Мерос масаласи

Рукн: Ислом ва иймон Чоп этилган: 10.12.2014

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Эй Абу Ҳурайра! Фароизни ўрганиб, уни ўргатинглар, зеро, у илмнинг ярмидир. Умматим орасида биринчи бўлиб унутиладиган ва биринчи бўлиб олинадиган нарсадир” (Ибн Можа, Дорақутний ва Ҳоким ривояти).

Фароиз илми ҳар бир вориснинг марҳум қолдирган молдан оладиган улушини белгилаб берувчи ҳисоб-китоб ва фиқҳий масалалардан иборат қоидалар тўпламидир.

Киши вафот этса, ундан қолган мол, олдин, уни кафанлашга, дафн этиш ишларига сарфлаиади. Сўнг қарзлари адо этилади. Қарзлари адо этилгандан кейин мол қолса, васияти адо қилинади. Васият қилинган маблағ ё мол қиймати оламдан ўтган кишидан қолган молнинг учдан бир қисмидан ўталади. Чунки вафот этган кишидан қолган молда васиятда айтилганлардан ташқари меросхўрларнинг ҳам ҳақи бор. Сўнг қолган мол меросхўрларга тақсим қилинади.

Қуръонда зикри келган эркак меросхўрлар қуйидагилар:

1.  Ота (марҳумнинг отаси).

а)  Агар марҳумнинг ўғли ёки ўғлининг ўғли бўлса, мероснинг олтидан бир қисмини олади.

б)  Агар марҳумнинг ўғли бўлмай, қизи ёки ўғлининг қизи ёхуд ўғлининг ўғлининг қизи бўлса, мероснинг олтидан бир қисмига қўшимча, бошқа меросхўрлардан ортган молни ҳам олади.

в)  Агар отадан бошқа меросхўр бўлмаса, асаба сифатида, ота мероснинг барчасини олади. Асаба — Қуръонда меросдан оладиган улуши баён қилинмаган, марҳумнинг эркак яқинлари.

2.  Бува (марҳумнинг отасининг отаси).

а) Марҳумнинг отаси бўлмай, ўғли ёки ўғлининг ўғли бўлса, мероснинг олтидан бир қисмини олади.

б)  Марҳумнинг отаси ва ўғли бўлмай, қизи ёки ўғлининг қизи ёхуд ўғлининг ўғлининг қизи бўлса, мероснинг олтидан бир қисми ва бошқа меросхўрлардан ортган молни олади.

в)  Марҳумнинг бувасидан бошқа ҳеч кими бўлмаса, у мероснинг барчасини олади.

г)  Марҳумнинг отаси бўлса, мерос олмайди.

3.  Она бир ака-ука (марҳумнинг она бир ака-укалари).

а)  Агар марҳумнинг иниси бир нафар бўлса, мероснинг олтидан бир қисмини олади.

б)  Агар марҳумнинг иниси икки ёки ундан кўп бўлса, мероснинг учдан бир қисмини тақсимлаб олишади.

в)  Агар марҳумнинг фарзанди ёки ўғлининг фарзанди бўлса, мерос олишмайди.

4.  Эр (марҳуманинг эри).

а)  Марҳуманинг фарзанди ёки ўғлининг фарзанди бўлмаса, мероснинг иккидан бир қисмини олади.

б)  Марҳуманинг фарзанди ёки ўғлининг фарзанди бўлса, мероснинг тўртдан бир қисмини олади.

Қуръонда зикри келган аёл меросхўрлар қуйидагилар:

1.  Хотин (марҳумнинг хотини).

а)  Марҳумнинг фарзанди ёки ўғлининг фарзанди бўлмаса, мероснинг тўртдан бир қисмини олади.

б)  Марҳумнинг фарзанди ёки ўғлининг фарзанди бўлса, мероснинг саккиздан бир қисмини олади.

2.  Қиз (марҳумнинг ўз қизи).

а)  Агар марҳумнинг ўғли бўлмай бир нафар қизи бўлса, мероснинг ярмини олади.

б)  Агар марҳумнинг қизи икки ёки ундан кўп бўлса, мероснинг учдан икки қисмини тақсимлаб олишади.

в) Марҳумнинг ота-онаси, аёли (эри) ва ўғил-қизлари бўлса, фарз соҳиблари (ота-она, аёл, эр)дан ортган молни ўғил икки, қиз бир ҳисса олган ҳолда бўлишадилар.

3. Невара қиз (марҳумнинг ўглининг қизи).

а)  Агар марҳумнинг невара қизи бир нафар бўлса (марҳумнинг ўзининг қизи бўлмаса), мероснинг иккидан бир қисмини олади.

б)  Агар марҳумнинг невара қизи икки нафар ёки ундан кўп бўлса (марҳумнинг ўзининг қизи бўлмаса), мероснинг учдан икки қисмини тақсимлаб олишади.

в)  Марҳумнинг ўғли бўлмай бир нафар қизи бўлса, мероснинг олтидан бир қисмини олади.

г)  Марҳумнинг икки нафар ёки ундан ортиқ қизи бўлса, мерос олмайди.

д)  Марҳумнинг ўғлининг ўғли (невара қизнинг иниси) бўлса, улар асаба бўладилар ва фарз соҳибларидан ортган молни бўлишиб оладилар: иниси икки ҳисса, қиз бир ҳисса.

е)  Марҳумнинг ўғли тирик бўлса, меросдан улуш берилмайди.

4.  Туғишган опа-сингил (марҳумнинг ота-она бир опа-синглиси).

а)  Марҳумнинг опа ёки синглиси бир нафар бўлса, мероснинг ярмини олади.

б)  Марҳумнинг опа-синглиси икки нафар ёки ундан кўп бўлса, мероснинг учдан икки қисмини тақсимлаб олишади.

в)  Марҳумнинг иниси бўлса, иниси улушининг ярмига тенг мерос олади.

г)  Марҳумнинг ўғли бўлмай, қизи ёки ўғлининг қизи бўлса, асаба сифатида мероснинг қолганини олади.

д)  Марҳумнинг ўғли ёки ўғлининг ўғли, отаси ёки отасининг отаси бўлса, меросдан маҳрум бўлади.

5.  Ота бир опа-сингил (марҳумнинг ота бир опа-синглиси).

а)  Марҳумнинг ота бир опаси ёки синглиси бир нафар бўлса, мероснинг ярмини олади.

б)  Марҳумнинг ота бир опа-синглиси икки нафар ёки ундан кўп бўлса, мероснинг учдан икки қисмини тақсимлаб олишади.

в)  Марҳумнинг бир нафар туғишган опаси ёки синглиси бўлса, мероснинг олтидан бир қисмини олади.

г)  Марҳумнинг икки нафар ёки ундан ортиқ туғишган опа-синглиси бўлса, меросдан маҳрум бўлади.

д)  Марҳумнинг ота бир иниси бўлса, инисининг улушининг ярмига тенг мерос олади.

е)  Марҳумнинг ўғли бўлмай, қизи ёки ўғлининг қизи бўлса, мероснинг қолганини олади.

ж) Марҳумнинг ўғли ёки ўғлининг ўғли ёки отаси ёки буваси ёки туғишган ака-ука, опасингиллари бўлса, меросдан маҳрум бўлади.

6.  Она бир ака-ука, опа-сингил (марҳумнинг она бир ака-ука, опа-синглиси).

а)  Марҳумнинг она бир ака-ука, опа-синглиси бир нафар бўлса, мероснинг олтидан бир қисмини олади.

б)  Марҳумнинг она бир опа-синглиси ва ака-укаси икки нафар ёки ундан кўп бўлса, мероснинг учдан бир қисмини эркак-аёлга ажратмай, тенг тақсимлаб олишади.

в)  Марҳумнинг фарзанди ёки ўғлининг фарзанди ёки отаси ёки буваси бўлса, меросдан маҳрум бўлади.

7.  Она (марҳумнинг онаси).

а)  Марҳумнинг фарзанди ёки ўғлининг фарзанди ёки ака-ука, опа-сингиллари бўлса, мероснинг олтидан бир қисмини олади.

б)  Марҳумнинг хотини (ёки марҳуманинг эри) бор, отаси тирик бўлса, хотини (ёки марҳуманинг эри)дан қолган молнинг учдан бирини олади. Бу ҳолатда ота асаба сифатида қолган молнинг ҳаммасини олади.

в)  Юқорида зикр қилинганлардан ҳеч қайсиси бўлмаса, мероснинг учдан бир қисмини олади.

8.  Буви (марҳумнинг онасининг онаси ёки отасининг онаси).

а)  Марҳумнинг бувиси бир нафар бўлса, мероснинг олтидан бир қисмини олади, ундан кўп бўлса шу олтидан бир улушини тенг тақсимлаб олишади.

б)  Марҳумнинг марҳумга яқин бошқа бувиси бўлганда, мерос олмайди.

Ўғил ва қиз орасида мерос тақсимотига инсоф назари билан қарасак, бу айни адолат эканини кўрамиз. Эркакнинг аёлдан икки баробар кўп мерос олишининг бир неча ҳикматлари бор.

Аёл бировга нафақа қилишга буюрилмаган, унинг нафақаси эса отаси, эри, ўғли, акаси ва бошқа эркак қариндошлари зиммасидадир. Фарзандлар таълим-тарбияси харажатлари ҳам отанинг зиммасида. Эр аёлига маҳр беришга мажбур, аёл эса маҳр олади ва ҳоказо.

Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти 4-босқич талабаси Гулчеҳра Хайруллоҳ қизи тайёрлади.

Ҳидоят журналининг 2012 йил, 2-сонидан олинди.

* * *

Meros masalasi

Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) bunday marhamat qilganlar: “Ey Abu Hurayra! Faroizni o‘rganib, uni o‘rgatinglar, zero, u ilmning yarmidir. Ummatim orasida birinchi bo‘lib unutiladigan va birinchi bo‘lib olinadigan narsadir” (Ibn Moja, Doraqutniy va Hokim rivoyati).

Faroiz ilmi har bir vorisning marhum qoldirgan moldan oladigan ulushini belgilab beruvchi hisob-kitob va fiqhiy masalalardan iborat qoidalar to‘plamidir.

Kishi vafot etsa, undan qolgan mol, oldin, uni kafanlashga, dafn etish ishlariga sarflaiadi. So‘ng qarzlari ado etiladi. Qarzlari ado etilgandan keyin mol qolsa, vasiyati ado qilinadi. Vasiyat qilingan mablag‘ yo mol qiymati olamdan o‘tgan kishidan qolgan molning uchdan bir qismidan o‘taladi. Chunki vafot etgan kishidan qolgan molda vasiyatda aytilganlardan tashqari merosxo‘rlarning ham haqi bor. So‘ng qolgan mol merosxo‘rlarga taqsim qilinadi.

Qur’onda zikri kelgan erkak merosxo‘rlar quyidagilar:

1.  Ota (marhumning otasi).

a)  Agar marhumning o‘g‘li yoki o‘g‘lining o‘g‘li bo‘lsa, merosning oltidan bir qismini oladi.

b)  Agar marhumning o‘g‘li bo‘lmay, qizi yoki o‘g‘lining qizi yoxud o‘g‘lining o‘g‘lining qizi bo‘lsa, merosning oltidan bir qismiga qo‘shimcha, boshqa merosxo‘rlardan ortgan molni ham oladi.

v)  Agar otadan boshqa merosxo‘r bo‘lmasa, asaba sifatida, ota merosning barchasini oladi. Asaba — Qur’onda merosdan oladigan ulushi bayon qilinmagan, marhumning erkak yaqinlari.

2.  Buva (marhumning otasining otasi).

a) Marhumning otasi bo‘lmay, o‘g‘li yoki o‘g‘lining o‘g‘li bo‘lsa, merosning oltidan bir qismini oladi.

b)  Marhumning otasi va o‘g‘li bo‘lmay, qizi yoki o‘g‘lining qizi yoxud o‘g‘lining o‘g‘lining qizi bo‘lsa, merosning oltidan bir qismi va boshqa merosxo‘rlardan ortgan molni oladi.

v)  Marhumning buvasidan boshqa hech kimi bo‘lmasa, u merosning barchasini oladi.

g)  Marhumning otasi bo‘lsa, meros olmaydi.

3.  Ona bir aka-uka (marhumning ona bir aka-ukalari).

a)  Agar marhumning inisi bir nafar bo‘lsa, merosning oltidan bir qismini oladi.

b)  Agar marhumning inisi ikki yoki undan ko‘p bo‘lsa, merosning uchdan bir qismini taqsimlab olishadi.

v)  Agar marhumning farzandi yoki o‘g‘lining farzandi bo‘lsa, meros olishmaydi.

4.  Er (marhumaning eri).

a)  Marhumaning farzandi yoki o‘g‘lining farzandi bo‘lmasa, merosning ikkidan bir qismini oladi.

b)  Marhumaning farzandi yoki o‘g‘lining farzandi bo‘lsa, merosning to‘rtdan bir qismini oladi.

Qur’onda zikri kelgan ayol merosxo‘rlar quyidagilar:

1.  Xotin (marhumning xotini).

a)  Marhumning farzandi yoki o‘g‘lining farzandi bo‘lmasa, merosning to‘rtdan bir qismini oladi.

b)  Marhumning farzandi yoki o‘g‘lining farzandi bo‘lsa, merosning sakkizdan bir qismini oladi.

2.  Qiz (marhumning o‘z qizi).

a)  Agar marhumning o‘g‘li bo‘lmay bir nafar qizi bo‘lsa, merosning yarmini oladi.

b)  Agar marhumning qizi ikki yoki undan ko‘p bo‘lsa, merosning uchdan ikki qismini taqsimlab olishadi.

v) Marhumning ota-onasi, ayoli (eri) va o‘g‘il-qizlari bo‘lsa, farz sohiblari (ota-ona, ayol, er)dan ortgan molni o‘g‘il ikki, qiz bir hissa olgan holda bo‘lishadilar.

3. Nevara qiz (marhumning o‘glining qizi).

a)  Agar marhumning nevara qizi bir nafar bo‘lsa (marhumning o‘zining qizi bo‘lmasa), merosning ikkidan bir qismini oladi.

b)  Agar marhumning nevara qizi ikki nafar yoki undan ko‘p bo‘lsa (marhumning o‘zining qizi bo‘lmasa), merosning uchdan ikki qismini taqsimlab olishadi.

v)  Marhumning o‘g‘li bo‘lmay bir nafar qizi bo‘lsa, merosning oltidan bir qismini oladi.

g)  Marhumning ikki nafar yoki undan ortiq qizi bo‘lsa, meros olmaydi.

d)  Marhumning o‘g‘lining o‘g‘li (nevara qizning inisi) bo‘lsa, ular asaba bo‘ladilar va farz sohiblaridan ortgan molni bo‘lishib oladilar: inisi ikki hissa, qiz bir hissa.

e)  Marhumning o‘g‘li tirik bo‘lsa, merosdan ulush berilmaydi.

4.  Tug‘ishgan opa-singil (marhumning ota-ona bir opa-singlisi).

a)  Marhumning opa yoki singlisi bir nafar bo‘lsa, merosning yarmini oladi.

b)  Marhumning opa-singlisi ikki nafar yoki undan ko‘p bo‘lsa, merosning uchdan ikki qismini taqsimlab olishadi.

v)  Marhumning inisi bo‘lsa, inisi ulushining yarmiga teng meros oladi.

g)  Marhumning o‘g‘li bo‘lmay, qizi yoki o‘g‘lining qizi bo‘lsa, asaba sifatida merosning qolganini oladi.

d)  Marhumning o‘g‘li yoki o‘g‘lining o‘g‘li, otasi yoki otasining otasi bo‘lsa, merosdan mahrum bo‘ladi.

5.  Ota bir opa-singil (marhumning ota bir opa-singlisi).

a)  Marhumning ota bir opasi yoki singlisi bir nafar bo‘lsa, merosning yarmini oladi.

b)  Marhumning ota bir opa-singlisi ikki nafar yoki undan ko‘p bo‘lsa, merosning uchdan ikki qismini taqsimlab olishadi.

v)  Marhumning bir nafar tug‘ishgan opasi yoki singlisi bo‘lsa, merosning oltidan bir qismini oladi.

g)  Marhumning ikki nafar yoki undan ortiq tug‘ishgan opa-singlisi bo‘lsa, merosdan mahrum bo‘ladi.

d)  Marhumning ota bir inisi bo‘lsa, inisining ulushining yarmiga teng meros oladi.

e)  Marhumning o‘g‘li bo‘lmay, qizi yoki o‘g‘lining qizi bo‘lsa, merosning qolganini oladi.

j)   Marhumning o‘g‘li yoki o‘g‘lining o‘g‘li yoki otasi yoki buvasi yoki tug‘ishgan aka-uka, opasingillari bo‘lsa, merosdan mahrum bo‘ladi.

6.  Ona bir aka-uka, opa-singil (marhumning ona bir aka-uka, opa-singlisi).

a)  Marhumning ona bir aka-uka, opa-singlisi bir nafar bo‘lsa, merosning oltidan bir qismini oladi.

b)  Marhumning ona bir opa-singlisi va aka-ukasi ikki nafar yoki undan ko‘p bo‘lsa, merosning uchdan bir qismini erkak-ayolga ajratmay, teng taqsimlab olishadi.

v)  Marhumning farzandi yoki o‘g‘lining farzandi yoki otasi yoki buvasi bo‘lsa, merosdan mahrum bo‘ladi.

7.  Ona (marhumning onasi).

a)  Marhumning farzandi yoki o‘g‘lining farzandi yoki aka-uka, opa-singillari bo‘lsa, merosning oltidan bir qismini oladi.

b)  Marhumning xotini (yoki marhumaning eri) bor, otasi tirik bo‘lsa, xotini (yoki marhumaning eri)dan qolgan molning uchdan birini oladi. Bu holatda ota asaba sifatida qolgan molning hammasini oladi.

v)  Yuqorida zikr qilinganlardan hech qaysisi bo‘lmasa, merosning uchdan bir qismini oladi.

8.  Buvi (marhumning onasining onasi yoki otasining onasi).

a)  Marhumning buvisi bir nafar bo‘lsa, merosning oltidan bir qismini oladi, undan ko‘p bo‘lsa shu oltidan bir ulushini teng taqsimlab olishadi.

b)  Marhumning marhumga yaqin boshqa buvisi bo‘lganda, meros olmaydi.

O‘g‘il va qiz orasida meros taqsimotiga insof nazari bilan qarasak, bu ayni adolat ekanini ko‘ramiz. Erkakning ayoldan ikki barobar ko‘p meros olishining bir necha hikmatlari bor.

Ayol birovga nafaqa qilishga buyurilmagan, uning nafaqasi esa otasi, eri, o‘g‘li, akasi va boshqa erkak qarindoshlari zimmasidadir. Farzandlar ta’lim-tarbiyasi xarajatlari ham otaning zimmasida. Er ayoliga mahr berishga majbur, ayol esa mahr oladi va hokazo.

Imom Buxoriy nomidagi Toshkent Islom instituti 4-bosqich talabasi Gulchehra Xayrulloh qizi tayyorladi.

“Hidoyat” jurnalining 2012 yil, 2-sonidan olindi.