoh bizdan dinimiz haqida so‘rasa, hamma gapni ochiq aytamiz. Unga faqat Ja’far ibn Abu Tolib gapiradi. Boshqa hech kim gapirmasin». 
Podshoh huzuriga kirgach, uning ikki tarafida egnilariga rido, boshlariga baxmal kuloh kiygan bitriqlar kitoblarini ochib o‘tirganini ko‘rdik. Amr ibn Os bilan Abdulloh ibn Abu Robia ham o‘sha yerda edi. 
Najoshiy bizga yuzlandi.
— Qavmingizning dinini tashlab, mening ham, boshqa birorta millatning ham diniga kirmay, o‘zingiz uchun qanday yangi dinni tanlagansiz?
Ja’far ibn Abu Tolib oldinga chiqdi.
— Ey podshoh, biz sanamlarga sig‘inadigan, o‘limtik yeydigan, fahsh ishlarni qiladigan, qarindoshlikni uzadigan, qo‘shnichilikni unutadigan johil kishilar edik. Kuchlilarimiz zaiflarimizning haqini yer edi. To Alloh taolo bizga o‘zimiz uning nasabini va rostgo‘yligini, omonatdorligi va pokizaligini juda yaxshi biladigan payg‘ambar yuborgunicha shu holda qoldik. U payg‘ambar bizni yolg‘iz Alloh taologa ibodat qilishga, o‘zimiz va otalarimiz sig‘inayotgan sanamlar va butlarni tashlashga chaqirdi. U zot bizga rost gapirishni, omonatni ado qilishni, qarindoshlik rishtalarini tiklashni, qo‘shnilar bilan yaxshi muomalada bo‘lishni, harom narsalardan tiyilish va nohaq qon to‘kishdan saqlanishni buyurdi. Buzuq ishlardan, g‘iybatdan, yetimning molini yeyishdan va pokiza xotinlarga tuhmat qilishdan bizni qaytardi. Allohning rasuli bizga faqat yolg‘iz Alloh taologa ibodat qilishni, Unga hech narsani sherik qilmaslikni buyurdi. Unga ishondik va imon keltirdik. Ular bizni dinimizdan qaytarish uchun zulmni haddan oshirib, siquvga olishgach, sizning shahringizga, sizning qo‘l ostingizda zulm ko‘rmaymiz, degan umid bilan keldik.
— Payg‘ambaringiz Alloh huzuridan olib kelgan narsadan biror narsa bilasanmi?
— Ha. 
— O‘qi.
Ja’far ibn Abu Tolib Maryam surasining boshidan bir necha oyat o‘qidi. 
Najoshiy Qur’on oyatlarini tinglar ekan, ta’sirlanib, yig‘lab yubordi, hatto soqoli ko‘zyoshlari bilan yuvildi. Bitriqlar ham yig‘lab, ochiq turgan kitoblarini ho‘l qilib yuborishdi.
— Shubhasiz, Payg‘ambaringiz keltirgan narsa bilan Iso (alayhissalom) olib kelgan narsaning manbai bittadir.
Najoshiy ushbu so‘zlarini tugatgach, Amr ibn Os va uning sherigiga qarata: 
— Allohga qasamki, bularni sizlarga topshirib qo‘ymayman! — dedi.
Podshoh huzuridan chiqishimiz bilan Amr ibn Os bizga eshittirib sherigiga: 
— Ertaga Najoshiyning oldiga kelib, bularga nisbatan g‘azab uyg‘otadigan bir ishlarini aytib beraman. 
Shunda podshoh bularning urug‘ini quritib yuboradi, — dedi. Abdulloh ibn Abu Robia: 
— Unday qilma, dinimizga qarshi bo‘lsa ham, ular bizning qarindoshlarimiz, — dedi. Amr ibn Os sherigidan jahli chiqib, battar tutaqdi: 
— Ertaga podshohga: «Bular Isoni qul bo‘lgan deyishadi, deyman». Ana undan keyin nima bo‘lishini ko‘ramiz. 
Ertasiga u podshoh huzuriga kelib, kechagi iddaosini aytdi. Biz juda og‘ir bir ahvolda qoldik. Agar podshoh Iso ibn Maryam to‘g‘risida so‘rab qolsa, nima deb javob beramiz, deb tashvishlana boshladik. Keyin bu haqda Payg‘ambarimiz bizga aytgan Alloh taoloning so‘zidan boshqa hech narsani aytmaslikka kelishib oldik. Bu safar ham faqat Ja’far ibn Abu Tolib so‘zlaydigan bo‘ldi.
Najoshiy hammamizni yana huzuriga chaqirdi. Podshoh va uning bitriqlari xuddi kechagi holatda o‘tirishardi. Amr ibn Os bilan uning sherigi ham shu yerda edi. Kirishimiz bilan Najoshiy shoshib so‘radi:
— Iso ibn Maryam haqida nima deysizlar?
Yana Ja’far ibn Abu Tolib javob berdi:
— U haqda Payg‘ambarimiz nima degan bo‘lsa, shuni aytamiz.
— Payg‘ambaringiz nima degan?
— U zot Allohning bandasi va rasulidir. U zot Allohning Maryamga baxsh etgan ruhi va kalimasidir. 
Najoshiy bu so‘zlarni eshitgach: 
— Allohga qasamki, Iso ibn Maryam xuddi Payg‘ambaringiz aytganiday bo‘lgan, — dedi. 
Atrofidagi bitriqlar uni inkor qilmoqchiday g‘udurlashdi. Najoshiy:
— Jim bo‘linglar! — deb amr qildi. So‘ngra bizga: — Boringlar, bemalol yashayveringlar. Kim sizlarni haqoratlasa, jarima to‘laydi, kim sizlarga qarshi chiqsa, jazolanadi. Allohga qasamki, sizlarning birortangizga biror yomonlik evaziga oltin tog‘ va’da qilinsa ham, rozi bo‘lmas edim, — dedi. So‘ngra Amr ibn Os va sherigi keltirgan sovg‘alarni qaytarib berdi. Ikkovi ham g‘azablarini ichga yutgancha chiqib ketishdi. Biz esa uning himoyasida sog‘-omon yashay boshladik”. 
Ja’far ibn Abu Tolib va uning xotini Najoshiyning mamlakatida o‘n yil tinch va xotirjam yashadi. Hijratning yettinchi yilida habash tuprog‘ini tark qilib, Ja’far ibn Abu Tolib boshchiligida bir necha musulmon Madinaga qaytishdi. Ular Madinaga yetishgan paytda Payg‘ambarimiz (alayhissalom) ham Haybar qal’asini fath qilib qaytayotgan edilar. U zot Ja’farni ko‘rib quvondilar va: «Qaysi biriga ko‘proq suyunay: Haybarni olganimizgami yoki Ja’farning kelganigami?» dedilar. Ja’far ibn Abu Tolibning qaytganiga barcha musulmonlar, ayniqsa, kambag‘al musulmonlar ko‘proq sevinishdi. Boisi u kishi zaif va kambag‘allarga nihoyatda mehribon bo‘lgani uchun «Miskinlar otasi» deb nom olgan edi. 
Abu Hurayra (roziyallohu anhu) bunday hikoya qiladi: 
«Biz, kambag‘allar uchun eng yaxshi odam Ja’far ibn Abu Tolib edi. U bizni uyiga olib borib, uyida bor narsasi bilan to‘ydirardi. Agar ovqati tugab qolsa, yog‘ solinadigan meshini olib chiqib berar, holbuki unda hech narsa bo‘lmas edi, biz esa uni yorib, ichidagi yog‘ yuqini yalar edik».
Hijriy sakkizinchi yili boshlarida Payg‘ambarimiz (alayhissalom) Rum askari bilan urushish uchun qo‘shin tayyorladilar. Qo‘shinga amr qildilar: «Zayd o‘ldirilsa yoki yaralansa, Ja’far ibn Abu Tolib boshliq bo‘lsin, agar Ja’far o‘ldirilsa yoki yaralansa, Abdulloh ibn Ravoha boshliq bo‘lsin, agar Abdulloh ibn Ravoha ham o‘ldirilsa yoki yaralansa, musulmonlar o‘zlaridan bir kishini boshliq qilishsin».
Musulmonlar Shomning sharq tarafidagi O‘rdun tuprog‘ida joylashgan Mo‘‘ta qishlog‘iga yetganlarida rumliklar ularga qarshi yuz ming kishilik qo‘shin tayyorlashganini, Laxm, Juzan, Quzoa va boshqa qabilalardan ham yana yuz ming qo‘shin Rumga yordamga kelganini bilishdi. 
Musulmonlarning qo‘shini esa bor-yo‘g‘i uch ming kishi edi, xolos. 
Ikkala qo‘shin to‘qnashdi va urush avjiga chiqdi. Zayd ibn Horisa dushman bilan olisha-olisha halok bo‘ldi. Shunda Ja’far ibn Abu Tolib o‘zining mallarang otidan chaqqonlik bilan sakrab tushdi-da, dushman o‘zidan keyin foydalanmasligi uchun otining paylarini kesdi, so‘ng bayroqni ko‘tarib, rum askarlari safiga yorib kirar ekan, bunday she’r o‘qidi:
Jannat ajib yuksakdir nasib etgan insonga,
Sharobi jon rohati boldek shirin makonga.
Irqi o‘zga rumliklar – shum niyatli yomonga,
Do‘zax qa’ri lang ochiq, dinni inkor etganga,
Mard bo‘lsang, biz tayyor, qani, tushgin maydonga.

Ja’far jangda halok bo‘ldi. Shundan keyin bayroqni Abdulloh ibn Ravoha oldi. U ham avvalgi ikki sherigi kabi jang qildi va halok bo‘ldi. 
Payg‘ambarimiz (alayhissalom) uchala askar boshlig‘ining o‘limi xabarini eshitgach, qayg‘uga toldilar. U zot Ja’far ibn Abu Tolib uyiga yo‘l oldilar. Ja’farning xotini Asmo erini kutib olishga tayyorgarlik ko‘rib, xamir qorayotgan, bolalarini yuvintirib-yasantirayotgan edi.
Asmo binti Umaysning (roziyallohu anho) o‘zi bunday deydi:
«Rasullulloh biznikiga kelganlarida muborak yuzlarini g‘am pardasi qoplab olganini ko‘rib, yuragimga qo‘rqinch tushdi. Ja’far haqida biror yomon xabar eshitib qolishdan xavotirlanib, savol berishdan cho‘chidim. Salomlashgach:
— Ja’farning bolalarini olib kel, — dedilar. 
Men bolalarni chaqirdim. Bolalar quvonib Rasulullohning oldilariga yugurib kelishdi. Rasululloh bolalarni suyib erkaladilar, ular u zotni bir-biridan qizg‘anishar edi. U zot bolalarga engashib, ularni o‘pib, hidlay boshladilar, muborak ko‘zlaridan esa duv-duv yosh oqar edi. Men: 
— Ota-onam sizga fido bo‘lsin, nega yig‘layapsiz?! Ja’farga biror gap bo‘ldimi?! — dedim.
U zot Ja’farning shahid bo‘lganini aytdilar».
Onalarining yig‘isini eshitib, bolalarning yuzidan sevinch yo‘qoldi va hammalari turgan joylarida qotib qolishdi.
Payg‘ambarimiz (alayhissalom) ko‘zyoshlarini artdilar. So‘ng duo qildilar:
— Ey Alloh, Ja’farning bolalariga bir o‘rinbosar ber. Ey Alloh, Ja’farning ahliga bir o‘rinbosar ber... — Keyin yana bunday dedilar: — Ja’farni jannatda ko‘rdim. Uning qonga bo‘yalgan ikkita qanoti bo‘lib, ko‘kragi ham qip-qizil qon edi...

Akram DEHQON 
tarjimasi

"Hidoyat" 2007 yil 1-son