Ҳақиқат таълимоти

Рукн: Ислом ва иймон Чоп этилган: 10.12.2014

Дунё машҳурларидан бири Лев Толстой ёзади: “Яхшиям қуён ботир эмас, агар у ботир бўлганида ер юзида қуён қолмасди”. Дарҳақиқат, қуён қўрқув билан тирик. Қуённинг тириклигини мана шу оний қўрқувгина муҳофаза қилиб туради. Қўрқув — қуён учун яратганнинг олий неъмати!

Буни қарангки, теранроқ ўйлаб кўрсак, инсонни ҳам инсоний мезонда тутиб турувчи куч — қўрқувдир! Яъни, Аллоҳдан қўрқиш ҳисси! Мозийга бирров назар ташланг: инсоният қўлбола илоҳларга сиғинган пайтларида қанчалар тубанлашди. Аллоҳдан қўрқмайдиган замонларда ҳақсизлик ва умидсизлик гирдобида қолди. Уни инкор қиладиган тузумларда бошига не-не шўриш савдолар ёғилди. Шунинг учун ҳам пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам бир муборак ҳадисларида марҳамат қилдиларки: “Ҳикматнинг боши қўрқувдадир”.

Меҳрибон Аллоҳ инсоннинг ер юзида яшашини ирода этганидан сўнг одамларни ёмонликка жазо, яхшиликка мукофот борлигидан огоҳлантириш учун вақти-вақти билан Ўз элчиларини юбориб турди. Инсонлар ичидан танлаб олинган бу Хослар ўз замон ва маконига муносиб, қавмининг ақлу фаросатига лойиқ шаръий ҳукмларни жорий қилдилар. Қўлларидан келганича Аллоҳ таолонинг буйруқларини одамларга етказиб, уларни яхшиликка даъват этдилар. Вақт ўтиши билан бу илоҳий ҳукмлар бирин-кетин маънодан узилиб, бир-бирини тўлғазиб, соддаликдан мураккаблик томон силжиб бораверди. Таъбир жоиз бўлса, Аллоҳ таоло инсониятни чақалоқликдан то камолот ёшигача ўзига хос тарзда тарбиялаб борди. Ва ниҳоят, Аллоҳ таоло улғайган инсониятга ривожланиб бораётган ижтимоий ҳаётнинг барча талабларига жавоб берадиган, то қиёматгача дастуриламал бўладиган ва айни пайтгача жорий этилган илоҳий динларни ўз ичига олган бир динни тақдим этди. Бу — муқаддас Ислом дини эди.

Бу илоҳий дин пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам тимсолида намоён бўлди. Аллоҳ таоло бу пайғамбарни ва у зот келтирган шаръий тўпламни маълум бир қавмларга, халқларга ёки арабларнинг ўзигагина жўнатмади. Муҳаммад алайҳиссалом бутун оламларга раҳмат бўлиб келди.

Бу ҳақда Қуръони каримда шундай мужда берилади: “(Эй Муҳаммад), дарҳақиқат Биз сизни барча оламларга фақат раҳмат (яъни Аллоҳнинг раҳмати-жаннатга етакловчи) қилиб юбордик” (Анбиё сураси, 107-оят).

Бу улуғ зот Аллоҳ таолодан Ислом шариатини жорий этиш ҳақидаги буйруқни олганларида дунё зулмат ва ҳақсизлик ботқоғига ботиб ётган эди. Одамиятнинг ақлу идрокини ларзага солган бу таълимот қайсидир халқ ўзидан чиққан шоҳга сажда қилаётган, бошқа бири оташга сиғинаётган, яна кимдир ўзи ясаган бутларга илоҳ деб топинаётган бир пайтда майдонга келди. Кўнгиллардан илму маърифат, оқибату офият кўтарилган, ҳақ билан ботилнинг мезонлари бузилиб кетган бир пайтда инсониятнинг энг улуғи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шу оламшумул таълимотни эълон қилди. Шунинг учун ҳам инсоният то қиёматгача ҳотамул анбиё, саййидул мурсалин Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам қошида ҳар доим қарздордирлар.

Инсоният бу буюк зот қаршисида нега қарздор бўлмасин, ахир у зот жонсиз санамларга, оташларга, осмонларга сиғиниб, ўзининг кимлигини унутиб қўйган одамзодга покиза тавҳид ақидасидан дарс берди. Одамлар бу муборак дарсни тингламасларидан илгари инсоний туйғулардан мосуво эдилар. Улар ўзларининг кимлигини, нима учун яшаётганини билмаганлари туфайли жоҳил ва шафқатсиз эдилар.

...Ҳали Рисолат келмаган, дунёни зулмат пардалари қоплаган ана шу рутубатли кунларнинг бири эди. Бир ота олти ёшлар чамасидаги қизчасини олиб Маккадан ташқарига йўл олди. Улар анча йўл босиб, хилват бир жойга келдилар. Ота елкасидан белкурагини олди-да чуқур қазий бошлади.

— Нима қилаяпсиз, отажон? Нега қазияпсиз бу чуқурни? — деб эндигина тили бийрон бўлган қизчаси отанинг атрофида гирдикапалак бўларди.

— Сени шу ерга кўмаман,  — деди ота қизалоққа.

Шўрлик қизчанинг ранги оқариб кетди. Лекин отасининг кўмишига ишонмади. Ахир қандоқ ишонсин, у отажонини яхши кўради-ку! Бироқ шундай бўлса-да, қизалоқнинг митти юраги бир шумликни сезгандек бўлди.

— Отажон мени ўлдирманг, — деди у йиғлаб. Сўнгра ортига қараб юра бошлади. Шу пайт чуқурни қазиб бўлган ота югуриб келиб қизининг қўлидан тутди. У қизалоқни судраб келди-да, чуқурга улоқтирди. Сўнгра шошиб-пишиб қизчанинг устига тупроқ торта бошлади.

— Отажон, мени кўмманг, мен сизни яхши кўраман, мени ўлдирманг, мени ўлдирманг!

Қизчанинг бу нолаю афғонлари отани аҳдидан қайтаролмади. Ахир қавмининг ичида бинойидай обрўси бор кишининг уйида қиз боланинг ўсиши иснод эмасми? Мана шу ақида отанинг юрагини тошга айлантирган эди. Бечора қизча охирги марта “отажон”, деб чинқирди-ю овози бошқа эшитилмади.

Биласизми, мана шу шафқатсиз ота ким эди? Бу — Ислом оламидаги энг улуғ зотлардан бири Ҳазрати Умар эди! Дунёга Ислом қуёши чиқмаган замонларда Ҳазрати Умардек зотлар ҳам ана шундай ҳаёт тарзида яшардилар. Жоҳилликлари ва илмсизликларидан турли хурофотларга берилиб, ўз жигарларини ўлдириш билан ҳам фахрланар эдилар. Ислом дини келиб, Ҳазрати Умар ҳидоятга ноил бўлган кунларнинг бирида ўз қизчасини қандай қилиб тириклайин кўмганини Расулуллоҳга соллаллоҳу алайҳи васаллам гапириб берадилар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Умардан бу қайғули ҳикояни эшитиб йиғлаганидан муборак соқоллари ҳўл бўлиб кетиб: “Эй Умар, агар ислом келмасидан аввалги гуноҳлар учун жазо йўқлиги айтилмаганида, мен сени жазолардим”, деган эканлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тақдим этган тавҳид таълимоти инсонларга инсоний мақомини қайтариб берди.

Эътибор қилсангиз, бугун дунёнинг энг ривожланган мамлакатларида мусулмон бўлмаган одамлар яшайдилар. Бироқ бу мамлакатлар ҳар қанча ривожланган бўлмасин, кундан-кунга муаммолар гирдобига шўнғиб бормоқда. Бу жамиятларда наркомания, фаҳшият, ваҳшийлик йилдан-йилга оммавийлашиб бораётгани кузатилмоқда. Нима учун? Сабаби: кишиларнинг қалбини муолажа қиладиган соғлом эътиқоднинг йўқлиги, тавҳиднинг йўқолганидир.

Сўнгги йилларда бу ҳақиқатни ғарбликларнинг ўзлари ҳам билиб-билмай тан олмоқдалар. Яқинда амриқолик машҳур олим Майк Харт “Инсоният тарихининг юзта энг буюк шахслари” номли китобини чоп эттирди. Номидан ҳам кўриниб турибдики, бу асарда инсониятнинг юз нафар буюк намоёндаси ҳақида сўз боради. Ушбу рўйхатнинг бошида пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмлари қайд этилган. Нега Майк Харт ўз китобида таълимотлари Европа ва Америкада жуда машҳур бўлган Будда ёки Конфуцийни пайғамбаримиздан кейинги  ўринларга қўйди? Унинг фикрича, Муҳаммад алайҳиссалом инсоният тарихида нафақат янги дин, янги таълимотга, балки янгича давлат тузумига ҳам асос солдики, бу ҳол у зотнинг мутлақо ўзига хос салоҳиятидан дарак беради.

Дарҳақиқат, шунинг учун ҳам пайғамбаримиз шахсияти ва таълимоти айни пайтда ҳам дунё олимлари томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Майли, улар ўргансинлар. Шояд, қуруқ саҳродангина иборат бўлган бир маконда пайдо бўлган дин, ҳаққи рост бўлгани туфайли дунёни забт этганини англасалар, тан олсалар.

Инсоният бу буюк зот қаршисида нега қарздор бўлмасин, ахир у зот инсониятни умидсизлик ва тушкунлик ботқоғидан тортиб олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга тавба эшикларини кўрсатмагунларича улар ўзлари тўқиб олган чўпчакларга ишониб ёхуд айрим бузуқ динларнинг ақидалари таъсида умидсизликка берилган эдилар. Улар ҳатто кийимларимиз билан Каъбани зиёрат қилолмаймиз, чунки бу кийимларнинг ичида гуноҳ ишларни қилганмиз, деган ақида билан “Аллоҳнинг уйи”ни қип-яланғоч ҳолда тавоф қилардилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган таълимот кишилар кўнглида ўлиб бораётган умидворлик ҳиссини тирилтирди.

Бугун психология олимлари ҳар қандай беморга энг яхши муолажа “эртанги кунга ишонч ҳисси” эканини таъкидлар экан, бу нуқтаи назар муборак Ислом таълимотидан кўчирма эканини биладиларми? Билмасалар билсинларки, бундан ўн тўрт аср бурун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун инсониятни мана шу йўл билан даволаган эдилар. Олам бир беморхона эди. Тушкунлик ва ноумидлик эпидемияси одамларни карахт қилиб қўйганди. Шунда Ул буюк халоскор Аллоҳ таоло тарафидан инсонлар кўнглига малҳам ўлароқ хушхабар келтирди: «Сен менинг тарафимдан: «Эй ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, унинг Ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир», деб айт» (Зумар сураси, 53-оят).

Инсоният бу буюк зот қаршисида нега қарздор бўлмасин, ахир у зот турли халқлар, миллатлар, ирқлар аро бўлиши мумкин бўлган энг катта ихтилофнинг олдини олди. Яъни, Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга Аллоҳ таоло тарафидан муҳим бир хабарни айтди: “Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак (Одам) ва аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан ўзаро танишишингиз учун турли халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билгувчи ва огоҳ зотдир” (Ҳужурот сураси, 13-оят).

Бугун халқлар аро тинч-тотувликни, илму маърифат, маданият алмашинувини муайян бир мезонга солиб туриш учун турли хил муассасалар, марказлар фаолият юритмоқда. Лекин улар бу муассасаларининг низоми Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган таълимотдан кўчирма эканини биладиларми? Билмасалар билсинларки, Ислом дини ҳеч бир инсонни миллати, ирқи, жинсига биноан табақага ажратмайди. Унинг буюк хитобларидан бири тинчлик ва биродарликдир!

Бугун инсоннинг ҳуқуқи ва ҳуррияти энг олий қадрият экани ҳақида оғиз кўпиртираётганлар мусулмон оламида бу қадрият бундан ўн тўрт аср бурун ҳаётий мезонга айланганини биладиларми? Билмасалар билсинларки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган таълимотнинг асосида инсон манфаатлари, инсон ҳақлари, инсоний ҳақиқатлар мужассамланган.

Инсоният бу буюк зот қаршисида нега қарздор бўлмасин, ахир у зот инсониятга унинг улуғлиги илму маърифат билан ўлчанишини англатди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган таълимот ҳар бир эркак ва аёлга илм олмоқни фарз қилди. Бу даъват инсоннинг ўзини англаш йўлидаги инқилобий ҳаракати эди. Бугунги дунё илм-фанининг тараққиёти айнан мана шу даъватнинг натижасидир. Чунки бу оламшумул эълондан сўнг Ислом оламида илм олмоққа рағбат уйғонди. Айниқса, китобат ишлари авж олиб кетди. Бу ҳақда Доктор Густав ле Бон бундай деб ёзади: «Ҳали оврупаликлар китоб нима, кутубхона нима эканини билмаган бир пайтда жуда кўп Ислом мамлакатларида китоб ва кутубхоналарнинг саноғи йўқ эди”.

Маълумотларга қараганда ўша пайтларда биргина мусулмонлар қўл остидаги Испанияда йилига етмиш мингдан саксон минг жилдгача китоб чоп қилинар экан. Бағдоддаги Хорун ар-Рашид томонидан қурдирилган «Байт ул-ҳикма», Андалусдаги «Ал-ҳикма» кутубхоналари ҳақида ўқимаган зиёли бўлмаса керак. Мўғул истилочилари Бағдодни босиб олгач, кутубхоналардаги барча китобларни Дажла дарёсига улоқтиргани, натижада китобларнинг бўёғи сувга чиқиб дарё бир неча ой тим қора бўлиб оққани ҳақида ким ўқимаган дейсиз. Мусулмонлар устига салб юришлари пайтида миллионлаб нусхада ўғирлаб кетилган китоблар ҳақида кўпчилик билсалар керак.

Бугун бу тарихий ҳақиқатлар устида мушоҳада қилар экансан, айнан мусулмон ўлкаларида ўтқазилган “дарахт”, ўзгалар боғида мева берганига амин бўласан. Лекин улар бу ҳақиқатни тан олармикинлар?! Эҳтимол тан олмаслар, лекин шуниси аниқки, одамзод бундан кейин то қиёматгача Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган маърифатдан-да ҳаётийроқ, хайрлироқ, адолатлироқ таълимотни тополмаяжак.

Бугунги замон тараққиётидан баҳраманд бўлаётган инсоният улуғ пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам олдида шунчалик қарздор экан, сизу биз мусулмонлар у зотнинг олдида яна-да масъулиятлироқмиз. Бу масъулият Ул зотга соллаллоҳу алайҳи васаллам муносиб уммат бўлмоқдир. Муносиб бўлиш эса амал билан тасдиқланади. Энди айтинг-чи, биз қандай умматмиз?

Бир куни Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам озод қилган қуллари Савбон розияллоҳу анҳу юзлари қизариб, титраб кириб келдилар. Унинг бу ҳолатини кўрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Савбон, сенга нима бўлди, бетобмисан?” деб сўрадилар. Шунда Савбон розияллоҳу анҳу жавоб бердиларки: “Бетоб эмасман, аммо озгина вақт сизни кўрмай қолсам, даҳшатга тушаяпман. Ҳозиргина охиратни эсладим. Шубҳасиз сиз жаннатда пайғамбарлар билан бирга бўласиз. Мен эса гарчи Аллоҳ раҳматига ноил бўлиб жаннатга кирсам ҳам сиз билан бўлолмайман. Ахир сизнинг мақомингиз юксак. Агар жаннатга киролмасам, сизни ҳеч қачон кўра олмайман. Шуни ўйлаб, титраб кетаяпман”, дедилар.

Пайғамбар алайҳиссалом боқий дунёга риҳлат этган кунларнинг бирида бир аёл келиб, Оиша онамиздан Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларини кўрсатишларини илтимос қилибди. Оиша онамиз муборак қабрни кўрсатганларида, у аёл қабр ёнига борибди-да, изтиробнинг зўридан жон таслим қилибди.

Машҳур Билол Ҳабаший розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин азон айтолмай қолибдилар. Ҳар сафар “Ашҳаду анна Муҳаммадур Расулуллоҳ” дейишлари билан ҳушдан кетаверар эканлар.

Ҳижрат асносида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Савр тоғидаги бир ғорга бориб яшириниб, у ерда уч кеча-ю уч кундуз жон сақлашди. Шу кунларнинг бирида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрнинг розияллоҳу анҳу тиззаларига муборак бошларини қўйиб ухлаб қолдилар. Аллоҳ таолонинг имтиҳонини кўринг: шу пайт Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг оёғидан чаён чақиб олди. Бироқ у зот қимир этмадилар. Тишини-тишига қўйиб чидадилар. Ахир оддий бир чаённинг чақиши шундай улуғ зотнинг оромини бузишга арзирмикин? Аммо ҳар қанча уринмасин, оғриқнинг зўридан кўзларидан дувиллаб ёш оқа бошлади. Бу садоқат ёшлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак юзларига томди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғониб кетдилар.

— Сизга нима бўлди, эй Абу Бакр? — дедилар.

— Оёғимдан чаён чақиб олди. Сизнинг уйқунгиз бузилмасин деб жим ўтирган эдим, — дедилар Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳижолатомуз.

Пайғамбаримиз чаён чаққан жойга муборак тупукларини суриб қўйдилар. Оғриқ шу онда тўхтади.

Аллоҳ ва Расулига бўлган муҳаббат мана шундай самимий ва рост бўлади! Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айт­дилар: “Аллоҳга қасамки, мени ота-онангиз, фарзандларингиз ва молу дунёларингиздан ҳам яхшироқ кўрмагунларингизча, ҳақиқий мўмин бўла олмайсизлар”.

Демак, бирдан-бир вазифамиз қалбимизда Аллоҳ ва Расулига бўлган муҳаббат ҳиссини шакллантирмоғимиз, ҳаётимизни буюк Ислом таълимоти асосида қурмоғимиздир. Бу йўлда Ўзи мададкор бўлсин!

Алишер Назар

* * *

Haqiqat ta’limoti 

Dunyo mashhurlaridan biri Lev Tolstoy yozadi: “Yaxshiyam quyon botir emas, agar u botir bo‘lganida yer yuzida quyon qolmasdi”. Darhaqiqat, quyon qo‘rquv bilan tirik. Quyonning tirikligini mana shu oniy qo‘rquvgina muhofaza qilib turadi. Qo‘rquv — quyon uchun yaratganning oliy ne’mati!

Buni qarangki, teranroq o‘ylab ko‘rsak, insonni ham insoniy mezonda tutib turuvchi kuch — qo‘rquvdir! Ya’ni, Allohdan qo‘rqish hissi! Moziyga birrov nazar tashlang: insoniyat qo‘lbola ilohlarga sig‘ingan paytlarida qanchalar tubanlashdi. Allohdan qo‘rqmaydigan zamonlarda haqsizlik va umidsizlik girdobida qoldi. Uni inkor qiladigan tuzumlarda boshiga ne-ne sho‘rish savdolar yog‘ildi. Shuning uchun ham payg‘ambarimiz Muhammad Mustafo sollallohu alayhi vasallam bir muborak hadislarida marhamat qildilarki: “Hikmatning boshi qo‘rquvdadir”.

Mehribon Alloh insonning yer yuzida yashashini iroda etganidan so‘ng odamlarni yomonlikka jazo, yaxshilikka mukofot borligidan ogohlantirish uchun vaqti-vaqti bilan O‘z elchilarini yuborib turdi. Insonlar ichidan tanlab olingan bu Xoslar o‘z zamon va makoniga munosib, qavmining aqlu farosatiga loyiq shar’iy hukmlarni joriy qildilar. Qo‘llaridan kelganicha Alloh taoloning buyruqlarini odamlarga yetkazib, ularni yaxshilikka da’vat etdilar. Vaqt o‘tishi bilan bu ilohiy hukmlar birin-ketin ma’nodan uzilib, bir-birini to‘lg‘azib, soddalikdan murakkablik tomon siljib boraverdi. Ta’bir joiz bo‘lsa, Alloh taolo insoniyatni chaqaloqlikdan to kamolot yoshigacha o‘ziga xos tarzda tarbiyalab bordi. Va nihoyat, Alloh taolo ulg‘aygan insoniyatga rivojlanib borayotgan ijtimoiy hayotning barcha talablariga javob beradigan, to qiyomatgacha dasturilamal bo‘ladigan va ayni paytgacha joriy etilgan ilohiy dinlarni o‘z ichiga olgan bir dinni taqdim etdi. Bu — muqaddas Islom dini edi.

Bu ilohiy din payg‘ambarimiz Muhammad sollallohu alayhi vasallam timsolida namoyon bo‘ldi. Alloh taolo bu payg‘ambarni va u zot keltirgan shar’iy to‘plamni ma’lum bir qavmlarga, xalqlarga yoki arablarning o‘zigagina jo‘natmadi. Muhammad alayhissalom butun olamlarga rahmat bo‘lib keldi.

Bu haqda Qur’oni karimda shunday mujda beriladi: “(Ey Muhammad), darhaqiqat Biz sizni barcha olamlarga faqat rahmat (ya’ni Allohning rahmati-jannatga yetaklovchi) qilib yubordik” (Anbiyo surasi, 107-oyat).

Bu ulug‘ zot Alloh taolodan Islom shariatini joriy etish haqidagi buyruqni olganlarida dunyo zulmat va haqsizlik botqog‘iga botib yotgan edi. Odamiyatning aqlu idrokini larzaga solgan bu ta’limot qaysidir xalq o‘zidan chiqqan shohga sajda qilayotgan, boshqa biri otashga sig‘inayotgan, yana kimdir o‘zi yasagan butlarga iloh deb topinayotgan bir paytda maydonga keldi. Ko‘ngillardan ilmu ma’rifat, oqibatu ofiyat ko‘tarilgan, haq bilan botilning mezonlari buzilib ketgan bir paytda insoniyatning eng ulug‘i Muhammad sollallohu alayhi vasallam mana shu olamshumul ta’limotni e’lon qildi. Shuning uchun ham insoniyat to qiyomatgacha hotamul anbiyo, sayyidul mursalin Muhammad Mustafo sollallohu alayhi vasallam qoshida har doim qarzdordirlar.

Insoniyat bu buyuk zot qarshisida nega qarzdor bo‘lmasin, axir u zot jonsiz sanamlarga, otashlarga, osmonlarga sig‘inib, o‘zining kimligini unutib qo‘ygan odamzodga pokiza tavhid aqidasidan dars berdi. Odamlar bu muborak darsni tinglamaslaridan ilgari insoniy tuyg‘ulardan mosuvo edilar. Ular o‘zlarining kimligini, nima uchun yashayotganini bilmaganlari tufayli johil va shafqatsiz edilar.

...Hali Risolat kelmagan, dunyoni zulmat pardalari qoplagan ana shu rutubatli kunlarning biri edi. Bir ota olti yoshlar chamasidagi qizchasini olib Makkadan tashqariga yo‘l oldi. Ular ancha yo‘l bosib, xilvat bir joyga keldilar. Ota yelkasidan belkuragini oldi-da chuqur qaziy boshladi.

— Nima qilayapsiz, otajon? Nega qaziyapsiz bu chuqurni? — deb endigina tili biyron bo‘lgan qizchasi otaning atrofida girdikapalak bo‘lardi.

— Seni shu yerga ko‘maman,  — dedi ota qizaloqqa.

Sho‘rlik qizchaning rangi oqarib ketdi. Lekin otasining ko‘mishiga ishonmadi. Axir qandoq ishonsin, u otajonini yaxshi ko‘radi-ku! Biroq shunday bo‘lsa-da, qizaloqning mitti yuragi bir shumlikni sezgandek bo‘ldi.

— Otajon meni o‘ldirmang, — dedi u yig‘lab. So‘ngra ortiga qarab yura boshladi. Shu payt chuqurni qazib bo‘lgan ota yugurib kelib qizining qo‘lidan tutdi. U qizaloqni sudrab keldi-da, chuqurga uloqtirdi. So‘ngra shoshib-pishib qizchaning ustiga tuproq torta boshladi.

— Otajon, meni ko‘mmang, men sizni yaxshi ko‘raman, meni o‘ldirmang, meni o‘ldirmang!

Qizchaning bu nolayu afg‘onlari otani ahdidan qaytarolmadi. Axir qavmining ichida binoyiday obro‘si bor kishining uyida qiz bolaning o‘sishi isnod emasmi? Mana shu aqida otaning yuragini toshga aylantirgan edi. Bechora qizcha oxirgi marta “otajon”, deb chinqirdi-yu ovozi boshqa eshitilmadi.

Bilasizmi, mana shu shafqatsiz ota kim edi? Bu — Islom olamidagi eng ulug‘ zotlardan biri Hazrati Umar edi! Dunyoga Islom quyoshi chiqmagan zamonlarda Hazrati Umardek zotlar ham ana shunday hayot tarzida yashardilar. Johilliklari va ilmsizliklaridan turli xurofotlarga berilib, o‘z jigarlarini o‘ldirish bilan ham faxrlanar edilar. Islom dini kelib, Hazrati Umar hidoyatga noil bo‘lgan kunlarning birida o‘z qizchasini qanday qilib tiriklayin ko‘mganini Rasulullohga sollallohu alayhi vasallam gapirib beradilar. Ul zot sollallohu alayhi vasallam Umardan bu qayg‘uli hikoyani eshitib yig‘laganidan muborak soqollari ho‘l bo‘lib ketib: “Ey Umar, agar islom kelmasidan avvalgi gunohlar uchun jazo yo‘qligi aytilmaganida, men seni jazolardim”, degan ekanlar.

Rasululloh sollallohu alayhi vasallam taqdim etgan tavhid ta’limoti insonlarga insoniy maqomini qaytarib berdi.

E’tibor qilsangiz, bugun dunyoning eng rivojlangan mamlakatlarida musulmon bo‘lmagan odamlar yashaydilar. Biroq bu mamlakatlar har qancha rivojlangan bo‘lmasin, kundan-kunga muammolar girdobiga sho‘ng‘ib bormoqda. Bu jamiyatlarda narkomaniya, fahshiyat, vahshiylik yildan-yilga ommaviylashib borayotgani kuzatilmoqda. Nima uchun? Sababi: kishilarning qalbini muolaja qiladigan sog‘lom e’tiqodning yo‘qligi, tavhidning yo‘qolganidir.

So‘nggi yillarda bu haqiqatni g‘arbliklarning o‘zlari ham bilib-bilmay tan olmoqdalar. Yaqinda amriqolik mashhur olim Mayk Xart “Insoniyat tarixining yuzta eng buyuk shaxslari” nomli kitobini chop ettirdi. Nomidan ham ko‘rinib turibdiki, bu asarda insoniyatning yuz nafar buyuk namoyondasi haqida so‘z boradi. Ushbu ro‘yxatning boshida payg‘ambarimiz Muhammad sollallohu alayhi vasallamning muborak ismlari qayd etilgan. Nega Mayk Xart o‘z kitobida ta’limotlari Yevropa va Amerikada juda mashhur bo‘lgan Budda yoki Konfutsiyni payg‘ambarimizdan keyingi  o‘rinlarga qo‘ydi? Uning fikricha, Muhammad alayhissalom insoniyat tarixida nafaqat yangi din, yangi ta’limotga, balki yangicha davlat tuzumiga ham asos soldiki, bu hol u zotning mutlaqo o‘ziga xos salohiyatidan darak beradi.

Darhaqiqat, shuning uchun ham payg‘ambarimiz shaxsiyati va ta’limoti ayni paytda ham dunyo olimlari tomonidan katta qiziqish bilan o‘rganilmoqda. Mayli, ular o‘rgansinlar. Shoyad, quruq sahrodangina iborat bo‘lgan bir makonda paydo bo‘lgan din, haqqi rost bo‘lgani tufayli dunyoni zabt etganini anglasalar, tan olsalar.

Insoniyat bu buyuk zot qarshisida nega qarzdor bo‘lmasin, axir u zot insoniyatni umidsizlik va tushkunlik botqog‘idan tortib oldi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam odamlarga tavba eshiklarini ko‘rsatmagunlaricha ular o‘zlari to‘qib olgan cho‘pchaklarga ishonib yoxud ayrim buzuq dinlarning aqidalari ta’sida umidsizlikka berilgan edilar. Ular hatto kiyimlarimiz bilan Ka’bani ziyorat qilolmaymiz, chunki bu kiyimlarning ichida gunoh ishlarni qilganmiz, degan aqida bilan “Allohning uyi”ni qip-yalang‘och holda tavof qilardilar. Muhammad sollallohu alayhi vasallam keltirgan ta’limot kishilar ko‘nglida o‘lib borayotgan umidvorlik hissini tiriltirdi.

Bugun psixologiya olimlari har qanday bemorga eng yaxshi muolaja “ertangi kunga ishonch hissi” ekanini ta’kidlar ekan, bu nuqtai nazar muborak Islom ta’limotidan ko‘chirma ekanini biladilarmi? Bilmasalar bilsinlarki, bundan o‘n to‘rt asr burun Muhammad sollallohu alayhi vasallam butun insoniyatni mana shu yo‘l bilan davolagan edilar. Olam bir bemorxona edi. Tushkunlik va noumidlik epidemiyasi odamlarni karaxt qilib qo‘ygandi. Shunda Ul buyuk xaloskor Alloh taolo tarafidan insonlar ko‘ngliga malham o‘laroq xushxabar keltirdi: «Sen mening tarafimdan: «Ey o‘z jonlariga isrof (jabr) qilgan bandalarim, Allohning rahmatidan noumid bo‘lmang! Albatta, Alloh barcha gunohlarni mag‘firat etar. Albatta, uning O‘zi o‘ta mag‘firatli va o‘ta rahmli zotdir», deb ayt» (Zumar surasi, 53-oyat).

Insoniyat bu buyuk zot qarshisida nega qarzdor bo‘lmasin, axir u zot turli xalqlar, millatlar, irqlar aro bo‘lishi mumkin bo‘lgan eng katta ixtilofning oldini oldi. Ya’ni, Ul zot sollallohu alayhi vasallam insonlarga Alloh taolo tarafidan muhim bir xabarni aytdi: “Ey insonlar, darhaqiqat Biz sizlarni bir erkak (Odam) va ayol (Havvo)dan yaratdik hamda bir-birlaringiz bilan o‘zaro tanishishingiz uchun turli xalqlar va qabilalar qilib qo‘ydik. Albatta, sizlarning Alloh nazdidagi eng hurmatlingiz eng taqvodoringizdir. Albatta, Alloh bilguvchi va ogoh zotdir” (Hujurot surasi, 13-oyat).

Bugun xalqlar aro tinch-totuvlikni, ilmu ma’rifat, madaniyat almashinuvini muayyan bir mezonga solib turish uchun turli xil muassasalar, markazlar faoliyat yuritmoqda. Lekin ular bu muassasalarining nizomi Muhammad sollallohu alayhi vasallam olib kelgan ta’limotdan ko‘chirma ekanini biladilarmi? Bilmasalar bilsinlarki, Islom dini hech bir insonni millati, irqi, jinsiga binoan tabaqaga ajratmaydi. Uning buyuk xitoblaridan biri tinchlik va birodarlikdir!

Bugun insonning huquqi va hurriyati eng oliy qadriyat ekani haqida og‘iz ko‘pirtirayotganlar musulmon olamida bu qadriyat bundan o‘n to‘rt asr burun hayotiy mezonga aylanganini biladilarmi? Bilmasalar bilsinlarki, Muhammad sollallohu alayhi vasallam keltirgan ta’limotning asosida inson manfaatlari, inson haqlari, insoniy haqiqatlar mujassamlangan.

Insoniyat bu buyuk zot qarshisida nega qarzdor bo‘lmasin, axir u zot insoniyatga uning ulug‘ligi ilmu ma’rifat bilan o‘lchanishini anglatdi. Muhammad sollallohu alayhi vasallam keltirgan ta’limot har bir erkak va ayolga ilm olmoqni farz qildi. Bu da’vat insonning o‘zini anglash yo‘lidagi inqilobiy harakati edi. Bugungi dunyo ilm-fanining taraqqiyoti aynan mana shu da’vatning natijasidir. Chunki bu olamshumul e’londan so‘ng Islom olamida ilm olmoqqa rag‘bat uyg‘ondi. Ayniqsa, kitobat ishlari avj olib ketdi. Bu haqda Doktor Gustav le Bon bunday deb yozadi: «Hali ovrupaliklar kitob nima, kutubxona nima ekanini bilmagan bir paytda juda ko‘p Islom mamlakatlarida kitob va kutubxonalarning sanog‘i yo‘q edi”.

Ma’lumotlarga qaraganda o‘sha paytlarda birgina musulmonlar qo‘l ostidagi Ispaniyada yiliga yetmish mingdan sakson ming jildgacha kitob chop qilinar ekan. Bag‘doddagi Xorun ar-Rashid tomonidan qurdirilgan «Bayt ul-hikma», Andalusdagi «Al-hikma» kutubxonalari haqida o‘qimagan ziyoli bo‘lmasa kerak. Mo‘g‘ul istilochilari Bag‘dodni bosib olgach, kutubxonalardagi barcha kitoblarni Dajla daryosiga uloqtirgani, natijada kitoblarning bo‘yog‘i suvga chiqib daryo bir necha oy tim qora bo‘lib oqqani haqida kim o‘qimagan deysiz. Musulmonlar ustiga salb yurishlari paytida millionlab nusxada o‘g‘irlab ketilgan kitoblar haqida ko‘pchilik bilsalar kerak.

Bugun bu tarixiy haqiqatlar ustida mushohada qilar ekansan, aynan musulmon o‘lkalarida o‘tqazilgan “daraxt”, o‘zgalar bog‘ida meva berganiga amin bo‘lasan. Lekin ular bu haqiqatni tan olarmikinlar?! Ehtimol tan olmaslar, lekin shunisi aniqki, odamzod bundan keyin to qiyomatgacha Muhammad sollallohu alayhi vasallam keltirgan ma’rifatdan-da hayotiyroq, xayrliroq, adolatliroq ta’limotni topolmayajak.

Bugungi zamon taraqqiyotidan bahramand bo‘layotgan insoniyat ulug‘ payg‘ambar Muhammad sollallohu alayhi vasallam oldida shunchalik qarzdor ekan, sizu biz musulmonlar u zotning oldida yana-da mas’uliyatliroqmiz. Bu mas’uliyat Ul zotga sollallohu alayhi vasallam munosib ummat bo‘lmoqdir. Munosib bo‘lish esa amal bilan tasdiqlanadi. Endi ayting-chi, biz qanday ummatmiz?

Bir kuni Payg‘ambarimizning sollallohu alayhi vasallam ozod qilgan qullari Savbon roziyallohu anhu yuzlari qizarib, titrab kirib keldilar. Uning bu holatini ko‘rgan Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: “Ey Savbon, senga nima bo‘ldi, betobmisan?” deb so‘radilar. Shunda Savbon roziyallohu anhu javob berdilarki: “Betob emasman, ammo ozgina vaqt sizni ko‘rmay qolsam, dahshatga tushayapman. Hozirgina oxiratni esladim. Shubhasiz siz jannatda payg‘ambarlar bilan birga bo‘lasiz. Men esa garchi Alloh rahmatiga noil bo‘lib jannatga kirsam ham siz bilan bo‘lolmayman. Axir sizning maqomingiz yuksak. Agar jannatga kirolmasam, sizni hech qachon ko‘ra olmayman. Shuni o‘ylab, titrab ketayapman”, dedilar.

Payg‘ambar alayhissalom boqiy dunyoga rihlat etgan kunlarning birida bir ayol kelib, Oisha onamizdan Payg‘ambarimizning sollallohu alayhi vasallam qabrlarini ko‘rsatishlarini iltimos qilibdi. Oisha onamiz muborak qabrni ko‘rsatganlarida, u ayol qabr yoniga boribdi-da, iztirobning zo‘ridan jon taslim qilibdi.

Mashhur Bilol Habashiy roziyallohu anhu Rasululloh sollallohu alayhi vasallam vafotlaridan keyin azon aytolmay qolibdilar. Har safar “Ashhadu anna Muhammadur Rasululloh” deyishlari bilan hushdan ketaverar ekanlar.

Hijrat asnosida Rasululloh sollallohu alayhi vasallam bilan Abu Bakr Siddiq roziyallohu anhu Savr tog‘idagi bir g‘orga borib yashirinib, u yerda uch kecha-yu uch kunduz jon saqlashdi. Shu kunlarning birida Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallam Abu Bakrning roziyallohu anhu tizzalariga muborak boshlarini qo‘yib uxlab qoldilar. Alloh taoloning imtihonini ko‘ring: shu payt Abu Bakr Siddiq roziyallohu anhuning oyog‘idan chayon chaqib oldi. Biroq u zot qimir etmadilar. Tishini-tishiga qo‘yib chidadilar. Axir oddiy bir chayonning chaqishi shunday ulug‘ zotning oromini buzishga arzirmikin? Ammo har qancha urinmasin, og‘riqning zo‘ridan ko‘zlaridan duvillab yosh oqa boshladi. Bu sadoqat yoshlari Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning muborak yuzlariga tomdi. Shunda u zot sollallohu alayhi vasallam uyg‘onib ketdilar.

— Sizga nima bo‘ldi, ey Abu Bakr? — dedilar.

— Oyog‘imdan chayon chaqib oldi. Sizning uyqungiz buzilmasin deb jim o‘tirgan edim, — dedilar Abu Bakr Siddiq roziyallohu anhu hijolatomuz.

Payg‘ambarimiz chayon chaqqan joyga muborak tupuklarini surib qo‘ydilar. Og‘riq shu onda to‘xtadi.

Alloh va Rasuliga bo‘lgan muhabbat mana shunday samimiy va rost bo‘ladi! Zero, Rasululloh sollallohu alayhi va sallam ayt­dilar: “Allohga qasamki, meni ota-onangiz, farzandlaringiz va molu dunyolaringizdan ham yaxshiroq ko‘rmagunlaringizcha, haqiqiy mo‘min bo‘la olmaysizlar”.

Demak, birdan-bir vazifamiz qalbimizda Alloh va Rasuliga bo‘lgan muhabbat hissini shakllantirmog‘imiz, hayotimizni buyuk Islom ta’limoti asosida qurmog‘imizdir. Bu yo‘lda O‘zi madadkor bo‘lsin!

Alisher Nazar