Тоҳир Малик. Маърифий суҳбатлар

Рукн: Суҳбатлар Чоп этилган: 11.06.2015

Кўп мухлисларда биронбир асарни ўқигандан сўнг ёзувчи билан суҳбатлашиш истаги тyғилaдu. Асарни ўқиш жараёнида туғилган саволларига жавоб олишни истайди. Адибнинг таржимаи ҳоли, оиласи, туриштурмуши, айрим масалаларга бўлган муносабати билан қизиқади. Табиийки, ёзувчи барча мухлислари билан учраша олмайди. Юзмаюз бўлиб суҳбат қуриш имкониятига ҳам эга эмас. Китобхон ўзини қизиқтирган саволларига ёзувчининг турли муносабатлар билан ёзган мақолалари орқали жавоб олиши мумкин.
Тоҳир Маликнинг «Танланган асарлар»и нашр этила бошлангач, нашриёт китоб муҳибларидан кўп мактуб олди. Еттинчи жилдни тайёрлашда мухлисларнинг истаклари инобатга олинди. Бадиий асарни ўқиганда ёзувчининг ички дунёси билан танишиш қийин. Тоҳир Маликнинг кимлиги, ҳаётда қандай одам экани, нималардан ранжиб, нималардан қувонишини билмоқ учун унинг суҳбатлари ва мақолаларини ҳам ўқиш керак, деган фикрда турли йилларда ёзилган публицистик асарлардан айримлари саралаб олинди.

— Сиз туғилган оила ва унинг муҳити қандай эди?

— Мен 1946 йилнинг 27 декабрида, тизза қадар қалинликда қор ёққан аёзли куни туғилган эканман. Санадан аёнки, урушдан кейинги машаққатларга бой, аммо қорин оч маҳалда туғилиш қисматимиз экан. Камина оиладаги бешинчи, кенжа фарзанд эдим. Дадам раҳматли — Абдумалик Ҳобил ўғли, асли марғилонлик аям раҳматли — Санобар Исменлхужа қизи, асли андижонлик эдилар. Бизнинг оила Тошкентга мусофир, мен туғилганимда ҳам ўзимизга тегишли уй йўқ эди. Икки акам ва икки опам, таъбир жоиз. бўлса, ижара уйларда туғилишган. Мен тоғамнинг уйларида яшаётганимизда туғилган эканман Шунданмикин, менда ёзувчиликка ҳавас бўлган. Тоғам — атоқли адиб, Мирзакалон Исменлий уруш йиллари Сталинграддан то Берлингача борганлар. Урушдан кейин Берлинда ўзбек тилида чиқадиган газетада ишлаб, оилаларини ҳам кўчириб кетганлар. Ўшанда уйсиз сингилларининг оиласи, яьни бизга тоғамнинг уйларида вақтинча яшашга тўғри келган экан. Менинг ижара уйда туғилмаганимга сабаб шу. Дадам раҳматли ҳарбий хизматчи эдилар. Дастлабги ўзбек зобитларидан бўлганлар. Аям раҳматлини тоғам Тошкентга олиб келиб, ўқитганлар. Аям бир қанча вақт муаллималик қилганлар. Кейинчалик акаопаларим туғулишгач, ишлай олмаганлар. Лекин тирикчилик қийин бўлгани сабабли, новвойлик қилганлар, дўппи тикканлар. Қоронғи кечаларда ҳам қора чироқ ёруғида дўппи тикиб ўтирганлари эсимда. Айниқса тоғамни «халқ душмани» деган туҳмат билан қамашгандан Кейин йиғлаб ўтирганларини унута олмайман. Мен кенжа бўлганим учун ҳам доимо аям билан бирга эдим. Кечқурун ҳам бирга ётардим. Тунда пиқиллаб йиғлаган овоздан уйғониб кетардим. Қора чироқ липиллаб турибди. Тиззаларида дўппи. Қўлларида игна. Кўзларида ёш... У пайтда нима учун йиғлаганларини идрок қила олмас эдим. Буни кейинрок. тушундим. Кейинчалик биз Кўкчадаги 40мактабнинг синф хонасида яшай бошладик. Дадам шу мактабда ҳарбийдан дарс берардилар, шу боис бўш синф хонасида яшашга ижозат этиланди. Эллик тўртинчи йил эди шекилли, кечаси тоғамнинг катта ўғиллари раҳматли Фаррух акамнинг овозларидан уйғониб кетдим. «Амма, суюнчи беринг, адам келдилар!» Аям ўша кечаси ҳам йигладилар, аммо бу йиғи аввалгисидан фарқ қиларди. У пайтлар такси, йўловчи машина деган гап йўқ, тунда трамвай, троллейбуслар ҳам тўхтаган. Шундай бўлсада, акани соғинган сингил ярим кечада Кўкчадан Дархон томонга пиёда кетдилар. Тонг отиб, трамвай юришини кутишга сабрлари чидамади.
1949 йилда ҳозир яшаётганимиз маҳалладан дадам учун ҳам ер ажратиб берилди. Фақат маошга яшовчи камбағал оиланинг иморат қуриши осон эканми? Акаларим, опаларим ғишт, гувала қуйишиб, пахса учун лой тэпишиб, қариндош уста ва танишлар кўмагида бир уй, бир дахлизни аранг тиклаб олиб, 1955 йилнинг ёзида кўчиб келдик. Дадам билан аям 1932 йилда турмуш қуришган бўлишса, 23 йил мобайнида қандай қилиб уйсиз яшашга чидаганларига ўзим ҳам ажабланаман. Ахир орада қанча азобли кунлар, йиллар ўтди.
Очарчилик, уруш йиллари... Дадам урушда эканларида қандай яшашди экан, тасаввур қила олмайман.
Моддий томондан қийин эди. Аммо оиламиз аҳил, ношукурлик қилмасди. Борига қаноат қиларди. Бирбиримизнинг кийимларимизни кийиб катта бўлганмиз. Айниқса мен. Университетнинг иккинчи курсида ўқиётганимда ҳам акамнинг катта, оғир пальтоларини кийиб юрардим. Хеч кимга оғир, машаққатли хаёт насиб этмасин, аммо қийинчилик кишини ҳар томонлама «пишитар» экан. Яқинда бир танишим «Шу кунларда сиз ҳам қийналаётгандирсиз?» деб сўраб қолди. «Йўқ дедим, ҳозирги қийинчиликлар менга унча қаттик, таъсир этаётгани йўқ. Чунки мен доимо қийинчиликлар орасида яшадим, бундан беш баттар кунларни хам кўрдим».

— Исмингизни ким қўйган?

— Халқимизнинг одатига кўра, эгизаклардан кейин туғилган фарзандга «Тоҳир» деб исм беришади. Лекин менга исм қўйилиш тарихи сал ўзгачароқ. Исмимни дадам раҳматли билан у кишининг яқин қариндошлари Ўлмасжон ака қўйган эканлар. Ўлмасжон аканинг катта қизлари Малоҳат Исоқова санъаткор эдилар, Андижон вилоят театрида узоқ, вақт ишладилар, Ўзбекистон халқ артисти унвонига эгалар. Мукаррама Турғунбоева билан дугона бўлишган экан. Ўлмасжон аканинг мендан сал кичикроқ. ўғиллари Тўлаган Исоқов 60 —70йилларнинг машҳур футболчиларидан бири эди. Хуллас, икки биродарнинг хонадонида икки фарзанд дунёга келади. Бири мен, иккинчиси Ўлмасжон аканинг қизлари. Ўша пайтда «Тоҳир ва Зуҳра» фильми жуда машҳур экан. Шундан илҳомланибми, «фарзандларимиз келажакда ТоҳирЗуҳра бўлиб юришсин», деб каминага Тоҳир, қизга Зуҳра деб исм беришибди. Аммо қисмат экан, Зуҳра чақалоклигида вафот этибди. Исмимнинг тарихи шундан иборат.

— Отангиз, у кишининг ҳарактери ҳақида нима дея оласиз? Онангиз хакидачи?

Дадам раҳматли ғоят мўмин ва ҳалол одам эдилар. Кам гапирардилар. Биз болаларни деярли уришмасдилар. Батартиб ва озода юрардилар. Ҳозиргача маҳалладаги кексалар дадамни мақтаб эслайдилар. Дадам ҳарбийдан истеъфога чиққанларидан сўнг ўттиз йилга яқин мактабда ишладилар. Ҳозир кўпинча тушимда дадамни худди шу лавозимда ишлаб юрганларини кўраман. Ётган қабристонлари ҳам ўша мактабнинг шундай ёнгинасида. Такдирнинг ёзуғи шу экан... 1958 йилда акам қурилиш факультетидаги ўқишни тугатар маҳалларида қаерда ишлашлари оилада муҳокама қилинарди. Дадам акамнинг қурилишда ишлашларига қатъий қарши эдилар. «Қурилишда ўғирлик кўп, ишламасин», дердилар. Акам аспирантурада қоладиган бўлганларидан сўнг дадам анча тинчидилар. Дадам намозхон бўлмасалар ҳам, мусулмонга хос фазилатларга эга эдилар.
Раҳматли аямда ҳам дадамдаги яхши фазилатлар бор эди. Ҳалоллик, меҳнаткашлик, меҳрибонлик каби фазилатлар уларни бир-бирларига боғлаб турарди. Шунинг учундир барча машаққатларни биргаликда енгиб ўтишган. 55 йилдан ортиқ бирга яшашди. Аямда дадамдан фаркди ўлароқ бир одат бор эди: дадам ноҳақликни кўриб ҳам индамай кетаверсалар, аям жим тура олмас эдилар. Ноҳақликни ўша кишининг юзига айтардилар. Бир йили қўшни ҳовлини бир бадавлат одам сотиб олиб, жойини янада кенгайтириш мақсадида ҳовлимизнинг ярмига ҳам харидор бўлибди. Дадамдан сўраса «майли» деб қўя қолибдилар. Агар бунга аям аралашмаганларида ҳозирги ҳовлимиз туйнук ҳолига келиб қолган бўларди.

— Сизнинг тарбиянгизда болаликда кимнинг ҳиссаси кўп бўлган, деб ҳисоблайсиз?

— Бешала фарзанднинг тарбияси аямнинг зиммаларида эди. Чунки дадам эрталабдан кечгача ишда бўлардилар. Якшанбада ёки таътилда дам олиш деган нарсани билмасдилар. Мен оилада кенжа бўлганим учунми шўхроқ эдим. Шунинг учун акаларим, опаларимдан кўп дакки эшитардим. Сал улғайиб уларга гап бермай қўя бошлаганимда аям тоғамга шикоят қиладиган бўлганлар. Бирон ҳикоя ёзиб тоғамга кўрсатгани олмб борганимда ҳикояиинг муҳокамасидан сўнг «тарбиявий соат» бошланарди. Менинг тарбиямда катта акамнинг ҳиссалари ҳам кўп. Китобга ихлосим борлигини билиб, китоблар олиб келиб берардилар. Адабиёт тўгарагига ҳам акам олиб борганлар. Кичиклигимдан бери то ҳозиргача ёзганларимнинг биринчи ўқувчиси ва танқидчиси акам бўладилар. Мисол учун, бир куни мактабда илм олишнинг фойдаси ва усули ҳақида гапира туриб, ҳовлида кичик чуқурча қазидиларда, бир челак сувни олиб қуйдирдилар. Сув тўлиб-тошиб кетди. Кейин айтдиларки: «илм ҳам шундай, бирданига олиб бўлмайди. Агар оз-оздан қуйилса, бу кичкина чуқурчага юз челак сув кетади. Шунинг учун ҳар куни дарс тайёрлаш керак».

— Болаларнинг ҳар бирининг оилада, уйрўзғор иш ларида ўз юмушлари бўлганми?

— Албатта. Иш ёшга қараб тақсимланган. Ҳовлидаги ишлардан ташқари акам ва опаларим аямга дўппи тикишда ёрдамлашишарди. Кейинчалик бу ишга мен ҳам жалб қилиндим. Аввал елимлардим, кучга тўлгач, кўмир чўғи билан қиздириладиган оғир чўян дазмолда дазмоллайдиган бўлдим. Якшанбада бозорга бирга борардим. Милиция дўппи сотишга йўл қўймагани учун мен бир четда дўппиларни ушлаб турардим, аям битта-битта олиб тушиб сотардилар. Ҳамма дўппилар сотилган куни уйимизда байрам бўларди. Қозонга ҳам баракали масаллиқ тушарди.

— Болалигингизда қандай ўйинлар ўйнагансиз?

— Тўп ўйнаш орзуимиз эди. Резина тўп ҳам барчада бўлавермасди. Қишда коньки учишни орзу қилардик. Ҳар йили келгуси қишда коньки олиб беришга ваъда қилишарди. Велосипедни орзу қилардик. Ваъда бажарилмаслигини билсак ҳам ишонардик. Болалар билан ўйнайдиганимиз чиллак, соққа қувлаш, ланка, варрак учириш эди. Соққа ўйнаш мақсадида ёнғоқ тозалаб қўлларимизни қизартирганимиз учун ўқитувчилардан дакки эшитардик. Варрак учириш, ланка ўйнаш ҳам мумкин эмасди. Кечқурунлари беркинмачоқ ўйнардик. Электр чироғи бўлмагани учун ҳам ўйинимиз жуда қизиқарли ўтарди.

— Ўйин бор экан, болалар уришиб ҳам туришади. Тенгдошларингиз билан уришиб қолган кезларингизда отангиз сизга нима деган? Онангизчи?

— Ажабки, болалигимда ҳам, кейин ҳам уришмаганман. Жиддий сўкишганим ҳам эсимда йўқ. Шунинг учун дадамни таниганлар мени «отангизга ўхшайсиз» дейишади.

— Сизнинг тарбиянгизда кимнииг ўрни кўпроқ бўлган ота-онангиз ёки бобо-бувингизникими?

— Афсуски, биз бобо-бувиларимизни кўрмаганмиз. Аммо бизнинг фарзандларимизни, Худога шукр асосан бобо-бувилари, яъни дадам ва аям тарбия қилишди, дея оламан. Тўғри, биз ҳам қараб турмаганмиз, лекин асосий яхши фазилатларга дадам билан аям ўргатишган. Болалар қайсарлик қилишса «болангга айт, ундай қилмасин, бундай қилсин», деб биз орқали таъсир этишарди.

— Улар болаларини, набираларини суйишда, алқашда қандай сўз, ибораларни ишлатишар эди? Ёдингиздами? Уришганда, танбеҳ беришгандачи?


— Акаларим, опаларимни қандай эркалашларини билмайман. Чунки, мен туғилганда улар улғайиб қолишган эди. Мени «Тойчоқ» деб эркалашарди. Сал катта бўлганимдан сўнг «чоқ» тушиб қолиб, «той» деб атайверишди. Бу деярли исмга айланиб қолаёзди. Ҳозиргача кичик опам шундай атайдилар, ҳатто маҳаллада бирга катта бўлган ўртоқларим ҳам шундай деб чақириб қолишади. Дадам раҳматли мўмин ўсаётган набираларини «Мўмин мирзо» деб эркалатардилар. Йиғлоқиларга эса «Тошпўлат тажанг» деб қўярдилар. Дадам раҳматли фарзандларни сира сўкмаганлар, ҳақорат сўзларини эшитмаганмиз. Аям раҳматли ҳам сира қарғамас эдилар. Ҳозир нима деб уришганларини эслашга уринсам ҳам ёдимга келмаяпти. Демак, кам уришган эканлар. Эҳтимол «аҳмоқ» дегандирлар. Баъзи оналарга ўхшаб: «Балогинага учра!», «Қўлинг синсин!», «Башаранг қурсин!» деган лаънатлар онамизнинг тилларидан сира учмаган.

— Болалар номаъқул иш қилиб кўйганда улар қандай жазо чораларини кўллар эдилар?

— Дадам раҳматли жазоламас эдилар. Аямдан шапалоқ еганим эсимда. Ўзим ғоят шўх эдим. Кичиклигимда бир-икки бурчакка турғизиб қўйишгани ёдимда. Бунга ўхшаш жазо чораси акаларим ва опаларим иштирокида бўларди. Шўх бўлганим учун ҳам қочиб қолардим. Аям ёлғиз ўзлари қувиб етолмасдилар. Тутиб беришда иштирок этган акам ёки опамдан аразлаб юрардим.

— Сизнингча бола тарбиясига ким устароқ? Бобо бувиларми ёки отаоналар?

Тарбияга албатта бобо-бувилар устароқ бўлишади. Чунки ёш жиҳатдан улуғроқ бўлганлари учун ҳам ҳаёт тажрибалари бойроқ бўлади. Баъзилар 20 ёшдаёқ ота ёки она бўлади. Уларнинг ўзлари ҳали тарбияга муҳтож бўлишади. Шунинг учун ҳам бобо ва бувилар билан бирга ўсган бола билан ота-она билан ўсган бола тарбиясида фарқ сезилади. Аммо бобо ва буви билан кўпроқ бирга бўлиш баъзи ҳолатларда салбий натижа ҳам бериши мумкин. Чунки бобо ва бувилар набирани ота-онасига нисбатан кўпроқ эркалатиб юборишади. Бу масалада яна бир муҳим, эътиборга молик жиҳати бор. Айтайлик, ўтган асрнинг ўрталаридаги бобо-бувилар билан бугунги бобо-бувилар орасида фарқ ҳам бор. Аввалги бобо-бувиларда қадриятларимиз анча сакданиб қолган эди. Ҳозиргиларда ўтмишдан ўтиб келаётган яхши одатлар кам сақланиб қолган. Ҳозиргилар аросатда: европаликлар орқасидан юриб Европа тарбиясини ўзлаштиргани йўқ, ўзимизникидан эса бебаҳра. Албатта Европадан ўрганадиган жиҳатлар ҳам мавжуд. Аммо тарбияни бир муаззам иморатга қиёс этсак, мустаҳкам пойдевор, иморат деворлари, томи ўзимиздан бўлиши керак, фақат айрим жиҳозларни улардан олиш мумкин.

— Ҳозирги ота-оналарнинг бола тарбиялашида сизга нималар маъқул, нималар номаъқул?


— Фарзандини илмга даъват этувчи ота-онага «баракалла!» дейман. Ҳозирги отаоналарнинг сабрсизлиги, бетоқатлиги мени афсуслантиради. Болани кўп жазолайдилар. Сал нарсага урадилар, жеркийдилар. Ёки ёлғон ваъдалар бериб, алдаб овутмоқчи бўладилар. Бу усул вақтинча қўл келиши мумкин. Аммо кейинчалик боланинг феъл-атвори шаклланишида салбий таъсир кўрсатиши шубҳасиздир.

— Ҳозир миллатимизга қандай ўғил-қизлар керак, деб ҳисоблайсиз?


— Илмлилар керак. Фидойилар керак. Бу ҳар иккала фазилат қуруқ гап билан қарор топмайди. Шу йўлда тарбияни кучайтириш шарт. Илмли қилиш дегани пул эвазига ўқишга киритиш деган гап эмас. Ёшлар истиқлол нима эканини ҳали тушуниб етишгани йўқ. Байроқнинг муқаддаслигини ҳали ҳис эта олишгани йўқ. Ватанга муҳаббат туйғуси ҳали шаклланганича йўқ. Ҳозирча гап бор, амалда эса бўшлиқ мавжуд. Ана шу бўшлиқни тўлдириш осон иш эмас. Бу тез ҳал қилинадиган масала ҳам эмас. Ҳозирги ёшлирнииг телевизорда гапираётганини кўрсак қувонамиз. Чиройли гапиришади. Ишлари ҳам шундай бўлса эди.

— Ёш келин-куёвларга бола тарбиясига оид қандай маслаҳатларингиз бор?

— Ёшлар ҳали фарзанд кўрмасларидан олдин ўзларининг тарбияларига эътибор қилишлари шарт. Бола туғилгунича ўзаро ҳурматни, озодаликни касб қилиб олишлари керак. Бирбирларига бақирмасликни, гап қайтармасликни, бировларни ғийбат қилмасликни ўрганиб олишлари керак. Агар ўрганмасалар, фарзандлари қайсар бўлса, гап қайтарса, бақирса, буюрилган ишни бажармаса айбни ўзларидан қидирсинлар.

— Сиз ижод оламида дастлаб фантаст-ёзувчи сифатида танилган эдингиз. Сиз яна кимларни фантаст ёзувчи деб ҳисоблайсиз?


— Худога шукрки, бизда фантаст-ёзувчилар анчагина. Шукр қилганимнинг боиси кўп халқлар адабиётида фантастика тарзини учратмаймиз. Ҳолбуки, дунёда фантастика ривожи билан ўша халқ илм-фани ривожини тенг қўядилар. Масалан, Америкада фантас¬тика ривожланган, айни чокда илм-фани ҳам юқори даражада. Ўзбекистонда қадимда ҳам, ҳозир ҳам илм-фан ривожи таҳсинга лойиқ. Дунё таниган олимларимиз кўп. Ўзбекистонда фантастика ўтган асрнинг иккинчи ярмида тараққий эта бошлади. Раҳматли устозларимиздан бири Ғани Жаҳонгиров ҳали биз хат танимаган пайтларимизда фантастика тарзидаги асарларини эълон қилганлар. Бу соҳада марҳум дўстим Ҳожиакбар Шайхов юқори чўққиларни эгаллади. Ке¬йин Қудрат Дўстмуҳаммад, Ҳасан-Ҳусан Турсуновлар, Рустам Обидов, Турсунбой Саматов, сингилларимиз Соҳиба Абдуллаева, Мавлуда Иброҳимовалар ҳам бу соҳа ривожига катта ҳисса қўшдилар. Айтиш жоизки, жаҳон фантастикасида ижод қилувчилар орасида аёллар жуда кам. Биз бу соҳада ҳам илғормиз.

— Ўз ҳаётингизда ҳам росмана ғаройиб ҳодиса рўй берганми?


Йўқ. Ғаройиб ҳодиса каминага насиб этмаган. Аммо фантастикага оид асарлардаги кўп воқеалар ҳайотдан олинган. Масалан, Мирзо Улуғбек замонидан ҳикоя қилувчи «Фалак» қиссасини яратишга Қўқон атрофидаги қабристонлардан бирининг бузилиши сабаб бўлган. Автобусда ўтиб кета туриб экскаватор чангалидаги суякларни кўриб, ўйга толган эдим: «Ўша суякларнинг эгалари кимлар бўлган экан? Эҳтимол улуғлардан бўлишгандир?» деган фикр китобни ёзишга туртки бўлган эди. «Фалак»даги воқеа Булоқбоши қишлоғида бўлиб ўтади. Китоб чиққанидан кейин менга маълум бўлдики, айнан ўша қишлокда ҳам қабристон бузилиб, ўрнига ресторан қурилган экан.

— Бугунги ҳаётингиз, оилангиз ҳақида ҳам билсак?

— Ҳозирги ҳаётим кўпчилик қатори, бошқалардан фарқли томони йўқ бўлса керак. Кўпга келган тўй, бошқалар қандай бўлса, биз ҳам шуда. Иш жойим: Милиция академиясида ўзбек тилидан дарс бераман. Аҳли аёлим мактабда муаллималар. Икки қизимнинг касби ҳам муаллималик. Ўғлим Техника университе тида ўқийди. Оиламизда адабиётга алоқадор одам фақат ўзимман. Куёвларимнинг бири сиёсатшунос, яна бири тижорат аҳлидан. Келиним боғча тарбиячиси.

— Иккиюзламачилик нима, кўрқоқликми, ҳасадми ёки хиёнат?

— Мен кўпдан бери одобнома йўналишида бир китоб тартиб бериш учун тайёрланаман. Шу мақсадда олтмишдан ортиқ дафтар тутганман. Яъни ҳар бир фазилат ёки иллат таърифи алоҳида-алоҳида дафтарга баён этилган. Инсон боласига хос агар юз (ёки ундан ортиқ) фазилат бўлса, унинг муқобилида шунча иллат ҳам мавжуд. Фазилатлар бир-бирлари билан занжир ҳалқалари сингари боғланганлар. Иллатлар ҳам айнан шундай. Фазилатлар ҳалқаси узилган ерда иллат бош кўтаради. Фазилатлар алоҳида яшай олмагани каби иллатлар ҳам бир-бирлари билан жуда «аҳил» яшайдилар. Шунга кўра иккиюзламачи (буни мунофиқлик ҳам дейиш мумкин) одамда ҳасадни ҳам, хиёнатни ҳам, қўрқоқликни ҳам учратсак ажабланмаймиз.

— Айрим тушунчаси. пастрок, одамлар оғзидан масхараомуз макол ёки иборани эшитиб коламиз. Масалан: «Ўғри қариса сўфи бўлар...» га ўхшаш. Шуларга муносабатингиз?


— Ўзингиз тўғри таъкидладингиз: бу саёз тушунча оқибати. Тўғри, мақол ва ибораларни биз донишмандлик белгиси сифатида қабул қиламиз. Мақолларнинг ижодкори халқ. Халқ орасида эса донишмандликдан йироқроқ одамлар хам бўлади, Улар бир масала хусусида қофияли гаи айтиб юборсалар, кимларгадир гўзал туюлиб такрорлаб юришлари мумкин. Тўпловчи олимлар эса уларни саралаб ўтирмай, турли тўпламларга киритадилар. Демоқчиманки, мақоллар орасида ҳам ҳаёт ҳақиқатига зид, донишмандликнинг акси бўлган гаплар учраб туради. Сиз айтган мақолни диний жиҳатдан таҳлил қилсак, киши аввалги гуноҳларига тавба қилса, Оллоҳ унинг гуноҳини кечиради. Бошқаларнинг аввалги гуноҳларни эслатиб маломат қилиши эса дуруст ҳисобланмайди. Ким маломат қилса, яъни «кечагина ўғри эди, бугун намозхон бўлибдими?» дегандай гап қилса, ўша одамнинг аввалги гуноҳлари маломат қилганга ёзиларкан. Бу томонидан ҳам эҳтиёт бўлиш керак экан. Оллоҳ «тавба қилинглар, кечираман» деб турсаю, биз кечаги гуноҳларини юзига солиб турсак, қандай бўларкин?
Агар мазкурни мақол сифатида қабул қилсак, рамзий маъносини излаб кўришимиз керак бўлади. Яъни: «Агар ўғри чин дилдан тавба қилса, тавбалари қабул бўлиб, гуноҳлари кечирилиб, сўфийлик мақомига ҳам етишиши мумкин. Агар бузуқ аёл астойдил йиғлаб, тавбалар қилса, унинг-да тавбалари қабул бўлиб, гуноҳлари кечирилиб, эл ардоғидаги отинойи мартабасига кўтарилиши мумкин. Ҳамма гап гуноҳларини англаб етмоқлик ва тўхташда». Аммо, афсус шуки, биз мақолни рамзий маънода эмас, асл бузуқ ҳаттоки ҳақорат маъносида ишлатамиз ва билиб-билмай муҳтарам сўфийларимизни, отинойиларимизни ҳам ҳақорат қилиб қўямиз. Шуниси ёмон.

— Сизнингча 21 асрда 20 ёшга кирган ўғил-қизларда қандай сифатлар кўп учраяпти? Ижобийми ёки салбийми?

— Бу ўша ёшга кимнинг назари билан боқишга боғлиқ. Агар кекса одамнинг кўзи билан қарасак салбий ҳолатни кўпроқ кўрамиз. Ҳар бир ёш авлод замонга мос равишда бўлади. Агар у ёмон бўлса, демак, биз — катталар ёмонмиз. Чунки уларни биз тарбия қилганмиз. Энди холис кузатиб, баҳо берсак, салбий кўринишлар кўпроқ. Ёшлар орасида маънавий бузилиш кучайган, худбинлик, осон йўл билан дабдабали яшашга интилиш кучайган. Бунинг салбий оқибатларини яқин йилларда кўрамиз.

— Ўзбекистоннинг буюк келажагини қандай сифатли ўғил-қизлар қура олади?

— Виждонли, инсофли ва илмли фарзандлар қура олади. Бошқача бўлиши мумкин эмас.

Тоҳир Маликнинг «Танланган асарлар»и, 7-жилдидан олинди

* * *

Ko‘p muxlislarda bironbir asarni o‘qigandan so‘ng yozuvchi bilan suhbatlashish istagi tyg‘iladu. Asarni o‘qish jarayonida tug‘ilgan savollariga javob olishni istaydi. Adibning tarjimai holi, oilasi, turishturmushi, ayrim masalalarga bo‘lgan munosabati bilan qiziqadi. Tabiiyki, yozuvchi barcha muxlislari bilan uchrasha olmaydi. Yuzmayuz bo‘lib suhbat qurish imkoniyatiga ham ega emas. Kitobxon o‘zini qiziqtirgan savollariga yozuvchining turli munosabatlar bilan yozgan maqolalari orqali javob olishi mumkin.
Tohir Malikning «Tanlangan asarlar»i nashr etila boshlangach, nashriyot kitob muhiblaridan ko‘p maktub oldi. Yettinchi jildni tayyorlashda muxlislarning istaklari inobatga olindi. Badiiy asarni o‘qiganda yozuvchining ichki dunyosi bilan tanishish qiyin. Tohir Malikning kimligi, hayotda qanday odam ekani, nimalardan ranjib, nimalardan quvonishini bilmoq uchun uning suhbatlari va maqolalarini ham o‘qish kerak, degan fikrda turli yillarda yozilgan publitsistik asarlardan ayrimlari saralab olindi.

— Siz tug‘ilgan oila va uning muhiti qanday edi?

— Men 1946 yilning 27 dekabrida, tizza qadar qalinlikda qor yoqqan ayozli kuni tug‘ilgan ekanman. Sanadan ayonki, urushdan keyingi mashaqqatlarga boy, ammo qorin och mahalda tug‘ilish qismatimiz ekan. Kamina oiladagi beshinchi, kenja farzand edim. Dadam rahmatli — Abdumalik Hobil o‘g‘li, asli marg‘ilonlik ayam rahmatli — Sanobar Ismenlxuja qizi, asli andijonlik edilar. Bizning oila Toshkentga musofir, men tug‘ilganimda ham o‘zimizga tegishli uy yo‘q edi. Ikki akam va ikki opam, ta’bir joiz. bo‘lsa, ijara uylarda tug‘ilishgan. Men tog‘amning uylarida yashayotganimizda tug‘ilgan ekanman Shundanmikin, menda yozuvchilikka havas bo‘lgan. Tog‘am — atoqli adib, Mirzakalon Ismenliy urush yillari Stalingraddan to Berlingacha borganlar. Urushdan keyin Berlinda o‘zbek tilida chiqadigan gazetada ishlab, oilalarini ham ko‘chirib ketganlar. O‘shanda uysiz singillarining oilasi, yani bizga tog‘amning uylarida vaqtincha yashashga to‘g‘ri kelgan ekan. Mening ijara uyda tug‘ilmaganimga sabab shu. Dadam rahmatli harbiy xizmatchi edilar. Dastlabgi o‘zbek zobitlaridan bo‘lganlar. Ayam rahmatlini tog‘am Toshkentga olib kelib, o‘qitganlar. Ayam bir qancha vaqt muallimalik qilganlar. Keyinchalik akaopalarim tug‘ulishgach, ishlay olmaganlar. Lekin tirikchilik qiyin bo‘lgani sababli, novvoylik qilganlar, do‘ppi tikkanlar. Qorong‘i kechalarda ham qora chiroq yorug‘ida do‘ppi tikib o‘tirganlari esimda. Ayniqsa tog‘amni «xalq dushmani» degan tuhmat bilan qamashgandan Keyin yig‘lab o‘tirganlarini unuta olmayman. Men kenja bo‘lganim uchun ham doimo ayam bilan birga edim. Kechqurun ham birga yotardim. Tunda piqillab yig‘lagan ovozdan uyg‘onib ketardim. Qora chiroq lipillab turibdi. Tizzalarida do‘ppi. Qo‘llarida igna. Ko‘zlarida yosh... U paytda nima uchun yig‘laganlarini idrok qila olmas edim. Buni keyinrok. tushundim. Keyinchalik biz Ko‘kchadagi 40maktabning sinf xonasida yashay boshladik. Dadam shu maktabda harbiydan dars berardilar, shu bois bo‘sh sinf xonasida yashashga ijozat etilandi. Ellik to‘rtinchi yil edi shekilli, kechasi tog‘amning katta o‘g‘illari rahmatli Farrux akamning ovozlaridan uyg‘onib ketdim. «Amma, suyunchi bering, adam keldilar!» Ayam o‘sha kechasi ham yigladilar, ammo bu yig‘i avvalgisidan farq qilardi. U paytlar taksi, yo‘lovchi mashina degan gap yo‘q, tunda tramvay, trolleybuslar ham to‘xtagan. Shunday bo‘lsada, akani sog‘ingan singil yarim kechada Ko‘kchadan Darxon tomonga piyoda ketdilar. Tong otib, tramvay yurishini kutishga sabrlari chidamadi.
1949 yilda hozir yashayotganimiz mahalladan dadam uchun ham yer ajratib berildi. Faqat maoshga yashovchi kambag‘al oilaning imorat qurishi oson ekanmi? Akalarim, opalarim g‘isht, guvala quyishib, paxsa uchun loy tepishib, qarindosh usta va tanishlar ko‘magida bir uy, bir daxlizni arang tiklab olib, 1955 yilning yozida ko‘chib keldik. Dadam bilan ayam 1932 yilda turmush qurishgan bo‘lishsa, 23 yil mobaynida qanday qilib uysiz yashashga chidaganlariga o‘zim ham ajablanaman. Axir orada qancha azobli kunlar, yillar o‘tdi.
Ocharchilik, urush yillari... Dadam urushda ekanlarida qanday yashashdi ekan, tasavvur qila olmayman.
Moddiy tomondan qiyin edi. Ammo oilamiz ahil, noshukurlik qilmasdi. Boriga qanoat qilardi. Birbirimizning kiyimlarimizni kiyib katta bo‘lganmiz. Ayniqsa men. Universitetning ikkinchi kursida o‘qiyotganimda ham akamning katta, og‘ir paltolarini kiyib yurardim. Xech kimga og‘ir, mashaqqatli xayot nasib etmasin, ammo qiyinchilik kishini har tomonlama «pishitar» ekan. Yaqinda bir tanishim «Shu kunlarda siz ham qiynalayotgandirsiz?» deb so‘rab qoldi. «Yo‘q dedim, hozirgi qiyinchiliklar menga uncha qattik, ta’sir etayotgani yo‘q. Chunki men doimo qiyinchiliklar orasida yashadim, bundan besh battar kunlarni xam ko‘rdim».

— Ismingizni kim qo‘ygan?

— Xalqimizning odatiga ko‘ra, egizaklardan keyin tug‘ilgan farzandga «Tohir» deb ism berishadi. Lekin menga ism qo‘yilish tarixi sal o‘zgacharoq. Ismimni dadam rahmatli bilan u kishining yaqin qarindoshlari O‘lmasjon aka qo‘ygan ekanlar. O‘lmasjon akaning katta qizlari Malohat Isoqova san’atkor edilar, Andijon viloyat teatrida uzoq, vaqt ishladilar, O‘zbekiston xalq artisti unvoniga egalar. Mukarrama Turg‘unboeva bilan dugona bo‘lishgan ekan. O‘lmasjon akaning mendan sal kichikroq. o‘g‘illari To‘lagan Isoqov 60 —70yillarning mashhur futbolchilaridan biri edi. Xullas, ikki birodarning xonadonida ikki farzand dunyoga keladi. Biri men, ikkinchisi O‘lmasjon akaning qizlari. O‘sha paytda «Tohir va Zuhra» filmi juda mashhur ekan. Shundan ilhomlanibmi, «farzandlarimiz kelajakda TohirZuhra bo‘lib yurishsin», deb kaminaga Tohir, qizga Zuhra deb ism berishibdi. Ammo qismat ekan, Zuhra chaqalokligida vafot etibdi. Ismimning tarixi shundan iborat.

— Otangiz, u kishining harakteri haqida nima deya olasiz? Onangiz xakidachi?

Dadam rahmatli g‘oyat mo‘min va halol odam edilar. Kam gapirardilar. Biz bolalarni deyarli urishmasdilar. Batartib va ozoda yurardilar. Hozirgacha mahalladagi keksalar dadamni maqtab eslaydilar. Dadam harbiydan iste’foga chiqqanlaridan so‘ng o‘ttiz yilga yaqin maktabda ishladilar. Hozir ko‘pincha tushimda dadamni xuddi shu lavozimda ishlab yurganlarini ko‘raman. Yotgan qabristonlari ham o‘sha maktabning shunday yonginasida. Takdirning yozug‘i shu ekan... 1958 yilda akam qurilish fakultetidagi o‘qishni tugatar mahallarida qaerda ishlashlari oilada muhokama qilinardi. Dadam akamning qurilishda ishlashlariga qat’iy qarshi edilar. «Qurilishda o‘g‘irlik ko‘p, ishlamasin», derdilar. Akam aspiranturada qoladigan bo‘lganlaridan so‘ng dadam ancha tinchidilar. Dadam namozxon bo‘lmasalar ham, musulmonga xos fazilatlarga ega edilar.
Rahmatli ayamda ham dadamdagi yaxshi fazilatlar bor edi. Halollik, mehnatkashlik, mehribonlik kabi fazilatlar ularni bir-birlariga bog‘lab turardi. Shuning uchundir barcha mashaqqatlarni birgalikda yengib o‘tishgan. 55 yildan ortiq birga yashashdi. Ayamda dadamdan farkdi o‘laroq bir odat bor edi: dadam nohaqlikni ko‘rib ham indamay ketaversalar, ayam jim tura olmas edilar. Nohaqlikni o‘sha kishining yuziga aytardilar. Bir yili qo‘shni hovlini bir badavlat odam sotib olib, joyini yanada kengaytirish maqsadida hovlimizning yarmiga ham xaridor bo‘libdi. Dadamdan so‘rasa «mayli» deb qo‘ya qolibdilar. Agar bunga ayam aralashmaganlarida hozirgi hovlimiz tuynuk holiga kelib qolgan bo‘lardi.

— Sizning tarbiyangizda bolalikda kimning hissasi ko‘p bo‘lgan, deb hisoblaysiz?

— Beshala farzandning tarbiyasi ayamning zimmalarida edi. Chunki dadam ertalabdan kechgacha ishda bo‘lardilar. Yakshanbada yoki ta’tilda dam olish degan narsani bilmasdilar. Men oilada kenja bo‘lganim uchunmi sho‘xroq edim. Shuning uchun akalarim, opalarimdan ko‘p dakki eshitardim. Sal ulg‘ayib ularga gap bermay qo‘ya boshlaganimda ayam tog‘amga shikoyat qiladigan bo‘lganlar. Biron hikoya yozib tog‘amga ko‘rsatgani olmb borganimda hikoyaiing muhokamasidan so‘ng «tarbiyaviy soat» boshlanardi. Mening tarbiyamda katta akamning hissalari ham ko‘p. Kitobga ixlosim borligini bilib, kitoblar olib kelib berardilar. Adabiyot to‘garagiga ham akam olib borganlar. Kichikligimdan beri to hozirgacha yozganlarimning birinchi o‘quvchisi va tanqidchisi akam bo‘ladilar. Misol uchun, bir kuni maktabda ilm olishning foydasi va usuli haqida gapira turib, hovlida kichik chuqurcha qazidilarda, bir chelak suvni olib quydirdilar. Suv to‘lib-toshib ketdi. Keyin aytdilarki: «ilm ham shunday, birdaniga olib bo‘lmaydi. Agar oz-ozdan quyilsa, bu kichkina chuqurchaga yuz chelak suv ketadi. Shuning uchun har kuni dars tayyorlash kerak».

— Bolalarning har birining oilada, uyro‘zg‘or ish larida o‘z yumushlari bo‘lganmi?

— Albatta. Ish yoshga qarab taqsimlangan. Hovlidagi ishlardan tashqari akam va opalarim ayamga do‘ppi tikishda yordamlashishardi. Keyinchalik bu ishga men ham jalb qilindim. Avval yelimlardim, kuchga to‘lgach, ko‘mir cho‘g‘i bilan qizdiriladigan og‘ir cho‘yan dazmolda dazmollaydigan bo‘ldim. Yakshanbada bozorga birga borardim. Militsiya do‘ppi sotishga yo‘l qo‘ymagani uchun men bir chetda do‘ppilarni ushlab turardim, ayam bitta-bitta olib tushib sotardilar. Hamma do‘ppilar sotilgan kuni uyimizda bayram bo‘lardi. Qozonga ham barakali masalliq tushardi.

— Bolaligingizda qanday o‘yinlar o‘ynagansiz?

— To‘p o‘ynash orzuimiz edi. Rezina to‘p ham barchada bo‘lavermasdi. Qishda konki uchishni orzu qilardik. Har yili kelgusi qishda konki olib berishga va’da qilishardi. Velosipedni orzu qilardik. Va’da bajarilmasligini bilsak ham ishonardik. Bolalar bilan o‘ynaydiganimiz chillak, soqqa quvlash, lanka, varrak uchirish edi. Soqqa o‘ynash maqsadida yong‘oq tozalab qo‘llarimizni qizartirganimiz uchun o‘qituvchilardan dakki eshitardik. Varrak uchirish, lanka o‘ynash ham mumkin emasdi. Kechqurunlari berkinmachoq o‘ynardik. Elektr chirog‘i bo‘lmagani uchun ham o‘yinimiz juda qiziqarli o‘tardi.

— O‘yin bor ekan, bolalar urishib ham turishadi. Tengdoshlaringiz bilan urishib qolgan kezlaringizda otangiz sizga nima degan? Onangizchi?

— Ajabki, bolaligimda ham, keyin ham urishmaganman. Jiddiy so‘kishganim ham esimda yo‘q. Shuning uchun dadamni taniganlar meni «otangizga o‘xshaysiz» deyishadi.

— Sizning tarbiyangizda kimniig o‘rni ko‘proq bo‘lgan ota-onangiz yoki bobo-buvingiznikimi?

— Afsuski, biz bobo-buvilarimizni ko‘rmaganmiz. Ammo bizning farzandlarimizni, Xudoga shukr asosan bobo-buvilari, ya’ni dadam va ayam tarbiya qilishdi, deya olaman. To‘g‘ri, biz ham qarab turmaganmiz, lekin asosiy yaxshi fazilatlarga dadam bilan ayam o‘rgatishgan. Bolalar qaysarlik qilishsa «bolangga ayt, unday qilmasin, bunday qilsin», deb biz orqali ta’sir etishardi.

— Ular bolalarini, nabiralarini suyishda, alqashda qanday so‘z, iboralarni ishlatishar edi? Yodingizdami? Urishganda, tanbeh berishgandachi?


— Akalarim, opalarimni qanday erkalashlarini bilmayman. Chunki, men tug‘ilganda ular ulg‘ayib qolishgan edi. Meni «Toychoq» deb erkalashardi. Sal katta bo‘lganimdan so‘ng «choq» tushib qolib, «toy» deb atayverishdi. Bu deyarli ismga aylanib qolayozdi. Hozirgacha kichik opam shunday ataydilar, hatto mahallada birga katta bo‘lgan o‘rtoqlarim ham shunday deb chaqirib qolishadi. Dadam rahmatli mo‘min o‘sayotgan nabiralarini «Mo‘min mirzo» deb erkalatardilar. Yig‘loqilarga esa «Toshpo‘lat tajang» deb qo‘yardilar. Dadam rahmatli farzandlarni sira so‘kmaganlar, haqorat so‘zlarini eshitmaganmiz. Ayam rahmatli ham sira qarg‘amas edilar. Hozir nima deb urishganlarini eslashga urinsam ham yodimga kelmayapti. Demak, kam urishgan ekanlar. Ehtimol «ahmoq» degandirlar. Ba’zi onalarga o‘xshab: «Baloginaga uchra!», «Qo‘ling sinsin!», «Basharang qursin!» degan la’natlar onamizning tillaridan sira uchmagan.

— Bolalar noma’qul ish qilib ko‘yganda ular qanday jazo choralarini ko‘llar edilar?

— Dadam rahmatli jazolamas edilar. Ayamdan shapaloq yeganim esimda. O‘zim g‘oyat sho‘x edim. Kichikligimda bir-ikki burchakka turg‘izib qo‘yishgani yodimda. Bunga o‘xshash jazo chorasi akalarim va opalarim ishtirokida bo‘lardi. Sho‘x bo‘lganim uchun ham qochib qolardim. Ayam yolg‘iz o‘zlari quvib yetolmasdilar. Tutib berishda ishtirok etgan akam yoki opamdan arazlab yurardim.

— Sizningcha bola tarbiyasiga kim ustaroq? Bobo buvilarmi yoki otaonalar?

Tarbiyaga albatta bobo-buvilar ustaroq bo‘lishadi. Chunki yosh jihatdan ulug‘roq bo‘lganlari uchun ham hayot tajribalari boyroq bo‘ladi. Ba’zilar 20 yoshdayoq ota yoki ona bo‘ladi. Ularning o‘zlari hali tarbiyaga muhtoj bo‘lishadi. Shuning uchun ham bobo va buvilar bilan birga o‘sgan bola bilan ota-ona bilan o‘sgan bola tarbiyasida farq seziladi. Ammo bobo va buvi bilan ko‘proq birga bo‘lish ba’zi holatlarda salbiy natija ham berishi mumkin. Chunki bobo va buvilar nabirani ota-onasiga nisbatan ko‘proq erkalatib yuborishadi. Bu masalada yana bir muhim, e’tiborga molik jihati bor. Aytaylik, o‘tgan asrning o‘rtalaridagi bobo-buvilar bilan bugungi bobo-buvilar orasida farq ham bor. Avvalgi bobo-buvilarda qadriyatlarimiz ancha sakdanib qolgan edi. Hozirgilarda o‘tmishdan o‘tib kelayotgan yaxshi odatlar kam saqlanib qolgan. Hozirgilar arosatda: yevropaliklar orqasidan yurib Yevropa tarbiyasini o‘zlashtirgani yo‘q, o‘zimiznikidan esa bebahra. Albatta Yevropadan o‘rganadigan jihatlar ham mavjud. Ammo tarbiyani bir muazzam imoratga qiyos etsak, mustahkam poydevor, imorat devorlari, tomi o‘zimizdan bo‘lishi kerak, faqat ayrim jihozlarni ulardan olish mumkin.

— Hozirgi ota-onalarning bola tarbiyalashida sizga nimalar ma’qul, nimalar noma’qul?


— Farzandini ilmga da’vat etuvchi ota-onaga «barakalla!» deyman. Hozirgi otaonalarning sabrsizligi, betoqatligi meni afsuslantiradi. Bolani ko‘p jazolaydilar. Sal narsaga uradilar, jerkiydilar. Yoki yolg‘on va’dalar berib, aldab ovutmoqchi bo‘ladilar. Bu usul vaqtincha qo‘l kelishi mumkin. Ammo keyinchalik bolaning fe’l-atvori shakllanishida salbiy ta’sir ko‘rsatishi shubhasizdir.

— Hozir millatimizga qanday o‘g‘il-qizlar kerak, deb hisoblaysiz?


— Ilmlilar kerak. Fidoyilar kerak. Bu har ikkala fazilat quruq gap bilan qaror topmaydi. Shu yo‘lda tarbiyani kuchaytirish shart. Ilmli qilish degani pul evaziga o‘qishga kiritish degan gap emas. Yoshlar istiqlol nima ekanini hali tushunib yetishgani yo‘q. Bayroqning muqaddasligini hali his eta olishgani yo‘q. Vatanga muhabbat tuyg‘usi hali shakllanganicha yo‘q. Hozircha gap bor, amalda esa bo‘shliq mavjud. Ana shu bo‘shliqni to‘ldirish oson ish emas. Bu tez hal qilinadigan masala ham emas. Hozirgi yoshlirniig televizorda gapirayotganini ko‘rsak quvonamiz. Chiroyli gapirishadi. Ishlari ham shunday bo‘lsa edi.

— Yosh kelin-kuyovlarga bola tarbiyasiga oid qanday maslahatlaringiz bor?

— Yoshlar hali farzand ko‘rmaslaridan oldin o‘zlarining tarbiyalariga e’tibor qilishlari shart. Bola tug‘ilgunicha o‘zaro hurmatni, ozodalikni kasb qilib olishlari kerak. Birbirlariga baqirmaslikni, gap qaytarmaslikni, birovlarni g‘iybat qilmaslikni o‘rganib olishlari kerak. Agar o‘rganmasalar, farzandlari qaysar bo‘lsa, gap qaytarsa, baqirsa, buyurilgan ishni bajarmasa aybni o‘zlaridan qidirsinlar.

— Siz ijod olamida dastlab fantast-yozuvchi sifatida tanilgan edingiz. Siz yana kimlarni fantast yozuvchi deb hisoblaysiz?


— Xudoga shukrki, bizda fantast-yozuvchilar anchagina. Shukr qilganimning boisi ko‘p xalqlar adabiyotida fantastika tarzini uchratmaymiz. Holbuki, dunyoda fantastika rivoji bilan o‘sha xalq ilm-fani rivojini teng qo‘yadilar. Masalan, Amerikada fantas¬tika rivojlangan, ayni chokda ilm-fani ham yuqori darajada. O‘zbekistonda qadimda ham, hozir ham ilm-fan rivoji tahsinga loyiq. Dunyo tanigan olimlarimiz ko‘p. O‘zbekistonda fantastika o‘tgan asrning ikkinchi yarmida taraqqiy eta boshladi. Rahmatli ustozlarimizdan biri G‘ani Jahongirov hali biz xat tanimagan paytlarimizda fantastika tarzidagi asarlarini e’lon qilganlar. Bu sohada marhum do‘stim Hojiakbar Shayxov yuqori cho‘qqilarni egalladi. Ke¬yin Qudrat Do‘stmuhammad, Hasan-Husan Tursunovlar, Rustam Obidov, Tursunboy Samatov, singillarimiz Sohiba Abdullaeva, Mavluda Ibrohimovalar ham bu soha rivojiga katta hissa qo‘shdilar. Aytish joizki, jahon fantastikasida ijod qiluvchilar orasida ayollar juda kam. Biz bu sohada ham ilg‘ormiz.

— O‘z hayotingizda ham rosmana g‘aroyib hodisa ro‘y berganmi?


Yo‘q. G‘aroyib hodisa kaminaga nasib etmagan. Ammo fantastikaga oid asarlardagi ko‘p voqealar hayotdan olingan. Masalan, Mirzo Ulug‘bek zamonidan hikoya qiluvchi «Falak» qissasini yaratishga Qo‘qon atrofidagi qabristonlardan birining buzilishi sabab bo‘lgan. Avtobusda o‘tib keta turib ekskavator changalidagi suyaklarni ko‘rib, o‘yga tolgan edim: «O‘sha suyaklarning egalari kimlar bo‘lgan ekan? Ehtimol ulug‘lardan bo‘lishgandir?» degan fikr kitobni yozishga turtki bo‘lgan edi. «Falak»dagi voqea Buloqboshi qishlog‘ida bo‘lib o‘tadi. Kitob chiqqanidan keyin menga ma’lum bo‘ldiki, aynan o‘sha qishlokda ham qabriston buzilib, o‘rniga restoran qurilgan ekan.

— Bugungi hayotingiz, oilangiz haqida ham bilsak?

— Hozirgi hayotim ko‘pchilik qatori, boshqalardan farqli tomoni yo‘q bo‘lsa kerak. Ko‘pga kelgan to‘y, boshqalar qanday bo‘lsa, biz ham shuda. Ish joyim: Militsiya akademiyasida o‘zbek tilidan dars beraman. Ahli ayolim maktabda muallimalar. Ikki qizimning kasbi ham muallimalik. O‘g‘lim Texnika universite tida o‘qiydi. Oilamizda adabiyotga aloqador odam faqat o‘zimman. Kuyovlarimning biri siyosatshunos, yana biri tijorat ahlidan. Kelinim bog‘cha tarbiyachisi.

— Ikkiyuzlamachilik nima, ko‘rqoqlikmi, hasadmi yoki xiyonat?

— Men ko‘pdan beri odobnoma yo‘nalishida bir kitob tartib berish uchun tayyorlanaman. Shu maqsadda oltmishdan ortiq daftar tutganman. Ya’ni har bir fazilat yoki illat ta’rifi alohida-alohida daftarga bayon etilgan. Inson bolasiga xos agar yuz (yoki undan ortiq) fazilat bo‘lsa, uning muqobilida shuncha illat ham mavjud. Fazilatlar bir-birlari bilan zanjir halqalari singari bog‘langanlar. Illatlar ham aynan shunday. Fazilatlar halqasi uzilgan yerda illat bosh ko‘taradi. Fazilatlar alohida yashay olmagani kabi illatlar ham bir-birlari bilan juda «ahil» yashaydilar. Shunga ko‘ra ikkiyuzlamachi (buni munofiqlik ham deyish mumkin) odamda hasadni ham, xiyonatni ham, qo‘rqoqlikni ham uchratsak ajablanmaymiz.

— Ayrim tushunchasi. pastrok, odamlar og‘zidan masxaraomuz makol yoki iborani eshitib kolamiz. Masalan: «O‘g‘ri qarisa so‘fi bo‘lar...» ga o‘xshash. Shularga munosabatingiz?


— O‘zingiz to‘g‘ri ta’kidladingiz: bu sayoz tushuncha oqibati. To‘g‘ri, maqol va iboralarni biz donishmandlik belgisi sifatida qabul qilamiz. Maqollarning ijodkori xalq. Xalq orasida esa donishmandlikdan yiroqroq odamlar xam bo‘ladi, Ular bir masala xususida qofiyali gai aytib yuborsalar, kimlargadir go‘zal tuyulib takrorlab yurishlari mumkin. To‘plovchi olimlar esa ularni saralab o‘tirmay, turli to‘plamlarga kiritadilar. Demoqchimanki, maqollar orasida ham hayot haqiqatiga zid, donishmandlikning aksi bo‘lgan gaplar uchrab turadi. Siz aytgan maqolni diniy jihatdan tahlil qilsak, kishi avvalgi gunohlariga tavba qilsa, Olloh uning gunohini kechiradi. Boshqalarning avvalgi gunohlarni eslatib malomat qilishi esa durust hisoblanmaydi. Kim malomat qilsa, ya’ni «kechagina o‘g‘ri edi, bugun namozxon bo‘libdimi?» deganday gap qilsa, o‘sha odamning avvalgi gunohlari malomat qilganga yozilarkan. Bu tomonidan ham ehtiyot bo‘lish kerak ekan. Olloh «tavba qilinglar, kechiraman» deb tursayu, biz kechagi gunohlarini yuziga solib tursak, qanday bo‘larkin?
Agar mazkurni maqol sifatida qabul qilsak, ramziy ma’nosini izlab ko‘rishimiz kerak bo‘ladi. Ya’ni: «Agar o‘g‘ri chin dildan tavba qilsa, tavbalari qabul bo‘lib, gunohlari kechirilib, so‘fiylik maqomiga ham yetishishi mumkin. Agar buzuq ayol astoydil yig‘lab, tavbalar qilsa, uning-da tavbalari qabul bo‘lib, gunohlari kechirilib, el ardog‘idagi otinoyi martabasiga ko‘tarilishi mumkin. Hamma gap gunohlarini anglab yetmoqlik va to‘xtashda». Ammo, afsus shuki, biz maqolni ramziy ma’noda emas, asl buzuq hattoki haqorat ma’nosida ishlatamiz va bilib-bilmay muhtaram so‘fiylarimizni, otinoyilarimizni ham haqorat qilib qo‘yamiz. Shunisi yomon.

— Sizningcha 21 asrda 20 yoshga kirgan o‘g‘il-qizlarda qanday sifatlar ko‘p uchrayapti? Ijobiymi yoki salbiymi?

— Bu o‘sha yoshga kimning nazari bilan boqishga bog‘liq. Agar keksa odamning ko‘zi bilan qarasak salbiy holatni ko‘proq ko‘ramiz. Har bir yosh avlod zamonga mos ravishda bo‘ladi. Agar u yomon bo‘lsa, demak, biz — kattalar yomonmiz. Chunki ularni biz tarbiya qilganmiz. Endi xolis kuzatib, baho bersak, salbiy ko‘rinishlar ko‘proq. Yoshlar orasida ma’naviy buzilish kuchaygan, xudbinlik, oson yo‘l bilan dabdabali yashashga intilish kuchaygan. Buning salbiy oqibatlarini yaqin yillarda ko‘ramiz.

— O‘zbekistonning buyuk kelajagini qanday sifatli o‘g‘il-qizlar qura oladi?

— Vijdonli, insofli va ilmli farzandlar qura oladi. Boshqacha bo‘lishi mumkin emas.

Tohir Malikning «Tanlangan asarlar»i, 7-jildidan olindi