Соч улашнинг ҳукми қандай? Табиий сочни сотиш жоизми?

Рукн: Савол беринг Чоп этилган: 20.08.2015

Савол: Баъзи аёллар улама соч тақиб юрадилар. Шу жоизми? Сунъий улама сочдан фойдаланса бўладими? Табиий сочни сотиш жоизми? (Минҳожиддин)

Жавоб: Баъзи аёллар ўзларини чиройли кўрсатиш учун ўзга аёллар сочларини улаб оладилар. Бундай қилиш шариъатимизда гуноҳи кабира саналади.

Асмо деди: «Бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Эй Аллоҳнинг Расули, қизимга қизамиқ тошиб, сочлари тўкилиб кетди. Албатта, мен уни эрга берган эдим, унга соч улаверайми?» деди. Шунда у зот: «Аллоҳ улама қилувчи аёлни ҳам, улама қилдирувчи аёлни ҳам лаънатласин» дедилар».

Шариатда ман қилиниши ҳамда лаънатга сабаб бўлишининг икки важҳи:

1. Ўзгаларга ўзини ёш ва чиройли қилиб кўрсатиб алдаш. Кўпинча йигитлар уйланганларидан кейин тўйдан олдин учрашувга чиққан қиз шумикан ёки бошқасимикан деб ўйлаб қоладилар.

2. Шаръан бегона эркакка бегона аёлнинг сочини кўриш, аёл кишига эса, сочини кўрсатиш ҳаром саналади.

Ҳозирги кунга келиб ўзгалар сочини ўз сочига улаб олиш урфга кириб қолди. Бу нарса ўз-ўзидан унинг савдосини ҳам ривожлантирди. Баъзи бир аёллар уйма-уй юриб аёлларнинг тарашда тўкилган сочларини тўплаб сотадиган ҳолларга гувоҳ бўлинмоқда. Кўмилиб кетгандан кўра пул дейдиганлар ҳам топилмоқда. Шариатимизда одам аъзоларининг савдосидан қаттиқ қайтарилган. Агар у ўлик тана  ёки кесиб олинган соч  ёки тирноқ бўлса ҳам. Одам аъзоси қандай ҳолда бўлмасин унинг савдоси ҳаромдир.

Шу ўринда бозорларда кенг кўламда сотилаётган "парик"ларнинг ҳукми ҳам нима бўлиши ҳақида ҳам савол келиб чиқади. Агар парик одам сочидан таёрланган бўлса, (баъзилари шундай ҳам экан) уни тақиш юқорида айтиб ўтганимиздек ҳаром саналади. Агар беморлик ёки бирор сабабдан сочи тўкилган бўлса ҳам. Агар сунъий нарсалардан ёки ҳайвонлар юнги ёки жунларидан бўлса, уламолар бунга рухсат берган. Албатта, тўйдан олдин куёвга чиройли кўриниш учун бўлса, жоиз эмас.

“Раддул мухтор” соҳиби Ибн Обидин сўзининг давомида "Инсон сочидан фойдаланиш умуман жоиз эмас. Бу  Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:  «Аллоҳ улама қилувчи аёлни ҳам, улама қилдирувчи аёлни ҳам лаънатласин» деган ҳадисларига биноандир. Аёллар сочларининг ўримларини зиёда қилиши учун туянинг юнгидан улаб олсалар жоиз" деган. Шунга биноан одам сочидан бошқа нарсалардан тайёрланган сочга тақиланадиган нарсаларнинг истемоли ҳам савдоси ҳам жоиздир.

Фиқҳ.уз

* * *

Savol: Ba’zi ayollar ulama soch taqib yuradilar. Shu joizmi? Sun’iy ulama sochdan foydalansa bo‘ladimi? Tabiiy sochni sotish joizmi? (Minhojiddin)

Javob: Ba’zi ayollar o‘zlarini chiroyli ko‘rsatish uchun o‘zga ayollar sochlarini ulab oladilar. Bunday qilish shari’atimizda gunohi kabira sanaladi.

Asmo dedi: «Bir ayol Nabiy sollallohu alayhi vasallamdan: «Ey Allohning Rasuli, qizimga qizamiq toshib, sochlari to‘kilib ketdi. Albatta, men uni erga bergan edim, unga soch ulaveraymi?» dedi. Shunda u zot: «Alloh ulama qiluvchi ayolni ham, ulama qildiruvchi ayolni ham la’natlasin» dedilar».

Shariatda man qilinishi hamda la’natga sabab bo‘lishining ikki vajhi:

1. O‘zgalarga o‘zini yosh va chiroyli qilib ko‘rsatib aldash. Ko‘pincha yigitlar uylanganlaridan keyin to‘ydan oldin uchrashuvga chiqqan qiz shumikan yoki boshqasimikan deb o‘ylab qoladilar.

2. Shar’an begona erkakka begona ayolning sochini ko‘rish, ayol kishiga esa, sochini ko‘rsatish harom sanaladi.

Hozirgi kunga kelib o‘zgalar sochini o‘z sochiga ulab olish urfga kirib qoldi. Bu narsa o‘z-o‘zidan uning savdosini ham rivojlantirdi. Ba’zi bir ayollar uyma-uy yurib ayollarning tarashda to‘kilgan sochlarini to‘plab sotadigan hollarga guvoh bo‘linmoqda. Ko‘milib ketgandan ko‘ra pul deydiganlar ham topilmoqda. Shariatimizda odam a’zolarining savdosidan qattiq qaytarilgan. Agar u o‘lik tana  yoki kesib olingan soch  yoki tirnoq bo‘lsa ham. Odam a’zosi qanday holda bo‘lmasin uning savdosi haromdir.

Shu o‘rinda bozorlarda keng ko‘lamda sotilayotgan "parik"larning hukmi ham nima bo‘lishi haqida ham savol kelib chiqadi. Agar parik odam sochidan tayorlangan bo‘lsa, (ba’zilari shunday ham ekan) uni taqish yuqorida aytib o‘tganimizdek harom sanaladi. Agar bemorlik yoki biror sababdan sochi to‘kilgan bo‘lsa ham. Agar sun’iy narsalardan yoki hayvonlar yungi yoki junlaridan bo‘lsa, ulamolar bunga ruxsat bergan. Albatta, to‘ydan oldin kuyovga chiroyli ko‘rinish uchun bo‘lsa, joiz emas.

“Raddul muxtor” sohibi Ibn Obidin so‘zining davomida "Inson sochidan foydalanish umuman joiz emas. Bu  Nabiy sollallohu alayhi vasallamning:  «Alloh ulama qiluvchi ayolni ham, ulama qildiruvchi ayolni ham la’natlasin» degan hadislariga binoandir. Ayollar sochlarining o‘rimlarini ziyoda qilishi uchun tuyaning yungidan ulab olsalar joiz" degan. Shunga binoan odam sochidan boshqa narsalardan tayyorlangan sochga taqilanadigan narsalarning istemoli ham savdosi ham joizdir.

Fiqh.uz