Фотима бинти Хаттоб

Рукн: Саҳобалар Чоп этилган: 26.06.2019

Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳали очиқ даъватга чиқмаган пайтлар эди. У зотга имон келтириш билан мушарраф бўлганлар сони энди ўнтага етиб қолган. Ўша имон билан шарафланганларнинг бири Умар ибн Хаттобнинг синглиси Фотима бинти Хаттоб (р.а.) эди.
Фотима Саид ибн Зайд (р.а.) билан оила қурган ва иккалалари ҳам турмушларини имон нури ила саодатлантиришган эди. (Сиз Саид ибн Зайдни яхши танийсиз. У зот (р.а.) ҳаётлик даврида жаннат билан башоратланган ўн саҳобанинг бирларидир.) Эру хотин бирга-бирга ибодат қилишар, Қуръон ўқишар, ўрганишар эди. Ҳазрати Фотима билан эри Сайд Аллоҳ ва Расули (с.а.в.) йўлига фидойи экан, айни пайтда унинг акаси Умар у пайтда Пайғамбарнинг беаёв душмани, ўтакетган жоҳил, қалбини жаҳолат зулмати қоплаган бир кимса эди.
Бутунлай исканжа ва зулм ичида ҳам, мусулмонларнинг сони кун сайин ортиб бораётганидан бошқа мушриклар қатори ўша биз суйган Умар ҳам таърифсиз қўрқув ва ҳайратда қолди. Макка аҳли нима қилиб бўлса-да, мусулмонларнинг йўлини кесишни ўйларди. Ниҳоят улар, Муҳаммадни (с.а.в.) ўлдирамиз, деган бир тўхтамга келишди. Ўзларича режа тузишди. Умар ҳам уларнинг ичида эди. Ва бу қабоҳатли ишни шу Умар бўйнига олди. Унинг қувватига, қатъийятига, жасоратига ишонганлар, масала хал бўлди, дея олдиндан ҳукм чиқариб қўйишди. Умар ибн Хаттоб дарҳол йўлга тушди. Қўлида қилич. Не ажабки, Аллоҳ таоло унга йўлда қариндоши Нуайм ибн Абдуллоҳни рўбарў қилди...
Умарнинг ниятидан хабардор бўлган Нуайм уни бутунлай ниятидан қайтаролмаса-да, йўлини бошқа тарафга буриб, муддатни узайтиришнинг уддасидан чиқди: синглиси Фотима ва куёви Саиднинг мусулмон бўлганини айтиб, уни қаттиқ ғазаблантирди.
Ҳазрати Ҳаббобдан Куръон ўрганишаётган эр-хотин Умар келганини билиб муаллимларини ва Мушаф саҳифаларини яширишди. Сўнг эшикни очишди. Лекин бироз олдин эшик ортидан эшитилган Қуръон Умарнинг ғазабини янгилаб улгурган эди.
- Мен сизларнинг Муҳаммаднинг динида эканингиздан хабарим бор, - деди ва куёви Саидни калтаклай кетди. Фотима (р.а.) эрини акасининг қўлидан қутқармоқчи бўлганида, ғазабнок қувватли мушт унинг ҳам юзига тушди ва ёриб юборди. Кўзига ўлим кўриниб тургани ҳолда Фотима Умарга бундай деб ҳайқирди:
- Сен аёл кишини уришдан уялмайсанми? Тўғри, биз мусулмон бўлдик. Аллоҳ ва Расулига имон келтирдик. Биз ишонамизки, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад унинг элчисидир. Энди қўлингдан келганини қил!
Фотиманинг бу сўзлари ўзига ўлим ҳукмини чиқариш билан баробар эди. Аммо Аллоҳнинг иродаси ва ҳикматини кўрингки, бу қаҳрамонлик Умарнинг ичига талотум солди. Қонталаш, лекин жасорат балқиб турган юз Умардек бағритош қотилнинг қалбини титратди, унинг тубдан ўзгаришига сабаб бўлди, қилмишига пушаймон этди, қалбини юмшатди.
Орадан бир оз ўтиб, Умар шундай деди:
- Боя сизлардан эшитганларимни менга ҳам беринглар, бир кўрай.
Мушафга нисбатан ҳурматда бўлишини талаб қилган ҳолда Фотима (р.а.) жавоб берди:
- Акагинам, сен Аллоҳга шерик тутганинг учун нопоксан, ҳолбуки, бу Китобга фақат покиза инсонларгина қўл текизади. Тур, олдин таҳорат ол!
Умар ғусл қилди. Кейин унга Қуръондан Тоҳа сурасининг баъзи оятлари ёзилган саҳифаларни беришди. Умар уларни ўқиб, чуқур ўйга толди. Юзида ҳидоятнинг нурлари жилолана бошлади.
"Бу қандайин шарафли, қандайин лаззатли калом! Бундан-да гўзал, бундан-да ширин сўз бўлиши мумкин эмас!"
Умарнинг юмшаганини кўриб, Ҳазрати Ҳаббоб ҳам бекинган жойидан чиқди.
Кейин тўртови Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) ҳузури муборакларига боришди. Умар калимаи шаҳодат келтирди ва... энди биз севган Умарга айланди, саодатли ҳаётини бошлади.
Ҳазрати Фотиманинг (р.а.) жасорати Ҳазрати Умар ибн Хаттоб (р.а.) каби бир зотнинг исломият билан шарафланишига сабаб бўлди. Зеро, Умарнинг умри охиригача қилган яхшиликлари ҳеч бир камаймасдан Фотима бинти Хаттобнинг ҳам дафтарига ёзиқликдир.
Фотима (р.а.) эри билан бирга Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилди. Умрининг сўнгига қадар фазилатли яшади. Акасининг халифа бўлганини, адолатли идора қилганини кўриш саодатига муяссар бўлди, Ва унинг даврида Аллоҳ даргоҳи сари рихлат этди.
Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин! Омин.

"Sahabalar ansiklopedisi" | "Ҳидоят" журналининг 2000-йил 7-сонидан

Payg'ambarimiz (s.a.v.) hali ochiq da'vatga chiqmagan paytlar edi. U zotga imon keltirish bilan musharraf bo'lganlar soni endi o'ntaga yetib qolgan. O'sha imon bilan sharaflanganlarning biri Umar ibn Xattobning singlisi Fotima binti Xattob (r.a.) edi.
Fotima Sayd ibn Zayd (r.a.) bilan oila qurgan va ikkalalari ham turmushlarini imon nuri ila saodatlantirishgan edi. (Siz Sayd ibn Zaydni yaxshi taniysiz. U zot (r.a.) hayotlik davrida jannat bilan bashoratlangan o'n sahobaning birlaridir.) Eru xotin birga-birga ibodat qilishar, Qur'on o'qishar, o'rganishar edi. Hazrati Fotima bilan eri Sayd Alloh va Rasuli (s.a.v.) yo'liga fidoyi ekan, ayni paytda uning akasi Umar u paytda Payg'ambarning beayov dushmani, o'taketgan johil, qalbini jaholat zulmati qoplagan bir kimsa edi.
Butunlay iskanja va zulm ichida ham, musulmonlarning soni kun sayin ortib borayotganidan boshqa mushriklar qatori o'sha biz suygan Umar ham ta'rifsiz qo'rquv va hayratda qoldi. Makka ahli nima qilib bo'lsa-da, musulmonlarning yo'lini kesishni o'ylardi. Nihoyat ular, Muhammadni (s.a.v.) o'ldiramiz, degan bir to'xtamga kelishdi. O'zlaricha reja tuzishdi. Umar ham ularning ichida edi. Va bu qabohatli ishni shu Umar bo'yniga oldi. Uning quvvatiga, qat'iyyatiga, jasoratiga ishonganlar, masala xal bo'ldi, deya oldindan hukm chiqarib qo'yishdi. Umar ibn Xattob darhol yo'lga tushdi. Qo'lida qilich. Ne ajabki, Alloh taolo unga yo'lda qarindoshi Nuaym ibn Abdullohni ro'baro' qildi...
Umarning niyatidan xabardor bo'lgan Nuaym uni butunlay niyatidan qaytarolmasa-da, yo'lini boshqa tarafga burib, muddatni uzaytirishning uddasidan chiqdi: singlisi Fotima va kuyovi Saidning musulmon bo'lganini aytib, uni qattiq g'azablantirdi.
Hazrati Habbobdan Kur'on o'rganishayotgan er-xotin Umar kelganini bilib muallimlarini va Mushaf sahifalarini yashirishdi. So'ng eshikni ochishdi. Lekin biroz oldin eshik ortidan eshitilgan Qur'on Umarning g'azabini yangilab ulgurgan edi.
- Men sizlarning Muhammadning dinida ekaningizdan xabarim bor, - dedi va kuyovi Saidni kaltaklay ketdi. Fotima (r.a.) erini akasining qo'lidan qutqarmoqchi bo'lganida, g'azabnok quvvatli musht uning ham yuziga tushdi va yorib yubordi. Ko'ziga o'lim ko'rinib turgani holda Fotima Umarga bunday deb hayqirdi:
- Sen ayol kishini urishdan uyalmaysanmi? To'g'ri, biz musulmon bo'ldik. Alloh va Rasuliga imon keltirdik. Biz ishonamizki, Allohdan boshqa iloh yo'q, Muhammad uning elchisidir. Endi qo'lingdan kelganini qil!
Fotimaning bu so'zlari o'ziga o'lim hukmini chiqarish bilan barobar edi. Ammo Allohning irodasi va hikmatini ko'ringki, bu qahramonlik Umarning ichiga talotum soldi. Qontalash, lekin jasorat balqib turgan yuz Umardek bag'ritosh qotilning qalbini titratdi, uning tubdan o'zgarishiga sabab bo'ldi, qilmishiga pushaymon etdi, qalbini yumshatdi.
Oradan bir oz o'tib, Umar shunday dedi:
- Boya sizlardan eshitganlarimni menga ham beringlar, bir ko'ray.
Mushafga nisbatan hurmatda bo'lishini talab qilgan holda Fotima (r.a.) javob berdi:
- Akaginam, sen Allohga sherik tutganing uchun nopoksan, holbuki, bu Kitobga faqat pokiza insonlargina qo'l tekizadi. Tur, oldin tahorat ol!
Umar g'usl qildi. Keyin unga Qur'ondan Toha surasining ba'zi oyatlari yozilgan sahifalarni berishdi. Umar ularni o'qib, chuqur o'yga toldi. Yuzida hidoyatning nurlari jilolana boshladi.
"Bu qandayin sharafli, qandayin lazzatli kalom! Bundan-da go'zal, bundan-da shirin so'z bo'lishi mumkin emas!"
Umarning yumshaganini ko'rib, Hazrati Habbob ham bekingan joyidan chiqdi.
Keyin to'rtovi Payg'ambarimizning (s.a.v.) huzuri muboraklariga borishdi. Umar kalimai shahodat keltirdi va... endi biz sevgan Umarga aylandi, saodatli hayotini boshladi.
Hazrati Fotimaning (r.a.) jasorati Hazrati Umar ibn Xattob (r.a.) kabi bir zotning islomiyat bilan sharaflanishiga sabab bo'ldi. Zero, Umarning umri oxirigacha qilgan yaxshiliklari hech bir kamaymasdan Fotima binti Xattobning ham daftariga yoziqlikdir.
Fotima (r.a.) eri bilan birga Madinai Munavvaraga hijrat qildi. Umrining so'ngiga qadar fazilatli yashadi. Akasining xalifa bo'lganini, adolatli idora qilganini ko'rish saodatiga muyassar bo'ldi, Va uning davrida Alloh dargohi sari rixlat etdi.
Alloh barchalaridan rozi bo'lsin! Omin.

"Sahabalar ansiklopedisi" | "Hidoyat" jurnalining 2000-yil 7-sonidan