Аксиришнинг хислатлари

Рукн: Ислом ва иймон Чоп этилган: 10.12.2014

Абу Ҳурайра (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) "Аллоҳ таоло аксиришингизни яхши кўради, эснашингизни яхши кўрмайди. Агар бирингиз аксирса, Аллоҳ таолога ҳамд айтсин. Унинг ҳамд айтганини эшитган ҳар бир мусулмон Ярҳамукаллоҳ дейиши лозим. Бу аксириб, ҳамд айтган кишининг ҳақидир. Эснаш шайтондандир, агар эсноқ келса, иложи борича уни қайтарсин. Киши эснаса, шайтон ундан хурсанд бўлади”, деганлар» (Имом Бухорий).
Аксирувчи ўз аъзоларига зарар етказмаслик ва ёнида ўтирганларни безовта қилмаслик учун акса овозини мумкин қадар пастлатиши, атрофдагилар эшитадиган қилиб ҳамд айтиши ва оғиз-бурнини тўсиши одобдандир. Абу Ҳурайра (розийаллоҳу анҳу): "Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) агар аксирсалар қўлларини оғизларига қўярдилар ва овозларини пасайтирардилар”, деганлар (АбуДовуд ва Имом Термизий).
Аксирган одамнинг ҳамд айтганини эшитган киши «Ярҳамукаллоҳ» деб уни дуо қилиши лозим. Эшитганлар кўп бўлса, улардан бири дуо қилса етади.
Абу Мусо (розийаллоҳу анҳу) айтади: «Мен Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Агар бир киши аксирса, лекин ҳамд айтмаса, унга жавоб қайтарманглар”, деганларини эшитдим».
Бир вақтда кетма-кет уч мартадан кўп аксирган одамга ҳам жавоб қайтарилмайди. Чунки бундай аксириш касалликдандир.
Аксирган киши ҳам жавоб қайтарган одамга Аллоҳдан раҳмат, ҳидоят, салоҳият ва хотиржамлик сўраб, дуо қилиши вожибдир. Абдуллоҳ ибн Умар (розийаллоҳу анҳу) аксириб ҳамд айтганларида у кишига “Ярҳамукаллоҳ” дейишди. Шунда у зоти шариф: “Ярҳамуналлоҳу...” дедилар ("Муватто”).
Аллома Ҳалимий айтади: “Аксириш фикрлаш, ҳис қилиш аъзолари асаб томирлари ва миядан турли касалликларни кетказади. Шунинг учун аксирган одам Аллоҳ таолога ҳамд айтиши лозим бўлади”. “Ярҳамукаллоҳ дуосининг маъноси "Аллоҳ таоло сизга берган неъмати қадрини билганингиз учун, раҳмат ёғдирсин” демакдир.
Агар киши аксириб, ҳамд айтса, эшитган одам унга соғлик, Аллоҳ таолонинг раҳматини сўраб дуо қилса,уларнинг бир-бирларига меҳр-муҳаббатлари кучаяди.
Эътибор қилинг, аксириш ўзи ёқимли, бунинг устига шифоли ҳам. Ҳамд айтиш, унга жавоб қайтариш асло қийин эмас. Шундай ёқимли ва осон ибодат туфайли орамизда меҳр-муҳаббатни ва аҳил-иноқликни кучайтириши Аллоҳ таолонинг мўминларга нақадар улуғ марҳаматидир.

Муҳаммадий Абдураҳимов,
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти битирувчиси
“Ҳидоят” журналининг 2010 йил, 4-сонидан олинди.

 

* * *

Abu Hurayra (roziyallohu anhu) rivoyat qiladi: «Nabiy (sollallohu alayhi va sallam) "Alloh taolo aksirishingizni yaxshi ko‘radi, esnashingizni yaxshi ko‘rmaydi. Agar biringiz aksirsa, Alloh taologa hamd aytsin. Uning hamd aytganini eshitgan har bir musulmon Yarhamukalloh deyishi lozim. Bu aksirib, hamd aytgan kishining haqidir. Esnash shaytondandir, agar esnoq kelsa, iloji boricha uni qaytarsin. Kishi esnasa, shayton undan xursand bo‘ladi”, deganlar» (Imom Buxoriy).
Aksiruvchi o‘z a’zolariga zarar yetkazmaslik va yonida o‘tirganlarni bezovta qilmaslik uchun aksa ovozini mumkin qadar pastlatishi, atrofdagilar eshitadigan qilib hamd aytishi va og‘iz-burnini to‘sishi odobdandir. Abu Hurayra (roziyallohu anhu): "Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) agar aksirsalar qo‘llarini og‘izlariga qo‘yardilar va ovozlarini pasaytirardilar”, deganlar (AbuDovud va Imom Termiziy).
Aksirgan odamning hamd aytganini eshitgan kishi «Yarhamukalloh» deb uni duo qilishi lozim. Eshitganlar ko‘p bo‘lsa, ulardan biri duo qilsa yetadi.
Abu Muso (roziyallohu anhu) aytadi: «Men Rasulullohning (sollallohu alayhi va sallam): "Agar bir kishi aksirsa, lekin hamd aytmasa, unga javob qaytarmanglar”, deganlarini eshitdim».
Bir vaqtda ketma-ket uch martadan ko‘p aksirgan odamga ham javob qaytarilmaydi. Chunki bunday aksirish kasallikdandir.
Aksirgan kishi ham javob qaytargan odamga Allohdan rahmat, hidoyat, salohiyat va xotirjamlik so‘rab, duo qilishi vojibdir. Abdulloh ibn Umar (roziyallohu anhu) aksirib hamd aytganlarida u kishiga “Yarhamukalloh” deyishdi. Shunda u zoti sharif: “Yarhamunallohu...” dedilar ("Muvatto”).
Alloma Halimiy aytadi: “Aksirish fikrlash, his qilish a’zolari asab tomirlari va miyadan turli kasalliklarni ketkazadi. Shuning uchun aksirgan odam Alloh taologa hamd aytishi lozim bo‘ladi”. “Yarhamukalloh duosining ma’nosi "Alloh taolo sizga bergan ne’mati qadrini bilganingiz uchun, rahmat yog‘dirsin” demakdir.
Agar kishi aksirib, hamd aytsa, eshitgan odam unga sog‘lik, Alloh taoloning rahmatini so‘rab duo qilsa,ularning bir-birlariga mehr-muhabbatlari kuchayadi.
E’tibor qiling, aksirish o‘zi yoqimli, buning ustiga shifoli ham. Hamd aytish, unga javob qaytarish aslo qiyin emas. Shunday yoqimli va oson ibodat tufayli oramizda mehr-muhabbatni va ahil-inoqlikni kuchaytirishi Alloh taoloning mo‘minlarga naqadar ulug‘ marhamatidir.

Muhammadiy Abdurahimov,
Imom Buxoriy nomidagi Toshkent Islom instituti bitiruvchisi
“Hidoyat” jurnalining 2010 yil, 4-sonidan olindi.