Нималар олиб келдингиз, ҳожилар?

Рукн: Ислом ва иймон Чоп этилган: 10.12.2014

Мана, ниҳоят, ҳаж мавсуми ҳам якунланиб, муборак сафарга кетган ҳамюртларимиз бирин-кетин қайта бошладилар. Шу ўринда барчамизга жуда яхши таниш ва табиий туюладиган бир ҳолатга эътибор қаратмоқчимиз. Сир эмас, ҳажга кетганларнинг оила-аъзолари, қариндош-уруғ ва яқинлари ҳожилар қайтадиган маҳални, айниқса, бошқача интиқ бўлиб кутишади.

Барчанинг кўнглида бир ширин савол айланади: “Менга нима олиб келар экан?” Баъзилари ҳатто кузатар чоғи “Менга фалон нарса олиб келинг”, дея буюртма ҳам беришган. Энди ўша совғанинг келишини интиқ бўлиб кутишади. Бунинг нимаси ёмон, дейишингиз мумкин. Гап шундаки, бу ҳолат ҳажга кетганларнинг кўп вақтини аксар одамларнинг умрида бир марта бериладиган фурсатни ғанимат билиб, мўл-мўл ибодатлар қилиб қолиш ўрнига, бозорлару дўконларда совға излаб изғишга мажбур қилади. Сабабини сўрасангиз оиласи, фарзандлари уни кутиб тургани, зиёратга келган қуда-анда, дўсту ёрни қуруқ кузатиб бўлмаслигини рўкач қилади.

Ахир, Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилиб турган, ҳиммати жўш уриб турган палла, таъбир жоиз бўлса, мавсумий марҳамат бозоридан кўнглимизни тўлдириб қайтганимиз маъқул эмасмиди? Беадад шукр, ўша ерда сотиладиган ҳамма нарса ўз юртимизда ҳам бор, ҳам арзонроққа топилади. Сўзимизни қуйидаги воқеа билан якунлаймиз, хулоса чиқариш эса, ўзингизга қолсин.

Машҳур олимлардан бири ҳаж сафаридан қайтганларни зиёрат қилаётиб, уларга ҳар бир мўминнинг кўнглини орзиқтирадиган бир қанча саволларни берган экан: «Ҳаж зиёратини адо этиб қайтдингиз. Макканинг маънавий бозоридан кўнглингизни нималар билан тўлдириб қайтдингиз? Олиб келган дўппиларингиз, тасбеҳу жойнамозларингиз вақт ўтиши билан эскиради, йўқ бўлиб кетади. Мадинанинг кўнгилларга ифор берадиган маънавий ҳадяларидан олиб келдингизми? Ҳадяларингиз орасида Абу Бакрнинг садоқати, Умарнинг адолати, Усмоннинг ҳаё ва иффати, Алининг шижоати ва ибодатидан бир шингил борми? Кўнглингиз бугун дунё ташвишларидан чарчаган ва зирқираб оғриётган хаста қалблар учун Саодат асри ҳаяжонидан бирор нарса бера оладими?»

Нўмон Абдулмажид

* * *

Mana, nihoyat, haj mavsumi ham yakunlanib, muborak safarga ketgan hamyurtlarimiz birin-ketin qayta boshladilar. Shu o‘rinda barchamizga juda yaxshi tanish va tabiiy tuyuladigan bir holatga e’tibor qaratmoqchimiz. Sir emas, hajga ketganlarning oila-a’zolari, qarindosh-urug‘ va yaqinlari hojilar qaytadigan mahalni, ayniqsa, boshqacha intiq bo‘lib kutishadi.

Barchaning ko‘nglida bir shirin savol aylanadi: “Menga nima olib kelar ekan?” Ba’zilari hatto kuzatar chog‘i “Menga falon narsa olib keling”, deya buyurtma ham berishgan. Endi o‘sha sovg‘aning kelishini intiq bo‘lib kutishadi. Buning nimasi yomon, deyishingiz mumkin. Gap shundaki, bu holat hajga ketganlarning ko‘p vaqtini aksar odamlarning umrida bir marta beriladigan fursatni g‘animat bilib, mo‘l-mo‘l ibodatlar qilib qolish o‘rniga, bozorlaru do‘konlarda sovg‘a izlab izg‘ishga majbur qiladi. Sababini so‘rasangiz oilasi, farzandlari uni kutib turgani, ziyoratga kelgan quda-anda, do‘stu yorni quruq kuzatib bo‘lmasligini ro‘kach qiladi.

Axir, Alloh taoloning rahmati yog‘ilib turgan, himmati jo‘sh urib turgan palla, ta’bir joiz bo‘lsa, mavsumiy marhamat bozoridan ko‘nglimizni to‘ldirib qaytganimiz ma’qul emasmidi? Beadad shukr, o‘sha yerda sotiladigan hamma narsa o‘z yurtimizda ham bor, ham arzonroqqa topiladi. So‘zimizni quyidagi voqea bilan yakunlaymiz, xulosa chiqarish esa, o‘zingizga qolsin.

Mashhur olimlardan biri haj safaridan qaytganlarni ziyorat qilayotib, ularga har bir mo‘minning ko‘nglini orziqtiradigan bir qancha savollarni bergan ekan: «Haj ziyoratini ado etib qaytdingiz. Makkaning ma’naviy bozoridan ko‘nglingizni nimalar bilan to‘ldirib qaytdingiz? Olib kelgan do‘ppilaringiz, tasbehu joynamozlaringiz vaqt o‘tishi bilan eskiradi, yo‘q bo‘lib ketadi. Madinaning ko‘ngillarga ifor beradigan ma’naviy hadyalaridan olib keldingizmi? Hadyalaringiz orasida Abu Bakrning sadoqati, Umarning adolati, Usmonning hayo va iffati, Alining shijoati va ibodatidan bir shingil bormi? Ko‘nglingiz bugun dunyo tashvishlaridan charchagan va zirqirab og‘riyotgan xasta qalblar uchun Saodat asri hayajonidan biror narsa bera oladimi?»

No‘mon Abdulmajid