Илм ўрганиш фазилатлари

Рукн: Суҳбатлар Чоп этилган: 10.12.2014
Тошкент шаҳридаги “Ислом нури” жомеъ масжиди имом хатиби Нуруллоҳ Турдиев билан суҳбат


Нуруллоҳ Турдиев 1975 йили Тошкент шаҳрида туғилган. «Кўкалдош» мадрасасини битирган (2003), Ислом университетида малака оширган. «Мўйи Муборак» жомеъ масжидида имом-хатиб (1993-1999), 1999 йил «Хўжа Аҳрор Валий» жомеъ масжидида ноиб имом (1999-2010) бўлиб ишлаган. 2010 йилдан Тошкент шаҳридаги “Ислом нури” жомеъ масжиди имом хатиби.   

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.


— Исломга кўра, илм талаб қилишлик ҳар бир мусли ва муслима учун фарз бўлган амаллардандир. Динимизда қайси илмларни эгаллашга тарғиб этилган?
— “Илм” сўзи Қуръони каримда 765 маротаба такрорланади. Аллоҳ ўз Каломида марҳамат қилади: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур…”. (Мужодала, 11-оят).
Ислом чақираётган илм қандай илм ўзи? Фақат диний илмми? Йўқ, бу илм билимсизликни йўқотадиган барча илмлардир. Диний илмлар бўлса ҳам, дунёвий илмлар бўлса ҳам (табиат илми, психология, тарих, жуғрофия, социология, алгебра ва бошқалар) Аллоҳ мусулмонларни мана шу барча илмларни ўрганишга қизиқтиради. Шоядки, шу илмлар орқали Аллоҳнинг қудрати, улуғлигини чуқур тушунсалар. Бундан ташқари, ўз ҳаётларида шу илмлардан манфаатдор бўладилар. Қуръон оятларида табиий илмларни ўрганишга чақириқлар бор. “Унинг белгиларидан (яна бири) - осмонлар ва Ерни яратиши ва сизларнинг тилларингиз ва рангларингизни хилма-хиллигидир. Албатта, бунда барча оламлар учун аломатлар бордир”. (Рум, 22-оят).
Бу оятда зикр қилинган “олимлар” дан мурод, Аллоҳ ер юзида яратган махлуқотларнинг сир-асрорларини билувчи шахслардир. Бу оятнинг мавзуси ҳам табиий илмлардир. Чунки табиий илмлар борлиқдаги нарсаларни ва уларнинг хусусиятларини ўрганади. Осмонлару Ернинг яратилиши, инсонларнинг ранглари ҳам турли хил эканлигини айнан жуғрофия фани ўргатиши фикрларимизга далилдир. Оятдаги “ва тилларингизни турли хил қилиб яратдик” деган турли миллат вакилларини тилларини ўрганишга тарғиб бор. Бу ҳозирги чет тиллини ўрганишга далил эмасми? Инсон жинсларини ва ҳайвонот оламини эса антропология, зоология, биология ўрганади.
“Ахир, улар ер юзида сайр этишиб, ўзларидан аввалги пайғамбарларни инкор қилиб, имонсиз (кетган) кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўрсалар бўлмайдими?! Ўшалар булардан (Макка кофирларидан) кўра қувватлироқ бўлган ва (ўз) ерларини булар обод қилганидан кўра кўпроқ ишлов бериб, обод қилган эдилар-ку! Уларга ҳам ўз пайғамбарлари ҳужжатлар келтирганлар. Бас, Аллоҳ уларга зулм қилувчи бўлмади, лекин улар ўзларига зулм қилувчи бўлдилар”. (Рум, 9-оят)   
Қаранг, бир халққа шундай таълимотлар келибди. Унда ўтган умматларнинг тараққиёти, ободончилиги юзтубан кетиши ва хароб бўлиши сабабларини ўрганишга чақириқ бор экан. Бу чақириқ тарих ва социология илмини ўрганишга бўлган чақириқ эмасми? Кези келганда, муҳим бир масалани эслатиб қўйиш зарур. Ояти карима ва ҳадисларда зикри келган илм ҳақида кишилар ичида тушунмовчиликлар мавжуд. Баъзилар: “Оят ва ҳадисларда зикр этилган илмлардан мурод, диний илмлар”, дейдилар. Бу нотўғри фикр! Оят ва ҳадисларда зикри келган илм ҳамма фойдали илмларни ўз ичига олади. Агар оят ва ҳадисларда фақат диний илмлар кўзда тутилса, бу нарса алоҳида қайд қилинади. Мисол учун, “Аллоҳ кимга яхшиликни раво кўрса, динда фақиҳ қилиб қўяди”, дейилган ҳадис. Шунга ўхшаш бошқа диний илмлар ҳақида гап кетганда уларнинг номи ва сифати ҳам зикр қилинади. Демак, ҳозирги замонда мусулмонларнинг ҳам фан-техника соҳасидаги барча дақиқ илмлар – кибернетика, дақиқ ҳисоблар мажмуаси, заррашунослик, ирсиятшунослик ва шу каби илмлардан ҳам фарзи кифоя даражасида билишлари зарур бўлади.

— Нима учун биз ёшлар аждодларимиз ёш бўла туриб, техник тараққиёт бу даражада ривожланмай туриб эришган улкан ютуқларга эриша олмайяпмиз?
Миллатимизнинг фахри саналган Алишер Навоий ҳазратлари 6 ёшида шеър ёза бошлаганлар. Абу Райҳон Беруний эса 15 ёшида самони кузатиб тадқиқ қилганлар. Ибн Сино 16 ёшларида машҳур табиб бўлиб танилганлар. Бизларнинг аксар ёшларимиз шу ёшда бозорда “савдо” қиляпти, компютер ўйинларига бор вақтини сарфлаяпти ёки бемақсад кўча чангитиб юрибди.
 Бунинг ўрнига улар мукаммал илмни эгаллашга киришса, ҳорижий тил ўрганса, бирор ҳунармандга шогирд тушса ўзларига ҳам, ота-оналарига ҳам, қолаверса, бутун жамиятга ҳам фойда бўлади-ку. Мактабга бориш ўрнига бозорда нарса сотиб пул топаётган бола ёшлигиданоқ моддий бойлик кетидан қувиб, маънавиятдан узоқ ҳолда улғаяди, тарбияси бузилади. Кейин уни қайта тарбиялаш қийин кечади. Жисмнинг, нафснинг ғолиблиги руҳий оламнинг, маънавиятнинг инқирозига олиб келиши аниқ.

— Илм фазилати ҳақида буюкларимизнинг сўзлари барчамиз учун ибратлидир.
— Улуғ саҳобалар, атоқли олимлар ва мутафаккирларнинг ҳам илм фазилати ҳақидаги кўплаб ривоятлари, ҳабар ва сўзлари келган. Қуйида шулардан айримларини келтириб ўтмоқчимиз.
Ҳазрати Али (р.а.) Кумайлга: “Илм молдан яхшидир, у сени ҳимоя қилади, молни эса сен қўриқлашга мажбурсан, илм -  ҳоким, мол маҳкумдир, эҳсон-нафақа қилиш билан мол камайса, илмни тарқатганинг сайин кўпайиб боради”, деганлар.
Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) “Илм олишда қийналдим, бироз ҳорландим, тилагимга эришгач, азизу мукаррам бўлдим” деганлар. Имоми Шофеий: “Илм ўрганиш нафл ибодатдан афзалроқдир”, деганлар.
Фатҳ Мусилий: “Касалга обу таом берилмаса у ўладими?”, деб ёнидагилардан сўрадилар. Атрофдагилар “Ҳа, ўлади”, дейишди. Шунда Фатҳ: “Қалбга ҳам уч кун илм берилмаса у ўлади”, деган эканлар. Дарҳақиқат, шайх Мусилийнинг гапларида чуқур ҳикмат бор. Жасаднинг озиғи таом бўлганидай, қалбнинг озиғи ва тириклик манбаи илм-у ҳикматдир. Ким илмни бой берган бўлса унинг қалби касалдир. Бундай қалб ўлимга маҳкум, лекин ўзи сезмайди. Бемор кучли қўрқинч туфайли жарроҳ тиғини сезмагандай қалбнинг ҳам дунёга муҳаббат қўйиши ва у билан машғул бўлиб қолиши ундаги сезги ва қобилиятларни йўқ қилади. Қачонки ажал етиб, дунё машаққатларидан қутилганида ўзини-ўзи ҳалок қилганини ҳис этади, ҳасрат-надоматлар чекади, афсуслар қилади, лекин энди булар фойда бермайди. Бу ҳолат мастлик пайтида етган жароҳат аламини ўзига келганидагина сезган кишининг аҳволига ўхшайди.
Муоз ибн Жабал (р.а.) нинг мана бу сўзлари илмнинг фазилатига энг яхши далиллардан бири: “Илм танҳоликда ҳамроҳ, хилватда дўст, тўғри йўл кўрсатувчи маёқ, хурсандчилиг-у ҳафагарчиликда улфат, дўстлар олдида вазир, бегоналар олдида яқин дўст, жаннат йўлининг минорасидир”.

— Илм, агар Аллоҳ учун холис ўрганилса, эгасини жаннатга олиб бориши ҳақида ҳикматлардан баҳраманд бўлдик. Илм эгаларининг оқибатлари хайрли бўлиши ҳам табиийдир.
— Абу Ҳурайра (р.а.) дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради”, дедилар. Илмга даъват қилиш учун бундан ортиқ тарғиб бўлмаса керак. Ҳар бир инсоннинг олий мақсади – жаннат. Жаннатга эришиш учун у ҳар нарса, ҳар қандай қийинчиликларга тайёр. Илм талаб қилиш эса, ҳадисда айтилишича, жаннатнинг йўлига тушишдир. Илм йўли билан борган одам охири жаннатнинг эшиги олдидан чиқади. Шунинг учун илоҳий таълимотда келган илмдан мурод барча фойдали илмлар бўлиб, бундай илм эгаларига қилинган ваъдаларга имон ва ихлос билан уринган мўмин-мусулмонлар эришади.    
Бу қоидани ушбу ҳадисга ишлатадиган бўлсак,  мўмин-мусулмон киши ўзи учун фойдали илмга “Бу менга Аллоҳнинг амри, диннинг талаби”, дея уринса, у жаннатнинг йўлига тушган бўлади. Аллоҳ таоло унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради. Исломда илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон учун бешикдан қабргача фарз қилинган. Бу маънони кенгроқ тушунишга ҳаракат қилайлик. Фарз Аллоҳнинг қатъий амри бўлиб, уни бажариш ҳар бир мўмин учун мажбурийдир. Фарз амални бажармаган инсон катта гуноҳ иш қилган бўлади, охиратда азобга учрайди.
Доно халқимиз ёшларни гўёки ёш ниҳолга ўхшатиши ҳам бежиз эмас. Чунки ёш ниҳолни  қандай парвариш қилиниб, эътибор берилса кўзланган мақсадни ҳосил қилади. Шундай экан, жамиятимизнинг гавҳари – ёшларимизни билимли, комил инсон бўлиб етишлари учун ўз хиссамизни қўшайлик. Бу шарафли ишларда Аллоҳ таоло барчаларимизга ёру мададкор бўлсин.

* * *

 

Ilm o‘rganish fazilatlari

 

Toshkent shahridagi “Islom nuri” jome’ masjidi imom xatibi Nurulloh Turdiyev bilan suhbat


Nurulloh Turdiyev 1975 yili Toshkent shahrida tug‘ilgan. «Ko‘kaldosh» madrasasini bitirgan (2003), Islom universitetida malaka oshirgan. «Mo‘yi Muborak» jome’ masjidida imom-xatib (1993-1999), 1999 yil «Xo‘ja Ahror Valiy» jome’ masjidida noib imom (1999-2010) bo‘lib ishlagan. 2010 yildan Toshkent shahridagi “Islom nuri” jome’ masjidi imom xatibi.   

Bismillahir rohmanir rohim.


— Islomga ko‘ra, ilm talab qilishlik har bir musli va muslima uchun farz bo‘lgan amallardandir. Dinimizda qaysi ilmlarni egallashga targ‘ib etilgan?
— “Ilm” so‘zi Qur’oni karimda 765 marotaba takrorlanadi. Alloh o‘z Kalomida marhamat qiladi: “Alloh sizlardan imon keltirgan va ilm ato etilgan zotlarni (baland) daraja (martaba)larga ko‘tarur…”. (Mujodala, 11-oyat).
Islom chaqirayotgan ilm qanday ilm o‘zi? Faqat diniy ilmmi? Yo‘q, bu ilm bilimsizlikni yo‘qotadigan barcha ilmlardir. Diniy ilmlar bo‘lsa ham, dunyoviy ilmlar bo‘lsa ham (tabiat ilmi, psixologiya, tarix, jug‘rofiya, sotsiologiya, algebra va boshqalar) Alloh musulmonlarni mana shu barcha ilmlarni o‘rganishga qiziqtiradi. Shoyadki, shu ilmlar orqali Allohning qudrati, ulug‘ligini chuqur tushunsalar. Bundan tashqari, o‘z hayotlarida shu ilmlardan manfaatdor bo‘ladilar. Qur’on oyatlarida tabiiy ilmlarni o‘rganishga chaqiriqlar bor. “Uning belgilaridan (yana biri) - osmonlar va Yerni yaratishi va sizlarning tillaringiz va ranglaringizni xilma-xilligidir. Albatta, bunda barcha olamlar uchun alomatlar bordir”. (Rum, 22-oyat).
Bu oyatda zikr qilingan “olimlar” dan murod, Alloh yer yuzida yaratgan maxluqotlarning sir-asrorlarini biluvchi shaxslardir. Bu oyatning mavzusi ham tabiiy ilmlardir. Chunki tabiiy ilmlar borliqdagi narsalarni va ularning xususiyatlarini o‘rganadi. Osmonlaru Yerning yaratilishi, insonlarning ranglari ham turli xil ekanligini aynan jug‘rofiya fani o‘rgatishi fikrlarimizga dalildir. Oyatdagi “va tillaringizni turli xil qilib yaratdik” degan turli millat vakillarini tillarini o‘rganishga targ‘ib bor. Bu hozirgi chet tillini o‘rganishga dalil emasmi? Inson jinslarini va hayvonot olamini esa antropologiya, zoologiya, biologiya o‘rganadi.
“Axir, ular yer yuzida sayr etishib, o‘zlaridan avvalgi payg‘ambarlarni inkor qilib, imonsiz (ketgan) kimsalarning oqibatlari qanday bo‘lganini ko‘rsalar bo‘lmaydimi?! O‘shalar bulardan (Makka kofirlaridan) ko‘ra quvvatliroq bo‘lgan va (o‘z) yerlarini bular obod qilganidan ko‘ra ko‘proq ishlov berib, obod qilgan edilar-ku! Ularga ham o‘z payg‘ambarlari hujjatlar keltirganlar. Bas, Alloh ularga zulm qiluvchi bo‘lmadi, lekin ular o‘zlariga zulm qiluvchi bo‘ldilar”. (Rum, 9-oyat)   
Qarang, bir xalqqa shunday ta’limotlar kelibdi. Unda o‘tgan ummatlarning taraqqiyoti, obodonchiligi yuztuban ketishi va xarob bo‘lishi sabablarini o‘rganishga chaqiriq bor ekan. Bu chaqiriq tarix va sotsiologiya ilmini o‘rganishga bo‘lgan chaqiriq emasmi? Kezi kelganda, muhim bir masalani eslatib qo‘yish zarur. Oyati karima va hadislarda zikri kelgan ilm haqida kishilar ichida tushunmovchiliklar mavjud. Ba’zilar: “Oyat va hadislarda zikr etilgan ilmlardan murod, diniy ilmlar”, deydilar. Bu noto‘g‘ri fikr! Oyat va hadislarda zikri kelgan ilm hamma foydali ilmlarni o‘z ichiga oladi. Agar oyat va hadislarda faqat diniy ilmlar ko‘zda tutilsa, bu narsa alohida qayd qilinadi. Misol uchun, “Alloh kimga yaxshilikni ravo ko‘rsa, dinda faqih qilib qo‘yadi”, deyilgan hadis. Shunga o‘xshash boshqa diniy ilmlar haqida gap ketganda ularning nomi va sifati ham zikr qilinadi. Demak, hozirgi zamonda musulmonlarning ham fan-texnika sohasidagi barcha daqiq ilmlar – kibernetika, daqiq hisoblar majmuasi, zarrashunoslik, irsiyatshunoslik va shu kabi ilmlardan ham farzi kifoya darajasida bilishlari zarur bo‘ladi.

— Nima uchun biz yoshlar ajdodlarimiz yosh bo‘la turib, texnik taraqqiyot bu darajada rivojlanmay turib erishgan ulkan yutuqlarga erisha olmayyapmiz?
Millatimizning faxri sanalgan Alisher Navoiy hazratlari 6 yoshida she’r yoza boshlaganlar. Abu Rayhon Beruniy esa 15 yoshida samoni kuzatib tadqiq qilganlar. Ibn Sino 16 yoshlarida mashhur tabib bo‘lib tanilganlar. Bizlarning aksar yoshlarimiz shu yoshda bozorda “savdo” qilyapti, kompyuter o‘yinlariga bor vaqtini sarflayapti yoki bemaqsad ko‘cha changitib yuribdi.
 Buning o‘rniga ular mukammal ilmni egallashga kirishsa, horijiy til o‘rgansa, biror hunarmandga shogird tushsa o‘zlariga ham, ota-onalariga ham, qolaversa, butun jamiyatga ham foyda bo‘ladi-ku. Maktabga borish o‘rniga bozorda narsa sotib pul topayotgan bola yoshligidanoq moddiy boylik ketidan quvib, ma’naviyatdan uzoq holda ulg‘ayadi, tarbiyasi buziladi. Keyin uni qayta tarbiyalash qiyin kechadi. Jismning, nafsning g‘olibligi ruhiy olamning, ma’naviyatning inqiroziga olib kelishi aniq.

— Ilm fazilati haqida buyuklarimizning so‘zlari barchamiz uchun ibratlidir.
— Ulug‘ sahobalar, atoqli olimlar va mutafakkirlarning ham ilm fazilati haqidagi ko‘plab rivoyatlari, habar va so‘zlari kelgan. Quyida shulardan ayrimlarini keltirib o‘tmoqchimiz.
Hazrati Ali (r.a.) Kumaylga: “Ilm moldan yaxshidir, u seni himoya qiladi, molni esa sen qo‘riqlashga majbursan, ilm -  hokim, mol mahkumdir, ehson-nafaqa qilish bilan mol kamaysa, ilmni tarqatganing sayin ko‘payib boradi”, deganlar.
Abdulloh ibn Abbos (r.a.) “Ilm olishda qiynaldim, biroz horlandim, tilagimga erishgach, azizu mukarram bo‘ldim” deganlar. Imomi Shofeiy: “Ilm o‘rganish nafl ibodatdan afzalroqdir”, deganlar.
Fath Musiliy: “Kasalga obu taom berilmasa u o‘ladimi?”, deb yonidagilardan so‘radilar. Atrofdagilar “Ha, o‘ladi”, deyishdi. Shunda Fath: “Qalbga ham uch kun ilm berilmasa u o‘ladi”, degan ekanlar. Darhaqiqat, shayx Musiliyning gaplarida chuqur hikmat bor. Jasadning ozig‘i taom bo‘lganiday, qalbning ozig‘i va tiriklik manbai ilm-u hikmatdir. Kim ilmni boy bergan bo‘lsa uning qalbi kasaldir. Bunday qalb o‘limga mahkum, lekin o‘zi sezmaydi. Bemor kuchli qo‘rqinch tufayli jarroh tig‘ini sezmaganday qalbning ham dunyoga muhabbat qo‘yishi va u bilan mashg‘ul bo‘lib qolishi undagi sezgi va qobiliyatlarni yo‘q qiladi. Qachonki ajal yetib, dunyo mashaqqatlaridan qutilganida o‘zini-o‘zi halok qilganini his etadi, hasrat-nadomatlar chekadi, afsuslar qiladi, lekin endi bular foyda bermaydi. Bu holat mastlik paytida yetgan jarohat alamini o‘ziga kelganidagina sezgan kishining ahvoliga o‘xshaydi.
Muoz ibn Jabal (r.a.) ning mana bu so‘zlari ilmning fazilatiga eng yaxshi dalillardan biri: “Ilm tanholikda hamroh, xilvatda do‘st, to‘g‘ri yo‘l ko‘rsatuvchi mayoq, xursandchilig-u hafagarchilikda ulfat, do‘stlar oldida vazir, begonalar oldida yaqin do‘st, jannat yo‘lining minorasidir”.

— Ilm, agar Alloh uchun xolis o‘rganilsa, egasini jannatga olib borishi haqida hikmatlardan bahramand bo‘ldik. Ilm egalarining oqibatlari xayrli bo‘lishi ham tabiiydir.
— Abu Hurayra (r.a.) dan rivoyat qilingan hadisi sharifda Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi va sallam “Kim ilm talab qilish yo‘liga tushsa, Alloh unga jannatning yo‘lini yengillashtiradi”, dedilar. Ilmga da’vat qilish uchun bundan ortiq targ‘ib bo‘lmasa kerak. Har bir insonning oliy maqsadi – jannat. Jannatga erishish uchun u har narsa, har qanday qiyinchiliklarga tayyor. Ilm talab qilish esa, hadisda aytilishicha, jannatning yo‘liga tushishdir. Ilm yo‘li bilan borgan odam oxiri jannatning eshigi oldidan chiqadi. Shuning uchun ilohiy ta’limotda kelgan ilmdan murod barcha foydali ilmlar bo‘lib, bunday ilm egalariga qilingan va’dalarga imon va ixlos bilan uringan mo‘min-musulmonlar erishadi.    
Bu qoidani ushbu hadisga ishlatadigan bo‘lsak,  mo‘min-musulmon kishi o‘zi uchun foydali ilmga “Bu menga Allohning amri, dinning talabi”, deya urinsa, u jannatning yo‘liga tushgan bo‘ladi. Alloh taolo unga jannatning yo‘lini yengillashtiradi. Islomda ilm talab qilish har bir musulmon uchun beshikdan qabrgacha farz qilingan. Bu ma’noni kengroq tushunishga harakat qilaylik. Farz Allohning qat’iy amri bo‘lib, uni bajarish har bir mo‘min uchun majburiydir. Farz amalni bajarmagan inson katta gunoh ish qilgan bo‘ladi, oxiratda azobga uchraydi.
Dono xalqimiz yoshlarni go‘yoki yosh niholga o‘xshatishi ham bejiz emas. Chunki yosh niholni  qanday parvarish qilinib, e’tibor berilsa ko‘zlangan maqsadni hosil qiladi. Shunday ekan, jamiyatimizning gavhari – yoshlarimizni bilimli, komil inson bo‘lib yetishlari uchun o‘z xissamizni qo‘shaylik. Bu sharafli ishlarda Alloh taolo barchalarimizga yoru madadkor bo‘lsin.