Ҳазрати Усмон мусҳафи қаердан келтирилган?

Рукн: Тарих Чоп этилган: 11.12.2014

Ҳазрати Усмон ибн Аффон (розийаляоҳу анҳу) даврида кўчирилган Қуръони карим нусхаси (Мусҳафи Усмон)нинг юртимизга келиб қолиши ҳақида турли тахмин-фаразлар ва далиллар мавжуд. Атоқли олим шайх Исмоил Махдум Сотти Охунд Намангоний Тошкентдаги Усмон Мусҳафининг тарихи ” асарида Мусҳафнинг Мовароуннаҳрга келтирилиши хусусида бир неча мулоҳазаларини билдирганлар. Тарихчи олим Ҳамид Зиёевнинг эътиборингизга ҳавола этилаётган мақоласи бу мавзуга бир ойдинлик киритади, деган умиддамиз.

XIII асрда Волга бўйларида ташкил топган ва ривожланган қудратли Олтин Ўрда давлатининг мўғул ҳукмдорлари бирин-кетин Ислом динини қабул қилганлар. Улар вақт ўтиши билан турклашиб, динимизни ривожлантириб бордилар. Улардан биринчи бўлиб Беркахон (1257 — 1266) мусулмон бўлган эди. Ҳатто у Бухорода бўлиб, таниқли дин пешволари билан суҳбатлашган. Беркахон ҳукмдорлик қилган вақтдан бошлаб, динимиз равнақи айрим хорижий мамлакатлар диққатини жалб этди. Хусусан, Олтин Ўрда давлати ташкил топган минтақадан Мисрга бориб, ҳокимиятни қўлга олган қипчоқлар (мамлуклар) ўз она юртларида динимизнинг юксалишини зўр қизиқиш ва мамнуният билан қарши олдилар. Натижада Беркахон билан Миср подшоҳи Байбарс ўртасида элчилик ва дўстлик алоқалари шаклланди. Мамлуклар асл ватанларини қўмсаб, унинг равнақи учун имкони борича ёрдам бериш мақсадида Олтин Ўрда билан яқин алоқалар ўрнатишган. Байбарснинг элчи орқали Беркахонга юборган совғалари ҳам шундан далолат беради. Булар қуйидагилар эди: «Халифа Усмон (розийаллоҳу анҳу) кўрсатмасига кўра жамланган муқаддас Қуръон, ранг-баранг ёстиқлар, масжид гиламлари, Венеция матолари ва Ливан либослари, теридан ишланган илгичли ва хом теридан ишланган гиламлар, нақшли калжур қиличлари, олтин суви берилган гурзилар, франк дубулғалари, катта шамдонлар, Хоразм эгарлари, жойнамозлар, юганчалар — буларнинг ҳаммасига олтин ва кумушдан нақш чекилган, ҳалқали ёйлар, тош ёйлар, нефт солиб отиладиган ёйлар, қамиш ва ёғоч найзалар; сандиқларга солинган ёй ўқлари, қозонлар, олтин ва кумуш занжирли чироқлар, қоратанли малайлар ва оқсоч ошпазлар, учқур араб отлари ва Нубия туялари, тезюрар уй ҳайвонлари, маймунлар, тўтиқушлар ва бошқа турли буюмлар бор эди. Шунингдек, узунбўйин (жирафа), Миср эшаклари, Хитой кўзалари, Искандария кийимлари ҳам совғага қўшиб юборилган».

Кўриниб турибдики, Миср подшоҳи, қандай бўлмасин, Беркахонни ўзига жалб этиш учун ниҳоятда қимматли, нодир нарсаларни юборган. Ҳатто Қуръони каримнинг асл нусхасини ҳам аямаган. Мана, ўша вақтдан буён кўп асрлар ўтди, лекин унинг қаердалиги ҳақида ҳеч гап йўқ. Менинг фикримча, Амир Темур Тўхтамишни мағлубиятга учратиб, пойтахтни эгаллаганидан кейин, ўша Қуръонни қўлга киритиб, Самарқандга олиб келган. Бунга далолат шундан иборатки, Соҳибқирон Қуръони каримни Мисрдан ҳам, Туркиядан ҳам олмаган. Шу боисдан ҳам Қуръон бу ерларда (яъни, Миср ва Туркияда. — Таҳр.) ҳамон сақланмоқда.

Ҳозирда унинг олти нусхасидан бештаси мавжуд, биттаси эса Мадинада масжидга ўт тушганида куйган экан. Мусҳафлар сонига қараб ҳисобланса ҳам Амир Темур уни Олтин Ўрдадан олгани маълум бўлади. Зеро, унинг иккитаси Мадина ва Маккада, иккитаси Миср ва Туркияда. Бешинчиси бизнинг юртимизда сақланмоқда. Шубҳасиз, Ҳазрати Усмон Мусҳафи тарихини ўрганиш шу билан узил-кесил ҳал этилди, дейиш қийин. У ўз тадқиқотчиларини ҳамон кутмоқда. Аммо ҳозирдаёқ мавжуд маълумотлар бу Мусҳаф Олтин Ўрдадан олинганини кўрсатади. XX аср бошларидаги текширувга кўра, Мусҳафнинг умумий ҳажми 68x53 см. ҳисобланиб, 353 варақдан иборат бўлган. Бу варақларнинг ялтироқ ва сарғиш рангдаги юз томони яхши сақланиб, уларнинг орқа бети салгина ғижимланган, бир оз уринган каби кўринар эди.

Мусҳафнинг саҳифалари нам тортиши натижасида бирмунча шикастланган ва уларда қон доғлари бор эди. Унинг йиртиб олинган ёки қаттиқ шикастланган варақлари ўрнига 69 та терига ўхшаш қалин ва майин варақлар тикиб қўйилган. Бу варақлар пахтадан ишланган қоғозларга моҳирлик билан ишланиб, уларни Мусҳафнинг асл саҳифаларидан фарқлаш қийин эди.

«Туркестанские ведомости» газетасида (1870 йил) берилган маълумотларда қуйидагиларни ўқиймиз: «Самарқанд мусулмонлари Усмон Мусҳафини «Каломи шариф» дейишади. Бу Қуръон учун умумий номдир. Бироқ Самарқанддаги мусулмонлардан бирортаси кўфий хатида кўчирилган Қуръондан бир сатр ҳам ўқий олмадилар».

Русия Самарқандни босиб олганидан кейин, яъни, 1869 йили Зарафшон округи бошлиғи генерал-майор Абрамов Хожа Аҳрор Валий масжидида Қуръоннинг ноёб нусхаси сақланаётганини эшитиб, полковник Серовга катта илмий аҳамиятга молик Қуръонни қўлдан чиқармаслик чорасини кўришни буюрди. Маълум бўлишича, мазкур ноёб нусха уруш вақтида беркитилиб, сўнгра яна Хожа Аҳрор Валий масжидига қўйилган экан. Ўрис ҳарбий маъмуриятининг унга бўлган қизиқишидан хабар топган бир гуруҳ руҳонийлар Қуръонни Бухорога олиб кетишни мўлжаллайдилар. Бироқ Мусҳафни генерал Абрамов Хожа Аҳрор Валий масжиди имомларидан 125 сўмга сотиб олади. Шундан сўнг Мусҳаф Самарқанддан Тошкентга келтирилади. Бир гал генерал-губернатор уни Бухородан келган Яҳё исмли элчига кўрсатганида, у шундай дейди: «Қуръоннинг бу асл нусхаси халифа Усмоннинг ўз қўли билан кўчирилган ва саҳифаларида унинг қонидан доғлар бор. Бу Мусҳаф асл нусха бўлиб, кейинги даврларда ундан олинган кўчирмалар бутун мусулмон оламига тарқатилган. У Амир Темур кутубхонасида сақланган қадимий китобдир. У Соҳибқирон томонидан олиб келинган ва кутубхонанинг энг қимматбаҳо зийнати ҳисобланган».

1869 йили Ҳазрати Усмон Мусҳафи Тошкентдан Петербургга олиб кетилиб, аввал халқ маорифи вазирлигига, сўнгра Санкт Петербургдаги Салтиков-Шедрин кутубхонасига берилади. 1873 йили Қашқардан Петербургга элчи бўлиб келган Тарғахўжа уни кўриб, бундай дейди: «Мен бу Қуръонни Самарқандда кўрганман. У халифа Усмон томонидан кўчиртирилган асл нусхадир. У ниҳоятда қимматлидир. Унинг саҳифасидаги доғлар Ҳазрати Усмоннинг қонидир».

Гувоҳларнинг кўрсатишича, Қашқар элчиси катта мамнуният ва эътиқод билан Қуръони каримни кўзига сурган ва ўпган. 1910 йили «Туркистон курйери» газетасида босилган хабарга кўра, Петербург мусулмонлари машҳур Усмон Мусҳафи шу ерда қурилаётган масжид ихтиёрига берилишини ҳукуматдан илтимос қилишади. Бироқ бу илтимос инобатга олинмаган».

Ҳазрати Усмон Мусҳафини юртимизда сақлаб, ўз кўзимиз билан кўриб, ҳаёт кечиришимиз биз учун катта бахтдир. Бу Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродаси ва марҳаматидир.

Мусҳафни диёримизга олиб келиб, ҳурматини жойига қўйган Амир Темур бобомизни, динимиз равнақи учун хизмат қилган барча азизларни Аллоҳ раҳмат қилсин.

Ҳамид Зиёев
«Ҳидоят» журналининг 2005 йил 5-сонидан олинди.


* * *

Hazrati Usmon ibn Affon (roziyalyaohu anhu) davrida ko‘chirilgan Qur’oni karim nusxasi (Mushafi Usmon)ning yurtimizga kelib qolishi haqida turli taxmin-farazlar va dalillar mavjud. Atoqli olim shayx Ismoil Maxdum Sotti Oxund Namangoniy Toshkentdagi Usmon Mushafining tarixi ” asarida Mushafning Movarounnahrga keltirilishi xususida bir necha mulohazalarini bildirganlar. Tarixchi olim Hamid Ziyoevning e’tiboringizga havola etilayotgan maqolasi bu mavzuga bir oydinlik kiritadi, degan umiddamiz.

XIII asrda Volga bo‘ylarida tashkil topgan va rivojlangan qudratli Oltin O‘rda davlatining mo‘g‘ul hukmdorlari birin-ketin Islom dinini qabul qilganlar. Ular vaqt o‘tishi bilan turklashib, dinimizni rivojlantirib bordilar. Ulardan birinchi bo‘lib Berkaxon (1257 — 1266) musulmon bo‘lgan edi. Hatto u Buxoroda bo‘lib, taniqli din peshvolari bilan suhbatlashgan. Berkaxon hukmdorlik qilgan vaqtdan boshlab, dinimiz ravnaqi ayrim xorijiy mamlakatlar diqqatini jalb etdi. Xususan, Oltin O‘rda davlati tashkil topgan mintaqadan Misrga borib, hokimiyatni qo‘lga olgan qipchoqlar (mamluklar) o‘z ona yurtlarida dinimizning yuksalishini zo‘r qiziqish va mamnuniyat bilan qarshi oldilar. Natijada Berkaxon bilan Misr podshohi Baybars o‘rtasida elchilik va do‘stlik aloqalari shakllandi. Mamluklar asl vatanlarini qo‘msab, uning ravnaqi uchun imkoni boricha yordam berish maqsadida Oltin O‘rda bilan yaqin aloqalar o‘rnatishgan. Baybarsning elchi orqali Berkaxonga yuborgan sovg‘alari ham shundan dalolat beradi. Bular quyidagilar edi: «Xalifa Usmon (roziyallohu anhu) ko‘rsatmasiga ko‘ra jamlangan muqaddas Qur’on, rang-barang yostiqlar, masjid gilamlari, Venetsiya matolari va Livan liboslari, teridan ishlangan ilgichli va xom teridan ishlangan gilamlar, naqshli kaljur qilichlari, oltin suvi berilgan gurzilar, frank dubulg‘alari, katta shamdonlar, Xorazm egarlari, joynamozlar, yuganchalar — bularning hammasiga oltin va kumushdan naqsh chekilgan, halqali yoylar, tosh yoylar, neft solib otiladigan yoylar, qamish va yog‘och nayzalar; sandiqlarga solingan yoy o‘qlari, qozonlar, oltin va kumush zanjirli chiroqlar, qoratanli malaylar va oqsoch oshpazlar, uchqur arab otlari va Nubiya tuyalari, tezyurar uy hayvonlari, maymunlar, to‘tiqushlar va boshqa turli buyumlar bor edi. Shuningdek, uzunbo‘yin (jirafa), Misr eshaklari, Xitoy ko‘zalari, Iskandariya kiyimlari ham sovg‘aga qo‘shib yuborilgan».

Ko‘rinib turibdiki, Misr podshohi, qanday bo‘lmasin, Berkaxonni o‘ziga jalb etish uchun nihoyatda qimmatli, nodir narsalarni yuborgan. Hatto Qur’oni karimning asl nusxasini ham ayamagan. Mana, o‘sha vaqtdan buyon ko‘p asrlar o‘tdi, lekin uning qaerdaligi haqida hech gap yo‘q. Mening fikrimcha, Amir Temur To‘xtamishni mag‘lubiyatga uchratib, poytaxtni egallaganidan keyin, o‘sha Qur’onni qo‘lga kiritib, Samarqandga olib kelgan. Bunga dalolat shundan iboratki, Sohibqiron Qur’oni karimni Misrdan ham, Turkiyadan ham olmagan. Shu boisdan ham Qur’on bu yerlarda (ya’ni, Misr va Turkiyada. — Tahr.) hamon saqlanmoqda.

Hozirda uning olti nusxasidan beshtasi mavjud, bittasi esa Madinada masjidga o‘t tushganida kuygan ekan. Mushaflar soniga qarab hisoblansa ham Amir Temur uni Oltin O‘rdadan olgani ma’lum bo‘ladi. Zero, uning ikkitasi Madina va Makkada, ikkitasi Misr va Turkiyada. Beshinchisi bizning yurtimizda saqlanmoqda. Shubhasiz, Hazrati Usmon Mushafi tarixini o‘rganish shu bilan uzil-kesil hal etildi, deyish qiyin. U o‘z tadqiqotchilarini hamon kutmoqda. Ammo hozirdayoq mavjud ma’lumotlar bu Mushaf Oltin O‘rdadan olinganini ko‘rsatadi. XX asr boshlaridagi tekshiruvga ko‘ra, Mushafning umumiy hajmi 68x53 sm. hisoblanib, 353 varaqdan iborat bo‘lgan. Bu varaqlarning yaltiroq va sarg‘ish rangdagi yuz tomoni yaxshi saqlanib, ularning orqa beti salgina g‘ijimlangan, bir oz uringan kabi ko‘rinar edi.

Mushafning sahifalari nam tortishi natijasida birmuncha shikastlangan va ularda qon dog‘lari bor edi. Uning yirtib olingan yoki qattiq shikastlangan varaqlari o‘rniga 69 ta teriga o‘xshash qalin va mayin varaqlar tikib qo‘yilgan. Bu varaqlar paxtadan ishlangan qog‘ozlarga mohirlik bilan ishlanib, ularni Mushafning asl sahifalaridan farqlash qiyin edi.

«Turkestanskie vedomosti» gazetasida (1870 yil) berilgan ma’lumotlarda quyidagilarni o‘qiymiz: «Samarqand musulmonlari Usmon Mushafini «Kalomi sharif» deyishadi. Bu Qur’on uchun umumiy nomdir. Biroq Samarqanddagi musulmonlardan birortasi ko‘fiy xatida ko‘chirilgan Qur’ondan bir satr ham o‘qiy olmadilar».

Rusiya Samarqandni bosib olganidan keyin, ya’ni, 1869 yili Zarafshon okrugi boshlig‘i general-mayor Abramov Xoja Ahror Valiy masjidida Qur’onning noyob nusxasi saqlanayotganini eshitib, polkovnik Serovga katta ilmiy ahamiyatga molik Qur’onni qo‘ldan chiqarmaslik chorasini ko‘rishni buyurdi. Ma’lum bo‘lishicha, mazkur noyob nusxa urush vaqtida berkitilib, so‘ngra yana Xoja Ahror Valiy masjidiga qo‘yilgan ekan. O‘ris harbiy ma’muriyatining unga bo‘lgan qiziqishidan xabar topgan bir guruh ruhoniylar Qur’onni Buxoroga olib ketishni mo‘ljallaydilar. Biroq Mushafni general Abramov Xoja Ahror Valiy masjidi imomlaridan 125 so‘mga sotib oladi. Shundan so‘ng Mushaf Samarqanddan Toshkentga keltiriladi. Bir gal general-gubernator uni Buxorodan kelgan Yahyo ismli elchiga ko‘rsatganida, u shunday deydi: «Qur’onning bu asl nusxasi xalifa Usmonning o‘z qo‘li bilan ko‘chirilgan va sahifalarida uning qonidan dog‘lar bor. Bu Mushaf asl nusxa bo‘lib, keyingi davrlarda undan olingan ko‘chirmalar butun musulmon olamiga tarqatilgan. U Amir Temur kutubxonasida saqlangan qadimiy kitobdir. U Sohibqiron tomonidan olib kelingan va kutubxonaning eng qimmatbaho ziynati hisoblangan».

1869 yili Hazrati Usmon Mushafi Toshkentdan Peterburgga olib ketilib, avval xalq maorifi vazirligiga, so‘ngra Sankt Peterburgdagi Saltikov-Shedrin kutubxonasiga beriladi. 1873 yili Qashqardan Peterburgga elchi bo‘lib kelgan Targ‘axo‘ja uni ko‘rib, bunday deydi: «Men bu Qur’onni Samarqandda ko‘rganman. U xalifa Usmon tomonidan ko‘chirtirilgan asl nusxadir. U nihoyatda qimmatlidir. Uning sahifasidagi dog‘lar Hazrati Usmonning qonidir».

Guvohlarning ko‘rsatishicha, Qashqar elchisi katta mamnuniyat va e’tiqod bilan Qur’oni karimni ko‘ziga surgan va o‘pgan. 1910 yili «Turkiston kuryeri» gazetasida bosilgan xabarga ko‘ra, Peterburg musulmonlari mashhur Usmon Mushafi shu yerda qurilayotgan masjid ixtiyoriga berilishini hukumatdan iltimos qilishadi. Biroq bu iltimos inobatga olinmagan».

Hazrati Usmon Mushafini yurtimizda saqlab, o‘z ko‘zimiz bilan ko‘rib, hayot kechirishimiz biz uchun katta baxtdir. Bu Alloh taoloning xohish-irodasi va marhamatidir.

Mushafni diyorimizga olib kelib, hurmatini joyiga qo‘ygan Amir Temur bobomizni, dinimiz ravnaqi uchun xizmat qilgan barcha azizlarni Alloh rahmat qilsin.

Hamid Ziyoyev
«Hidoyat» jurnalining 2005 yil 5-sonidan olindi.