Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарий

Рукн: Муҳаддислар Чоп этилган: 07.03.2016

Гарчи бундан минг йилдан аввалроқ яшаб ўтган бўлса-да, ҳамон ўз асарлари ва яхши фазилатлари билан қалбларни таъсирлантирувчи ҳамда ибрат бўлувчи олимлардан бири Табаристонлик буюк аллома Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарийдир.

У зот ҳозирги Эрон мамлакати ҳудудидаги Табаристон вилоятида ҳижрий 224 йилда таваллуд топган. Манбаларда айтилишича, у киши етти ёшидаёқ Қуръони каримни тўла ёд олган эди. Бу гап баъзиларимиз учун ғайритабиий туюлади, аслида Ислом дини маданияти гуллаб-яшнаган даврларда болаларнинг ҳофиз ул-Қуръон бўлишлари оддий ҳодиса эди. Айнан Қуръонни тўла ёд олган болалар келажакда миллат ва диннинг буюк олимларига айланишар эди. Муҳаммад ибн Жарир тўққиз ёшларидан бошлаб ўзи ёд олган ҳадисларни тўплам тарзида ёза бошлади. Ўн икки ёшида эса, отасининг ижозати билан илм олиш мақсадида сафарга жўнайди. Бу ҳижрий 236 йилга тўғри келади.

Бугунги кунда тўққиз ёшли боланинг ҳадис ёза бошлаши ва қалбида илмга бўлган муҳаббат жўш уриб, сафарга чиқиши янада ҳайратланарлидир. Аслини олганда ҳам шундай. Чунки, Муҳаммад ибн Жарир яшаган даврда бугунги шароит ва имкониятларнинг юздан бири ҳам мавжуд эмас эди. Сафарга чиққан одамларнинг ҳаёти ҳамиша хавф остида бўлган. От, эшак ёки туяда карвонга эргашиб бегона юртларга йўл олган ўн икки ёшли ўсмир учун фақатгина Аллоҳнинг ёрдами ўта қудратли таянч эди. Тўққиз – ўн икки ёш... Боланинг ўйин-кулгудан бўшамайдиган даври. Агар бу бола ўйин-кулгуни хаёлининг чеккасига ҳам келтирмаса-чи? У ёд олган ҳадисларини қўлига қалам олиб, тунлари шам ёқиб, санадлари билан ёза бошласа-чи? Кечаларни илм олиш орзуси билан бедор ўтказиб, кундузлари буюк олимларнинг суҳбатини соғиниб юрса-чи? Албатта, буларнинг барчаси Муҳаммадни келажакда буюк олим бўлиб улғайишига тайёрлайдиган ва шундан белги берадиган ҳолатлар эди.

Ўша пайтда илм маркази бўлган Бағдодга борган Муҳаммад ибн Жарир машҳур олим Аҳмад ибн Ханбал (р.а.) билан учрашиш орзусида бўлади, лекин Аҳмад ибн Ханбал (р.а.) вафот этган бўлиб, у киши билан учраша олмайди. Шундан сўнг унинг илм олиш йўлидаги сафарлари бошланиб кетди. Бу сафар Хуросон, Ироқ, Шом (ҳозирги Сурия, Ливан, Фаластин, Иордания) ва Миср бўйлаб давом этди.

Муҳаммад борган жойида илм аҳлининг назарига тез тушар, ўзининг доно фикрлари, босиқлиги ҳамда теран билими билан олимларнинг ҳурматига сазовор бўлар эди. Шунинг учун у ҳали йигит ёшида эканидаёқ имомлик учун ижозат олади ва “Тирик манба” деган унвон билан танила бошлайди.

Илм ўрганиб, муайян даражага эришган Муҳаммад ибн Жарир ўз юртига қайтди ва шу ерда то умрининг охиригача одамларга илм улашди. У ҳақда ўз даврида ва ундан кейин машҳур олимлар томонидан илиқ фикрлар айтилган, таржимаи ҳолига, одатларига доир муҳим маълумотлар ёзиб қолдирилган. Шулардан бири машҳур имом Абу Бакр ал-Хатибга тегишли бўлиб, у ўзининг “Тарихи Бағдод” китобида шундай ёзади: “Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир Табарий... шундай олим эдики, сўзлари ҳукм ўрнида қабул қилинарди, унинг раъйига мурожаат қилишарди. У ўз асрида ҳеч ким муваффақ бўлмаган даражада илм олди ва уларни ёзди. У Қуръони каримни тўла ёд олган, қироат турларининг барчасини чуқур ўзлаштирган, уларнинг маъноларини теран ўрганган олим эди. У ҳадис илмида ҳам беназир бўлиб, саҳобалар, тобеинларнинг ҳаётлари, ҳақида ҳам ҳаммадан яхшироқ билар эди”.

Имом Абу Ҳамид Аҳмад ибн Муҳаммад айтади: “Агар кимдир Ибн Жарирнинг тафсиридан илм олиш учун Хитойга борса, бу унинг учун кўп меҳнат эмас”.

Имом Абу Бакр ибн Ҳузайма айтади: “Ибн Жарирнинг тафсирини бошидан то охиригача ўқиб чиқдим. Билдимки, Ер юзида ундан олимроқ одам йўқ”.

Имом Табарий мана шундай юксак эътирофларга сабаб бўлган “Тафсир”ини етти йил давомида шогирдларига айтиб туриб ёздирган. Ал-Хатиб ал-Бағдодий шундай дейди: “Али ибн Убайдуллоҳ ас-Симсимийдан эшитдимки, ибн Жарир Табарий қирқ йил давомида ҳар куни қирқ варақдан китоб ёзган”.

Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарий ўзининг ёшликдан ҳадислар ёд олгани, Бағдодда Қуръон илмларини ва шеър илмини чуқур ўзлаштиргани ҳақида ёзиб қолдирган. У ўзи олган илмларни ёзишдан ва такрор қилишдан, бошқаларга тушунтириб беришдан эринмас эди. Илм талаби билан мусофирликда юрган чоғларида кўп қийинчилик ва машаққатларни бошдан кечирган. Ҳатто, очлик ва йўқчилик зўрлик қилган пайтларида, отаси юборган пул кечикканида кийиб юрган кўйлагининг енгини кесиб сотган ва шунинг пулига нон сотиб олиб еган. Чеккан машаққатлари сабабли у киши зеҳни кучли, фикрлашга салоҳиятли олим бўлиб етишди. Тарих, араб тили, мантиқ, алгебра, тиб илмларида ҳам чуқур маълумотга эга эди. Унинг ўта тақводор ва тавозеъли бўлгани манбаларда зикр этилган. Ибн Жарирнинг гўзал ахлоқи ҳақида “Адаб ан-нуфус ал-жаййида вал ахлоқ ан-нафиса” асарида шундай дейилади: “У ҳамиша банд бўларди. Одамлар уни умуман бўш ҳолатда топа олмас эдилар. У ўзи китоб тасниф қилишдан ташқари, талабаларга ҳам илм ўргатар, уларга турли маълумотларни ёздирар эди. Бундан ташқари ҳар кеча уйқуга ётиш олдидан Қуръоннинг тўртдан бир қисмини, балки ундан зиёдроғини ўқир эди. Мен ибн Жарирдан кўра Қуръонни чиройли, тажвид қоидаларига тўла амал қилиб ўқийдиган одамни кўрмадим”.

Абу Али ат-Тумарий бир воқеани ҳикоя қилишича, у Рамазон ойида устози Абу Бакр ибн Мужоҳиднинг йўлига фонус тутиб, таровеҳга келар эди. Бир куни устоз Муҳаммад ибн Жарирни масжидда Қуръондан “Ар-Роҳман” сурасини ўқиётганини эшитиб қолиб анча вақт тинглади ва қироат тугагандан сўнг ўз масжидига кеч қолиб борди, шогирдига кечиккани сабабини шундай изоҳлади: “Аллоҳ таоло Қуръонни бу қадар чиройли ва таъсирли ўқийдиган одамни яратиб қўйганидан ҳайратландим!”.

Шогирдларининг айтишича, Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарий аср намозига қадар ўзи китоб ёзган, кейин асрдан шомгача шогирдларига айтиб туриб ёздирган, шомдан хуфтонгача илм берган ва хуфтонни адо этиб уйига кирган. У зот вақтини жуда ҳам тартибли равишда илм олиш ва таълим беришга тақсимлаб, шунга қатъий амал қилган.

У зот ҳижрий 310 йил шаввол ойида 86 ёшида вафот этди.

Қуйида Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарийнинг бир неча муҳим китобларининг қисқа рўйхатини келтирамиз:

1. Тафсир ат-Табарий “Жамеъуал-баян ан таъвили ааил-Қуръан” (Қуръон оятлари мажмуавий изоҳларининг баёни) – Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг энг катта ва эътиборли тафсирларидан бири ҳисобланади.

2. Тарих ат-Табарий. “Тарих ал умам вал-мулук” (Халқлар ва малик (подшо)лар тарихи) бу асарда Одам алайҳиссаломдан ўзи яшаган асргача бўлган тарихни иснодлари билан келтиради, бу асар ҳам етти йилда ёзилган.

3. “Таҳзиб ал-асар тафсил ал-маъоний ас-сабит ан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) мин ал-ахбор” (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган тўғри хабарларни маъноларининг батафсил баёни) – бу китобнинг парчалари баъзи давлатларда, хусусан, уч қисми Туркияда, бир қисми Испанияда, бир бўлаги Оксфордда (Англия) сақланмоқда. Муаллиф бу китобни тугатолмай вафот этган. Имом Заҳабий бу китоб тўғрисида: “Агар тугатилганда, тахминан юз жилдни ташкил этарди” – деб ёзган. Имом ибн Касир эса: “Энг яхши китоблардан бири бўлиб, агар тугатилганда шу китобнинг ўзи кифоя қиларди”,– деган.

4. “Ихтилоф ал-фуқаҳо” (Фақиҳларда фиқҳ масалаларининг хилма-хиллиги) – уч минг саҳифадан иборат бўлиб, унда фиқҳ масалалари кенг баён қилинган.

5. “Ихтиёр мин ақвол ал-фуқаҳо” (Фақиҳларнинг сўзларидан (раъйларидан) танлаб олинганлари) – бу китоб “Ихтилоф ал-фуқаҳо” нинг давоми сифатида келтирилган.

6. “Адаб ан-нуфус ал-жаййида вал ахлоқ ан-нафиса” (Гўзал ахлоқ ва яхши нафснинг одоблари) – тўрт жилдан иборат бўлиб, муаллиф китобни тугатолмай вафот этган.

7. “Адаб ал-қузот” (Қозиларнинг одоби) – минг саҳифадан иборат бўлиб, қозилик қонун қоидалари ва қозилар одобига бағишланган.

8. “Адаб ал-маносик” (Ҳаж одоблари) – ҳаж қилиш тартиб-қоидалари ва одобларига бағишланган.

9. “Бастил-қовл фи аҳкам аш-шариъатил-ислом” (Ислом шариъати ҳукмлариниг қисқача баёни) – имом Заҳабий ал-Фарғонийдан нақл қилиб айтадики, бу китоб ўн беш минг/йигирма минг саҳифа ўртасидадир.

10. “Ат-тафсир фи маъолим ад-дин” (Дин белгиларининг шарҳи) – бу китоб ақида тўғрисида бўлиб, унда мўътазила мазҳаби нотўғри йўлда эканлиги исботлаб берилган.

Хулоса қилиб айтганда, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарий Ислом тарихида муҳим ўрин тутган олимлардан бири бўлиб, унинг илмий меросини ўрганиш бугунги кун учун, илм йўлидаги толиблар учун ҳам ўта аҳамиятлидир.

Хайрулла Турматов,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

Муслим.уз саҳифасидан олинди.

* * *

Garchi bundan ming yildan avvalroq yashab o‘tgan bo‘lsa-da, hamon o‘z asarlari va yaxshi fazilatlari bilan qalblarni ta’sirlantiruvchi hamda ibrat bo‘luvchi olimlardan biri Tabaristonlik buyuk alloma Abu Ja’far Muhammad ibn Jarir at-Tabariydir.

U zot hozirgi Eron mamlakati hududidagi Tabariston viloyatida hijriy 224 yilda tavallud topgan. Manbalarda aytilishicha, u kishi yetti yoshidayoq Qur’oni karimni to‘la yod olgan edi. Bu gap ba’zilarimiz uchun g‘ayritabiiy tuyuladi, aslida Islom dini madaniyati gullab-yashnagan davrlarda bolalarning hofiz ul-Qur’on bo‘lishlari oddiy hodisa edi. Aynan Qur’onni to‘la yod olgan bolalar kelajakda millat va dinning buyuk olimlariga aylanishar edi. Muhammad ibn Jarir to‘qqiz yoshlaridan boshlab o‘zi yod olgan hadislarni to‘plam tarzida yoza boshladi. O‘n ikki yoshida esa, otasining ijozati bilan ilm olish maqsadida safarga jo‘naydi. Bu hijriy 236 yilga to‘g‘ri keladi.

Bugungi kunda to‘qqiz yoshli bolaning hadis yoza boshlashi va qalbida ilmga bo‘lgan muhabbat jo‘sh urib, safarga chiqishi yanada hayratlanarlidir. Aslini olganda ham shunday. Chunki, Muhammad ibn Jarir yashagan davrda bugungi sharoit va imkoniyatlarning yuzdan biri ham mavjud emas edi. Safarga chiqqan odamlarning hayoti hamisha xavf ostida bo‘lgan. Ot, eshak yoki tuyada karvonga ergashib begona yurtlarga yo‘l olgan o‘n ikki yoshli o‘smir uchun faqatgina Allohning yordami o‘ta qudratli tayanch edi. To‘qqiz – o‘n ikki yosh... Bolaning o‘yin-kulgudan bo‘shamaydigan davri. Agar bu bola o‘yin-kulguni xayolining chekkasiga ham keltirmasa-chi? U yod olgan hadislarini qo‘liga qalam olib, tunlari sham yoqib, sanadlari bilan yoza boshlasa-chi? Kechalarni ilm olish orzusi bilan bedor o‘tkazib, kunduzlari buyuk olimlarning suhbatini sog‘inib yursa-chi? Albatta, bularning barchasi Muhammadni kelajakda buyuk olim bo‘lib ulg‘ayishiga tayyorlaydigan va shundan belgi beradigan holatlar edi.

O‘sha paytda ilm markazi bo‘lgan Bag‘dodga borgan Muhammad ibn Jarir mashhur olim Ahmad ibn Xanbal (r.a.) bilan uchrashish orzusida bo‘ladi, lekin Ahmad ibn Xanbal (r.a.) vafot etgan bo‘lib, u kishi bilan uchrasha olmaydi. Shundan so‘ng uning ilm olish yo‘lidagi safarlari boshlanib ketdi. Bu safar Xuroson, Iroq, Shom (hozirgi Suriya, Livan, Falastin, Iordaniya) va Misr bo‘ylab davom etdi.

Muhammad borgan joyida ilm ahlining nazariga tez tushar, o‘zining dono fikrlari, bosiqligi hamda teran bilimi bilan olimlarning hurmatiga sazovor bo‘lar edi. Shuning uchun u hali yigit yoshida ekanidayoq imomlik uchun ijozat oladi va “Tirik manba” degan unvon bilan tanila boshlaydi.

Ilm o‘rganib, muayyan darajaga erishgan Muhammad ibn Jarir o‘z yurtiga qaytdi va shu yerda to umrining oxirigacha odamlarga ilm ulashdi. U haqda o‘z davrida va undan keyin mashhur olimlar tomonidan iliq fikrlar aytilgan, tarjimai holiga, odatlariga doir muhim ma’lumotlar yozib qoldirilgan. Shulardan biri mashhur imom Abu Bakr al-Xatibga tegishli bo‘lib, u o‘zining “Tarixi Bag‘dod” kitobida shunday yozadi: “Abu Ja’far Muhammad ibn Jarir Tabariy... shunday olim ediki, so‘zlari hukm o‘rnida qabul qilinardi, uning ra’yiga murojaat qilishardi. U o‘z asrida hech kim muvaffaq bo‘lmagan darajada ilm oldi va ularni yozdi. U Qur’oni karimni to‘la yod olgan, qiroat turlarining barchasini chuqur o‘zlashtirgan, ularning ma’nolarini teran o‘rgangan olim edi. U hadis ilmida ham benazir bo‘lib, sahobalar, tobeinlarning hayotlari, haqida ham hammadan yaxshiroq bilar edi”.

Imom Abu Hamid Ahmad ibn Muhammad aytadi: “Agar kimdir Ibn Jarirning tafsiridan ilm olish uchun Xitoyga borsa, bu uning uchun ko‘p mehnat emas”.

Imom Abu Bakr ibn Huzayma aytadi: “Ibn Jarirning tafsirini boshidan to oxirigacha o‘qib chiqdim. Bildimki, Yer yuzida undan olimroq odam yo‘q”.

Imom Tabariy mana shunday yuksak e’tiroflarga sabab bo‘lgan “Tafsir”ini yetti yil davomida shogirdlariga aytib turib yozdirgan. Al-Xatib al-Bag‘dodiy shunday deydi: “Ali ibn Ubaydulloh as-Simsimiydan eshitdimki, ibn Jarir Tabariy qirq yil davomida har kuni qirq varaqdan kitob yozgan”.

Abu Ja’far Muhammad ibn Jarir at-Tabariy o‘zining yoshlikdan hadislar yod olgani, Bag‘dodda Qur’on ilmlarini va she’r ilmini chuqur o‘zlashtirgani haqida yozib qoldirgan. U o‘zi olgan ilmlarni yozishdan va takror qilishdan, boshqalarga tushuntirib berishdan erinmas edi. Ilm talabi bilan musofirlikda yurgan chog‘larida ko‘p qiyinchilik va mashaqqatlarni boshdan kechirgan. Hatto, ochlik va yo‘qchilik zo‘rlik qilgan paytlarida, otasi yuborgan pul kechikkanida kiyib yurgan ko‘ylagining yengini kesib sotgan va shuning puliga non sotib olib yegan. Chekkan mashaqqatlari sababli u kishi zehni kuchli, fikrlashga salohiyatli olim bo‘lib yetishdi. Tarix, arab tili, mantiq, algebra, tib ilmlarida ham chuqur ma’lumotga ega edi. Uning o‘ta taqvodor va tavoze’li bo‘lgani manbalarda zikr etilgan. Ibn Jarirning go‘zal axloqi haqida “Adab an-nufus al-jayyida val axloq an-nafisa” asarida shunday deyiladi: “U hamisha band bo‘lardi. Odamlar uni umuman bo‘sh holatda topa olmas edilar. U o‘zi kitob tasnif qilishdan tashqari, talabalarga ham ilm o‘rgatar, ularga turli ma’lumotlarni yozdirar edi. Bundan tashqari har kecha uyquga yotish oldidan Qur’onning to‘rtdan bir qismini, balki undan ziyodrog‘ini o‘qir edi. Men ibn Jarirdan ko‘ra Qur’onni chiroyli, tajvid qoidalariga to‘la amal qilib o‘qiydigan odamni ko‘rmadim”.

Abu Ali at-Tumariy bir voqeani hikoya qilishicha, u Ramazon oyida ustozi Abu Bakr ibn Mujohidning yo‘liga fonus tutib, tarovehga kelar edi. Bir kuni ustoz Muhammad ibn Jarirni masjidda Qur’ondan “Ar-Rohman” surasini o‘qiyotganini eshitib qolib ancha vaqt tingladi va qiroat tugagandan so‘ng o‘z masjidiga kech qolib bordi, shogirdiga kechikkani sababini shunday izohladi: “Alloh taolo Qur’onni bu qadar chiroyli va ta’sirli o‘qiydigan odamni yaratib qo‘yganidan hayratlandim!”.

Shogirdlarining aytishicha, Muhammad ibn Jarir at-Tabariy asr namoziga qadar o‘zi kitob yozgan, keyin asrdan shomgacha shogirdlariga aytib turib yozdirgan, shomdan xuftongacha ilm bergan va xuftonni ado etib uyiga kirgan. U zot vaqtini juda ham tartibli ravishda ilm olish va ta’lim berishga taqsimlab, shunga qat’iy amal qilgan.

U zot hijriy 310 yil shavvol oyida 86 yoshida vafot etdi.

Quyida Abu Ja’far Muhammad ibn Jarir at-Tabariyning bir necha muhim kitoblarining qisqa ro‘yxatini keltiramiz:

1. Tafsir at-Tabariy “Jame’ual-bayan an ta’vili aail-Qur’an” (Qur’on oyatlari majmuaviy izohlarining bayoni) – Ahli sunna val jamoa mazhabining eng katta va e’tiborli tafsirlaridan biri hisoblanadi.

2. Tarix at-Tabariy. “Tarix al umam val-muluk” (Xalqlar va malik (podsho)lar tarixi) bu asarda Odam alayhissalomdan o‘zi yashagan asrgacha bo‘lgan tarixni isnodlari bilan keltiradi, bu asar ham yetti yilda yozilgan.

3. “Tahzib al-asar tafsil al-ma’oniy as-sabit an Rasululloh (sollallohu alayhi vasallam) min al-axbor” (Rasululloh sollallohu alayhi vasallamdan kelgan to‘g‘ri xabarlarni ma’nolarining batafsil bayoni) – bu kitobning parchalari ba’zi davlatlarda, xususan, uch qismi Turkiyada, bir qismi Ispaniyada, bir bo‘lagi Oksfordda (Angliya) saqlanmoqda. Muallif bu kitobni tugatolmay vafot etgan. Imom Zahabiy bu kitob to‘g‘risida: “Agar tugatilganda, taxminan yuz jildni tashkil etardi” – deb yozgan. Imom ibn Kasir esa: “Eng yaxshi kitoblardan biri bo‘lib, agar tugatilganda shu kitobning o‘zi kifoya qilardi”,– degan.

4. “Ixtilof al-fuqaho” (Faqihlarda fiqh masalalarining xilma-xilligi) – uch ming sahifadan iborat bo‘lib, unda fiqh masalalari keng bayon qilingan.

5. “Ixtiyor min aqvol al-fuqaho” (Faqihlarning so‘zlaridan (ra’ylaridan) tanlab olinganlari) – bu kitob “Ixtilof al-fuqaho” ning davomi sifatida keltirilgan.

6. “Adab an-nufus al-jayyida val axloq an-nafisa” (Go‘zal axloq va yaxshi nafsning odoblari) – to‘rt jildan iborat bo‘lib, muallif kitobni tugatolmay vafot etgan.

7. “Adab al-quzot” (Qozilarning odobi) – ming sahifadan iborat bo‘lib, qozilik qonun qoidalari va qozilar odobiga bag‘ishlangan.

8. “Adab al-manosik” (Haj odoblari) – haj qilish tartib-qoidalari va odoblariga bag‘ishlangan.

9. “Bastil-qovl fi ahkam ash-shari’atil-islom” (Islom shari’ati hukmlarinig qisqacha bayoni) – imom Zahabiy al-Farg‘oniydan naql qilib aytadiki, bu kitob o‘n besh ming/yigirma ming sahifa o‘rtasidadir.

10. “At-tafsir fi ma’olim ad-din” (Din belgilarining sharhi) – bu kitob aqida to‘g‘risida bo‘lib, unda mo‘‘tazila mazhabi noto‘g‘ri yo‘lda ekanligi isbotlab berilgan.

Xulosa qilib aytganda, Abu Ja’far Muhammad ibn Jarir at-Tabariy Islom tarixida muhim o‘rin tutgan olimlardan biri bo‘lib, uning ilmiy merosini o‘rganish bugungi kun uchun, ilm yo‘lidagi toliblar uchun ham o‘ta ahamiyatlidir.

Xayrulla Turmatov,

Toshkent viloyati bosh imom-xatibi

Muslim.uz sahifasidan olindi.