Ҳаж ва Умра ибодатлари, ҳукмлари

Рукн: Ислом ва иймон Чоп этилган: 10.12.2014
ҲАЖ КИТОБИ
 
"Ҳаж" сўзининг луғавий маъноси қасд қилиш демакдир. Шаръий истилоҳда эса, махсус амалларни маълум бир жойда, муайян бир вақтда адо этишни қасд қилишдир.
Изоҳ: Махсус жой Каъба ва Арафотдир, муайян вақт эса, ҳаж мавсуми, яъни Шаввол, Зулқаъда ва Зулҳижжа ойининг илк ўн кунидир. Махсус амал эса, Байтуллоҳни тавоф қилиш ҳамда Арафотда туришидир.
 
 Ҳажнинг фарз бўлиш вақти 
 
Ҳаж ҳижратнинг тўққизинчи йили фарз қилинди, умр давомида бир марта адо этиш фарз. Шароит бўлганида кечиктирмаслик лозим.
 
 Ҳукми ва фарз бўлишининг далили 
 
Ҳаж исломнинг беш рукнидан биридир ва умр мобайнида бир марта адо этиладиган фарздир. Фарзлиги Қуръони карим билан собит. Далили эса Аллоҳ таолонинг ушбу мазмундаги ояти каримасидир: "...ва йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учуи мана шу уйни ҳаж қилиш бурчи бордир..." (Оли Имрон, 97).
Шунингдек, ҳажнинг фарзлиги қуйидаги ҳадис билан ҳам собитдир: "Eй инсонлар! Ҳаж сизларга фарз қилинди, бас, ҳаж қилингиз!" Ҳажнинг фарзлиги масаласида барча мусулмон олим ва фақиҳлар якдилдир. Шунинг учун инкор қилган кофир бўлади.
Бутун Ислом дунёсига иқтисодий, сиёсий ва диний ҳаётларида беҳисоб фойдалар келтиргаи ҳикматлари туфайли ҳаж йўлга қодир бўлганларга фарз қилинди.
 
 Каъбанинг қисқача тарихи 
 
Каъба ер юзидаги энг биринчи ибодатгоҳдир. Аллоҳ таолонинг амри билан бир фаришта, ривоятларга кўра, Жаброил, алайҳиссалом, томонидан қурилган. Аммо вақт ўтиши билан унинг фақат пойдевори қолган.
Одам, алайҳиссалом, яратилгач, Аллоҳ унга эски пойдевор устида Каъбани қайта қуришни буюради. Кейинчалик Иброҳим, алайҳиссалом, яна эски пойдевор устига Каъбани янгидан қурадилар.
Исломиятга қадар Каъба Амалика, Журҳун қабиласи, Пайғамбаримизнинг бувалари Қусайй ва ниҳоят, Қурайш қабиласи томонидан турли даврларда таъмир қилинади. Исломият даврида эса, Умавийлардан дастлаб Язид, сўнгра Абдумалик даврида икки марта қуршаб олинади ва натижада Каъба зарар кўради. Ҳар икки қуршовдан сўнг Макка амири Абдуллоҳ ибн Зубайр, розияллоҳу анҳу, томонидан таъмир қилинади.
Eнди ҳажнинг фазилатларидан баъзиларини баён қилиб ўтамиз:
1.Ҳаж Исломнинг порлоқ ўтмишини эслатади, мусулмонларнингдиний шуурини уйғотади. Чунки ҳажда мусулмонлар Аллоҳнинг уйи Каъбаи муаззамани тавоф қила дилар. Иброҳим, алайҳиссалом, даврларини ёдга оладилар, намоз ўқийдилар. Пайғамбаримизнинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, масжидларида равзаларини зиёрат қиладилар. Исломнинг шон-шуҳратини юксакларга кўтарган қаҳрамон саҳобаларнинг қадамжоларини кўрадилар. Шу сабаб улар қалбида Исломга муҳаббат кучаяди, улуғ аждодлардан ибрат олиш иштиёқи жўш уради.
2.Ҳаж мўминларнинг гуноҳлардан покланиши Аллоҳнинг марҳамати ва баракоти бандалари устига ёғилиши учун бир василадир. Чунки баъзи олимлар айтишларича, шундай гуноҳлар борки, фақат Арафотдаги вуқуф туфайлигина Аллоҳуларни кечириши мумкин.
3.Ҳаж ойлари мусулмон мамлакатларининг турли санъат асарларини танитувчи халқаро кўргазма, баракотли тижорат мавсумидир.
Ҳажда нафақат ваҳий инган тупроқларда яшаётган халқларнинг, балки узоқ диёрлардан келган зиёратчиларнинг ҳам катта иқтисодий манфаатлари бор.
4.Ҳаж улкан ҳаёт мактаби, яъни мусулмонлар орасида ўзаро ёрдамлашув ва маълумот алмашинувига сабаб бўлган
сафардир. Киши ҳаж сафари асносида кўплаб мамлакатлар, турли-турли миллатларни кўради. Уларнинг ҳаёт тарзлари ва урф-одатлари билан танишади, ибратланади, ҳаётий тажрибалар орттиради.
5.Ҳаж кучли иродага эга бўлган, Аллоҳнинг тавфиқ ва ёрдамига чин дилдан ишониб, таваккул қилган кишилар бажара оладиган бир машаққатли ибодатдир. Бу машаққатлар ҳожининг ахлоқини гўзаллаштиради, қўполлигини кетказиб, унга оддий имконлар билан яшашни, камтарликни, сабр-бардошли бўлишни ўргатади.
6.Ҳаж бою камбағал, амалдор-хизматчи ҳаммаси ҳам Аллоҳнинг ожиз бандалари эканини кўрсатувчи, ҳақиқий тенглик ва биродарлик кўзгусидир. Чунки ҳажда барча ҳожилар дунё ва унинг зийнатларидан қалбан узиладилар, барча бир хил либос — иҳром кийиб, яхши сўзларни айтиб, худди бир инсондек ойдин туйғуларга тўлган қалб билан ягона Аллоҳтаолога ёлворади.
Ҳеч ким ўзини дунёвий мартабаси ва бойлиги туфайли бошқалардан афзал кўра олмайди. Фақат тақводагина баъзилари баъзиларидан устун бўлиши мумкин. Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, айгганларидек: "Араб ажамга нисбатан фақат тақво жиҳатидан фазилатли бўлиши мумкин".
Ҳамманинг кийгани иҳром барча мусулмонлар орасидаги ҳақиқий тенгликка ишорат қилади. Айни пайтда инсониятга бу дунё ва унинг гўзалликларидан айириб, нариги дунёга юзланган дастлабки ҳолатни эслатади. Чунки киши қабрга ҳам иҳромга жуда ўхшаш матога ўралиб кетади. Бу эса, киши солиҳ амаллар билан охиратга тайёргарлик қилишга ташвиқ қилади. Ояти каримада айтилганидек: "Охират учун тайёрланган зоди роҳилалар ичида энг хайрлиси тақводир".
7.Ҳаж бутун дунё мусулмонларини бир даврага йиғувчи халқаро анжумандир. Дунёнинг турли бурчакларидан келган миллонлаб инсонлар Ислом манфаатларини кўзлаб махсус кунларда Аллоҳни зикр қилиш учун тўпланадилар. Исломият уларнинг кўнгилларини, фикр ва туйғуларини бирлаштириб туради. Ҳожилар ҳажга келиб бир-бирлари билан танишадилар, севишадилар, муаммоларини ҳал қилишда бир- бирларига ёрдам берадилар.
8.Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади, ".. ва ўша вақтни эслангизки, Биз байт (Каъба)ни инсонлар учун савоб қозониш ва ҳимояланиш жойи қилдик". Ҳарами Шарифда нафақат инсонлар, балки ҳайвонлар ҳам хавфсизлик ва ҳузур ичида бўладилар. Бу жиҳатдан дунёда Ҳарамга тенг келадиган макон йўқ. Ривоят қилинишича, Ҳазрати Умар, розияллоҳу анҳу: "Каъбада отам Хаттобнинг қотилини ушлаб олсам, у ердан чиққунича (унга) қўлимни теккизмайман", деган эканлар.
9.Ҳаж Аллоҳтаолонинг инсонларга берган неъматларига бир шукронадир. Чунки Аллоҳ инсонларга сиҳат-сало-матлик, зарурий эҳтиёжларидан ташқари мол-давлат ва яна кўплаб неъматлар берган. Шундай бўлгач, Аллоҳ берган неъматларга шукр қилиш фарздир.
 
 Фарз бўлишининг сабаби 
 
Ҳажнинг фарз бўлиш сабаби Байтул Ҳарам Каъбанинг мавжудлигидир. Шунинг учун инсон умр давомида бир неча марта ҳажга бориши шарт эмас.
 
 Фарз бўлишининг шартлари 
 
1.Мусулмон бўлиш.
2.Балоғатга етганлик.
3.Ақлли бўлиш.
4.Озод (ҳур) бўлиш.
5.Ҳаждан қайтгунича, қарамоғидаги кишиларнинг эҳтиёжларидан ташқари ўзининг барча сафар ҳаражатларини ҳам қоплайдиган маблағга эга бўлиш.
6.Дорул ҳарбда яшайдиган мусулмоннинг ҳаж фарз ибодат эканини билиши.
7.Вужуд саломатлиги.
8.Йўлнинг хавфсиз (бехатар) бўлиши.
9.Сафар камида уч кунлик бўлса, аёлларга маҳрамининг ҳамроҳ бўлиши.
10.Қамоққа тушиб қолмаслик, ошкора тўсиқ йўқлиги.
 Саҳиҳ адо бўлишнинг шартлари 
1.Иҳромга кириш.
2.Белгиланган вақтлар ва жойларда амалларни бажариш.
 
Вақт 
 
Ҳажнинг вақти маълум ҳаж ойларидир. Улар Шаввол, Зулқаъда ва Зулҳижжа ойининг дастлабки ўн кунидир.
 
Рукнлари 
 
Ҳажнинг икки рукни бор.
1.Бир лаҳза бўлса ҳам, Арафотда вуқуф қилиш, туриш.
2.Зиёрат тавофини адо этиш. 
 
Тавофнинг уч тури мавжуд:
1.Қудум тавофи. Бу маккалик бўлишган ҳожилар учун суннатдир.
2.Зиёрат тавофи. Бу ҳажнинг асосий шартларидан бўлиб, Қурбон ҳайитининг уч куни мобайнида барча ҳожилар томонидан адо қилиниши шарт.
3.Садар. Бу вадо тавофи бўлиб, ҳаж амаллари тамомлангач, Каъбадан айрилаётганида маккалик бўлмаган барча ҳожиларга вожиб тавофдир.
 
 Ҳажнинг вожиблари 
 
Ҳажнинг йигирмадан ошиқ вожиблари бор. Қуйидагилар шулар жумласидандир:
1.Мийқотдан бошлаб иҳромга кириш.
2.Қурбон ҳайитининг биринчи куни тонг отгач, кун ёришгунича бир лаҳза бўлса ҳам, Муздалифада туриш.
3.Сафодан бошлаб, Марвада битириш шарти билан Сафо билан Марва орасида етти марта саъй қилиш (югуриш).
Изоҳ: Сафо билан Марва Макка шаҳри ичида жойлашган бўлиб, ораси тахминан 405 метрча бўлган икки тепаликдир. Ораларидаги ушбу масофа бугунги кунда икки томони дўконлардан иборат кўчадир.
Ривоят қилинишича, Иброҳим, алайҳиссалом, хотинлари Ҳожар онамиз билан ўғшиари Исмоилни, алайҳиссалом, егулик ва сувсиз бугунги Макка шаҳри жойлашган водийга ташлаб, ўзлари Фаластинга қайтадилар. Шундан сўнг ёлғизлик ва чанқоқликдан сиқилган Ҳожар онамиз бирор бир кишини ёки сув топиш умидида бу икки тепалик орасида югуриб етти марта у ёқдан-бу ёққа бориб келадилар. Ҳаж асносида ҳожилар томонидан бажариладиган саъй ибодати ушбу ҳодисадан қолган.
4.Маккалик бўлмаган ҳожиларнинг видо (хайрлашув) тавофи қилишлари.
5.Қурбон ҳайити ва ташриқкунларида шайтонга тош отиш.
6.Соч олдириш ёки қисқартириш.
7.Тикилган кийимларни киймаслик ёки бош ва юзни ёпиш каби ножоиз ҳаракатларни қилмаслик.
Қурбонлик қилишни лозим этадиган амаллар (ҳажнинг) вожибларидир.
1.Иҳромли ҳолда қилиниши тақиқланган барча ҳаракатлардан ўзини четга олиш.
2.Каъбани тавоф қилаётганида жунуб ва бетаҳорат бўлмаслик ҳамда аврат жойларининг ёпилиши.
3.Байтни ҳар етти марта айланганидан сўнг икки ракат намоз ўқиш.
4.Ҳар бир тавофни Ҳатим деб номланган жойнинг (Каъбанинг эски пойдевори) орқасидан бошлаш.
5.Хажарул Асвад қаршисидан бошлаб, Байтуллоҳни чап тарафида тутган ҳолда тавоф қилиш.
 
 Ҳажнинг суннатлари 
 
Ҳажнинг суннатлари жуда кўп бўлиб, асосийлари қуйидагилардир:
1.Иҳромга киришдан аввал ғусл қилиш.
2.Иҳромга кираётганида иҳромнинг суннати ниятида икки ракат намоз ўқиш.
4.Иҳромга киргач талбияни кўп айтиш.
5.Маккалик бўлмаганларнингтавофи қудум қилишлари.
6.Тавофни кўп қилиш. Бу тавоф маккалик бўлмаганлар учун нафл намоздан афзалдир.
7.Имомнинг ҳаждаги ибодат тартибларини тушунтириш мақсадида Зулҳижжанинг еттинчи куни пешиндан сўнгра, Маккада хутба ўқиши.
8.Тарвия (Зулҳижжанинг саккизинчи) куни қуёш чиққач, Маккадан Минога йўл олиш ва ўша тун Минода қолиш.
Изоҳ: Мино Маккадан 6,5 км шарқда жойлашган шаҳарчадир. "Мино " истак, орзу деган маънони англатади. Аллоҳнинг амри билан Иброҳим, алайҳиссалом, ўғиллари Исмоилни, алайҳиссалом, мана шу ерда қурбонлик қилишга киришган эдилар.
9.Зулҳижжанинг тўққизинчи куни қуёш чиққач, Минодан айрилиб, Арафотга чиқиш.
10.Иложи борича хушуъ билан ва ёлворган ҳолда, кўпроқ дуо-илтижога ғайрат қилиш.
 
 Иҳром 
 
Иҳром муайян (жинсий яқинлик, соч ва тирноқ олиш, хушбўйланиш, бош ва юзни ёпиш, тикилган кийим кийиш, ов қилмаслик ва унга ундамаслик, дарахт кесмаслик каби) нарсаларни қилмасликка азм этишдир.
Иҳромнинг рукни талбия айтиш (Аллоҳни улуғлаш), шарти эса ният қилишдир.
 
 Мийқот 
 
(Иҳромсиз ўтиш мумкин бўлмаган жойлар) Ҳаж амаллари адо этиладиган маълум бир вақтлар бўлганидек, уни адо этиш учун йўлга чиққанида иҳромсиз ўтиб бўлмайдиган жойлар ҳам бор. Ҳаж ва умра қилмоқчи бўлганларнинг бу жойлардан иҳромсиз ўтишлари жоиз эмас. Бу жойлар эса қуйидагилардир:
1.Мадиналиклар ва у ердан келганлар учун Зулҳулайфа.
2.Ироқликлар ва у ердан келганлар учун Зоту Ирқ.
3.Мисрликлар, шомликлар ва бу йўлдан келганлар учун Жуҳфа.
4.Наждликлар ва Нажд орқали келганлар учун Корнул Манозул.
5.Яманликлар ва Яман орқали келганлар учун Яламлам иҳромга кириладиган жойлардир. Бу жойлар мийқот дейилади.
Ушбу мийқот жойларига келмасдан аввал ҳожилар иҳромга киришлари ва ҳажда тақиқланган амалларни қилишдан сақланишлари жоиз. Маккага киришни хоҳлаган, маккалик бўлмаган ҳожиларнинг мийқот жойларидан иҳромга кирмасдан ўтишлари жоиз эмас. Маккаликларнинг иҳромга кирадиган жойи Ҳиллдир. Ҳарами Шарифда ўтирган кишининг ҳаж учун иҳромга кирадиган жойи Ҳарами-Шариф, умра учун эса, Ҳиллдир.
 
«Нурул изоҳ»дан
 
* * *
 
HAJ KITOBI
 
"Haj" so‘zining lug‘aviy ma’nosi qasd qilish demakdir. Shar’iy istilohda esa, maxsus amallarni ma’lum bir joyda, muayyan bir vaqtda ado etishni qasd qilishdir.
Izoh: Maxsus joy Ka’ba va Arafotdir, muayyan vaqt esa, haj mavsumi, ya’ni Shavvol, Zulqa’da va Zulhijja oyining ilk o‘n kunidir. Maxsus amal esa, Baytullohni tavof qilish hamda Arafotda turishidir.
 
 Hajning farz bo‘lish vaqti 
 
Haj hijratning to‘qqizinchi yili farz qilindi, umr davomida bir marta ado etish farz. Sharoit bo‘lganida kechiktirmaslik lozim.
 
 Hukmi va farz bo‘lishining dalili 
 
Haj islomning besh ruknidan biridir va umr mobaynida bir marta ado etiladigan farzdir. Farzligi Qur’oni karim bilan sobit. Dalili esa Alloh taoloning ushbu mazmundagi oyati karimasidir: "...va yo‘lga qodir bo‘lgan kishilar zimmasida Alloh uchui mana shu uyni haj qilish burchi bordir..." (Oli Imron, 97).
Shuningdek, hajning farzligi quyidagi hadis bilan ham sobitdir: "Ey insonlar! Haj sizlarga farz qilindi, bas, haj qilingiz!" Hajning farzligi masalasida barcha musulmon olim va faqihlar yakdildir. Shuning uchun inkor qilgan kofir bo‘ladi.
Butun Islom dunyosiga iqtisodiy, siyosiy va diniy hayotlarida behisob foydalar keltirgai hikmatlari tufayli haj yo‘lga qodir bo‘lganlarga farz qilindi.
 
 Ka’baning qisqacha tarixi 
 
Ka’ba yer yuzidagi eng birinchi ibodatgohdir. Alloh taoloning amri bilan bir farishta, rivoyatlarga ko‘ra, Jabroil, alayhissalom, tomonidan qurilgan. Ammo vaqt o‘tishi bilan uning faqat poydevori qolgan.
Odam, alayhissalom, yaratilgach, Alloh unga eski poydevor ustida Ka’bani qayta qurishni buyuradi. Keyinchalik Ibrohim, alayhissalom, yana eski poydevor ustiga Ka’bani yangidan quradilar.
Islomiyatga qadar Ka’ba Amalika, Jurhun qabilasi, Payg‘ambarimizning buvalari Qusayy va nihoyat, Quraysh qabilasi tomonidan turli davrlarda ta’mir qilinadi. Islomiyat davrida esa, Umaviylardan dastlab Yazid, so‘ngra Abdumalik davrida ikki marta qurshab olinadi va natijada Ka’ba zarar ko‘radi. Har ikki qurshovdan so‘ng Makka amiri Abdulloh ibn Zubayr, roziyallohu anhu, tomonidan ta’mir qilinadi.
Endi hajning fazilatlaridan ba’zilarini bayon qilib o‘tamiz:
1.Haj Islomning porloq o‘tmishini eslatadi, musulmonlarningdiniy shuurini uyg‘otadi. Chunki hajda musulmonlar Allohning uyi Ka’bai muazzamani tavof qila dilar. Ibrohim, alayhissalom, davrlarini yodga oladilar, namoz o‘qiydilar. Payg‘ambarimizning, sollallohu alayhi va sallam, masjidlarida ravzalarini ziyorat qiladilar. Islomning shon-shuhratini yuksaklarga ko‘targan qahramon sahobalarning qadamjolarini ko‘radilar. Shu sabab ular qalbida Islomga muhabbat kuchayadi, ulug‘ ajdodlardan ibrat olish ishtiyoqi jo‘sh uradi.
2.Haj mo‘minlarning gunohlardan poklanishi Allohning marhamati va barakoti bandalari ustiga yog‘ilishi uchun bir vasiladir. Chunki ba’zi olimlar aytishlaricha, shunday gunohlar borki, faqat Arafotdagi vuquf tufayligina Allohularni kechirishi mumkin.
3.Haj oylari musulmon mamlakatlarining turli san’at asarlarini tanituvchi xalqaro ko‘rgazma, barakotli tijorat mavsumidir.
Hajda nafaqat vahiy ingan tuproqlarda yashayotgan xalqlarning, balki uzoq diyorlardan kelgan ziyoratchilarning ham katta iqtisodiy manfaatlari bor.
4.Haj ulkan hayot maktabi, ya’ni musulmonlar orasida o‘zaro yordamlashuv va ma’lumot almashinuviga sabab bo‘lgan
safardir. Kishi haj safari asnosida ko‘plab mamlakatlar, turli-turli millatlarni ko‘radi. Ularning hayot tarzlari va urf-odatlari bilan tanishadi, ibratlanadi, hayotiy tajribalar orttiradi.
5.Haj kuchli irodaga ega bo‘lgan, Allohning tavfiq va yordamiga chin dildan ishonib, tavakkul qilgan kishilar bajara oladigan bir mashaqqatli ibodatdir. Bu mashaqqatlar hojining axloqini go‘zallashtiradi, qo‘polligini ketkazib, unga oddiy imkonlar bilan yashashni, kamtarlikni, sabr-bardoshli bo‘lishni o‘rgatadi.
6.Haj boyu kambag‘al, amaldor-xizmatchi hammasi ham Allohning ojiz bandalari ekanini ko‘rsatuvchi, haqiqiy tenglik va birodarlik ko‘zgusidir. Chunki hajda barcha hojilar dunyo va uning ziynatlaridan qalban uziladilar, barcha bir xil libos — ihrom kiyib, yaxshi so‘zlarni aytib, xuddi bir insondek oydin tuyg‘ularga to‘lgan qalb bilan yagona Allohtaologa yolvoradi.
Hech kim o‘zini dunyoviy martabasi va boyligi tufayli boshqalardan afzal ko‘ra olmaydi. Faqat taqvodagina ba’zilari ba’zilaridan ustun bo‘lishi mumkin. Payg‘ambarimiz, sollallohu alayhi va sallam, aygganlaridek: "Arab ajamga nisbatan faqat taqvo jihatidan fazilatli bo‘lishi mumkin".
Hammaning kiygani ihrom barcha musulmonlar orasidagi haqiqiy tenglikka ishorat qiladi. Ayni paytda insoniyatga bu dunyo va uning go‘zalliklaridan ayirib, narigi dunyoga yuzlangan dastlabki holatni eslatadi. Chunki kishi qabrga ham ihromga juda o‘xshash matoga o‘ralib ketadi. Bu esa, kishi solih amallar bilan oxiratga tayyorgarlik qilishga tashviq qiladi. Oyati karimada aytilganidek: "Oxirat uchun tayyorlangan zodi rohilalar ichida eng xayrlisi taqvodir".
7.Haj butun dunyo musulmonlarini bir davraga yig‘uvchi xalqaro anjumandir. Dunyoning turli burchaklaridan kelgan millonlab insonlar Islom manfaatlarini ko‘zlab maxsus kunlarda Allohni zikr qilish uchun to‘planadilar. Islomiyat ularning ko‘ngillarini, fikr va tuyg‘ularini birlashtirib turadi. Hojilar hajga kelib bir-birlari bilan tanishadilar, sevishadilar, muammolarini hal qilishda bir- birlariga yordam beradilar.
8.Alloh taolo Qur’oni karimda aytadi, ".. va o‘sha vaqtni eslangizki, Biz bayt (Ka’ba)ni insonlar uchun savob qozonish va himoyalanish joyi qildik". Harami Sharifda nafaqat insonlar, balki hayvonlar ham xavfsizlik va huzur ichida bo‘ladilar. Bu jihatdan dunyoda Haramga teng keladigan makon yo‘q. Rivoyat qilinishicha, Hazrati Umar, roziyallohu anhu: "Ka’bada otam Xattobning qotilini ushlab olsam, u yerdan chiqqunicha (unga) qo‘limni tekkizmayman", degan ekanlar.
9.Haj Allohtaoloning insonlarga bergan ne’matlariga bir shukronadir. Chunki Alloh insonlarga sihat-salo-matlik, zaruriy ehtiyojlaridan tashqari mol-davlat va yana ko‘plab ne’matlar bergan. Shunday bo‘lgach, Alloh bergan ne’matlarga shukr qilish farzdir.
 
 Farz bo‘lishining sababi 
 
Hajning farz bo‘lish sababi Baytul Haram Ka’baning mavjudligidir. Shuning uchun inson umr davomida bir necha marta hajga borishi shart emas.
 
 Farz bo‘lishining shartlari 
 
1.Musulmon bo‘lish.
2.Balog‘atga yetganlik.
3.Aqlli bo‘lish.
4.Ozod (hur) bo‘lish.
5.Hajdan qaytgunicha, qaramog‘idagi kishilarning ehtiyojlaridan tashqari o‘zining barcha safar harajatlarini ham qoplaydigan mablag‘ga ega bo‘lish.
6.Dorul harbda yashaydigan musulmonning haj farz ibodat ekanini bilishi.
7.Vujud salomatligi.
8.Yo‘lning xavfsiz (bexatar) bo‘lishi.
9.Safar kamida uch kunlik bo‘lsa, ayollarga mahramining hamroh bo‘lishi.
10.Qamoqqa tushib qolmaslik, oshkora to‘siq yo‘qligi.
 Sahih ado bo‘lishning shartlari 
1.Ihromga kirish.
2.Belgilangan vaqtlar va joylarda amallarni bajarish.
 
Vaqt 
 
Hajning vaqti ma’lum haj oylaridir. Ular Shavvol, Zulqa’da va Zulhijja oyining dastlabki o‘n kunidir.
 
Ruknlari 
 
Hajning ikki rukni bor.
1.Bir lahza bo‘lsa ham, Arafotda vuquf qilish, turish.
2.Ziyorat tavofini ado etish. 
 
Tavofning uch turi mavjud:
1.Qudum tavofi. Bu makkalik bo‘lishgan hojilar uchun sunnatdir.
2.Ziyorat tavofi. Bu hajning asosiy shartlaridan bo‘lib, Qurbon hayitining uch kuni mobaynida barcha hojilar tomonidan ado qilinishi shart.
3.Sadar. Bu vado tavofi bo‘lib, haj amallari tamomlangach, Ka’badan ayrilayotganida makkalik bo‘lmagan barcha hojilarga vojib tavofdir.
 
 Hajning vojiblari 
 
Hajning yigirmadan oshiq vojiblari bor. Quyidagilar shular jumlasidandir:
1.Miyqotdan boshlab ihromga kirish.
2.Qurbon hayitining birinchi kuni tong otgach, kun yorishgunicha bir lahza bo‘lsa ham, Muzdalifada turish.
3.Safodan boshlab, Marvada bitirish sharti bilan Safo bilan Marva orasida yetti marta sa’y qilish (yugurish).
Izoh: Safo bilan Marva Makka shahri ichida joylashgan bo‘lib, orasi taxminan 405 metrcha bo‘lgan ikki tepalikdir. Oralaridagi ushbu masofa bugungi kunda ikki tomoni do‘konlardan iborat ko‘chadir.
Rivoyat qilinishicha, Ibrohim, alayhissalom, xotinlari Hojar onamiz bilan o‘g‘shiari Ismoilni, alayhissalom, yegulik va suvsiz bugungi Makka shahri joylashgan vodiyga tashlab, o‘zlari Falastinga qaytadilar. Shundan so‘ng yolg‘izlik va chanqoqlikdan siqilgan Hojar onamiz biror bir kishini yoki suv topish umidida bu ikki tepalik orasida yugurib yetti marta u yoqdan-bu yoqqa borib keladilar. Haj asnosida hojilar tomonidan bajariladigan sa’y ibodati ushbu hodisadan qolgan.
4.Makkalik bo‘lmagan hojilarning vido (xayrlashuv) tavofi qilishlari.
5.Qurbon hayiti va tashriqkunlarida shaytonga tosh otish.
6.Soch oldirish yoki qisqartirish.
7.Tikilgan kiyimlarni kiymaslik yoki bosh va yuzni yopish kabi nojoiz harakatlarni qilmaslik.
Qurbonlik qilishni lozim etadigan amallar (hajning) vojiblaridir.
1.Ihromli holda qilinishi taqiqlangan barcha harakatlardan o‘zini chetga olish.
2.Ka’bani tavof qilayotganida junub va betahorat bo‘lmaslik hamda avrat joylarining yopilishi.
3.Baytni har yetti marta aylanganidan so‘ng ikki rakat namoz o‘qish.
4.Har bir tavofni Hatim deb nomlangan joyning (Ka’baning eski poydevori) orqasidan boshlash.
5.Xajarul Asvad qarshisidan boshlab, Baytullohni chap tarafida tutgan holda tavof qilish.
 
 Hajning sunnatlari 
 
Hajning sunnatlari juda ko‘p bo‘lib, asosiylari quyidagilardir:
1.Ihromga kirishdan avval g‘usl qilish.
2.Ihromga kirayotganida ihromning sunnati niyatida ikki rakat namoz o‘qish.
4.Ihromga kirgach talbiyani ko‘p aytish.
5.Makkalik bo‘lmaganlarningtavofi qudum qilishlari.
6.Tavofni ko‘p qilish. Bu tavof makkalik bo‘lmaganlar uchun nafl namozdan afzaldir.
7.Imomning hajdagi ibodat tartiblarini tushuntirish maqsadida Zulhijjaning yettinchi kuni peshindan so‘ngra, Makkada xutba o‘qishi.
8.Tarviya (Zulhijjaning sakkizinchi) kuni quyosh chiqqach, Makkadan Minoga yo‘l olish va o‘sha tun Minoda qolish.
Izoh: Mino Makkadan 6,5 km sharqda joylashgan shaharchadir. "Mino " istak, orzu degan ma’noni anglatadi. Allohning amri bilan Ibrohim, alayhissalom, o‘g‘illari Ismoilni, alayhissalom, mana shu yerda qurbonlik qilishga kirishgan edilar.
9.Zulhijjaning to‘qqizinchi kuni quyosh chiqqach, Minodan ayrilib, Arafotga chiqish.
10.Iloji boricha xushu’ bilan va yolvorgan holda, ko‘proq duo-iltijoga g‘ayrat qilish.
 
 Ihrom 
 
Ihrom muayyan (jinsiy yaqinlik, soch va tirnoq olish, xushbo‘ylanish, bosh va yuzni yopish, tikilgan kiyim kiyish, ov qilmaslik va unga undamaslik, daraxt kesmaslik kabi) narsalarni qilmaslikka azm etishdir.
Ihromning rukni talbiya aytish (Allohni ulug‘lash), sharti esa niyat qilishdir.
 
 Miyqot 
 
(Ihromsiz o‘tish mumkin bo‘lmagan joylar) Haj amallari ado etiladigan ma’lum bir vaqtlar bo‘lganidek, uni ado etish uchun yo‘lga chiqqanida ihromsiz o‘tib bo‘lmaydigan joylar ham bor. Haj va umra qilmoqchi bo‘lganlarning bu joylardan ihromsiz o‘tishlari joiz emas. Bu joylar esa quyidagilardir:
1.Madinaliklar va u yerdan kelganlar uchun Zulhulayfa.
2.Iroqliklar va u yerdan kelganlar uchun Zotu Irq.
3.Misrliklar, shomliklar va bu yo‘ldan kelganlar uchun Juhfa.
4.Najdliklar va Najd orqali kelganlar uchun Kornul Manozul.
5.Yamanliklar va Yaman orqali kelganlar uchun Yalamlam ihromga kiriladigan joylardir. Bu joylar miyqot deyiladi.
Ushbu miyqot joylariga kelmasdan avval hojilar ihromga kirishlari va hajda taqiqlangan amallarni qilishdan saqlanishlari joiz. Makkaga kirishni xohlagan, makkalik bo‘lmagan hojilarning miyqot joylaridan ihromga kirmasdan o‘tishlari joiz emas. Makkaliklarning ihromga kiradigan joyi Hilldir. Harami Sharifda o‘tirgan kishining haj uchun ihromga kiradigan joyi Harami-Sharif, umra uchun esa, Hilldir.
 
«Nurul izoh»dan