Фурайҳа бинти Молик

Рукн: Саҳобалар Чоп этилган: 29.08.2016

Фазилатли хонадон қизи

Бу аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суҳбатларидан баҳраманд бўлиш шарафига эришган, икки дунё саодатини қўлга киритган, Аллоҳга берган аҳдига умр бўйи содиқ қолган улуғ саҳобиялардан эди. Унинг насл-насаби машҳур, ўзи ансорийлардан эди. Ансорийлар маккалик муҳожирларни севиб қабул қилган, улар муҳтож бўлиб туришганида ўзларидаги бор нарсани улар билан баҳам кўрган, уйининг тўридан жой берган, оғзидаги луқмасини тутган, ҳатто касби-корига ўргатган мадиналик мусулмонлар эди. Иймон билан шарафланишганидан сўнг Аллоҳ таоло уларни қалбларига суюмли бир ном – «ансорийлар» (Аллоҳ йўлида ёрдам берувчилар) лақаби билан тақдирлади.

Ансорийлар Маккада биринчи бўлиб Исломни таниган, бунинг орқасидан катта хўрлик-машаққатлар чеккан ҳамда она-шаҳарлари, яқинлари, мол-мулкларини ташлаб Мадинага ҳижрат қилган муҳожирлардан фазлда кейинда туришса-да, аммо уларнинг диндошларига кўрсатган фазлу карами, меҳр-шафқати, хайрихоҳлиги ва фидойилиги тилларда зарбулмасал бўлиб кетган эди. Муҳожирлар ҳам ўз навбатида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатмаларига биноан яхшилик ва карам булоғи бўлмиш ансорийларнинг ҳаққига дуолар қилиб, уларнинг хизматини мукофотлашни Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола этишган эди. Бизнинг қаҳрамонимиз саҳобия Фурайҳа бинти Молик розияллоҳу анҳо ҳам ана шу мақтовга сазовор қавмга мансуб эди.

Фурайҳа бинти Молик ибн Синон ал-Ансорий ал-Худрия розияллоҳу анҳо  ҳамма ерда барча яхшиликни биринчи бўлиб бажарадиган машҳур хонадонлардан бирида улғайди. Ва Ислом тарихи мана шу аёлнинг баракотидан эзгулик тўлиб-тошган воқеа-ҳодисалар билан бойиди. Фурайра ўсган оиланинг Ислом динини ёйиш соҳасидаги хизматлари ўзи алоҳида китобларга мавзу бўлғусидир.

Саҳобиянинг отаси Ҳазрати Молик ибн Синон ибн Убайд ал-Ансорий ал-Хазражий ал-Худрий розияллоҳу анҳу  жаннат билан башоратланган буюк саҳобийлардан эдилар. Суюкли Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳақида: «Ким жаннат аҳлидан бўлган кишини кўрмоқчи бўлса, мана бунга қарасин», деб Молик ибн Синонга ишора қилганлар. Унинг туғишган акаси мужоҳидлар имоми, Мадина муфтийси, Абу Саид Худрий куняси билан машҳур бўлиб кетган Саъд ибн Молик ибн Синон розияллоҳу анҳу  эди. Абу Саид Ҳандақ ғазоти қаҳрамонларидан, Ризвон байъати ҳақида энг билимдонлардан, Пайғамбар алайҳиссаломдан 1170 та ҳадис ривоят қилган улуғ саҳобий, мужтаҳид фақиҳлардан эдилар.

Фурайҳанинг она бир акаси эса мужоҳидлар амири, улуғ саҳобий Қатода ибн Нўъмон ал-Ансорий ал-Зафарий розияллоҳу анҳу  эди. Бу зот Бадр ғазотининг энг кўзга кўринган қаҳрамонларидан бўлган, Уҳуд куни жангда янгилик киритган, Пайғамбар алайҳиссалом билан бирга барча ғазотларда қатнашган эди. У оз сонли камончилардан бўлиб, Уҳуд жангида бир кўзи оқиб тушди. У шу ҳолатда Расулуллоҳ ҳузурларига боради. Пайғамбаримиз муборак қўллари билан кўзини жойига қўйиб, силаб қўядилар. Унинг кўзи тузалиб, аввалгидан ҳам ўткир назар бўлиб қолган.

Саҳобиянинг она бир опасига келсак, Умму Саҳл бинти Нўъмон ал-Ансория аз-Зафария розияллоҳу анҳо  ҳеч иккиланмай иймонга келиб, Ҳазрати Расулуллоҳга байъат қилган саодатманд аёллардан эди. Хулласи, ҳикоямиз қаҳрамони Фурайҳа бинти Молик ана шундай улуғ ва шарафли бир хонадоннинг фарзанди бўлган.

Молик ибн Синон  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳали Мадинага ҳижрат қилмасларидан туриб оила аъзоларига у Зот ҳақларида тўлқинланиб сўзлаб берарди. Чунки у киши ҳақларида мадиналик яҳудийлардан эшитган эди. Отасининг гапларидан оила аъзолари, хусусан Фурайҳа зеҳнида Аллоҳ Элчисининг муборак сиймолари гавдаланар эди. Набий алайҳиссалом Мадинага етиб келишлари билан Молик у Зот билан учрашувга ошиқди. Барча оила аъзолари, жумладан, қизи Фурайҳа ҳам, унга ҳамроҳлик қилишди. Айниқса, Фурайҳа Расули акрам билан учрашувни ўйлаб, ҳаяжонга тушар, нияти у Зотга байъат қилиш эди.

Иймон билан шарафланган бу оила Расулуллоҳ наздларида баланд мақомга эришди ва у кишига энг яхши сафдош бўлди. Улар Аллоҳ ва Унинг Расули розилиги йўлида қўлларидан келганича, қодир бўлишганича кўп ишларни қила олишди. Бу муборак оиладан жасур жангчи, дин фидойиси, муҳаддис, тақволи обидлар етишиб чиқди.

Чиройли сабр

Молик ибн Синон Бадр жангида қатнаша олмаган эди. Чунки Бадрда жанг бўлмайди, деган хаёлга борганди. Уҳуд куни у Аллоҳнинг розилиги йўлида олий мақомга эришиш учун фурсат келганини тушунди. Мушрикларга қарши жанг олдидан бўлган машваратда у олдинга чиқиб бундай деди: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, биз ҳозир икки яхшилик ўртасидамиз. Бири – Аллоҳ душман устидан биз истаган зафарни бериб, уни бизларга таслим қилади. Бунда худди Бадрдагидек бир жанг бўлиб, ундан фақат қочоқларгина тирик қолишади. Бошқаси эса – бизга чиройли ўлим неъматини бериб, жонимизни шу жангда  олади. Бу иккисидан қай бирига йўлиқишимнинг менга аҳамияти йўқ. Албатта, уларнинг икковида ҳам яхшилик бордир».

Ҳазрати Молик ўғли Абу Саидни ҳам бошлаб олган эди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  ёши кичиклиги учун бир неча ёш болалар қатори унга ҳам урушда қатнашишга ижозат бермадилар. Абу Саид бундан афсусланиб, кўзида жиққа ёш билан ноилож уйига қайтди. Буни кўриб турган Фурайҳа укасининг кўз ёшларини артар экан, унга тинмай тасалли берар, ўзи эса жангга кетган отасидан хабар кутар эди.

Молик ибн Синон уруш шиддатли тус олган таҳликали дамларда Набий алайҳиссалом ёнларида мардларча жанг қилди. У Зот яраланганларида муборак юзларидан қон оқаётганини  кўриб, уни тезда артиб-тозалаб олган ҳам Молик эди. У ниятига эришди: улуғ муҳорабада қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Аллоҳ билан қовушаётганида унинг юзида табассум ўйнар, ҳолсиз қўллари буюк муҳаббат ила севгани Расули акрамнинг юзларини оҳистагина силар эди.

Абу Саид Пайғамбар алайҳиссаломнинг Уҳуддан қайтаётганлари хабарини эшитгач, у Зотга пешвоз чиқди. Расулуллоҳ йигитчага қараб: «Сен Моликнинг ўғли Саидмисан?» дедилар. У: «Ҳа, Аллоҳнинг Расули», деб отда турган Набийнинг тиззаларидан ўпди ва: «Ота-онам сизга фидо бўлсин!», деди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Отанг сабабидан Аллоҳ сенга ажр берсин!», дедилар. Фурайҳа эса жангда жуда кўп мусулмонлар, улар қаторида севикли оталари ҳам ҳалок бўлгани туфайли Аллоҳнинг Расулига катта азият етганидан қанчалик қайғурган бўлса, у Зотнинг саломат қайтганларидан шунчалик севинди, Аллоҳга ҳамдлар айтди. Икки фарзанд оталарининг ўлими туфайли етган мусибатга чиройли сабр қилишди…

Оталари оила аъзоларига ҳеч нарса қолдирмай дунёни тарк этган эди. Гоҳо улар уйда ҳатто бирор егулик нарса ҳам топа олмай қолишарди. Эскириб-тўзиб кетган кийимларини янгилашга ҳам имконлари йўқ эди. Аммо улар Аллоҳнинг бу синовига ҳам сабр этишар, садақа сўрашдан ҳаё қилишар, ўзларини беҳожат кўрсатишар эди. Шундан сўнг Аллоҳ уларни бой-бадавлат қилди. Чиройли сабрлари ва Расулуллоҳга ихлос-садоқатлари баракотидан бошқа ансорларга қараганда ҳам кўпроқ мол-давлатга эга бўлишди.

«Нима дединг?»

Фурайҳа Саҳл ибн Рофеъ ибн Бишр ал-Хазражий деган кишига турмушга чиққан эди. У билан бир муддат яшагач, эридан ажраб қолди. Саҳл қочиб кетган қулларини излаб йўлга чиққанида қўлга тушиб қолишдан қўрққан қуллар уни Мадина яқинида ўлдириб кетишди. Унга эрининг ўлими ҳақида хабар келганида у эрига Аллоҳдан савоб умид қилиб сабр этди. Ёлғиз ва ёрдамчисиз қолган аёл уйига, яқинлари олдига қайтишни ўйлади. Аммо ўз режасидан кўнглида нохушлик сезиб, бу ҳақда Расулуллоҳдан маслаҳат сўрашни диллади.

Имом Молик «Муватто»ларида бу воқеани Зайнаб бинти Каъб ибн Ужрадан санад билан бундай ривоят қиладилар: «Фурайҳа бинти Моликнинг Зайнаб бинти Каъбга сўзлаб беришича, у Расулуллоҳ ҳузурларига келиб, эри қочиб кетган қулларини қидириб, уларга Қодим тарафда етиб олганида қуллар эрини ўлдиришгани хабарини маълум қилади. Фурайҳа эри уйсиз-жойсиз, нафақасиз қолдириб кетганини туфайли бани Худрадаги ота хонадонига қайтсам бўладими, деб ижозат сўрайди.

Пайғамбар алайҳиссалом унинг қайтишига изн берадилар. Фурайҳа айтади: «Мен ортимга қайтиб, уйимга етай деганимда Расулуллоҳ чақираётганлари хабарини етказишди. Ҳузурларига борсам: «Боя нима дединг?» деб сўрадилар. У кишига эрим билан боғлиқ воқеаларни гапириб бердим. Шунда у Зот: «То идданг тугамагунича уйингда ўтиргин», дедилар. Уйимда тўрт ойу ўн кун иддада ўтирдим». Яна Фурайҳа бундай деган: «Усмон ибн Аффон халифалиги даврида мени чақиртирди ва бу ҳақда сўради. Унга Расулулллоҳ гапларини етказдим. У бу хабарга эргашди ва у билан ҳукм қилди».

Фурайра Набий алайҳиссаломнинг амрига бўйсуниб, эрининг уйида тўрт ойу ўн кун идда сақлаб ўтирди. Иддаси тугагач, унга Саҳл ибн Бишр деган киши уйланди. У ансорийларнинг бани Зафар қабиласидан эди. Фурайра мурғак Исломнинг барча босқичларида эрига тобеъ бўлди, дин изн берган ҳамма ишларда унга шерик бўлди.

Жаннат башорати

Фурайҳа бинти Молик Расулуллоҳнинг мажлисларида иштирок этиб, нубувват мадрасасида таҳсил олган бахтиёр саҳобиялардан эди. Кучли ҳофиза ва соғлом тафаккур соҳибаси бўлган бу аёл Пайғамбар алайҳиссаломдан 80 та ҳадис ривоят қилган. Ундан эса Зайнаб бинти Каъб ибн Ужра ривоят қилган. Эри ўлган аёлнинг иддаси ҳақидаги юқорида тилга олинган ҳадис ҳам ана шу икки саҳобия ривояти орқали бизгача етиб келган. Фурайҳа ривоят қилган ҳадисларни Миср, Ироқ, Шом, Ҳижоз ва Мадина фақиҳлари қабул қилиб, ундан ҳукм чиқаришган.

Фурайҳа жаннат башорати ила шарафланган саҳобиялар сирасига киради. У ҳижратнинг олтинчи йилида Ҳудайбияда, дарахт остида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган бир гуруҳ саҳобиялар сафида бўлган. Бу воқеа мушриклар мусулмонларни Маккаи мукаррамага киришдан тўсиб қўйган пайтда содир бўлганди. Ана шу байъатда иштирок этганларнинг барчаси аҳли жаннатдан ҳисобланади. Чунки Аллоҳ таолонинг бундай ояти каримаси бор: «(Эй Муҳаммад, алайҳиссалом), дарҳақиқат Аллоҳ мўминлардан улар дарахт остида сизга байъат қилаётган вақтларида рози бўлди. У Зот уларнинг дилларидаги нарса (садоқат ва вафо)ни билиб, уларга сакинат – ором туширди…» (Фатҳ, 18).

Набий алайҳиссалом Фурайҳа ва у билан бирга байъатда ҳозир бўлган саҳобияларга жаннат башоратини бердилар. Умму Мубашшир ал-Ансориядан ривоят қилинишича, у киши Расулуллоҳнинг Хафса ҳузурида бундай деганларини эшитган: «Иншааллоҳ, дарахт остида байъат қилганларнинг ҳеч бири дўзахга кирмайди».

Аҳмад Холид Жумаънинг «Жаннат ила башоратланган аёллар» китобидан Юлдуз Комил қизи таржимаси | Сийрат.уз

* * *

Fazilatli xonadon qizi

Bu ayol Rasululloh sollallohu alayhi vasallam suhbatlaridan bahramand bo‘lish sharafiga erishgan, ikki dunyo saodatini qo‘lga kiritgan, Allohga bergan ahdiga umr bo‘yi sodiq qolgan ulug‘ sahobiyalardan edi. Uning nasl-nasabi mashhur, o‘zi ansoriylardan edi. Ansoriylar makkalik muhojirlarni sevib qabul qilgan, ular muhtoj bo‘lib turishganida o‘zlaridagi bor narsani ular bilan baham ko‘rgan, uyining to‘ridan joy bergan, og‘zidagi luqmasini tutgan, hatto kasbi-koriga o‘rgatgan madinalik musulmonlar edi. Iymon bilan sharaflanishganidan so‘ng Alloh taolo ularni qalblariga suyumli bir nom – «ansoriylar» (Alloh yo‘lida yordam beruvchilar) laqabi bilan taqdirladi.

Ansoriylar Makkada birinchi bo‘lib Islomni tanigan, buning orqasidan katta xo‘rlik-mashaqqatlar chekkan hamda ona-shaharlari, yaqinlari, mol-mulklarini tashlab Madinaga hijrat qilgan muhojirlardan fazlda keyinda turishsa-da, ammo ularning dindoshlariga ko‘rsatgan fazlu karami, mehr-shafqati, xayrixohligi va fidoyiligi tillarda zarbulmasal bo‘lib ketgan edi. Muhojirlar ham o‘z navbatida Rasululloh sollallohu alayhi vasallam ko‘rsatmalariga binoan yaxshilik va karam bulog‘i bo‘lmish ansoriylarning haqqiga duolar qilib, ularning xizmatini mukofotlashni Alloh taoloning O‘ziga havola etishgan edi. Bizning qahramonimiz sahobiya Furayha binti Molik roziyallohu anho ham ana shu maqtovga sazovor qavmga mansub edi.

Furayha binti Molik ibn Sinon al-Ansoriy al-Xudriya roziyallohu anho  hamma yerda barcha yaxshilikni birinchi bo‘lib bajaradigan mashhur xonadonlardan birida ulg‘aydi. Va Islom tarixi mana shu ayolning barakotidan ezgulik to‘lib-toshgan voqea-hodisalar bilan boyidi. Furayra o‘sgan oilaning Islom dinini yoyish sohasidagi xizmatlari o‘zi alohida kitoblarga mavzu bo‘lg‘usidir.

Sahobiyaning otasi Hazrati Molik ibn Sinon ibn Ubayd al-Ansoriy al-Xazrajiy al-Xudriy roziyallohu anhu  jannat bilan bashoratlangan buyuk sahobiylardan edilar. Suyukli Nabiyimiz sollallohu alayhi vasallam uning haqida: «Kim jannat ahlidan bo‘lgan kishini ko‘rmoqchi bo‘lsa, mana bunga qarasin», deb Molik ibn Sinonga ishora qilganlar. Uning tug‘ishgan akasi mujohidlar imomi, Madina muftiysi, Abu Said Xudriy kunyasi bilan mashhur bo‘lib ketgan Sa’d ibn Molik ibn Sinon roziyallohu anhu  edi. Abu Said Handaq g‘azoti qahramonlaridan, Rizvon bay’ati haqida eng bilimdonlardan, Payg‘ambar alayhissalomdan 1170 ta hadis rivoyat qilgan ulug‘ sahobiy, mujtahid faqihlardan edilar.

Furayhaning ona bir akasi esa mujohidlar amiri, ulug‘ sahobiy Qatoda ibn No‘‘mon al-Ansoriy al-Zafariy roziyallohu anhu  edi. Bu zot Badr g‘azotining eng ko‘zga ko‘ringan qahramonlaridan bo‘lgan, Uhud kuni jangda yangilik kiritgan, Payg‘ambar alayhissalom bilan birga barcha g‘azotlarda qatnashgan edi. U oz sonli kamonchilardan bo‘lib, Uhud jangida bir ko‘zi oqib tushdi. U shu holatda Rasululloh huzurlariga boradi. Payg‘ambarimiz muborak qo‘llari bilan ko‘zini joyiga qo‘yib, silab qo‘yadilar. Uning ko‘zi tuzalib, avvalgidan ham o‘tkir nazar bo‘lib qolgan.

Sahobiyaning ona bir opasiga kelsak, Ummu Sahl binti No‘‘mon al-Ansoriya az-Zafariya roziyallohu anho  hech ikkilanmay iymonga kelib, Hazrati Rasulullohga bay’at qilgan saodatmand ayollardan edi. Xullasi, hikoyamiz qahramoni Furayha binti Molik ana shunday ulug‘ va sharafli bir xonadonning farzandi bo‘lgan.

Molik ibn Sinon  Rasululloh sollallohu alayhi vasallam hali Madinaga hijrat qilmaslaridan turib oila a’zolariga u Zot haqlarida to‘lqinlanib so‘zlab berardi. Chunki u kishi haqlarida madinalik yahudiylardan eshitgan edi. Otasining gaplaridan oila a’zolari, xususan Furayha zehnida Alloh Elchisining muborak siymolari gavdalanar edi. Nabiy alayhissalom Madinaga yetib kelishlari bilan Molik u Zot bilan uchrashuvga oshiqdi. Barcha oila a’zolari, jumladan, qizi Furayha ham, unga hamrohlik qilishdi. Ayniqsa, Furayha Rasuli akram bilan uchrashuvni o‘ylab, hayajonga tushar, niyati u Zotga bay’at qilish edi.

Iymon bilan sharaflangan bu oila Rasululloh nazdlarida baland maqomga erishdi va u kishiga eng yaxshi safdosh bo‘ldi. Ular Alloh va Uning Rasuli roziligi yo‘lida qo‘llaridan kelganicha, qodir bo‘lishganicha ko‘p ishlarni qila olishdi. Bu muborak oiladan jasur jangchi, din fidoyisi, muhaddis, taqvoli obidlar yetishib chiqdi.

Chiroyli sabr

Molik ibn Sinon Badr jangida qatnasha olmagan edi. Chunki Badrda jang bo‘lmaydi, degan xayolga borgandi. Uhud kuni u Allohning roziligi yo‘lida oliy maqomga erishish uchun fursat kelganini tushundi. Mushriklarga qarshi jang oldidan bo‘lgan mashvaratda u oldinga chiqib bunday dedi: «Ey Allohning Rasuli, Allohga qasamki, biz hozir ikki yaxshilik o‘rtasidamiz. Biri – Alloh dushman ustidan biz istagan zafarni berib, uni bizlarga taslim qiladi. Bunda xuddi Badrdagidek bir jang bo‘lib, undan faqat qochoqlargina tirik qolishadi. Boshqasi esa – bizga chiroyli o‘lim ne’matini berib, jonimizni shu jangda  oladi. Bu ikkisidan qay biriga yo‘liqishimning menga ahamiyati yo‘q. Albatta, ularning ikkovida ham yaxshilik bordir».

Hazrati Molik o‘g‘li Abu Saidni ham boshlab olgan edi. Lekin Rasululloh sollallohu alayhi vasallam  yoshi kichikligi uchun bir necha yosh bolalar qatori unga ham urushda qatnashishga ijozat bermadilar. Abu Said bundan afsuslanib, ko‘zida jiqqa yosh bilan noiloj uyiga qaytdi. Buni ko‘rib turgan Furayha ukasining ko‘z yoshlarini artar ekan, unga tinmay tasalli berar, o‘zi esa jangga ketgan otasidan xabar kutar edi.

Molik ibn Sinon urush shiddatli tus olgan tahlikali damlarda Nabiy alayhissalom yonlarida mardlarcha jang qildi. U Zot yaralanganlarida muborak yuzlaridan qon oqayotganini  ko‘rib, uni tezda artib-tozalab olgan ham Molik edi. U niyatiga erishdi: ulug‘ muhorabada qahramonlarcha halok bo‘ldi. Alloh bilan qovushayotganida uning yuzida tabassum o‘ynar, holsiz qo‘llari buyuk muhabbat ila sevgani Rasuli akramning yuzlarini ohistagina silar edi.

Abu Said Payg‘ambar alayhissalomning Uhuddan qaytayotganlari xabarini eshitgach, u Zotga peshvoz chiqdi. Rasululloh yigitchaga qarab: «Sen Molikning o‘g‘li Saidmisan?» dedilar. U: «Ha, Allohning Rasuli», deb otda turgan Nabiyning tizzalaridan o‘pdi va: «Ota-onam sizga fido bo‘lsin!», dedi. Shunda Payg‘ambar alayhissalom: «Otang sababidan Alloh senga ajr bersin!», dedilar. Furayha esa jangda juda ko‘p musulmonlar, ular qatorida sevikli otalari ham halok bo‘lgani tufayli Allohning Rasuliga katta aziyat yetganidan qanchalik qayg‘urgan bo‘lsa, u Zotning salomat qaytganlaridan shunchalik sevindi, Allohga hamdlar aytdi. Ikki farzand otalarining o‘limi tufayli yetgan musibatga chiroyli sabr qilishdi…

Otalari oila a’zolariga hech narsa qoldirmay dunyoni tark etgan edi. Goho ular uyda hatto biror yegulik narsa ham topa olmay qolishardi. Eskirib-to‘zib ketgan kiyimlarini yangilashga ham imkonlari yo‘q edi. Ammo ular Allohning bu sinoviga ham sabr etishar, sadaqa so‘rashdan hayo qilishar, o‘zlarini behojat ko‘rsatishar edi. Shundan so‘ng Alloh ularni boy-badavlat qildi. Chiroyli sabrlari va Rasulullohga ixlos-sadoqatlari barakotidan boshqa ansorlarga qaraganda ham ko‘proq mol-davlatga ega bo‘lishdi.

«Nima deding?»

Furayha Sahl ibn Rofe’ ibn Bishr al-Xazrajiy degan kishiga turmushga chiqqan edi. U bilan bir muddat yashagach, eridan ajrab qoldi. Sahl qochib ketgan qullarini izlab yo‘lga chiqqanida qo‘lga tushib qolishdan qo‘rqqan qullar uni Madina yaqinida o‘ldirib ketishdi. Unga erining o‘limi haqida xabar kelganida u eriga Allohdan savob umid qilib sabr etdi. Yolg‘iz va yordamchisiz qolgan ayol uyiga, yaqinlari oldiga qaytishni o‘yladi. Ammo o‘z rejasidan ko‘nglida noxushlik sezib, bu haqda Rasulullohdan maslahat so‘rashni dilladi.

Imom Molik «Muvatto»larida bu voqeani Zaynab binti Ka’b ibn Ujradan sanad bilan bunday rivoyat qiladilar: «Furayha binti Molikning Zaynab binti Ka’bga so‘zlab berishicha, u Rasululloh huzurlariga kelib, eri qochib ketgan qullarini qidirib, ularga Qodim tarafda yetib olganida qullar erini o‘ldirishgani xabarini ma’lum qiladi. Furayha eri uysiz-joysiz, nafaqasiz qoldirib ketganini tufayli bani Xudradagi ota xonadoniga qaytsam bo‘ladimi, deb ijozat so‘raydi.

Payg‘ambar alayhissalom uning qaytishiga izn beradilar. Furayha aytadi: «Men ortimga qaytib, uyimga yetay deganimda Rasululloh chaqirayotganlari xabarini yetkazishdi. Huzurlariga borsam: «Boya nima deding?» deb so‘radilar. U kishiga erim bilan bog‘liq voqealarni gapirib berdim. Shunda u Zot: «To iddang tugamagunicha uyingda o‘tirgin», dedilar. Uyimda to‘rt oyu o‘n kun iddada o‘tirdim». Yana Furayha bunday degan: «Usmon ibn Affon xalifaligi davrida meni chaqirtirdi va bu haqda so‘radi. Unga Rasulullloh gaplarini yetkazdim. U bu xabarga ergashdi va u bilan hukm qildi».

Furayra Nabiy alayhissalomning amriga bo‘ysunib, erining uyida to‘rt oyu o‘n kun idda saqlab o‘tirdi. Iddasi tugagach, unga Sahl ibn Bishr degan kishi uylandi. U ansoriylarning bani Zafar qabilasidan edi. Furayra murg‘ak Islomning barcha bosqichlarida eriga tobe’ bo‘ldi, din izn bergan hamma ishlarda unga sherik bo‘ldi.

Jannat bashorati

Furayha binti Molik Rasulullohning majlislarida ishtirok etib, nubuvvat madrasasida tahsil olgan baxtiyor sahobiyalardan edi. Kuchli hofiza va sog‘lom tafakkur sohibasi bo‘lgan bu ayol Payg‘ambar alayhissalomdan 80 ta hadis rivoyat qilgan. Undan esa Zaynab binti Ka’b ibn Ujra rivoyat qilgan. Eri o‘lgan ayolning iddasi haqidagi yuqorida tilga olingan hadis ham ana shu ikki sahobiya rivoyati orqali bizgacha yetib kelgan. Furayha rivoyat qilgan hadislarni Misr, Iroq, Shom, Hijoz va Madina faqihlari qabul qilib, undan hukm chiqarishgan.

Furayha jannat bashorati ila sharaflangan sahobiyalar sirasiga kiradi. U hijratning oltinchi yilida Hudaybiyada, daraxt ostida Rasululloh sollallohu alayhi vasallamga bay’at qilgan bir guruh sahobiyalar safida bo‘lgan. Bu voqea mushriklar musulmonlarni Makkai mukarramaga kirishdan to‘sib qo‘ygan paytda sodir bo‘lgandi. Ana shu bay’atda ishtirok etganlarning barchasi ahli jannatdan hisoblanadi. Chunki Alloh taoloning bunday oyati karimasi bor: «(Ey Muhammad, alayhissalom), darhaqiqat Alloh mo‘minlardan ular daraxt ostida sizga bay’at qilayotgan vaqtlarida rozi bo‘ldi. U Zot ularning dillaridagi narsa (sadoqat va vafo)ni bilib, ularga sakinat – orom tushirdi…» (Fath, 18).

Nabiy alayhissalom Furayha va u bilan birga bay’atda hozir bo‘lgan sahobiyalarga jannat bashoratini berdilar. Ummu Mubashshir al-Ansoriyadan rivoyat qilinishicha, u kishi Rasulullohning Xafsa huzurida bunday deganlarini eshitgan: «Inshaalloh, daraxt ostida bay’at qilganlarning hech biri do‘zaxga kirmaydi».

Ahmad Xolid Juma’ning «Jannat ila bashoratlangan ayollar» kitobidan Yulduz Komil qizi tarjimasi | Siyrat.uz