Абдулла Орипов: "Ҳадислар Ҳажга олиб борди"

Рукн: Суҳбатлар Чоп этилган: 10.12.2014

Эл-улус ардоқлаган, юрт меҳрига сазовор халқ шоири билан ҳамсуҳбат бўлишни орзу қилмаган инсон топилмаса керак; яна у она халқини мудроқликдан уйғотган, ғурурини юксалтирган, ўзи ҳам миллий ифтихор тимсолига айланган бўлса! Бундай шоир билан учрашув ҳақиқий мухлис учун чинакам байрамдир.
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида Абдулла Ориповнинг ижодий кечалари кўп ўтган. Лекин бу учрашувларнинг бири хаёлимда узоқ муҳрланиб қолган. Дорилфунун аҳли шоирни эҳтиром билан кутиб олди. Абдулла ака мухлислар ҳузурига кириб келаркан, талабалар унинг “Сен баҳорни соғинмадингми?” қўшиғини куйлашарди. Шундай бир интиқлик билан куйлашардики, муҳаббат гимнига айланган бу қўшиқ юрагингиздаги эрка ҳисларни жўштирар, ўзингизни гўзал туйғулар оламида учиб юргандай сезардингиз.
Учрашув ана шундай бошланди. Университет ректори олқиш садолари остида азиз меҳмонни саҳнага — гуллар билан ороланган жойга таклиф этди. Шоир ўзининг дил сўзларини изҳор этаркан, аввало, таклиф учун миннатдорлик билдирди. “Жаннатга йўл” драмасидан талабалар ижро этган Она ва Йигит суҳбати саҳнасини кўзлари ёшланиб, ҳаяжон билан томоша қилди. Сўнг савол-жавоблар бўлди. Мен эл ардоғидаги шоиримизнинг ўз мухлислари, адабиёт ихлосмандлари билан юзма-юз учрашувидаги баъзи савол-жавобларни эслаб қолишга ҳаракат қилдим.
— Шеър ёзишингизга нима туртки бўлган?
— Ҳазрат Навоий бобомиз дастларига илк бор қалам тутганда бола Алишер эди. Пушкин ҳам Пушкин эмас, оддий Саша эди. Биз ҳам даставвал ҳамма қатори она, ота, мактаб, табиат, Ватан ҳақида машқлар битганмиз. Сал лофи билан айтадиган бўлсам, — шундай дея Абдулла ака бирор ҳазил гап айтгиси келганда бўладиган одатича ўзига хўп ярашадиган табассумдан очилиб кетади, — Сталинга бағишланган шеърларимнинг ўзи бир чемодан эди (мухлислар кулиб юборадилар).
Ҳар ҳолда, шеър бирор туртки билан ёзилгани яхши. Унинг таъсир кучи бўлиши керак. Туртки, сабаб шунга хизмат қилиши мумкин. Буларни кейин англадик. Шунгача ноқулай аҳволга тушган пайтларим ҳам бўлган. Ўқувчилик йилларим уйимизга меҳмонлар кўп келишарди. Бир гал уларнинг олдида шеър ўқитишди. “Кремл деворлари” деган шеъримни ўқибман. Меҳмонлардан бири (бу ҳақда Абдулла ака тўрт томлик “Танланган асарлар”ида муфассал ёзганлар): “Ўғлим, ўзинг Кремлни кўрганмисан?” — деб қолди. Мен “Йўқ” дедим. У киши “Бўлмаса, кўрмаган нарсангни бундан кейин ёзма!” — деди. Роса мулзам бўлдим — ҳеч эсимдан чиқмайди! Ўша дашном менга ҳозиргача сабоқ бўлиб келаётир.
— Аскияга муносабатинигиз?
— Аския ҳам, ҳажв ҳам шунчаки “хо-хо” деб кулиш ё кулдириш учун қилинмайди. У жудаям катта қурол. Зўраки ҳажв, зўраки аския қитиқлаб кулдиришдай бир гап.
— Саёз қўшиқларга қандай қарайсиз?
— Улар ҳам боя айтганимиз сингари одамни қитиқлаб кулдиришга ўхшайди. Бундай қўшиқларни айтувчиларни, — Абдулла ака кулиб туриб деди, — жиноий жавобгарликка тортса ҳам бўлади.

Кўзимни пирпиратиб ўтаман


— Бир шоиримиз, ўзи ёмон ижодкор эмасди, қарилик чоғи армон билан шундай деди: “Жавоним тўла китоб. Уларни кўздан кечираётиб, ўз асарларим олдидан кўзимни чирт юмиб ўтаман. Сен эса бахтлисан — китобларинг олдидан кўзингни юммай ўтасан!”
Мен: “Китобларим олдидан кўзимни пирпиратиб ўтаман”,— дедим.
Қариган чоғинг, бутун умр ёзган, чоп этган асарларингдан кўнглинг тўлмаса, бу — катта фожиа.

Ҳадислар Ҳажга олиб борди


— Чархий домла билан кўп гаплашардик. Ҳадислар ҳақида суҳбатлашардик. Гўзал ривоятлар, мукаммал ҳикоятлар мажмуаси бўлмиш пайғамбарномалар, тарихномалар, Қуръону ҳадислар нашр этилмаган ўша йиллари бундай суҳбатлар бизни олижаноб ва эзгу туйғулардан баҳраманд этарди. Асл диний дунёқараш тирик тафаккурнинг ҳаётдаги жонли қўлланмаси экан. Мустақилликнинг илк йилларида уларнинг таржима қилингани, Қуръон тафсирлари ўзбек тилида пайдо бўлгани катта ҳодиса. Олижаноб инсоний туйғулар ҳадисларда ғоят гўзал ташбеҳлар воситасида баён этилганки, биз уларни бадиий кашфиётдек қабул қиламиз. Мен ҳам Пайғамбаримиз ҳадисларини бирмунча ўрганиб, улардан илҳомланиб, дастлаб қирқта, сўнг яна анча-мунча шеърлар битдим. Бу шеърларим мусулмонлар идораси томонидан эълон қилинган танловда мукофотга лойиқ кўрилди. Идора вакиллари “Мукофот пули Маккага бориб келиш учун етади, пулни оласизми ё Макка зиёратига бориб ҳожи бўлиб келасизми?” — деб сўрашди. Мен, албатта, Ҳажга бораман, дедим. Шундай қилиб, Ҳаж сафарига мени Пайғамбаримиз ҳадисларининг ўзи олиб бориб келди.

Армон


— Беҳуда ўтиб кетган кўп йилларни эслайман. Буни сиз биласиз — мустабид тузумнинг сиёсати қаттиқ эди. Ҳар нечук, виждонга қарши бирор иш қилмаган бўлсак-да, кўп вақтимиз бекор кетгани рост. Энди, у кунларни қоралайман, деб қўйнимни тошга тўлдириб келган эмасман. Улар — бир армон.

* * *

Абдулла аканинг тилига бирор сермаъно гап келиб қолганида юзи гул-гул очилиб кетарди.
Талабалар ҳар бир йилни қайсидир мавзу ва қадриятга бағишлаш анъанага айланган йилдан келиб чиқиб савол берганларида шоир шундай жавоб берди:
— Қарияларни қадрлаш йилида ёшлар синовдан ўтади.
Адабиётга доир саволлар-жавоблар чоғида эса шоиримиз қатъий қилиб шундай деди:
— Адабиёт — кўнгил изҳори эмас!

Бухоронинг тор кўчаларида


Бухорода универсиада ўтказилган йили мен ҳам шоиримизга сафардош бўлиб қолдим. Ҳинд қурувчилари барпо этган гўзал меҳмонхонанинг саккизинчи қаватига, ёнма-ён хоналарга жойлашдик. Универсиадага борган кўплаб меҳмонлар ҳар қадамда Абдулла акага пешвоз чиқишар, шоирни кўриб хурсанд бўлганларидан юз-кўзлари ёришиб кетарди.
Талабаларнинг спорт байрами жуда гўзал бошланди. Янги ўйингоҳ кўҳна шаҳар обидалари чиройини очиб юборган эди. Бухоро осмони камалакранг мушаклар маржонига безанди. Шу оқшом қадим шаҳарга улуғ руҳлар ташриф буюргандек эди...
Абдулла ака бу анжуманга атаб ёзган шеърида универсиада қатнашчилари бўлган ёш йигит-қизларимизни “Ватаннинг кўз нури, дилбандларидир, Келажак боғидан чечаклар терган Она Ўзбекистон фарзандларидир”, дея эъзоз этган эди:

Бу сафлар камолот шиддатига мос,
Гўё яралгандир чақиндан, нурдан.
Мардлик ва жасорат уларга мерос
Маҳмуд Торобийдан, Амир Темурдан...

Тантана тугагач, шоир Тошпўлат Аҳмаднинг уйига меҳмонга бордик. Азиз меҳмон шарафига хушовоз хонанда Аҳмаджон Шукуров ҳам келган экан. У мумтоз ашулалар, Абдулла ака шеърлари асосида яратган қўшиқлардан куйлаб даврани обод қилди.
Меҳмонхонага қайтар чоғимиз яна Тошпўлат аканинг машинасига чиқдик. Тунги Бухорои шарифни айланиш мароқли ва сеҳрли эди. Тўсатдан Абдулла ака шундай деб қолди:
— Тошпўлат, бу катта кўчаларингни кўп кўрганман. Сен менга Бухоронинг ўша қадимги торкўчалари, ҳеч ўзгармаган, асли қандай бўлса шундайича турган маҳаллаларини кўрсат.
Бу таклифдан қувончи тошган Тошпўлат ака «Тико»сини Бухоронинг жин кўчалари томон буриб юборди. Биз бир аср аввал ҳам мавжуд бўлган кўчаларда сайр этиб юрардик. Онда-сонда электр симу газ қувурлар янги тамаддун белгиларини ошкор қилиб қўярди.
Назаримда, Абдулла ака ўшанда Файзулла Хўжаевдек, Фитрат домладек, Мутаввакил Бурҳоновдек улуғ инсонларни камолга етказган Бухорои шариф билан ўзича суҳбат қургандек бўлганди...

Зиёрат


Эртаси куни Баҳовуддин Нақшбанд ҳазратлари мақбарасини зиёрат қилгани бордик. Тошпўлат ака: “Ҳазратнинг оналари қабрини тавоф этишдан бошлайлик, зиёратни”, дея машинани ғизиллатиб тор йўлаклардан олиб ўтиб, Ориф она мақбараси сари бошлади. Сўнг Баҳовуддин Нақшбанд ҳазратлари қабрини зиёрат қилдик. Мақбара томон боришда ҳам, қайтишда ҳам кенг йўлакларни тўлдирган зиёратчилар дарров шоирни таниб олишар, биров ҳайратланиб боқар, биров эҳтиром ила салом берганча қўл олиб кўришишга, яна кимлардир дастхат олишга, биргаликда суратга тушишга шошарди. Одамлар улуғ замондошларини яқиндан кўрганидан мамнун. Улар бундан ифтихор этишларини яширишмас, тўғриси, бу онларнинг ўзи мангу лаҳзалар эди. Шоир ҳам одамлар ҳол-жонига қўймай ўраб олишларига малоллик билдирмас, эҳтимол, бунга жуда оддий ва табиий ҳол деб қарарди.
Абдулла ака билан неча бор сафардош бўлмайин, бу галгиси бутунлай бошқача эди. Назаримда, оддий одамларнинг шоиримизга бўлган чексиз эҳтироми азиз авлиёни зиёрат этгани яна бир азиз сиймо келгандай қилиб кўрсатарди...
Сўнг “Чор Бакр” некрополи томон йўл олдик. Мен аввал ҳам Бухорои шарифда неча бор бўлган эсам-да, “Чор Бакр”ни биринчи кўришим. Бу манзилга ниҳоятда улуғвор сокинлик чўккандай эди. Зиёратгоҳ яхшилаб таъмирланганидан саранжом-саришта. Айниқса, эътиборимни тортгани бу манзилдаги улкан масжиду мадрасалар улуғворлигига улуғворлик бахш этган жилонжийдалар бўлди.
Жилонжийда кеч гуллар экан. Майнинг охирида бир ажойиб гуллаб, ўзидан шундай хушбўйлар таратиб турибдики, худди жаннат ҳаволарини искагандай бўласиз. Бу неъматнинг барглари шу қадар мусаффоки, гўё ҳозиргина ёмғир ёғиб, уларни ювиб ўтгандек туюларди.
Эҳтимол, бу ҳам “Чор Бакр”нинг бир сеҳримикан ё?..

* * *

Бухорои шариф сафари мана шундай улуғ зиёратлару унутилмас учрашувлар билан ўтаётганда, бир кун тунда кутилмаганда Тошкентдан нохуш қўнғироқ бўлди. Абдулла аканинг — Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаётган ёзувчи Ҳожиакбар Шайхов кўп вақтдан буён оғир бетоб бўлиб ётган эди. Ҳожиакбар ака оламдан ўтибди.
Эрта тонгда биринчи учоқ билан Тошкентга қайтишимизга тўғри келди. Абдулла аканинг дилига изтироб чўкди. У таниқли фантаст адибимизни ўз инисидай яхши кўрарди. Унинг акалари ва опалари, бутун оиласи билан илгаридан қадрдон эди. Бу йўқотиш шоирнинг дилгир кўнглига жуда оғир ботди.
Ўшанда Тошкентга қайтаётиб, негадир, Абдулла аканинг икки йилча бурун Ҳожиакбар Шайховга атаб ёзган “Сирли олам” шеъридаги мана бу мисралар хаёлимдан кечди:

Ҳожиакбар, жинларингни* эплаб, аслида
Муросага келтириш ҳам мумкиндир ҳатто,
Лекин шундоқ ёнингдаги инсон шаклида
Яшаб юрган иблислардан асрасин Худо!

Мурод АБДУЛЛАЕВ


* Ўша чоғлар Ҳожиакбар Шайхов муҳаррирлик қилаётган “Сирли олам” ва ”Қалб кўзи“нашрларида босилаётган асарларга ишора.


«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2008 йил 12-сонидан олинди.

 

* * *


El-ulus ardoqlagan, yurt mehriga sazovor xalq shoiri bilan hamsuhbat bo‘lishni orzu qilmagan inson topilmasa kerak; yana u ona xalqini mudroqlikdan uyg‘otgan, g‘ururini yuksaltirgan, o‘zi ham milliy iftixor timsoliga aylangan bo‘lsa! Bunday shoir bilan uchrashuv haqiqiy muxlis uchun chinakam bayramdir.

Nizomiy nomidagi Toshkent davlat pedagogika universitetida Abdulla Oripovning ijodiy kechalari ko‘p o‘tgan. Lekin bu uchrashuvlarning biri xayolimda uzoq muhrlanib qolgan. Dorilfunun ahli shoirni ehtirom bilan kutib oldi. Abdulla aka muxlislar huzuriga kirib kelarkan, talabalar uning “Sen bahorni sog‘inmadingmi?” qo‘shig‘ini kuylashardi. Shunday bir intiqlik bilan kuylashardiki, muhabbat gimniga aylangan bu qo‘shiq yuragingizdagi erka hislarni jo‘shtirar, o‘zingizni go‘zal tuyg‘ular olamida uchib yurganday sezardingiz.

Uchrashuv ana shunday boshlandi. Universitet rektori olqish sadolari ostida aziz mehmonni sahnaga — gullar bilan orolangan joyga taklif etdi. Shoir o‘zining dil so‘zlarini izhor etarkan, avvalo, taklif uchun minnatdorlik bildirdi. “Jannatga yo‘l” dramasidan talabalar ijro etgan Ona va Yigit suhbati sahnasini ko‘zlari yoshlanib, hayajon bilan tomosha qildi. So‘ng savol-javoblar bo‘ldi. Men el ardog‘idagi shoirimizning o‘z muxlislari, adabiyot ixlosmandlari bilan yuzma-yuz uchrashuvidagi ba’zi savol-javoblarni eslab qolishga harakat qildim.

— She’r yozishingizga nima turtki bo‘lgan?

— Hazrat Navoiy bobomiz dastlariga ilk bor qalam tutganda bola Alisher edi. Pushkin ham Pushkin emas, oddiy Sasha edi. Biz ham dastavval hamma qatori ona, ota, maktab, tabiat, Vatan haqida mashqlar bitganmiz. Sal lofi bilan aytadigan bo‘lsam, — shunday deya Abdulla aka biror hazil gap aytgisi kelganda bo‘ladigan odaticha o‘ziga xo‘p yarashadigan tabassumdan ochilib ketadi, — Stalinga bag‘ishlangan she’rlarimning o‘zi bir chemodan edi (muxlislar kulib yuboradilar).

Har holda, she’r biror turtki bilan yozilgani yaxshi. Uning ta’sir kuchi bo‘lishi kerak. Turtki, sabab shunga xizmat qilishi mumkin. Bularni keyin angladik. Shungacha noqulay ahvolga tushgan paytlarim ham bo‘lgan. O‘quvchilik yillarim uyimizga mehmonlar ko‘p kelishardi. Bir gal ularning oldida she’r o‘qitishdi. “Kreml devorlari” degan she’rimni o‘qibman. Mehmonlardan biri (bu haqda Abdulla aka to‘rt tomlik “Tanlangan asarlar”ida mufassal yozganlar): “O‘g‘lim, o‘zing Kremlni ko‘rganmisan?” — deb qoldi. Men “Yo‘q” dedim. U kishi “Bo‘lmasa, ko‘rmagan narsangni bundan keyin yozma!” — dedi. Rosa mulzam bo‘ldim — hech esimdan chiqmaydi! O‘sha dashnom menga hozirgacha saboq bo‘lib kelayotir.

— Askiyaga munosabatinigiz?

— Askiya ham, hajv ham shunchaki “xo-xo” deb kulish yo kuldirish uchun qilinmaydi. U judayam katta qurol. Zo‘raki hajv, zo‘raki askiya qitiqlab kuldirishday bir gap.

— Sayoz qo‘shiqlarga qanday qaraysiz?

— Ular ham boya aytganimiz singari odamni qitiqlab kuldirishga o‘xshaydi. Bunday qo‘shiqlarni aytuvchilarni, — Abdulla aka kulib turib dedi, — jinoiy javobgarlikka tortsa ham bo‘ladi.

Ko‘zimni pirpiratib o‘taman

— Bir shoirimiz, o‘zi yomon ijodkor emasdi, qarilik chog‘i armon bilan shunday dedi: “Javonim to‘la kitob. Ularni ko‘zdan kechirayotib, o‘z asarlarim oldidan ko‘zimni chirt yumib o‘taman. Sen esa baxtlisan — kitoblaring oldidan ko‘zingni yummay o‘tasan!”

Men: “Kitoblarim oldidan ko‘zimni pirpiratib o‘taman”,— dedim.

Qarigan chog‘ing, butun umr yozgan, chop etgan asarlaringdan ko‘ngling to‘lmasa, bu — katta fojia.

Hadislar Hajga olib bordi

— Charxiy domla bilan ko‘p gaplashardik. Hadislar haqida suhbatlashardik. Go‘zal rivoyatlar, mukammal hikoyatlar majmuasi bo‘lmish payg‘ambarnomalar, tarixnomalar, Qur’onu hadislar nashr etilmagan o‘sha yillari bunday suhbatlar bizni olijanob va ezgu tuyg‘ulardan bahramand etardi. Asl diniy dunyoqarash tirik tafakkurning hayotdagi jonli qo‘llanmasi ekan. Mustaqillikning ilk yillarida ularning tarjima qilingani, Qur’on tafsirlari o‘zbek tilida paydo bo‘lgani katta hodisa. Olijanob insoniy tuyg‘ular hadislarda g‘oyat go‘zal tashbehlar vositasida bayon etilganki, biz ularni badiiy kashfiyotdek qabul qilamiz. Men ham Payg‘ambarimiz hadislarini birmuncha o‘rganib, ulardan ilhomlanib, dastlab qirqta, so‘ng yana ancha-muncha she’rlar bitdim. Bu she’rlarim musulmonlar idorasi tomonidan e’lon qilingan tanlovda mukofotga loyiq ko‘rildi. Idora vakillari “Mukofot puli Makkaga borib kelish uchun yetadi, pulni olasizmi yo Makka ziyoratiga borib hoji bo‘lib kelasizmi?” — deb so‘rashdi. Men, albatta, Hajga boraman, dedim. Shunday qilib, Haj safariga meni Payg‘ambarimiz hadislarining o‘zi olib borib keldi.

Armon

— Behuda o‘tib ketgan ko‘p yillarni eslayman. Buni siz bilasiz — mustabid tuzumning siyosati qattiq edi. Har nechuk, vijdonga qarshi biror ish qilmagan bo‘lsak-da, ko‘p vaqtimiz bekor ketgani rost. Endi, u kunlarni qoralayman, deb qo‘ynimni toshga to‘ldirib kelgan emasman. Ular — bir armon.

* * *

Abdulla akaning tiliga biror serma’no gap kelib qolganida yuzi gul-gul ochilib ketardi.

Talabalar har bir yilni qaysidir mavzu va qadriyatga bag‘ishlash an’anaga aylangan yildan kelib chiqib savol berganlarida shoir shunday javob berdi:

— Qariyalarni qadrlash yilida yoshlar sinovdan o‘tadi.

Adabiyotga doir savollar-javoblar chog‘ida esa shoirimiz qat’iy qilib shunday dedi:

— Adabiyot — ko‘ngil izhori emas!

Buxoroning tor ko‘chalarida

Buxoroda universiada o‘tkazilgan yili men ham shoirimizga safardosh bo‘lib qoldim.Hind quruvchilari barpo etgan go‘zal mehmonxonaning sakkizinchi qavatiga, yonma-yon xonalarga joylashdik. Universiadaga borgan ko‘plab mehmonlar har qadamda Abdulla akaga peshvoz chiqishar, shoirni ko‘rib xursand bo‘lganlaridan yuz-ko‘zlari yorishib ketardi.

Talabalarning sport bayrami juda go‘zal boshlandi. Yangi o‘yingoh ko‘hna shahar obidalari chiroyini ochib yuborgan edi. Buxoro osmoni kamalakrang mushaklar marjoniga bezandi. Shu oqshom qadim shaharga ulug‘ ruhlar tashrif buyurgandek edi...

Abdulla aka bu anjumanga atab yozgan she’rida universiada qatnashchilari bo‘lgan yosh yigit-qizlarimizni “Vatanning ko‘z nuri, dilbandlaridir, Kelajak bog‘idan chechaklar tergan Ona O‘zbekiston farzandlaridir”, deya e’zoz etgan edi:

Bu saflar kamolot shiddatiga mos,
Go‘yo yaralgandir chaqindan, nurdan.
Mardlik va jasorat ularga meros
Mahmud Torobiydan, Amir Temurdan...

Tantana tugagach, shoir Toshpo‘lat Ahmadning uyiga mehmonga bordik. Aziz mehmon sharafiga xushovoz xonanda Ahmadjon Shukurov ham kelgan ekan. U mumtoz ashulalar, Abdulla aka she’rlari asosida yaratgan qo‘shiqlardan kuylab davrani obod qildi.

Mehmonxonaga qaytar chog‘imiz yana Toshpo‘lat akaning mashinasiga chiqdik. Tungi Buxoroi sharifni aylanish maroqli va sehrli edi. To‘satdan Abdulla aka shunday deb qoldi:

— Toshpo‘lat, bu katta ko‘chalaringni ko‘p ko‘rganman. Sen menga Buxoroning o‘sha qadimgi torko‘chalari, hech o‘zgarmagan, asli qanday bo‘lsa shundayicha turgan mahallalarini ko‘rsat.

Bu taklifdan quvonchi toshgan Toshpo‘lat aka «Tiko»sini Buxoroning jin ko‘chalari tomon burib yubordi. Biz bir asr avval ham mavjud bo‘lgan ko‘chalarda sayr etib yurardik. Onda-sonda elektr simu gaz quvurlar yangi tamaddun belgilarini oshkor qilib qo‘yardi.

Nazarimda, Abdulla aka o‘shanda Fayzulla Xo‘jaevdek, Fitrat domladek, Mutavvakil Burhonovdek ulug‘ insonlarni kamolga yetkazgan Buxoroi sharif bilan o‘zicha suhbat qurgandek bo‘lgandi...

Ziyorat

Ertasi kuni Bahovuddin Naqshband hazratlari maqbarasini ziyorat qilgani bordik. Toshpo‘lat aka: “Hazratning onalari qabrini tavof etishdan boshlaylik, ziyoratni”, deya mashinani g‘izillatib tor yo‘laklardan olib o‘tib, Orif ona maqbarasi sari boshladi. So‘ng Bahovuddin Naqshband hazratlari qabrini ziyorat qildik. Maqbara tomon borishda ham, qaytishda ham keng yo‘laklarni to‘ldirgan ziyoratchilar darrov shoirni tanib olishar, birov hayratlanib boqar, birov ehtirom ila salom bergancha qo‘l olib ko‘rishishga, yana kimlardir dastxat olishga, birgalikda suratga tushishga shoshardi. Odamlar ulug‘ zamondoshlarini yaqindan ko‘rganidan mamnun. Ular bundan iftixor etishlarini yashirishmas, to‘g‘risi, bu onlarning o‘zi mangu lahzalar edi. Shoir ham odamlar hol-joniga qo‘ymay o‘rab olishlariga malollik bildirmas, ehtimol, bunga juda oddiy va tabiiy hol deb qarardi.

Abdulla aka bilan necha bor safardosh bo‘lmayin, bu galgisi butunlay boshqacha edi. Nazarimda, oddiy odamlarning shoirimizga bo‘lgan cheksiz ehtiromi aziz avliyoni ziyorat etgani yana bir aziz siymo kelganday qilib ko‘rsatardi...

So‘ng “Chor Bakr” nekropoli tomon yo‘l oldik. Men avval ham Buxoroi sharifda necha bor bo‘lgan esam-da, “Chor Bakr”ni birinchi ko‘rishim. Bu manzilga nihoyatda ulug‘vor sokinlik cho‘kkanday edi.Ziyoratgoh yaxshilab ta’mirlanganidan saranjom-sarishta. Ayniqsa, e’tiborimni tortgani bu manzildagi ulkan masjidu madrasalar ulug‘vorligiga ulug‘vorlik baxsh etgan jilonjiydalar bo‘ldi.

Jilonjiyda kech gullar ekan. Mayning oxirida bir ajoyib gullab, o‘zidan shunday xushbo‘ylar taratib turibdiki, xuddi jannat havolarini iskaganday bo‘lasiz. Bu ne’matning barglari shu qadar musaffoki, go‘yo hozirgina yomg‘ir yog‘ib, ularni yuvib o‘tgandek tuyulardi.

Ehtimol, bu ham “Chor Bakr”ning bir sehrimikan yo?..

* * *

Buxoroi sharif safari mana shunday ulug‘ ziyoratlaru unutilmas uchrashuvlar bilan o‘tayotganda, bir kun tunda kutilmaganda Toshkentdan noxush qo‘ng‘iroq bo‘ldi. Abdulla akaning — Yozuvchilar uyushmasi raisining birinchi o‘rinbosari bo‘lib ishlayotgan yozuvchi Hojiakbar Shayxov ko‘p vaqtdan buyon og‘ir betob bo‘lib yotgan edi. Hojiakbar aka olamdan o‘tibdi.

Erta tongda birinchi uchoq bilan Toshkentga qaytishimizga to‘g‘ri keldi. Abdulla akaning diliga iztirob cho‘kdi. U taniqli fantast adibimizni o‘z inisiday yaxshi ko‘rardi. Uning akalari va opalari, butun oilasi bilan ilgaridan qadrdon edi. Bu yo‘qotish shoirning dilgir ko‘ngliga juda og‘ir botdi.

O‘shanda Toshkentga qaytayotib, negadir, Abdulla akaning ikki yilcha burun Hojiakbar Shayxovga atab yozgan “Sirli olam” she’ridagi mana bu misralar xayolimdan kechdi:

Hojiakbar, jinlaringni* eplab, aslida
Murosaga keltirish ham mumkindir hatto,
Lekin shundoq yoningdagi inson shaklida
Yashab yurgan iblislardan asrasin Xudo!

Murod ABDULLAYEV

* O‘sha chog‘lar Hojiakbar Shayxov muharrirlik qilayotgan “Sirli olam” va ”Qalb ko‘zi“nashrlarida bosilayotgan asarlarga ishora.

«O‘zbekiston adabiyoti va san’ati» gazetasining 2008 yil 12-sonidan olindi.