Бебаҳо неъмат (ёзувчи Тоҳир Малик билан суҳбат)

Рукн: Суҳбатлар Чоп этилган: 10.12.2014

- Тоҳир ака, биз ёшлар кўпинча нонни қўлимизга оламиз-у унинг қанчалар оғир меҳнат эвазига яратилганини ҳар доим ҳам кўз олдимизга келтиролмаймиз. Айниқса, бугунги тўкинчилик замонасида нон  унчалар қадрланмаётгандек, нонни дастурхонимизга етказиб бераётганлар меҳнати назарга илинмаётгадек  туюлади. Шу ҳақда сиз нима дея оласиз?

- Инсон учун яратилган энг улуғ неъматлардан бири нондир. Айрим неъматларни бир ҳафта, бир ой ёки йил истеъмол қилмай юриш ҳам мумкин. Лекин нонсиз яшашни тасаввур этиш қийин. Энг тотли неъматларни ҳам икки кун кетма-кет истеъмол қилсангиз, учинчи кун унга қарагингиз ҳам келмайди. Лекин нон ҳеч қачон меъдага тегмайди. Инсон барча маҳлуқот орасида азиз ва мукаррам қилиб яратилгани учун ҳам унга шундай неъматлар насиб этилган. Шунинг баробаринда “енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар” деб буюрилган. Исроф қилганлар “шайтонларнинг дўстлари” деб таъриф қилиниб, бундай ношукрлар учун ҳар икки дунёда жазо тайёрлаб қўйилгани огоҳлантирилган.                         
Сиз саволни “биз ёшлар” деб бошладингиз. Аслида атрофимизга назар ташласак, катталар орасида ҳам нон қадрини унутаётганлар, нонни исроф қилаётганларни кўрамиз. Агар ёшлар нон қадрини билмаётган бўлсалар, демак, бунга катталар айблидирлар. Масалага мантиқан қарайлик: нон қадрини билмаган катта одам фарзандига бу борада қандай насиҳат қилиши мумкин? Нонни исроф қилаётган одам ерни шудгор қилиб, буғдой қадаган, етиштирган, ўриб олган деҳқоннинг, тегирмонда тер тўккан ишчининг, тандирнинг оловли оғзи олдида заҳмат чеккан новвойнинг меҳнатини қадрлармиди?
Нон учун хизмат қилаётганларнинг манглай тери иқтисодий жиҳатдан ҳукумат томонидан тақдирланади. Маънавий қадр эса сиз билан биз томонимиздан бўлади. Аввало қорин тўйиб, шукроналик дуоси қилинаётганда уларнинг ҳақига ҳам ҳайрли тилаклар билдирилса савоб устига савоб бўлади. Энг муҳими – уларнинг меҳнатларини қадрлаш бизларнинг нонни исроф қилмаслигимизда намоён бўлади. Тасаввур қилинг: бир шоир янги шеъри ёзилган қоғозни сизга инъом этди. Сиз шеърнинг ярмини ўқиб, сўнг қоғозни ғижимлаб ташладингиз...
Нон исрофи – ношукрликдан келиб чиқади. Ҳадиси Қудсийда айтиладики: “Eй Одам фарзанди!Ҳамиша овқатланишга ўтирганингда қорни оч бечоралар ҳам эсингда бўлсин. Шунда Аллоҳнинг берган неъматларига шукр қилишинг осонроқ бўлади”. Ҳозир дунёда миллион-миллион одамлар бир бурда нонга зор бўлиб яшаяпти. Биз шуни ўйлаймизми? Ёки уйи нон ва бошқа неъматлар билан тўкин оиладаги  хаста одам бир тишлам нонни чайнаб юта олмайди. Буни-чи, буни кўз олдимизга келтира оламизми? Худо дастурхонимизни тўкин қилиб берди, неъматларни истеъмол қилишимиз учун саломатлик берди. Бунга шукр қилиш ўрнига бу неъматларни нима учун исроф қиламиз?
Шоир Анвар Эшонов ёзган эдилар:
                              Ўзбекистон кузидай
                                          бугун дастурхон тўкин,
                               Турналардай тизилиб,
                                          юраклари эзилиб,
                               Қора нон навбатида
                                          турганларнинг ҳаққи ҳам,
                               Улуғ жанг йўлларида
                                           кўксидан қон сизилиб,
                               Европада ўт кечиб
                                            юрганларнинг ҳаққи ҳам,
                               Насибангга қўшилиб
                                            турар дастурхонингда.
Бугун нонни қадрламаётганимизнинг икки сабаби бор: биринчиси – дастурхонимиз тўкин. “Тўқликка – шўхлик”, деганларидай, дастурхонимиз ҳамиша шундай бўлади, деб ишонамиз. Иккинчиси – фарзанд тарбиясида нонни қадрлаш, уни исроф қилмаслик масалалари тушиб қолган. Мен болалигимни кўп эслайман. Ноннинг ҳатто ушоғини ҳам қадрлаш лозимлигини уйда ота ва онамиздан ҳам, кўчада бегоналардан ҳам эшитардик. Фақат уйда эмас, ҳатто кўчада кимдир тушириб кетган ушоқни кўрсак, олиб, чангини пуфлаб, ўзини кўзга суртиб сўнг ейишни тайинлашарди. Ҳозир уйдаги дастурхондан бир бўлак нон пастга тушиб кетса, олиб ейилмайди, аксинча пўчоққа ёки ахлат челакка ташланади. “Нон ушоғини олмай босиб ўтсанг кўр бўласан”, деб таъкидлашарди. Кўрлик жисмонан эмас, маънавий  жиҳатдан эканини биз кейинроқ тушуниб етдик.
Ёши улуғ отахонлар, онахонлар бир бурда нон учун қишнинг совуғи, ёзнинг жазирамаси демай туну кун навбатда турганларини унутишмагандир. Бу азобларни эслаб туришнинг фойдаси бор. Албатта, биз ёшларга бу азобни раво кўрмаймиз, Худо сақласин! Лекин ўтмиш инсон учун ҳамиша сабоқ бўлиб хизмат қилиши керак.
                          Бу йўллар
                                 кўп қадим йўллар,
                           Беш миллион,
                                  ўн миллион
                                         юз миллион нафар
                                           қуллар ва туллар,
                          Гарданда чўяндан қуйилган занжир,
                          Ерларда ҳашарот каби
                          Очликдан,
                                   зорликдан гезариб лаби,
                          Ожиз,
                              маҳкум,
                                  хор ва бетадбир:
                         -Нон! - дея,
                         -Нон! - дея
                                суриниб кечмишдир.
Атоқли шоир Ғафур Ғуломнинг бу сатрларини катта авлод унутмагандир. Ёш авлод ҳам бу каби сатрлар замирида ётган маъноларни уқсалар ёмон бўлмас эди.   
Дастурхон атрофида ўтирган болада ҳам, катталарда ҳам нонни ушлаб кўриш одати бор. Агар нон кечаги, суви сал қочган бўлса четга сурилади. Суви қочган ноннинг саломатлик учун фойдаси кўплигини билганлар ҳам шундай қилса ажабланасан киши. Шундай кишиларга танбеҳ берсангиз “Нонни исроф қилиб ташлаб юбораётганимиз йўқ, пўчоққа қўшиб қўшнимизнинг молига берамиз”, дейдилар. Маҳаллаларда шундай, бироқ, кўп қаватли уйларда ахлатга ташланади. Молга бериш масаласига келсак, нон инсоннинг насибаси, молнинг ўз емиши бор.
Муборак Ҳаж сафарига борганимизда ноннинг исрофини кўриб, ҳайратдан ёқа ушлаган эдик. Бир кишига мўлжаллаб қўйилган нон нонуштагагина эмас, пешинлик ҳатто кечликка ҳам етарли эди. Лекин хизматчилар нон ва бошқа овқат қолдиқларини худди ахлат супургандай сидириб, қора елим қопга солиб, ахлатга ташлар эканлар. Шундай улуғ масканда бундай исрофгарчиликка йўл қўйилишига эътиборсиз қараб турмадик. Жуда кўпчилик норозилигини изҳор қилди. Оқибатда дастурхонда қолган синиқ нонларга тегилмайдиган бўлинди. Биз унда танбеҳ бердик. Ўзимизда-чи? Тўйлардаги исрофгарчиликлар ҳақида тинмай гапирилади, лекин амал қилинмайди. Одамлар тўй ёки маърака қилиб савоб топиш ўрнига гуноҳга ботаётганларини тушунишлари шунчалар қийинми?
Ноннинг исрофи ҳақида гапирилганда бир масалани четлаб ўтиш мумкин эмас. Кейинги йилларда кичик нон корхоналари кўп қурилди. Аммо сифатга эътибор бермай қўйилди. Нонларнинг хилма хил бўлиши ҳам унутилди. Хитойнинг хамиртуришидан фойдаланиб, нон пуфак каби шишириляпти-ю, таъмига қаралмаяпти. Эрталаб ёпилган нон пешиндан кейин елимга айланиб қоляпти. Ноннинг сифатини текшириб турадиган, чора кўрадиган бирон идора борми-йўқми, билмаймиз.
Бир мисолга диққатингизни тортмоқчиман (бир оз қўполроқ бўлгани учун узр сўрайман): дейлик баланд токчада нон турибди. Оч одамнинг қўли етмайди. Азобланаётган оч одам қарасаки, атрофда муқаддас китобдан бошқа нарса йўқ. У руҳан азобланиб бўлса-да, ўша китобни оёғи остига қўйиб, токчадаги нонни олади. Энди аксинча бўлса-чи? Токчада муқаддас китоб турибди. Уни олишга бўйи етмайди. Атрофда нондан бўлак нарса йўқ. Нонни оёғи остига қўйиб ўша китобни оладими? Йўқ! Нонкўр одам ҳам бу ишни қилмаса керак. Шундай экан, нонни қадрлашни аввало ўзимиз ўрганайлик ва амал қилайлик, ҳамда фарзандларимизга ҳам тарбия берайлик.
Боғча ва мактаб, касалхона ва ҳарбий ҳамда ҳарбийлашган қисм, шунингдек, ўқув юртлари ошхоналаридан челаклаб қолдиқ овқат ва нонни кўтариб чиқаётганларни кўрган мудиралар, директорлар, бош врачлар ва бошлиқлар лоқайдлик қилмасалар қандай яхши! Биз бир-биримизга ғоят меҳрибонмиз. Шифохонадаги биродаримиз зиёратига боришда камида иккита ёки тўртта нон оламиз. Ҳолбуки беморга битта нон кифоя. (Ҳатто нон олиб боришнинг мутлақо зарурати йўқ. Чунки шифохонада етарли миқдорда беморларгна нон берилади.) Лекин биз битта нон кўтариб киришга ҳижолат бўламиз. Нонни исроф қилишдан эса уялмаймиз.  
Eнди ресторанлар, ошхоналарни, тўйхоналарни қаранг! Сув бўйларида жойлашган ошхоналардан ахлат ва пўчоққа аралаш ташланаётган нон қолдиқларига қаранг! Тўйга борганимизда дастурхон устида синиқ нон бўлаклари бўлса-да, яна нон синдирамиз: “бизни ҳам тўйга етказсин”, деган ниятда синдирилар экан. Бундай бемаъниликни ким ўйлаб топди экан, ҳайронмиз! Нонни исроф қилаётгани учун гуноҳга ботаётган кимсанинг нияти Яратган ҳузурида қандай қабул бўлар экан? Шоир айтмоқчи: “Бўғиб ўлдиргим келар, сербўёқ лабларини нон билан артаётган сатанг хонимни кўрсам... Адлия министри! Сиздан қатъий илтимос, исроф қилса ким нонни қаттиқ жазо берилса...” Шоирнинг бу таклифига қўшилувчилар кўп. Лекин гап жазода эмас. Гап инсофда, гап виждонда! Олий мажлис ва сенат шундай қонун қабул қилган тақдирда ҳам исроф қилувчиларнинг онгида ўзгариш бўлмас экан, нон исрофи бирданига тўхтаб қолмайди.
Замонлар бўлган - ноннинг ҳар бир қадоғи олтин билан ўлчанган. Олтини бор одамлар бир тишлам нон топа олмай хор бўлганлар. Биз баъзан “нон неча пул?” деб сўраймиз.  Икки юз ёки уч юз сўмлигини билиб, пулини тўлаймиз. Аслида биз нон учун эмас, нонга хизмат қилганларнинг ҳақини тўладик. Ноннинг ўзи эса бебаҳо неъматдир.

- Ғалла, дон мустақиллигига эришгунимизча бўлган давр билан бугунги кунни қандай таққослаган бўлардингиз?

- Сиёсий мустақилликка эришиш мамлакатнинг нурли келажаги саройига қўйилган пойдевор бўлса, иқтисодий мустақилликка эришиш халқнинг бахтидир, саодатидир. Сиёсий мустақиллик қарор топган ондан бошлаб асосий масала халқнинг қорнини тўйдириш бўлади. Халқ дастурхонини тўкин қила олмаган ҳар қандай ҳукумат вазифасини адо этолмаган бўлади. Дунёда мустақил мамлакатлар кўп, айни чоқда ўз халқига нон топиб бера олмаётганлари ҳам оз эмас. Нонни фақат четдан олиб келувчи давлатнинг иқтисодий аҳволи ночор бўлади. Демак, у бутунлай мустақил эмас. Яъни нон берувчи мамлакатга тобе мақомида бўлади. У мамлакат хоҳласа нон беради, бўлмаса йўқ. Бугун бир нархда, эртага бошқа нархда сотади. Ва яна минг хил найранглар қилиши мумкин. Ўзининг нони йўқ мамлакатнинг эса қуллуқ қилиб туришдан ўзга чораси йўқ.
Туронзамин ўтмишда нонни бошқа юртлардан олиб келмаган. Ер, сув, Қуёш бу жойларга тўкинлик бахш этади. Деҳқонлар қаерга нима экиб, қандай ҳосил етиштиришни яхши билганлар. Фақат советлар замонида қаерда қандай деҳқончилик қилишни компартия белгилайдиган бўлди. Советларни пахта мустақиллиги билан таъминлаш учун биз томонларда буғдой экиш кескин қисқартирилди. “Сиз пахта етиштираверинг, нонни биз берамиз” деган ваъда билан ғаллазорлар йўқ даражага келтирилди. Олтмишинчи йилларда бир кинофилм яратилган эди. Ғалла экиб келган еримга пахта экмайман, деган туркман деҳқони халқ душмани кўринишида тасвирланганди.  
Ўзбекистон мустақил деб эълон қилинганидан кейин нон таъминоти фақат ҳукумат ташвиши эмас, ҳар бир хонадон ташвишига айланди, десак муболаға бўлмас. “Eнди нима бўлади? Нон, гўшт...ни ким етказиб беради?” деган савол кўпчиликни ўйлантирган эди. Сир эмас, бадбинликка берилганлар ҳам топилди.  “Eнди очарчилик бўлади” деган ҳавотирда дўкондан қоплаб нон олиб қотириб қўйганлар ҳам учради. Биз ношукрчиликка ўрганиб қолганмиз. 14-15 йил муқаддам ноннинг нархи ошса норози бўлаверадиганлар кўп учрарди. Норозилигини баён қилиб гапираверарди-ку, аммо нарх ошиш сабаблари билан қизиқиб кўрмасди. У дамларда буғдой, ун асосан ташқаридан олиб келинарди. Буғдой ёки уннинг нархи, темир йўл ҳаражатлари юқори эди. Раҳбарият олдида қўшнилар каби 2-3 миллион эмас, салкам 25 миллион аҳолини нон билан таъминлашдай мураккаб вазифа турарди. Бу мураккаб масалани ҳал қилишнинг бирдан бир тўғри йўли мустақилликнинг дастлабки босқичидаёқ аниқ белгиланди: ғалла мустақиллигига эришмоқ шарт! Бу вазифанинг адо этилиши дастурхонимиз тўкинлигини таъминлади. Лекин, тан олиш керак, бу осонлик билан амалга ошмади. Иқтисодий, техникавий қийинчиликларни қўя турайлик. Одамларнинг бу вазифага лоқайд қараши вазифани янада оғирлаштирди. Лоқайдлик нимада эди? Аввало экин майдонларининг ҳимоясида. Буғдойзорларга мол ҳайдовчиларнинг ишини нима деб баҳолашимиз мумкин? Ўрим пайтидаги талон-тарожликни-чи? Раҳбарият ғалла мустақиллиги учун барча чораларни кўрган онда, кимлардир ўз манфаатларини қондириш билан банд бўлсалар?
Ғалла мустақиллигига эришгунимизча бўлган давр билан ҳозирги кунни сўз билан ифодалаш шарт эмас. Ҳар биримиз ўз хонадонимиздаги дастурхонга қараб қўя қолайлик. Энг кам таъминланган оилага меҳмон бўлиб кириб борсангиз дастурхонига ҳеч бўлмаганда иккита юмшоқ нон қўяди.

- Ана шу масалада бугунги кун билан тарихан, боринг-ки, яқин тарихимизни қиёслаб бера оласизми?

- Қиёслаш учун кўп бош қотиришнинг ҳожати йўқ. Совет даврида тўй ташвишлари ва машаққатларини эсласак кифоя қилар. Тўй қилишдаги энг оғир масала нима эди? Икки-уч қоп ун топиш эди. Советларнинг раҳбарияти “сиз пахта бераверинг, биз нон билан таъминлаймиз”, дегани билан ваъдасини бажара олмасди. Дўконга ун келганда икки кило ун олиш учун соатлаб навбатда туришларни унутмагандирмиз? Қудсий ҳадисда Аллоҳ марҳамат қилади: “Eй Одам фарзанди, Мен яратган неъматларни еб-еб тишларинг малолланиб чарчаб кетади-ю, лекин Менинг шикоятимдан тилинг ҳеч чарчамайди”. Нолийдиганлар нолишларини бас қилиб, шукрга ўтсалар қанчалар яхши! Шукр қилувчилар  бу соҳада олиб борилаётган хайрли ишларга камарбаста бўлсалар янада яхши!

«ХХ1 аср» газетаси, 2007 йил, август.

* * *

- Tohir aka, biz yoshlar ko‘pincha nonni qo‘limizga olamiz-u uning qanchalar og‘ir mehnat evaziga yaratilganini har doim ham ko‘z oldimizga keltirolmaymiz. Ayniqsa, bugungi to‘kinchilik zamonasida non  unchalar qadrlanmayotgandek, nonni dasturxonimizga yetkazib berayotganlar mehnati nazarga ilinmayotgadek  tuyuladi. Shu haqda siz nima deya olasiz?

- Inson uchun yaratilgan eng ulug‘ ne’matlardan biri nondir. Ayrim ne’matlarni bir hafta, bir oy yoki yil iste’mol qilmay yurish ham mumkin. Lekin nonsiz yashashni tasavvur etish qiyin. Eng totli ne’matlarni ham ikki kun ketma-ket iste’mol qilsangiz, uchinchi kun unga qaragingiz ham kelmaydi. Lekin non hech qachon me’daga tegmaydi. Inson barcha mahluqot orasida aziz va mukarram qilib yaratilgani uchun ham unga shunday ne’matlar nasib etilgan. Shuning barobarinda “englar, ichinglar, ammo isrof qilmanglar” deb buyurilgan. Isrof qilganlar “shaytonlarning do‘stlari” deb ta’rif qilinib, bunday noshukrlar uchun har ikki dunyoda jazo tayyorlab qo‘yilgani ogohlantirilgan.                         
Siz savolni “biz yoshlar” deb boshladingiz. Aslida atrofimizga nazar tashlasak, kattalar orasida ham non qadrini unutayotganlar, nonni isrof qilayotganlarni ko‘ramiz. Agar yoshlar non qadrini bilmayotgan bo‘lsalar, demak, bunga kattalar ayblidirlar. Masalaga mantiqan qaraylik: non qadrini bilmagan katta odam farzandiga bu borada qanday nasihat qilishi mumkin? Nonni isrof qilayotgan odam yerni shudgor qilib, bug‘doy qadagan, yetishtirgan, o‘rib olgan dehqonning, tegirmonda ter to‘kkan ishchining, tandirning olovli og‘zi oldida zahmat chekkan novvoyning mehnatini qadrlarmidi?
Non uchun xizmat qilayotganlarning manglay teri iqtisodiy jihatdan hukumat tomonidan taqdirlanadi. Ma’naviy qadr esa siz bilan biz tomonimizdan bo‘ladi. Avvalo qorin to‘yib, shukronalik duosi qilinayotganda ularning haqiga ham hayrli tilaklar bildirilsa savob ustiga savob bo‘ladi. Eng muhimi – ularning mehnatlarini qadrlash bizlarning nonni isrof qilmasligimizda namoyon bo‘ladi. Tasavvur qiling: bir shoir yangi she’ri yozilgan qog‘ozni sizga in’om etdi. Siz she’rning yarmini o‘qib, so‘ng qog‘ozni g‘ijimlab tashladingiz...
Non isrofi – noshukrlikdan kelib chiqadi. Hadisi Qudsiyda aytiladiki: “Ey Odam farzandi!Hamisha ovqatlanishga o‘tirganingda qorni och bechoralar ham esingda bo‘lsin. Shunda Allohning bergan ne’matlariga shukr qilishing osonroq bo‘ladi”. Hozir dunyoda million-million odamlar bir burda nonga zor bo‘lib yashayapti. Biz shuni o‘ylaymizmi? Yoki uyi non va boshqa ne’matlar bilan to‘kin oiladagi  xasta odam bir tishlam nonni chaynab yuta olmaydi. Buni-chi, buni ko‘z oldimizga keltira olamizmi? Xudo dasturxonimizni to‘kin qilib berdi, ne’matlarni iste’mol qilishimiz uchun salomatlik berdi. Bunga shukr qilish o‘rniga bu ne’matlarni nima uchun isrof qilamiz?
Shoir Anvar Eshonov yozgan edilar:
                              O‘zbekiston kuziday
                                          bugun dasturxon to‘kin,
                               Turnalarday tizilib,
                                          yuraklari ezilib,
                               Qora non navbatida
                                          turganlarning haqqi ham,
                               Ulug‘ jang yo‘llarida
                                           ko‘ksidan qon sizilib,
                               Yevropada o‘t kechib
                                            yurganlarning haqqi ham,
                               Nasibangga qo‘shilib
                                            turar dasturxoningda.
Bugun nonni qadrlamayotganimizning ikki sababi bor: birinchisi – dasturxonimiz to‘kin. “To‘qlikka – sho‘xlik”, deganlariday, dasturxonimiz hamisha shunday bo‘ladi, deb ishonamiz. Ikkinchisi – farzand tarbiyasida nonni qadrlash, uni isrof qilmaslik masalalari tushib qolgan. Men bolaligimni ko‘p eslayman. Nonning hatto ushog‘ini ham qadrlash lozimligini uyda ota va onamizdan ham, ko‘chada begonalardan ham eshitardik. Faqat uyda emas, hatto ko‘chada kimdir tushirib ketgan ushoqni ko‘rsak, olib, changini puflab, o‘zini ko‘zga surtib so‘ng yeyishni tayinlashardi. Hozir uydagi dasturxondan bir bo‘lak non pastga tushib ketsa, olib yeyilmaydi, aksincha po‘choqqa yoki axlat chelakka tashlanadi. “Non ushog‘ini olmay bosib o‘tsang ko‘r bo‘lasan”, deb ta’kidlashardi. Ko‘rlik jismonan emas, ma’naviy  jihatdan ekanini biz keyinroq tushunib yetdik.
Yoshi ulug‘ otaxonlar, onaxonlar bir burda non uchun qishning sovug‘i, yozning jaziramasi demay tunu kun navbatda turganlarini unutishmagandir. Bu azoblarni eslab turishning foydasi bor. Albatta, biz yoshlarga bu azobni ravo ko‘rmaymiz, Xudo saqlasin! Lekin o‘tmish inson uchun hamisha saboq bo‘lib xizmat qilishi kerak.
                          Bu yo‘llar
                                 ko‘p qadim yo‘llar,
                           Besh million,
                                  o‘n million
                                         yuz million nafar
                                           qullar va tullar,
                          Gardanda cho‘yandan quyilgan zanjir,
                          Yerlarda hasharot kabi
                          Ochlikdan,
                                   zorlikdan gezarib labi,
                          Ojiz,
                              mahkum,
                                  xor va betadbir:
                         -Non! - deya,
                         -Non! - deya
                                surinib kechmishdir.
Atoqli shoir G‘afur G‘ulomning bu satrlarini katta avlod unutmagandir. Yosh avlod ham bu kabi satrlar zamirida yotgan ma’nolarni uqsalar yomon bo‘lmas edi.   
Dasturxon atrofida o‘tirgan bolada ham, kattalarda ham nonni ushlab ko‘rish odati bor. Agar non kechagi, suvi sal qochgan bo‘lsa chetga suriladi. Suvi qochgan nonning salomatlik uchun foydasi ko‘pligini bilganlar ham shunday qilsa ajablanasan kishi. Shunday kishilarga tanbeh bersangiz “Nonni isrof qilib tashlab yuborayotganimiz yo‘q, po‘choqqa qo‘shib qo‘shnimizning moliga beramiz”, deydilar. Mahallalarda shunday, biroq, ko‘p qavatli uylarda axlatga tashlanadi. Molga berish masalasiga kelsak, non insonning nasibasi, molning o‘z yemishi bor.
Muborak Haj safariga borganimizda nonning isrofini ko‘rib, hayratdan yoqa ushlagan edik. Bir kishiga mo‘ljallab qo‘yilgan non nonushtagagina emas, peshinlik hatto kechlikka ham yetarli edi. Lekin xizmatchilar non va boshqa ovqat qoldiqlarini xuddi axlat supurganday sidirib, qora yelim qopga solib, axlatga tashlar ekanlar. Shunday ulug‘ maskanda bunday isrofgarchilikka yo‘l qo‘yilishiga e’tiborsiz qarab turmadik. Juda ko‘pchilik noroziligini izhor qildi. Oqibatda dasturxonda qolgan siniq nonlarga tegilmaydigan bo‘lindi. Biz unda tanbeh berdik. O‘zimizda-chi? To‘ylardagi isrofgarchiliklar haqida tinmay gapiriladi, lekin amal qilinmaydi. Odamlar to‘y yoki ma’raka qilib savob topish o‘rniga gunohga botayotganlarini tushunishlari shunchalar qiyinmi?
Nonning isrofi haqida gapirilganda bir masalani chetlab o‘tish mumkin emas. Keyingi yillarda kichik non korxonalari ko‘p qurildi. Ammo sifatga e’tibor bermay qo‘yildi. Nonlarning xilma xil bo‘lishi ham unutildi. Xitoyning xamirturishidan foydalanib, non pufak kabi shishirilyapti-yu, ta’miga qaralmayapti. Ertalab yopilgan non peshindan keyin yelimga aylanib qolyapti. Nonning sifatini tekshirib turadigan, chora ko‘radigan biron idora bormi-yo‘qmi, bilmaymiz.
Bir misolga diqqatingizni tortmoqchiman (bir oz qo‘polroq bo‘lgani uchun uzr so‘rayman): deylik baland tokchada non turibdi. Och odamning qo‘li yetmaydi. Azoblanayotgan och odam qarasaki, atrofda muqaddas kitobdan boshqa narsa yo‘q. U ruhan azoblanib bo‘lsa-da, o‘sha kitobni oyog‘i ostiga qo‘yib, tokchadagi nonni oladi. Endi aksincha bo‘lsa-chi? Tokchada muqaddas kitob turibdi. Uni olishga bo‘yi yetmaydi. Atrofda nondan bo‘lak narsa yo‘q. Nonni oyog‘i ostiga qo‘yib o‘sha kitobni oladimi? Yo‘q! Nonko‘r odam ham bu ishni qilmasa kerak. Shunday ekan, nonni qadrlashni avvalo o‘zimiz o‘rganaylik va amal qilaylik, hamda farzandlarimizga ham tarbiya beraylik.
Bog‘cha va maktab, kasalxona va harbiy hamda harbiylashgan qism, shuningdek, o‘quv yurtlari oshxonalaridan chelaklab qoldiq ovqat va nonni ko‘tarib chiqayotganlarni ko‘rgan mudiralar, direktorlar, bosh vrachlar va boshliqlar loqaydlik qilmasalar qanday yaxshi! Biz bir-birimizga g‘oyat mehribonmiz. Shifoxonadagi birodarimiz ziyoratiga borishda kamida ikkita yoki to‘rtta non olamiz. Holbuki bemorga bitta non kifoya. (Hatto non olib borishning mutlaqo zarurati yo‘q. Chunki shifoxonada yetarli miqdorda bemorlargna non beriladi.) Lekin biz bitta non ko‘tarib kirishga hijolat bo‘lamiz. Nonni isrof qilishdan esa uyalmaymiz.  
Endi restoranlar, oshxonalarni, to‘yxonalarni qarang! Suv bo‘ylarida joylashgan oshxonalardan axlat va po‘choqqa aralash tashlanayotgan non qoldiqlariga qarang! To‘yga borganimizda dasturxon ustida siniq non bo‘laklari bo‘lsa-da, yana non sindiramiz: “bizni ham to‘yga yetkazsin”, degan niyatda sindirilar ekan. Bunday bema’nilikni kim o‘ylab topdi ekan, hayronmiz! Nonni isrof qilayotgani uchun gunohga botayotgan kimsaning niyati Yaratgan huzurida qanday qabul bo‘lar ekan? Shoir aytmoqchi: “Bo‘g‘ib o‘ldirgim kelar, serbo‘yoq lablarini non bilan artayotgan satang xonimni ko‘rsam... Adliya ministri! Sizdan qat’iy iltimos, isrof qilsa kim nonni qattiq jazo berilsa...” Shoirning bu taklifiga qo‘shiluvchilar ko‘p. Lekin gap jazoda emas. Gap insofda, gap vijdonda! Oliy majlis va senat shunday qonun qabul qilgan taqdirda ham isrof qiluvchilarning ongida o‘zgarish bo‘lmas ekan, non isrofi birdaniga to‘xtab qolmaydi.
Zamonlar bo‘lgan - nonning har bir qadog‘i oltin bilan o‘lchangan. Oltini bor odamlar bir tishlam non topa olmay xor bo‘lganlar. Biz ba’zan “non necha pul?” deb so‘raymiz.  Ikki yuz yoki uch yuz so‘mligini bilib, pulini to‘laymiz. Aslida biz non uchun emas, nonga xizmat qilganlarning haqini to‘ladik. Nonning o‘zi esa bebaho ne’matdir.

- G‘alla, don mustaqilligiga erishgunimizcha bo‘lgan davr bilan bugungi kunni qanday taqqoslagan bo‘lardingiz?

- Siyosiy mustaqillikka erishish mamlakatning nurli kelajagi saroyiga qo‘yilgan poydevor bo‘lsa, iqtisodiy mustaqillikka erishish xalqning baxtidir, saodatidir. Siyosiy mustaqillik qaror topgan ondan boshlab asosiy masala xalqning qornini to‘ydirish bo‘ladi. Xalq dasturxonini to‘kin qila olmagan har qanday hukumat vazifasini ado etolmagan bo‘ladi. Dunyoda mustaqil mamlakatlar ko‘p, ayni choqda o‘z xalqiga non topib bera olmayotganlari ham oz emas. Nonni faqat chetdan olib keluvchi davlatning iqtisodiy ahvoli nochor bo‘ladi. Demak, u butunlay mustaqil emas. Ya’ni non beruvchi mamlakatga tobe maqomida bo‘ladi. U mamlakat xohlasa non beradi, bo‘lmasa yo‘q. Bugun bir narxda, ertaga boshqa narxda sotadi. Va yana ming xil nayranglar qilishi mumkin. O‘zining noni yo‘q mamlakatning esa qulluq qilib turishdan o‘zga chorasi yo‘q.
Turonzamin o‘tmishda nonni boshqa yurtlardan olib kelmagan. Yer, suv, Quyosh bu joylarga to‘kinlik baxsh etadi. Dehqonlar qaerga nima ekib, qanday hosil yetishtirishni yaxshi bilganlar. Faqat sovetlar zamonida qaerda qanday dehqonchilik qilishni kompartiya belgilaydigan bo‘ldi. Sovetlarni paxta mustaqilligi bilan ta’minlash uchun biz tomonlarda bug‘doy ekish keskin qisqartirildi. “Siz paxta yetishtiravering, nonni biz beramiz” degan va’da bilan g‘allazorlar yo‘q darajaga keltirildi. Oltmishinchi yillarda bir kinofilm yaratilgan edi. G‘alla ekib kelgan yerimga paxta ekmayman, degan turkman dehqoni xalq dushmani ko‘rinishida tasvirlangandi.  
O‘zbekiston mustaqil deb e’lon qilinganidan keyin non ta’minoti faqat hukumat tashvishi emas, har bir xonadon tashvishiga aylandi, desak mubolag‘a bo‘lmas. “Endi nima bo‘ladi? Non, go‘sht...ni kim yetkazib beradi?” degan savol ko‘pchilikni o‘ylantirgan edi. Sir emas, badbinlikka berilganlar ham topildi.  “Endi ocharchilik bo‘ladi” degan havotirda do‘kondan qoplab non olib qotirib qo‘yganlar ham uchradi. Biz noshukrchilikka o‘rganib qolganmiz. 14-15 yil muqaddam nonning narxi oshsa norozi bo‘laveradiganlar ko‘p uchrardi. Noroziligini bayon qilib gapiraverardi-ku, ammo narx oshish sabablari bilan qiziqib ko‘rmasdi. U damlarda bug‘doy, un asosan tashqaridan olib kelinardi. Bug‘doy yoki unning narxi, temir yo‘l harajatlari yuqori edi. Rahbariyat oldida qo‘shnilar kabi 2-3 million emas, salkam 25 million aholini non bilan ta’minlashday murakkab vazifa turardi. Bu murakkab masalani hal qilishning birdan bir to‘g‘ri yo‘li mustaqillikning dastlabki bosqichidayoq aniq belgilandi: g‘alla mustaqilligiga erishmoq shart! Bu vazifaning ado etilishi dasturxonimiz to‘kinligini ta’minladi. Lekin, tan olish kerak, bu osonlik bilan amalga oshmadi. Iqtisodiy, texnikaviy qiyinchiliklarni qo‘ya turaylik. Odamlarning bu vazifaga loqayd qarashi vazifani yanada og‘irlashtirdi. Loqaydlik nimada edi? Avvalo ekin maydonlarining himoyasida. Bug‘doyzorlarga mol haydovchilarning ishini nima deb baholashimiz mumkin? O‘rim paytidagi talon-tarojlikni-chi? Rahbariyat g‘alla mustaqilligi uchun barcha choralarni ko‘rgan onda, kimlardir o‘z manfaatlarini qondirish bilan band bo‘lsalar?
G‘alla mustaqilligiga erishgunimizcha bo‘lgan davr bilan hozirgi kunni so‘z bilan ifodalash shart emas. Har birimiz o‘z xonadonimizdagi dasturxonga qarab qo‘ya qolaylik. Eng kam ta’minlangan oilaga mehmon bo‘lib kirib borsangiz dasturxoniga hech bo‘lmaganda ikkita yumshoq non qo‘yadi.

- Ana shu masalada bugungi kun bilan tarixan, boring-ki, yaqin tariximizni qiyoslab bera olasizmi?

- Qiyoslash uchun ko‘p bosh qotirishning hojati yo‘q. Sovet davrida to‘y tashvishlari va mashaqqatlarini eslasak kifoya qilar. To‘y qilishdagi eng og‘ir masala nima edi? Ikki-uch qop un topish edi. Sovetlarning rahbariyati “siz paxta beravering, biz non bilan ta’minlaymiz”, degani bilan va’dasini bajara olmasdi. Do‘konga un kelganda ikki kilo un olish uchun soatlab navbatda turishlarni unutmagandirmiz? Qudsiy hadisda Alloh marhamat qiladi: “Ey Odam farzandi, Men yaratgan ne’matlarni yeb-eb tishlaring malollanib charchab ketadi-yu, lekin Mening shikoyatimdan tiling hech charchamaydi”. Noliydiganlar nolishlarini bas qilib, shukrga o‘tsalar qanchalar yaxshi! Shukr qiluvchilar  bu sohada olib borilayotgan xayrli ishlarga kamarbasta bo‘lsalar yanada yaxshi!

«XX1 asr» gazetasi, 2007 yil, avgust.