Интернет орқали никоҳ ва талоқ жоизми? Ўзига ўзи никоҳ ўқиса бўлмайдими?

Рукн: Савол беринг Чоп этилган: 17.04.2017

Савол: Телефон ёки интернет тармоғи орқали никоҳланиш ёки талоқ бериш жоизми? Одам ўзига ўзи никоҳ ўқиса ҳам бўладими?

Жавоб: Никоҳ инсоний алоқалар ичидаги энг муқаддас алоқадир. Чунки у Аллоҳнинг амрига мувофиқ, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилароқ бир неча мўмин-мусулмонларнинг иштироки ва гувоҳлигида амалга ошириладиган муқаддас алоқадир. Шунинг учун ҳам бошқа инсоний алоқалардан фарқли ўлароқ, никоҳ ақди тузишнинг ўзига яраша рукн ва шартлари бор. Агар мазкур рукн ва шартлар амалга ошмаса, никоҳ саҳиҳ бўлмайди.

Никоҳнинг рукнлари

Никоҳнинг рукни ийжоб ва қабулдир. Ийжоб деб бир томоннинг никоҳланиш тўғрисидаги таклифига айтилади. Қабул деб эса ўша таклифга рози бўлиб, уни қабул қилишга айтилади.
Масалан, бўлажак куёв ёки унинг вакили бўлғуси келин ёки унинг вакилига (ёки валийсига) гувоҳлар ҳузурида: «Мен сени никоҳимга олдим», дейиши «ийжоб» бўлади.
Келин бу таклифни қабул қилиб, «Рози бўлдим», деб жавоб берса, мана шу жавоб «қабул» бўлади.

Бу таклифнинг аввал ким томонидан бўлиши шарт эмас. Масалан, келин-куёвни никоҳлаётган имом «Сиз, Фалончи қизи Фалончи, ўз ихтиёрингиз билан Фалончи ўғли Фалончига никоҳланишга розимисиз?» деб сўраши ҳамда «Сиз, Фалончи ўғли Фалончи, ўз ихтиёрингиз билан Фалончи қизи Фалончини никоҳингизга олдингизми?» деб сўраши ийжоб бўлади, келиннинг «Розиман» ёки куёвнинг «Никоҳимга олдим» дейиши қабул бўлади.

Келин ҳам, куёв ҳам бир-бирининг лафзини эшитиши шарт.

Ийжоб ва қабул валийлар ёки вакиллар орқали ҳам бўлиши мумкин.

Икки гувоҳ – икки мукаллаф, мусулмон эркак ёки бир эркак ва икки аёл ҳозир бўлиб, биргаликда келин-куёвнинг сўзларини эшитишлари шартдир (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг «Кифоя» китобидан).

Никоҳнинг шарти

Никоҳнинг шарти эса битта бўлиб, маҳр беришдир. Маҳрнинг энг кам миқдори 10 дирҳам (закот нисобининг йигирмадан бири) деб белгиланган. Маҳрнинг энг кам миқдори бор, аммо кўпига чегара йўқ (Маҳр тўғрисидаги батафсил маълумотни фиқҳга оид китоблардан ўрганилади).

Оила қураётган ҳар бир мўмин-мусулмон учун шаръий никоҳдан ўтиш фарздир. Кимки мазкур никоҳдан ўтмаса, бошқа ҳар қандай воситалар билан оила қурсалар ҳам, шаръан эр-хотин бўла олмайди. Шунинг учун кўпчилик уламолар никоҳни ибодат санаганлар. Ибодатга эса беписандлик билан, енгил қараб бўлмайди. Бу борада ҳазил-мутойиба қилиш, масхарабозлик қилиш мумкин эмас. Акс ҳолда кишининг иймонига футур етиши мумкин. Афсуски, ҳозирги кунда баъзи кимсалар бу қадар жиддий масалага енгил-елпи, беписандлик билан қарайдилар. Аслида улар ким ва нима билан ўйнашаётганларини билмайдилар, бунинг оқибатини тасаввур ҳам қилмайдилар. Ана шундай жоҳил кимсалар ҳозирги кунда кенг оммалашиб кетаётган алоқа воситалари, жумладан, телефон ёки интернет орқали бир-бири билан топишиб, бевосита учрашмай туриб, оила қуриб юборяпти. Энг ачинарлиси шуки, ўзини мусулмон ҳисоблаётган бундай кимсалар виртуал мулоқот орқали шаръий никоҳдан ўтганини даъво қилмоқда ва мана шу алоқани ҳақиқий, шаръий никоҳнинг ўрнига ўтади деб ҳисобламоқда. Бу билан улар нафақат ўзини, балки диний илми кам бўлган миллионлаб ёшларни ҳам йўлдан оздириб, ҳалокатли жар томон етаклашяпти. Бундай салбий ҳолатларга индамасдан томошабин бўлиб ўтираверсак, буларнинг касофати миллионлаб ёш ватандошларимизга ҳам салбий таъсир ўтказиб, келажакда ачинарли ва аянчли оқибатини кўрсатмай қўймайди. Халқимизда «Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин» деган ҳикмат бор. Ҳар бир ишнинг ўз эгаси ва мутахассиси бор.

Ақди никоҳ ҳаром билан ҳалолни бир-биридан ажратувчи муқаддас алоқадир. “Ақд” сўзининг маъноси тугундир, никоҳ ақди деганда никоҳ тугуни тушунилади. Демак, никоҳ – аввал бир-бирига бегона, номаҳрам икки инсонни бир оила қилиб, бир-бирига маҳрам қилиб, икки томон қудаларни бир-бирига қариндошлик ришталари билан боғловчи муборак воситадир. Шундай экан, никоҳ ақдини боғлаш ниҳоятда масъулиятли ва шарафли вазифадир. Бинобарин, бу ишни нафақат етук мутахассис, балки тақводор, парҳезкор, ибодатли, ҳалол-пок ҳаёт кечирадиган, ахлоқ-одобда барчага намуна бўладиган, дуогўй, мўътабар инсонлар адо қилиб боғласалар мақсадга мувофиқ бўлади. Бундай инсонлар оила қураётган ёшларга динимизнинг аҳкомларини, шариатимизнинг оила, никоҳ, эр-хотин муносабатлари, ҳайз, нифос, талоқ ва идда каби масалаларга оид ҳукмларини, келин-куёвнинг вазифа, бурч, масъулият ва ҳуқуқларини тушунтириб ўтадилар.

Пайғамбаримиз солллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
إذَا وُسِّدَ الأَمْرُ إلى غَيْرِ أَهْلِهِ فَانْتَظِرِ السَّاعَةَ  . رواه البخاري.
«Иш ўз эгасидан бошқага топширилса, қиёматни кутаверинглар».
Имом Бухорий ривоят қилган.

Демак, юқорида айтиб ўтилган рукнлар, шартларни, тартиб-қоидаларни писанд қилмай, гувоҳсиз, маҳрсиз, ҳаммадан яширинча, ота-онанинг розилигисиз, ўзбошимчалик билан никоҳ ўқитиб олаётганлар кўзларини очишсин, сал ҳушёр бўлиб, сергак тортишсин. Ўзларича дунёнинг турли чеккасида туриб ҳам, бирорта алоқа воситаси орқали уланиб, никоҳ ўқитиб олаётганлар, ҳеч ким билмасин қабилида иш тутиб, саводсиз бўлган ҳолда ўзини ўзи никоҳлаб олаётганлар никоҳдек муҳим ишни ўз эгасига, ўз аҳлига, илмли, тақволи имомга топширмай, дуч келган одамга айтиб, бу амаллари билан аввало ўз оилаларида қиёматни қоим қиляпти. Бундай яширинча, шошма-шошарлик билан қурилаётган «оила»ларнинг орадан ҳеч қанча ўтмай бузилиши табиий ҳолдир. Ёки мана шундай аҳволда оила қуриб, сўнг бахтли-саодатли ҳаёт кечираётганлар борми?

Ҳозирги кунда интернетда турли ижтимоий тармоқлар жуда кенг тарқалиб, оммавийлашиб боряпти. Бу тармоқларга уланиш, уларга аъзо бўлиш жуда осон. Уланиш учун бирорта расмий маълумот талаб қилинмайди. Шунинг учун аксарият ёшлар бу тармоқларга турли тахаллуслар, антиқа номлар билан, дуч келган сурат ёки расмлар билан аъзо бўлиб олишяпти. Натижада хоҳлаган одам ўша тармоқлардаги исталган гуруҳга қўшилиб олиши, истаган саҳифасига кириши, кимлигини билдирмай, истаган одами билан танишиб олиб, гаплашиш, у ерда ёзилган гапларга муносабат билдириб, хоҳлаганича фикр-мулоҳаза билдириши мумкин.

Интернетнинг ишлаш тамойилларини, ижтимоий тармоқлардан кўзланган асл мақсадлардан мутлақо бехабар, чаласавод кимсалар ҳақиқий исми ва қиёфаси кўринмаганига алданиб, ўзича «энди менга ҳамма нарса мумкин», деб ўйлашади. Уларнинг деярли ҳаммаси бир-бирини алдаб, ҳақиқий исм-шарифини ёзмай, бошқа бирорта ном ёки тахаллус танлаб олади, ўзининг суратини қўймай, бошқа бирорта сурат ёки расм қўяди. Хуллас, ўзига оид ҳақиқий маълумотларни қўя олмайди, чунки уларни қўйса, кўзлаган мақсадига эриша олмайди. Шунинг учун қачон қарасангиз, қадду басти келишган ёш, навқирон, гўзал йигит-қизларнинг суратини, машҳур одамларнинг исмини қўйишади ва шу йўл билан содда, гўл одамларни осонгина қармоққа илинтиришади. Ҳозирги кунда ана шундай тармоқлардан бири бўлган «Одноклассники.ру» сайти аъзолари ўртасида виртуал никоҳ ўқитиш ниҳоятда авж олиб кетди. «Кўр кўрни қоронғида топади» дейди доно халқимиз. Бугунги кунда қалб кўзи кўрлар ҳам бир-бирини ана шундай виртуал алоқалар орқали топмоқда.

Устозимиз, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бундай никоҳларни дуруст эмас деб фатво берганлар, лекин алоқа воситалари орқали қўйилган талоқнинг воқе бўлишини ҳам айтиб ўтганлар. Зеро, талоқ воқе бўлиши учун эр ўзининг хотинига ҳар қандай йўл ёки восита орқали (тўғридан-тўғри, эшиттириб, эшиттирмасдан, узоқда туриб, мактуб орқали ёки воситачи одам ёки алоқа воситалари орқали, жиддий ёки ҳазиллашиб) ажрашиш ниятини маълум қилса кифоя.

Никоҳ – умр савдоси, дейишади. Аммо бу савдонинг фойда-зарари инсоннинг икки дунёсига таъсир қилади. Шунинг учун никоҳда ҳазил-ҳузул, енгил-елпилик кетмайди. Ўз тақдирига, бировларнинг тақдирига енгил қараган одамгина никоҳни оддий нарса деб билиб, ўзини ҳар ҳунарга солиши мумкин. Никоҳ ўйинчоқ бўлмаганидек, талоқни ҳам ўйинчоқ қилмаслик керак. Акс ҳолда бу нарса нафақат оиланинг ажрашуви билан, балки қариндошлик ришталарининг узилиши, фарзандларнинг тирик етим бўлиши, жамиятда фаҳш ва зинонинг кўпайиши, охиратда эса оғир азоб-уқубатлар билан жазоланади.

Аллоҳ таоло барчамизга хайрли никоҳ, бахтли оила, ширин турмуш ато этсин!

Исҳоқ Муҳаммад | ummat.uz

Savol: Telefon yoki internet tarmog‘i orqali nikohlanish yoki taloq berish joizmi? Odam o‘ziga o‘zi nikoh o‘qisa ham bo‘ladimi?

Javob: Nikoh insoniy aloqalar ichidagi eng muqaddas aloqadir. Chunki u Allohning amriga muvofiq, Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamning sunnatlariga amal qilaroq bir necha mo‘min-musulmonlarning ishtiroki va guvohligida amalga oshiriladigan muqaddas aloqadir. Shuning uchun ham boshqa insoniy aloqalardan farqli o‘laroq, nikoh aqdi tuzishning o‘ziga yarasha rukn va shartlari bor. Agar mazkur rukn va shartlar amalga oshmasa, nikoh sahih bo‘lmaydi.

Nikohning ruknlari

Nikohning rukni iyjob va qabuldir. Iyjob deb bir tomonning nikohlanish to‘g‘risidagi taklifiga aytiladi. Qabul deb esa o‘sha taklifga rozi bo‘lib, uni qabul qilishga aytiladi.
Masalan, bo‘lajak kuyov yoki uning vakili bo‘lg‘usi kelin yoki uning vakiliga (yoki valiysiga) guvohlar huzurida: «Men seni nikohimga oldim», deyishi «iyjob» bo‘ladi.
Kelin bu taklifni qabul qilib, «Rozi bo‘ldim», deb javob bersa, mana shu javob «qabul» bo‘ladi.

Bu taklifning avval kim tomonidan bo‘lishi shart emas. Masalan, kelin-kuyovni nikohlayotgan imom «Siz, Falonchi qizi Falonchi, o‘z ixtiyoringiz bilan Falonchi o‘g‘li Falonchiga nikohlanishga rozimisiz?» deb so‘rashi hamda «Siz, Falonchi o‘g‘li Falonchi, o‘z ixtiyoringiz bilan Falonchi qizi Falonchini nikohingizga oldingizmi?» deb so‘rashi iyjob bo‘ladi, kelinning «Roziman» yoki kuyovning «Nikohimga oldim» deyishi qabul bo‘ladi.

Kelin ham, kuyov ham bir-birining lafzini eshitishi shart.

Iyjob va qabul valiylar yoki vakillar orqali ham bo‘lishi mumkin.

Ikki guvoh – ikki mukallaf, musulmon erkak yoki bir erkak va ikki ayol hozir bo‘lib, birgalikda kelin-kuyovning so‘zlarini eshitishlari shartdir (Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf hazratlarining «Kifoya» kitobidan).

Nikohning sharti

Nikohning sharti esa bitta bo‘lib, mahr berishdir. Mahrning eng kam miqdori 10 dirham (zakot nisobining yigirmadan biri) deb belgilangan. Mahrning eng kam miqdori bor, ammo ko‘piga chegara yo‘q (Mahr to‘g‘risidagi batafsil ma’lumotni fiqhga oid kitoblardan o‘rganiladi).

Oila qurayotgan har bir mo‘min-musulmon uchun shar’iy nikohdan o‘tish farzdir. Kimki mazkur nikohdan o‘tmasa, boshqa har qanday vositalar bilan oila qursalar ham, shar’an er-xotin bo‘la olmaydi. Shuning uchun ko‘pchilik ulamolar nikohni ibodat sanaganlar. Ibodatga esa bepisandlik bilan, yengil qarab bo‘lmaydi. Bu borada hazil-mutoyiba qilish, masxarabozlik qilish mumkin emas. Aks holda kishining iymoniga futur yetishi mumkin. Afsuski, hozirgi kunda ba’zi kimsalar bu qadar jiddiy masalaga yengil-elpi, bepisandlik bilan qaraydilar. Aslida ular kim va nima bilan o‘ynashayotganlarini bilmaydilar, buning oqibatini tasavvur ham qilmaydilar. Ana shunday johil kimsalar hozirgi kunda keng ommalashib ketayotgan aloqa vositalari, jumladan, telefon yoki internet orqali bir-biri bilan topishib, bevosita uchrashmay turib, oila qurib yuboryapti. Eng achinarlisi shuki, o‘zini musulmon hisoblayotgan bunday kimsalar virtual muloqot orqali shar’iy nikohdan o‘tganini da’vo qilmoqda va mana shu aloqani haqiqiy, shar’iy nikohning o‘rniga o‘tadi deb hisoblamoqda. Bu bilan ular nafaqat o‘zini, balki diniy ilmi kam bo‘lgan millionlab yoshlarni ham yo‘ldan ozdirib, halokatli jar tomon yetaklashyapti. Bunday salbiy holatlarga indamasdan tomoshabin bo‘lib o‘tiraversak, bularning kasofati millionlab yosh vatandoshlarimizga ham salbiy ta’sir o‘tkazib, kelajakda achinarli va ayanchli oqibatini ko‘rsatmay qo‘ymaydi. Xalqimizda «Chumchuq so‘ysa ham qassob so‘ysin» degan hikmat bor. Har bir ishning o‘z egasi va mutaxassisi bor.

Aqdi nikoh harom bilan halolni bir-biridan ajratuvchi muqaddas aloqadir. “Aqd” so‘zining ma’nosi tugundir, nikoh aqdi deganda nikoh tuguni tushuniladi. Demak, nikoh – avval bir-biriga begona, nomahram ikki insonni bir oila qilib, bir-biriga mahram qilib, ikki tomon qudalarni bir-biriga qarindoshlik rishtalari bilan bog‘lovchi muborak vositadir. Shunday ekan, nikoh aqdini bog‘lash nihoyatda mas’uliyatli va sharafli vazifadir. Binobarin, bu ishni nafaqat yetuk mutaxassis, balki taqvodor, parhezkor, ibodatli, halol-pok hayot kechiradigan, axloq-odobda barchaga namuna bo‘ladigan, duogo‘y, mo‘‘tabar insonlar ado qilib bog‘lasalar maqsadga muvofiq bo‘ladi. Bunday insonlar oila qurayotgan yoshlarga dinimizning ahkomlarini, shariatimizning oila, nikoh, er-xotin munosabatlari, hayz, nifos, taloq va idda kabi masalalarga oid hukmlarini, kelin-kuyovning vazifa, burch, mas’uliyat va huquqlarini tushuntirib o‘tadilar.

Payg‘ambarimiz solllallohu alayhi vasallam shunday dedilar:
إذَا وُسِّدَ الأَمْرُ إلى غَيْرِ أَهْلِهِ فَانْتَظِرِ السَّاعَةَ  . رواه البخاري.
«Ish o‘z egasidan boshqaga topshirilsa, qiyomatni kutaveringlar».
Imom Buxoriy rivoyat qilgan.

Demak, yuqorida aytib o‘tilgan ruknlar, shartlarni, tartib-qoidalarni pisand qilmay, guvohsiz, mahrsiz, hammadan yashirincha, ota-onaning roziligisiz, o‘zboshimchalik bilan nikoh o‘qitib olayotganlar ko‘zlarini ochishsin, sal hushyor bo‘lib, sergak tortishsin. O‘zlaricha dunyoning turli chekkasida turib ham, birorta aloqa vositasi orqali ulanib, nikoh o‘qitib olayotganlar, hech kim bilmasin qabilida ish tutib, savodsiz bo‘lgan holda o‘zini o‘zi nikohlab olayotganlar nikohdek muhim ishni o‘z egasiga, o‘z ahliga, ilmli, taqvoli imomga topshirmay, duch kelgan odamga aytib, bu amallari bilan avvalo o‘z oilalarida qiyomatni qoim qilyapti. Bunday yashirincha, shoshma-shosharlik bilan qurilayotgan «oila»larning oradan hech qancha o‘tmay buzilishi tabiiy holdir. Yoki mana shunday ahvolda oila qurib, so‘ng baxtli-saodatli hayot kechirayotganlar bormi?

Hozirgi kunda internetda turli ijtimoiy tarmoqlar juda keng tarqalib, ommaviylashib boryapti. Bu tarmoqlarga ulanish, ularga a’zo bo‘lish juda oson. Ulanish uchun birorta rasmiy ma’lumot talab qilinmaydi. Shuning uchun aksariyat yoshlar bu tarmoqlarga turli taxalluslar, antiqa nomlar bilan, duch kelgan surat yoki rasmlar bilan a’zo bo‘lib olishyapti. Natijada xohlagan odam o‘sha tarmoqlardagi istalgan guruhga qo‘shilib olishi, istagan sahifasiga kirishi, kimligini bildirmay, istagan odami bilan tanishib olib, gaplashish, u yerda yozilgan gaplarga munosabat bildirib, xohlaganicha fikr-mulohaza bildirishi mumkin.

Internetning ishlash tamoyillarini, ijtimoiy tarmoqlardan ko‘zlangan asl maqsadlardan mutlaqo bexabar, chalasavod kimsalar haqiqiy ismi va qiyofasi ko‘rinmaganiga aldanib, o‘zicha «endi menga hamma narsa mumkin», deb o‘ylashadi. Ularning deyarli hammasi bir-birini aldab, haqiqiy ism-sharifini yozmay, boshqa birorta nom yoki taxallus tanlab oladi, o‘zining suratini qo‘ymay, boshqa birorta surat yoki rasm qo‘yadi. Xullas, o‘ziga oid haqiqiy ma’lumotlarni qo‘ya olmaydi, chunki ularni qo‘ysa, ko‘zlagan maqsadiga erisha olmaydi. Shuning uchun qachon qarasangiz, qaddu basti kelishgan yosh, navqiron, go‘zal yigit-qizlarning suratini, mashhur odamlarning ismini qo‘yishadi va shu yo‘l bilan sodda, go‘l odamlarni osongina qarmoqqa ilintirishadi. Hozirgi kunda ana shunday tarmoqlardan biri bo‘lgan «Odnoklassniki.ru» sayti a’zolari o‘rtasida virtual nikoh o‘qitish nihoyatda avj olib ketdi. «Ko‘r ko‘rni qorong‘ida topadi» deydi dono xalqimiz. Bugungi kunda qalb ko‘zi ko‘rlar ham bir-birini ana shunday virtual aloqalar orqali topmoqda.

Ustozimiz, fazilatli shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf hazratlari bunday nikohlarni durust emas deb fatvo berganlar, lekin aloqa vositalari orqali qo‘yilgan taloqning voqe bo‘lishini ham aytib o‘tganlar. Zero, taloq voqe bo‘lishi uchun er o‘zining xotiniga har qanday yo‘l yoki vosita orqali (to‘g‘ridan-to‘g‘ri, eshittirib, eshittirmasdan, uzoqda turib, maktub orqali yoki vositachi odam yoki aloqa vositalari orqali, jiddiy yoki hazillashib) ajrashish niyatini ma’lum qilsa kifoya.

Nikoh – umr savdosi, deyishadi. Ammo bu savdoning foyda-zarari insonning ikki dunyosiga ta’sir qiladi. Shuning uchun nikohda hazil-huzul, yengil-elpilik ketmaydi. O‘z taqdiriga, birovlarning taqdiriga yengil qaragan odamgina nikohni oddiy narsa deb bilib, o‘zini har hunarga solishi mumkin. Nikoh o‘yinchoq bo‘lmaganidek, taloqni ham o‘yinchoq qilmaslik kerak. Aks holda bu narsa nafaqat oilaning ajrashuvi bilan, balki qarindoshlik rishtalarining uzilishi, farzandlarning tirik yetim bo‘lishi, jamiyatda fahsh va zinoning ko‘payishi, oxiratda esa og‘ir azob-uqubatlar bilan jazolanadi.

Alloh taolo barchamizga xayrli nikoh, baxtli oila, shirin turmush ato etsin!

Is'hoq Muhammad | ummat.uz