Суҳайл ибн Амр

Рукн: Саҳобалар Чоп этилган: 31.05.2017

Суҳайлнинг икки тиши

Суҳайл ибн Амр Бадр жангида мусулмонлар қўлига асир бўлиб тушганини эшитган Умар ибн ал Ҳаттоб розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келди ва:

– “Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, рухсат беринг Суҳайлнинг икки олдинги тишини суғуриб олайинки токи у бундан кейин сизга қарши нутқ билан гапира олмасин”, - деди. Пайғамбаримиз эса Умарга: “Тинч қўй уни эй Умар, балки келажакда у сени хурсанд қиладиган бирон иш қилар” дея бу ишдан қайтардилар.

Суҳайл ибн Амр Қурайш зодагонлари орасида жуда обрўли инсон бўлиб, бунга унинг ўткир зеҳни ва чиройли нутқ қила олиш қобилияти туфайли эришган эди. Қурайш ичида унинг фикри билан албатта ҳисоблашишар ва у сиз бирон мажлис ўтмас эди.

Маккада Пайғамбар чиққани ҳақидаги хабар унга етиб келганида Суҳайл Қурайшнинг кўпчилик етакчилари сингари буни салбий қарши олди. Шу кундан бошлаб Пайғамбаримизга соллаллоҳу алайҳи васаллам ва илк мусулмонларга қарши ашаддий кураш бошлаб юборди.

Ҳижратнинг олтинчи йили охирларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳминан бир ярим минг саҳобалари билан Мадинадан Макка шаҳрига Умра қилиш учун йўлга тушишди ва Макка яқинидаги Ҳудайбия деган ерда тўхташди. Бу хабар Қурайшга етиб келганида, ғазабга минган қабила бошлиқлари уларни Маккага киритмасликка онт ичишди.

Алалоқибат Қурайш ва Пайғамбаримиз ораларида тарихда “Ҳудайбия сулҳи” дея танилган сулҳ битими имзоланди. Маккаликлар ўзининг топқирлиги ва зеҳни билан ном чиқарган Суҳайл ибн Амрни бу битимнинг тузилиши ва имзоланишига бош-қош бўлиш учун юборишди. Суҳайл Пайғамбаримз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб мақсадини англатгач, ул зот Али ибн Абу Толибни чақириб келишув шартларини ёзиб туришга буюрдилар. “Ёз: Бисмиллаҳи Роҳманир Роҳим”. “Мен бу жумлани билмайман” дея Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларини бўлди Суҳайл. “Унинг ўрнига “Бисмика Аллоҳума” (Сенинг номинг ила эй Аллоҳ) дея ёз” деди Суҳайл. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Алига унинг айтганини қилишга буюрдилар. Сўнгра: “Ёз: Ушбу битим Аллоҳнинг элчиси Муҳаммад ва Суҳайл ибн Амр ўртасида тузилди” дейишлари биланоқ Суҳайл яна қаршилик қилди: “Агар сенинг Пайғамбар эканлигингга гувоҳлик берганимда сенга қарши урушмаган бўлар эдим. Унинг ўрнига исминг ва отангни исмини ёз” дея эътироз билдирди ва бу шартга ҳам Пайғамбаримиз рози бўлдилар.

Ўз шартларини сулҳга муҳрлай олган Суҳайл ортга ёру юз билан қайтди ва қурайшликлар ундан рози бўлишди. Бироқ 10 йиллик тинчлик сулҳи 2 йилга ҳам бормай қурайшликлар томонидан бузилди ва натижада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар Маккани жангсиз эгаллашлари билан якун топди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам динга тош отган бошқалар қатори Суҳайл ибн Амрни ҳам кечирдилар ва омонлик бердилар. Макка олинган куни омонлик берилганларга “ат-тулақаа” яъни “озод этилганлар” дея ном беришди. Ўзининг ашаддий душманидан бундай олийжанобликни кутмаган Суҳайл ибн Амр алалхусус чин дилдан иймон калималарини айтди ва мусулмон бўлди. Шу кундан бошлаб Қуръон ва суннатни ўрганишга қаттиқ бел боғлади. Унинг зеҳни ва ўткир ақли энди Исломга хизмат қилишни бошлади.

Бир қанча вақтдан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар ва бу хабар Маккага жуда тез етиб келди. Мадинадаги сингари Макка шаҳри мусулмонлари орасида ғулғула ва саросима бошланди. Мадина шаҳрида Абу Бакр розияллоҳу анҳу бу саросимани: “Ким Муҳаммадга ибодат қилган бўлса дарҳақиқат у вафот этди, Ким Аллоҳга ибодат қилса у тирик ва барҳаётдир” дея динда юз бериши мумкин бўлган улкан фитнани олдини олдилар.

Макка шаҳрида эса худди шундай иш қилиш бахти Суҳайл ибн Амрга насиб бўлди. Янги мусулмон бўлганларнинг саросимага тушаётганини ва ҳатто айримларнинг диндан қайтиб кетаётганларини кўрган Суҳайл Макка аҳлини бир ерга жамлади ва уларга қарата: “Эй Макка аҳли! Эй Макка аҳли! Ҳақиқатга охиргилардан эришиб уни биринчилардан бўлиб тарк этадиганлардан бўлманглар. Аллоҳга қасамки Ислом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек баркамол дин бўлади. Эй Макка аҳли! Аллоҳга берган ваъдангиз қани? Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар эмасмидилар? Ул зот бутун инсониятга ҳақиқат йўлини кўрсатиб кетмадиларми? Ва бунга сизни гувоҳ қилмадиларми? Бутун Инсониятга юборилган бу йўл қандай қилиб Пайғамбарнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам вафоти билан якунланади? Шунда ҳам тутган йўлингиздан қайтиб кетасизларми? Аллоҳга қасамки бу дин бутун дунёни – Шарқдан то Ғарбгача эгайллайди.” Бу сўзларни Маккадаги кўпчилик мусулмонларни динда собит қолишларига Аллоҳ сабабчи қилди.

Суҳайлнинг қилган бу иши хабари Мадинага етиб келганида Умар ибн ал-Ҳаттоб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг берган башоратли: “Тинч қўй уни эй Умар, балки келажакда у сени ҳурсанд қиладиган бирон иш қилар” деган сўзларини эслади. Ҳа, ўша Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам башорат қилган кун келган ва Ислом Суҳайлнинг икки олдинги тиши сабабидан собит қолган эди.

Suhaylning ikki tishi

Suhayl ibn Amr Badr jangida musulmonlar qo‘liga asir bo‘lib tushganini eshitgan Umar ibn al Hattob roziyallohu anhu Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallam huzurlariga keldi va:

– “Ey Allohning Payg‘ambari, ruxsat bering Suhaylning ikki oldingi tishini sug‘urib olayinki toki u bundan keyin sizga qarshi nutq bilan gapira olmasin”, - dedi. Payg‘ambarimiz esa Umarga: “Tinch qo‘y uni ey Umar, balki kelajakda u seni xursand qiladigan biron ish qilar” deya bu ishdan qaytardilar.

Suhayl ibn Amr Quraysh zodagonlari orasida juda obro‘li inson bo‘lib, bunga uning o‘tkir zehni va chiroyli nutq qila olish qobiliyati tufayli erishgan edi. Quraysh ichida uning fikri bilan albatta hisoblashishar va u siz biron majlis o‘tmas edi.

Makkada Payg‘ambar chiqqani haqidagi xabar unga yetib kelganida Suhayl Qurayshning ko‘pchilik yetakchilari singari buni salbiy qarshi oldi. Shu kundan boshlab Payg‘ambarimizga sollallohu alayhi vasallam va ilk musulmonlarga qarshi ashaddiy kurash boshlab yubordi.

Hijratning oltinchi yili oxirlarida Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallam tahminan bir yarim ming sahobalari bilan Madinadan Makka shahriga Umra qilish uchun yo‘lga tushishdi va Makka yaqinidagi Hudaybiya degan yerda to‘xtashdi. Bu xabar Qurayshga yetib kelganida, g‘azabga mingan qabila boshliqlari ularni Makkaga kiritmaslikka ont ichishdi.

Alaloqibat Quraysh va Payg‘ambarimiz oralarida tarixda “Hudaybiya sulhi” deya tanilgan sulh bitimi imzolandi. Makkaliklar o‘zining topqirligi va zehni bilan nom chiqargan Suhayl ibn Amrni bu bitimning tuzilishi va imzolanishiga bosh-qosh bo‘lish uchun yuborishdi. Suhayl Payg‘ambarimz sollallohu alayhi vasallam huzurlariga kelib maqsadini anglatgach, ul zot Ali ibn Abu Tolibni chaqirib kelishuv shartlarini yozib turishga buyurdilar. “Yoz: Bismillahi Rohmanir Rohim”. “Men bu jumlani bilmayman” deya Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamning gaplarini bo‘ldi Suhayl. “Uning o‘rniga “Bismika Allohuma” (Sening noming ila ey Alloh) deya yoz” dedi Suhayl. Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallam Aliga uning aytganini qilishga buyurdilar. So‘ngra: “Yoz: Ushbu bitim Allohning elchisi Muhammad va Suhayl ibn Amr o‘rtasida tuzildi” deyishlari bilanoq Suhayl yana qarshilik qildi: “Agar sening Payg‘ambar ekanligingga guvohlik berganimda senga qarshi urushmagan bo‘lar edim. Uning o‘rniga isming va otangni ismini yoz” deya e’tiroz bildirdi va bu shartga ham Payg‘ambarimiz rozi bo‘ldilar.

O‘z shartlarini sulhga muhrlay olgan Suhayl ortga yoru yuz bilan qaytdi va qurayshliklar undan rozi bo‘lishdi. Biroq 10 yillik tinchlik sulhi 2 yilga ham bormay qurayshliklar tomonidan buzildi va natijada Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallam boshliq musulmonlar Makkani jangsiz egallashlari bilan yakun topdi. Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallam dinga tosh otgan boshqalar qatori Suhayl ibn Amrni ham kechirdilar va omonlik berdilar. Makka olingan kuni omonlik berilganlarga “at-tulaqaa” ya’ni “ozod etilganlar” deya nom berishdi. O‘zining ashaddiy dushmanidan bunday oliyjanoblikni kutmagan Suhayl ibn Amr alalxusus chin dildan iymon kalimalarini aytdi va musulmon bo‘ldi. Shu kundan boshlab Qur’on va sunnatni o‘rganishga qattiq bel bog‘ladi. Uning zehni va o‘tkir aqli endi Islomga xizmat qilishni boshladi.

Bir qancha vaqtdan so‘ng Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallam vafot etdilar va bu xabar Makkaga juda tez yetib keldi. Madinadagi singari Makka shahri musulmonlari orasida g‘ulg‘ula va sarosima boshlandi. Madina shahrida Abu Bakr roziyallohu anhu bu sarosimani: “Kim Muhammadga ibodat qilgan bo‘lsa darhaqiqat u vafot etdi, Kim Allohga ibodat qilsa u tirik va barhayotdir” deya dinda yuz berishi mumkin bo‘lgan ulkan fitnani oldini oldilar.

Makka shahrida esa xuddi shunday ish qilish baxti Suhayl ibn Amrga nasib bo‘ldi. Yangi musulmon bo‘lganlarning sarosimaga tushayotganini va hatto ayrimlarning dindan qaytib ketayotganlarini ko‘rgan Suhayl Makka ahlini bir yerga jamladi va ularga qarata: “Ey Makka ahli! Ey Makka ahli! Haqiqatga oxirgilardan erishib uni birinchilardan bo‘lib tark etadiganlardan bo‘lmanglar. Allohga qasamki Islom Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallam aytganlaridek barkamol din bo‘ladi. Ey Makka ahli! Allohga bergan va’dangiz qani? Muhammad sollallohu alayhi vasallam Payg‘ambar emasmidilar? Ul zot butun insoniyatga haqiqat yo‘lini ko‘rsatib ketmadilarmi? Va bunga sizni guvoh qilmadilarmi? Butun Insoniyatga yuborilgan bu yo‘l qanday qilib Payg‘ambarning sollallohu alayhi vasallam vafoti bilan yakunlanadi? Shunda ham tutgan yo‘lingizdan qaytib ketasizlarmi? Allohga qasamki bu din butun dunyoni – Sharqdan to G‘arbgacha egayllaydi.” Bu so‘zlarni Makkadagi ko‘pchilik musulmonlarni dinda sobit qolishlariga Alloh sababchi qildi.

Suhaylning qilgan bu ishi xabari Madinaga yetib kelganida Umar ibn al-Hattob Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamning bergan bashoratli: “Tinch qo‘y uni ey Umar, balki kelajakda u seni hursand qiladigan biron ish qilar” degan so‘zlarini esladi. Ha, o‘sha Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallam bashorat qilgan kun kelgan va Islom Suhaylning ikki oldingi tishi sababidan sobit qolgan edi.