Эътиқод – мангу ҳақиқатдир (муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф билан суҳбат) (1989)

Рукн: Суҳбатлар Чоп этилган: 06.02.2017

— Муҳтарам муфтий! Қайта қуриш, янгича тафаккур шарофати туфайли мамлакатимизда содир бўлаётган хушбахт ўзгаришлардан яхши хабардорсиз. Шууримизга муҳрланиб қолган жуда кўп қарашлар бугун ўзгармоқда. Янгиланиш шабадалари диний эътиқод эгаларига бўлган муносабатларда ҳам сезилаётир. Номзодингиз СССР халқ депутатлигига кўрсатилганлигининг ўзи фикримизга далил бўла олади. Кўп сонли муштарийларимизнинг талаб ва илтимосларига биноан бугунги мулоқотимизни Сиз билан танишувдан бошласак.

— Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ўзим ҳақида гапириш бир оз ўнғайсиз. Аммо зарурат тақозо этса, начора. 1952 йили Андижон областидаги Булоқбоши қишлоғида, диндор оилада таваллуд топдим.

Шу йил 6 февраль куни бўлиб ўтган воқеалардан хабарингиз бор. Бошқарма диний ҳайъатининг кенгайтирилган мажлисида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси вазифасини вақтинча бажариб туриш масъулияти каминанинг зиммасига юклатилди. 14 – 15 март кунлари бўлиб ўтган IV Қурултой қатнашчилари эса каминага билдирилган ишончни тўла маъқуллаб, мени Бошқарма ҳайъатининг раиси этиб сайладилар ва «муфтий» унвонини бердилар. Билдирилган ишончни оқлаш, халқимиз саодати йўлида ҳалол хизмат қилиш – олий муддаомдир.

Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ташкил топганига 45 йил бўлди. Бошқарма фаолияти тўғрисида батафсилроқ сўзлаб берсангиз.

Диний бошқармамиз амалга ошираётган ибратли ишлар ҳақида ҳар қанча сўзласак арзийди. Диний бошқарма зим­масига Ўрта Осиё ва Қозоғистон ҳудудида истиқомат қилувчи мусулмонларнинг диний ишларига раҳбарлик қилишдек улкан вазифа юклатилган. Ислом қонун-қоидаларини тарғиб қилиш, мўмин-мусулмонларга ҳар жиҳатдан кўмаклашиш, уларни тинчлик, адолат, раҳм-шафқат ва ҳалоллик йўлида бирлаштириш – бизнинг бурчимиздир.

Чет эллардаги Ислом эътиқодида бўлган биродарларимиз билан алоқаларимиз узлуксиз кенгайиб бормоқда. Ҳозирги кунда 80 дан ортиқ хорижий мамлакатлардаги диний ташкилотлар билан турли алоқалар ўрнатганмиз. Ўйлайманки, бу алоқаларимиз дунё халқлари дўстлиги ва ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ишига хизмат қилади.

Диний идорамиз ташаббуси ва фаол иштирокида халқаро Ислом анжуманлари ҳам ўтказиб турилади. 1974 йили Самарқанд шаҳрида буюк муҳаддис Муҳаммад бин Исмоил Бухорий (разияллоҳу анҳу) таваллудларининг 1200 йиллиги муносабати билан «Имом Бухорий ва ҳозирги замон» мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди, унда 33 мамлакатдан келган нуфузли уламолар иштирок этдилар. Бу анжуман ҳадис илми равнақига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.

1980 йили Тошкентда «XV ҳижрий асри – халқлар ўртасида дўстлик, тинчлик ва биродарлик асри бўлсин» шиори остида ўтган халқаро анжумани ҳам Ислом оламида таъсирли воқеа бўлди. Бошқармамиз «Инсониятни ядро ҳалокатидан қутқазиш» Москва кенгашининг фаолларидан бири эканлигини ҳам айтиб ўтишим лозим.

Ҳозирги қайта қуриш, ошкоралик ва демократия шароитида бу алоқаларни янада ривожлантириш эҳтиёжи яққол сезилиб турибди. Қурултойимиздан сўнг ўтган қисқа муддат ичида чет эллардаги атоқли Ислом намояндалари ва ташкилотлар бизга номалар йўллаб, ишимизга ривож тилаш билан бирга икки томонлама манфаатли алоқаларни янада кучайтириш ниятида эканликларини изҳор қилдилар. Улар, айниқса, диндорларга қайтариб берилган ҳалифа Усмон ибн Аффоннинг мусҳафларини зиёрат қилиш, ундан ҳеч бўлмаса бир неча варақ фотонусха олишга қизиқмоқдалар.

Икки оғиз сўз нашр ишларимиз хусусида. Бошқармамиз Қуръони Каримни бир неча бор чоп этди. «Саҳиҳул-Бухорий», «Ал-Адабул муфрад», «Сулосийтул Бухорий», «Аш-Шамоилун набавий» каби қатор диний китоблар қайта нашрдан чиқди. Йиллик диний тақвим, бир неча тилларда чиқадиган «Совет Шарқи мусулмонлари» журнали даврий нашрларимиз ҳисобланади. Бу соҳадаги ишларни янада ривожлантириш, журналимизни ўзбек ҳамда тожик тилларида ҳам чиқариш ниятимиз бор.

Хуллас, бу борадаги ниятларимиз анча катта. Яқин келгусида Қуръони Каримнинг янги нашри, Имом Тирмизий таваллудининг 1200 йиллигига бағишланган «Мишкотул масобиҳ», «Жомиут Тирмизий» китоблари босмадан чиқади.

– Бухорода Мир араб мадрасаси, Тошкентда Имом Бухо­рий номидаги Ислом олий маъҳади диний ходимлар тайёрлаш борасида фаолият кўрсатмоқда. Бундан ташқари Яқин Шарқ мамлакатларида, хусусан Қоҳира, Дамашқ ва Қобулда қатор диний университетлар мавжуд. Улардан бирини ўзингиз тугатгансиз. Кўпчилик бу даргоҳлари фаолиятларидан тўла хабардор эмаслар. Талабаларни танлаш, қабул қилиш шартлари, илоҳиёт билан бирга ўқитиладиган дунёвий илмлар, уларнинг асосий йўналишлари ҳақида ҳам тасаввуримиз кам.

– Мадрасада толиби илмлар Қуръони Карим ва унинг тафсирини, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳадисларини, Ислом тарихи ва фиқҳини, араб тили ва қоидаларини ҳамда бошқа зарурий илмларни ўрганадилар. Маъҳадимизда эса бунга қўшимча равишда улумул Қуръон, улумул Ҳадис, усулул Фиқҳ ва ақоид каби фанлардан билим берилади.

Диний илм даргоҳларига қабул қилиш шартлари диёримиздаги бошқа ўқув юртларига қабул қилиш шартларига деярлик мос келади. Бироқ, қўшимча шулки, диний илм даргоҳида таълим олишни ният қилган ёш мусулмон ўзи яшайдиган жойдаги масжиддан йўлланма ҳам олиши керак. Мир Араб мадрасасига кириш учун бошланғич диний таълимотдан, Қироатдан ҳамда тарих ва жуғрофиядан имтиҳон топширилади. Шунингдек, толибнинг умумий мафкуравий доираси ҳам ҳисобга олинади.

Тошкент ислом маъҳадига кирувчи талабалар бирмунча жиддийроқ синовдан ўтадилар. Улар араб тилида ўқиш ва таржима қила олиш маҳоратларини, фиқҳ ва тафсир каби диний фанлардан олган билимларини намойиш этишлари керак.

Ислом оламидаги диний ўқув юртларида Исломга оид илмлар билан бир қаторда илмул ижтимо (социология), илмун нафс (психология), ахлоқ (эстетика) каби фанлар ҳам ўқитилади. Эндиликда толиби илмларга Ислом билан биргаликда тиббиёт, механика каби замонавий фанлардан сабоқ бериш, уларни диний арбоблик билан бирга халқ хўжалиги учун зарур бўлган турли мутахассислик эгалари қилиб тайёрлаш режалари тузилмокда.

— Яна икки кундан кейин сайлов. Программангизда «Жамиятнинг руҳий эҳтиёжларини янада тўлароқ қондириш» деган жумла бор. Бунда Сиз нимани назарда тутмоқдасиз?

— Эзгу ниятим – халқимиз саодати йўлида хизмат қилишдир. Жамиятимизда содир бўлаётган салбий ҳодисаларнинг сабабларини аниқлаш ва уларни тугатиш йўлида ҳаракат қилмоқчиман. Салбий ҳодисаларнинг сабаблари — маънавий тарбиянинг сустлигида, деб биламан. Ислом фалсафасига кўра, инсон жисм ва руҳдан иборатдир. Жисм тарбияга нечоғли муҳтож бўлса, руҳ ҳам тарбияга шунчалик ташнадир. Руҳий тарбия топмаган инсон маънавий қашшоқ бўлиб, раҳму шафқат, адолат ва эзгулик туйғуларидан маҳрум бўлади. Бундай кишилар эртами-кечми ахлоқий нопоклик ва маънавий тубанлик чоҳига дучор бўладилар. Балоғат остонасида турган ёшлар тарбиясига ғоят зарарли таъсир кўрсатадилар. Бу ҳолни тўғри изга солиш учун ахлоқий-маънавий тарбияни умумхалқ ишига айлантириш, мактабларда, ўқув юртларида, корхоналарда, маҳалла ва жамоат жойларида бутун имконият ва воситалардан фойдаланмоқ зарур.

— Яна бир ниятингиз – ҳаж сафарини ихтиёр қилганларга ҳар жиҳатдан ёрдам кўрсатиш. Бу борадаги тартиботлар қандай?

— Ҳа, режаларимдан яна бири – ҳаж сафарини ихтиёр этган биродарларимиз орзуларининг ушалишига ёрдам кўрсатишдир. Маълумки, ҳаж сафари Ислом дини беш арконининг бири. Шунингдек, бу сафар – мамлакат фаровонлиги даражасини кўрсатувчи ибодат ҳамдир. Зеро, ҳаж сафарига ўзига тўқ мусулмонларгина боришади. Таассуфки, узоқ йиллар давомида диёримиз мусулмонларининг бу йўлдаги орзу-ниятларига етарли эътибор берилмади. Ҳаж сафарига асосан масжид ва диний бошқарма ходимлари юборилиб, оддий мусулмонлар камситилди. Сафар ижозати мураккаблашди. Қиёслаб айтишим мумкинки, мусулмонлари сони биздан бир неча бор кам мамлакатлардан, масалан Хитой Халқ Республикасидан хар йили минглаб киши ҳаж сафарига отланадилар.

— Ўзингиз шундай сафарда булганмисиз?

— Камина 1984 йили Аллоҳнинг иродаси билан муборак ҳаж сафарида бўлиб, Маккайи мукаррама ва Мадинайи мунавварадаги муқаддас жойларни зиёраб этиб, Аллоҳ фарз қилган ҳаж рукнини адо этганман.

— Мусулмон хуқуқшунослиги, шариат қонун-қоидалари билан шуғулланувчи Ислом илоҳиётининг фиқҳ соҳаси тўғрисида сўрамоқчиман. Илмий манбаларда Ислом кенг тарқалган мамлакатларда дунёвий ҳуқуқ системалари мавжудлиги боис бу соҳа муайян даражада торайиб бормоқда, деб таъкидланади. Ҳозир ҳам шундайми? Бурҳониддин Марғилоний, Абу Лайс Самарқандий каби машҳур фиқҳчиларнинг муаллафотларига эҳтиёж борми?

— Дунёвий ҳуқуқ тартиботларнинг жорийлиги Ислом фиқҳни суриб чиқармоқда, деган фикр тўғри эмас. Чунки шахсий, яъни, гражданлик масалаларининг барчаси Ислом фиқҳи асосида олиб борилади. Боз устига баъзи мамлакатлар ўз қонунларини Ислом фиқҳига яқинлаштириш, соф Ислом ҳукми асосида иш юритишга интилмоқдалар. Шунинг ўзи ҳам фиқҳга бўлган эҳтиёжни оширмоқда. Кўпгина Ислом давлатларидаги олий ўқув юртларида ватандошларимиз Бурҳониддин Марғилоний, Абу Лайс Самарқандий каби машҳур фиқҳчиларнинг талифотлари чуқур ўқитилмоқда. Ҳорижий олимларнинг таъкидлашларича, мусулмон бўлмаган мамлакатларда ҳам фиқҳга эътибор катта.

— Дин қонун йўли билан давлатдан ажратилган. Аммо биз узоқ вақт дин ва диндорлар наинки давлатдан, улар жамиятдан ҳам ажратилган, деб ҳисоблаб келдик. Дин – бу турмуш тарзи, эътиқод, ижтимоий воқелик эканлигини анг-ламадик ёки англашни истамадик. Дунёвий ва илоҳий қарашлар йўлидаги кишиларни умуминсоний ахлоқ меъёрлари, маънавий қадриятлар, адолат ва муҳаббат туйғулари бирлаштириб туришини ҳисобга олмадик. «Коммунист» журналининг ёзишича, миллатлар ва динлар, миллий ўз-ўзини англаш ва диний қарашларнинг ўзаро алоқалари масаласи олимларимизнинг назаридан мутлақо четда қолиб кетди… Сизнинг фикрингиз қандай?

— Дин турмуш тарзи эканлиги, ҳаётга катта таъсир ўтказиши ҳамда диндорлар жамиятнинг ажралмас бир қисми эканлиги хақиқат. Лекин бу ҳақиқатдан кўз юмилди. Диндор­ларга иккинчи навли кишилар сифатида қараб келинди. Дин вақтинчалик нарса, эрта-индин йўқ бўлиб кетади, деган тушунча кишилар онгига мажбуран сингдирилди. Лекин ҳақиқат – мангулиги билан ҳақиқатдир. Бинобарин, диндорлик кишилар қалбини тарк этмади. Аксинча, жамиятда ўз ўрнини топди.

Шукрлар бўлсинким, ҳамма нарсани ўз номи билан атайдиган, фикрни очиқ изҳор этадиган давр етиб келди. Дин ўткинчи нарса эмас, балки инсоният ҳаёти давомида унга йўлдош мафкура эканлиги, у билан ҳисоблашиш зарурлиги маълум бўлди.

— Хитой халқининг ажойиб мақоли бор: «Дераза очилганда хона ичига сарин шабада билан бир га чанг-ғубор кириб келади». Бу ҳикмат бизнинг ҳозирги кунларимизга жуда жоиз. Қайта қуриш шарофати ила йиллар давомида қулфланиб ётган эшиклар очилди, сунъий тўсиқлар, кони зарар ғовлар олиб ташланди. Руҳиятимиз, енгил тортди. Аммо таассуфлар бўлсинким, биз покланиш шабадаси билан бирга маънавий қадриятларимизга мутлақо зид хуш-нохуш воқеаларга ҳам гувоҳ бўлиб турибмиз. Айрим кимсалар миллий ва миллатлараро муносабатлардаги мавжуд муаммоларни ниқоб қилиб халқлар дўстлигига раҳна солишга интилмоқдалар. Бу Сизни ҳам ташвишлантирса керак?

— Албатта, бу ҳолат барча мусулмонларни ҳам ташвишлантирмоқда. Эътироф этганингиздек, қайта қуриш, демократия ва ошкораликни суиистеъмол қилиш ҳоллари учраб турибди. Бу ҳолат, айниқса, Қорабоғ атрофидаги воқеаларда яққол кўзга ташланди. Баъзи бир шахслар бунда Исломни айблашга ҳам уриниб кўрдилар. Аслида эса Ислом миллатчилик тушунчасидан йироқдир. Шайхулислом Оллошукур Пошшозода раҳбарлигидаги Кавказорти мусулмоилари диний бошқармаси мусулмон аҳолини тинчлантириш ва тартибга чақиришда фаол иш олиб бордилар. Баъзи районларда уламолар ғазабланган жамоатнинг йўлига пешвоз чиқиб тўхтатиб қолдилар.

Очйғини айтиш керак, яқин-яқинларгача Ислом миллатчиликнинг асосий манбааси сифатида айблаб келинди. Бу адолатдан эмас, ҳақиқатга зид. Ислом миллатчилик кайфиятларидан устун туради. Динимиз инсонларни миллати, насаби ёки тусига қараб эмас, балки тақозоси ва руҳий маънавиятига қараб баҳолайди. Ислом қора танли Билол Ҳабашийни ажойиб инсон қилиб тарбиялади, муқаддас Каъба устида азон айтишдек улкан мартабага сазовор этди. Айни чоғда ўзларини чин асилзода ҳисобланган, аммо бирор бир кишига яхшилик қилмаган пайғамбар алайҳиссаломнинг амакилари Абу Жаҳл ва Абу Лаҳабларни қоралади.

Ислом таълимоти диндорларни ўзга динларга ҳурмат ва эҳтиром билан қарашга чорлайди. Мисол учун христиан ёки яҳудий динларини олиб кўрайлик. Қуръон ва суннат таълимотларига кўра христиан дини асосчиси Исо алайҳиссалом – Аллоҳнинг пайғамбари ҳисобланади. Агар бирор мусулмон бунга шак келтирса, мусулмонлиги қолмайди. Шунингдек, Инжилни илохий китоб деб тан олмаган киши ҳам мусул­мон бўла олмайди. Бу ҳукм Мусо алайҳиссалом ва Тавротга ҳам дахлдор.

Ислом пайғамбар ва илохий китоблар ҳурмати билан чегараланиб қолмайди, балки уларга эътиқод қилувчиларга ҳам яхши муомалада бўлишни тарғиб этади. Динимиз ўзга динга эътиқод қўйган аёлларга уйланиш, таомларидан (ҳалол ҳайвонларнинг гўштидан тайёрланган ноз-неъматларидан) тановул қилишни ҳам ман этмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Моида сурасининг 5-оятида мусулмонларга хитоб қилиб бундай дейди: «Бугунги кунда сизга пок нарсалар ҳалол қилинди. Аҳли китобнинг таоми сиз учун ҳалол қилинди ва сизларнинг таомингиз улар учун ҳалол қилинди. Шунингдек, покиза мўмина аёллар ва аҳли китоб аёллар ҳам…»

Ғарблик шарқшунос ва тарихчилар Исломнинг миллатлараро муносабатларга доир қарашлари тўғрисида кўп ёзишган. Хусусан, Томас Орланднинг «Исломга даъват» китобида мусулмонларнинг бошқа дин вакиллари билан яхши муомалалари ёрқин мисоллар билан баён этилган.

Қуръони Каримдаги мана бу оят билан бу борадаги фикримни якунламоқчиман: «Эй мўъминлар! Ҳеч бир қавм бошқа бир қавм устидан кулмасин! Чунки улардан қайси бирлари афзалроқ эканлиги Аллоҳнинг ўзигагина аёндур» (49-сура, 11-оят).

— Биз юқорида айтганимиздек, диндорларга бўлган муносабат ўзгармоқда. Лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор. Анча кўнгилсиз бўлса ҳам айтишим лозимки, баъзи кишилар бу ўзгаришларни бошқачароқ тушунганлар чоғи. Баъзи жойларда ноўрин, жамият, умумхалқ манфаатларига тўғри келмайдиган, Исломни обрўсизлантирадиган талаблар билан ҳукуматга ошкора тазйиқ ўтказиш, варақалар тарқатиш, дўқ-пўписа қилиш ҳоллари ҳам учраб турибди. Бу ҳолни Сиз қандай баҳолайсиз?

— Надоматлар бўлсинким, Сиз зикр қилган кўнгилсиз ҳоллар ҳозиргача ҳам учраб турибди. Бундан диний бошқарма ва мусулмонлар оммаси жуда ҳам хижолатда. Узоқ вақт кутилган адолат онлари етиб келган, кўксимизга шамол тегди, деган бир пайтда бундоқ ҳодисалар Ислом ва мусул­монлар тўғрисида носоғлом фикр туғилишига сабаб бўлмасмикин, деган ҳадикдамиз.

Ҳозирги кунда давлат билан диндорлар opaсидаги муносабат кундан кунга яхшиланиб бормоқда, кўплаб янги масжидлар очилмоқда, диндорларнинг бошқа эҳтиёжларини қондириш режалари тузилмоқда. Лекин баъзи бир кишилар ҳамма нарса бамаслаҳат, келишилган ҳолда бўлиши зарурлигини унутиб қўйишганга ўхшайди. Улар дўқ-пўписа, намойиш, очиқчасига қўполлик йўли билан муддаоларига эришмоқчи бўлишяпти. Бу – истиқболсиз йўл.

Афтидан, баъзи муаммолар юқорида зикр қилинган ҳаракатлардан сўнг ҳал бўлганлиги ҳамма ишлар ҳам шу йўсинда ҳал қилинар эканда, деган нотўғри фикр туғдирганга ўхшайди. Бу ҳолни соф диний масалаларда ҳам кўриб турибмиз.

Фурсатдан фойдаланиб, барча диндор биродарларимизни ҳамжиҳатликка, оқилона тасарруфга, турли ихтилофларни четга қўйиб биргаликда динимиз, халқимиз, ватанимиз равнақи йўлида фаолият кўрсатишга чорламоқчиман. Агар Аллоҳ кўрсатмасин, ҳозирги ножўя баъзи бир ҳаракатлар туфайли жамиятимизга, динимизга зарар етадиган бўлса, келажак авлодлар олдида юзимиз шувит бўлади.

— Баъзи жойларда айрим кишилар диндорлар номидан гапириб, турли хил «кароматлар» қилмоқдалар. Мана бу хатларга эътибор беринг: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. 10 ёшли бола тушида авлиёни кўрибди. Ул киши айтибдиларки, яқинда Наманганни сув олади. Худони ёддан чиқарма…» ёки: «9 ёшли боланинг тушида аён бўлибди. Яқинда ер силкинади. Худони унутганларнинг ҳаммасини ер ютади…» Бу кароматларни ўқиб «Чала мулла – дин бузар», деган мақол ёдимга тушди.

— Дарҳақиқат, мишмишлар ниҳоятда кўпайиб кетди. Авваллари мен бу нарсаларга эътибор бермай юрдим. Лекин сўнгги пайтларга келиб эътибор бермасликнинг иложи бўлмай қолди. Масжидларда бир неча бор бу ҳақда гапиришга мажбур бўлдик. Мана энди бўлса обрўли газетамиз саҳифаларида жавоб беришга тўғри келмоқда. Сиз эслатиб ўтган «каромат» деб аталмиш бу сафсата мишмишларнинг бир тури, холос. Жумлаларнинг тумтароқлиги ва мантиқсизлигидан кўриниб турибдики, бундай васиятномаларни саводсиз, бетайин кимсалар ўйлаб чиқарган. Шуниси қизиқки, мазкур «каромат»лар бошқа тилларда ҳам тарқалган ва соддадил биродарларимиз уларни ўқиб ташвишга тушишибди. Ташвишга тушишнинг ҳожати йўқ. Буни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди.

«Васиятнома» хатларнинг тутуруқсизлигини бир далил билан исботлаш мумкин. Уларда ким кўпайтириб тарқатса яхшилик кўриши, агар ундоқ қилмаса ёмонлик кўриши ҳақида сўз кетади. Исломда энг эътиборли сўз – Аллоҳнинг сўзи, яъни Қуръон ҳисобланади. Лекин ҳеч ким ҳозиргача Қуръонни кўчириб тарқатмаса фалон кунда ёмонлик кўради ёки аксинча, кўчириб тарқатса фистон кунда яхшилик кўради, деб айтмаган. Ўзингиз ўйлаб кўринг, Қуръон қаёқдаю бетайин муаллифнинг қуруқ сафсатаси қаёқда.

Қизиғи шундаки, «Васиятнома» тарафдорлари шу йўл билан динни тарғиб қилишни даъво қиладилар. Исломда тарғибот бу йўл билан олиб борилмайди, унинг ўз йўли бор. Бу ҳақда пайғамбар алайҳиссалом «Башоратли (севинчли) сўзларни айтинглар, нафратлантирувчи сўзларни айтманглар», деганлар.

Кези келганда, бошқа мишмишлар ҳақида ҳам бир оз тўхталиб ўтсак.0 Ҳозир сайловчилар билан ўтаётган учрашувларда: «Сочи кесилган қизларга мусулмонлар пичоқ ўқталаётганмиш, шу ростми?» ёки «Муфтий депутат бўлса, аёлларга паранжи ёптирар эмиш, бунга нима дейсиз?» каби саволлар тушиб турибди.

Менингча, бу мишмишлар дин ва дин аҳлига зарардан бошқа ҳеч нарса келтирмайди. Бундай асоссиз гаплар кишиларимиз асабига тегаётгани турган гап. Энг яхши илож ҳеч қандай мишмишларга ишонмасликдир. Бу ҳақда «Қуръон»да: «Эй мусулмонлар, агар бир фосиқ сизга хабар келтирса аниқлаб олинг, билмасдан бировга мусибат етказиб қўйиб, қилган ишингизга надомат қилиб юрманг», деган оят бор (Ҳужурот сураси, 6-оят). Ҳар бир хабарни аниқлаб, тагига етиб, сўнгра ишонмоқ керак.

— Баъзи диндорлар қилган тоат-ибодатларни кўз-кўз қилишга ҳаракат қиладилар. Шу йўл билан ўзларига алоҳидалик, улуғлик сифатини берадилар. Шу йўл тўғрими? Эътиқод дилда бўлиши керак эмасми?

— Қилган ибодатинй кўз-кўз қилиш – Исломда риёкорлик дейилади. Риёкорлик эса катта гуноҳ. Ибодат фақат Аллоҳ учун қилинади. Аллоҳ эса махфий ибодатни хуш кўради. «Ўнг қўлинг билан қилган хайри садақангни чап қўлинг сезмасин», деган ҳадис бор.

«Эътиқод дилда бўлиши керак эмасми?» – деган саволингизга пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг: «Тақво – бу ердадир», деб кўксиларини кўрсатганликларини ривоят қилувчи ҳадис жавоб бўла олади.

— Муҳтарам муфтий! Самимий ва ошкора суҳбатингиз учун ташаккур!

— Халқимиз, ватанимиз саодати йўлида ҳормай-толмай меҳнат қилаётган севимли ҳафталигимиз «Ўзбекистон адабиёти ва санъати»нинг барча ходимларига, таҳрир ҳайъати ва муштарийларига энг яхши истаклар тилайман.

«Узбекистон адабиёти ва санъати», 1989 йил, 12 май.

— Muhtaram muftiy! Qayta qurish, yangicha tafakkur sharofati tufayli mamlakatimizda sodir bo‘layotgan xushbaxt o‘zgarishlardan yaxshi xabardorsiz. Shuurimizga muhrlanib qolgan juda ko‘p qarashlar bugun o‘zgarmoqda. Yangilanish shabadalari diniy e’tiqod egalariga bo‘lgan munosabatlarda ham sezilayotir. Nomzodingiz SSSR xalq deputatligiga ko‘rsatilganligining o‘zi fikrimizga dalil bo‘la oladi. Ko‘p sonli mushtariylarimizning talab va iltimoslariga binoan bugungi muloqotimizni Siz bilan tanishuvdan boshlasak.

— Bismillahir rohmanir rohim. O‘zim haqida gapirish bir oz o‘ng‘aysiz. Ammo zarurat taqozo etsa, nachora. 1952 yili Andijon oblastidagi Buloqboshi qishlog‘ida, dindor oilada tavallud topdim.

Shu yil 6 fevral kuni bo‘lib o‘tgan voqealardan xabaringiz bor. Boshqarma diniy hay’atining kengaytirilgan majlisida O‘rta Osiyo va Qozog‘iston musulmonlari diniy boshqarmasi raisi vazifasini vaqtincha bajarib turish mas’uliyati kaminaning zimmasiga yuklatildi. 14 – 15 mart kunlari bo‘lib o‘tgan IV Qurultoy qatnashchilari esa kaminaga bildirilgan ishonchni to‘la ma’qullab, meni Boshqarma hay’atining raisi etib sayladilar va «muftiy» unvonini berdilar. Bildirilgan ishonchni oqlash, xalqimiz saodati yo‘lida halol xizmat qilish – oliy muddaomdir.

O‘rta Osiyo va Qozog‘iston musulmonlari diniy boshqarmasi tashkil topganiga 45 yil bo‘ldi. Boshqarma faoliyati to‘g‘risida batafsilroq so‘zlab bersangiz.

Diniy boshqarmamiz amalga oshirayotgan ibratli ishlar haqida har qancha so‘zlasak arziydi. Diniy boshqarma zim­masiga O‘rta Osiyo va Qozog‘iston hududida istiqomat qiluvchi musulmonlarning diniy ishlariga rahbarlik qilishdek ulkan vazifa yuklatilgan. Islom qonun-qoidalarini targ‘ib qilish, mo‘min-musulmonlarga har jihatdan ko‘maklashish, ularni tinchlik, adolat, rahm-shafqat va halollik yo‘lida birlashtirish – bizning burchimizdir.

Chet ellardagi Islom e’tiqodida bo‘lgan birodarlarimiz bilan aloqalarimiz uzluksiz kengayib bormoqda. Hozirgi kunda 80 dan ortiq xorijiy mamlakatlardagi diniy tashkilotlar bilan turli aloqalar o‘rnatganmiz. O‘ylaymanki, bu aloqalarimiz dunyo xalqlari do‘stligi va hamkorligini mustahkamlash ishiga xizmat qiladi.

Diniy idoramiz tashabbusi va faol ishtirokida xalqaro Islom anjumanlari ham o‘tkazib turiladi. 1974 yili Samarqand shahrida buyuk muhaddis Muhammad bin Ismoil Buxoriy (raziyallohu anhu) tavalludlarining 1200 yilligi munosabati bilan «Imom Buxoriy va hozirgi zamon» mavzusida xalqaro anjuman bo‘lib o‘tdi, unda 33 mamlakatdan kelgan nufuzli ulamolar ishtirok etdilar. Bu anjuman hadis ilmi ravnaqiga munosib hissa bo‘lib qo‘shildi.

1980 yili Toshkentda «XV hijriy asri – xalqlar o‘rtasida do‘stlik, tinchlik va birodarlik asri bo‘lsin» shiori ostida o‘tgan xalqaro anjumani ham Islom olamida ta’sirli voqea bo‘ldi. Boshqarmamiz «Insoniyatni yadro halokatidan qutqazish» Moskva kengashining faollaridan biri ekanligini ham aytib o‘tishim lozim.

Hozirgi qayta qurish, oshkoralik va demokratiya sharoitida bu aloqalarni yanada rivojlantirish ehtiyoji yaqqol sezilib turibdi. Qurultoyimizdan so‘ng o‘tgan qisqa muddat ichida chet ellardagi atoqli Islom namoyandalari va tashkilotlar bizga nomalar yo‘llab, ishimizga rivoj tilash bilan birga ikki tomonlama manfaatli aloqalarni yanada kuchaytirish niyatida ekanliklarini izhor qildilar. Ular, ayniqsa, dindorlarga qaytarib berilgan halifa Usmon ibn Affonning mushaflarini ziyorat qilish, undan hech bo‘lmasa bir necha varaq fotonusxa olishga qiziqmoqdalar.

Ikki og‘iz so‘z nashr ishlarimiz xususida. Boshqarmamiz Qur’oni Karimni bir necha bor chop etdi. «Sahihul-Buxoriy», «Al-Adabul mufrad», «Sulosiytul Buxoriy», «Ash-Shamoilun nabaviy» kabi qator diniy kitoblar qayta nashrdan chiqdi. Yillik diniy taqvim, bir necha tillarda chiqadigan «Sovet Sharqi musulmonlari» jurnali davriy nashrlarimiz hisoblanadi. Bu sohadagi ishlarni yanada rivojlantirish, jurnalimizni o‘zbek hamda tojik tillarida ham chiqarish niyatimiz bor.

Xullas, bu boradagi niyatlarimiz ancha katta. Yaqin kelgusida Qur’oni Karimning yangi nashri, Imom Tirmiziy tavalludining 1200 yilligiga bag‘ishlangan «Mishkotul masobih», «Jomiut Tirmiziy» kitoblari bosmadan chiqadi.

– Buxoroda Mir arab madrasasi, Toshkentda Imom Buxo­riy nomidagi Islom oliy ma’hadi diniy xodimlar tayyorlash borasida faoliyat ko‘rsatmoqda. Bundan tashqari Yaqin Sharq mamlakatlarida, xususan Qohira, Damashq va Qobulda qator diniy universitetlar mavjud. Ulardan birini o‘zingiz tugatgansiz. Ko‘pchilik bu dargohlari faoliyatlaridan to‘la xabardor emaslar. Talabalarni tanlash, qabul qilish shartlari, ilohiyot bilan birga o‘qitiladigan dunyoviy ilmlar, ularning asosiy yo‘nalishlari haqida ham tasavvurimiz kam.

– Madrasada tolibi ilmlar Qur’oni Karim va uning tafsirini, payg‘ambarimiz Muhammad alayhissalom hadislarini, Islom tarixi va fiqhini, arab tili va qoidalarini hamda boshqa zaruriy ilmlarni o‘rganadilar. Ma’hadimizda esa bunga qo‘shimcha ravishda ulumul Qur’on, ulumul Hadis, usulul Fiqh va aqoid kabi fanlardan bilim beriladi.

Diniy ilm dargohlariga qabul qilish shartlari diyorimizdagi boshqa o‘quv yurtlariga qabul qilish shartlariga deyarlik mos keladi. Biroq, qo‘shimcha shulki, diniy ilm dargohida ta’lim olishni niyat qilgan yosh musulmon o‘zi yashaydigan joydagi masjiddan yo‘llanma ham olishi kerak. Mir Arab madrasasiga kirish uchun boshlang‘ich diniy ta’limotdan, Qiroatdan hamda tarix va jug‘rofiyadan imtihon topshiriladi. Shuningdek, tolibning umumiy mafkuraviy doirasi ham hisobga olinadi.

Toshkent islom ma’hadiga kiruvchi talabalar birmuncha jiddiyroq sinovdan o‘tadilar. Ular arab tilida o‘qish va tarjima qila olish mahoratlarini, fiqh va tafsir kabi diniy fanlardan olgan bilimlarini namoyish etishlari kerak.

Islom olamidagi diniy o‘quv yurtlarida Islomga oid ilmlar bilan bir qatorda ilmul ijtimo (sotsiologiya), ilmun nafs (psixologiya), axloq (estetika) kabi fanlar ham o‘qitiladi. Endilikda tolibi ilmlarga Islom bilan birgalikda tibbiyot, mexanika kabi zamonaviy fanlardan saboq berish, ularni diniy arboblik bilan birga xalq xo‘jaligi uchun zarur bo‘lgan turli mutaxassislik egalari qilib tayyorlash rejalari tuzilmokda.

— Yana ikki kundan keyin saylov. Programmangizda «Jamiyatning ruhiy ehtiyojlarini yanada to‘laroq qondirish» degan jumla bor. Bunda Siz nimani nazarda tutmoqdasiz?

— Ezgu niyatim – xalqimiz saodati yo‘lida xizmat qilishdir. Jamiyatimizda sodir bo‘layotgan salbiy hodisalarning sabablarini aniqlash va ularni tugatish yo‘lida harakat qilmoqchiman. Salbiy hodisalarning sabablari — ma’naviy tarbiyaning sustligida, deb bilaman. Islom falsafasiga ko‘ra, inson jism va ruhdan iboratdir. Jism tarbiyaga nechog‘li muhtoj bo‘lsa, ruh ham tarbiyaga shunchalik tashnadir. Ruhiy tarbiya topmagan inson ma’naviy qashshoq bo‘lib, rahmu shafqat, adolat va ezgulik tuyg‘ularidan mahrum bo‘ladi. Bunday kishilar ertami-kechmi axloqiy nopoklik va ma’naviy tubanlik chohiga duchor bo‘ladilar. Balog‘at ostonasida turgan yoshlar tarbiyasiga g‘oyat zararli ta’sir ko‘rsatadilar. Bu holni to‘g‘ri izga solish uchun axloqiy-ma’naviy tarbiyani umumxalq ishiga aylantirish, maktablarda, o‘quv yurtlarida, korxonalarda, mahalla va jamoat joylarida butun imkoniyat va vositalardan foydalanmoq zarur.

— Yana bir niyatingiz – haj safarini ixtiyor qilganlarga har jihatdan yordam ko‘rsatish. Bu boradagi tartibotlar qanday?

— Ha, rejalarimdan yana biri – haj safarini ixtiyor etgan birodarlarimiz orzularining ushalishiga yordam ko‘rsatishdir. Ma’lumki, haj safari Islom dini besh arkonining biri. Shuningdek, bu safar – mamlakat farovonligi darajasini ko‘rsatuvchi ibodat hamdir. Zero, haj safariga o‘ziga to‘q musulmonlargina borishadi. Taassufki, uzoq yillar davomida diyorimiz musulmonlarining bu yo‘ldagi orzu-niyatlariga yetarli e’tibor berilmadi. Haj safariga asosan masjid va diniy boshqarma xodimlari yuborilib, oddiy musulmonlar kamsitildi. Safar ijozati murakkablashdi. Qiyoslab aytishim mumkinki, musulmonlari soni bizdan bir necha bor kam mamlakatlardan, masalan Xitoy Xalq Respublikasidan xar yili minglab kishi haj safariga otlanadilar.

— O‘zingiz shunday safarda bulganmisiz?

— Kamina 1984 yili Allohning irodasi bilan muborak haj safarida bo‘lib, Makkayi mukarrama va Madinayi munavvaradagi muqaddas joylarni ziyorab etib, Alloh farz qilgan haj ruknini ado etganman.

— Musulmon xuquqshunosligi, shariat qonun-qoidalari bilan shug‘ullanuvchi Islom ilohiyotining fiqh sohasi to‘g‘risida so‘ramoqchiman. Ilmiy manbalarda Islom keng tarqalgan mamlakatlarda dunyoviy huquq sistemalari mavjudligi bois bu soha muayyan darajada torayib bormoqda, deb ta’kidlanadi. Hozir ham shundaymi? Burhoniddin Marg‘iloniy, Abu Lays Samarqandiy kabi mashhur fiqhchilarning muallafotlariga ehtiyoj bormi?

— Dunyoviy huquq tartibotlarning joriyligi Islom fiqhni surib chiqarmoqda, degan fikr to‘g‘ri emas. Chunki shaxsiy, ya’ni, grajdanlik masalalarining barchasi Islom fiqhi asosida olib boriladi. Boz ustiga ba’zi mamlakatlar o‘z qonunlarini Islom fiqhiga yaqinlashtirish, sof Islom hukmi asosida ish yuritishga intilmoqdalar. Shuning o‘zi ham fiqhga bo‘lgan ehtiyojni oshirmoqda. Ko‘pgina Islom davlatlaridagi oliy o‘quv yurtlarida vatandoshlarimiz Burhoniddin Marg‘iloniy, Abu Lays Samarqandiy kabi mashhur fiqhchilarning talifotlari chuqur o‘qitilmoqda. Horijiy olimlarning ta’kidlashlaricha, musulmon bo‘lmagan mamlakatlarda ham fiqhga e’tibor katta.

— Din qonun yo‘li bilan davlatdan ajratilgan. Ammo biz uzoq vaqt din va dindorlar nainki davlatdan, ular jamiyatdan ham ajratilgan, deb hisoblab keldik. Din – bu turmush tarzi, e’tiqod, ijtimoiy voqelik ekanligini ang-lamadik yoki anglashni istamadik. Dunyoviy va ilohiy qarashlar yo‘lidagi kishilarni umuminsoniy axloq me’yorlari, ma’naviy qadriyatlar, adolat va muhabbat tuyg‘ulari birlashtirib turishini hisobga olmadik. «Kommunist» jurnalining yozishicha, millatlar va dinlar, milliy o‘z-o‘zini anglash va diniy qarashlarning o‘zaro aloqalari masalasi olimlarimizning nazaridan mutlaqo chetda qolib ketdi… Sizning fikringiz qanday?

— Din turmush tarzi ekanligi, hayotga katta ta’sir o‘tkazishi hamda dindorlar jamiyatning ajralmas bir qismi ekanligi xaqiqat. Lekin bu haqiqatdan ko‘z yumildi. Dindor­larga ikkinchi navli kishilar sifatida qarab kelindi. Din vaqtinchalik narsa, erta-indin yo‘q bo‘lib ketadi, degan tushuncha kishilar ongiga majburan singdirildi. Lekin haqiqat – manguligi bilan haqiqatdir. Binobarin, dindorlik kishilar qalbini tark etmadi. Aksincha, jamiyatda o‘z o‘rnini topdi.

Shukrlar bo‘lsinkim, hamma narsani o‘z nomi bilan ataydigan, fikrni ochiq izhor etadigan davr yetib keldi. Din o‘tkinchi narsa emas, balki insoniyat hayoti davomida unga yo‘ldosh mafkura ekanligi, u bilan hisoblashish zarurligi ma’lum bo‘ldi.

— Xitoy xalqining ajoyib maqoli bor: «Deraza ochilganda xona ichiga sarin shabada bilan bir ga chang-g‘ubor kirib keladi». Bu hikmat bizning hozirgi kunlarimizga juda joiz. Qayta qurish sharofati ila yillar davomida qulflanib yotgan eshiklar ochildi, sun’iy to‘siqlar, koni zarar g‘ovlar olib tashlandi. Ruhiyatimiz, yengil tortdi. Ammo taassuflar bo‘lsinkim, biz poklanish shabadasi bilan birga ma’naviy qadriyatlarimizga mutlaqo zid xush-noxush voqealarga ham guvoh bo‘lib turibmiz. Ayrim kimsalar milliy va millatlararo munosabatlardagi mavjud muammolarni niqob qilib xalqlar do‘stligiga rahna solishga intilmoqdalar. Bu Sizni ham tashvishlantirsa kerak?

— Albatta, bu holat barcha musulmonlarni ham tashvishlantirmoqda. E’tirof etganingizdek, qayta qurish, demokratiya va oshkoralikni suiiste’mol qilish hollari uchrab turibdi. Bu holat, ayniqsa, Qorabog‘ atrofidagi voqealarda yaqqol ko‘zga tashlandi. Ba’zi bir shaxslar bunda Islomni ayblashga ham urinib ko‘rdilar. Aslida esa Islom millatchilik tushunchasidan yiroqdir. Shayxulislom Olloshukur Poshshozoda rahbarligidagi Kavkazorti musulmoilari diniy boshqarmasi musulmon aholini tinchlantirish va tartibga chaqirishda faol ish olib bordilar. Ba’zi rayonlarda ulamolar g‘azablangan jamoatning yo‘liga peshvoz chiqib to‘xtatib qoldilar.

Ochyg‘ini aytish kerak, yaqin-yaqinlargacha Islom millatchilikning asosiy manbaasi sifatida ayblab kelindi. Bu adolatdan emas, haqiqatga zid. Islom millatchilik kayfiyatlaridan ustun turadi. Dinimiz insonlarni millati, nasabi yoki tusiga qarab emas, balki taqozosi va ruhiy ma’naviyatiga qarab baholaydi. Islom qora tanli Bilol Habashiyni ajoyib inson qilib tarbiyaladi, muqaddas Ka’ba ustida azon aytishdek ulkan martabaga sazovor etdi. Ayni chog‘da o‘zlarini chin asilzoda hisoblangan, ammo biror bir kishiga yaxshilik qilmagan payg‘ambar alayhissalomning amakilari Abu Jahl va Abu Lahablarni qoraladi.

Islom ta’limoti dindorlarni o‘zga dinlarga hurmat va ehtirom bilan qarashga chorlaydi. Misol uchun xristian yoki yahudiy dinlarini olib ko‘raylik. Qur’on va sunnat ta’limotlariga ko‘ra xristian dini asoschisi Iso alayhissalom – Allohning payg‘ambari hisoblanadi. Agar biror musulmon bunga shak keltirsa, musulmonligi qolmaydi. Shuningdek, Injilni iloxiy kitob deb tan olmagan kishi ham musul­mon bo‘la olmaydi. Bu hukm Muso alayhissalom va Tavrotga ham daxldor.

Islom payg‘ambar va iloxiy kitoblar hurmati bilan chegaralanib qolmaydi, balki ularga e’tiqod qiluvchilarga ham yaxshi muomalada bo‘lishni targ‘ib etadi. Dinimiz o‘zga dinga e’tiqod qo‘ygan ayollarga uylanish, taomlaridan (halol hayvonlarning go‘shtidan tayyorlangan noz-ne’matlaridan) tanovul qilishni ham man etmaydi. Bu haqda Alloh taolo Qur’oni Karimning Moida surasining 5-oyatida musulmonlarga xitob qilib bunday deydi: «Bugungi kunda sizga pok narsalar halol qilindi. Ahli kitobning taomi siz uchun halol qilindi va sizlarning taomingiz ular uchun halol qilindi. Shuningdek, pokiza mo‘mina ayollar va ahli kitob ayollar ham…»

G‘arblik sharqshunos va tarixchilar Islomning millatlararo munosabatlarga doir qarashlari to‘g‘risida ko‘p yozishgan. Xususan, Tomas Orlandning «Islomga da’vat» kitobida musulmonlarning boshqa din vakillari bilan yaxshi muomalalari yorqin misollar bilan bayon etilgan.

Qur’oni Karimdagi mana bu oyat bilan bu boradagi fikrimni yakunlamoqchiman: «Ey mo‘minlar! Hech bir qavm boshqa bir qavm ustidan kulmasin! Chunki ulardan qaysi birlari afzalroq ekanligi Allohning o‘zigagina ayondur» (49-sura, 11-oyat).

— Biz yuqorida aytganimizdek, dindorlarga bo‘lgan munosabat o‘zgarmoqda. Lekin masalaning boshqa tomoni ham bor. Ancha ko‘ngilsiz bo‘lsa ham aytishim lozimki, ba’zi kishilar bu o‘zgarishlarni boshqacharoq tushunganlar chog‘i. Ba’zi joylarda noo‘rin, jamiyat, umumxalq manfaatlariga to‘g‘ri kelmaydigan, Islomni obro‘sizlantiradigan talablar bilan hukumatga oshkora tazyiq o‘tkazish, varaqalar tarqatish, do‘q-po‘pisa qilish hollari ham uchrab turibdi. Bu holni Siz qanday baholaysiz?

— Nadomatlar bo‘lsinkim, Siz zikr qilgan ko‘ngilsiz hollar hozirgacha ham uchrab turibdi. Bundan diniy boshqarma va musulmonlar ommasi juda ham xijolatda. Uzoq vaqt kutilgan adolat onlari yetib kelgan, ko‘ksimizga shamol tegdi, degan bir paytda bundoq hodisalar Islom va musul­monlar to‘g‘risida nosog‘lom fikr tug‘ilishiga sabab bo‘lmasmikin, degan hadikdamiz.

Hozirgi kunda davlat bilan dindorlar opasidagi munosabat kundan kunga yaxshilanib bormoqda, ko‘plab yangi masjidlar ochilmoqda, dindorlarning boshqa ehtiyojlarini qondirish rejalari tuzilmoqda. Lekin ba’zi bir kishilar hamma narsa bamaslahat, kelishilgan holda bo‘lishi zarurligini unutib qo‘yishganga o‘xshaydi. Ular do‘q-po‘pisa, namoyish, ochiqchasiga qo‘pollik yo‘li bilan muddaolariga erishmoqchi bo‘lishyapti. Bu – istiqbolsiz yo‘l.

Aftidan, ba’zi muammolar yuqorida zikr qilingan harakatlardan so‘ng hal bo‘lganligi hamma ishlar ham shu yo‘sinda hal qilinar ekanda, degan noto‘g‘ri fikr tug‘dirganga o‘xshaydi. Bu holni sof diniy masalalarda ham ko‘rib turibmiz.

Fursatdan foydalanib, barcha dindor birodarlarimizni hamjihatlikka, oqilona tasarrufga, turli ixtiloflarni chetga qo‘yib birgalikda dinimiz, xalqimiz, vatanimiz ravnaqi yo‘lida faoliyat ko‘rsatishga chorlamoqchiman. Agar Alloh ko‘rsatmasin, hozirgi nojo‘ya ba’zi bir harakatlar tufayli jamiyatimizga, dinimizga zarar yetadigan bo‘lsa, kelajak avlodlar oldida yuzimiz shuvit bo‘ladi.

— Ba’zi joylarda ayrim kishilar dindorlar nomidan gapirib, turli xil «karomatlar» qilmoqdalar. Mana bu xatlarga e’tibor bering: «Bismillahir rohmanir rohim. 10 yoshli bola tushida avliyoni ko‘ribdi. Ul kishi aytibdilarki, yaqinda Namanganni suv oladi. Xudoni yoddan chiqarma…» yoki: «9 yoshli bolaning tushida ayon bo‘libdi. Yaqinda yer silkinadi. Xudoni unutganlarning hammasini yer yutadi…» Bu karomatlarni o‘qib «Chala mulla – din buzar», degan maqol yodimga tushdi.

— Darhaqiqat, mishmishlar nihoyatda ko‘payib ketdi. Avvallari men bu narsalarga e’tibor bermay yurdim. Lekin so‘nggi paytlarga kelib e’tibor bermaslikning iloji bo‘lmay qoldi. Masjidlarda bir necha bor bu haqda gapirishga majbur bo‘ldik. Mana endi bo‘lsa obro‘li gazetamiz sahifalarida javob berishga to‘g‘ri kelmoqda. Siz eslatib o‘tgan «karomat» deb atalmish bu safsata mishmishlarning bir turi, xolos. Jumlalarning tumtaroqligi va mantiqsizligidan ko‘rinib turibdiki, bunday vasiyatnomalarni savodsiz, betayin kimsalar o‘ylab chiqargan. Shunisi qiziqki, mazkur «karomat»lar boshqa tillarda ham tarqalgan va soddadil birodarlarimiz ularni o‘qib tashvishga tushishibdi. Tashvishga tushishning hojati yo‘q. Buni Allohdan boshqa hech kim bilmaydi.

«Vasiyatnoma» xatlarning tuturuqsizligini bir dalil bilan isbotlash mumkin. Ularda kim ko‘paytirib tarqatsa yaxshilik ko‘rishi, agar undoq qilmasa yomonlik ko‘rishi haqida so‘z ketadi. Islomda eng e’tiborli so‘z – Allohning so‘zi, ya’ni Qur’on hisoblanadi. Lekin hech kim hozirgacha Qur’onni ko‘chirib tarqatmasa falon kunda yomonlik ko‘radi yoki aksincha, ko‘chirib tarqatsa fiston kunda yaxshilik ko‘radi, deb aytmagan. O‘zingiz o‘ylab ko‘ring, Qur’on qayoqdayu betayin muallifning quruq safsatasi qayoqda.

Qizig‘i shundaki, «Vasiyatnoma» tarafdorlari shu yo‘l bilan dinni targ‘ib qilishni da’vo qiladilar. Islomda targ‘ibot bu yo‘l bilan olib borilmaydi, uning o‘z yo‘li bor. Bu haqda payg‘ambar alayhissalom «Bashoratli (sevinchli) so‘zlarni aytinglar, nafratlantiruvchi so‘zlarni aytmanglar», deganlar.

Kezi kelganda, boshqa mishmishlar haqida ham bir oz to‘xtalib o‘tsak.0 Hozir saylovchilar bilan o‘tayotgan uchrashuvlarda: «Sochi kesilgan qizlarga musulmonlar pichoq o‘qtalayotganmish, shu rostmi?» yoki «Muftiy deputat bo‘lsa, ayollarga paranji yoptirar emish, bunga nima deysiz?» kabi savollar tushib turibdi.

Meningcha, bu mishmishlar din va din ahliga zarardan boshqa hech narsa keltirmaydi. Bunday asossiz gaplar kishilarimiz asabiga tegayotgani turgan gap. Eng yaxshi iloj hech qanday mishmishlarga ishonmaslikdir. Bu haqda «Qur’on»da: «Ey musulmonlar, agar bir fosiq sizga xabar keltirsa aniqlab oling, bilmasdan birovga musibat yetkazib qo‘yib, qilgan ishingizga nadomat qilib yurmang», degan oyat bor (Hujurot surasi, 6-oyat). Har bir xabarni aniqlab, tagiga yetib, so‘ngra ishonmoq kerak.

— Ba’zi dindorlar qilgan toat-ibodatlarni ko‘z-ko‘z qilishga harakat qiladilar. Shu yo‘l bilan o‘zlariga alohidalik, ulug‘lik sifatini beradilar. Shu yo‘l to‘g‘rimi? E’tiqod dilda bo‘lishi kerak emasmi?

— Qilgan ibodatiny ko‘z-ko‘z qilish – Islomda riyokorlik deyiladi. Riyokorlik esa katta gunoh. Ibodat faqat Alloh uchun qilinadi. Alloh esa maxfiy ibodatni xush ko‘radi. «O‘ng qo‘ling bilan qilgan xayri sadaqangni chap qo‘ling sezmasin», degan hadis bor.

«E’tiqod dilda bo‘lishi kerak emasmi?» – degan savolingizga payg‘ambarimiz Muhammad alayhissalomning: «Taqvo – bu yerdadir», deb ko‘ksilarini ko‘rsatganliklarini rivoyat qiluvchi hadis javob bo‘la oladi.

— Muhtaram muftiy! Samimiy va oshkora suhbatingiz uchun tashakkur!

— Xalqimiz, vatanimiz saodati yo‘lida hormay-tolmay mehnat qilayotgan sevimli haftaligimiz «O‘zbekiston adabiyoti va san’ati»ning barcha xodimlariga, tahrir hay’ati va mushtariylariga eng yaxshi istaklar tilayman.

«Uzbekiston adabiyoti va san’ati», 1989 yil, 12 may.