Мўминнинг нияти амалидан гўзалдир

Рукн: Ислом ва иймон Чоп этилган: 07.09.2015

Абу Кабша Анморий (р.а.) айтадилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қиладилар: “Уч нарса бор, (уларнинг тўғрилиги хусусида) қасам ичаман. Ҳамда сизга бир ҳадис айтаман, уни ёдингизда сақланг: кишининг моли садақа сабабли камаймайди. Бир бандага зулм қилинса-ю у сабр қилса, Аллоҳ, албатта, (икки дунёда) унинг иззатини орттиради. Бир банда тиланчилик эшигини очса, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очади” (Термизий ривояти).

Бир ривоятда қуйидаги қўшимчалар бор: “Қайси бир банда Аллоҳ розилиги учун камтарин (тавозели) бўлса, Аллоҳ, албатта, уни (нг обрўсини) кўтариб қўяди. Сизга бир ҳадис айтаман, уни ёдда тутинг: дунё тўрт киши учундир:

Бир банда бор, Аллоҳ унга мол ва илм берган. У моли хусусида Аллоҳдан қўрқади, (моли ва илми орқали) силаи раҳм кўрсатади ва уларда Аллоҳнинг ҳаққи борлигини яхши билади. Бу банда энг фазилатли мақомдадир.

Яна бир банда бор, Аллоҳ унга илм берган-у, мол бермаган. Аммо унинг нияти яхши. У: “Агар молим бўлганда эди, фалончига ўхшаб (хайрли ишларга) сарфлардим”, дейди. Бу(ндай) киши ниятини амалга оширгандек савобга эга бўлади. Бу иккисининг ажри баробардир.

Яна бир киши борки, Аллоҳ унга мол берибди, аммо илм бермабди. У молини жоҳилона сарфлайди. Моли хусусида Аллоҳдан қўрқмайди. (Бахиллиги, нодонлиги туфайли) моли билан силаи раҳм қилмайди, молида Аллоҳнинг ҳаққи борлигини ҳеч ўйламайди. Ана шу(ндай) киши энг паст даражададир.

Яна бир киши бор, Аллоҳ унга на илм, на мол берган. Аммо у: “Агар молим бўлсайди, фалончининг қилганларини мен ҳам қилардим”, дейди. У ҳам ниятига яраша муомала кўради. Ҳавас қилган кишиси билан гуноҳда баробар бўладилар” (Термизий ривояти).

Шарҳ: Ҳадисда киши илмсиз ва фақир бўлса ҳам, ниятига қараб олим ва бадавлат кишилар билан баробар савоб ёки гуноҳга эга бўлиш мумкинлиги айтилмоқда. Зеро, саҳиҳ ҳадисда “Мўминнинг нияти амалидан яхшидир”, дея марҳамат қилинган. Шу маънода, қўлга киритилиши қийин бўлган илм ва мол-дунё каби неъматлардан маҳрум мўминга, олим ва бой одам эга бўладиган ажр-савобга заҳматсиз эришиш йўли кўрсатилган. Фақатгина эзгу ният! Мўмин одам ақл билан иш тутиб, фарзларни тўла-тўкис адо этгач, ҳиммат билан хайрли ишларга ният қилдими, уни амалга оширолмаса ҳам, ўзи ҳавас қилган кишиларнинг савобига тенг ажрга эга бўлади, иншааллоҳ. Бу ўринда иложи борича хайрли ишларда энг илғор шахсларга ҳавас қилишга тарғиб қилинмоқда.

Бунинг акси ҳам бўлиши мумкин. Киши ўзи камбағал ва билимсиз бўлса-ю, “Пулим кўп бўлганда фалончига ўхшаб яшардим”, дея фақат дунё кетидан қувган, дин-диёнат, ҳалол-ҳаром билан иши бўлмаган кишиларга ҳавас қилиши мумкин. Аммо бундай ҳолда у бечора йўқчилик заҳматини ики баробар тортиши билан бирга, ўша кимса эришганчалик гуноҳ орттиради. Аллоҳ мўминларни бундай зиёндан Ўзи сақласин!

Хулоса сифатида шуни айтиш ўринли – мўмин биргина чиройли ният билан олим ва бой кишилар қилган (ўзи ҳаётда амалга оширолмайдиган) ишларнинг савобига эга бўлиш учун, кучи етадиган хайрли ишларга бепарво бўлмаслиги керак. Яъни, фарз ибодатларни бажариши лозим. Кучи етадиган фарз амалларни қилмаган, ҳаромлардан сақланмаган инсон фақат ният билан бу ҳадисда ваъда қилинган савобларга эришиши душвор.

Манбалар асосида Содиқ Носир тайёрлади

“Ирфон” тақвимининг 2012 йил 4-сонидан олинди.

* * *

Abu Kabsha Anmoriy (r.a.) aytadilar: “Rasululloh (s.a.v.) marhamat qiladilar: “Uch narsa bor, (ularning to‘g‘riligi xususida) qasam ichaman. Hamda sizga bir hadis aytaman, uni yodingizda saqlang: kishining moli sadaqa sababli kamaymaydi. Bir bandaga zulm qilinsa-yu u sabr qilsa, Alloh, albatta, (ikki dunyoda) uning izzatini orttiradi. Bir banda tilanchilik eshigini ochsa, Alloh unga faqirlik eshigini ochadi” (Termiziy rivoyati).

Bir rivoyatda quyidagi qo‘shimchalar bor: “Qaysi bir banda Alloh roziligi uchun kamtarin (tavozeli) bo‘lsa, Alloh, albatta, uni (ng obro‘sini) ko‘tarib qo‘yadi. Sizga bir hadis aytaman, uni yodda tuting: dunyo to‘rt kishi uchundir:

Bir banda bor, Alloh unga mol va ilm bergan. U moli xususida Allohdan qo‘rqadi, (moli va ilmi orqali) silai rahm ko‘rsatadi va ularda Allohning haqqi borligini yaxshi biladi. Bu banda eng fazilatli maqomdadir.

Yana bir banda bor, Alloh unga ilm bergan-u, mol bermagan. Ammo uning niyati yaxshi. U: “Agar molim bo‘lganda edi, falonchiga o‘xshab (xayrli ishlarga) sarflardim”, deydi. Bu(nday) kishi niyatini amalga oshirgandek savobga ega bo‘ladi. Bu ikkisining ajri barobardir.

Yana bir kishi borki, Alloh unga mol beribdi, ammo ilm bermabdi. U molini johilona sarflaydi. Moli xususida Allohdan qo‘rqmaydi. (Baxilligi, nodonligi tufayli) moli bilan silai rahm qilmaydi, molida Allohning haqqi borligini hech o‘ylamaydi. Ana shu(nday) kishi eng past darajadadir.

Yana bir kishi bor, Alloh unga na ilm, na mol bergan. Ammo u: “Agar molim bo‘lsaydi, falonchining qilganlarini men ham qilardim”, deydi. U ham niyatiga yarasha muomala ko‘radi. Havas qilgan kishisi bilan gunohda barobar bo‘ladilar” (Termiziy rivoyati).

Sharh: Hadisda kishi ilmsiz va faqir bo‘lsa ham, niyatiga qarab olim va badavlat kishilar bilan barobar savob yoki gunohga ega bo‘lish mumkinligi aytilmoqda. Zero, sahih hadisda “Mo‘minning niyati amalidan yaxshidir”, deya marhamat qilingan. Shu ma’noda, qo‘lga kiritilishi qiyin bo‘lgan ilm va mol-dunyo kabi ne’matlardan mahrum mo‘minga, olim va boy odam ega bo‘ladigan ajr-savobga zahmatsiz erishish yo‘li ko‘rsatilgan. Faqatgina ezgu niyat! Mo‘min odam aql bilan ish tutib, farzlarni to‘la-to‘kis ado etgach, himmat bilan xayrli ishlarga niyat qildimi, uni amalga oshirolmasa ham, o‘zi havas qilgan kishilarning savobiga teng ajrga ega bo‘ladi, inshaalloh. Bu o‘rinda iloji boricha xayrli ishlarda eng ilg‘or shaxslarga havas qilishga targ‘ib qilinmoqda.

Buning aksi ham bo‘lishi mumkin. Kishi o‘zi kambag‘al va bilimsiz bo‘lsa-yu, “Pulim ko‘p bo‘lganda falonchiga o‘xshab yashardim”, deya faqat dunyo ketidan quvgan, din-diyonat, halol-harom bilan ishi bo‘lmagan kishilarga havas qilishi mumkin. Ammo bunday holda u bechora yo‘qchilik zahmatini iki barobar tortishi bilan birga, o‘sha kimsa erishganchalik gunoh orttiradi. Alloh mo‘minlarni bunday ziyondan O‘zi saqlasin!

Xulosa sifatida shuni aytish o‘rinli – mo‘min birgina chiroyli niyat bilan olim va boy kishilar qilgan (o‘zi hayotda amalga oshirolmaydigan) ishlarning savobiga ega bo‘lish uchun, kuchi yetadigan xayrli ishlarga beparvo bo‘lmasligi kerak. Ya’ni, farz ibodatlarni bajarishi lozim. Kuchi yetadigan farz amallarni qilmagan, haromlardan saqlanmagan inson faqat niyat bilan bu hadisda va’da qilingan savoblarga erishishi dushvor.

Manbalar asosida Sodiq Nosir tayyorladi

“Irfon” taqvimining 2012 yil 4-sonidan olindi.