Ибодатларнинг мағзи

Рукн: Ислом ва иймон Чоп этилган: 10.12.2014

Арабча “дуо” сўзи луғатда “чақириқ” бўлиб, ўзбекчада “сўраш” маъносида қўлланади, атама ўлароқ эса, киши барча ҳожатларини Яратган Зотдан ёлвориб сўрашидир.

“Ёлвориб” дегани, сўраётган нарсамизга ҳақиқатда муҳтожлигимизни сўзлар ва  ҳолатларимиз билан билдириб, деганидир. “Барча ҳожатларини” жумласига эса озгина изоҳ керак. 

Нималар сўралади?

Албатта, сўраш энига ҳам, бўйига ҳам чекланмайди, ҳар ким хоҳлаган нарсасини, хоҳлаган замонида, хоҳлаган миқдорда сўрашга ҳақли. Ҳақлигина эмас, балки сўрашга буюрилгандир. Бир илоҳий ҳадисда Оллоҳ таоло: “Эй Одам болалари, Мен Берувчиман, нима бўлса ҳам Мендан сўранглар”, деб Ўзи биз қулларига йўл-йўриқ кўрсатяпти, биз қулларига туну кун ёрдамини ваъда қиляпти. Саҳобалардан бирлари (Оллоҳ у кишидан рози бўлсин): “Уйимда туз қолмаса, шуни ҳам Оллоҳдан сўрайман”, деган маънода сўзлаганлари ҳақида хабарлар бор.

 “Барча ҳожатлар”га нималар киришини синчи олимларимиз тушунтириб беришган. Киши ўзи ҳосил қилишга кучи етадиган нарсаларни, ўзи бажара оладиган ишларни сўрамагани яхши,  ўзи ҳосил қилишга кучи етмайдиган нарсаларни, бажариш қўлидан келмайдиган ишларни сўрасин, дейишган улар.

Дейлик, уйимизга меҳмон келиб қолди. “Эй Оллоҳ, битта чой қайнатиб бергин” ё “Овқат қилиб бер”, деб сўрамаймиз, чунки бу ишни ўзимиз ҳеч бир қийинчиликсиз бажара оламиз – иссиққина ўрнимиздан турамизу чойнакка сув қуйиб газга қўямиз ёки сабзи-пиёзни арчиб овқатни бошлаб  юборамиз. Бу ўринда Оллоҳдан бизнинг сўрайдиганимиз Унинг иноятидир. Бизни ўрнимиздан туришга, чойнакни ушлашга, сабзи-пиёзни арчишга лаёқатли қилишини сўраймиз. Ахир, ўрнимиздан тура олмасак, қўл-оёқларимиз ишламаса, нима қила олардик?! Яъни, озгина ҳаракатимиз билан осонгина ҳосил бўладиган натижани эмас, балки ўша натижага эришишга етарли куч-ғайрат ва биз иш-ҳаракат билан ҳам ҳосил қила олмайдиган натижани – насибани сўраймиз. Масалан, ризққа муҳтож бир инсон: “Парвардигорим, кўринмас хазинангдан менга ҳалол, мўл ва баракали ризқ бер ва бу ризқни бизларга насиб эт!” деб сўраши ва туриб бу йўлдаги ҳаракатни бошлаши айни ҳикмат тақозосидир.

Иккинчи бир мисол: толнинг қуюқ соясида ёнбошлаб олиб, “Қанийди, анави сув бўйида бир кўшким бўлса!” деб орзу қилсак унча зарари йўқ, аммо “Сенинг қудратинг чексиз, Сен қила олмайдиган иш йўқ, шу ерга битта уй қуриб бер!” деб сўрашимиз ақлдан эмас, чунки буниси моддий ҳолатимизга ва ҳаракатимизга боғлиқ – қўлга битта болға билан тўртта қозиқни оламиз-да, режа тортиб ишни бошлаймиз. Лекин у моддий ҳолатга етиштириш ва битта болға билан тўртта қозиқни кўтара оладиган қилиш Оллоҳнинг измидадир.

Чиндан ҳам Унинг қудрати чексиз, чиндан ҳам У қила олмайдиган ҳеч бир иш йўқ, ахир бу муҳташам оламни бутун ашқол-дашқоллари билан қўшиб йўқдан бор қилди-ку, Одамни бир ҳовуч тупроқдан яратди-ку! Хоҳласа, суюкли қули учун битта арзимас уйни ҳам қуриб бера олади! Лекин бундай талаб инсоннинг яратилиш ҳикматига, ҳаётидан кўзланган мақсадга тескари келади. Бу ерда гап дуонинг ижобати сўровчининг ҳаракатига, яъни, сабабга боғлангани устида кетяпти.

Бу олам сабаблар оламидир. Натижалар сабабларга боғланган. Қуёш чиқса, кун исийди. Ер ўз ўқи атрофида айланса, кун алмашади, қуёш атрофида айланса, фасллар алмашади. Ой чиқса, тун ёришади. Шамол келса, дарахтларнинг учи қимирлайди. Ерга уруғ қадасак, ўсимлик униб чиқади. Ўғит солсак, ер унумли бўлади… ва ҳоказо. Юзаки қаралса, бу ишлар гўё ўзидан ўзи содир бўлаётгандек. Аслида, сайёраларни ўз ўқлари атрофида ҳам, бир-бирлари атрофида ҳам айланадиган қилиб қўйган, шамолларнинг елкасига булутларни ортиб керакли жойларга ёғинларни етказиб турган, ерга қадаладиган уруққа бўлғуси дарахтнинг барча хусусиятларини жойлаб қўйган бир Зот бор, ҳаммасини У бошқариб-юргизиб турибди, биз сабабларни кўрсаг-у, сабабларнинг Сабабчисини кўрмасак инсофдан бўлмайди. Шунинг учун “Ёмғир бер!” деб Ундан сўраймиз, ерга уруғни экиб, ризқни Ундан умид қиламиз.

Худди шунингдек, дуоларимизнинг натижалари ҳам сабабларга боғланган. Табибга ўзимиз борамиз, дори-дармонни ўзимиз оламиз ва муолажани табиб ёрдамида ўзимиз қиламиз, аммо соғлиқни Оллоҳдан сўраймиз, чунки шифони У беради! Яратган Эгамизнинг инояти билан чойни ўзимиз қайнатамиз, қозон тагига ўтни ўзимиз ёқамиз, капгир бизнинг қўлимизда бўлади, бор нарсаларни қозонга солиб овқат пишириш бизнинг вазифамиз, лекин насибани Оллоҳдан кутамиз, чунки пишираётган шу овқатимиз ўзимизга насиб этмаслиги ҳам мумкин…

Машҳур бир латифа бор. Қозондаги овқатнинг тотли ҳиди Хўжа Насриддиннинг (Оллоҳ раҳмат қилсин) димоғини қитиқлаб, иштаҳасини очиб: “Бугун бир маза қиларканмиз-да!” деб юборибди. Хотини: “Оллоҳ хоҳласа, денг”, деса, “Хоҳласаям, хоҳламасаям ейман!” деб катта кетибди. Иттифоқо, овқат сузилар паллада эшик тақиллабди. Подшоҳ навкарлари бир жиноий ишда гумон билан Насриддин афандини маҳкамага сургалаб кетишибди. То масала ойдинлашиб, айбсизлиги исботлангунича орадан бир-икки кун ўтибди. Ниҳоят қўйиб юборишганида кечки пайт келиб эшигини тақиллатибди. Ичкаридан чиққан “Ким?” деган товушга афандимиз: “Оллоҳ хоҳласа, эрингман…” деб жавоб қилган экан.

Бу бир латифа. Лекин мўминнинг ақидасини тўғрилашга хизмат қиладиган, шундоққина қўлидаги ризқ ҳам Оллоҳ хоҳласагина насиб этишини англатадиган латифадир.

Худди шунингдек, касал бўлсак, минг даволатмайлик, энг ноёб ва кучли дори-дармонларни қўлламайлик, шифони агар Оллоҳ бермаса, фойда бўлмаслигига ҳаётда мисоллар қалашиб ётибди. Ёки, аксинча, умридан бор бўлса, одам дорисиз ҳам яшайди — йигирма йил тўшакка михланиб ётган киши соғайиб кетганини матбуот ёзди, телевизордан кўрдик.

Бу айтилганлар сабабларни ўринлатишнинг ўзигина натижага эриштиравермаслигига мисоллардир. Ҳар ишни ҳикмат билан қилувчи Зотнинг хоҳиш-иродаси ва ҳикматига уйғун бўлса, биз истаган ва кутган натижа берилади, хоҳламаса ё ҳикматига уйғун бўлмаса, минг ҳаракат қилмайлик, натижа биз истаган ва кутгандек бўлмайди. Масалан, икки киши бир хил ҳаракат қилади, балки иккинчиси биринчисига қараганда кўпроқ тиришаётгандир, лекин биринчисига ризқ оқиб келяпти, иккинчиси зўрға учини кетига улаб яшаяпти – бунақа мисолларни ҳар ким ҳар қадамда кўради. 

Сўраш муҳтожликни билдиради

Сўраш, исташ туйғуси Одам яратилишида фитратига жойланган, бу ҳолат унинг муҳтожлигига далолат. Агар Одам боласи ана ўша фитратига уйғун тарзда Яратганини тан олиб, Пайғамбарига эргашиб яшаса, ундаги сўраш туйғуси онгли бир ўзанга тушиб олади ва дуо унинг кундалик амалиётига айланади. Бордию тан олмаган тақдирида ҳам барибир У Зотнинг бошқарув доирасидан чиқиб кета олмайди, буни у ниҳоятда оғир аҳволга тушган кезлари ичдан сезади. Ичдан сездирган шу нарса унинг фитратидир. Ҳатто осий киши ҳам қўлидан ҳеч бир иш келмай қолган дамларда ўзига “ишончи” синиб, бир Кучли, Билимли, Меҳрибон Зот борлигини фитрий ҳис эта бошлайди, айрим ҳолларда ўша ўзи тан олмаган Зотга суянгиси келиб қолади.

Дўппи тор келганида қўллаб юборадиган, йўлсизликда чиқар бир сўқмоқни кўрсатиб қўядиган, буткул чорасизликда кутилмаган ёқдан қутулиш йўллайдиган Зот борлигини фитрий ҳис этгани учун ҳам Одам боласи хотиржамдир ва ҳаёти бир маромда давом этаётир.

Диққат қилайлик: сўраш туйғусининг борлиги берадиган бир Зот бор бўлишини тақозо этади ва сўралаётан нарсани у Зот беришига далолат қилади! Форсларда мақол бўлиб кетган бир  гап бор, унинг ўзбекча маъноси бундай: “Бермакни истамаса эди, истамакни бермас эди”. Нақадар қисқа, лўнда ва гўзал ифода! Демак, Одам боласига сўраш-исташ туйғусини берибдими, бу иши Унинг беришни истаганидандир. У зотнинг чексиз меҳрибонлигидандир. Қулларини суйишидандир. Ва исташ туйғуси одамни Яратганига боғлайди. 

Сўрашнинг турлари

Ўтган улуғларимиз сўраш (дуо)ни уч турга ажратишган экан:

1. Сўз билан сўраш (қавлий дуо).

2. Иш-ҳаракат билан сўраш (феълий дуо).

3. Ҳол билан сўраш (ҳолий дуо).

Сўз билан сўраш (қавлий дуо)  турини ҳамма билади, ҳатто кўплар дуо-сўраш деганда, кўпроқ мана шу дуо турини тушунади. Киши намоз ўқиганидан кейин ё бирор яхшилик қилгач ёхуд ёрдамга қаттиқ муҳтож бўлиб қолган ҳар қандай ҳолатида қўлини очиб, эҳтиёжини илтижо оҳангидаги сўзлар билан ифодалаб, Яратганга “…бер!”; “…ҳал қил!”; “…насиб эт!”; “…кўрсат!”; “…осон қил!” ва ҳоказо тарзда ёлвориши  сўз билан сўрашдир.

Сўрашнинг кейинги икки тури, бир қараганда, дуога ўхшамайди, аммо аслида дуонинг энг кўп тарқалган, бутун инсоният доим фитрий тарзда қиладиган тури шулардир. Масалан, бир киши даласида эртадан-кечгача терлаб-пишиб кетмон чопди, уруғ экди; эккани тўкис униб чиқса, мўл-кўл ҳосил берса, шу билан оиласининг тирикчилигини ўтказмоқчи. Бу ишларни қиларкан, Берувчи Зотни бирор марта эсламаган, тили билан бирор нарса сўрамаган бўлса ҳам, унинг ризқ учун тиришиб қилган ўша меҳнати барча қулларига бирдек меҳрибон Зот ҳузурига дуо ўлароқ боради ва У Зот у меҳнатлар ва тиришишларни зое этмайди – бола-чақасининг ризқини беради…

Бир талаба илм йўлида тиним билмай китоб ўқийди, устозларидан дарс олади, интернетдан ўзини қизиқтирган соҳа бўйича энг янги маълумотларни қидиради, ёзади, умумлаштиради, хулосалар чиқаради, балки бу ҳаракатлари орасида у ниятини сўз билан ифодалаб: “Илм бер!” деб бир марта ҳам сўрамагандир, лекин барча қулларига бирдек меҳрибон Зот унинг шу тиришқоқлигига яраша истаганини беради. Мана шу хил сўрашлар иш-ҳаракат билан сўраш (феълий  дуо)га киради.

Энди, бир киши оғир касалликка чалинган, ҳеч қайси дори фойда бермаяпти, қаттиқ изтиробга тушган – чора излаяпти… бошқа бири бозори синиб катта қарзга ботган, бу кетишда қарзидан қутулишга кўзи ҳам, умри ҳам етмайди, боши қотган – чора излаяпти… яна бир киши ҳаётнинг турли-туман синовларига дош беролмай жонига қасд қилиш даражасига етган, назарида бошқача қутулар йўл йўқдек – чора излаяпти…  ва ҳоказо. Уларнинг бу тушкун ҳолатлари ва хаёлан қаттиқ берилиб чора истаб қолишлари, гарчи ўзлари эсларига келиб тил билан сўрамаётган бўлсалар-да, ҳол билан сўраш (ҳолий дуо)га киради ва барча қулларига бирдек меҳрибон Зот уларнинг бу хил сўровларини ҳам умидсиз қолдирмайди, қабул этади ва ҳикматига уйғунини албатта беради.

Ҳол билан сўрашга ҳаётий бир мисол. Саккиз йил (ми, ўн бир йилми) турмуш қилиб фарзанд кўрмаган аёлга янги туғилган бир чақалоқни боқиб олишни маслаҳат беришади. Шарти – бола очқаб йиғласа, туғмас хотин кўкрагини тутавериши, бошқа нарса бермаслиги керак. Эр-хотин умид билан яқин қариндошларидан бирининг чақалоғини олишади. Бувак йиғлайверади, хотин сутсиз кўкрагини тутаверади… Гўдакнинг овқат сўраб қилган бу ҳолий дуолари билан туғмас хотиннинг кўкрагига сут сўраб қилган бу ҳолий дуолари сабабли, чақалоқ буткул ҳолдан тойган бир паллада, аёлнинг кўкрагига тирқираб сут келади. Бувак ҳалокатдан қутулиб қолади, аёл шу кундан бошлаб асранди чақалоғини ўз боласидай эмизиб катта қилади, бир йилдан кейин ўзи ҳам юкли бўлади…

Бу айтилганлардан бир хулоса чиқади: гарчи одам боласи ўзи учун, ўзининг тўкин-сочин яшаши учун, бировларга билдирмай тиришаётган бўлса-да, ҳамма нарсани Кўрувчи Зот унинг бу йўлдаги интилишларини доимо кўриб туради; ҳаракатлари ва ҳолатлари дуо эканини ўзи билмаса-да, заррача хатти-ҳаракатни ҳам эътиборда тутувчи Зот ҳузурига улар айни дуо ўлароқ етиб боради; тил билан сўрамаса ҳам, ҳамма ҳолларни Билувчи Зот уларни диққат билан кузатиб туради; бу хил дуо билан сўраётиб, ҳатто Берувчи Зотнинг ўзини эсидан чиқариб қўйса ҳам, қулларини ҳеч қачон Унутмайдиган Зот уларнинг эҳтиёжларини таъминлаб туради. Яъни, У муҳтожлик даражамизда, лойиқ кўрган миқдорида, сўраганимизни ёки сўраганимиздан яхшисини беради.

Иш-ҳаракат билан сўраш ичида ҳол билан сўраш ҳам  бор, бу иккиси кўпинча қоришиқ келади. Талабанинг китоб ўқиши ҳаракатга кирса, китоб ўқиётганидаги тиришиши унинг ҳолатидир ва бу ўринда икки хил дуо бир жойда тўпланган бўлади, бунда сўраш истаги янада кучаяди, ижобат эҳтимоли ҳам ортади.

Шу маънода, бир пайтнинг ўзида бу уч хил дуо билан сўралса, нур устига нур бўлар эди. Меҳнат қилиб сабабларни ўринлатсак, меҳнатни чин юракдан қилсак ва буларнинг устига эҳтиёжларимизни сўз билан ифодалаб ихлос-ла сўрасак, Берувчи Зотни бир он ҳам унутмаганимиз эвазига У сўраганларимизнинг устига яна савоблар ҳам қўшиб беради ва бу дунёда берганларига қиёслаб бўлмас даражадаги олий неъматларини охиратимизга ҳам асраб қўяди! Бунақаси энди мўминларнинг дуосидир. Чунки чинакам мўмин тирикчилик йўлида меҳнат қилаётганида ҳам, оғир ҳолатларга тушиб қолганида ҳам, хурсандчилик дамларида ҳам Яратган Эгасини зинҳор унутмайди, шукрини, дуосини тилидан қўймайди. 

Қабул ва ижобат

Энди, менимча, асосий масалага келдик. Одам боласимиз-да, дуоларимизнинг натижаси – унинг қабули ва ижобати кўпроқ қизиқтиради бизни. Тинчлик-омонлик бер, деб тинимсиз сўраяпмиз, тинч-омон яшаяпмизми? Бизларни бой қил, деяпмиз, бой бўлдикми? Илм бергин, деб ялиняпмиз, илмга эришдикми? Касалимни арит, деб илтижо қиляпмиз, соғайиб кетдикми? Гуноҳларимизни кеч, деб ёлборяпмиз, тозаланяпмизми? Қарзларимиздан қутултир, ишларимизни юриштир, деб тавалло қиляпмиз, қарзлардан қутулиб, ишларимиз юришиб кетдими?

Хуллас, сўраётган-истаётган нарсаларимиз кўп, ҳаммасига эришяпмизми?

Буларни билиш, ҳис қилиш учун бир-иккита мисол келтирамиз.

Бир бошлиқ ҳузурига арз билан бордик, дейлик. Хафсала қилса ё вақти бўлса, қабул қилади, бўлмаса қабулхонаданоқ қайтиб кетиш эҳтимолимиз бор. Қабул қилганида ҳам, хафсала қилса дардимизни эшитади ва аризамизни қўлимиздан олиб қолади, бўлмаса бошқа бошлиққа йўллаб юбориши ҳам ҳеч гап эмас. Албатта, ўртада туришга яроқли бирорта танишимиз бўлса, ишимизнинг ҳал бўлиш эҳтимоли ошади.

Аммо дуо ўзгача. Бу ерда ўртада котиба ё таниш-билиш йўқ, ҳатто алоҳида – хос қабулхона ҳам йўқ, ким қаерда, қандай ҳолатда бўлсак, ўша ердан, ўша ҳолатда, тўғридан-тўғри Берувчи Зотга мурожаат қила оламиз ва У дуоларимизни ҳар он, ҳар дамда, ҳеч бир воситачисиз албатта қабул қилади, бошқага йўлламайди, арзларимизни ўша заҳоти эшитади ва ижобат қилади – бунга шубҳамиз йўқ! Лекин бу ўринда бир нарсани ойдинлаштириб олишимиз керак.

Дуонинг ижобати, яъни, сўраган нарсамизнинг берилиш-берилмаслиги хусусида кўп улуғ олимларимиз бир ўхшатишни такрорлашади. Қорнида оғриқ турган бир касал шифо истаб табибнинг олдига борди, дейлик. “Ҳурматли дўхтир жаноблари, қорним қаттиқ бураб оғрияпти, менга “Линекс” ёзиб беринг!” деса, табиб нима қилади? Агар у табиб ҳақиқий табиб бўлса, касал кишининг гапларини диққат билан эшитади, аммо унинг гаплари билангина ташхис қўймайди. Хастани ниҳоятда аниқ ишлайдиган аппаратига солиб ё ўзининг бошқа усуллари билан,  олдин ҳақиқий касалини аниқлайди. Агар чиндан ҳам қорни оғриётган бўлса, ўшанда ҳам дарров “Линекс” ёзиб бермайди, у оғриқнинг иллатини аниқлайди. Қорни оғриётгани билан сабаби бошқа жойда бўлиши мумкин-да. Шундан кейингина даволашни бошлайди. Зарур топса, “Линекс” беради ёки ундан яхшисини тавсия этади, иллати бошқа ёқда бўлса, ўша ёққа фойда берадиганини буюради ёки умуман, ҳеч қанақа дори бермайди: “Кетаверинг, сиз касал эмассиз, бу оғриқ алдамчи оғриқ, сал нарсага дори ичаверсангиз, ичингизни ишдан чиқарасиз, бораверинг, ўтиб кетади”, дейди. Шунда ҳалиги “касал” киши: “Табиб сўраганимни бермади, яхши табиб эмас экан”, деб ундан ўпкаланиши инсофдан бўладими?!

Ўзимиз билсак-билмасак, биз қулларини доим кузатиб, парваришлаб-тарбиялаб борадиган Оллоҳ таоло асл ҳолларимизни, яъни,  биз аслида нимага ва қачон муҳтож бўлишимизни ҳам яхши билади. Сўраган нарсаларимизни қачон бериш жиҳатидан: ё ўша заҳоти беради, ё кечиктириб беради, ё охиратга қолдиради; нимани бериш жиҳатидан: ё сўраганимизни беради, ё ўрнига ундан яхшироғи  ва фойдалироғини беради, ё умуман бермайди – мана шу айни адолатдир ва ҳикмати ҳам шуни тақозо этади.

Демак, дуолар қиляпмиз-у, натижа кўринмаяпти, деб тушкунликка тушаётган айримларга мужда: агар чин юракдан, ихлос билан сўралса, дуолар ҳеч бир шубҳасиз, албатта қабул бўлади, ижобати ҳам албатта бўлади! Ўзимизга ё теварагимизга синчиклаб, инсоф билан қарайлик, кўрамиз: ё шу заҳоти бериляпти, ё сал кейинроқ бериляпти, ё бу дунёда берилмаётган бўлса ҳам ўпкаланишга ҳаққимиз йўқ, чунки бериш, сўраган нарсамизга энг муҳтож бўлинадиган дамга – охиратга қолдириляпти! Ўзимизга ё теварагимизга синчиклаб, очиқ кўз билан қарайлик, кўрамиз: ё сўраган нарсамизнинг ўзи бериляпти, ё ўрнига ундан яхшиси ва бизга кераклиси бериляпти, ёки умуман берилмаётган бўлса, шуниси бизга фойдали бўлиб чиқяпти! 

Нега бизга эмас, бошқаларга?..

Қабул ва ижобат масаласида кўпларимиз чалғийдиган яна бир ҳолат бор: онгимизда “Биз мўминмиз-ку, нимага бизга кам, бошқаларга мўл-кўл бериляпти, нимага улар илғор, биз орқадамиз”, деган ҳайронлик, юракларимизда аллақандай шубҳалар ғимирлайди. Аслида бу ерда ажабланадиган, шубҳага туширадиган ҳеч нарса йўқ. Биринчидан, Оллоҳ таоло бу дунёда одам айирмайди, У Меҳрибон (Раҳмон)лик сифати билан ҳамма қулларига бирдек – айрим хос ҳолатлар истисно қилинганида, умумий қоида шу. Иккинчидан, демак, улар феълий ва ҳолий дуода биздан кўра ихлосли ва ғайратлидирлар! Биз бўлсак, балки тил учида сўраяпмиз, дуоларимизни ғайрат билан, ихлос билан кучлантирмаяпмиз, янада ўтимли қилмаяпмиз. Яъни, илм бер, деб ёлворяпмиз-у, илм йўлидаги ғайратимиз, жаҳдимиз, ихлосимиз етарли бўлмаяпти. Қолаверса, бизга эмас, бошқаларга кўпроқ берилаётгани балки таълим учундир, бу билан бизга дарс берилаётгандир, нималар қилишимиз лозимлиги кўрга ҳассадек қилиб бизларга кўрсатилаётгандир. Яъни, бу борада илғорлардан ўрнак олишимиз кераклиги аниқ. 

Қачон, қаерда ва қай ҳолатда сўраган яхши?

Ҳар қачон, ҳар қадамда, эртаю кеч сўрайверамиз. Чунки биз бир ожиз қул ўлароқ ҳар қачон, ҳар қадамда, эртаю кеч Парвардигоримизнинг парваришига муҳтожмиз. Қолаверса, қачон сўрамайлик, қабул ва ижобат бўлишига шубҳамиз йўқ – буни юқорида кечган мисоллар ила кўрсатишга ҳаракат қилдик. Шундай бўлса-да, баъзи вақтлар, жойлар ва ҳолатларда сўрашнинг фазилатлари ҳақида ривоятлар, хабарлар келган.

Масалан, вақт маъносида: намоздан кейин қилинган дуо қабул,  дейилади. Бу дегани намоздан бошқа пайтдагиси қабул бўлмайди, дегани эмас, балки намоз ўқиб қилингани фазилатли деганидир. Ҳам намоз ўқишга шавқлантириляпти бу ерда. Шунингдек, рамазон ойида оғизни ёпиш ва очиш олдидан, Қадр кечаси, жума кунлари жума намози чоғи икки хутба орасида, Қуръон ўқилганидан кейин, кечалари таҳажжуд намозидан сўнг… сўралса, Яратганга хуш келиши алоҳида таъкидланган.

Жой маъносида: ҳаж ё умрага борилганида Ҳарамга биринчи киришда Салом дарвозасидан кириш тавсия этилади. Дарвозадан ўтиб ичкари юриларкан, Каъбага илк кўз тушган жойда тўхтаб қилинган дуо, Каъбани айланаётиб ҳар гал Яман чизиғига (Каъбанинг Яман томонга қараган бурчагига Қора тош ўрнатилган ва Ҳарам саҳнида шу бурчакдан Яман томонга яшил чизиқ тортилган) келганда, Иброҳим (алайҳиссалом) қадам излари ёнида, замзам сувидан ичаётганда, Сафо билан Марва тепаликларида, ҳаж пайти Арафот чегарасида, Мадинада Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) мачитларидаги “Равза” деб кўрсатилган жойда…  қилинган самимий ва ихлосли дуолар ўша заҳоти қабул бўлади, дейилган.

Ҳолат маъносида: ихлос, самимий йиғи, сўрашдан олдин ҳам, кейин ҳам Оллоҳ таолога ҳамду сано, Расулуллоҳга (соллоллоҳу алайҳи ва саллам) саловотлар айтиш, қатъий ва қабул бўлишига аниқ ишониб сўраш, дуодан олдин гуноҳларни тан олиб истиғфор айтиш ва ўзига берилаётган неъматларни эътироф этиб Оллоҳ таолога шукр қилиш, ҳеч қачон сўрашдан тўхтамаслик, болалар ота-она ҳақига, ота-она болалари ҳақига, ўртоқ-дугоналар бир-бирлари ҳақларига ғойибона яхшилик сўрашлари, қиблага юзланиш, ҳалол еб-ичиш, ҳаромдан қочиш, иложи борича таҳоратли бўлиш… ва ҳоказо.

Дуо шубҳа билан қилинмайди, эр-хотин бир-бири ҳаққига, ота-она болалари ҳаққига ёмон дуо қилмасликлари керак. Шунингдек, қофияли сўзлар билан баланд овозда болохонадор дуолар қилишда ҳам яхшилик йўқ, аксинча, риё эҳтимоли борлигидан бундай сўрашдан қайтарилганмиз. Паст товушда, камтарлик билан, ожизлигимизни ва гуноҳларимизни ҳис ва эътироф этган ҳолда сўрасак, Парвардигоримизга хуш келади. 

Сўраш ҳақида оят ва ҳадислар

Ояти карималарда: “(Эй Муҳаммад,) Бандаларим сендан Мен ҳақимда сўрасалар, Мен (уларга) яқинман. Менга дуо қилган пайтларида, дуо қилувчиларнинг дуосини ижобат қиламан. Бас, улар ҳам Менинг (даъватимга) жавоб қилсинлар ва Менга имон келтирсинлар…” (Бақара сураси 186-оят); “Албатта, Парвардигорим барча дуоларни эшитгувчидир…” (Иброҳим сураси 39-оят); “(Эй мўминлар,) сизлар Парвардигорингизга тазарру билан ичларингда дуо қилинглар! Зотан, У ҳаддан ошувчи кимсаларни (яъни, эл кўрсинга риёкорлик билан дуо қилувчиларни) севмас” (Аъроф сураси 55-оят)… деб Буюк Тангримиз ўзининг чексиз марҳаматини изҳор этяпти.

Қудсий ҳадисларда бундай келади: “Эй Одам боласи, сабрли бўл ва ўзингни паст тут, Ўзим сени олий даражаларга кўтараман. Кечирим тила, кечирай. Ҳар не сўра, Мен уни берай. Менга тавба эт, қабул қилай…”; “Эй Одам боласи, албатта, сен дуо қилиб умид этиб турсанг, қанча гуноҳинг бўлса ҳам кечираман, оз-кўпига парво қилмайман”; “Эй Одам боласи, Мен учун холис амал қил ва сўра. Мен сўровчилар истаган нарсаларининг афзалини бераман”; “Эй қулларим, агар бир қулим Мендан сўраса, бераман, сўрамаса, унга ғазабим келади”; “Эй Одам болалари, Мен қиёмат куни фаришталаримга: “Қулимнинг амал дафтарига қаранглар, Мендан жаннатни сўраганини кўрсаларинг, унга сўраганини бераман, ким Менинг номим билан дўзахдан қутулишни истаган бўлса, Мен у қулимни паноҳимга оламан”, дейман”; “Эй Одам боласи, сукут сақлаш билан Мендан тансиҳатлик ва хотиржамликни сўра”; “Эй Одам боласи, дунёдаги ҳамма нарса уч тоифага бўлинади: бири Менга хос; иккинчиси сен билан Менинг ўртамизда; учинчиси сендадир. Сендан бўладигани сўрашдир, Мендан бўладигани ижобат қилишдир. Бас, ҳаром емасанг, дуойинг тўсилиб қолмайди…”

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Дуо ибодатнинг мағзи (илиги)дир”, деганлар. Илик кишига ҳам қувват, ҳам мазали, демак, дуо ибодатларимизнинг энг кучли ва энг ширин бўлагидир. 

Дуо ва тақдир

Қачонлардир Мирзо Абдулқодир Бедилнинг бир рубоийини ўқиганман, матни ҳозир эсимда йўқ, лекин маъноси тахминан бундай эди: худди муҳрдаги тескари ҳарфлар муҳр босилганида қоғозга ўнг тушганидек, пешонадаги битиклар ҳам сажда билан ўнгланади…

Албатта, ҳар қандай ўхшатишда камчилик бўлади, лекин ибодатлар ва дуолар тақдирда баъзи ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкинлиги рубоийда жуда чиройли ифодаланган.

Одамнинг бутун ҳаёти тақдирида белгиланган, шу билан бир қаторда, унга жузъий ихтиёр ҳам берилган. Ана шу жузъий ихтиёр қисмида биз ўзимизга яхшиликлар ҳам ишлаб қоламиз, ёмонликлар ҳам ишлаймиз. Бир яхшилигимиз ёки бир ёмонлигимиз, Оллоҳнинг иродаси билан, тақдирда айрим ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида ривоят ва хабарларда мисоллар кўп. “Сўра, бераман!” деб қатъий айтилишининг ўзи дуолар тақдирларимизга ижобий таъсир этишига очиқ нақлий бир далилдир. Яна бир мисол: садақа балоларни қайтаради, дейилади. Биз бир муҳтожнинг кўнглини оламиз ва эвазига Оллоҳдан тақдиримизга яхшиликлар умид қиламиз.

Тақдир масаласини кемтик тушунувчилар: ҳамма нарса олдиндан белгилаб қўйилган бўлса, яхшилик қилдим нимаю қилмадим нима, сўрадим нимаю сўрамадим нима, деб тушкунликка тушишади. Аслида, тушкунликка тушишга асос йўқ. Тақдирларимиз ўзимиздан яширилган. Тақдирларимизнинг яширилгани биз қулларига берилган улуғ неъматдир, чунки тақдирини билмаган кишида ҳамиша яхшиликка умид бўлади, яхшиликка интилади, ибодатларини тўкис адо этишга ҳаракат қилади ва Яратгандан ўзи, яқинлари, жамияти, ватани учун тинимсиз яхшиликларни сўрайди.

Оллоҳ таоло ҳаммаларимизга яхшиликлар ато этсин, икки дунё бахтини берсин. 

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

* * *

Arabcha “duo” so‘zi lug‘atda “chaqiriq” bo‘lib, o‘zbekchada “so‘rash” ma’nosida qo‘llanadi, atama o‘laroq esa, kishi barcha hojatlarini Yaratgan Zotdan yolvorib so‘rashidir.

“Yolvorib” degani, so‘rayotgan narsamizga haqiqatda muhtojligimizni so‘zlar va  holatlarimiz bilan bildirib, deganidir. “Barcha hojatlarini” jumlasiga esa ozgina izoh kerak. 

Nimalar so‘raladi?

Albatta, so‘rash eniga ham, bo‘yiga ham cheklanmaydi, har kim xohlagan narsasini, xohlagan zamonida, xohlagan miqdorda so‘rashga haqli. Haqligina emas, balki so‘rashga buyurilgandir. Bir ilohiy hadisda Olloh taolo: “Ey Odam bolalari, Men Beruvchiman, nima bo‘lsa ham Mendan so‘ranglar”, deb O‘zi biz qullariga yo‘l-yo‘riq ko‘rsatyapti, biz qullariga tunu kun yordamini va’da qilyapti. Sahobalardan birlari (Olloh u kishidan rozi bo‘lsin): “Uyimda tuz qolmasa, shuni ham Ollohdan so‘rayman”, degan ma’noda so‘zlaganlari haqida xabarlar bor.

 “Barcha hojatlar”ga nimalar kirishini sinchi olimlarimiz tushuntirib berishgan. Kishi o‘zi hosil qilishga kuchi yetadigan narsalarni, o‘zi bajara oladigan ishlarni so‘ramagani yaxshi,  o‘zi hosil qilishga kuchi yetmaydigan narsalarni, bajarish qo‘lidan kelmaydigan ishlarni so‘rasin, deyishgan ular.

Deylik, uyimizga mehmon kelib qoldi. “Ey Olloh, bitta choy qaynatib bergin” yo “Ovqat qilib ber”, deb so‘ramaymiz, chunki bu ishni o‘zimiz hech bir qiyinchiliksiz bajara olamiz – issiqqina o‘rnimizdan turamizu choynakka suv quyib gazga qo‘yamiz yoki sabzi-piyozni archib ovqatni boshlab  yuboramiz. Bu o‘rinda Ollohdan bizning so‘raydiganimiz Uning inoyatidir. Bizni o‘rnimizdan turishga, choynakni ushlashga, sabzi-piyozni archishga layoqatli qilishini so‘raymiz. Axir, o‘rnimizdan tura olmasak, qo‘l-oyoqlarimiz ishlamasa, nima qila olardik?! Ya’ni, ozgina harakatimiz bilan osongina hosil bo‘ladigan natijani emas, balki o‘sha natijaga erishishga yetarli kuch-g‘ayrat va biz ish-harakat bilan ham hosil qila olmaydigan natijani – nasibani so‘raymiz. Masalan, rizqqa muhtoj bir inson: “Parvardigorim, ko‘rinmas xazinangdan menga halol, mo‘l va barakali rizq ber va bu rizqni bizlarga nasib et!” deb so‘rashi va turib bu yo‘ldagi harakatni boshlashi ayni hikmat taqozosidir.

Ikkinchi bir misol: tolning quyuq soyasida yonboshlab olib, “Qaniydi, anavi suv bo‘yida bir ko‘shkim bo‘lsa!” deb orzu qilsak uncha zarari yo‘q, ammo “Sening qudrating cheksiz, Sen qila olmaydigan ish yo‘q, shu yerga bitta uy qurib ber!” deb so‘rashimiz aqldan emas, chunki bunisi moddiy holatimizga va harakatimizga bog‘liq – qo‘lga bitta bolg‘a bilan to‘rtta qoziqni olamiz-da, reja tortib ishni boshlaymiz. Lekin u moddiy holatga yetishtirish va bitta bolg‘a bilan to‘rtta qoziqni ko‘tara oladigan qilish Ollohning izmidadir.

Chindan ham Uning qudrati cheksiz, chindan ham U qila olmaydigan hech bir ish yo‘q, axir bu muhtasham olamni butun ashqol-dashqollari bilan qo‘shib yo‘qdan bor qildi-ku, Odamni bir hovuch tuproqdan yaratdi-ku! Xohlasa, suyukli quli uchun bitta arzimas uyni ham qurib bera oladi! Lekin bunday talab insonning yaratilish hikmatiga, hayotidan ko‘zlangan maqsadga teskari keladi. Bu yerda gap duoning ijobati so‘rovchining harakatiga, ya’ni, sababga bog‘langani ustida ketyapti.

Bu olam sabablar olamidir. Natijalar sabablarga bog‘langan. Quyosh chiqsa, kun isiydi. Yer o‘z o‘qi atrofida aylansa, kun almashadi, quyosh atrofida aylansa, fasllar almashadi. Oy chiqsa, tun yorishadi. Shamol kelsa, daraxtlarning uchi qimirlaydi. Yerga urug‘ qadasak, o‘simlik unib chiqadi. O‘g‘it solsak, yer unumli bo‘ladi… va hokazo. Yuzaki qaralsa, bu ishlar go‘yo o‘zidan o‘zi sodir bo‘layotgandek. Aslida, sayyoralarni o‘z o‘qlari atrofida ham, bir-birlari atrofida ham aylanadigan qilib qo‘ygan, shamollarning yelkasiga bulutlarni ortib kerakli joylarga yog‘inlarni yetkazib turgan, yerga qadaladigan uruqqa bo‘lg‘usi daraxtning barcha xususiyatlarini joylab qo‘ygan bir Zot bor, hammasini U boshqarib-yurgizib turibdi, biz sabablarni ko‘rsag-u, sabablarning Sababchisini ko‘rmasak insofdan bo‘lmaydi. Shuning uchun “Yomg‘ir ber!” deb Undan so‘raymiz, yerga urug‘ni ekib, rizqni Undan umid qilamiz.

Xuddi shuningdek, duolarimizning natijalari ham sabablarga bog‘langan. Tabibga o‘zimiz boramiz, dori-darmonni o‘zimiz olamiz va muolajani tabib yordamida o‘zimiz qilamiz, ammo sog‘liqni Ollohdan so‘raymiz, chunki shifoni U beradi! Yaratgan Egamizning inoyati bilan choyni o‘zimiz qaynatamiz, qozon tagiga o‘tni o‘zimiz yoqamiz, kapgir bizning qo‘limizda bo‘ladi, bor narsalarni qozonga solib ovqat pishirish bizning vazifamiz, lekin nasibani Ollohdan kutamiz, chunki pishirayotgan shu ovqatimiz o‘zimizga nasib etmasligi ham mumkin…

Mashhur bir latifa bor. Qozondagi ovqatning totli hidi Xo‘ja Nasriddinning (Olloh rahmat qilsin) dimog‘ini qitiqlab, ishtahasini ochib: “Bugun bir maza qilarkanmiz-da!” deb yuboribdi. Xotini: “Olloh xohlasa, deng”, desa, “Xohlasayam, xohlamasayam yeyman!” deb katta ketibdi. Ittifoqo, ovqat suzilar pallada eshik taqillabdi. Podshoh navkarlari bir jinoiy ishda gumon bilan Nasriddin afandini mahkamaga surgalab ketishibdi. To masala oydinlashib, aybsizligi isbotlangunicha oradan bir-ikki kun o‘tibdi. Nihoyat qo‘yib yuborishganida kechki payt kelib eshigini taqillatibdi. Ichkaridan chiqqan “Kim?” degan tovushga afandimiz: “Olloh xohlasa, eringman…” deb javob qilgan ekan.

Bu bir latifa. Lekin mo‘minning aqidasini to‘g‘rilashga xizmat qiladigan, shundoqqina qo‘lidagi rizq ham Olloh xohlasagina nasib etishini anglatadigan latifadir.

Xuddi shuningdek, kasal bo‘lsak, ming davolatmaylik, eng noyob va kuchli dori-darmonlarni qo‘llamaylik, shifoni agar Olloh bermasa, foyda bo‘lmasligiga hayotda misollar qalashib yotibdi. Yoki, aksincha, umridan bor bo‘lsa, odam dorisiz ham yashaydi — yigirma yil to‘shakka mixlanib yotgan kishi sog‘ayib ketganini matbuot yozdi, televizordan ko‘rdik.

Bu aytilganlar sabablarni o‘rinlatishning o‘zigina natijaga erishtiravermasligiga misollardir. Har ishni hikmat bilan qiluvchi Zotning xohish-irodasi va hikmatiga uyg‘un bo‘lsa, biz istagan va kutgan natija beriladi, xohlamasa yo hikmatiga uyg‘un bo‘lmasa, ming harakat qilmaylik, natija biz istagan va kutgandek bo‘lmaydi. Masalan, ikki kishi bir xil harakat qiladi, balki ikkinchisi birinchisiga qaraganda ko‘proq tirishayotgandir, lekin birinchisiga rizq oqib kelyapti, ikkinchisi zo‘rg‘a uchini ketiga ulab yashayapti – bunaqa misollarni har kim har qadamda ko‘radi. 

So‘rash muhtojlikni bildiradi

So‘rash, istash tuyg‘usi Odam yaratilishida fitratiga joylangan, bu holat uning muhtojligiga dalolat. Agar Odam bolasi ana o‘sha fitratiga uyg‘un tarzda Yaratganini tan olib, Payg‘ambariga ergashib yashasa, undagi so‘rash tuyg‘usi ongli bir o‘zanga tushib oladi va duo uning kundalik amaliyotiga aylanadi. Bordiyu tan olmagan taqdirida ham baribir U Zotning boshqaruv doirasidan chiqib keta olmaydi, buni u nihoyatda og‘ir ahvolga tushgan kezlari ichdan sezadi. Ichdan sezdirgan shu narsa uning fitratidir. Hatto osiy kishi ham qo‘lidan hech bir ish kelmay qolgan damlarda o‘ziga “ishonchi” sinib, bir Kuchli, Bilimli, Mehribon Zot borligini fitriy his eta boshlaydi, ayrim hollarda o‘sha o‘zi tan olmagan Zotga suyangisi kelib qoladi.

Do‘ppi tor kelganida qo‘llab yuboradigan, yo‘lsizlikda chiqar bir so‘qmoqni ko‘rsatib qo‘yadigan, butkul chorasizlikda kutilmagan yoqdan qutulish yo‘llaydigan Zot borligini fitriy his etgani uchun ham Odam bolasi xotirjamdir va hayoti bir maromda davom etayotir.

Diqqat qilaylik: so‘rash tuyg‘usining borligi beradigan bir Zot bor bo‘lishini taqozo etadi va so‘ralayotan narsani u Zot berishiga dalolat qiladi! Forslarda maqol bo‘lib ketgan bir  gap bor, uning o‘zbekcha ma’nosi bunday: “Bermakni istamasa edi, istamakni bermas edi”. Naqadar qisqa, lo‘nda va go‘zal ifoda! Demak, Odam bolasiga so‘rash-istash tuyg‘usini beribdimi, bu ishi Uning berishni istaganidandir. U zotning cheksiz mehribonligidandir. Qullarini suyishidandir. Va istash tuyg‘usi odamni Yaratganiga bog‘laydi. 

So‘rashning turlari

O‘tgan ulug‘larimiz so‘rash (duo)ni uch turga ajratishgan ekan:

1. So‘z bilan so‘rash (qavliy duo).

2. Ish-harakat bilan so‘rash (fe’liy duo).

3. Hol bilan so‘rash (holiy duo).

So‘z bilan so‘rash (qavliy duo)  turini hamma biladi, hatto ko‘plar duo-so‘rash deganda, ko‘proq mana shu duo turini tushunadi. Kishi namoz o‘qiganidan keyin yo biror yaxshilik qilgach yoxud yordamga qattiq muhtoj bo‘lib qolgan har qanday holatida qo‘lini ochib, ehtiyojini iltijo ohangidagi so‘zlar bilan ifodalab, Yaratganga “…ber!”; “…hal qil!”; “…nasib et!”; “…ko‘rsat!”; “…oson qil!” va hokazo tarzda yolvorishi  so‘z bilan so‘rashdir.

So‘rashning keyingi ikki turi, bir qaraganda, duoga o‘xshamaydi, ammo aslida duoning eng ko‘p tarqalgan, butun insoniyat doim fitriy tarzda qiladigan turi shulardir. Masalan, bir kishi dalasida ertadan-kechgacha terlab-pishib ketmon chopdi, urug‘ ekdi; ekkani to‘kis unib chiqsa, mo‘l-ko‘l hosil bersa, shu bilan oilasining tirikchiligini o‘tkazmoqchi. Bu ishlarni qilarkan, Beruvchi Zotni biror marta eslamagan, tili bilan biror narsa so‘ramagan bo‘lsa ham, uning rizq uchun tirishib qilgan o‘sha mehnati barcha qullariga birdek mehribon Zot huzuriga duo o‘laroq boradi va U Zot u mehnatlar va tirishishlarni zoe etmaydi – bola-chaqasining rizqini beradi…

Bir talaba ilm yo‘lida tinim bilmay kitob o‘qiydi, ustozlaridan dars oladi, internetdan o‘zini qiziqtirgan soha bo‘yicha eng yangi ma’lumotlarni qidiradi, yozadi, umumlashtiradi, xulosalar chiqaradi, balki bu harakatlari orasida u niyatini so‘z bilan ifodalab: “Ilm ber!” deb bir marta ham so‘ramagandir, lekin barcha qullariga birdek mehribon Zot uning shu tirishqoqligiga yarasha istaganini beradi. Mana shu xil so‘rashlar ish-harakat bilan so‘rash (fe’liy  duo)ga kiradi.

Endi, bir kishi og‘ir kasallikka chalingan, hech qaysi dori foyda bermayapti, qattiq iztirobga tushgan – chora izlayapti… boshqa biri bozori sinib katta qarzga botgan, bu ketishda qarzidan qutulishga ko‘zi ham, umri ham yetmaydi, boshi qotgan – chora izlayapti… yana bir kishi hayotning turli-tuman sinovlariga dosh berolmay joniga qasd qilish darajasiga yetgan, nazarida boshqacha qutular yo‘l yo‘qdek – chora izlayapti…  va hokazo. Ularning bu tushkun holatlari va xayolan qattiq berilib chora istab qolishlari, garchi o‘zlari eslariga kelib til bilan so‘ramayotgan bo‘lsalar-da, hol bilan so‘rash (holiy duo)ga kiradi va barcha qullariga birdek mehribon Zot ularning bu xil so‘rovlarini ham umidsiz qoldirmaydi, qabul etadi va hikmatiga uyg‘unini albatta beradi.

Hol bilan so‘rashga hayotiy bir misol. Sakkiz yil (mi, o‘n bir yilmi) turmush qilib farzand ko‘rmagan ayolga yangi tug‘ilgan bir chaqaloqni boqib olishni maslahat berishadi. Sharti – bola ochqab yig‘lasa, tug‘mas xotin ko‘kragini tutaverishi, boshqa narsa bermasligi kerak. Er-xotin umid bilan yaqin qarindoshlaridan birining chaqalog‘ini olishadi. Buvak yig‘layveradi, xotin sutsiz ko‘kragini tutaveradi… Go‘dakning ovqat so‘rab qilgan bu holiy duolari bilan tug‘mas xotinning ko‘kragiga sut so‘rab qilgan bu holiy duolari sababli, chaqaloq butkul holdan toygan bir pallada, ayolning ko‘kragiga tirqirab sut keladi. Buvak halokatdan qutulib qoladi, ayol shu kundan boshlab asrandi chaqalog‘ini o‘z bolasiday emizib katta qiladi, bir yildan keyin o‘zi ham yukli bo‘ladi…

Bu aytilganlardan bir xulosa chiqadi: garchi odam bolasi o‘zi uchun, o‘zining to‘kin-sochin yashashi uchun, birovlarga bildirmay tirishayotgan bo‘lsa-da, hamma narsani Ko‘ruvchi Zot uning bu yo‘ldagi intilishlarini doimo ko‘rib turadi; harakatlari va holatlari duo ekanini o‘zi bilmasa-da, zarracha xatti-harakatni ham e’tiborda tutuvchi Zot huzuriga ular ayni duo o‘laroq yetib boradi; til bilan so‘ramasa ham, hamma hollarni Biluvchi Zot ularni diqqat bilan kuzatib turadi; bu xil duo bilan so‘rayotib, hatto Beruvchi Zotning o‘zini esidan chiqarib qo‘ysa ham, qullarini hech qachon Unutmaydigan Zot ularning ehtiyojlarini ta’minlab turadi. Ya’ni, U muhtojlik darajamizda, loyiq ko‘rgan miqdorida, so‘raganimizni yoki so‘raganimizdan yaxshisini beradi.

Ish-harakat bilan so‘rash ichida hol bilan so‘rash ham  bor, bu ikkisi ko‘pincha qorishiq keladi. Talabaning kitob o‘qishi harakatga kirsa, kitob o‘qiyotganidagi tirishishi uning holatidir va bu o‘rinda ikki xil duo bir joyda to‘plangan bo‘ladi, bunda so‘rash istagi yanada kuchayadi, ijobat ehtimoli ham ortadi.

Shu ma’noda, bir paytning o‘zida bu uch xil duo bilan so‘ralsa, nur ustiga nur bo‘lar edi. Mehnat qilib sabablarni o‘rinlatsak, mehnatni chin yurakdan qilsak va bularning ustiga ehtiyojlarimizni so‘z bilan ifodalab ixlos-la so‘rasak, Beruvchi Zotni bir on ham unutmaganimiz evaziga U so‘raganlarimizning ustiga yana savoblar ham qo‘shib beradi va bu dunyoda berganlariga qiyoslab bo‘lmas darajadagi oliy ne’matlarini oxiratimizga ham asrab qo‘yadi! Bunaqasi endi mo‘minlarning duosidir. Chunki chinakam mo‘min tirikchilik yo‘lida mehnat qilayotganida ham, og‘ir holatlarga tushib qolganida ham, xursandchilik damlarida ham Yaratgan Egasini zinhor unutmaydi, shukrini, duosini tilidan qo‘ymaydi. 

Qabul va ijobat

Endi, menimcha, asosiy masalaga keldik. Odam bolasimiz-da, duolarimizning natijasi – uning qabuli va ijobati ko‘proq qiziqtiradi bizni. Tinchlik-omonlik ber, deb tinimsiz so‘rayapmiz, tinch-omon yashayapmizmi? Bizlarni boy qil, deyapmiz, boy bo‘ldikmi? Ilm bergin, deb yalinyapmiz, ilmga erishdikmi? Kasalimni arit, deb iltijo qilyapmiz, sog‘ayib ketdikmi? Gunohlarimizni kech, deb yolboryapmiz, tozalanyapmizmi? Qarzlarimizdan qutultir, ishlarimizni yurishtir, deb tavallo qilyapmiz, qarzlardan qutulib, ishlarimiz yurishib ketdimi?

Xullas, so‘rayotgan-istayotgan narsalarimiz ko‘p, hammasiga erishyapmizmi?

Bularni bilish, his qilish uchun bir-ikkita misol keltiramiz.

Bir boshliq huzuriga arz bilan bordik, deylik. Xafsala qilsa yo vaqti bo‘lsa, qabul qiladi, bo‘lmasa qabulxonadanoq qaytib ketish ehtimolimiz bor. Qabul qilganida ham, xafsala qilsa dardimizni eshitadi va arizamizni qo‘limizdan olib qoladi, bo‘lmasa boshqa boshliqqa yo‘llab yuborishi ham hech gap emas. Albatta, o‘rtada turishga yaroqli birorta tanishimiz bo‘lsa, ishimizning hal bo‘lish ehtimoli oshadi.

Ammo duo o‘zgacha. Bu yerda o‘rtada kotiba yo tanish-bilish yo‘q, hatto alohida – xos qabulxona ham yo‘q, kim qaerda, qanday holatda bo‘lsak, o‘sha yerdan, o‘sha holatda, to‘g‘ridan-to‘g‘ri Beruvchi Zotga murojaat qila olamiz va U duolarimizni har on, har damda, hech bir vositachisiz albatta qabul qiladi, boshqaga yo‘llamaydi, arzlarimizni o‘sha zahoti eshitadi va ijobat qiladi – bunga shubhamiz yo‘q! Lekin bu o‘rinda bir narsani oydinlashtirib olishimiz kerak.

Duoning ijobati, ya’ni, so‘ragan narsamizning berilish-berilmasligi xususida ko‘p ulug‘ olimlarimiz bir o‘xshatishni takrorlashadi. Qornida og‘riq turgan bir kasal shifo istab tabibning oldiga bordi, deylik. “Hurmatli do‘xtir janoblari, qornim qattiq burab og‘riyapti, menga “Lineks” yozib bering!” desa, tabib nima qiladi? Agar u tabib haqiqiy tabib bo‘lsa, kasal kishining gaplarini diqqat bilan eshitadi, ammo uning gaplari bilangina tashxis qo‘ymaydi. Xastani nihoyatda aniq ishlaydigan apparatiga solib yo o‘zining boshqa usullari bilan,  oldin haqiqiy kasalini aniqlaydi. Agar chindan ham qorni og‘riyotgan bo‘lsa, o‘shanda ham darrov “Lineks” yozib bermaydi, u og‘riqning illatini aniqlaydi. Qorni og‘riyotgani bilan sababi boshqa joyda bo‘lishi mumkin-da. Shundan keyingina davolashni boshlaydi. Zarur topsa, “Lineks” beradi yoki undan yaxshisini tavsiya etadi, illati boshqa yoqda bo‘lsa, o‘sha yoqqa foyda beradiganini buyuradi yoki umuman, hech qanaqa dori bermaydi: “Ketavering, siz kasal emassiz, bu og‘riq aldamchi og‘riq, sal narsaga dori ichaversangiz, ichingizni ishdan chiqarasiz, boravering, o‘tib ketadi”, deydi. Shunda haligi “kasal” kishi: “Tabib so‘raganimni bermadi, yaxshi tabib emas ekan”, deb undan o‘pkalanishi insofdan bo‘ladimi?!

O‘zimiz bilsak-bilmasak, biz qullarini doim kuzatib, parvarishlab-tarbiyalab boradigan Olloh taolo asl hollarimizni, ya’ni,  biz aslida nimaga va qachon muhtoj bo‘lishimizni ham yaxshi biladi. So‘ragan narsalarimizni qachon berish jihatidan: yo o‘sha zahoti beradi, yo kechiktirib beradi, yo oxiratga qoldiradi; nimani berish jihatidan: yo so‘raganimizni beradi, yo o‘rniga undan yaxshirog‘i  va foydalirog‘ini beradi, yo umuman bermaydi – mana shu ayni adolatdir va hikmati ham shuni taqozo etadi.

Demak, duolar qilyapmiz-u, natija ko‘rinmayapti, deb tushkunlikka tushayotgan ayrimlarga mujda: agar chin yurakdan, ixlos bilan so‘ralsa, duolar hech bir shubhasiz, albatta qabul bo‘ladi, ijobati ham albatta bo‘ladi! O‘zimizga yo tevaragimizga sinchiklab, insof bilan qaraylik, ko‘ramiz: yo shu zahoti berilyapti, yo sal keyinroq berilyapti, yo bu dunyoda berilmayotgan bo‘lsa ham o‘pkalanishga haqqimiz yo‘q, chunki berish, so‘ragan narsamizga eng muhtoj bo‘linadigan damga – oxiratga qoldirilyapti! O‘zimizga yo tevaragimizga sinchiklab, ochiq ko‘z bilan qaraylik, ko‘ramiz: yo so‘ragan narsamizning o‘zi berilyapti, yo o‘rniga undan yaxshisi va bizga keraklisi berilyapti, yoki umuman berilmayotgan bo‘lsa, shunisi bizga foydali bo‘lib chiqyapti! 

Nega bizga emas, boshqalarga?..

Qabul va ijobat masalasida ko‘plarimiz chalg‘iydigan yana bir holat bor: ongimizda “Biz mo‘minmiz-ku, nimaga bizga kam, boshqalarga mo‘l-ko‘l berilyapti, nimaga ular ilg‘or, biz orqadamiz”, degan hayronlik, yuraklarimizda allaqanday shubhalar g‘imirlaydi. Aslida bu yerda ajablanadigan, shubhaga tushiradigan hech narsa yo‘q. Birinchidan, Olloh taolo bu dunyoda odam ayirmaydi, U Mehribon (Rahmon)lik sifati bilan hamma qullariga birdek – ayrim xos holatlar istisno qilinganida, umumiy qoida shu. Ikkinchidan, demak, ular fe’liy va holiy duoda bizdan ko‘ra ixlosli va g‘ayratlidirlar! Biz bo‘lsak, balki til uchida so‘rayapmiz, duolarimizni g‘ayrat bilan, ixlos bilan kuchlantirmayapmiz, yanada o‘timli qilmayapmiz. Ya’ni, ilm ber, deb yolvoryapmiz-u, ilm yo‘lidagi g‘ayratimiz, jahdimiz, ixlosimiz yetarli bo‘lmayapti. Qolaversa, bizga emas, boshqalarga ko‘proq berilayotgani balki ta’lim uchundir, bu bilan bizga dars berilayotgandir, nimalar qilishimiz lozimligi ko‘rga hassadek qilib bizlarga ko‘rsatilayotgandir. Ya’ni, bu borada ilg‘orlardan o‘rnak olishimiz kerakligi aniq. 

Qachon, qaerda va qay holatda so‘ragan yaxshi?

Har qachon, har qadamda, ertayu kech so‘rayveramiz. Chunki biz bir ojiz qul o‘laroq har qachon, har qadamda, ertayu kech Parvardigorimizning parvarishiga muhtojmiz. Qolaversa, qachon so‘ramaylik, qabul va ijobat bo‘lishiga shubhamiz yo‘q – buni yuqorida kechgan misollar ila ko‘rsatishga harakat qildik. Shunday bo‘lsa-da, ba’zi vaqtlar, joylar va holatlarda so‘rashning fazilatlari haqida rivoyatlar, xabarlar kelgan.

Masalan, vaqt ma’nosida: namozdan keyin qilingan duo qabul,  deyiladi. Bu degani namozdan boshqa paytdagisi qabul bo‘lmaydi, degani emas, balki namoz o‘qib qilingani fazilatli deganidir. Ham namoz o‘qishga shavqlantirilyapti bu yerda. Shuningdek, ramazon oyida og‘izni yopish va ochish oldidan, Qadr kechasi, juma kunlari juma namozi chog‘i ikki xutba orasida, Qur’on o‘qilganidan keyin, kechalari tahajjud namozidan so‘ng… so‘ralsa, Yaratganga xush kelishi alohida ta’kidlangan.

Joy ma’nosida: haj yo umraga borilganida Haramga birinchi kirishda Salom darvozasidan kirish tavsiya etiladi. Darvozadan o‘tib ichkari yurilarkan, Ka’baga ilk ko‘z tushgan joyda to‘xtab qilingan duo, Ka’bani aylanayotib har gal Yaman chizig‘iga (Ka’baning Yaman tomonga qaragan burchagiga Qora tosh o‘rnatilgan va Haram sahnida shu burchakdan Yaman tomonga yashil chiziq tortilgan) kelganda, Ibrohim (alayhissalom) qadam izlari yonida, zamzam suvidan ichayotganda, Safo bilan Marva tepaliklarida, haj payti Arafot chegarasida, Madinada Payg‘ambarimiz (alayhissalom) machitlaridagi “Ravza” deb ko‘rsatilgan joyda…  qilingan samimiy va ixlosli duolar o‘sha zahoti qabul bo‘ladi, deyilgan.

Holat ma’nosida: ixlos, samimiy yig‘i, so‘rashdan oldin ham, keyin ham Olloh taologa hamdu sano, Rasulullohga (sollollohu alayhi va sallam) salovotlar aytish, qat’iy va qabul bo‘lishiga aniq ishonib so‘rash, duodan oldin gunohlarni tan olib istig‘for aytish va o‘ziga berilayotgan ne’matlarni e’tirof etib Olloh taologa shukr qilish, hech qachon so‘rashdan to‘xtamaslik, bolalar ota-ona haqiga, ota-ona bolalari haqiga, o‘rtoq-dugonalar bir-birlari haqlariga g‘oyibona yaxshilik so‘rashlari, qiblaga yuzlanish, halol yeb-ichish, haromdan qochish, iloji boricha tahoratli bo‘lish… va hokazo.

Duo shubha bilan qilinmaydi, er-xotin bir-biri haqqiga, ota-ona bolalari haqqiga yomon duo qilmasliklari kerak. Shuningdek, qofiyali so‘zlar bilan baland ovozda boloxonador duolar qilishda ham yaxshilik yo‘q, aksincha, riyo ehtimoli borligidan bunday so‘rashdan qaytarilganmiz. Past tovushda, kamtarlik bilan, ojizligimizni va gunohlarimizni his va e’tirof etgan holda so‘rasak, Parvardigorimizga xush keladi. 

So‘rash haqida oyat va hadislar

Oyati karimalarda: “(Ey Muhammad,) Bandalarim sendan Men haqimda so‘rasalar, Men (ularga) yaqinman. Menga duo qilgan paytlarida, duo qiluvchilarning duosini ijobat qilaman. Bas, ular ham Mening (da’vatimga) javob qilsinlar va Menga imon keltirsinlar…” (Baqara surasi 186-oyat); “Albatta, Parvardigorim barcha duolarni eshitguvchidir…” (Ibrohim surasi 39-oyat); “(Ey mo‘minlar,) sizlar Parvardigoringizga tazarru bilan ichlaringda duo qilinglar! Zotan, U haddan oshuvchi kimsalarni (ya’ni, el ko‘rsinga riyokorlik bilan duo qiluvchilarni) sevmas” (A’rof surasi 55-oyat)… deb Buyuk Tangrimiz o‘zining cheksiz marhamatini izhor etyapti.

Qudsiy hadislarda bunday keladi: “Ey Odam bolasi, sabrli bo‘l va o‘zingni past tut, O‘zim seni oliy darajalarga ko‘taraman. Kechirim tila, kechiray. Har ne so‘ra, Men uni beray. Menga tavba et, qabul qilay…”; “Ey Odam bolasi, albatta, sen duo qilib umid etib tursang, qancha gunohing bo‘lsa ham kechiraman, oz-ko‘piga parvo qilmayman”; “Ey Odam bolasi, Men uchun xolis amal qil va so‘ra. Men so‘rovchilar istagan narsalarining afzalini beraman”; “Ey qullarim, agar bir qulim Mendan so‘rasa, beraman, so‘ramasa, unga g‘azabim keladi”; “Ey Odam bolalari, Men qiyomat kuni farishtalarimga: “Qulimning amal daftariga qaranglar, Mendan jannatni so‘raganini ko‘rsalaring, unga so‘raganini beraman, kim Mening nomim bilan do‘zaxdan qutulishni istagan bo‘lsa, Men u qulimni panohimga olaman”, deyman”; “Ey Odam bolasi, sukut saqlash bilan Mendan tansihatlik va xotirjamlikni so‘ra”; “Ey Odam bolasi, dunyodagi hamma narsa uch toifaga bo‘linadi: biri Menga xos; ikkinchisi sen bilan Mening o‘rtamizda; uchinchisi sendadir. Sendan bo‘ladigani so‘rashdir, Mendan bo‘ladigani ijobat qilishdir. Bas, harom yemasang, duoying to‘silib qolmaydi…”

Payg‘ambarimiz (alayhissalom): “Duo ibodatning mag‘zi (iligi)dir”, deganlar. Ilik kishiga ham quvvat, ham mazali, demak, duo ibodatlarimizning eng kuchli va eng shirin bo‘lagidir. 

Duo va taqdir

Qachonlardir Mirzo Abdulqodir Bedilning bir ruboiyini o‘qiganman, matni hozir esimda yo‘q, lekin ma’nosi taxminan bunday edi: xuddi muhrdagi teskari harflar muhr bosilganida qog‘ozga o‘ng tushganidek, peshonadagi bitiklar ham sajda bilan o‘nglanadi…

Albatta, har qanday o‘xshatishda kamchilik bo‘ladi, lekin ibodatlar va duolar taqdirda ba’zi o‘zgarishlarga sabab bo‘lishi mumkinligi ruboiyda juda chiroyli ifodalangan.

Odamning butun hayoti taqdirida belgilangan, shu bilan bir qatorda, unga juz’iy ixtiyor ham berilgan. Ana shu juz’iy ixtiyor qismida biz o‘zimizga yaxshiliklar ham ishlab qolamiz, yomonliklar ham ishlaymiz. Bir yaxshiligimiz yoki bir yomonligimiz, Ollohning irodasi bilan, taqdirda ayrim o‘zgarishlarga sabab bo‘lishi mumkinligi haqida rivoyat va xabarlarda misollar ko‘p. “So‘ra, beraman!” deb qat’iy aytilishining o‘zi duolar taqdirlarimizga ijobiy ta’sir etishiga ochiq naqliy bir dalildir. Yana bir misol: sadaqa balolarni qaytaradi, deyiladi. Biz bir muhtojning ko‘nglini olamiz va evaziga Ollohdan taqdirimizga yaxshiliklar umid qilamiz.

Taqdir masalasini kemtik tushunuvchilar: hamma narsa oldindan belgilab qo‘yilgan bo‘lsa, yaxshilik qildim nimayu qilmadim nima, so‘radim nimayu so‘ramadim nima, deb tushkunlikka tushishadi. Aslida, tushkunlikka tushishga asos yo‘q. Taqdirlarimiz o‘zimizdan yashirilgan. Taqdirlarimizning yashirilgani biz qullariga berilgan ulug‘ ne’matdir, chunki taqdirini bilmagan kishida hamisha yaxshilikka umid bo‘ladi, yaxshilikka intiladi, ibodatlarini to‘kis ado etishga harakat qiladi va Yaratgandan o‘zi, yaqinlari, jamiyati, vatani uchun tinimsiz yaxshiliklarni so‘raydi.

Olloh taolo hammalarimizga yaxshiliklar ato etsin, ikki dunyo baxtini bersin. 

Nurulloh Muhammad Raufxon