Агар ростгўй бўлсангизлар...

Рукн: Суҳбатлар Чоп этилган: 06.10.2011

Умид қиламизки, азиз ўқувчиларимиз бу суҳбатдан ўзлари учун кўпгина манфаатларга эга бўлишади. Чунки илм аҳли билан кечадиган суҳбатлар, ёмғир сувлари ташна ерларни яшнатгани каби, қалблардаги имонни яшнатади. Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар бош имом-хатиби Абдул Азим Зиёуддин ўғли билан суҳбатимиз ғоятда мазмунли кечди. Шахсан камина ўзимни қизиқтирган кўпгина муҳим саволларимга жавоб топдим. Мавзу асосан, юртимизда долзарб бўлиб турган масала — миссионерлик ҳаракати, Инжил ва христианлик ҳақида эди.

— Ҳурматли домла, суҳбат аввалида маънавият ва маърифат ҳақида қисқача тўхталсак.

— Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Алҳамду лиллаҳ, вас-солату вас-саламу ъала росулиллаҳ. Аммо баъд: Ассалому алайкум ва рохматуллохи ва барокатуҳ.
"Маънавият" арабча сўз бўлиб, «хилофи моддиёт»ни, яъни, инсоннинг моддий ҳолатидан ташқари, унда руҳий ҳолат ҳам борлигини билдиради. "Маърифат" сўзи ҳам арабча бўлиб, «Идрокуш-шайъи ъала ма ҳува алайтҳи» (ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўйиш»), яъни, ўша руҳий ҳолатга тўғри ва соф озуқа беришни англатади.
Инсон икки нарсадан — модда ва руҳдан ташкил топган. Инсон жисми тупроқ моддасидан яратилгани боис, унинг озуқаси ҳам моддий нарсалардир. Яъни, қорни очса, таом ейди, чанқаса, чанқовбосди ичимлик ичади, касал бўлса, даволанади, чарчаса, дам олади, моддий илмларни ўрганади ва жинсий ғаризаси ғалаён қилса, қондиради ва ҳоказо. Буларни инсон ақли билан топади. Чунки Аллоҳ таоло инсонга онг, фаҳм-фаросат, ақлу заковат берганки, улар ёрдамида баданига нима керак эканини билади ва шу билими ўнга жисмининг озуқасини топиб беради. Масалан, нимани ейиш ва нимани емаслик керак, қандай истеъмол қилиш лозим, даволанишда қайси дардга нима даво бўлади ва уни қайси услубда кабул қилиш керак. Агар билмаса, дўхтир-табибларга ё билағонларга мурожаат қилади. Чунки инсон ҳар бир ишнинг ўз мутахассиси борлигини билади. Лекин руҳий озуқа ер юзидан топилмайдиган нарсадир. Руҳ модда эмас. Руҳий озуқани билишдаи олдин руҳ ўзи нима эканини билиб олишимиз керак. Ўтган пайғамбарларга қавмлари руҳ нима деган саволни қўйишган. Инсониятни илк замонлариданоқ энг қизиқтирган нарсалардан бири руҳ масаласи эди, лекин ҳеч қачон одамзот бу масалада бирон-бир аниқ билимга эга бўлмаган. Хоссатан Пайғамбаримизнинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, олдиларига ҳам яҳудийлар келиб: «Eй Муҳаммад, сен ростдан ҳам пайғамбар бўлсанг, бизга жавоб бер, руҳ нима?» деб сўрашган. Бўнга жавобан Исро сурасининг 85-: «Eй Муҳаммад, сиздан руҳ ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Руҳ фақат Раббимнинг ишидандир». Сизларга эса оз илм берилгандир» ояти нозил бўлади. Яҳудийлар буни эшитиб; «Ҳа, сен тўғри гапни айтдинг, аввалги пайғамбарлар ҳам қавмларига шу жавобни айтишган. Лекин барибир биз сенга имон келтирмаймиз, деб чиқиб кетишган. Демак, ҳатто пайғамбарлар ҳам бу масалани билишга ожиз эканлар. Энди шу руҳ ўзи қаердан келди, деган саволга Қуръон шундай жавоб беради: «У (Аллоҳ) инсонни (яъни, Одамни) даставвал лойдан яратди... Сўнгра уни (инсон қилиб) ростлаб, ичига Ўз (даргоҳидаги, яъни, Ўзи яратган) руҳидан киритди...» (Сажда сураси 7—9-оятларидан). Маълум бўлдики, руҳ Аллоҳ тарафидандир. Унинг аслини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. Модомики руҳ Аллоҳ тарафидан экан, унинг озуқаси ҳам Аллоҳ тарафидан бўлиши табиийдир. Шу озуқани У Зот пайғамбарлари воситасида, илоҳий китоблар орқали юборган.

— Умуман пайғамбарлар ҳақида ҳам сўз юритсангиз.
— Пайғамбарлар инсоният орасидаги энг доно, ростгўй, ақлли, фаҳм-фаросатли, ҳаёли, оқкўнгил, раҳм-шафқатли, хуллас, бутун инсоний фазилатларга эга бўлган ҳазрати Инсон эдилар. Аллоҳ таоло бу зотларни танлаб, уларга ваҳий юборган. Ваҳийни қабул этиб ўзи амал қилгани набий, бошқаларга ҳам етказишга буюрилгани расулдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «Ҳар бир уммат ичида ҳам албатта бир огоҳлантиргувчи пайғамбар ўтгандир» (Фотир, 24-оят мазмуни). Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Пайғамбарлар ўзаро биродардирлар... ва динлари ҳам биттадир» (Муслим ривояти), деб марҳамат қилганлар. Уларнинг йўллари битта бўлган, у ҳам бўлса, инсонларни Аллоҳ кўрсатган йўлга даъват қилиш. Аллоҳ таоло айтади: «Eй пайғамбарлар, ҳалол-пок таомлардан енглар ва яхши амаллар қилинглар! Албатта. Мен қилаётган амалларингизни билгувчидирман. Шак-шубҳасиз, (барчангизнинг) миллатингиз (яъни, динингиз) бир миллат (яъни, Исломдир). Мен эса сизларнинг Парвардигорингиздирман, бас, Мендангина қўрқингиз!» (Муминун, 51—52-оятлар мазмуни).
Пайғамбарлар маъсумдирлар, яъни, Аллоҳ уларни гуноҳ-маъсиятдан, фисқу фужурдан ва барча разолатлардан сақлаган. Пайғамбарларнинг силсиласи мисоли занжир бўлиб, бош халқаси Одам алайҳиссалом бўлсалар, охирги халқаси Ҳазрати Муҳаммаддирлар, соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Аллоҳ таоло инсонларга илоҳий кўрсатмаларни шундоқ бераверса бўлмасмиди, ахир инсонларга ақл-тафаккур ато этилган-ку, пайғамбарлар жўнатишга ҳожат бормиди, дейилса, айтамизки, бир куни кемада кетаётганларида Нажим Фозилдан бир шогирди: «Устоз, Аллоҳ пайғамбар юбориб нима қиларди, илоҳий китоб берса, ўзимиз ўқиб амал қилаверардик", деб сўраганида Нажим Фозил китобдан бошини кўтармай: «Кемага чиқиб нима қилардинг, денгиздан ўзинг сузиб ўтиб кетаверсанг бўлмасмиди?» дея жавоб берган экан. Пайғамбарлар ўз умматларига Аллоҳнинг барча буйруқларини — нима қилиш керагу нима қилмаслик кераклигини етказганлар. Пайғамбарларга Аллоҳ таоло оддий шахсларинг қўлидан келмайдиган баъзи ишларни қила олиш, яъни, мўъжиза кўрсатишдек улуғ фазилатни ато этган, бу нарса уларнинг ҳақиқий пайғамбар эканликларига далил бўлиб келган. Барча пайғамбарлар Аллоҳнинг йўриғида юрган кишиларга бу дунёю у дунёда саодатманд бўлиш башоратини беришган. Аллоҳнинг айтганига кўнмай ҳавою нафсига берилиб кетганларга эса, бу дунёда хор-зор бўлиб, у дунёда азобга дучор бўлишларининг хабарини етказишган. Пайғамбарлар Аллоҳнинг буйруғини амалга оширар эканлар, халқларга йўл-йўриқ кўрсатишлари, ботил йўллардан қайтариб, одил, олий қонунларга бошлашлари, хуллас, она гўдагини тарбиялаганидек, уларни тарбиялашлари зарур эди. Ислом ҳамма пайғамбарларга имон келтириб, уларни ҳурматлашни мусулмонларга фарз қилиб қўйган.

— Сўзингиз орасида пайғамбарлар силсиласининг охирги халқаси пайғамбаримиз Муҳаммаддирлар, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, деб айтиб ўтдингиз. Шунга далилларни баён этсангиз.
— Ҳазрати Муҳаммаднинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, пайғамбарликлари муайян бир халқа ёки замон билан чекланиб қолмай, бутун дунёга ва то қиёматгача тааллуқлидир. Пайғамбаримиз бутун, башариятга юборилганлар ва шу билан ваҳий, пайғамбарлик силсиласи хотималанган. Аллоҳ таоло башариятга юборган ҳидоят ва нурларнинг барчасини у кишининг воситаси билан юбориб бўлди. Аллоҳ таоло айтади: «(Eй мўминлар), Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг сўнггисидир. Аллоҳ барча нарсани Билгувчи Зотдир» (Аҳзоб, 40-оят мазмуни). Бухорий ва Муслим ўз “Саҳиҳ”ларида Абу Ҳурайрадан, розияллоҳу анҳу, ривоят қилишган ҳадисда Пайғамбаримиз, алайҳиссалом, шундай дейдилар: «Мен ва мендан аввал ўтган пайғамбарларнинг мисоли бундай: бир киши иморат бино қилди, уни жуда чиройли ва яхши қилиб қурди-ю, фақат бир ғиштнинг ўрни очиқ қолди. Одамлар уйни келиб кўриб, қойил қолишади ва охирида: «Ҳаммаси яхши бўлибди-ю, лекин шу ғиштни қўйиб қўйилса бўларкан», дейишади. Мен шу ғишт мисолидаман. Ва мен пайғамбарларнинг охиргисиман».
Исо, алайҳиссалом, ўзларидан кейин Муҳаммаднинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, пайғамбар бўлиб келишларини башорат қилганлар; Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади: «Eсланг, Ийсо ибн Марям: "Eй бани Исроил, албатта, мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбаридирман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқлагувчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад*1 исмли бир Пайғамбар ҳақида хушхабар бергувчи бўлган ҳолда (юборилдим)", деган эди» (Саф, 6-оят мазмуни).
Ҳозирда мавжуд "Инжил"ларда ҳам пайғамбаримиз, алайҳиссалом, ҳақларида бир неча башоратларни ўқиймиз:
«15. Агар мени севсангизлар, амрларимга амал қилинглар. 56. Мен Отамга*2 мурожаат қиламан ва У тоабад*3 сизлар билан қоладиган бошқа*4 Юпатувчини*5 юборади. 17. Бу Юпатувчи Ҳақиқат Руҳидир... 26. Ўша Юпатувчи, яъни Менинг номимдан Отам юборадиган Муқаддас Руҳнинг Ўзи сизларга ҳаммасини ўргатади, Менинг сизларга айтган ҳамма сўзларимни У ёдингизга туширади» (Юҳанно, 14-боб).
«26. Отам ҳузуридан Мен сизларга юборадиган Юпатувчи, яъни Отам наздидан чиқувчи Ҳакикат Руҳи келгач, У Мен тўғримда гувоҳлик беради. 27. Сизлар ҳам гувоҳлик берасизлар, чунки бошданоқ, Мен билан биргасизлар» (Юҳанно, 15-боб).
«7. Аммо сизларга ҳақиқатни айтаман, Менинг кетишим сиз учун фойдалидир. Агар Мен кетмасам, Юпатувчи олдингизга келмайди. Агар кетсам, Уни олдингизга юбораман. 8. У эса келиб, гуноҳ, адолат ва ҳукм хусусида дунёнинг хато қилганини фош килади... 13. Муқаддас Ҳақиқат Руҳи келгач, У сизларни бутун ҳақиқат йўлига бошлайди. У Ўзича гапирмайди, неки эшитса, ўшани сўзлаб беради, У келажак ҳақида сизларга хабар қилади...» (Юҳанно, 16-боб).
«22. Мусо пайғамбар ота-боболаримизга гапириб, деган: «Раббингиз бўлган Худованд сизларга биродарларингиз орасидан мен каби*6 бир Пайғамбар зоҳир қилгай. Бутун ишларда сизларга нимаики гапирса, Унга қулоқ солинглар. 23. Ўша Пайғамбарга қулоқ солмаган ҳар бир жон ўз халқи орасидан қириб ташлангай...» (Ҳаворийлар, 3-боб).
«19. Қуддусдаги яҳудийлар юборган руҳонийлар*7 ва левитлар*7 Яҳё пайғамбарнинг олдига бориб ундан: — Сен кимсан? — деб сўрадилар. Яҳё шаҳодат берди: 20. — Мен Масиҳ эмасман, — деб очиқ тан олди у, инкор этмади. 21. Яна ундан: — Бўлмаса, Илёс пайғамбармисан? — деб сўрадилар. — Йўқ! — деди у. Охирзамон пайғамбаримисан? — деб савол бердилар. У яна: — Йўқ! — деб жавоб берди»*8 (Юҳанно, 1-боб). Бу ерда ҳам маълум бўлиб турибдики, охирги пайғамбар Исо эмас, балки Муҳаммаддирлар, алайҳиссалом.

— Пайғамбаримиз Муҳаммаднинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, аввалги пайғамбарлардан қандай афзаллик жиҳатлари бор?
— Саҳиҳлигига иттифоқ қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, шундай марҳамат қиладилар: «Аллоҳ, мени бошқа пайғамбарлардан олти нарса билан афзал қилди. Менга жавомиъул калимни (“ҳикматлар хазина”сини) берди. Бир ойлик масофадан душманларимнинг қалбига қўрқув солиш билан мени қувватлади. Менга ғаниматларни (урушда қўлга киритилган ўлжаларни) ҳалол қилди. Ер юзини менга покловчи ва масжид қилиб берди. Мен бутун инсоният учун пайғамбар бўлиб келдим ва мен билан пайғамбарликни якунлади».
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «(Eй Муҳаммад, алайҳиссалом) Дарҳақиқат, биз Сизни барча оламларга фақат раҳмат (яъни, Аллоҳнинг раҳматига — жаннатига етакловчи) қилиб юбордик» (Анбиё, 107-оят мазмуни). Муҳаммад, алайҳиссалом, олиб келган таълимотлар, Қуръон барча оламларга раҳмат-шафқатдир. Ҳам бу дунёнинг раҳмат-шафқати, ҳам у дунёнинг раҳмат-шафқатидир. Буни фаҳмлаб олиш қийин эмас. Ислом таълимотларига инсоф назари билан қарашнинг ўзи кифоя. Бутун оламларга меҳр-муҳаббат, раҳм-шафкат руҳи улардан балқиб турибди. Хар қандай ақли расо одам дарҳол пайқаб олади. Яна бошқа оятда Аллоҳ таоло шундай дейди: «(Eй Муҳаммад, алайҳиссалом), Биз сизни, шак-шубҳасиз, барча одамларга (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи, (кофирларни эса дўзах азобидан) огоҳлантирувчи ҳолида Пайғамбар қилиб юбордик. Лекин кўп одамлар буни билмаслар» (Сабаъ, 28-оят мазмуни). Инсоният тарихида Муҳаммадчалик, алайҳиссалом, қавми тарафидан севилган ва ҳурматланган инсон ўтмаган. Тарих китобларида баён қилинишича, Урва исмли мушрик Курайш кофирларига шундай хикоя қилган эди: «Мен жуда кўп ҳукмдорларни кўрганман. Мен Сезарнинг, Кисронинг, Негуснинг саройларида бўлганман. Лекин қасам ичишим мумкинки, Муҳаммадни ашоблари ҳурмат қилганлари каби ҳурмат-еҳтиром қилинган ҳукмдорни кўрмадим. Аллоҳга қасамки, агар у бир нарса буюрса, улар дарҳол уни бажаришга ташланишади, ювинса, ундан тушаётган сувни талашиб-тортишиб олишга ошиқишади, гапирса, сукут қилиб қотиб қолишади, шу даражадаки, ҳатто унинг кўзига тик қарашга ботина олишмайди».

— Оврупалик бир инсофли олим Қуръон билан танишиб чиқиб, шундай хулосага келган экан: “Қуръон ўликларни тирилтиришдан-да буюкроқ мўъжизадир”.
— Қуръон ҳақида уламолар таърифи бундай: «Қуръон Аллоҳнинг Муҳаммадга, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, туширган, тиловати ибодат ҳисобланадиган, ожиз қолдирувчи каломидир». Қуръоннинг мўъжизавийлиги ҳақида сўз юритадиган бўлсак, бу Китоб ўзининг ҳидояти, қонун-қоидалари, услуби ва маънолари билан башариятни ожиз қолдирган, ожиз қолдириб келмоқда ва шундай бўлиб қолади. Чунки Қуръон башариятнинг ақли тараққий этган бир пайтда шу тараққиётга мос бўлиб тушди. Ҳозирда «Қуръон ва суннатдаги илмий мўжизалар» номи билан аталган бир неча халқаро ташкилотлар, илмий нашрлар бор. Тиббиёт, кимё, физика, астрономия ва бошқа соҳа олимлари ўз илмлари доирасида Қуръон мўъжизаларини топдилар ва топяпдилар. Ғарбнинг неча-неча забардаст олимлари шу туфайли Исломни қабул қилган ва ҳануз қабул қилмоқдалар. Илм-фан ва техника ривожланган давримиздаги кашфиётларнинг Қуръони каримда хабари борлиги Қуръоннинг энг катта мўъжизаларидандир.
«Токи уларга (ушбу Қуръон ростдан ҳам Аллоҳ томонидан нозил қилинган) ҳақ (Китоб) эканлиги аниқ маълум бўлгунича, албатга, Биз уларга атрофларидаги ва ўз вужудларидаги (Бизнинг борлигимиз ва қудратимизга далолат қиладиган) оят-аломатларимизни кўрсатажакмиз. Ахир (уларга) Парвардигорингизнинг барча нарсага гувоҳ экани (яъни, Аллоҳ таоло ушбу Қуръонда коинотдаги барча нар-сани қамраб олиб, Ўз ҳукмини баён қилаётгани Сизнинг ҳақ Пайғамбар эканингизни исботлаш учун) етарли эмасми?!» (Фуссилат, 53, мазмуни).
Мана, ўн тўрт асрдан ошдики, бу Китоб мўмин-мусулмонлар учун илоҳий дастуруламал бўлиш билан бирга, бутун инсониятни ўзига жалб қилиб келмоқда. Қуръони карим Аллоҳ таоло ҳузуридан Пайғамбаримиз Муҳаммадга, алайҳиссалом, нозил бўла бошлаган замонлардаёқ бу ҳайрат — Қуръон чин Илоҳий Калом эканини тан олиш бошланган. Маълумки, у замон араб адабиёти ўта ривожланган эди. Мўъжиза қилиб, Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга Қуръони каримни нозил этди. Қуръонни эшитганда араб сўз усталарининг энг буюклари ҳам унга бош эгдилар. Қуръон қаршисида машҳур шоирларнинг ҳам тили тутилиб қолди.
Мана, бир тарих. Ўша замонларда уч юз олтмишта араб қабиласи бор эди ва улар ҳар йили ўзаро шеърий мусобақа ўтказишиб, ғолиблар аниқланар эди. Бир мавсумда ғолиб бўлган еттита шоирнинг шеърлари Каъба деворига осиб қўйилганида, кичик ёшли Абдуллоҳ ибн Аббос, розияллоҳу анҳу, Қуръони каримдаги энг ихчам Кавсар сурасини ёзиб, саккизинчи қилиб илиб қўйган экан. Шеърларни бир четдан ўқиб келган ҳайъат аъзолари саккизинчи қоғоздаги сатрларни, яъни, «Инна аътойнакал кавсар. Фасолли ли роббика ванҳар. Инна шани-ака ҳувал абтар» жумлаларини ўқиб: «Ҳаза лайса мин қовлил башар» («Бу сўзлар, инсоннинг сўзи эмас»), деб юборадилар.
Ибн Ҳишом «Сийрати набавия» китобида келтиради: «Одамлардаги Қуръонни тинглашга бўлган иштиёқ шу даражада кучли эдики, ҳатто Пайғамбарни инкор этаётган Қурайш мушрикларининг баъзилари тунлари, яширинча Расулуллоҳнинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уйлари олдига келиб, тонггача Қуръон тиловатига қулоқ солиб чиқишарди. Бу ҳолат кўп марта такрорланган эди».
Аллоҳ таоло айтади: «(Eй Муҳаммад, алайҳиссалом), Албатта, Биз (Қуръон) билан тақво эгаларига хушхабар беришингиз учун ва саркаш қавмни қўрқитишингиз учун уни Сизнинг тилингизга осон-енгил қилиб қўйдик» (Марям, 97-оят мазмуни). Бу оятнинг тасдиқига айтиш мумкинки, бугунги кунда милёнлаб мусулмонлар энг Буюк Илоҳий Мўъжиза бўлмиш Қуръонни ёддан билишади. Аллоҳ таоло Қуръони каримни Муҳаммад, алайҳиссалом, орқали нозил этди, Пайғам-баримиз зиммаларидаги бурчни аъло даражада адо этдилар ва у кишининг вафотларидан сўнг ҳам Қуръон ҳидояти, қонун-қоидалари, услуби ва маънолари билан мудом барҳаётдир. Мана, ўн беш аср бўляптики, Қуръони каримнинг бирор ҳарфи ҳам ўзгармасдан турибди. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, бу Эслатмани (яъни, Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва, шубҳасиз, Ўзимиз уни сақлагувчимиз» (Ҳижр, 9-оят мазмуни).
Аввалги илоҳий китобларнинг асл нусхалари йўқолиб кетгани ҳолда, Қуръони каримнинг асл нусхаси ҳануз сақланиб келмоқда ва дунёда чоп этилган жамики Қуръон нусхаларини асл нусхага солиштирсак, бирор ҳарфида ҳам фарқ, йўқлигига гувоҳ бўламиз. Бунга мисол қилиб ҳазрати Усмон, розияллоҳу анҳу, томонларидан жам қилдирилган, ҳозирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланаётган Қуръони каримнинг асл нусхаларидан бирини ҳам келтиришимиз мумкин.

— Суҳбатимиз Қуръони карим ва аввалги илоҳий китоблар муносабатига келиб тақалди.
— Қадимги диний китобларга инсонларнинг ҳам қўли теккани сабаб, уларга ақлга ва хақиқатга тўғри келмайдиган бир қанча сўзлар сизиб кирган. Бу қўшимчалар инсон эътиқодини бузадиган даражададир. Ҳатто уларнинг баъзилари хулқий бузуқликлардан иборатдир. Лекин Қуръон бундай сўзлардан мутлақо пок. Унда бирорта ҳам ақлга зид ёки тажрибада хато бўлиб чиққан нарса йўқ. Инсонни адаштирадиган жойи йўқ. Яна Қуръони карим аввалги китоблардан фарқли равишда ички ихтилофлардан батамом ҳолидир. Шу ўринда узоқ йиллар давомида христиан руҳонийи бўлиб хизмат қилган ва Аллоҳнинг ҳидояти ила (1999 йили) Исломга кирган русиялик машҳур давлат арбоби, фалсафа фанлари доктори, профессор Али Вячеслав Полосиннинг «Прямой пут к Богу» (Аллоҳга элтадиган тўғри йўл) китобидан бир парча келтираман: "Мен биринчи марта Қуръони каримни очиб, "Уларга айт..." деган сўзга кўзим тушганида ва Қудратли Яратувчи ҳақидаги тараннумларни ўқиганимда, бу сўзлар дарҳақиқат энг қудратли зот Аллоҳнинг сўзлари эканини тушундим. Аллоҳ Қуръоннинг эгаси, Муҳаммад эса унинг элчисидир. Ҳар нарсага Қодир Зот инсоний оёқ-қўлларга ҳам, қуш қанотларига ҳам... ҳар хил шубҳали аломату башоратларга ҳам, Ўзининг Сўзларига инсоний аралашувларга ҳам, "илоҳлаштиришлар"нинг турли кўринишларига ҳам асло муҳтож эмасдир. Чунки у Қудратлидир, У бутун дунёни осонгина яратгандир, У Ўз иродасини одамларга қандай хоҳласа, шундай, қачон хоҳласа, ушанда ва Ўзи кимни танласа, ўша элчиси орқали етказишга қодир Зотдир. Бугун Исломни турли бўлмағур айбларни ёпиштириш ва ҳар хил асоссиз туҳматлар уюштириш билан инкор этган ва инкор этаётган кишиларга қарата эса, Аллоҳ таолонинг Ўзи бундай дейди: “Ахир улар Қуръон ҳақида фикр юритмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқа биров томонидан бўлса эди, унда кўп зиддиятларни топган бўлар эдилар-ку?!” (Нисо, 82-оят мазмуни). Қуръон оятларида зиддиятлар йўқ, уларда кейинчалик қўшиб қўйилган қистирмалар ҳам йўқ, Аллоҳ сўзларининг бошланиши ҳам, охири ҳам уларда очиқ кўриниб туради, улар Исо ва унгача келган бошқа пайғамбарларнинг, алайҳимуссалом, сўзларини эслатади ва изоҳлайди, улар Ер юзидаги барча халқларга оддий оила ва турмушдан тортиб, то давлат қурилмаларигача яккахудоликнинг ижтимоий доктринасини эълон килади. Бу Китобни ўқиб чиққач, мен шуни тушундимки, христианликдаги Исо, келажакда келади, деб башорат берган ҳақиқий христианлик кўрсатмаси айни шу муқаддас Қуръони каримдир*9.
Бир сўз билан айтганда, Қуръон нозил бўлганидан кейин инсониятнинг бошқа илоҳий китобга эхтиёжи қолмади.

— Қуръони карим аввалги илоҳий китобларнинг давомчиси сифатида қандай ўрин тутади?
— Мусога, алайҳиссалом, нозил этилган Таврот китобининг муддати Исо, алайҳиссалом, пайғамбар бўлиб келишлари билан тугаган. Исога, алайҳиссалом, нозил этилган Инжил китобига амал қилиш муддати эса Муҳаммад, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, пайғамбар бўлиб келишлари билан тугади. Муҳаммадга, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, нозил этилган Қуръони каримга бу дунёда амал қилиш муддати қиёматгачадир. Аллоҳ таоло Куръонни аввалги илоҳий китобларни:
а) тасдиқловчи: «Сизга эса (ей Муҳаммад, алайҳиссалом), Биз ўзидан олдинги Китоб(ларни) тасдиқлагувчи...»
б) гувоҳ: «ва у (Китоблар) устида гувоҳ бўлган бу Китобни ҳаққирост нозил қилдик...» (Моида, 48, мазмуни);
в) ажратувчи: «(Eнди эса ҳақ билан ноҳақни) Ажратгувчини (Қуръонни) нозил қилди» (Оли Имрон, 4, мазмуни);
г) муфассал баён қилгувчи: «...(унга) имон келтирадиган қавм учун барча нарсаларни муфассал баён қилиб берувчи Ҳидоят ва Раҳмат (бўлган бир Китобдир)», деб айтади (Юсуф, 111, мазмуни).

— Яқинда қўлимга христиан миссионерлари томонидап ўзбек тилида тарқатилган «Ҳақиқат! Ҳа, фақат Ҳақиқат!» деган рисола тушиб қолди. У ерда: «Инжил Қуръоннинг «хато»ларини тўғрилайди» деган ғоя илгари сурилибди...
— Бу қуруқ даъводир. Ҳақиқат бу даъвонинг аксичадир. Маълумки, айтилган сўз илмий ёки амалий суратда исботланмагунча ҳеч бир кучга эга бўлмайди. «...Бу уларнинг хом ҳаёлларидир. (Eй Муҳаммад, алайҳиссалом) айтинг: «Агар ростгуй бўлсангизлар, ҳужжатларингизни келтирингиз!» (Бақара, 111, мазмуни). Инсонлар томонидан бузуқ "тузатишлар" киритилган ҳозирда мавжуд Таврот ва Инжилларда пайғамбарлар қаттиқ туҳматга учраганлар. Қуръон эса у китоблардаги хатоларни тўғрилаган. Мана, бир неча мисол:
«31. ...Бир куни Лутнинг катта қизи кичигига деди: — Отамиз қари, ер юзидаги одатга кўра биз никоҳга олинишимиз учун мамлакатда бирон эркак қолмаган. 32. Кел, отамизга шароб ичириб, у билан ётамиз, токи отамиздан насл сақлайлик. 33. Ўша кечаси қизлар оталарига шароб ичирдилар. Катта қиз отасининг ётоғига кириб, у билан ётди. У эса қизининг қачон ётиб, қачон турганини билмади. 34. Эртасига катта қиз синглисига: — Мен ўтган кеча отам билан ётдим. Бу кеча унга яна шароб ичирамиз, бу гал сен унинг ётоғига кириб у билан ёт, токи отамиздан насл сақлайлик, — деди. 35. Қизлар ўша кечаси ҳам оталарига шароб ичирдилар. Кичик қиз бориб, отаси билан ётди. Отаси эса қизининг қачон ётиб, қачон турганини билмади. 36. Шундай қилиб, Лутнинг иккала қизи ҳам оталаридан хомиладор бўлдилар... (Тавротдан «Ибтидо» китоби, 19-боб).
Инсонлар ичидаги энг маданиятли, юксак ахлоқ соҳиблари бўлган пайғамбарлардан бирига бўлаётган туҳматни қаранг! Ахир, Лут пайғамбар ўз қизлари билан зино қиладиган ароқхўр шахс бўлганмилар? Астағфируллоҳ!!!
Eнди Қуръони карим Луг, алайҳиссалом, ҳақларида нима деганига қулоқ тутамиз: «Яна Биз Лутга ҳикмат ва илм ато этдик ва унга нопокликлар қилувчи бўлган қишлоқ (аҳли)дан нажот бердик. Дарҳақиқат, улар ёмон бузуқ қавм эдилар. Ва Биз уни (Лутни) Ўз раҳмат — жаннатимизга дохил қилдик. Шак-шубҳасиз, у солиҳлардандир» (Анбиё, 74— 75, мазмуни); «...ва Лутни (ҳам Биз ҳидоят қилдик) ва барчаларини бутун оламлардан афзал қилдик» (Анъом, 86, мазмуни).
Инжилда Исо пайғамбар оналари Марямга қўпол сўзлар билан муомала қилганлари баён қилинади: «3. ...Шароб тугаб қолгач, Исонинг онаси Унга: — Уларда шароб қолмабди, — деди. 4. Исо унга: — Менинг ишимга аралашма, аёл. Менинг вақт-соатим ҳали етгани йўқ, — деди..-» (Юҳанно, 2-боб). Гўё оналарини ҳурматсизлик билан «аёл» деб чақиряптилар. Бошқа жойда «аёл» деб бир фоҳишага мурожаат қиладилар: «3. Шу орада уламолар билан фарзийлар бир аёлни Исонинг олдига келтиришди, уни зино қилаётганида ушлаб олишган эди. 4. — Устоз! — дейишди аёлни ўртага қўйиб. — Бу аёл зино қилаётганида ушланди... 10. Исо ўрнидан турди-да, аёлдан бошқани кўрмай: — Эй аёл! — деди, — сени айбловчилар қани? Ҳеч ким сени маҳкум қилмадими? 11. — Ҳеч ким, Ҳазрат! — деб жавоб берди аёл. (Юҳанно, 8-боб).
Наҳотки Аллоҳиинг содиқ пайғамбарларидан бири бўлган Исо, алайҳиссалом, мўътабар оналарига худди фоҳишага муомала қилгандек мурожаат қилган бўлсалар? Бундай туҳматни ҳам Қуръон ўнглайди ва Исо алайҳиссаломнинг тилларидан шундай дейди: «Шунингдек, (Аллоҳ) мени онамга итоатли меҳрибон қилдн ва мени ситамкор бадбахт қилмади» (Марям, 32-оят мазмуни). Шу билан бирга, христианлар томонидан шундай ҳурматсизлик билан тилга олинаётган Исонинг, алайҳиссалом, оналарини Қуръони карим: «Фаришталар Марямга: «Ё Марям, албатга, Аллоҳ сени (аёллар орасидан) танлаб олди ва (барча гуноҳлардан) поклади ҳамда сени бутун оламларнинг аёлларидан афзал қилди» (Оли Имрон, 42-оят мазмуни) деб, у зотни бутун дунё аёлларининг энг яхшиси санади. Аллоҳу акбар!
Ёки бошқа бир оятда баён қилинадики: «Масиҳ ибн Марям фақат бир пайғамбар бўлиб, ундан илгари ҳам кўп пайғамбарлар ўтгандар. Унинг онаси эса сиддиқа — Аллоҳга ҳаққиросг имон келтирган аёлдир» (Моида, 75-оят мазмуни).
Инжилда баён қилинишича, Исо Масиҳ хочга михланган кўйи: «34. — Элоҳи, Элоҳи, ламо шавақтани? — деб фарёд қилди. Бу сўзнинг тар-жимаси: «Тангрим, Тангрим, нега мени ташлаб қўйдинг?» демакдир. (Марк, 15-боб). Христианлар айтишсин: Исо агар Худонинг ўғли ёки яна айтишларича, «худо» бўлсалар, қандай қилиб бундай ғалати, ўзининг «илоҳ»лигига хос бўлмаган ожизона, ғариб сўзларини айтдилар? Ахир у киши, христианлар даъвосича, еру осмоннинг «егаси», камчилик ва нуқсонлардан ҳоли «илоҳ» эмасми?! Христианликдаги бундай номақбул, буюк пайғамбар Исонинг, алайҳиссалом, шахсиятларига номуносиб эътиқодни Қуръони карим келиб тўғрилади, тушунтирди:
«Яна кофирликлари ва Марям хусусида улуғ бўхтон қилганликлари сабабли ҳамда Аллоҳнинг пайғамбари бўлган ал-Масиҳ Исо ибн Марямни «Бизлар ўлдирганмиз», деган сўзлари сабабли (Биз уларни лаънатладик). Ҳолбуки, улар (Исони) ўлдирганлари ҳам, осганлари ҳам йўқ. Фақат улар учун (бошқа биров Исога) ўхшатиб қўйилди, холос. Албатта, (Исо) ҳақида талашиб-тортишган кимсалар унинг (ўлдирилган-ўлдирилмагани) ҳақида фақат шубҳада қолганлар. У ҳақда ҳеч қандай билимлари йўқ, фақат гумонларга бериладилар, холос. Уни ўлдирмаганлари аниқдир. Балки уни Аллоҳ Ўз ҳузурига кўтаргандир. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат Эгаси бўлган Зотдир» (Нисо, 156-159, мазмуни).
Пайғамбарларга бўлган шунга ўхшаш туҳмату бўҳтонларни Инжилнинг бир неча жойларида учратишимиз мумкин.

— Ушбу хатолар асрлар давомида, таржима жараёнида йўл қўйилган хатолармикан ёки атайин киритилганмикан?
— Агар Таврот ва Инжилнинг ўрисча, ўзбекча ва инглизча нусхаларини ўқисак, юқорида зикри ўтган туҳматлар ҳаммасида бир хил эканини кўрамиз. Буларни таржимадаги хатолар десак, унда қуйидагиларни нима деб атаймиз:
«22. Ҳали тун ўтмай, Ёқуб ўрнидан турди-да, икки хотини билан икки чўрисини ҳамда ўн бир боласини олиб, Яббук дарёсининг кечувидан ўтди. 23. Уларни ва ўзида бор бўлган нарсаларини ҳам дарёдан ўтказди. 24. Охирида якка ўзи қолди ва бир Зот тонг отгунча у билан курашди. 25. У Ёқубни енга олмагач, унинг сон бўғинига урди ва сони бўғинидан чиқиб кетди. 26. У Зот: — Мени қўйиб юбор, мана тонг отди, — деди. Лекин Ёқуб Унга: — Мени дуо қилмагунингча Сени қўйиб юбормайман! — деди. 27. Ўша Зот: — Отинг нима? — деб сўради. У: — Отим Ёқуб, — деди. 28 Ўша Зот: — Бундан буён сени Ёқуб эмас, балки Исроил*10 дейдилар. Чунки сен Худо ҳамда одамлар билан курашиб ғолиб чиқдинг, — деди...» (Тавротдан «Ибтидо», 32-боб).
Гуё Ёқуб, алайҳиссалом, Худо билан «курашибдилар». Инжилдаги бу «оят»ларни ўқиган ақлли оддий бир инсон ҳам улар куракда турмайдиган гаплар эканини билади.

— Христиаллариинг авлодлари ичкиликка ружуъ қўйишлари илоҳий китоблари бунга рухсат берганиданми? Улар винони муқаддас ичимлик деб эътиқод қилишади, бунга бирон асос борми?
— Бу ишлари ҳаддан ошишдир. Инжилда азиз ҳаворий Павелнинг: “23. Бундан кейин фақатгина сув ичма, балки ошқозонинг учун, тез-тез юз берадиган касалликларингнинг олдини олиш учун озгина шароб ҳам ичгин...” (Тимофейга биринчи мактуб, 6-боб), деган сўзи христианлар учун ичкиликхўрликка берилган рухсатга айланиб кетди. Ҳолбуки, ҳаворий: «19. Башарий табиатнинг ишлари маълум, чунончи: фаҳшбозлик, ҳаром-ҳаришлик, фисқ-фужур, 20. бутпарастлик, жодугарлик, душманлик, жанжалкашлик, рашк-ғазаб, манманлик, ихтилофчилик, бидъатчилик, 21. ҳасад, қотиллик, ичкиликбозлик, айш-ишрат ва шуларга ўхшаш ишлар. Сизларни олдин огоҳлантирган эдим, яна огоҳлантираяпман: бу каби ишларни қилувчилар Худо Шоҳлигидан бебаҳра бўладилар» (Галатияликларга, 5-боб) дея ичкиликхўрликдан қайтарган эди! Инсон қанчалик заиф, шайтонлар қанчалар маккор! Бу «озгина шароб ҳам ичгин» сўзи амалда виною ароқ денгизларига айланиб кетди, у денгизларда кўпгина христиан халқлари чўкиб кетдилар ва кетмоқдалар. Қуръон эса, инсониятни бу балодан қайтариб, шундай нидо қилади: «Eй мўминлар, ароқ (маст қиладиган ичкилик ичиш), қимор (ўйнаш), тиклаб қўйилган бутлар (яъни, уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни, чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, уларнинг ҳар биридан узоқ бўлингиз, шояд нажот топсангиз! Ароқ, қимор сабабли шайтон ўрталарингизга бузғу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос! Энди тўхтарсизлар!» (Моида, 90—91, мазмуни).

— Миссионерлар тарқатаётган китоблар, уларда ёзилган нарсалар ҳақида нима дейсиз?
— Ўша китобларни ўқиган одам Аллоҳ таоло, у Зотнинг пайғамбарлари ҳақида жуда ҳам фосид, бузуқ, ақидаларга дуч келади. Ақлли инсон уларни қабул қила олмайди. Масалан, «Муқаддас Китоб суратларда» номли китобнинг 14-бетидаги «Биринчи одамларнинг яратилиши» бобида: «26. Яна Худо: «Ўз суратимизга кўра, Ўзимизга ўхшаш одамни яратайлик...» 27. Шундай қилиб, Худо одамни Ўз суратида, илоҳий суратда яратди...» (Ибтидо, 1-боб) деган сўзлар бор. Нахот Худо шу инсонга ўхшаса?! Инсон бир заиф мавжудот бўлса, бечора баъзида касал бўлиб туради, қорни очади, чанқайди, чарчаса ухлайди ва ҳоказо. Доимо нимагадир муҳтож бўлади... Қуръони карим эса, Аллоҳнинг зоти хусусида шундай хабар беради: «Бирон нарса У Зотга ўхшаш эмасдир. У Эшитгувчи ва Кўриб тургувчидир» (Шўро, 11, мазмуни). Имом Қуртубий бу оятни шундай шарҳлайдилар: «Албатта, Аллоҳ улуғлиги, кибриёси, мулку салтанати, гўзал исмларию олий сифатлари ила буюкдир. Махлуқотларидан бирон нарса унга ўхшаш эмасдир ва У улардан бирон нарсага ўхшаш эмасдир».

— Афсуски, кейинги пайтларда ҳақ динни ташлаб, бошқа динларга кираётгаилар учрамоқда. Бундай аянчли ҳодисаларнинг сабаби нимада экан?
— Ҳа, афсуски, шундай ҳодисалардан кўз юмиб бўлмайди. Бунинг кўп сабаблари бор, албатта. Биринчидан, миссионерлар динларидаги мажбуриятларни беркитиб, христиан динини осон кўрсатадилар. «Сен Исога эргашсанг, Исо сенинг нажоткоринг бўлади. У сенинг гуноҳларингни ўз бўйнига олиб, дўзахда уч кун азобланиб чиққан», деб уларнинг қўйниларини пуч ёнғоққа тўлдирадилар. Бир куни, ярим-яланғоч, замонавий кийинган бир аёл, қўлида Инжил билан кўчада даъват қилиб юрган экан. Мен ундан: «Сиз нимага даъват қиласиз?» деб сўрадим. Шунда у: «Инжил Худонинг китоби, унга амал қилиб ҳаёт кечириш керак», дея гапира кетди. Мен: «Сиз ўзингиз Инжилга амал қиласизми? Инжил сизга бошяланг юришга рухсат берадими?» деб сўрадим. У: «Ҳа, албатта», деди. Шунда қўлидаги Инжилни сўраб олдим-да, 444-бетини очиб, ушбу жумлаларни ўқидим: «5. Яна бошини ёпмай ибодат қилган ёки башорат қилган ҳар бир хотин ўз бошини шарманда қилади. Бундай хотин сочларини қирган хотин билан тенгдир. 6. Агар хотин бошини ёпишни истамаса, унда сочларини ҳам қирқсин. Лекин агар хотинга сочларини қирқиш ёки қириш уят бўлса, бошини ёпсин» (Биринчи Коринфликларга, 11-боб).
Аёл лом-мим дея олмай бир оз турди-да, жуфтакни ростлаб қолди.
Бошқа бир сабаби моддий манфаатдир. Бир вақтлар насронийликка кирган бир онахон билан суҳбатлашганман. Онахондан:
— Христиан динини қабул қилишинтизга нима туртки бўлди? — деб сўраган эдим. У:
— Бир куни христиан даъватчилари уйимга келишиб, динларига киришимни тақлиф этишди. «Мен мусулмонман! Бу менинг ота-бобомдан қолган диним», десам, улар: «Биз сизга ёрдам берамиз», дея пенсиям етмай, бир неча ойдан бери тўлолмай юрганим уй-жой солиғини тўлаб беришди. Текинга чиройли-чиройли китоблар ҳадя қилишди, — деб баён қилди. Сўнг менга савол берди:
— Нима учун мусулмонча китоблар кам, бўлса ҳам қиммат?..
Яна бир сабаби, совет замонида ёшларимизнинг аксарида маънавий бўшлиқ пайдо бўлди, улар миллатимиз тарихидан, диний ақидаларимиздан жуда йироқлашдилар. Ҳатго бегоналашдилар. Дин деганда соф исломиятни эмас, қандайдир хурофоту урф-одатларини тушунадилар. Табиийки, у хурофот урф-одатлар ёқмаганидан динни ёмон кўра бошлашди. Минг йиллар давомида шаклланиб келган исломий маданиятимиздан айрилиш ёшларнинг миллатимизга ёт эътиқодларга кўр-кўрона эргашиб кетишларида намоён бўляпти.

— Муҳаммад, алайҳиссалом: «Пайғамбарлар ўзаро биродардирлар, йўллари ҳам биттадир», деб марҳамат қилгаллар. Барча пайғамбарлар якка Худога даъват қилганлари ҳолда, нима учун христианлар уч худолик ғоясини илгари суришади?
— Тўғри, барча пайғамбарлар ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга, унга ҳеч нарсани шерик қилмасликка чақиришган. «(Eй Муҳаммад, алайҳиссалом) Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: «Ҳеч қандай илоҳ йўқ, Ёлғиз Менгина бордирман, бас, Менгагина ибодат қилинглар», деб ваҳий юборгандирмиз» (Анбиё, 25, мазмуни).
Биз ҳозирги Инжилнинг ўзида ҳам, Исонинг, алайҳиссалом, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга чақирган сўзларини, христианларнинг уч худолик даъволарини ботилга чиқарганини кўрамиз: «1. Шу гаплардан кейин Исо, алайҳиссалом, кўзларини осмонга тикиб, деди... 3. «Абадий ҳаёт эса, Сени — танҳо Ҳақ, Худони ҳамда сен юборган Исо Масиҳни таниб билишдан иборатдир...» (Юҳанно, 17-боб);
«28. Уламолардан бири ...Исонинг олдига келиб: — Бутун илоҳий амрларнинг энг муҳими қайси бири? - деб сўради. 29. Исо унга жавоб бериб деди: — Бутун амрларнинг энг муҳими шу: «Тингла, эй Исроил! Роббимиз бўлган Худованд Ягона Худованддир... 32. — Яхши гапирдинг, Устоз, — деди уламо Исога. — Худо ягона, Ундан бошқа худо йўқ, деб тўғри айтдинг...» (Марк, 12-боб).
Биз христианларга Аллоҳнинг ушбу оятини эслатамиз: «Eй аҳли Китоб (яҳудий ва христианлар), (Исони, алайҳиссалом, худо дейиш билан) динингизда ҳаддингиздан ошмангиз! Аллоҳ шаънига эса фақат ҳақ гапни айтингиз! Албатта, ал-Масиҳ Исо ибн Марям фақат Аллоҳнинг пайғамбари ва Унинг Марямга ташлаган Сўзи ҳамда Унинг томонидан бўлган руҳ (соҳибидир), холос. Бас, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига имон келтирингиз! (Худо) учта (яъни, Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ) демангиз! (Бундай ботил эътиқоддан) тўхтангиз, шунда ўзингиз учун яхши бўлур. Хеч шак-шубҳасиз, Аллоҳ Якка-Ягонадир. У фарзандлик бўлиш (айбидан) Пок бўлган Зотдир...» (Нисо, 171, мазмуни).

— Ҳозирги Инжилда кейинги замон одамлари киритган сўзлар тўлиб-тошиб ётгани ҳолда, уни "Муқаддас Хушхабар" яъни, илоҳий китоб деб аташ қандай бўларкин?
— Юҳанно баён этган Инжил бундай хотималанади: «25. Исо бажарган бошқа бир талай ишлар ҳам бор. Булар бирма-бир ёзиб чиқилганида эди, ёзилган китоблар оламга ҳам сиғмас эди, деб ўйлайман».
Хулоса каби айтилган бу сўзлар, уни ривоят қилаётган киши ўзидаги кўпгина маълумотлардан қайси бирини танлашни хоҳишига кўра ўзи ҳал этган бир одамдир. У, Исо, алайҳиссалом, ҳақларида унгача келган маълумотлар жиддий қисқартирилганини ҳам тан олмоқда. Тўғри эътиқодли киши назари билан қаралса, инсон номидан гапи-рилаётган жамики сўзлар, гарчи у инсон жуда улуғ ва авлиё зот бўлса ҳам, у сўзларни Худонинг баёнотлари сирасига эмас, балки инсоннинг диний ва маърифий қарашлари сирасига киритиш керак. Агар христианлар Янги аҳдни Худонинг баёнотлари тарзида қабул қилишар экан, ундан ҳаворийнинг Худонинг буйруғига ёки Исонинг таълимотига асосланмай, ўзича айтган сўзларини чиқариб ташлашлари ва солиҳ кишиларнинг ривоятлари деб чоп қилишлари керак эди. Демак, бутун Янги аҳдни "Муқаддас баёнотлар китоби" эмас, фақат "Ривоятлар китоби" деб қабул қилиш керак.

— Бугунги кунда ер юзида биронта ҳам Инжилнинг асл нусхаси йўқ деб эшитдим...
— Биз мусулмонлар, Аллоҳ таоло Исога, алайҳиссалом, Инжил номли китоб нозил қилганига имон кслтирамиз, бусиз имонимиз бутун бўлмайди, Лекин ўша илоҳий китобнинг асли ҳозир йўқ. Ҳозир христианлар эътиқод қиладиган ва амал қиладиган асос Инжил тўрттадир:
1. Матто баён этган Муқаддас хушхабар. Бу Инжил энг қадимги Инжиллардан ҳисобланади. У Исодан, алайҳиссалом, тўрт йил кейин, иброний (яҳудий) тилида ёзилган. Аммо ўша нусха ҳам йўқ. Ҳозир бори унинг таржимасидир. Таржимони ва қайси матндан таржима қилингани ҳам маълум эмас. Бунинг устига, бу Инжилнинг муаллифи Матто Исонинг, алайҳиссалом, ҳаворийларидан бўлмаган. Кейинроқ, уни хоин Яҳудонинг ўрнига сайлашган эди. Шундай тарихга эга бўлган ёзувни оддий ишончли китоб дейиш ҳам қийин.
2. Марк баён этган Муқаддас хушхабар. Бу Инжил юнон тилида Исодан, алайҳиссалом, йигирма уч йил кейин ёзилгани аниқ. Аммо ким ёзгани аниқ эмас. Баъзи христиан олимлари: «Уни Пётр ёзган», бошқалари эса: «Уни Пётрнинг ўлимидан кейин Марк ёзган», дейдилар. Бу Инжилни нима дейиш мумкин? Йигирма уч йилдан сўнг, Исо Масиҳ, гапирмаган тилда ёзилган, ким ёзгани номаълум китоб муқаддас китоб бўла оладими?!
3. Лука баён этган Муқаддас хушхабар. Бу китоб Исодан, алайҳиссалом, йигирма йил кейин ёзилган. Лука У зотнинг эмас, балки Полнинг шогирди бўлган. Пол ҳам Исони, алайҳиссалом, кўрган эмас. Бунинг устига, Пол яҳудий бўлиб, ҳийла билан христианликка қарши бузғунчиликлар қилган. Шундай одамнинг шогирди ёзган китобни муқаддас китоб дейиш мумкинми?!
4. Юҳанно баён этган Муқаддас хушхабар. Бу Инжил Исодан, алайҳиссалом, ўттиз икки йил кейин ёзилган. Баъзи христиан тоифалари: «Уни Исонинг, алайҳиссалом, шогирдларидан Юҳанно ибн Забдий ёзган», дейдилар. Беш юзта таниқли христиан олимлари иштирокида ёзилган Британия энтсиклопедияси бу китобни «қалбаки китоб» деган экан. Изоҳнинг ҳожати бўлмаса керак!

— Баъзи «зиёлилар» Инжил ва Таврот илоҳий китоблар, уларни ўқиб манавиятни бойитса бўлади дейишади, сиз бунга нима дейсиз?
— Тўғри, Таврот, Инжил ва Забур номида илоҳий китоблар туширилган, лекин у асл матнлар қани? Улар йўқ. Борларини эса, бузиб, бошқатдан ёзиб чиқишган. Бордию ўша асл Таврот, Инжил ва Забурлар сақланиб қолганида ҳам, охирги ҳақ Китоб (Қуръон) тушиши билан уларнинг муддати тугади. Ҳазрати Умар, розияллоҳу анҳу, Тавротдан хабарлар ёзилган варақ топиб, Расулуллоҳга, алайҳиссалом: «Ё Расулуллоҳ, мана бу ерда ҳам яхши гаплар бор экан», деганларида, Пайғамбаримиз, алайҳиссалом: «Агар Мусо тирилиб келганида менга эргашиб, Қуръонга амал қилган бўлар эди», деб жавоб берганлар.

— Ҳурматли домла, суҳбатингиз учун ташаккур, Аллоҳ, сиздан рози бўлсин. «Ҳидоят» ва унинг ўқувчилари ҳақига дуо қилсангиз.
— Барчамизга Аллоҳ, таоло фойдали илм, покиза ризқ ва қабул бўлгувчи амаллар берсин, Ўзи рози бўладиган бандаларидан қилсин. Сўзим охирида ушбу оятларни келтирсам: «Eсланг, (ей Муҳаммад, алайҳиссалом) Аллоҳ: «Eй Исо ибн Марям, сен одамларга: «Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни худо килиб олинглар» деб айтдингми?» деганида, (Исо) айтди: «Eй Пок Парвардигор, ҳаққим бўлмаган нарсани айтиш мен учун дуруст эмас-ку. Агар айтган бўлганимда Сен албатта билар эдинг. Зотан, Сен дилимдаги бор нарсани билурсан. Аммо мен Сенинг ҳузурингдаги ҳеч нарсани билмасман. Фақат Сен Ўзинг ғайб илмларининг Билгувчисисан. Мен уларга фақат Ўзинг менга амр қилган гапнигина айтдим: «Парвардигорим ва Парвардигорингиз бўлмиш Аллоҳга ибодат қилингиз!» Ва ораларида бўлган муддатимда уларнинг устида гувоҳ бўлиб турдим. Мени Ўз ҳузурингга чорлаганингдан кейин эса, Сен Ўзинг уларнинг устида Кузатувчи бўлдинг. Сен Ўзинг ҳамма нарсага Гувоҳдирсан. Агар уларни азобласанг, улар Сенинг (ожиз) бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта, Сен Ўзинг қудрат, ҳикмат Эгасидирсан» (Моида, 116—118-оятлар мазмуни).

Юсуф Аҳмад ёзиб олди.
“Ҳидоят” журналининг 2002-йил, 9,10-сонларидан олинди.

______________________

*1 «Аҳмад». «Муҳаммад» бир ўзакдан олинган.
*2 Аслида «Роббимга».
*3 «Тоабад», яъни, қиёматгача.
*4 Яъни, «Мендан бошқа».
*5 Шу ўринда бир оз изоҳ бериб ўтсак. "Юпатувчи" сўзи ўрисча Инжилда «Утешител» деб таржима қилинган. Бу сўз юнон тилидаги «пераклетос» сўзининг таржимасидир. Баъзилар бу сўзни «ҳимоячи», «Ёрдамчи», “Ўгитчи” деб ҳам таржима қилиш мумкин, дейдилар. Бошқалар эса, «Параклетос» аслида, «периклутос» (мақталган) сўзининг бузилган шаклидир, дейдилар. "Муҳаммад" исми ҳам сўз сифатида "мақталган" маъносини беради. Бинобарин, "периклутос" сўзининг тўғри таржимаси Пайғамбаримиз исмларининг айнан ифодасидир. Бундан янада аниқ исбот бўладики, Исо, алайҳиссалом, хабар берган охирги пайғамбар, шак-шубҳасиз, Муҳаммаддирлар, алайҳиссалом. Яна бир ҳайратга соларли маълумот: "Муҳаммад" деб исм қўйиш арабларда олдин умуман бўлмаган, Пайғамбаримизнинг оналари Омина хомиладорлик вақтларида тушларида айнан шу исмни қўйиш аён қилинган.
*6 «Мен қалби»дан мурод, Муҳаммад, алайҳиссалом, ҳар хусусиятда Мусо пайғамбар кабидирлар. (Аҳмад Дийдод. «Инжил башорати», «Ҳидоят». 2001, 4,5,6-сонлар.)
*7 Яҳудий дин арбоблари.
*8 Аҳмад Дийдод, ўша асар.
*9 Али Вячеслав Полосин. "Прямой пут к Богу". Москва, науч. издат. тсентр “Ладомир”, 2000 г. стр. 16-17.

*10 Исроил: «Худо курашади» ва “Худо билан курашган” маъноларида. (Инжилдаги изоҳ.) Аслида, «Исроил» Ёқубнинг, алайҳиссалом, лақаблари, иброний тилида “Исро” — Абд, «ил» — Аллоҳ, яъни, «Абдуллоҳ» — Аллоҳнинг қули демакдир (Тафсири Насафий, Бақара, 40-оят тафсиридан).

* * *

Umid qilamizki, aziz o‘quvchilarimiz bu suhbatdan o‘zlari uchun ko‘pgina manfaatlarga ega bo‘lishadi. Chunki ilm ahli bilan kechadigan suhbatlar, yomg‘ir suvlari tashna yerlarni yashnatgani kabi, qalblardagi imonni yashnatadi. Toshkent viloyati Chirchiq shahar bosh imom-xatibi Abdul Azim Ziyouddin o‘g‘li bilan suhbatimiz g‘oyatda mazmunli kechdi. Shaxsan kamina o‘zimni qiziqtirgan ko‘pgina muhim savollarimga javob topdim. Mavzu asosan, yurtimizda dolzarb bo‘lib turgan masala — missionerlik harakati, Injil va xristianlik haqida edi.

— Hurmatli domla, suhbat avvalida ma’naviyat va ma’rifat haqida qisqacha to‘xtalsak.

— Bismillahir rohmanir rohiym. Alhamdu lillah, vas-solatu vas-salamu ‘ala rosulillah. Ammo ba’d: Assalomu alaykum va roxmatulloxi va barokatuh.
"Ma’naviyat" arabcha so‘z bo‘lib, «xilofi moddiyot»ni, ya’ni, insonning moddiy holatidan tashqari, unda ruhiy holat ham borligini bildiradi. "Ma’rifat" so‘zi ham arabcha bo‘lib, «Idrokush-shay‘i ‘ala ma huva alaythi» (har bir narsani o‘z o‘rniga qo‘yish»), ya’ni, o‘sha ruhiy holatga to‘g‘ri va sof ozuqa berishni anglatadi.
Inson ikki narsadan — modda va ruhdan tashkil topgan. Inson jismi tuproq moddasidan yaratilgani bois, uning ozuqasi ham moddiy narsalardir. Ya’ni, qorni ochsa, taom yeydi, chanqasa, chanqovbosdi ichimlik ichadi, kasal bo‘lsa, davolanadi, charchasa, dam oladi, moddiy ilmlarni o‘rganadi va jinsiy g‘arizasi g‘alayon qilsa, qondiradi va hokazo. Bularni inson aqli bilan topadi. Chunki Alloh taolo insonga ong, fahm-farosat, aqlu zakovat berganki, ular yordamida badaniga nima kerak ekanini biladi va shu bilimi o‘nga jismining ozuqasini topib beradi. Masalan, nimani yeyish va nimani yemaslik kerak, qanday iste’mol qilish lozim, davolanishda qaysi dardga nima davo bo‘ladi va uni qaysi uslubda kabul qilish kerak. Agar bilmasa, do‘xtir-tabiblarga yo bilag‘onlarga murojaat qiladi. Chunki inson har bir ishning o‘z mutaxassisi borligini biladi. Lekin ruhiy ozuqa yer yuzidan topilmaydigan narsadir. Ruh modda emas. Ruhiy ozuqani bilishdai oldin ruh o‘zi nima ekanini bilib olishimiz kerak. O‘tgan payg‘ambarlarga qavmlari ruh nima degan savolni qo‘yishgan. Insoniyatni ilk zamonlaridanoq eng qiziqtirgan narsalardan biri ruh masalasi edi, lekin hech qachon odamzot bu masalada biron-bir aniq bilimga ega bo‘lmagan. Xossatan Payg‘ambarimizning, sollallohu alayhi va sallam, oldilariga ham yahudiylar kelib: «Ey Muhammad, sen rostdan ham payg‘ambar bo‘lsang, bizga javob ber, ruh nima?» deb so‘rashgan. Bo‘nga javoban Isro surasining 85-: «Ey Muhammad, sizdan ruh haqida so‘raydilar. Ayting: «Ruh faqat Rabbimning ishidandir». Sizlarga esa oz ilm berilgandir» oyati nozil bo‘ladi. Yahudiylar buni eshitib; «Ha, sen to‘g‘ri gapni aytding, avvalgi payg‘ambarlar ham qavmlariga shu javobni aytishgan. Lekin baribir biz senga imon keltirmaymiz, deb chiqib ketishgan. Demak, hatto payg‘ambarlar ham bu masalani bilishga ojiz ekanlar. Endi shu ruh o‘zi qaerdan keldi, degan savolga Qur’on shunday javob beradi: «U (Alloh) insonni (ya’ni, Odamni) dastavval loydan yaratdi... So‘ngra uni (inson qilib) rostlab, ichiga O‘z (dargohidagi, ya’ni, O‘zi yaratgan) ruhidan kiritdi...» (Sajda surasi 7—9-oyatlaridan). Ma’lum bo‘ldiki, ruh Alloh tarafidandir. Uning aslini Allohdan o‘zga hech kim bilmaydi. Modomiki ruh Alloh tarafidan ekan, uning ozuqasi ham Alloh tarafidan bo‘lishi tabiiydir. Shu ozuqani U Zot payg‘ambarlari vositasida, ilohiy kitoblar orqali yuborgan.

— Umuman payg‘ambarlar haqida ham so‘z yuritsangiz.
— Payg‘ambarlar insoniyat orasidagi eng dono, rostgo‘y, aqlli, fahm-farosatli, hayoli, oqko‘ngil, rahm-shafqatli, xullas, butun insoniy fazilatlarga ega bo‘lgan hazrati Inson edilar. Alloh taolo bu zotlarni tanlab, ularga vahiy yuborgan. Vahiyni qabul etib o‘zi amal qilgani nabiy, boshqalarga ham yetkazishga buyurilgani rasuldir. Alloh taolo Qur’oni karimda marhamat qiladi: «Har bir ummat ichida ham albatta bir ogohlantirguvchi payg‘ambar o‘tgandir» (Fotir, 24-oyat mazmuni). Rasululloh, sollallohu alayhi va sallam: «Payg‘ambarlar o‘zaro birodardirlar... va dinlari ham bittadir» (Muslim rivoyati), deb marhamat qilganlar. Ularning yo‘llari bitta bo‘lgan, u ham bo‘lsa, insonlarni Alloh ko‘rsatgan yo‘lga da’vat qilish. Alloh taolo aytadi: «Ey payg‘ambarlar, halol-pok taomlardan yenglar va yaxshi amallar qilinglar! Albatta. Men qilayotgan amallaringizni bilguvchidirman. Shak-shubhasiz, (barchangizning) millatingiz (ya’ni, diningiz) bir millat (ya’ni, Islomdir). Men esa sizlarning Parvardigoringizdirman, bas, Mendangina qo‘rqingiz!» (Muminun, 51—52-oyatlar mazmuni).
Payg‘ambarlar ma’sumdirlar, ya’ni, Alloh ularni gunoh-ma’siyatdan, fisqu fujurdan va barcha razolatlardan saqlagan. Payg‘ambarlarning silsilasi misoli zanjir bo‘lib, bosh xalqasi Odam alayhissalom bo‘lsalar, oxirgi xalqasi Hazrati Muhammaddirlar, sollallohu alayhi va sallam. Alloh taolo insonlarga ilohiy ko‘rsatmalarni shundoq beraversa bo‘lmasmidi, axir insonlarga aql-tafakkur ato etilgan-ku, payg‘ambarlar jo‘natishga hojat bormidi, deyilsa, aytamizki, bir kuni kemada ketayotganlarida Najim Fozildan bir shogirdi: «Ustoz, Alloh payg‘ambar yuborib nima qilardi, ilohiy kitob bersa, o‘zimiz o‘qib amal qilaverardik", deb so‘raganida Najim Fozil kitobdan boshini ko‘tarmay: «Kemaga chiqib nima qilarding, dengizdan o‘zing suzib o‘tib ketaversang bo‘lmasmidi?» deya javob bergan ekan. Payg‘ambarlar o‘z ummatlariga Allohning barcha buyruqlarini — nima qilish keragu nima qilmaslik kerakligini yetkazganlar. Payg‘ambarlarga Alloh taolo oddiy shaxslaring qo‘lidan kelmaydigan ba’zi ishlarni qila olish, ya’ni, mo‘’jiza ko‘rsatishdek ulug‘ fazilatni ato etgan, bu narsa ularning haqiqiy payg‘ambar ekanliklariga dalil bo‘lib kelgan. Barcha payg‘ambarlar Allohning yo‘rig‘ida yurgan kishilarga bu dunyoyu u dunyoda saodatmand bo‘lish bashoratini berishgan. Allohning aytganiga ko‘nmay havoyu nafsiga berilib ketganlarga esa, bu dunyoda xor-zor bo‘lib, u dunyoda azobga duchor bo‘lishlarining xabarini yetkazishgan. Payg‘ambarlar Allohning buyrug‘ini amalga oshirar ekanlar, xalqlarga yo‘l-yo‘riq ko‘rsatishlari, botil yo‘llardan qaytarib, odil, oliy qonunlarga boshlashlari, xullas, ona go‘dagini tarbiyalaganidek, ularni tarbiyalashlari zarur edi. Islom hamma payg‘ambarlarga imon keltirib, ularni hurmatlashni musulmonlarga farz qilib qo‘ygan.

— So‘zingiz orasida payg‘ambarlar silsilasining oxirgi xalqasi payg‘ambarimiz Muhammaddirlar, sollallohu alayhi va sallam, deb aytib o‘tdingiz. Shunga dalillarni bayon etsangiz.
— Hazrati Muhammadning, sollallohu alayhi va sallam, payg‘ambarliklari muayyan bir xalqa yoki zamon bilan cheklanib qolmay, butun dunyoga va to qiyomatgacha taalluqlidir. Payg‘ambarimiz butun, bashariyatga yuborilganlar va shu bilan vahiy, payg‘ambarlik silsilasi xotimalangan. Alloh taolo bashariyatga yuborgan hidoyat va nurlarning barchasini u kishining vositasi bilan yuborib bo‘ldi. Alloh taolo aytadi: «(Ey mo‘minlar), Muhammad sizlardan biron kishining otasi emasdir, balki u Allohning elchisi va payg‘ambarlarning so‘nggisidir. Alloh barcha narsani Bilguvchi Zotdir» (Ahzob, 40-oyat mazmuni). Buxoriy va Muslim o‘z “Sahih”larida Abu Hurayradan, roziyallohu anhu, rivoyat qilishgan hadisda Payg‘ambarimiz, alayhissalom, shunday deydilar: «Men va mendan avval o‘tgan payg‘ambarlarning misoli bunday: bir kishi imorat bino qildi, uni juda chiroyli va yaxshi qilib qurdi-yu, faqat bir g‘ishtning o‘rni ochiq qoldi. Odamlar uyni kelib ko‘rib, qoyil qolishadi va oxirida: «Hammasi yaxshi bo‘libdi-yu, lekin shu g‘ishtni qo‘yib qo‘yilsa bo‘larkan», deyishadi. Men shu g‘isht misolidaman. Va men payg‘ambarlarning oxirgisiman».
Iso, alayhissalom, o‘zlaridan keyin Muhammadning, sollallohu alayhi va sallam, payg‘ambar bo‘lib kelishlarini bashorat qilganlar; Bu haqda Alloh taolo Qur’oni karimda aytadi: «Eslang, Iyso ibn Maryam: "Ey bani Isroil, albatta, men Allohning sizlarga (yuborgan) payg‘ambaridirman. (Men) o‘zimdan oldingi Tavrotni tasdiqlaguvchi va o‘zimdan keyin keladigan Ahmad*1 ismli bir Payg‘ambar haqida xushxabar berguvchi bo‘lgan holda (yuborildim)", degan edi» (Saf, 6-oyat mazmuni).
Hozirda mavjud "Injil"larda ham payg‘ambarimiz, alayhissalom, haqlarida bir necha bashoratlarni o‘qiymiz:
«15. Agar meni sevsangizlar, amrlarimga amal qilinglar. 56. Men Otamga*2 murojaat qilaman va U toabad*3 sizlar bilan qoladigan boshqa*4 Yupatuvchini*5 yuboradi. 17. Bu Yupatuvchi Haqiqat Ruhidir... 26. O‘sha Yupatuvchi, ya’ni Mening nomimdan Otam yuboradigan Muqaddas Ruhning O‘zi sizlarga hammasini o‘rgatadi, Mening sizlarga aytgan hamma so‘zlarimni U yodingizga tushiradi» (Yuhanno, 14-bob).
«26. Otam huzuridan Men sizlarga yuboradigan Yupatuvchi, ya’ni Otam nazdidan chiquvchi Hakikat Ruhi kelgach, U Men to‘g‘rimda guvohlik beradi. 27. Sizlar ham guvohlik berasizlar, chunki boshdanoq, Men bilan birgasizlar» (Yuhanno, 15-bob).
«7. Ammo sizlarga haqiqatni aytaman, Mening ketishim siz uchun foydalidir. Agar Men ketmasam, Yupatuvchi oldingizga kelmaydi. Agar ketsam, Uni oldingizga yuboraman. 8. U esa kelib, gunoh, adolat va hukm xususida dunyoning xato qilganini fosh kiladi... 13. Muqaddas Haqiqat Ruhi kelgach, U sizlarni butun haqiqat yo‘liga boshlaydi. U O‘zicha gapirmaydi, neki eshitsa, o‘shani so‘zlab beradi, U kelajak haqida sizlarga xabar qiladi...» (Yuhanno, 16-bob).
«22. Muso payg‘ambar ota-bobolarimizga gapirib, degan: «Rabbingiz bo‘lgan Xudovand sizlarga birodarlaringiz orasidan men kabi*6 bir Payg‘ambar zohir qilgay. Butun ishlarda sizlarga nimaiki gapirsa, Unga quloq solinglar. 23. O‘sha Payg‘ambarga quloq solmagan har bir jon o‘z xalqi orasidan qirib tashlangay...» (Havoriylar, 3-bob).
«19. Quddusdagi yahudiylar yuborgan ruhoniylar*7 va levitlar*7 Yahyo payg‘ambarning oldiga borib undan: — Sen kimsan? — deb so‘radilar. Yahyo shahodat berdi: 20. — Men Masih emasman, — deb ochiq tan oldi u, inkor etmadi. 21. Yana undan: — Bo‘lmasa, Ilyos payg‘ambarmisan? — deb so‘radilar. — Yo‘q! — dedi u. Oxirzamon payg‘ambarimisan? — deb savol berdilar. U yana: — Yo‘q! — deb javob berdi»*8 (Yuhanno, 1-bob). Bu yerda ham ma’lum bo‘lib turibdiki, oxirgi payg‘ambar Iso emas, balki Muhammaddirlar, alayhissalom.

— Payg‘ambarimiz Muhammadning, sollallohu alayhi va sallam, avvalgi payg‘ambarlardan qanday afzallik jihatlari bor?
— Sahihligiga ittifoq qilingan hadisda Payg‘ambarimiz, sollallohu alayhi va sallam, shunday marhamat qiladilar: «Alloh, meni boshqa payg‘ambarlardan olti narsa bilan afzal qildi. Menga javomi’ul kalimni (“hikmatlar xazina”sini) berdi. Bir oylik masofadan dushmanlarimning qalbiga qo‘rquv solish bilan meni quvvatladi. Menga g‘animatlarni (urushda qo‘lga kiritilgan o‘ljalarni) halol qildi. Yer yuzini menga poklovchi va masjid qilib berdi. Men butun insoniyat uchun payg‘ambar bo‘lib keldim va men bilan payg‘ambarlikni yakunladi».
Alloh taolo marhamat qiladi: «(Ey Muhammad, alayhissalom) Darhaqiqat, biz Sizni barcha olamlarga faqat rahmat (ya’ni, Allohning rahmatiga — jannatiga yetaklovchi) qilib yubordik» (Anbiyo, 107-oyat mazmuni). Muhammad, alayhissalom, olib kelgan ta’limotlar, Qur’on barcha olamlarga rahmat-shafqatdir. Ham bu dunyoning rahmat-shafqati, ham u dunyoning rahmat-shafqatidir. Buni fahmlab olish qiyin emas. Islom ta’limotlariga insof nazari bilan qarashning o‘zi kifoya. Butun olamlarga mehr-muhabbat, rahm-shafkat ruhi ulardan balqib turibdi. Xar qanday aqli raso odam darhol payqab oladi. Yana boshqa oyatda Alloh taolo shunday deydi: «(Ey Muhammad, alayhissalom), Biz sizni, shak-shubhasiz, barcha odamlarga (mo‘minlarga jannat haqida) xushxabar eltuvchi, (kofirlarni esa do‘zax azobidan) ogohlantiruvchi holida Payg‘ambar qilib yubordik. Lekin ko‘p odamlar buni bilmaslar» (Saba’, 28-oyat mazmuni). Insoniyat tarixida Muhammadchalik, alayhissalom, qavmi tarafidan sevilgan va hurmatlangan inson o‘tmagan. Tarix kitoblarida bayon qilinishicha, Urva ismli mushrik Kuraysh kofirlariga shunday xikoya qilgan edi: «Men juda ko‘p hukmdorlarni ko‘rganman. Men Sezarning, Kisroning, Negusning saroylarida bo‘lganman. Lekin qasam ichishim mumkinki, Muhammadni ashoblari hurmat qilganlari kabi hurmat-ehtirom qilingan hukmdorni ko‘rmadim. Allohga qasamki, agar u bir narsa buyursa, ular darhol uni bajarishga tashlanishadi, yuvinsa, undan tushayotgan suvni talashib-tortishib olishga oshiqishadi, gapirsa, sukut qilib qotib qolishadi, shu darajadaki, hatto uning ko‘ziga tik qarashga botina olishmaydi».

— Ovrupalik bir insofli olim Qur’on bilan tanishib chiqib, shunday xulosaga kelgan ekan: “Qur’on o‘liklarni tiriltirishdan-da buyukroq mo‘’jizadir”.
— Qur’on haqida ulamolar ta’rifi bunday: «Qur’on Allohning Muhammadga, sollallohu alayhi va sallam, tushirgan, tilovati ibodat hisoblanadigan, ojiz qoldiruvchi kalomidir». Qur’onning mo‘’jizaviyligi haqida so‘z yuritadigan bo‘lsak, bu Kitob o‘zining hidoyati, qonun-qoidalari, uslubi va ma’nolari bilan bashariyatni ojiz qoldirgan, ojiz qoldirib kelmoqda va shunday bo‘lib qoladi. Chunki Qur’on bashariyatning aqli taraqqiy etgan bir paytda shu taraqqiyotga mos bo‘lib tushdi. Hozirda «Qur’on va sunnatdagi ilmiy mo‘jizalar» nomi bilan atalgan bir necha xalqaro tashkilotlar, ilmiy nashrlar bor. Tibbiyot, kimyo, fizika, astronomiya va boshqa soha olimlari o‘z ilmlari doirasida Qur’on mo‘’jizalarini topdilar va topyapdilar. G‘arbning necha-necha zabardast olimlari shu tufayli Islomni qabul qilgan va hanuz qabul qilmoqdalar. Ilm-fan va texnika rivojlangan davrimizdagi kashfiyotlarning Qur’oni karimda xabari borligi Qur’onning eng katta mo‘’jizalaridandir.
«Toki ularga (ushbu Qur’on rostdan ham Alloh tomonidan nozil qilingan) haq (Kitob) ekanligi aniq ma’lum bo‘lgunicha, albatga, Biz ularga atroflaridagi va o‘z vujudlaridagi (Bizning borligimiz va qudratimizga dalolat qiladigan) oyat-alomatlarimizni ko‘rsatajakmiz. Axir (ularga) Parvardigoringizning barcha narsaga guvoh ekani (ya’ni, Alloh taolo ushbu Qur’onda koinotdagi barcha nar-sani qamrab olib, O‘z hukmini bayon qilayotgani Sizning haq Payg‘ambar ekaningizni isbotlash uchun) yetarli emasmi?!» (Fussilat, 53, mazmuni).
Mana, o‘n to‘rt asrdan oshdiki, bu Kitob mo‘min-musulmonlar uchun ilohiy dasturulamal bo‘lish bilan birga, butun insoniyatni o‘ziga jalb qilib kelmoqda. Qur’oni karim Alloh taolo huzuridan Payg‘ambarimiz Muhammadga, alayhissalom, nozil bo‘la boshlagan zamonlardayoq bu hayrat — Qur’on chin Ilohiy Kalom ekanini tan olish boshlangan. Ma’lumki, u zamon arab adabiyoti o‘ta rivojlangan edi. Mo‘’jiza qilib, Alloh taolo Payg‘ambarimizga Qur’oni karimni nozil etdi. Qur’onni eshitganda arab so‘z ustalarining eng buyuklari ham unga bosh egdilar. Qur’on qarshisida mashhur shoirlarning ham tili tutilib qoldi.
Mana, bir tarix. O‘sha zamonlarda uch yuz oltmishta arab qabilasi bor edi va ular har yili o‘zaro she’riy musobaqa o‘tkazishib, g‘oliblar aniqlanar edi. Bir mavsumda g‘olib bo‘lgan yettita shoirning she’rlari Ka’ba devoriga osib qo‘yilganida, kichik yoshli Abdulloh ibn Abbos, roziyallohu anhu, Qur’oni karimdagi eng ixcham Kavsar surasini yozib, sakkizinchi qilib ilib qo‘ygan ekan. She’rlarni bir chetdan o‘qib kelgan hay’at a’zolari sakkizinchi qog‘ozdagi satrlarni, ya’ni, «Inna a’toynakal kavsar. Fasolli li robbika vanhar. Inna shani-aka huval abtar» jumlalarini o‘qib: «Haza laysa min qovlil bashar» («Bu so‘zlar, insonning so‘zi emas»), deb yuboradilar.
Ibn Hishom «Siyrati nabaviya» kitobida keltiradi: «Odamlardagi Qur’onni tinglashga bo‘lgan ishtiyoq shu darajada kuchli ediki, hatto Payg‘ambarni inkor etayotgan Quraysh mushriklarining ba’zilari tunlari, yashirincha Rasulullohning, sollallohu alayhi va sallam, uylari oldiga kelib, tonggacha Qur’on tilovatiga quloq solib chiqishardi. Bu holat ko‘p marta takrorlangan edi».
Alloh taolo aytadi: «(Ey Muhammad, alayhissalom), Albatta, Biz (Qur’on) bilan taqvo egalariga xushxabar berishingiz uchun va sarkash qavmni qo‘rqitishingiz uchun uni Sizning tilingizga oson-engil qilib qo‘ydik» (Maryam, 97-oyat mazmuni). Bu oyatning tasdiqiga aytish mumkinki, bugungi kunda milyonlab musulmonlar eng Buyuk Ilohiy Mo‘’jiza bo‘lmish Qur’onni yoddan bilishadi. Alloh taolo Qur’oni karimni Muhammad, alayhissalom, orqali nozil etdi, Payg‘am-barimiz zimmalaridagi burchni a’lo darajada ado etdilar va u kishining vafotlaridan so‘ng ham Qur’on hidoyati, qonun-qoidalari, uslubi va ma’nolari bilan mudom barhayotdir. Mana, o‘n besh asr bo‘lyaptiki, Qur’oni karimning biror harfi ham o‘zgarmasdan turibdi. Alloh taolo aytadi: «Albatta, bu Eslatmani (ya’ni, Qur’onni) Biz O‘zimiz nozil qildik va, shubhasiz, O‘zimiz uni saqlaguvchimiz» (Hijr, 9-oyat mazmuni).
Avvalgi ilohiy kitoblarning asl nusxalari yo‘qolib ketgani holda, Qur’oni karimning asl nusxasi hanuz saqlanib kelmoqda va dunyoda chop etilgan jamiki Qur’on nusxalarini asl nusxaga solishtirsak, biror harfida ham farq, yo‘qligiga guvoh bo‘lamiz. Bunga misol qilib hazrati Usmon, roziyallohu anhu, tomonlaridan jam qildirilgan, hozirda O‘zbekiston musulmonlari idorasi kutubxonasida saqlanayotgan Qur’oni karimning asl nusxalaridan birini ham keltirishimiz mumkin.

— Suhbatimiz Qur’oni karim va avvalgi ilohiy kitoblar munosabatiga kelib taqaldi.
— Qadimgi diniy kitoblarga insonlarning ham qo‘li tekkani sabab, ularga aqlga va xaqiqatga to‘g‘ri kelmaydigan bir qancha so‘zlar sizib kirgan. Bu qo‘shimchalar inson e’tiqodini buzadigan darajadadir. Hatto ularning ba’zilari xulqiy buzuqliklardan iboratdir. Lekin Qur’on bunday so‘zlardan mutlaqo pok. Unda birorta ham aqlga zid yoki tajribada xato bo‘lib chiqqan narsa yo‘q. Insonni adashtiradigan joyi yo‘q. Yana Qur’oni karim avvalgi kitoblardan farqli ravishda ichki ixtiloflardan batamom holidir. Shu o‘rinda uzoq yillar davomida xristian ruhoniyi bo‘lib xizmat qilgan va Allohning hidoyati ila (1999 yili) Islomga kirgan rusiyalik mashhur davlat arbobi, falsafa fanlari doktori, professor Ali Vyacheslav Polosinning «Pryamoy put k Bogu» (Allohga eltadigan to‘g‘ri yo‘l) kitobidan bir parcha keltiraman: "Men birinchi marta Qur’oni karimni ochib, "Ularga ayt..." degan so‘zga ko‘zim tushganida va Qudratli Yaratuvchi haqidagi tarannumlarni o‘qiganimda, bu so‘zlar darhaqiqat eng qudratli zot Allohning so‘zlari ekanini tushundim. Alloh Qur’onning egasi, Muhammad esa uning elchisidir. Har narsaga Qodir Zot insoniy oyoq-qo‘llarga ham, qush qanotlariga ham... har xil shubhali alomatu bashoratlarga ham, O‘zining So‘zlariga insoniy aralashuvlarga ham, "ilohlashtirishlar"ning turli ko‘rinishlariga ham aslo muhtoj emasdir. Chunki u Qudratlidir, U butun dunyoni osongina yaratgandir, U O‘z irodasini odamlarga qanday xohlasa, shunday, qachon xohlasa, ushanda va O‘zi kimni tanlasa, o‘sha elchisi orqali yetkazishga qodir Zotdir. Bugun Islomni turli bo‘lmag‘ur ayblarni yopishtirish va har xil asossiz tuhmatlar uyushtirish bilan inkor etgan va inkor etayotgan kishilarga qarata esa, Alloh taoloning O‘zi bunday deydi: “Axir ular Qur’on haqida fikr yuritmaydilarmi?! Agar u Allohdan boshqa birov tomonidan bo‘lsa edi, unda ko‘p ziddiyatlarni topgan bo‘lar edilar-ku?!” (Niso, 82-oyat mazmuni). Qur’on oyatlarida ziddiyatlar yo‘q, ularda keyinchalik qo‘shib qo‘yilgan qistirmalar ham yo‘q, Alloh so‘zlarining boshlanishi ham, oxiri ham ularda ochiq ko‘rinib turadi, ular Iso va ungacha kelgan boshqa payg‘ambarlarning, alayhimussalom, so‘zlarini eslatadi va izohlaydi, ular Yer yuzidagi barcha xalqlarga oddiy oila va turmushdan tortib, to davlat qurilmalarigacha yakkaxudolikning ijtimoiy doktrinasini e’lon kiladi. Bu Kitobni o‘qib chiqqach, men shuni tushundimki, xristianlikdagi Iso, kelajakda keladi, deb bashorat bergan haqiqiy xristianlik ko‘rsatmasi ayni shu muqaddas Qur’oni karimdir*9.
Bir so‘z bilan aytganda, Qur’on nozil bo‘lganidan keyin insoniyatning boshqa ilohiy kitobga extiyoji qolmadi.

— Qur’oni karim avvalgi ilohiy kitoblarning davomchisi sifatida qanday o‘rin tutadi?
— Musoga, alayhissalom, nozil etilgan Tavrot kitobining muddati Iso, alayhissalom, payg‘ambar bo‘lib kelishlari bilan tugagan. Isoga, alayhissalom, nozil etilgan Injil kitobiga amal qilish muddati esa Muhammad, sollallohu alayhi va sallam, payg‘ambar bo‘lib kelishlari bilan tugadi. Muhammadga, sollallohu alayhi va sallam, nozil etilgan Qur’oni karimga bu dunyoda amal qilish muddati qiyomatgachadir. Alloh taolo Kur’onni avvalgi ilohiy kitoblarni:
a) tasdiqlovchi: «Sizga esa (ey Muhammad, alayhissalom), Biz o‘zidan oldingi Kitob(larni) tasdiqlaguvchi...»
b) guvoh: «va u (Kitoblar) ustida guvoh bo‘lgan bu Kitobni haqqirost nozil qildik...» (Moida, 48, mazmuni);
v) ajratuvchi: «(Endi esa haq bilan nohaqni) Ajratguvchini (Qur’onni) nozil qildi» (Oli Imron, 4, mazmuni);
g) mufassal bayon qilguvchi: «...(unga) imon keltiradigan qavm uchun barcha narsalarni mufassal bayon qilib beruvchi Hidoyat va Rahmat (bo‘lgan bir Kitobdir)», deb aytadi (Yusuf, 111, mazmuni).

— Yaqinda qo‘limga xristian missionerlari tomonidap o‘zbek tilida tarqatilgan «Haqiqat! Ha, faqat Haqiqat!» degan risola tushib qoldi. U yerda: «Injil Qur’onning «xato»larini to‘g‘rilaydi» degan g‘oya ilgari surilibdi...
— Bu quruq da’vodir. Haqiqat bu da’voning aksichadir. Ma’lumki, aytilgan so‘z ilmiy yoki amaliy suratda isbotlanmaguncha hech bir kuchga ega bo‘lmaydi. «...Bu ularning xom hayollaridir. (Ey Muhammad, alayhissalom) ayting: «Agar rostguy bo‘lsangizlar, hujjatlaringizni keltiringiz!» (Baqara, 111, mazmuni). Insonlar tomonidan buzuq "tuzatishlar" kiritilgan hozirda mavjud Tavrot va Injillarda payg‘ambarlar qattiq tuhmatga uchraganlar. Qur’on esa u kitoblardagi xatolarni to‘g‘rilagan. Mana, bir necha misol:
«31. ...Bir kuni Lutning katta qizi kichigiga dedi: — Otamiz qari, yer yuzidagi odatga ko‘ra biz nikohga olinishimiz uchun mamlakatda biron erkak qolmagan. 32. Kel, otamizga sharob ichirib, u bilan yotamiz, toki otamizdan nasl saqlaylik. 33. O‘sha kechasi qizlar otalariga sharob ichirdilar. Katta qiz otasining yotog‘iga kirib, u bilan yotdi. U esa qizining qachon yotib, qachon turganini bilmadi. 34. Ertasiga katta qiz singlisiga: — Men o‘tgan kecha otam bilan yotdim. Bu kecha unga yana sharob ichiramiz, bu gal sen uning yotog‘iga kirib u bilan yot, toki otamizdan nasl saqlaylik, — dedi. 35. Qizlar o‘sha kechasi ham otalariga sharob ichirdilar. Kichik qiz borib, otasi bilan yotdi. Otasi esa qizining qachon yotib, qachon turganini bilmadi. 36. Shunday qilib, Lutning ikkala qizi ham otalaridan xomilador bo‘ldilar... (Tavrotdan «Ibtido» kitobi, 19-bob).
Insonlar ichidagi eng madaniyatli, yuksak axloq sohiblari bo‘lgan payg‘ambarlardan biriga bo‘layotgan tuhmatni qarang! Axir, Lut payg‘ambar o‘z qizlari bilan zino qiladigan aroqxo‘r shaxs bo‘lganmilar? Astag‘firulloh!!!
Endi Qur’oni karim Lug, alayhissalom, haqlarida nima deganiga quloq tutamiz: «Yana Biz Lutga hikmat va ilm ato etdik va unga nopokliklar qiluvchi bo‘lgan qishloq (ahli)dan najot berdik. Darhaqiqat, ular yomon buzuq qavm edilar. Va Biz uni (Lutni) O‘z rahmat — jannatimizga doxil qildik. Shak-shubhasiz, u solihlardandir» (Anbiyo, 74— 75, mazmuni); «...va Lutni (ham Biz hidoyat qildik) va barchalarini butun olamlardan afzal qildik» (An’om, 86, mazmuni).
Injilda Iso payg‘ambar onalari Maryamga qo‘pol so‘zlar bilan muomala qilganlari bayon qilinadi: «3. ...Sharob tugab qolgach, Isoning onasi Unga: — Ularda sharob qolmabdi, — dedi. 4. Iso unga: — Mening ishimga aralashma, ayol. Mening vaqt-soatim hali yetgani yo‘q, — dedi..-» (Yuhanno, 2-bob). Go‘yo onalarini hurmatsizlik bilan «ayol» deb chaqiryaptilar. Boshqa joyda «ayol» deb bir fohishaga murojaat qiladilar: «3. Shu orada ulamolar bilan farziylar bir ayolni Isoning oldiga keltirishdi, uni zino qilayotganida ushlab olishgan edi. 4. — Ustoz! — deyishdi ayolni o‘rtaga qo‘yib. — Bu ayol zino qilayotganida ushlandi... 10. Iso o‘rnidan turdi-da, ayoldan boshqani ko‘rmay: — Ey ayol! — dedi, — seni ayblovchilar qani? Hech kim seni mahkum qilmadimi? 11. — Hech kim, Hazrat! — deb javob berdi ayol. (Yuhanno, 8-bob).
Nahotki Allohiing sodiq payg‘ambarlaridan biri bo‘lgan Iso, alayhissalom, mo‘’tabar onalariga xuddi fohishaga muomala qilgandek murojaat qilgan bo‘lsalar? Bunday tuhmatni ham Qur’on o‘nglaydi va Iso alayhissalomning tillaridan shunday deydi: «Shuningdek, (Alloh) meni onamga itoatli mehribon qildn va meni sitamkor badbaxt qilmadi» (Maryam, 32-oyat mazmuni). Shu bilan birga, xristianlar tomonidan shunday hurmatsizlik bilan tilga olinayotgan Isoning, alayhissalom, onalarini Qur’oni karim: «Farishtalar Maryamga: «Yo Maryam, albatga, Alloh seni (ayollar orasidan) tanlab oldi va (barcha gunohlardan) pokladi hamda seni butun olamlarning ayollaridan afzal qildi» (Oli Imron, 42-oyat mazmuni) deb, u zotni butun dunyo ayollarining eng yaxshisi sanadi. Allohu akbar!
Yoki boshqa bir oyatda bayon qilinadiki: «Masih ibn Maryam faqat bir payg‘ambar bo‘lib, undan ilgari ham ko‘p payg‘ambarlar o‘tgandar. Uning onasi esa siddiqa — Allohga haqqirosg imon keltirgan ayoldir» (Moida, 75-oyat mazmuni).
Injilda bayon qilinishicha, Iso Masih xochga mixlangan ko‘yi: «34. — Elohi, Elohi, lamo shavaqtani? — deb faryod qildi. Bu so‘zning tar-jimasi: «Tangrim, Tangrim, nega meni tashlab qo‘yding?» demakdir. (Mark, 15-bob). Xristianlar aytishsin: Iso agar Xudoning o‘g‘li yoki yana aytishlaricha, «xudo» bo‘lsalar, qanday qilib bunday g‘alati, o‘zining «iloh»ligiga xos bo‘lmagan ojizona, g‘arib so‘zlarini aytdilar? Axir u kishi, xristianlar da’vosicha, yeru osmonning «egasi», kamchilik va nuqsonlardan holi «iloh» emasmi?! Xristianlikdagi bunday nomaqbul, buyuk payg‘ambar Isoning, alayhissalom, shaxsiyatlariga nomunosib e’tiqodni Qur’oni karim kelib to‘g‘riladi, tushuntirdi:
«Yana kofirliklari va Maryam xususida ulug‘ bo‘xton qilganliklari sababli hamda Allohning payg‘ambari bo‘lgan al-Masih Iso ibn Maryamni «Bizlar o‘ldirganmiz», degan so‘zlari sababli (Biz ularni la’natladik). Holbuki, ular (Isoni) o‘ldirganlari ham, osganlari ham yo‘q. Faqat ular uchun (boshqa birov Isoga) o‘xshatib qo‘yildi, xolos. Albatta, (Iso) haqida talashib-tortishgan kimsalar uning (o‘ldirilgan-o‘ldirilmagani) haqida faqat shubhada qolganlar. U haqda hech qanday bilimlari yo‘q, faqat gumonlarga beriladilar, xolos. Uni o‘ldirmaganlari aniqdir. Balki uni Alloh O‘z huzuriga ko‘targandir. Alloh qudrat va hikmat Egasi bo‘lgan Zotdir» (Niso, 156-159, mazmuni).
Payg‘ambarlarga bo‘lgan shunga o‘xshash tuhmatu bo‘htonlarni Injilning bir necha joylarida uchratishimiz mumkin.

— Ushbu xatolar asrlar davomida, tarjima jarayonida yo‘l qo‘yilgan xatolarmikan yoki atayin kiritilganmikan?
— Agar Tavrot va Injilning o‘rischa, o‘zbekcha va inglizcha nusxalarini o‘qisak, yuqorida zikri o‘tgan tuhmatlar hammasida bir xil ekanini ko‘ramiz. Bularni tarjimadagi xatolar desak, unda quyidagilarni nima deb ataymiz:
«22. Hali tun o‘tmay, Yoqub o‘rnidan turdi-da, ikki xotini bilan ikki cho‘risini hamda o‘n bir bolasini olib, Yabbuk daryosining kechuvidan o‘tdi. 23. Ularni va o‘zida bor bo‘lgan narsalarini ham daryodan o‘tkazdi. 24. Oxirida yakka o‘zi qoldi va bir Zot tong otguncha u bilan kurashdi. 25. U Yoqubni yenga olmagach, uning son bo‘g‘iniga urdi va soni bo‘g‘inidan chiqib ketdi. 26. U Zot: — Meni qo‘yib yubor, mana tong otdi, — dedi. Lekin Yoqub Unga: — Meni duo qilmaguningcha Seni qo‘yib yubormayman! — dedi. 27. O‘sha Zot: — Oting nima? — deb so‘radi. U: — Otim Yoqub, — dedi. 28 O‘sha Zot: — Bundan buyon seni Yoqub emas, balki Isroil*10 deydilar. Chunki sen Xudo hamda odamlar bilan kurashib g‘olib chiqding, — dedi...» (Tavrotdan «Ibtido», 32-bob).
Guyo Yoqub, alayhissalom, Xudo bilan «kurashibdilar». Injildagi bu «oyat»larni o‘qigan aqlli oddiy bir inson ham ular kurakda turmaydigan gaplar ekanini biladi.

— Xristiallariing avlodlari ichkilikka ruju’ qo‘yishlari ilohiy kitoblari bunga ruxsat berganidanmi? Ular vinoni muqaddas ichimlik deb e’tiqod qilishadi, bunga biron asos bormi?
— Bu ishlari haddan oshishdir. Injilda aziz havoriy Pavelning: “23. Bundan keyin faqatgina suv ichma, balki oshqozoning uchun, tez-tez yuz beradigan kasalliklaringning oldini olish uchun ozgina sharob ham ichgin...” (Timofeyga birinchi maktub, 6-bob), degan so‘zi xristianlar uchun ichkilikxo‘rlikka berilgan ruxsatga aylanib ketdi. Holbuki, havoriy: «19. Bashariy tabiatning ishlari ma’lum, chunonchi: fahshbozlik, harom-harishlik, fisq-fujur, 20. butparastlik, jodugarlik, dushmanlik, janjalkashlik, rashk-g‘azab, manmanlik, ixtilofchilik, bid’atchilik, 21. hasad, qotillik, ichkilikbozlik, aysh-ishrat va shularga o‘xshash ishlar. Sizlarni oldin ogohlantirgan edim, yana ogohlantirayapman: bu kabi ishlarni qiluvchilar Xudo Shohligidan bebahra bo‘ladilar» (Galatiyaliklarga, 5-bob) deya ichkilikxo‘rlikdan qaytargan edi! Inson qanchalik zaif, shaytonlar qanchalar makkor! Bu «ozgina sharob ham ichgin» so‘zi amalda vinoyu aroq dengizlariga aylanib ketdi, u dengizlarda ko‘pgina xristian xalqlari cho‘kib ketdilar va ketmoqdalar. Qur’on esa, insoniyatni bu balodan qaytarib, shunday nido qiladi: «Ey mo‘minlar, aroq (mast qiladigan ichkilik ichish), qimor (o‘ynash), tiklab qo‘yilgan butlar (ya’ni, ularga sig‘inish) va cho‘plar (ya’ni, cho‘plar bilan folbinlik qilish) shayton amalidan bo‘lgan harom ishdir. Bas, ularning har biridan uzoq bo‘lingiz, shoyad najot topsangiz! Aroq, qimor sababli shayton o‘rtalaringizga buzg‘u adovat solishni hamda sizlarni Allohni zikr qilishdan va namoz o‘qishdan to‘sishni istaydi, xolos! Endi to‘xtarsizlar!» (Moida, 90—91, mazmuni).

— Missionerlar tarqatayotgan kitoblar, ularda yozilgan narsalar haqida nima deysiz?
— O‘sha kitoblarni o‘qigan odam Alloh taolo, u Zotning payg‘ambarlari haqida juda ham fosid, buzuq, aqidalarga duch keladi. Aqlli inson ularni qabul qila olmaydi. Masalan, «Muqaddas Kitob suratlarda» nomli kitobning 14-betidagi «Birinchi odamlarning yaratilishi» bobida: «26. Yana Xudo: «O‘z suratimizga ko‘ra, O‘zimizga o‘xshash odamni yarataylik...» 27. Shunday qilib, Xudo odamni O‘z suratida, ilohiy suratda yaratdi...» (Ibtido, 1-bob) degan so‘zlar bor. Naxot Xudo shu insonga o‘xshasa?! Inson bir zaif mavjudot bo‘lsa, bechora ba’zida kasal bo‘lib turadi, qorni ochadi, chanqaydi, charchasa uxlaydi va hokazo. Doimo nimagadir muhtoj bo‘ladi... Qur’oni karim esa, Allohning zoti xususida shunday xabar beradi: «Biron narsa U Zotga o‘xshash emasdir. U Eshitguvchi va Ko‘rib turguvchidir» (Sho‘ro, 11, mazmuni). Imom Qurtubiy bu oyatni shunday sharhlaydilar: «Albatta, Alloh ulug‘ligi, kibriyosi, mulku saltanati, go‘zal ismlariyu oliy sifatlari ila buyukdir. Maxluqotlaridan biron narsa unga o‘xshash emasdir va U ulardan biron narsaga o‘xshash emasdir».

— Afsuski, keyingi paytlarda haq dinni tashlab, boshqa dinlarga kirayotgailar uchramoqda. Bunday ayanchli hodisalarning sababi nimada ekan?
— Ha, afsuski, shunday hodisalardan ko‘z yumib bo‘lmaydi. Buning ko‘p sabablari bor, albatta. Birinchidan, missionerlar dinlaridagi majburiyatlarni berkitib, xristian dinini oson ko‘rsatadilar. «Sen Isoga ergashsang, Iso sening najotkoring bo‘ladi. U sening gunohlaringni o‘z bo‘yniga olib, do‘zaxda uch kun azoblanib chiqqan», deb ularning qo‘ynilarini puch yong‘oqqa to‘ldiradilar. Bir kuni, yarim-yalang‘och, zamonaviy kiyingan bir ayol, qo‘lida Injil bilan ko‘chada da’vat qilib yurgan ekan. Men undan: «Siz nimaga da’vat qilasiz?» deb so‘radim. Shunda u: «Injil Xudoning kitobi, unga amal qilib hayot kechirish kerak», deya gapira ketdi. Men: «Siz o‘zingiz Injilga amal qilasizmi? Injil sizga boshyalang yurishga ruxsat beradimi?» deb so‘radim. U: «Ha, albatta», dedi. Shunda qo‘lidagi Injilni so‘rab oldim-da, 444-betini ochib, ushbu jumlalarni o‘qidim: «5. Yana boshini yopmay ibodat qilgan yoki bashorat qilgan har bir xotin o‘z boshini sharmanda qiladi. Bunday xotin sochlarini qirgan xotin bilan tengdir. 6. Agar xotin boshini yopishni istamasa, unda sochlarini ham qirqsin. Lekin agar xotinga sochlarini qirqish yoki qirish uyat bo‘lsa, boshini yopsin» (Birinchi Korinfliklarga, 11-bob).
Ayol lom-mim deya olmay bir oz turdi-da, juftakni rostlab qoldi.
Boshqa bir sababi moddiy manfaatdir. Bir vaqtlar nasroniylikka kirgan bir onaxon bilan suhbatlashganman. Onaxondan:
— Xristian dinini qabul qilishintizga nima turtki bo‘ldi? — deb so‘ragan edim. U:
— Bir kuni xristian da’vatchilari uyimga kelishib, dinlariga kirishimni taqlif etishdi. «Men musulmonman! Bu mening ota-bobomdan qolgan dinim», desam, ular: «Biz sizga yordam beramiz», deya pensiyam yetmay, bir necha oydan beri to‘lolmay yurganim uy-joy solig‘ini to‘lab berishdi. Tekinga chiroyli-chiroyli kitoblar hadya qilishdi, — deb bayon qildi. So‘ng menga savol berdi:
— Nima uchun musulmoncha kitoblar kam, bo‘lsa ham qimmat?..
Yana bir sababi, sovet zamonida yoshlarimizning aksarida ma’naviy bo‘shliq paydo bo‘ldi, ular millatimiz tarixidan, diniy aqidalarimizdan juda yiroqlashdilar. Hatgo begonalashdilar. Din deganda sof islomiyatni emas, qandaydir xurofotu urf-odatlarini tushunadilar. Tabiiyki, u xurofot urf-odatlar yoqmaganidan dinni yomon ko‘ra boshlashdi. Ming yillar davomida shakllanib kelgan islomiy madaniyatimizdan ayrilish yoshlarning millatimizga yot e’tiqodlarga ko‘r-ko‘rona ergashib ketishlarida namoyon bo‘lyapti.

— Muhammad, alayhissalom: «Payg‘ambarlar o‘zaro birodardirlar, yo‘llari ham bittadir», deb marhamat qilgallar. Barcha payg‘ambarlar yakka Xudoga da’vat qilganlari holda, nima uchun xristianlar uch xudolik g‘oyasini ilgari surishadi?
— To‘g‘ri, barcha payg‘ambarlar yolg‘iz Allohga ibodat qilishga, unga hech narsani sherik qilmaslikka chaqirishgan. «(Ey Muhammad, alayhissalom) Biz sizdan ilgari yuborgan har bir payg‘ambarga ham: «Hech qanday iloh yo‘q, Yolg‘iz Mengina bordirman, bas, Mengagina ibodat qilinglar», deb vahiy yuborgandirmiz» (Anbiyo, 25, mazmuni).
Biz hozirgi Injilning o‘zida ham, Isoning, alayhissalom, yolg‘iz Allohga ibodat qilishga chaqirgan so‘zlarini, xristianlarning uch xudolik da’volarini botilga chiqarganini ko‘ramiz: «1. Shu gaplardan keyin Iso, alayhissalom, ko‘zlarini osmonga tikib, dedi... 3. «Abadiy hayot esa, Seni — tanho Haq, Xudoni hamda sen yuborgan Iso Masihni tanib bilishdan iboratdir...» (Yuhanno, 17-bob);
«28. Ulamolardan biri ...Isoning oldiga kelib: — Butun ilohiy amrlarning eng muhimi qaysi biri? - deb so‘radi. 29. Iso unga javob berib dedi: — Butun amrlarning eng muhimi shu: «Tingla, ey Isroil! Robbimiz bo‘lgan Xudovand Yagona Xudovanddir... 32. — Yaxshi gapirding, Ustoz, — dedi ulamo Isoga. — Xudo yagona, Undan boshqa xudo yo‘q, deb to‘g‘ri aytding...» (Mark, 12-bob).
Biz xristianlarga Allohning ushbu oyatini eslatamiz: «Ey ahli Kitob (yahudiy va xristianlar), (Isoni, alayhissalom, xudo deyish bilan) diningizda haddingizdan oshmangiz! Alloh sha’niga esa faqat haq gapni aytingiz! Albatta, al-Masih Iso ibn Maryam faqat Allohning payg‘ambari va Uning Maryamga tashlagan So‘zi hamda Uning tomonidan bo‘lgan ruh (sohibidir), xolos. Bas, Alloh va Uning payg‘ambarlariga imon keltiringiz! (Xudo) uchta (ya’ni, Ota, O‘g‘il va Muqaddas Ruh) demangiz! (Bunday botil e’tiqoddan) to‘xtangiz, shunda o‘zingiz uchun yaxshi bo‘lur. Xech shak-shubhasiz, Alloh Yakka-Yagonadir. U farzandlik bo‘lish (aybidan) Pok bo‘lgan Zotdir...» (Niso, 171, mazmuni).

— Hozirgi Injilda keyingi zamon odamlari kiritgan so‘zlar to‘lib-toshib yotgani holda, uni "Muqaddas Xushxabar" ya’ni, ilohiy kitob deb atash qanday bo‘larkin?
— Yuhanno bayon etgan Injil bunday xotimalanadi: «25. Iso bajargan boshqa bir talay ishlar ham bor. Bular birma-bir yozib chiqilganida edi, yozilgan kitoblar olamga ham sig‘mas edi, deb o‘ylayman».
Xulosa kabi aytilgan bu so‘zlar, uni rivoyat qilayotgan kishi o‘zidagi ko‘pgina ma’lumotlardan qaysi birini tanlashni xohishiga ko‘ra o‘zi hal etgan bir odamdir. U, Iso, alayhissalom, haqlarida ungacha kelgan ma’lumotlar jiddiy qisqartirilganini ham tan olmoqda. To‘g‘ri e’tiqodli kishi nazari bilan qaralsa, inson nomidan gapi-rilayotgan jamiki so‘zlar, garchi u inson juda ulug‘ va avliyo zot bo‘lsa ham, u so‘zlarni Xudoning bayonotlari sirasiga emas, balki insonning diniy va ma’rifiy qarashlari sirasiga kiritish kerak. Agar xristianlar Yangi ahdni Xudoning bayonotlari tarzida qabul qilishar ekan, undan havoriyning Xudoning buyrug‘iga yoki Isoning ta’limotiga asoslanmay, o‘zicha aytgan so‘zlarini chiqarib tashlashlari va solih kishilarning rivoyatlari deb chop qilishlari kerak edi. Demak, butun Yangi ahdni "Muqaddas bayonotlar kitobi" emas, faqat "Rivoyatlar kitobi" deb qabul qilish kerak.

— Bugungi kunda yer yuzida bironta ham Injilning asl nusxasi yo‘q deb eshitdim...
— Biz musulmonlar, Alloh taolo Isoga, alayhissalom, Injil nomli kitob nozil qilganiga imon ksltiramiz, busiz imonimiz butun bo‘lmaydi, Lekin o‘sha ilohiy kitobning asli hozir yo‘q. Hozir xristianlar e’tiqod qiladigan va amal qiladigan asos Injil to‘rttadir:
1. Matto bayon etgan Muqaddas xushxabar. Bu Injil eng qadimgi Injillardan hisoblanadi. U Isodan, alayhissalom, to‘rt yil keyin, ibroniy (yahudiy) tilida yozilgan. Ammo o‘sha nusxa ham yo‘q. Hozir bori uning tarjimasidir. Tarjimoni va qaysi matndan tarjima qilingani ham ma’lum emas. Buning ustiga, bu Injilning muallifi Matto Isoning, alayhissalom, havoriylaridan bo‘lmagan. Keyinroq, uni xoin Yahudoning o‘rniga saylashgan edi. Shunday tarixga ega bo‘lgan yozuvni oddiy ishonchli kitob deyish ham qiyin.
2. Mark bayon etgan Muqaddas xushxabar. Bu Injil yunon tilida Isodan, alayhissalom, yigirma uch yil keyin yozilgani aniq. Ammo kim yozgani aniq emas. Ba’zi xristian olimlari: «Uni Pyotr yozgan», boshqalari esa: «Uni Pyotrning o‘limidan keyin Mark yozgan», deydilar. Bu Injilni nima deyish mumkin? Yigirma uch yildan so‘ng, Iso Masih, gapirmagan tilda yozilgan, kim yozgani noma’lum kitob muqaddas kitob bo‘la oladimi?!
3. Luka bayon etgan Muqaddas xushxabar. Bu kitob Isodan, alayhissalom, yigirma yil keyin yozilgan. Luka U zotning emas, balki Polning shogirdi bo‘lgan. Pol ham Isoni, alayhissalom, ko‘rgan emas. Buning ustiga, Pol yahudiy bo‘lib, hiyla bilan xristianlikka qarshi buzg‘unchiliklar qilgan. Shunday odamning shogirdi yozgan kitobni muqaddas kitob deyish mumkinmi?!
4. Yuhanno bayon etgan Muqaddas xushxabar. Bu Injil Isodan, alayhissalom, o‘ttiz ikki yil keyin yozilgan. Ba’zi xristian toifalari: «Uni Isoning, alayhissalom, shogirdlaridan Yuhanno ibn Zabdiy yozgan», deydilar. Besh yuzta taniqli xristian olimlari ishtirokida yozilgan Britaniya entsiklopediyasi bu kitobni «qalbaki kitob» degan ekan. Izohning hojati bo‘lmasa kerak!

— Ba’zi «ziyolilar» Injil va Tavrot ilohiy kitoblar, ularni o‘qib manaviyatni boyitsa bo‘ladi deyishadi, siz bunga nima deysiz?
— To‘g‘ri, Tavrot, Injil va Zabur nomida ilohiy kitoblar tushirilgan, lekin u asl matnlar qani? Ular yo‘q. Borlarini esa, buzib, boshqatdan yozib chiqishgan. Bordiyu o‘sha asl Tavrot, Injil va Zaburlar saqlanib qolganida ham, oxirgi haq Kitob (Qur’on) tushishi bilan ularning muddati tugadi. Hazrati Umar, roziyallohu anhu, Tavrotdan xabarlar yozilgan varaq topib, Rasulullohga, alayhissalom: «Yo Rasululloh, mana bu yerda ham yaxshi gaplar bor ekan», deganlarida, Payg‘ambarimiz, alayhissalom: «Agar Muso tirilib kelganida menga ergashib, Qur’onga amal qilgan bo‘lar edi», deb javob berganlar.

— Hurmatli domla, suhbatingiz uchun tashakkur, Alloh, sizdan rozi bo‘lsin. «Hidoyat» va uning o‘quvchilari haqiga duo qilsangiz.
— Barchamizga Alloh, taolo foydali ilm, pokiza rizq va qabul bo‘lguvchi amallar bersin, O‘zi rozi bo‘ladigan bandalaridan qilsin. So‘zim oxirida ushbu oyatlarni keltirsam: «Eslang, (ey Muhammad, alayhissalom) Alloh: «Ey Iso ibn Maryam, sen odamlarga: «Allohni qo‘yib, meni va onamni xudo kilib olinglar» deb aytdingmi?» deganida, (Iso) aytdi: «Ey Pok Parvardigor, haqqim bo‘lmagan narsani aytish men uchun durust emas-ku. Agar aytgan bo‘lganimda Sen albatta bilar eding. Zotan, Sen dilimdagi bor narsani bilursan. Ammo men Sening huzuringdagi hech narsani bilmasman. Faqat Sen O‘zing g‘ayb ilmlarining Bilguvchisisan. Men ularga faqat O‘zing menga amr qilgan gapnigina aytdim: «Parvardigorim va Parvardigoringiz bo‘lmish Allohga ibodat qilingiz!» Va oralarida bo‘lgan muddatimda ularning ustida guvoh bo‘lib turdim. Meni O‘z huzuringga chorlaganingdan keyin esa, Sen O‘zing ularning ustida Kuzatuvchi bo‘lding. Sen O‘zing hamma narsaga Guvohdirsan. Agar ularni azoblasang, ular Sening (ojiz) bandalaring. Agar ularni mag‘firat qilsang, albatta, Sen O‘zing qudrat, hikmat Egasidirsan» (Moida, 116—118-oyatlar mazmuni).

Yusuf Ahmad yozib oldi.
“Hidoyat” jurnalining 2002-yil, 9,10-sonlaridan olindi.

______________________

*1 «Ahmad». «Muhammad» bir o‘zakdan olingan.
*2 Aslida «Robbimga».
*3 «Toabad», ya’ni, qiyomatgacha.
*4 Ya’ni, «Mendan boshqa».
*5 Shu o‘rinda bir oz izoh berib o‘tsak. "Yupatuvchi" so‘zi o‘rischa Injilda «Uteshitel» deb tarjima qilingan. Bu so‘z yunon tilidagi «perakletos» so‘zining tarjimasidir. Ba’zilar bu so‘zni «himoyachi», «Yordamchi», “O‘gitchi” deb ham tarjima qilish mumkin, deydilar. Boshqalar esa, «Parakletos» aslida, «periklutos» (maqtalgan) so‘zining buzilgan shaklidir, deydilar. "Muhammad" ismi ham so‘z sifatida "maqtalgan" ma’nosini beradi. Binobarin, "periklutos" so‘zining to‘g‘ri tarjimasi Payg‘ambarimiz ismlarining aynan ifodasidir. Bundan yanada aniq isbot bo‘ladiki, Iso, alayhissalom, xabar bergan oxirgi payg‘ambar, shak-shubhasiz, Muhammaddirlar, alayhissalom. Yana bir hayratga solarli ma’lumot: "Muhammad" deb ism qo‘yish arablarda oldin umuman bo‘lmagan, Payg‘ambarimizning onalari Omina xomiladorlik vaqtlarida tushlarida aynan shu ismni qo‘yish ayon qilingan.
*6 «Men qalbi»dan murod, Muhammad, alayhissalom, har xususiyatda Muso payg‘ambar kabidirlar. (Ahmad Diydod. «Injil bashorati», «Hidoyat». 2001, 4,5,6-sonlar.)
*7 Yahudiy din arboblari.
*8 Ahmad Diydod, o‘sha asar.
*9 Ali Vyacheslav Polosin. "Pryamoy put k Bogu". Moskva, nauch. izdat. tsentr “Ladomir”, 2000 g. str. 16-17.

*10 Isroil: «Xudo kurashadi» va “Xudo bilan kurashgan” ma’nolarida. (Injildagi izoh.) Aslida, «Isroil» Yoqubning, alayhissalom, laqablari, ibroniy tilida “Isro” — Abd, «il» — Alloh, ya’ni, «Abdulloh» — Allohning quli demakdir (Tafsiri Nasafiy, Baqara, 40-oyat tafsiridan).