Дунё ва охират яхшилигини сўрайлик

Рукн: Ислом ва иймон Чоп этилган: 10.12.2014


«...Одамлар орасида шундайлари ҳам бор, улар: “Эй Раббимиз, бизга шу дунёда бергин”, дейдилар. Ваҳоланки, уларга охиратда насиба йўқдир. Яна шундайлари бор, улар: “Эй Раббимиз бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин”, дейдилар. Айнан ўшаларга қилган ишларидан насиба (савоб) бордир. Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилувчи зотдир»(Бақара, 200–202).

Бу оят ҳақида Имом Мотуридий тафсирида бундай дейилади: “Бу оят охиратга ишонмайдиган қавм ҳақида бўлиб, улар фақат дунё яхшилигини сўрайдилар, охират яхшилигини сўрамайдилар. Уларга ўзлари сўраган дунё яхшиликлари берилади.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

«Ким охират экинини (савобини) истар экан, Биз унга экини (ҳосили)ни зиёда қилурмиз. Ким дунё экинини истар экан, Биз унга ўшандан берурмиз ва унинг учун охиратда насиба (савоб) бўлмас» (Шўро, 20). Яъни, ким бу дунёга берилиб кетса ва унга мойил бўлса, фақат шу дунёнинг яхшилигини сўраб дуо қилади. Аммо ким қайта тирилишга ишонса, ундай кишилар дунё яхшилигини ҳам, охират яхшилигини ҳам бирга сўрайдилар ва бундай дейдилар: «Эй Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин)ва бизни дўзах азобидан асрагин».

Олимлар дунёдаги яхшилик нимаю охиратдаги яхшилик нима экани ҳақида турли фикрлар билдиришган. Баъзилари айтишича, дунёдаги яхшилик – илм ва ибодат, охират яхшилиги эса жаннат ва мағфиратдир. Бошқа тоифа олимларга кўра, дунёнинг яхшилиги тоат-ибодат ва солиҳ амал қилишга илоҳий мадад ва ризқдир, охират яхшилиги эса Аллоҳ таолонинг раҳмати ва розилигидир. Расулуллоҳ: “Аллоҳ таолонинг шундай бандалари бор, улар офият билан тириладилар, офият билан ўладилар ва офият билан жаннатга кирадилар”, дедилар. Шунда одамлар: “Ё Расулуллоҳ қандай қилиб?” дейишди. У зот: «“Эй Раббимиз бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин”, деган сўзни улар кўп айтганлари учун», деб жавоб бердилар.

Ибн Касир тафсирида бундай дейилади: Саид ибн Жубайр Ибн Аббосдан ривоят қилнади: «Кўп араблар Байтуллоҳни тавоф қилиш пайтида Мавқифга келиб: “Аллоҳим, бу йил серёғин, ҳосилдор, яхши кўпайиш йили бўлишини насиб эт”, деб сўрардилар. Лекин охират иши тўғрисида бирор нарса демас эдилар. Шунда Аллоҳ таоло: “Одамлар орасида шундайлари ҳам бор, улар: “Эй Раббимиз, бизга шу дунёда бергин”, дейдилар. Ваҳоланки, уларга охиратда насиба йўқдир” оятини нозил қилди. Сўнг улар ортидан мўминлар келиб: “Эй Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин”, деб дуо қилдилар. Сўнг Аллоҳ таоло: “Айнан ўшаларга қилган ишларидан насиба (савоб) бордир. Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилувчи зотдир”», оятини нозил қилди. Бу оят билан дунё ва охират яхшилигини сўровчиларни мақтади. Мана шу дуо дунёдаги барча яхшиликларни ўзида жамлайди ва ундаги барча ёмонликлардан қайтаради. Дунё яхшиликларига тинчлик, кенг уй-жой, яхши аёл, мўл ризқ, фойдали илм, солиҳ амал, яхши улов, гўзал олқиш каби нарсалар киради. Бу изоҳларнинг барчаси тўғри, чунки дунёнинг яхшиликлари ана шу неъматлардир.

Охират яхшиликларига аросатдаги қўрқувдан омонда бўлиш, ҳисоб-китобдан осон ўтиш кабилар киради. Уларнинг энг олийи жаннатга киришдир. Дўзах азобидан сақланиш учун эса дунёда ҳаром ишлар ва гуноҳдан сақланиш, шубҳали ва ман этилган нарсаларни тарк қилиш керак бўлади. Қосим ибн Абдураҳмон айтади: “Кимга шукр қилувчи дил, кўп зикр қилувчи тил, сабр қилувчи бадан берилган бўлса, унга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик берилибди ва охират азобидан сақланибди”.

Пайғамбаримиз ҳам бу дуони кўп айтишга тарғиб қилганлар.

Қатода Анасдан сўради: “Расулуллоҳнинг энг кўп қиладиган дуолари қайси эди?” У киши: “Роббана атина фид-дуня ҳасана ва фил-ахироти ҳасана ва қина азабан-нар” (“Эй Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин”), дуоси дедилар (Имом Муслим ривояти).

Абу Мансур Мотурудийнинг “Таъвилот аҳл ас-сунна”, Ибн Касирнинг “Тафсирул Қуръанил азим” тафсирлари асосида Бадриддин Садриддин ўғли тайёрлади.

Ҳидоят журналининг 2012 йил, 5-сонидан олинди.

* * *

«...Odamlar orasida shundaylari ham bor, ular: “Ey Rabbimiz, bizga shu dunyoda bergin”, deydilar. Vaholanki, ularga oxiratda nasiba yo‘qdir. Yana shundaylari bor, ular: “Ey Rabbimiz bizga bu dunyoda ham yaxshilik ato etgin, oxiratda ham yaxshilik (ato etgin) va bizni do‘zax azobidan asragin”, deydilar. Aynan o‘shalarga qilgan ishlaridan nasiba (savob) bordir. Alloh tez hisob-kitob qiluvchi zotdir» (Baqara, 200–202).

Bu oyat haqida Imom Moturidiy tafsirida bunday deyiladi: “Bu oyat oxiratga ishonmaydigan qavm haqida bo‘lib, ular faqat dunyo yaxshiligini so‘raydilar, oxirat yaxshiligini so‘ramaydilar. Ularga o‘zlari so‘ragan dunyo yaxshiliklari beriladi.

Alloh taolo bunday marhamat qiladi:

«Kim oxirat ekinini (savobini) istar ekan, Biz unga ekini (hosili)ni ziyoda qilurmiz. Kim dunyo ekinini istar ekan, Biz unga o‘shandan berurmiz va uning uchun oxiratda nasiba (savob) bo‘lmas» (Sho‘ro, 20). Ya’ni, kim bu dunyoga berilib ketsa va unga moyil bo‘lsa, faqat shu dunyoning yaxshiligini so‘rab duo qiladi. Ammo kim qayta tirilishga ishonsa, unday kishilar dunyo yaxshiligini ham, oxirat yaxshiligini ham birga so‘raydilar va bunday deydilar: «Ey Rabbimiz, bizga bu dunyoda ham yaxshilik ato etgin, oxiratda ham yaxshilik (ato etgin) va bizni do‘zax azobidan asragin».

Olimlar dunyodagi yaxshilik nimayu oxiratdagi yaxshilik nima ekani haqida turli fikrlar bildirishgan. Ba’zilari aytishicha, dunyodagi yaxshilik – ilm va ibodat, oxirat yaxshiligi esa jannat va mag‘firatdir. Boshqa toifa olimlarga ko‘ra, dunyoning yaxshiligi toat-ibodat va solih amal qilishga ilohiy madad va rizqdir, oxirat yaxshiligi esa Alloh taoloning rahmati va roziligidir. Rasululloh: “Alloh taoloning shunday bandalari bor, ular ofiyat bilan tiriladilar, ofiyat bilan o‘ladilar va ofiyat bilan jannatga kiradilar”, dedilar. Shunda odamlar: “Yo Rasululloh qanday qilib?” deyishdi. U zot: «“Ey Rabbimiz bizga bu dunyoda ham yaxshilik ato etgin, oxiratda ham yaxshilik (ato etgin) va bizni do‘zax azobidan asragin”, degan so‘zni ular ko‘p aytganlari uchun», deb javob berdilar.

Ibn Kasir tafsirida bunday deyiladi: Said ibn Jubayr Ibn Abbosdan rivoyat qilnadi: «Ko‘p arablar Baytullohni tavof qilish paytida Mavqifga kelib: “Allohim, bu yil seryog‘in, hosildor, yaxshi ko‘payish yili bo‘lishini nasib et”, deb so‘rardilar. Lekin oxirat ishi to‘g‘risida biror narsa demas edilar. Shunda Alloh taolo: “Odamlar orasida shundaylari ham bor, ular: “Ey Rabbimiz, bizga shu dunyoda bergin”, deydilar. Vaholanki, ularga oxiratda nasiba yo‘qdir” oyatini nozil qildi. So‘ng ular ortidan mo‘minlar kelib: “Ey Rabbimiz, bizga bu dunyoda ham yaxshilik ato etgin, oxiratda ham yaxshilik (ato etgin) va bizni do‘zax azobidan asragin”, deb duo qildilar. So‘ng Alloh taolo: “Aynan o‘shalarga qilgan ishlaridan nasiba (savob) bordir. Alloh tez hisob-kitob qiluvchi zotdir”», oyatini nozil qildi. Bu oyat bilan dunyo va oxirat yaxshiligini so‘rovchilarni maqtadi. Mana shu duo dunyodagi barcha yaxshiliklarni o‘zida jamlaydi va undagi barcha yomonliklardan qaytaradi. Dunyo yaxshiliklariga tinchlik, keng uy-joy, yaxshi ayol, mo‘l rizq, foydali ilm, solih amal, yaxshi ulov, go‘zal olqish kabi narsalar kiradi. Bu izohlarning barchasi to‘g‘ri, chunki dunyoning yaxshiliklari ana shu ne’matlardir.

Oxirat yaxshiliklariga arosatdagi qo‘rquvdan omonda bo‘lish, hisob-kitobdan oson o‘tish kabilar kiradi. Ularning eng oliyi jannatga kirishdir. Do‘zax azobidan saqlanish uchun esa dunyoda harom ishlar va gunohdan saqlanish, shubhali va man etilgan narsalarni tark qilish kerak bo‘ladi. Qosim ibn Abdurahmon aytadi: “Kimga shukr qiluvchi dil, ko‘p zikr qiluvchi til, sabr qiluvchi badan berilgan bo‘lsa, unga bu dunyoda ham, oxiratda ham yaxshilik berilibdi va oxirat azobidan saqlanibdi”.

Payg‘ambarimiz ham bu duoni ko‘p aytishga targ‘ib qilganlar.

Qatoda Anasdan so‘radi: “Rasulullohning eng ko‘p qiladigan duolari qaysi edi?” U kishi: “Robbana atina fid-dunya hasana va fil-axiroti hasana va qina azaban-nar” (“Ey Rabbimiz, bizga bu dunyoda ham yaxshilik ato etgin, oxiratda ham yaxshilik (ato etgin) va bizni do‘zax azobidan asragin”), duosi dedilar (Imom Muslim rivoyati).

Abu Mansur Moturudiyning “Ta’vilot ahl as-sunna”, Ibn Kasirning “Tafsirul Qur’anil azim” tafsirlari asosidaBadriddin Sadriddin o‘g‘li tayyorladi.

Hidoyat jurnalining 2012 yil, 5-sonidan olindi.