Тавбага шошилинг!

Рукн: Ислом ва иймон Чоп этилган: 06.06.2017

Аллоҳ таолонинг қуйидаги амрини Ҳазрат Пайғамбаримиз нақл этадилар:
 «Эй Одам ўғли! Ичингда тавба қилишдан гапирасан, ўйлайсан, ният ҳам қиласан, аммо қачон тавба қиласан? Нега унинг вақтини кечиктирасан? Охиратга ишонасан, лекин нима учун охират учун ҳаракат қилишни орқага сурасан?»

Биз ҳаммамиз Одам алайҳиссалом авлодларидан бўлганлигимиздан, бу хитоб ҳаммамизга тегишли. Бинобарин, бу савол ҳар биримизни жиддий ўйлантириши лозим. Лекин яхши нияти бору уни амалга оширишга ҳаракат қилмаётган одамлар бу савол ҳақида янада кўпроқ бош қотирсинлар. Кўпинча одамлар «Менинг кўнглим тоза, ниятим пок. Асосийси – шу. Қолган ишлар – тавба, намоз, рўза—иккинчи даражали нарсалар. Ҳа, энди, эртами-кечми, булар ҳам амалга ошиб қолар», – деб ўзларини юпатиб юрадилар. Ўз-ўзингизга, нафсингизга алданиб қолманг, биродар! Агар яхши нияту кўнгил поклигининг ўзи етарли бўлсайди, Аллоҳ бизлардан яхши ниятларингни қачон амалга оширасан, қачон астойдил тавба қиласан, деб сўрамаган бўларди.

Масалан, бир киши ҳажга кетмоқчи. Лекин, «Бир озгина вақт ўтсин, ҳали эрта, қариганда бораман», – дейди. Намоз ўқимоқчи ёки бирор савобли иш қилмоқчи, лекин, «Бир оз вақт ўтсин, бола-чақамни уйли-жойли қилиб олай, ёшим кексайсин», – дейди. Аслида эса инсон ҳар қандай яхши, хайрли ишни ўз вақтида бажаришга ҳаракат қилиши керак! Балки, хайрли ишни кечиктириш мумкиндир, лекин тавба қилишни кечиктириш катта фожеадир. Баъзи инсонлар «Бир озгина вақт ўтсин, қирқ ёшдан-эллик ёшдан ўтай, шундоқ бўлсин, бундоқ бўлсин» – деб яна узоқ бир муддатни кўзлаб юрадилар. Худди мана шу кечиктиришга тасвиф дейилади.

Бир биродарим бор эди. Ўзи ҳар жиҳатдан ақлли. Ҳаттоки, фан номзоди. Суҳбатлашиб қолсангиз, унинг мусулмонлигига ҳеч шубҳа қилмайсиз. Лекин намоз ўқимайди.
«Қани, намозни бошла энди!» – десангиз.
«Бир оз вақт ўтсин, бошлайман, домла! Хатоларимни биламан, камчилигимни тушунаман», деб ерга қарайди.
«Билсанг, бошла!»
«Бошлайман ўқишни...»

Худди мана шу бошлайман дейиш тасвиф деб аталади. Бу тасвиф шайтоннинг ўйин-ҳийлаларидан бири. Чунки Шайтон инсонни хайрли ишлар қилишдан қайтаришга ҳаракат қилади. Аксинча, ёмонлик қилдиришни хоҳлайди. Ёмонлик қилдира олмаса, яхшиликни қилдирмасликка ҳаракат қилади. Яхшилик қилишдан тўхтата олмаса, ҳеч бўлмаса уни кечиктиришга ҳаракат қилади. «Қиласан-да шу ишни, дўстим, лекин бир озгина сабр қил! Бир неча йил ўтсин...» каби сохта таскинлар билан уни ортга қолдириб бораверади.

Тавба бу – ҳаётнинг энг аҳамиятли иши. Тавба бу – Аллоҳ таолонинг йўлига қайтиш дегани. Одамлар тавбани қўлига тасбеҳ олиб, «Астағфируллоҳ! Тавба, эй Аллоҳ! Тавба қилдим, эй Аллоҳ!» – деб айтишдангина иборат деб тушунадилар. Ундай эмас. Тавба бу - Аллоҳ йўлига кириш, Аллоҳ яхши кўрган бир қул бўлиш.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Куфа масжидларидан бирига кирибдилар. У ерда бир киши масжиднинг бурчагида ўтириб тавба қилаётган эмиш: «Тавба, ё Раббий! Астағфируллоҳал азим ва атубу илайҳ...» Шунда Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу унинг ёнига бориб, ««Эй биродар! Фақатгина тили билан «Астағфируллоҳ, тавба» дейиш ёлғончиларнинг тавбасидир», – дебдилар.

Тавбанинг моҳияти шундаки, агар инсон нотўғри йўлда бўлса, тўғри йўлга киради. Намоз ўқимаётган бўлса, намоз ўқийди, рўза тутмаётган бўлса, рўза тутади, ёмон ахлоқлари бўлса, уларни тарк этади. Аллоҳ таолонинг амрларини бажармаётган бўлса, бажаришга ҳаракат қилади... Яъни ҳақиқий қайтиш қилади. Буни кўрган кишилар: «Бу одам ўзгарди, ёмон йўлдан қайтди», – дейдилар.

Кимдир қайтишни, ўзгаришни хоҳламоқда-ю, лекин бу ишни кечиктирмоқда. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло: «Тавба қилишни хоҳлайсан-у, аммо қачонгача уни кечиктирасан?» – деб сўрамоқда. Шу боис Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қиладилар:

«Ўлимдан олдин тавбага шошилинглар». Қара, ўлим бирданига келади, қачон жон беришинг маълум эмас. Ҳар хил нохуш ҳодисалар, турли хасталиклар бор. Ёшни ҳам олиб кетади, қарини ҳам. Касал ўрнида ётаверади, аммо унга қараб турган қаровчиси кетади. Боласи ўлади, отаси қолади. Аллоҳнинг ишини билиш қийин! Шунинг учун ҳам ўлим келмасдан бурун тавба қилиш керак!»

Ҳадиси шарифда «Ўзинг ҳам охиратни талаб қиласан, яъни жаннатга киришни хоҳлайсан-у, қани амали солиҳинг, қани қилган хайру эҳсонларинг, ибодатларинг? Жаннатни хоҳлайсан-у, жаннатий амалларни қилмайсан. Ҳали ҳам бошламагансан. Қачонгача буни кечиктирасан?» – деб айтилмоқда.

«Эй Одам ўғли! Нима қилмоқдасан ўзи?.. Обидларнинг сўзини гапиряпсан, аммо ўзинг мунофиқларнинг ишини қиляпсан?» Одамларнинг гаплари чиройли бўлади. Шунинг учун эскилар шундай деганлар:

«Насиҳат қилиш осон, уни қабул қилиш эса мушкул». Аммо яхши насиҳатни эшитиш биланоқ қабул қилиш керак. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам давридаги саҳобийлар яхши бир сўзни эшитишлари биланоқ қабул этар ва унга амал қилар эдилар. Бу замоннинг одамлари эса насиҳатни эшитадилар, уни қирқ маротаба тушуниб, ҳақли эканлигини билиб ҳам унга амал қилмай юраверадилар.

«Ичкилик ҳаромдир» ояти тушиши биланоқ Мадинада кимнинг уйида ичкилик бўлса, дарҳол кўчага олиб чиқиб, тўкиб ташладилар. Кўчаларда ароқ селдек оқди. Нега шундай қилдилар? Оят нозил бўлгани учун, албатта. Ҳозир одамларнинг отаси мусулмон, онаси мусулмон, боласи эса ичкиликка берилган, ташламайди. Ичкилик – гуноҳ дейсиз, барибир ичаверади. Аммо ўзи насиҳат қилади: бошқасини олдига ўтқазиб олиб: «Сигарет чекма!» – дейди-ю, ўзининг киссасида сигарет турибди. Қаршисидагига тўғрисини гапирмоқда, лекин ўзи тескарисини бажармоқда.

Обидларнинг гапини гапириб, мунофиқларнинг ҳаётини яшамоқда. Мунофиқнинг бош сифати нима? Мунофиқ – ёлғон гапиради, ваъдасида турмайди, омонатга хиёнат қилади, яъни, ишончсиз бир инсон. Сўзи бошқа, иши бошқа. Мўъмин эса бундай эмас: унинг иши соғлом, сўзида содиқ турадиган ишончли кишидир.

Бир киши Истанбулдаги бир дўстимизнинг муборак оталаридан – (У муборак зот вафот этдилар. Аллоҳ рози бўлсин. Меросини ўғли дарҳол жомеъ қуришга сарф қилди). – «Ҳожи ота, анчагина эҳтиёжим бор, қарз бериб турсангиз менга», – деб айтибди. «Болам, касса у ерда! Бориб қанча қарз керак бўлса, олинг!» – деб юборибди. Ўзи ҳатто кассасининг олдига бормаган ҳам. У эса, бориб қанча керак бўлса олибди. Маълум бир вақтдан кейин келибди ва «Ҳожи ота, биласизми, мен сиздан бир вақтлар қарз олган эдим, ўшани олиб келдим», – деб айтибди. «Ўғлим, касса ўша ерда! Олиб бориб қўйгин у ерга!» – деб жўнатибди. Ана шу отахон бир куни ўғлининг ишхонасига келибди. Қараса, столнинг устида ҳар хил қоғозлар, фактуралар, векселлар, «Булар нима ўзи?» – деб сўрабди. «Имзоли векселлар?..» «Вой, вой, вой! Ишларимиз шундай қоғозларга қолдими энди! Бизнинг даврларимизда бир оғизгина сўз билан дўкондаги бутун молларни жўнатар эдик, у ҳам бизга ўз ҳаққини белгиланган миқдорда берар эди», – деб айблабдилар.

Ҳожи ота эски замон одами бўлганлари учун бу замонни айбламоқдалар. Инсонлар мўминликни ташлаб, мунофиқлашдилар. Инсон сўзида турмайдиган бўлиб қолди. Ва бу ҳол кўпчилик учун оддий, одатий бир нарсага айланди. Ҳаттоки, кўпгина намозхон биродарларимиз ҳам бу қусурдан холи эмаслар. Бир жойда деворга шундай ҳадиси шариф ёзилган экан: «Бир кишининг намоз ўқиши, рўза тутишига қараб алданиб қолмагин. Муомаласига қарагин-чи, қандай экан? Иши қандай? Рўза ҳам тутмоқда, намоз ҳам ўқимоқда, лекин, иши тескари, эгри бўлмоқда, ёмон ҳийлали, бузуқ, ёлғон бўлмоқда».

Чаноққалъада биров билан гаплашиб қолдик. У киши бизга: “Бу ерда табаррук чолу кампир яшашади. Жуда ҳам диндор, яхши инсонлар», – деб айтдилар. Мен шуларни бир зиёрат қиламан деб қарор қилдим ва бирга бордим. Уйлари йўқ, усти тунукадан беркитилган бир кулбада яшамоқдалар. Шунчалик торки, фақат бир ўриндиқ сиғади, холос. Чолу кампир ўша ерда яшайдилар. Ё Аллоҳ, хотин шундай ҳам мамнунки, оғзи дуода, ширин сўзли... «Астағфируллоҳ, шу неъматларни қаранг!», «Шу ҳолимизга қаранг!» – демоқда. Оёқда туриб бўлмайдиган, сандиқдек кулба ичидаги бу бечора қарияларнинг ҳолини кўриб уялдим, мен уялиб кетдим. «Шу ҳолимизга шукр бўлсин». “Шу неъматларни бизга бериб қўйган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин... Биз киммиз ўзи, бизни зиёрат қилишга келибсизлар, зиёратга ярамаймиз?» – деб айтмоқдалар.

Қаноат, кўнгил бойлиги инсонни ана шундай бахтли қилади. Агар берилган неъматларга нисбатан қаноатсизлик мавжуд бўлса, у инсонни жуда ҳам беҳузур қилади. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, қорнимиз тўқ, устимиз бут... Алҳамдулиллоҳ, шукр қиладиган қанчадан-қанча неъматлар бор. Кўзимиз кўради, қулоғимиз эшитади, ақлимиз ишлайди.

Инсон берилган неъмат қадрини билиб, унга қаноат қилиши лозим! Ҳар бир кишининг бошига турли балолар келиши мумкин. Сабр қилиши керак. Чунки балоларга пайғамбарлар ҳам сабр қилдилар.

«Инсонларни яхшиликка буюрасан, ўзинг эса қилмайсан. Ёмонликни қилмангиз, дейсан-у, ўзинг бажараверасан! Бундай бўлмайди!»
«Солиҳ бандаларни севасан, аммо улардан эмассан! Мунофиқларга нафрат қиласан-у, уларнинг сифати эса сенда ҳам бор! Бундай бўлмайди, эй Одам ўғли!» – деб айтмоқда Раббимиз ҳаммамизга умумий қилиб. Табиийки, умумий қилиб айтилган сўзлардан ҳар бир киши ўз ҳиссасини олаверади.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки: «Мунофиқларнинг сифатлари бор. Агар бир инсонда бу сифатларнинг ҳаммаси мавжуд бўлса, холису мухлис киши ҳам мунофиқ бўлади қолади. Агар бу сифатлардан биттаси мавжуд бўлса, мунофиқликдан бир парчаси бўлган бўлади». Шунинг учун ҳам инсонда бунга ўхшаш нарсалар бор бўлса, уларни тарк этиши лозим!

Ёш болага: «Болам, тўғрисўз бўлгин, ёлғон гапирма!» – деймиз. Бир оздан кейин телефон жирингласа, «Уйда йўқ, деб айт», – деб буюрамиз. Хўп, энди нима бўлди? Ёлғон гапирма, деб айтган эдингиз-ку? Бола буни жуда яхши тушунади: «Ота, сиз менга ёлғон гапирма демаганмидингиз?» – дейди. «Дада, шундай ҳам бўладими? Онажон, бундай нарса ҳам бўладими?» – деб таажжубланади. Улар эса: «Жим тур, сен гапирма!» – дейдилар. Лекин нега бола гапирмасин. Бу ерда у ҳақ, катталарнинг ўзлари ноҳақ.
Яхшиликка буюрган киши унга аввало ўзи риоя қилиши лозим! Шундагина сўзининг таъсири кучли бўлади.

Бир кун Абдулқодир Гилоний ҳазратлари ваъз ўқиш учун хутбага чиқибдилар. Аъузу басмалани айтиб, ваъзларини оддий сўзлар билан бошлабдилар: «Уйда эдим, хонимим ундай қилди, бундай қилди...» – деб. Ҳали маърузанинг асосий мавзусига кирмасдан, одамларнинг кўзларидан ёшлар оқа бошлабди.

Ўғли: «Мен ҳам курсининг устига чиқиб, шундай нарсаларни айтаманки...» – дебди. Отаси унинг қандай ҳолатда эканлигини дарҳол тушунибди. «Хўп, бу ҳафта сен ваъз ўқийсан», – дебди. У ҳам яхшилаб тайёргарлик кўрибди. Одамлар эшитибдилар, лекин на бир ҳаяжон, на бошқа бирор нарса бор... Нега шундай бўлди? Чунки отасининг сўзлари ҳаётий бўлганлигидан таъсирли эди. Лекин баландпарвоз сўзлар, ҳаяжонли ўхшатишлар билан гапирса-да, агар ўзи уни амалда қилмаса энг ибратли сўзнинг ҳам таъсири бўлмайди.

Инсон бирор яхшиликни айтишдан олдин, аввало ўзи уни амалга оширишга ҳаракат қилиши керак! Солиҳларни севса, улардан бўлишга ҳаракат қилиши керак мунофиқларни севмаса, улардан йироқлашишга ҳаракат қилиши лозим!

Мунофиқларнинг ҳолати қандай? Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эркаклар бомдод ва хуфтон намозларини масжидда ўқишликка ҳаракат қилсинлар, бунга аҳамият берсинлар. Чунки мунофиқлар бу икки намозга келмайдилар!» – деб айтадилар. Демак, бирор киши бомдод ва хуфтон намозларини ўқиш учун масжидга чиқа олмаса, бундан ташвишга тушиб, «Эй воҳ! Менда мунофиқларнинг ҳолати бор экан, уларга ўхшаб уйда ўтиришим керакми?» – деб шошилиб масжидга чиқиши керак. Модомики, мунофиқларни севмас эканмиз, у ҳолда, улардаги бирор сифатнинг ўзимизда бўлмаслиги учун ҳаракат қилишимиз керак. Модомики, солиҳларни севар эканмиз, улардек бўлиш учун интилишимиз лозим.

Биз муборак инсонларнинг маноқибларини, ҳаётларини ўқишда жуда катта фойда борлигини кўрдик. Чунки инсон фарзанди, яхши инсонлардан, диндор кишилардан ибрат олишга интилади, ҳавас қилади.

Ҳазрати Ойишаи Сиддиқа волидамиз уйларига келган ҳамма нарсани кечгача мискин-бечораларга тарқатиб юборибдилар. Шом намозига азон айтилибди, ҳаммалари рўзадор эканлар, хизматчиси чидай олмасдан:
«Эй мўъминларнинг онаси, бизга ҳам бироз ажратсангиз эди. Ҳаммага бердингиз, лекин ўзингиз ҳам рўзадорсиз. Қуруқ нон ва хурмодан бошқа ҳеч нарсамиз йўқ!» – дебди.

«Вақтлироқ айтганингда буни ҳам бажарган бўлардим. Ақлимга келмабди», – деб жавоб берибдилар.
Солиҳ инсонларнинг ҳолига қаранг: улар қандай хайру ҳасанот бермоқдалар!

Ҳазрати Али оилалари билан бирга ифторликка ўтирибдилар. Шу пайт бир мискин кириб қолибди ва «Аллоҳ ризоси учун бирор нарса берсангиз, қорним оч», – деб сўрабди. Шунда улар ўзлари ейдиган таомларни берибдилар ва ўзлари оч қолибдилар. Сабр қиламиз дебдилар, эртасига яна рўза тутиш учун ният қилибдилар ва оч рўза тутибдилар.

Эртаси кун овқатни тайёрлаб, дастурхонга олиб келибдилар ва яна ўша вақтда эшик тақиллабди. Бир етим келиб: «Оч қолдик, ейдиган бирор нарса бўлса беринглар!» – деб сўрабди. Иккиланмасдан, насибаларини унга берибдилар.

Учинчи кун оч ҳолларида яна рўзани давом эттирибдилар. Дастурхон атрофида ўтирганларида бу сафар бир асир келиб қолибди. «Оч қолдик, бирор нарса беринг!» – деб сўраган экан, дарҳол берибдилар.

Оят нозил бўлибди:
«Ва таомни суйиб-хоҳлаб турсалар-да, (ўзлари емасдан) мискин, етим ва асирларни таомлантирурлар» – ояти каримаси Ҳазрати Алининг бу саховати ҳақида тушгандир.

Ва бундай сахий инсонлар шундай дейдилар:
«(Улар айтурлар): Бизлар сизларни ёлғиз Аллоҳнинг юзидан таомлантирурмиз. Сизлардан (бу ишимиз учун) бирон мукофот ва миннатдорчилик истамасмиз – кутмасмиз». Эвазига молу дунё ҳам истамаймиз, шукр ҳам хоҳламаймиз. Қилганларимиз фақат Аллоҳ ризоси учун, холос.

Бундай ибратли воқеаларни эшитган кишилар муборак зотларга ҳавас қилиб, уларга ўхшашга интиладилар. Шунинг учун ҳам солиҳлар ҳаёти ҳақида ўқиш ва улардек бўлиш учун ҳаракат қилиш лозим.

«Эй Одам фарзанди! Бажара олмайдиган ишларингни гапирасан ва буюрилмаган ишларни бажарасан».

Бу ерда одам фарзандининг икки қусури айтилмоқда:
Баъзи кишилар тушуниб-тушунмай, ундай қиламан-бундай қиламан деб, кўп нарсани тилига олади. Бажара олмайдиганини гапириш тўғри эмас. Уддасидан чиқадиган даражада гапириб, айтган сўзига содиқ қолиши лозим. Буюрилмаган ишларни эса бажармаслик лозим.

«Буюрилмаган ишларни бажарасан!» Ўйлаб кўринг-а! Қилаётган барча ишларимиз Аллоҳнинг амрими?.. Ишларимизнинг қанчаси Аллоҳнинг амри ёки Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мос?

«Бир кишида ҳақинг бўлса, уни олишга ҳаракат қиласан, аммо бировнинг ҳақи сенда бўлса, уни қайтаришдан қочасан!»

Мерос тақсимланар экан, фалончининг бу меросда ҳақи бор. Шаръий нуқтаи назардан қараганда вафот этган аёл меросида эркак жиянларининг ҳақи бор. Аммо бугунги қонунларга кўра ҳақи йўқ. Онадан қолган меросни икки қиз ўзаро бўлишиб оладилар. Аммо Қуръони каримда буюрилишига кўра фақат иккови эмас, балки эркак жиянлари ҳам улуш олишлари лозим. Булар нима қиляптилар? Ҳақини бермаяптилар? Бориб айтсанг, буни қаердан олдинг, деб жанжал қиладилар. Буни мен ўйлаб топганим йўқ, ахир бу Аллоҳнинг амри-ку! Беришинг керак!

«Ўз ҳақингни тийинигача олмагунча қўймайсан. Аммо бошқаларнинг ҳақини бермаяпсан, эй одам боласи». Аввал игнани ўзингга санч. Бир киши ҳақингни бермаса, қанчалик жаҳлинг чиқади!.. Ўртага адвокат соласан. Ундай бўлса, сен ҳам бошқаларнинг ҳақини тўлиқ бер!

«Ҳеч бир янги кун йўқки, ер юзи, тупроқ, мана шу ер сенга қуйидагича хитоб қилмаса: Эй, Одам ўғли! Ҳозир устимда юрибсан, бир вақт келиб ичимга кирасан! Сени қора тупроққа кўмадилар. Ҳозир кулиб юрибсан, лекин эртага гўштингни, суягингни қуртлар ейди».

«Қабр ҳам инсонга шундай хитоб қилар экан: Эй инсон боласи, Мен савол-жавоб қилинадиган манзилман, диққат қил. Қабрда «Раббинг ким?.. Пайғамбаринг ким?.. Дининг нима?.. Китобинг қайси?.. Қибланг қаер?..» деган савол-жавоблар бўлади».

«Ёлғиз ўзинг қоладиган жойман. Ёнингда дўстинг, ёрдамчинг, йўлдошинг бўлмайдиган жойман». Инсон қабрга қўйилгач, ўзи ёлғиз қолади, шунда унинг йўлдоши кимлар бўлади? Барча қилган ибодатлари, амали-солиҳлари йўлдош бўлади. Намози бир тарафида, рўзаси иккинчи тарафида, қилган ҳажи, ўқиган тиловатлари, зикрлари, хайру-ҳасанотлари бир томонида уни қўриқлайдилар...

Бир ҳадиси шарифда шундай айтилади: Лаҳадга қўйилган инсон вужудидан нур таралиб турган нуроний, муборак, севимли чеҳрали бир инсонни қаршисида кўриши билан ундан сўрар экан:
«Сен кимсан, эй муборак зот? Мен қабрда ёлғиз бошим билан шундай қўрқиб турган бир пайтимда сени кўриб турибман. Сенинг юзинг жуда ҳам нурли, жуда ҳам севимли, сен кимсан ўзи?»
У шундай жавоб берар экан:
«Мен сен ўқиган «Таборак» сурасиман! Аллоҳ менга бу суратни бериб, сенинг ёнингга йўлдош қилиб жўнатди!»
Амалларимиз, тоат ибодатларимиз бизга йўлдош бўлади қабрда. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифнинг охирида Аллоҳ таолонинг шу амрлари жой олган:
«У ҳолда, мени маъмур қилишга ҳаракат қил, эй Одам ўғли! Мени хароб-вайрон қилма, бузмагин!»

Қабр ибодат билан таъмир қилинади. Гуноҳлар билан хароб қилинади. Инсон қабрининг маъмур этишлиги хайру эҳсонларни бажариши, хароб этиши эса, гуноҳлар содир этиши билан бўлади. Шундай экан, инсон умри бўйи қабрини таъмир қилиш учун ҳаракат қилиши лозим.

Бу ҳадиси шариф Аллоҳ таолонинг биз инсонларга хитоби. Ундан келиб чиқадиган сабоқлар шулардир: Тавбани – Аллоҳга қайтишни кечиктирмаслик керак. Модомики, охиратни севар ва жаннат учун иш қилар эканмиз, сўзимиз аҳволимизга уйғун бўлсин, ишларимиз мунофиқу кофирларнинг ишларига ўхшамасин!

Мен бозорни айландим: ўзимиздаги мусулмон ота-боболаримиз аёл-қизларимиз қаердаю, бугунги ярим-ялонғоч хотинлар қаерда! Ҳозир-ку бу ер бироз совуқ – 0 градус атрофида, бироз қор бор. Лекин ҳозир сен бориб Анталияни кўр! Қани бор, ёз кунида Анталияда кеза оласанми?

Бизнинг бир биродаримиз Анталиянинг асл оилаларидан эди. Ўзи Америкадан келган, молу дунёси бор. Чиройли бир уй қурдирибдилар. Қарабдиларки, фарзандлари қўлдан кета бошлабди, имонлари кета бошлабди! Уйни ҳам, Анталияни ҳам ташлаб, қочиб кетибдилар. Нима учун? Чунки бу туристларнинг дастидан яшайдиган ҳоллари ҳам қолмади.

Туристларни бир четга қўйиб тур, ўзимизнинг аҳоли улардан ҳам баттар бўлган? Ажнабийлардек кийиняптилар, тараняптилар, бўяняптилар, безаняптилар, хуллас улар каби яшамоқдалар... Намоз йўқ, таҳорат йўқ, ғусл йўқ, ибодат йўқ, инсоф йўқ, ҳаром-ҳалолнинг фарқи йўқ...

«Менинг онам намозни бошламоқчи, лекин ўқишга тили келишмаяпти», – деб айтадилар. Бу ёшга келиб, катта хотин бўлибди, лекин оддий нарсаларни ҳам билмайди. Охири айтдим: «Кичкина болаларга ўргатиладиган «Инна аътайна»ни, «Қулҳуваллоҳу аҳад»ни ўргансин ва намозларни улар билан ўқисин». Ҳолимизга қаранг!

Аллоҳнинг берган неъматларига қаноат қиламиз! Бошимизга Аллоҳнинг имтиҳони юборилса, унга сабр этамиз! Бу имтиҳон касаллик, фақирлик, камчилик ва бошқалар бўлиши мумкин. Ҳаммасига сабр қиламиз!

Бизнинг университетдаги талабаларимиз орасида бир қиз бўларди. Турмушга чиқди, жуда кўркам фарзанд кўрди. Ҳақиқатан ҳам ойдек бир чақалоқ эди. Жуда севинган эдилар. Касалликлари бор экан, бола бироз қийинчилик билан туғилибди... Бир ҳафтадан кейин Аллоҳ болани олди. Начора берган ҳам Аллоҳ, олган ҳам Аллоҳ. Сабрдан бўлак иложимиз йўқ.

Қиз эса Аллоҳга қандай ҳақоратомуз сўзларни гапирмади, дейсиз! Мени юрагим ёрилаёзди, қўрқиб кетдим. У эса жинни бўлиб қолди, ақли бошидан учди. Нима ҳам қилардик, Худонинг тақдири экан. Берган ҳам Аллоҳ, олган ҳам Аллоҳ... Сабрни ўрган!

Бизнинг қишлоқдаги масжиднинг бир имоми бўлган экан. Фарзанд кўрар экан-у, бир оз муддатдан кейин вафот қилаверар экан. Баъзан қон қуйилиши ва шунга ўхшаш сабаблар билан ўлаверган. Бундан ғам чеккан домла шундай йиғлар эканки, шундайин кўз ёши тўкар эканки! Бир нечта боласи шундай бўлиб ўлиб кетибди. Бир кун қишлоққа олим, фозил, ёши каттароқ бир киши келибди. Худди ўша вақтда домланинг яна битта боласи вафот этган экан. Имом домланинг йиғлаб-йиғлаб қийналганини кўриб, «Ие, сен домласан, қани, ўтир бу ерга!» – деб ўтқизибди.

«Сенга бу фарзандларни ким беряпти?»
«Албатта, Аллоҳ беряпти».
«Хўп, бу фарзандларни сендан ким оляпти?»
«Аллоҳ олмоқда».
«Сенга нима бўляпти ўзи? Сабр қил! Имом домла ҳам шундай бўладими, мардлик ҳам шундай бўладими? Аллоҳнинг имтиҳонига сабр кўрсат!» – деб айтибди.
У ҳам «Хўб бўлади!» – деб сўз берибди ва сабр қилибди. Кейинги туғилган боласи ўлмабди. Имтиҳонни қаранг!

Шунинг учун ҳам Аллоҳдан офият истаймиз. Аллоҳ дунёда ҳам, охиратда ҳам офият берсин ҳаммамизга! Ҳамма кунларингиз хуш бўлсин, ҳамма ишларингиз рост келсин! Агарда шундай бўлмаса-чи? Сабр қилиш керак! Ҳамма вақт ҳам ёз бўлавермайди, баъзан қор ҳам ёғади. Ҳамма вақт ҳам тўқчилик бўлавермайди, баъзан йўқчилик ҳам бўлади. Ҳамма вақт ҳам саломатлик бўлавермайди, баъзан касаллик ҳам бўлади. Сабр қилинг!

Яхши мусулмон сабр қилади, овозини чиқармайди, ғиқ этмайди. Аллоҳдан келганини билади, сабр қилади. Сабр қилиб савоб топади. Инсон иккита нарсадан савоб топади:
1. Мусибат келса, сабр қилади, савоб топади.
2. Неъмат келса, шукр қилади, савоб топади.

Бир шукрдан савоб топади, бир сабрдан. Агар неъмат келса-ю, шукр қилмаса, савоб топмайди, гуноҳга ботади. Имтиҳон келган вақтда сабр қилмаса, ҳам келган нарсанинг аччиғини тотади ва сабр қилмаганлиги сабабли савобни ҳам қочиради, гуноҳга ҳам ботиб қолиши мумкин.

Бир хотин сочларини юлиб-юмдалаб, бақириб-чақириб йиғлаётган экан. Буни кўрган Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ёнига бориб, «Эй хотин, сабрли бўл! Аллоҳнинг тақдири, нима ҳам қилардик! Бошингга нима келган бўлса, келгандир, сабрли бўл!» – деб буюрибдилар.

Хотин кўзини юмибди, оғзини очибди: «Сен менинг бошимга нима келганини билармидинг ўзи?» – деб бир қанча сўзларни гапирибди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам қарабдиларки, хотиннинг одоби нуқсонли, дарҳол ундан узоқлашибдилар.

Орқаларидан келаётган саҳобалардан бири хотиннинг ёнига бориб: «Эй хотин! Сен билан гаплашган одамнинг ким эканлигини биласанми ўзи?!» – деб сўрабди.
«Йўқ билмайман», – дебди хотин.
«У зот Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам эдилар», – дебди.
«Шундайми?» деб ҳалиги аёл орқаларидан югурибди: «Ё Расулуллоҳ! Мен сизни танимадим. Мени авф этинг!» – деб кечирим сўрабди.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам буюрибдиларки:
«Сабр энг бошида бўлади. Энди сабр қилсанг ҳам қиймати йўқ!» Шунинг учун ўзини дарҳол қўлга олиб сабр қилган инсон савоб топади. Дарров сабр қилмаса, савобни бой беради.

Инсонларга хайрли ишларни тавсия қилиш яхши нарса, аммо бу хайрли ишларни биз ўзимиз биринчи бўлиб бошлашимиз керак. Ёмонлик қилма деб айтиш, яъни наҳйи анил мункар фарздир, демак буни ҳам биринчи ўзимиз бажарамиз, яъни ҳеч кимга ҳеч қачон ёмонлик қилмаймиз. Солиҳларни севмоқчи бўлсак, улардек бўлишга интиламиз. Мунофиқларга, кофирларга аччиқлансак, улардек бўлмасликка ҳаракат қиламиз. Уларга нисбатан хилоф иш қиламиз. Урф-одатларни асло бажармаймиз.

Инсон бажара олмайдиган ишларига сўз бермаслиги лозим! Катта-катта гап гапирмаслиги керак! Аллоҳ буюрмаган ва Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия этмаган ишни ҳам бажармаслиги керак! Ҳар бир ишни Аллоҳ ризоси учун бажариши, «Аллоҳ менга нимани буюрган бўлса, ўшани бажараман!» – деб эрталабдан ниятни тўғри белгилаши лозим! Ҳаётини доимо Аллоҳ ва Расулининг буюрганларини бажариш билан ўтказишга ҳаракат қилиши лозим.

Агар бировнинг кимдадир ҳаққи бўлса ва уни олишни қанчалик хоҳласа, демак ўзи ҳам бошқаларнинг ҳақларига хиёнат қилмаслиги лозим! Бошқанинг ҳақини емаслик, бировнинг ҳақига қўл узатмаслик керак!

Ер юзи ҳар куни бизга сўз қотар экан, бироқ бизнинг хабаримиз йўқ. «Сен бугун менинг устимда юрибсан, аммо, эртага менинг ичимга кирасан!» Бу қора тупроқ шундай хитоб қилмоқда. Бу хитоб-ўлим ҳақ, унга ҳозирлик кўр дегани.

Балх шаҳрида Иброҳим Адҳам деб аталган бир подшоҳ яшаб ўтган. Ўша подшоҳ Аллоҳ ризолигини топиш учун уйи, саройи, хазиналари, тожу тахтини тарк этиб дарвешлар йўлига кирган. Одамлар ундан: «Бизларга насиҳат қил», – деб сўраганларида жуда ҳам қимматли олтита насиҳатни айтган экан. Шуларнинг бирида айтиладики:

«Инсонлар қасрлар қуриш билан овора бўлаётирлар, сен эса қабринг иморати билан машғул бўлгин». Қаранг, қандай ибратли бир гап! Дарҳақиқат, бугун кўплаб ақлли, эс-ҳуши жойида бўлган, ҳақни таниган инсонлар ҳам данғиллама иморатлар, дачалар қуришга астойдил берилганлар. Бугун қўлида ортиқча маблағи бўла туриб бола-чақасига иморат солмаётган кимсага ҳамма таъна ҳам қилади. «Гўрингга орқалаб кетасанми? Пулинг борида иморат қуриб олсанг-чи!» – дейдилар. Лекин ҳеч ким «Пулингни қабринг учун ишлат» демайди. Ҳолбуки, ер юзида данғиллама иморатлар қуришга сарфланадиган пулларни «қабрга орқалаб кетиш» ва қабрда, қабрдан кейинги ҳаётда улардан фойдаланиш ҳам мумкин. Фақат бунинг учун бу пулларни ҳамма ерда, ҳаттоки охиратда ҳам муомалада юрувчи валютага-савобларга алмаштириб олиш зарур. Яъниким, пулларини бу дунёда данғиллама иморатлар қуриш учун эмас, савоб ишлар учун сарф этган кимса қабр биносини безаган бўлади. Иброҳим Адҳам ана шундай демоқчилар.

Бир шоир айтган эканки:
«Қабр-амаллар сандиғи». Яна бир шоир айтадики, қабр қизларнинг келинчаклик сандиғи кабидир. Ота-оналар қизлари учун дастрўмол, кийим-бош, ошхона жиҳозларини йиғиб, сандиққа жойлайдилар. Турмушга чиққанида ишлатади деб, сандиқни ашёларга тўлдирадилар. Қабр ҳам инсоннинг ашё сандиғи. Қабрда роҳат-фароғат бўлсин деб, инсон дунёдалик чоғида яхши амалларни йиғиб, у ерга олиб боради.

Аллоҳ таоло насиҳатни эшитиб унга амал қилиш, ундан фойдаланиш, файз олишни ва севимли банда бўлишни барчамизга насиб этсин!

4 феврал 1995 / 4 Рамазон 1415

Маҳмуд Асъад Жўшоннинг "Рамазон ва тақво" китобидан

Alloh taoloning quyidagi amrini Hazrat Payg‘ambarimiz naql etadilar:
 «Ey Odam o‘g‘li! Ichingda tavba qilishdan gapirasan, o‘ylaysan, niyat ham qilasan, ammo qachon tavba qilasan? Nega uning vaqtini kechiktirasan? Oxiratga ishonasan, lekin nima uchun oxirat uchun harakat qilishni orqaga surasan?»

Biz hammamiz Odam alayhissalom avlodlaridan bo‘lganligimizdan, bu xitob hammamizga tegishli. Binobarin, bu savol har birimizni jiddiy o‘ylantirishi lozim. Lekin yaxshi niyati boru uni amalga oshirishga harakat qilmayotgan odamlar bu savol haqida yanada ko‘proq bosh qotirsinlar. Ko‘pincha odamlar «Mening ko‘nglim toza, niyatim pok. Asosiysi – shu. Qolgan ishlar – tavba, namoz, ro‘za—ikkinchi darajali narsalar. Ha, endi, ertami-kechmi, bular ham amalga oshib qolar», – deb o‘zlarini yupatib yuradilar. O‘z-o‘zingizga, nafsingizga aldanib qolmang, birodar! Agar yaxshi niyatu ko‘ngil pokligining o‘zi yetarli bo‘lsaydi, Alloh bizlardan yaxshi niyatlaringni qachon amalga oshirasan, qachon astoydil tavba qilasan, deb so‘ramagan bo‘lardi.

Masalan, bir kishi hajga ketmoqchi. Lekin, «Bir ozgina vaqt o‘tsin, hali erta, qariganda boraman», – deydi. Namoz o‘qimoqchi yoki biror savobli ish qilmoqchi, lekin, «Bir oz vaqt o‘tsin, bola-chaqamni uyli-joyli qilib olay, yoshim keksaysin», – deydi. Aslida esa inson har qanday yaxshi, xayrli ishni o‘z vaqtida bajarishga harakat qilishi kerak! Balki, xayrli ishni kechiktirish mumkindir, lekin tavba qilishni kechiktirish katta fojeadir. Ba’zi insonlar «Bir ozgina vaqt o‘tsin, qirq yoshdan-ellik yoshdan o‘tay, shundoq bo‘lsin, bundoq bo‘lsin» – deb yana uzoq bir muddatni ko‘zlab yuradilar. Xuddi mana shu kechiktirishga tasvif deyiladi.

Bir birodarim bor edi. O‘zi har jihatdan aqlli. Hattoki, fan nomzodi. Suhbatlashib qolsangiz, uning musulmonligiga hech shubha qilmaysiz. Lekin namoz o‘qimaydi.
«Qani, namozni boshla endi!» – desangiz.
«Bir oz vaqt o‘tsin, boshlayman, domla! Xatolarimni bilaman, kamchiligimni tushunaman», deb yerga qaraydi.
«Bilsang, boshla!»
«Boshlayman o‘qishni...»

Xuddi mana shu boshlayman deyish tasvif deb ataladi. Bu tasvif shaytonning o‘yin-hiylalaridan biri. Chunki Shayton insonni xayrli ishlar qilishdan qaytarishga harakat qiladi. Aksincha, yomonlik qildirishni xohlaydi. Yomonlik qildira olmasa, yaxshilikni qildirmaslikka harakat qiladi. Yaxshilik qilishdan to‘xtata olmasa, hech bo‘lmasa uni kechiktirishga harakat qiladi. «Qilasan-da shu ishni, do‘stim, lekin bir ozgina sabr qil! Bir necha yil o‘tsin...» kabi soxta taskinlar bilan uni ortga qoldirib boraveradi.

Tavba bu – hayotning eng ahamiyatli ishi. Tavba bu – Alloh taoloning yo‘liga qaytish degani. Odamlar tavbani qo‘liga tasbeh olib, «Astag‘firulloh! Tavba, ey Alloh! Tavba qildim, ey Alloh!» – deb aytishdangina iborat deb tushunadilar. Unday emas. Tavba bu - Alloh yo‘liga kirish, Alloh yaxshi ko‘rgan bir qul bo‘lish.

Hazrati Ali roziyallohu anhu Kufa masjidlaridan biriga kiribdilar. U yerda bir kishi masjidning burchagida o‘tirib tavba qilayotgan emish: «Tavba, yo Rabbiy! Astag‘firullohal azim va atubu ilayh...» Shunda Hazrati Ali roziyallohu anhu uning yoniga borib, ««Ey birodar! Faqatgina tili bilan «Astag‘firulloh, tavba» deyish yolg‘onchilarning tavbasidir», – debdilar.

Tavbaning mohiyati shundaki, agar inson noto‘g‘ri yo‘lda bo‘lsa, to‘g‘ri yo‘lga kiradi. Namoz o‘qimayotgan bo‘lsa, namoz o‘qiydi, ro‘za tutmayotgan bo‘lsa, ro‘za tutadi, yomon axloqlari bo‘lsa, ularni tark etadi. Alloh taoloning amrlarini bajarmayotgan bo‘lsa, bajarishga harakat qiladi... Ya’ni haqiqiy qaytish qiladi. Buni ko‘rgan kishilar: «Bu odam o‘zgardi, yomon yo‘ldan qaytdi», – deydilar.

Kimdir qaytishni, o‘zgarishni xohlamoqda-yu, lekin bu ishni kechiktirmoqda. Shuning uchun ham Alloh taolo: «Tavba qilishni xohlaysan-u, ammo qachongacha uni kechiktirasan?» – deb so‘ramoqda. Shu bois Payg‘ambarimiz sallallohu alayhi vasallam bir hadisi shariflarida shunday marhamat qiladilar:

«O‘limdan oldin tavbaga shoshilinglar». Qara, o‘lim birdaniga keladi, qachon jon berishing ma’lum emas. Har xil noxush hodisalar, turli xastaliklar bor. Yoshni ham olib ketadi, qarini ham. Kasal o‘rnida yotaveradi, ammo unga qarab turgan qarovchisi ketadi. Bolasi o‘ladi, otasi qoladi. Allohning ishini bilish qiyin! Shuning uchun ham o‘lim kelmasdan burun tavba qilish kerak!»

Hadisi sharifda «O‘zing ham oxiratni talab qilasan, ya’ni jannatga kirishni xohlaysan-u, qani amali solihing, qani qilgan xayru ehsonlaring, ibodatlaring? Jannatni xohlaysan-u, jannatiy amallarni qilmaysan. Hali ham boshlamagansan. Qachongacha buni kechiktirasan?» – deb aytilmoqda.

«Ey Odam o‘g‘li! Nima qilmoqdasan o‘zi?.. Obidlarning so‘zini gapiryapsan, ammo o‘zing munofiqlarning ishini qilyapsan?» Odamlarning gaplari chiroyli bo‘ladi. Shuning uchun eskilar shunday deganlar:

«Nasihat qilish oson, uni qabul qilish esa mushkul». Ammo yaxshi nasihatni eshitish bilanoq qabul qilish kerak. Payg‘ambarimiz sallallohu alayhi vasallam davridagi sahobiylar yaxshi bir so‘zni eshitishlari bilanoq qabul etar va unga amal qilar edilar. Bu zamonning odamlari esa nasihatni eshitadilar, uni qirq marotaba tushunib, haqli ekanligini bilib ham unga amal qilmay yuraveradilar.

«Ichkilik haromdir» oyati tushishi bilanoq Madinada kimning uyida ichkilik bo‘lsa, darhol ko‘chaga olib chiqib, to‘kib tashladilar. Ko‘chalarda aroq seldek oqdi. Nega shunday qildilar? Oyat nozil bo‘lgani uchun, albatta. Hozir odamlarning otasi musulmon, onasi musulmon, bolasi esa ichkilikka berilgan, tashlamaydi. Ichkilik – gunoh deysiz, baribir ichaveradi. Ammo o‘zi nasihat qiladi: boshqasini oldiga o‘tqazib olib: «Sigaret chekma!» – deydi-yu, o‘zining kissasida sigaret turibdi. Qarshisidagiga to‘g‘risini gapirmoqda, lekin o‘zi teskarisini bajarmoqda.

Obidlarning gapini gapirib, munofiqlarning hayotini yashamoqda. Munofiqning bosh sifati nima? Munofiq – yolg‘on gapiradi, va’dasida turmaydi, omonatga xiyonat qiladi, ya’ni, ishonchsiz bir inson. So‘zi boshqa, ishi boshqa. Mo‘‘min esa bunday emas: uning ishi sog‘lom, so‘zida sodiq turadigan ishonchli kishidir.

Bir kishi Istanbuldagi bir do‘stimizning muborak otalaridan – (U muborak zot vafot etdilar. Alloh rozi bo‘lsin. Merosini o‘g‘li darhol jome’ qurishga sarf qildi). – «Hoji ota, anchagina ehtiyojim bor, qarz berib tursangiz menga», – deb aytibdi. «Bolam, kassa u yerda! Borib qancha qarz kerak bo‘lsa, oling!» – deb yuboribdi. O‘zi hatto kassasining oldiga bormagan ham. U esa, borib qancha kerak bo‘lsa olibdi. Ma’lum bir vaqtdan keyin kelibdi va «Hoji ota, bilasizmi, men sizdan bir vaqtlar qarz olgan edim, o‘shani olib keldim», – deb aytibdi. «O‘g‘lim, kassa o‘sha yerda! Olib borib qo‘ygin u yerga!» – deb jo‘natibdi. Ana shu otaxon bir kuni o‘g‘lining ishxonasiga kelibdi. Qarasa, stolning ustida har xil qog‘ozlar, fakturalar, veksellar, «Bular nima o‘zi?» – deb so‘rabdi. «Imzoli veksellar?..» «Voy, voy, voy! Ishlarimiz shunday qog‘ozlarga qoldimi endi! Bizning davrlarimizda bir og‘izgina so‘z bilan do‘kondagi butun mollarni jo‘natar edik, u ham bizga o‘z haqqini belgilangan miqdorda berar edi», – deb ayblabdilar.

Hoji ota eski zamon odami bo‘lganlari uchun bu zamonni ayblamoqdalar. Insonlar mo‘minlikni tashlab, munofiqlashdilar. Inson so‘zida turmaydigan bo‘lib qoldi. Va bu hol ko‘pchilik uchun oddiy, odatiy bir narsaga aylandi. Hattoki, ko‘pgina namozxon birodarlarimiz ham bu qusurdan xoli emaslar. Bir joyda devorga shunday hadisi sharif yozilgan ekan: «Bir kishining namoz o‘qishi, ro‘za tutishiga qarab aldanib qolmagin. Muomalasiga qaragin-chi, qanday ekan? Ishi qanday? Ro‘za ham tutmoqda, namoz ham o‘qimoqda, lekin, ishi teskari, egri bo‘lmoqda, yomon hiylali, buzuq, yolg‘on bo‘lmoqda».

Chanoqqal’ada birov bilan gaplashib qoldik. U kishi bizga: “Bu yerda tabarruk cholu kampir yashashadi. Juda ham dindor, yaxshi insonlar», – deb aytdilar. Men shularni bir ziyorat qilaman deb qaror qildim va birga bordim. Uylari yo‘q, usti tunukadan berkitilgan bir kulbada yashamoqdalar. Shunchalik torki, faqat bir o‘rindiq sig‘adi, xolos. Cholu kampir o‘sha yerda yashaydilar. Yo Alloh, xotin shunday ham mamnunki, og‘zi duoda, shirin so‘zli... «Astag‘firulloh, shu ne’matlarni qarang!», «Shu holimizga qarang!» – demoqda. Oyoqda turib bo‘lmaydigan, sandiqdek kulba ichidagi bu bechora qariyalarning holini ko‘rib uyaldim, men uyalib ketdim. «Shu holimizga shukr bo‘lsin». “Shu ne’matlarni bizga berib qo‘ygan Allohga hamdu sanolar bo‘lsin... Biz kimmiz o‘zi, bizni ziyorat qilishga kelibsizlar, ziyoratga yaramaymiz?» – deb aytmoqdalar.

Qanoat, ko‘ngil boyligi insonni ana shunday baxtli qiladi. Agar berilgan ne’matlarga nisbatan qanoatsizlik mavjud bo‘lsa, u insonni juda ham behuzur qiladi. Allohga shukrlar bo‘lsinki, qornimiz to‘q, ustimiz but... Alhamdulilloh, shukr qiladigan qanchadan-qancha ne’matlar bor. Ko‘zimiz ko‘radi, qulog‘imiz eshitadi, aqlimiz ishlaydi.

Inson berilgan ne’mat qadrini bilib, unga qanoat qilishi lozim! Har bir kishining boshiga turli balolar kelishi mumkin. Sabr qilishi kerak. Chunki balolarga payg‘ambarlar ham sabr qildilar.

«Insonlarni yaxshilikka buyurasan, o‘zing esa qilmaysan. Yomonlikni qilmangiz, deysan-u, o‘zing bajaraverasan! Bunday bo‘lmaydi!»
«Solih bandalarni sevasan, ammo ulardan emassan! Munofiqlarga nafrat qilasan-u, ularning sifati esa senda ham bor! Bunday bo‘lmaydi, ey Odam o‘g‘li!» – deb aytmoqda Rabbimiz hammamizga umumiy qilib. Tabiiyki, umumiy qilib aytilgan so‘zlardan har bir kishi o‘z hissasini olaveradi.

Payg‘ambarimiz sallallohu alayhi vasallam aytadilarki: «Munofiqlarning sifatlari bor. Agar bir insonda bu sifatlarning hammasi mavjud bo‘lsa, xolisu muxlis kishi ham munofiq bo‘ladi qoladi. Agar bu sifatlardan bittasi mavjud bo‘lsa, munofiqlikdan bir parchasi bo‘lgan bo‘ladi». Shuning uchun ham insonda bunga o‘xshash narsalar bor bo‘lsa, ularni tark etishi lozim!

Yosh bolaga: «Bolam, to‘g‘riso‘z bo‘lgin, yolg‘on gapirma!» – deymiz. Bir ozdan keyin telefon jiringlasa, «Uyda yo‘q, deb ayt», – deb buyuramiz. Xo‘p, endi nima bo‘ldi? Yolg‘on gapirma, deb aytgan edingiz-ku? Bola buni juda yaxshi tushunadi: «Ota, siz menga yolg‘on gapirma demaganmidingiz?» – deydi. «Dada, shunday ham bo‘ladimi? Onajon, bunday narsa ham bo‘ladimi?» – deb taajjublanadi. Ular esa: «Jim tur, sen gapirma!» – deydilar. Lekin nega bola gapirmasin. Bu yerda u haq, kattalarning o‘zlari nohaq.
Yaxshilikka buyurgan kishi unga avvalo o‘zi rioya qilishi lozim! Shundagina so‘zining ta’siri kuchli bo‘ladi.

Bir kun Abdulqodir Giloniy hazratlari va’z o‘qish uchun xutbaga chiqibdilar. A’uzu basmalani aytib, va’zlarini oddiy so‘zlar bilan boshlabdilar: «Uyda edim, xonimim unday qildi, bunday qildi...» – deb. Hali ma’ruzaning asosiy mavzusiga kirmasdan, odamlarning ko‘zlaridan yoshlar oqa boshlabdi.

O‘g‘li: «Men ham kursining ustiga chiqib, shunday narsalarni aytamanki...» – debdi. Otasi uning qanday holatda ekanligini darhol tushunibdi. «Xo‘p, bu hafta sen va’z o‘qiysan», – debdi. U ham yaxshilab tayyorgarlik ko‘ribdi. Odamlar eshitibdilar, lekin na bir hayajon, na boshqa biror narsa bor... Nega shunday bo‘ldi? Chunki otasining so‘zlari hayotiy bo‘lganligidan ta’sirli edi. Lekin balandparvoz so‘zlar, hayajonli o‘xshatishlar bilan gapirsa-da, agar o‘zi uni amalda qilmasa eng ibratli so‘zning ham ta’siri bo‘lmaydi.

Inson biror yaxshilikni aytishdan oldin, avvalo o‘zi uni amalga oshirishga harakat qilishi kerak! Solihlarni sevsa, ulardan bo‘lishga harakat qilishi kerak munofiqlarni sevmasa, ulardan yiroqlashishga harakat qilishi lozim!

Munofiqlarning holati qanday? Payg‘ambarimiz sallallohu alayhi vasallam: «Erkaklar bomdod va xufton namozlarini masjidda o‘qishlikka harakat qilsinlar, bunga ahamiyat bersinlar. Chunki munofiqlar bu ikki namozga kelmaydilar!» – deb aytadilar. Demak, biror kishi bomdod va xufton namozlarini o‘qish uchun masjidga chiqa olmasa, bundan tashvishga tushib, «Ey voh! Menda munofiqlarning holati bor ekan, ularga o‘xshab uyda o‘tirishim kerakmi?» – deb shoshilib masjidga chiqishi kerak. Modomiki, munofiqlarni sevmas ekanmiz, u holda, ulardagi biror sifatning o‘zimizda bo‘lmasligi uchun harakat qilishimiz kerak. Modomiki, solihlarni sevar ekanmiz, ulardek bo‘lish uchun intilishimiz lozim.

Biz muborak insonlarning manoqiblarini, hayotlarini o‘qishda juda katta foyda borligini ko‘rdik. Chunki inson farzandi, yaxshi insonlardan, dindor kishilardan ibrat olishga intiladi, havas qiladi.

Hazrati Oyishai Siddiqa volidamiz uylariga kelgan hamma narsani kechgacha miskin-bechoralarga tarqatib yuboribdilar. Shom namoziga azon aytilibdi, hammalari ro‘zador ekanlar, xizmatchisi chiday olmasdan:
«Ey mo‘‘minlarning onasi, bizga ham biroz ajratsangiz edi. Hammaga berdingiz, lekin o‘zingiz ham ro‘zadorsiz. Quruq non va xurmodan boshqa hech narsamiz yo‘q!» – debdi.

«Vaqtliroq aytganingda buni ham bajargan bo‘lardim. Aqlimga kelmabdi», – deb javob beribdilar.
Solih insonlarning holiga qarang: ular qanday xayru hasanot bermoqdalar!

Hazrati Ali oilalari bilan birga iftorlikka o‘tiribdilar. Shu payt bir miskin kirib qolibdi va «Alloh rizosi uchun biror narsa bersangiz, qornim och», – deb so‘rabdi. Shunda ular o‘zlari yeydigan taomlarni beribdilar va o‘zlari och qolibdilar. Sabr qilamiz debdilar, ertasiga yana ro‘za tutish uchun niyat qilibdilar va och ro‘za tutibdilar.

Ertasi kun ovqatni tayyorlab, dasturxonga olib kelibdilar va yana o‘sha vaqtda eshik taqillabdi. Bir yetim kelib: «Och qoldik, yeydigan biror narsa bo‘lsa beringlar!» – deb so‘rabdi. Ikkilanmasdan, nasibalarini unga beribdilar.

Uchinchi kun och hollarida yana ro‘zani davom ettiribdilar. Dasturxon atrofida o‘tirganlarida bu safar bir asir kelib qolibdi. «Och qoldik, biror narsa bering!» – deb so‘ragan ekan, darhol beribdilar.

Oyat nozil bo‘libdi:
«Va taomni suyib-xohlab tursalar-da, (o‘zlari yemasdan) miskin, yetim va asirlarni taomlantirurlar» – oyati karimasi Hazrati Alining bu saxovati haqida tushgandir.

Va bunday saxiy insonlar shunday deydilar:
«(Ular ayturlar): Bizlar sizlarni yolg‘iz Allohning yuzidan taomlantirurmiz. Sizlardan (bu ishimiz uchun) biron mukofot va minnatdorchilik istamasmiz – kutmasmiz». Evaziga molu dunyo ham istamaymiz, shukr ham xohlamaymiz. Qilganlarimiz faqat Alloh rizosi uchun, xolos.

Bunday ibratli voqealarni eshitgan kishilar muborak zotlarga havas qilib, ularga o‘xshashga intiladilar. Shuning uchun ham solihlar hayoti haqida o‘qish va ulardek bo‘lish uchun harakat qilish lozim.

«Ey Odam farzandi! Bajara olmaydigan ishlaringni gapirasan va buyurilmagan ishlarni bajarasan».

Bu yerda odam farzandining ikki qusuri aytilmoqda:
Ba’zi kishilar tushunib-tushunmay, unday qilaman-bunday qilaman deb, ko‘p narsani tiliga oladi. Bajara olmaydiganini gapirish to‘g‘ri emas. Uddasidan chiqadigan darajada gapirib, aytgan so‘ziga sodiq qolishi lozim. Buyurilmagan ishlarni esa bajarmaslik lozim.

«Buyurilmagan ishlarni bajarasan!» O‘ylab ko‘ring-a! Qilayotgan barcha ishlarimiz Allohning amrimi?.. Ishlarimizning qanchasi Allohning amri yoki Payg‘ambar sallallohu alayhi vasallamning sunnatlariga mos?

«Bir kishida haqing bo‘lsa, uni olishga harakat qilasan, ammo birovning haqi senda bo‘lsa, uni qaytarishdan qochasan!»

Meros taqsimlanar ekan, falonchining bu merosda haqi bor. Shar’iy nuqtai nazardan qaraganda vafot etgan ayol merosida erkak jiyanlarining haqi bor. Ammo bugungi qonunlarga ko‘ra haqi yo‘q. Onadan qolgan merosni ikki qiz o‘zaro bo‘lishib oladilar. Ammo Qur’oni karimda buyurilishiga ko‘ra faqat ikkovi emas, balki erkak jiyanlari ham ulush olishlari lozim. Bular nima qilyaptilar? Haqini bermayaptilar? Borib aytsang, buni qaerdan olding, deb janjal qiladilar. Buni men o‘ylab topganim yo‘q, axir bu Allohning amri-ku! Berishing kerak!

«O‘z haqingni tiyinigacha olmaguncha qo‘ymaysan. Ammo boshqalarning haqini bermayapsan, ey odam bolasi». Avval ignani o‘zingga sanch. Bir kishi haqingni bermasa, qanchalik jahling chiqadi!.. O‘rtaga advokat solasan. Unday bo‘lsa, sen ham boshqalarning haqini to‘liq ber!

«Hech bir yangi kun yo‘qki, yer yuzi, tuproq, mana shu yer senga quyidagicha xitob qilmasa: Ey, Odam o‘g‘li! Hozir ustimda yuribsan, bir vaqt kelib ichimga kirasan! Seni qora tuproqqa ko‘madilar. Hozir kulib yuribsan, lekin ertaga go‘shtingni, suyagingni qurtlar yeydi».

«Qabr ham insonga shunday xitob qilar ekan: Ey inson bolasi, Men savol-javob qilinadigan manzilman, diqqat qil. Qabrda «Rabbing kim?.. Payg‘ambaring kim?.. Dining nima?.. Kitobing qaysi?.. Qiblang qaer?..» degan savol-javoblar bo‘ladi».

«Yolg‘iz o‘zing qoladigan joyman. Yoningda do‘sting, yordamching, yo‘ldoshing bo‘lmaydigan joyman». Inson qabrga qo‘yilgach, o‘zi yolg‘iz qoladi, shunda uning yo‘ldoshi kimlar bo‘ladi? Barcha qilgan ibodatlari, amali-solihlari yo‘ldosh bo‘ladi. Namozi bir tarafida, ro‘zasi ikkinchi tarafida, qilgan haji, o‘qigan tilovatlari, zikrlari, xayru-hasanotlari bir tomonida uni qo‘riqlaydilar...

Bir hadisi sharifda shunday aytiladi: Lahadga qo‘yilgan inson vujudidan nur taralib turgan nuroniy, muborak, sevimli chehrali bir insonni qarshisida ko‘rishi bilan undan so‘rar ekan:
«Sen kimsan, ey muborak zot? Men qabrda yolg‘iz boshim bilan shunday qo‘rqib turgan bir paytimda seni ko‘rib turibman. Sening yuzing juda ham nurli, juda ham sevimli, sen kimsan o‘zi?»
U shunday javob berar ekan:
«Men sen o‘qigan «Taborak» surasiman! Alloh menga bu suratni berib, sening yoningga yo‘ldosh qilib jo‘natdi!»
Amallarimiz, toat ibodatlarimiz bizga yo‘ldosh bo‘ladi qabrda. Shuning uchun ham hadisi sharifning oxirida Alloh taoloning shu amrlari joy olgan:
«U holda, meni ma’mur qilishga harakat qil, ey Odam o‘g‘li! Meni xarob-vayron qilma, buzmagin!»

Qabr ibodat bilan ta’mir qilinadi. Gunohlar bilan xarob qilinadi. Inson qabrining ma’mur etishligi xayru ehsonlarni bajarishi, xarob etishi esa, gunohlar sodir etishi bilan bo‘ladi. Shunday ekan, inson umri bo‘yi qabrini ta’mir qilish uchun harakat qilishi lozim.

Bu hadisi sharif Alloh taoloning biz insonlarga xitobi. Undan kelib chiqadigan saboqlar shulardir: Tavbani – Allohga qaytishni kechiktirmaslik kerak. Modomiki, oxiratni sevar va jannat uchun ish qilar ekanmiz, so‘zimiz ahvolimizga uyg‘un bo‘lsin, ishlarimiz munofiqu kofirlarning ishlariga o‘xshamasin!

Men bozorni aylandim: o‘zimizdagi musulmon ota-bobolarimiz ayol-qizlarimiz qaerdayu, bugungi yarim-yalong‘och xotinlar qaerda! Hozir-ku bu yer biroz sovuq – 0 gradus atrofida, biroz qor bor. Lekin hozir sen borib Antaliyani ko‘r! Qani bor, yoz kunida Antaliyada keza olasanmi?

Bizning bir birodarimiz Antaliyaning asl oilalaridan edi. O‘zi Amerikadan kelgan, molu dunyosi bor. Chiroyli bir uy qurdiribdilar. Qarabdilarki, farzandlari qo‘ldan keta boshlabdi, imonlari keta boshlabdi! Uyni ham, Antaliyani ham tashlab, qochib ketibdilar. Nima uchun? Chunki bu turistlarning dastidan yashaydigan hollari ham qolmadi.

Turistlarni bir chetga qo‘yib tur, o‘zimizning aholi ulardan ham battar bo‘lgan? Ajnabiylardek kiyinyaptilar, taranyaptilar, bo‘yanyaptilar, bezanyaptilar, xullas ular kabi yashamoqdalar... Namoz yo‘q, tahorat yo‘q, g‘usl yo‘q, ibodat yo‘q, insof yo‘q, harom-halolning farqi yo‘q...

«Mening onam namozni boshlamoqchi, lekin o‘qishga tili kelishmayapti», – deb aytadilar. Bu yoshga kelib, katta xotin bo‘libdi, lekin oddiy narsalarni ham bilmaydi. Oxiri aytdim: «Kichkina bolalarga o‘rgatiladigan «Inna a’tayna»ni, «Qulhuvallohu ahad»ni o‘rgansin va namozlarni ular bilan o‘qisin». Holimizga qarang!

Allohning bergan ne’matlariga qanoat qilamiz! Boshimizga Allohning imtihoni yuborilsa, unga sabr etamiz! Bu imtihon kasallik, faqirlik, kamchilik va boshqalar bo‘lishi mumkin. Hammasiga sabr qilamiz!

Bizning universitetdagi talabalarimiz orasida bir qiz bo‘lardi. Turmushga chiqdi, juda ko‘rkam farzand ko‘rdi. Haqiqatan ham oydek bir chaqaloq edi. Juda sevingan edilar. Kasalliklari bor ekan, bola biroz qiyinchilik bilan tug‘ilibdi... Bir haftadan keyin Alloh bolani oldi. Nachora bergan ham Alloh, olgan ham Alloh. Sabrdan bo‘lak ilojimiz yo‘q.

Qiz esa Allohga qanday haqoratomuz so‘zlarni gapirmadi, deysiz! Meni yuragim yorilayozdi, qo‘rqib ketdim. U esa jinni bo‘lib qoldi, aqli boshidan uchdi. Nima ham qilardik, Xudoning taqdiri ekan. Bergan ham Alloh, olgan ham Alloh... Sabrni o‘rgan!

Bizning qishloqdagi masjidning bir imomi bo‘lgan ekan. Farzand ko‘rar ekan-u, bir oz muddatdan keyin vafot qilaverar ekan. Ba’zan qon quyilishi va shunga o‘xshash sabablar bilan o‘lavergan. Bundan g‘am chekkan domla shunday yig‘lar ekanki, shundayin ko‘z yoshi to‘kar ekanki! Bir nechta bolasi shunday bo‘lib o‘lib ketibdi. Bir kun qishloqqa olim, fozil, yoshi kattaroq bir kishi kelibdi. Xuddi o‘sha vaqtda domlaning yana bitta bolasi vafot etgan ekan. Imom domlaning yig‘lab-yig‘lab qiynalganini ko‘rib, «Ie, sen domlasan, qani, o‘tir bu yerga!» – deb o‘tqizibdi.

«Senga bu farzandlarni kim beryapti?»
«Albatta, Alloh beryapti».
«Xo‘p, bu farzandlarni sendan kim olyapti?»
«Alloh olmoqda».
«Senga nima bo‘lyapti o‘zi? Sabr qil! Imom domla ham shunday bo‘ladimi, mardlik ham shunday bo‘ladimi? Allohning imtihoniga sabr ko‘rsat!» – deb aytibdi.
U ham «Xo‘b bo‘ladi!» – deb so‘z beribdi va sabr qilibdi. Keyingi tug‘ilgan bolasi o‘lmabdi. Imtihonni qarang!

Shuning uchun ham Allohdan ofiyat istaymiz. Alloh dunyoda ham, oxiratda ham ofiyat bersin hammamizga! Hamma kunlaringiz xush bo‘lsin, hamma ishlaringiz rost kelsin! Agarda shunday bo‘lmasa-chi? Sabr qilish kerak! Hamma vaqt ham yoz bo‘lavermaydi, ba’zan qor ham yog‘adi. Hamma vaqt ham to‘qchilik bo‘lavermaydi, ba’zan yo‘qchilik ham bo‘ladi. Hamma vaqt ham salomatlik bo‘lavermaydi, ba’zan kasallik ham bo‘ladi. Sabr qiling!

Yaxshi musulmon sabr qiladi, ovozini chiqarmaydi, g‘iq etmaydi. Allohdan kelganini biladi, sabr qiladi. Sabr qilib savob topadi. Inson ikkita narsadan savob topadi:
1. Musibat kelsa, sabr qiladi, savob topadi.
2. Ne’mat kelsa, shukr qiladi, savob topadi.

Bir shukrdan savob topadi, bir sabrdan. Agar ne’mat kelsa-yu, shukr qilmasa, savob topmaydi, gunohga botadi. Imtihon kelgan vaqtda sabr qilmasa, ham kelgan narsaning achchig‘ini totadi va sabr qilmaganligi sababli savobni ham qochiradi, gunohga ham botib qolishi mumkin.

Bir xotin sochlarini yulib-yumdalab, baqirib-chaqirib yig‘layotgan ekan. Buni ko‘rgan Payg‘ambarimiz sallallohu alayhi vasallam uning yoniga borib, «Ey xotin, sabrli bo‘l! Allohning taqdiri, nima ham qilardik! Boshingga nima kelgan bo‘lsa, kelgandir, sabrli bo‘l!» – deb buyuribdilar.

Xotin ko‘zini yumibdi, og‘zini ochibdi: «Sen mening boshimga nima kelganini bilarmiding o‘zi?» – deb bir qancha so‘zlarni gapiribdi. Payg‘ambarimiz sallallohu alayhi vasallam qarabdilarki, xotinning odobi nuqsonli, darhol undan uzoqlashibdilar.

Orqalaridan kelayotgan sahobalardan biri xotinning yoniga borib: «Ey xotin! Sen bilan gaplashgan odamning kim ekanligini bilasanmi o‘zi?!» – deb so‘rabdi.
«Yo‘q bilmayman», – debdi xotin.
«U zot Payg‘ambarimiz sallallohu alayhi vasallam edilar», – debdi.
«Shundaymi?» deb haligi ayol orqalaridan yuguribdi: «Yo Rasululloh! Men sizni tanimadim. Meni avf eting!» – deb kechirim so‘rabdi.

Payg‘ambarimiz sallallohu alayhi vasallam buyuribdilarki:
«Sabr eng boshida bo‘ladi. Endi sabr qilsang ham qiymati yo‘q!» Shuning uchun o‘zini darhol qo‘lga olib sabr qilgan inson savob topadi. Darrov sabr qilmasa, savobni boy beradi.

Insonlarga xayrli ishlarni tavsiya qilish yaxshi narsa, ammo bu xayrli ishlarni biz o‘zimiz birinchi bo‘lib boshlashimiz kerak. Yomonlik qilma deb aytish, ya’ni nahyi anil munkar farzdir, demak buni ham birinchi o‘zimiz bajaramiz, ya’ni hech kimga hech qachon yomonlik qilmaymiz. Solihlarni sevmoqchi bo‘lsak, ulardek bo‘lishga intilamiz. Munofiqlarga, kofirlarga achchiqlansak, ulardek bo‘lmaslikka harakat qilamiz. Ularga nisbatan xilof ish qilamiz. Urf-odatlarni aslo bajarmaymiz.

Inson bajara olmaydigan ishlariga so‘z bermasligi lozim! Katta-katta gap gapirmasligi kerak! Alloh buyurmagan va Payg‘ambar sallallohu alayhi vasallam tavsiya etmagan ishni ham bajarmasligi kerak! Har bir ishni Alloh rizosi uchun bajarishi, «Alloh menga nimani buyurgan bo‘lsa, o‘shani bajaraman!» – deb ertalabdan niyatni to‘g‘ri belgilashi lozim! Hayotini doimo Alloh va Rasulining buyurganlarini bajarish bilan o‘tkazishga harakat qilishi lozim.

Agar birovning kimdadir haqqi bo‘lsa va uni olishni qanchalik xohlasa, demak o‘zi ham boshqalarning haqlariga xiyonat qilmasligi lozim! Boshqaning haqini yemaslik, birovning haqiga qo‘l uzatmaslik kerak!

Yer yuzi har kuni bizga so‘z qotar ekan, biroq bizning xabarimiz yo‘q. «Sen bugun mening ustimda yuribsan, ammo, ertaga mening ichimga kirasan!» Bu qora tuproq shunday xitob qilmoqda. Bu xitob-o‘lim haq, unga hozirlik ko‘r degani.

Balx shahrida Ibrohim Adham deb atalgan bir podshoh yashab o‘tgan. O‘sha podshoh Alloh rizoligini topish uchun uyi, saroyi, xazinalari, toju taxtini tark etib darveshlar yo‘liga kirgan. Odamlar undan: «Bizlarga nasihat qil», – deb so‘raganlarida juda ham qimmatli oltita nasihatni aytgan ekan. Shularning birida aytiladiki:

«Insonlar qasrlar qurish bilan ovora bo‘layotirlar, sen esa qabring imorati bilan mashg‘ul bo‘lgin». Qarang, qanday ibratli bir gap! Darhaqiqat, bugun ko‘plab aqlli, es-hushi joyida bo‘lgan, haqni tanigan insonlar ham dang‘illama imoratlar, dachalar qurishga astoydil berilganlar. Bugun qo‘lida ortiqcha mablag‘i bo‘la turib bola-chaqasiga imorat solmayotgan kimsaga hamma ta’na ham qiladi. «Go‘ringga orqalab ketasanmi? Puling borida imorat qurib olsang-chi!» – deydilar. Lekin hech kim «Pulingni qabring uchun ishlat» demaydi. Holbuki, yer yuzida dang‘illama imoratlar qurishga sarflanadigan pullarni «qabrga orqalab ketish» va qabrda, qabrdan keyingi hayotda ulardan foydalanish ham mumkin. Faqat buning uchun bu pullarni hamma yerda, hattoki oxiratda ham muomalada yuruvchi valyutaga-savoblarga almashtirib olish zarur. Ya’nikim, pullarini bu dunyoda dang‘illama imoratlar qurish uchun emas, savob ishlar uchun sarf etgan kimsa qabr binosini bezagan bo‘ladi. Ibrohim Adham ana shunday demoqchilar.

Bir shoir aytgan ekanki:
«Qabr-amallar sandig‘i». Yana bir shoir aytadiki, qabr qizlarning kelinchaklik sandig‘i kabidir. Ota-onalar qizlari uchun dastro‘mol, kiyim-bosh, oshxona jihozlarini yig‘ib, sandiqqa joylaydilar. Turmushga chiqqanida ishlatadi deb, sandiqni ashyolarga to‘ldiradilar. Qabr ham insonning ashyo sandig‘i. Qabrda rohat-farog‘at bo‘lsin deb, inson dunyodalik chog‘ida yaxshi amallarni yig‘ib, u yerga olib boradi.

Alloh taolo nasihatni eshitib unga amal qilish, undan foydalanish, fayz olishni va sevimli banda bo‘lishni barchamizga nasib etsin!

4 fevral 1995 / 4 Ramazon 1415

Mahmud As’ad Jo‘shonning "Ramazon va taqvo" kitobidan