Эр киши шафқатли бўлади

Рукн: Жамият Чоп этилган: 10.12.2014

Қуръони каримда бундай баён қилинади: “Ўз жинсларингиздан сизлар учун жуфти ҳалоллар яратиб берди, токи улар билан ҳаловатлик турмуш қургайсизлар. Ўрталарингизда меҳр-муҳаббат туйғусини пайдо қилди. Бу эса Аллоҳнинг биру борлигининг нишоналаридандир. Ақл-идрокли фикр юритувчилар учун бунда кўп ишорат ва аломатлар бордир” (Рум, 21).
Оила инсоннинг дунёвий саодати қўрғонидир. Унда доимо тинч-тотувлик давом этиши учун эр ва хотин ўзларининг вазифалари, бурчларини тўлиқ адо этиб боришлари лозим.
Уйланиш ниятидаги киши ўзига жуфти ҳалол танлаш вақтида, қиз (аёл)нинг фақат ҳуснига ёки бойлигига алданиб қолмасдан, унинг хулқу одоби, дину диёнатига албатта аҳамият бериши лозим. Чунки баъзилар қизнинг ота-онаси бойлигига қизиқиб уйланади. Сўнг миннат балосига гирифтор бўлади. Аёлнинг ҳусну жамолига учиб уйлангач, афсус-надомат чекканлар ҳам учраб туради.

Шу боис динимиз ахлоқ-одобли, оқила, иболи, ҳаёли жуфти ҳалол танлашга буюради. Бинобарин, қиз боланинг яхши рўзғор соҳибаси, келажакда ўз фарзандларига суюкли, меҳрибон она бўлишида диндорлигининг катта таъсири бор.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) марҳамат қилганлар: «Албатта, Аллоҳ таоло аёллар билан яхши муомалада бўлишингизни тавсия этади. Чунки улар сизларнинг оналарингиз, қизларингиз ва холаларингиздир...» (Табароний ривояти); “Қизлари кўп уйда барака бўлади” (Ажлий ривояти).
Шундай экан, уларни эъзозлаш, ҳурмат қилиш ва уларга шафқатли бўлиш инсоний бурчимиз эканини асло унутмайлик.
Ҳар бир инсон учун энг азиз ва мўътабар зот унинг онасидир. Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Муовия ибн Ҳайда: “Ё Расулуллоҳ, энг аввало кимга яхшилик қилай”, деб сўраганида, у зот: “Онангга, онангга ва яна онангга, сўнг отангга яхшилик қил”, деганлар.
Яратганнинг қудрати ва ҳикмати туфайли дунёдаги барча мавжудот жуфт-жуфт бўлиб ҳаёт кечиради. Бундай ҳаёт натижаси ўлароқ янги авлод дунёга келади. Аллоҳ таоло инсонни эркак ва аёл жинсидан яратган экан, уларни ўзи кўрсатиб берган шаръий никоҳ асосида оила қуришга буюради.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) турмушга чиқадиган қизларнинг ота-оналарига ҳам тавсиялар берганлар: “Қачон сизлар (қизингизга) келган совчининг дину диёнатидан ва хулқидан рози бўлсангиз, дарҳол унга қизингизни беринг. Агар шундай қилмасангиз, ер юзида фитна-фасод кўпайиб кетади”.
Мазкур ҳадисга биноан, бўлажак келин-куёв бир-бирларини сўраб суриштиришлари жоиздир. Чунки бу иш келажакда оиланинг янада мустаҳкам ва бахтли бўлишига хизмат қилади. Уйланиш ниятидаги йигит билан қиз бир-бирларини кўришлари ҳам жоиз. Бунга қуйидаги ҳадис далилдир: Муғийра ибн Шуъба (розийаллоҳу анҳу) айтадилар: «Мен бир аёлга совчи қўйган эдим. Расулуллоҳ менга: “Уни кўрдингми?” дедилар. Мен: “Йўқ”, дедим. Шунда: “Уни кўргин, чунки кўриш орангизда муҳаббат пайдо бўлишига сабаб бўлади”, дедилар».
Уйланишдан мақсад вақтинчалик кўнгилхушлик эмас, балки насл қолдиришдир.
Никоҳ эр зиммасига хотинга маҳр бериш мажбуриятини юклайди. Ҳанафий мазҳабига биноан маҳрнинг энг озининг миқдори ўн дирҳамдан кам бўлмаслиги керак. Аммо ундан кўп бўлиши келин-куёвнинг ўзаро келишувларига ҳавола. Маҳр эр томонидан бўлғуси турмуш ўртоғига унинг никоҳига кирганлиги учун бериладиган, кейин ҳам қайтариб олинмайдиган совғадир. Маҳр хотиннинг хусусий мулкидир.
Қуръони каримда бундай дейилади: “Хотинларга маҳрларини мамнунлик билан берингиз! Агар ўзлари ундан бирор нарсани ихтиёрий равишда кечса (берса)лар, сизлар уни бемалол қабул қилаверингизлар” (Нисо, 4).
Никоҳ тўйи шариатимизда жорий бўлиб, унда исрофга йўл қўймаслик лозим. Уламолар шариат манъ этган нарсага қилинган ҳар қандай харажат исрофдир дейишган.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Энг баракотли никоҳ оз харажат қилинганидир”, деб марҳамат қилганлар. Баъзилар тўйни дабдабали қилиш билан фарзандларининг бахтини эмас, балки ўзларининг обрўларини ўйлайдилар. Риёкорлик билан қилинган ҳар қандай ишда асло барака бўлмайди.

Абдураззоқ ЮНУС,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси
ўринбосари

"Ҳидоят" 2007 йил 1-сон

* * *

 

ER KISHI SHAFQATLI BO‘LADI

Qur’oni karimda bunday bayon qilinadi: “O‘z jinslaringizdan sizlar uchun jufti halollar yaratib berdi, toki ular bilan halovatlik turmush qurgaysizlar. O‘rtalaringizda mehr-muhabbat tuyg‘usini paydo qildi. Bu esa Allohning biru borligining nishonalaridandir. Aql-idrokli fikr yurituvchilar uchun bunda ko‘p ishorat va alomatlar bordir” (Rum, 21).
Oila insonning dunyoviy saodati qo‘rg‘onidir. Unda doimo tinch-totuvlik davom etishi uchun er va xotin o‘zlarining vazifalari, burchlarini to‘liq ado etib borishlari lozim.
Uylanish niyatidagi kishi o‘ziga jufti halol tanlash vaqtida, qiz (ayol)ning faqat husniga yoki boyligiga aldanib qolmasdan, uning xulqu odobi, dinu diyonatiga albatta ahamiyat berishi lozim. Chunki ba’zilar qizning ota-onasi boyligiga qiziqib uylanadi. So‘ng minnat balosiga giriftor bo‘ladi. Ayolning husnu jamoliga uchib uylangach, afsus-nadomat chekkanlar ham uchrab turadi.

Shu bois dinimiz axloq-odobli, oqila, iboli, hayoli jufti halol tanlashga buyuradi. Binobarin, qiz bolaning yaxshi ro‘zg‘or sohibasi, kelajakda o‘z farzandlariga suyukli, mehribon ona bo‘lishida dindorligining katta ta’siri bor.
Payg‘ambarimiz (alayhissalom) marhamat qilganlar: «Albatta, Alloh taolo ayollar bilan yaxshi muomalada bo‘lishingizni tavsiya etadi. Chunki ular sizlarning onalaringiz, qizlaringiz va xolalaringizdir...» (Tabaroniy rivoyati); “Qizlari ko‘p uyda baraka bo‘ladi” (Ajliy rivoyati).
Shunday ekan, ularni e’zozlash, hurmat qilish va ularga shafqatli bo‘lish insoniy burchimiz ekanini aslo unutmaylik.
Har bir inson uchun eng aziz va mo‘‘tabar zot uning onasidir. Rasulullohdan (sollallohu alayhi va sallam) Muoviya ibn Hayda: “Yo Rasululloh, eng avvalo kimga yaxshilik qilay”, deb so‘raganida, u zot: “Onangga, onangga va yana onangga, so‘ng otangga yaxshilik qil”, deganlar.
Yaratganning qudrati va hikmati tufayli dunyodagi barcha mavjudot juft-juft bo‘lib hayot kechiradi. Bunday hayot natijasi o‘laroq yangi avlod dunyoga keladi. Alloh taolo insonni erkak va ayol jinsidan yaratgan ekan, ularni o‘zi ko‘rsatib bergan shar’iy nikoh asosida oila qurishga buyuradi.
Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) turmushga chiqadigan qizlarning ota-onalariga ham tavsiyalar berganlar: “Qachon sizlar (qizingizga) kelgan sovchining dinu diyonatidan va xulqidan rozi bo‘lsangiz, darhol unga qizingizni bering. Agar shunday qilmasangiz, yer yuzida fitna-fasod ko‘payib ketadi”.
Mazkur hadisga binoan, bo‘lajak kelin-kuyov bir-birlarini so‘rab surishtirishlari joizdir. Chunki bu ish kelajakda oilaning yanada mustahkam va baxtli bo‘lishiga xizmat qiladi. Uylanish niyatidagi yigit bilan qiz bir-birlarini ko‘rishlari ham joiz. Bunga quyidagi hadis dalildir: Mug‘iyra ibn Shu’ba (roziyallohu anhu) aytadilar: «Men bir ayolga sovchi qo‘ygan edim. Rasululloh menga: “Uni ko‘rdingmi?” dedilar. Men: “Yo‘q”, dedim. Shunda: “Uni ko‘rgin, chunki ko‘rish orangizda muhabbat paydo bo‘lishiga sabab bo‘ladi”, dedilar».
Uylanishdan maqsad vaqtinchalik ko‘ngilxushlik emas, balki nasl qoldirishdir.
Nikoh er zimmasiga xotinga mahr berish majburiyatini yuklaydi. Hanafiy mazhabiga binoan mahrning eng ozining miqdori o‘n dirhamdan kam bo‘lmasligi kerak. Ammo undan ko‘p bo‘lishi kelin-kuyovning o‘zaro kelishuvlariga havola. Mahr er tomonidan bo‘lg‘usi turmush o‘rtog‘iga uning nikohiga kirganligi uchun beriladigan, keyin ham qaytarib olinmaydigan sovg‘adir. Mahr xotinning xususiy mulkidir.
Qur’oni karimda bunday deyiladi: “Xotinlarga mahrlarini mamnunlik bilan beringiz! Agar o‘zlari undan biror narsani ixtiyoriy ravishda kechsa (bersa)lar, sizlar uni bemalol qabul qilaveringizlar” (Niso, 4).
Nikoh to‘yi shariatimizda joriy bo‘lib, unda isrofga yo‘l qo‘ymaslik lozim. Ulamolar shariat man’ etgan narsaga qilingan har qanday xarajat isrofdir deyishgan.
Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam): “Eng barakotli nikoh oz xarajat qilinganidir”, deb marhamat qilganlar. Ba’zilar to‘yni dabdabali qilish bilan farzandlarining baxtini emas, balki o‘zlarining obro‘larini o‘ylaydilar. Riyokorlik bilan qilingan har qanday ishda aslo baraka bo‘lmaydi.

Abdurazzoq YUNUS,
O‘zbekiston musulmonlari idorasi raisi
o‘rinbosari

"Hidoyat" 2007 yil 1-son