"Барчангиз Менга муҳтожсиз!"

Рукн: Ислом ва иймон Чоп этилган: 22.10.2015

Абу Зарр Ғифорий (р.а.)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) азиз ва жалил Парвардигордан нақл этган ҳадисларида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Эй бандаларим! Мен зулмни Ўзимга ҳаром қилдим. Уни сизларнинг ораларингизда ҳам ҳаром қилдим. Шундай экан, бир-бирларингизга зулм қилманг.

Эй бандаларим! Мен ҳидоят берганларимдан ташқари ҳаммангиз гумроҳсиз. Шундай экан, Мендан ҳидоят сўранг, сизларни тўғри йўлга солайин.

Эй бандаларим! Мен ризқлантирган одамлардан бошқа барчангиз очсиз. Шундай экан, Мендан ризқ сўранг, сизларни тўйдирайин.

Эй бандаларим! Мен кийдириб қўйган инсонлардан бошқангиз яланғочсиз. Шундай экан, Мендан кийим-бош сўранг, сизларни кийинтириб қўяй.

Эй бандаларим! Сизлар кеча-ю кундуз хато (гуноҳ) қиласиз. Мен эса бутун гуноҳларни кечгувчиман. Шундай экан, мағфират сўранг, сизларни кечирайин.

Эй бандаларим! Менга зарар етказа оладиган даражага етолмайсизки, зарар етказсангиз. Менга фойда келтира оладиган мавқега эришолмайсизки, фойдангиз тегса.

Эй бандаларим! Сизлардан аввалгилар ва кейингилар, инсонлар ва жинлар орангиздаги энг тақводор одамдек бўлсангиз ҳам, мулким кўпайиб қолмайди.

Эй бандаларим! Сизлардан аввалгилар ва кейингилар, инсонлар ва жинлар орангиздаги энг фожир одамдек бўлсангиз ҳам, мулким камайиб қолмайди.

Эй бандаларим! Сизлардан аввалгилар ва кейингилар, инсонлар ва жинлар ҳаммангиз бир майдонга тўпланиб, Мендан бирор нарса сўрасангиз ҳам, ҳар бирингизнинг сўраганини бераман. Бу билан худди игна денгизга ботириб олинганда унинг суви қанчалик камайса, мулкимдан ҳам ўшанча камаяди (яъни, ҳеч нарса камайиб қолмайди).

Эй бандаларим! Амалларингга келсак, уларни сизлар учун ҳисоблаб қўяман. Сўнг уларнинг эвазини (мукофоти ёки жазосини) тўлиқ қилиб бераман. Шундай экан, ким яхшиликка учраса, Аллоҳ таолога ҳамд айтсин. Ким ундан бошқа нарсага йўлиқса, ўзидан бошқани айбламасин!” (Имом Муслим ва Имом Термизий)

Шарҳ: Ушбу ҳадис динимиз асосий қоидаларининг мухтасар маъносини ўз ичига олгани билан алоҳида аҳамиятга эга. Шу сабабли унинг шарҳига бағишланган китоблар ҳам ёзилган.

Ҳадисда Аллоҳ таолонинг зулмни ўзига ҳаром қилгани айтилмоқда. Олимлар Аллоҳни зулмга йўл қўяди, дейиш ақлсизлик эканини айтадилар. Зеро, бутун коинот Аллоҳ таолога тегишли. У ўз мулкини истаганича тасарруф қилади. Унинг бирор шериги ҳам, нуқсони ҳам йўқки, шеригининг мулкидан олиб, ўзиникини тўкис қилиб олса.

Аллоҳ таоло зулмни ўзига ҳаром қилганидек, бандаларини ундан сақланишга буюрди. Унинг энг ёмон кўрган нарсаси зулмдир. Шунингдек, бу таъқиқ умумий маъно касб этади. Яъни, мўминга зулм қилиш билан бошқаларга жабр қилиш бир хил – бари ман қилинган.

Ҳадисдаги “ҳаммангиз гумроҳсиз” ибораси “ҳамма болалар ислом фитратида туғилади” деган ҳадисга зид келмайди. Балки бу ўринда табиатидаги шаҳват, роҳатга муккасидан кетиш каби заиф жиҳатлари билан инсон ўз ҳолига қўйилса, адашиб кетарди, деган маъно кўзда тутилган.

Ислом ақидасидан маълумки, Аллоҳ таоло барча жонзотнинг ризқини белгилаб қўйган. У Ар-Раззоқ сифати билан денгиз остидаги хилқатга ҳам, тошнинг орасидаги жониворга ҳам ризқини етказиб туради. Унинг изнисиз ҳеч ким бир луқма ҳам озиқлана олмайди. Буларни билган одам ҳалол меҳнат қилади ва Парвардигордан покиза ризқ сўрайди.

Ризқ деганда фақат ейиш-ичишга ярайдиган нарсалар кўзда тутилмайди. Балки кийим-кечак, уй-жой ва инсоннинг яшаши учун лозим бўлган барча воситалар ҳам ризқдир.

Аллоҳнинг бандаларига меҳрибонлиги, уларнинг гуноҳларини кечирувчи ва раҳм қилувчи (Ал-Ғафур), айбларини беркитувчи (Саттор ал-уйуб) сифатларидан ҳам маълумдир. Қуъони каримнинг бир неча ўринларида Аллоҳ ўзининг раҳмати ғазабидан устун эканини баён қилиши бунга далил. Бандаларга қолгани эса, гуноҳлардан пушаймон бўлиш ва қайта такрорламаслик шарти билан Аллоҳга ёлвориб тавба қилишдир.

Инсоният фан-техника соҳасида ҳар қанча юксалгани билан Яратган олдида ожиз ва ношуд бандалигича қолади. Нафақат одамзот, балки жинлар ва бошқа барча жонзотлар бирликда ҳаракат қилишса ҳам, Унинг чексиз қудрати олдида ҳеч аҳамиятлари йўқ. Буларни англаш ва Аллоҳ таоло олдида ўзини хор тутиш бандани илоҳий ризолик ва маънавий юксалиш сари етаклайди.

Аллоҳ таоло инсонлар ва жинларни Ўзига ибодат қилишлари учун яратган. Фаришталар доимо Унинг амрида, қусурсиз ибодатда бардавомдирлар. Бироқ инсон ва жинларнинг ҳаммаси ҳам бу илоҳий амрга бўйсунавермайди. Башарти уларнинг барчаси бирдек энг тақводор банда каби итоат ва ибодатга берилса ҳам, Аллоҳ таолонинг мулкига бирор нарса қўшилиб қолмайди. Шунингдек, уларнинг ҳеч бири Парвардигорга ибодат қилмай қўйса ҳам, Унинг улуғлиги ва қудратига путур етмайди, давлати камайиб қолмайди.

Игна ботириб олинганда денгизнинг суви қанчалик камайса, ҳамма бандаларининг тилакларини берган тақдирда ҳам мулкидан бир нарса камайиб қолмаслиги Аллоҳнинг мулки чексиз эканини билдиради. Маълумки, денгиз табиатдаги энг катта, игна эса энг кичик нарсалар. Аслида, игнани ботирган билан денгизда ҳеч қандай камайиш юз бермайди. Бу ташбеҳ Аллоҳ таолонинг бойлиги чексизлигини ифодалашда жуда мос тушади.

Ҳадис сўнгида киши бошига келган ҳар бир яхшиликни Аллоҳдан деб билиши, ёмонликни эса ўзидан кўриб, тавба қилиши кераклиги уқтирилган. Бу ўлчовни яхши англаб, ҳаётига татбиқ этмаган кимсалар динда жиддий хатоликка йўл қўйишлари мумкин. Яхшиликни ўзидан деб билган кибр ва манманликка берилади. Ёмонликни ўзидан кўрмаган кимса ўнгланиш ўрнига, атрофидагиларни танқид қилиш, ўзи яшаб турган жамият қонун-қоидасидан норозилик каби иллатлар чоҳига тушиб қолади. Бу икки ҳолдан Аллоҳ таолонинг ўзи асрасин!

Манбалар асосида Содиқ Носир тайёрлади.

“Ирфон” тақвимининг 2013 йил 3-сонидан олинди.

* * *

Abu Zarr G‘iforiy (r.a.)dan rivoyat qilinadi: “Rasululloh (s.a.v.) aziz va jalil Parvardigordan naql etgan hadislarida Alloh taolo bunday marhamat qiladi:

“Ey bandalarim! Men zulmni O‘zimga harom qildim. Uni sizlarning oralaringizda ham harom qildim. Shunday ekan, bir-birlaringizga zulm qilmang.

Ey bandalarim! Men hidoyat berganlarimdan tashqari hammangiz gumrohsiz. Shunday ekan, Mendan hidoyat so‘rang, sizlarni to‘g‘ri yo‘lga solayin.

Ey bandalarim! Men rizqlantirgan odamlardan boshqa barchangiz ochsiz. Shunday ekan, Mendan rizq so‘rang, sizlarni to‘ydirayin.

Ey bandalarim! Men kiydirib qo‘ygan insonlardan boshqangiz yalang‘ochsiz. Shunday ekan, Mendan kiyim-bosh so‘rang, sizlarni kiyintirib qo‘yay.

Ey bandalarim! Sizlar kecha-yu kunduz xato (gunoh) qilasiz. Men esa butun gunohlarni kechguvchiman. Shunday ekan, mag‘firat so‘rang, sizlarni kechirayin.

Ey bandalarim! Menga zarar yetkaza oladigan darajaga yetolmaysizki, zarar yetkazsangiz. Menga foyda keltira oladigan mavqega erisholmaysizki, foydangiz tegsa.

Ey bandalarim! Sizlardan avvalgilar va keyingilar, insonlar va jinlar orangizdagi eng taqvodor odamdek bo‘lsangiz ham, mulkim ko‘payib qolmaydi.

Ey bandalarim! Sizlardan avvalgilar va keyingilar, insonlar va jinlar orangizdagi eng fojir odamdek bo‘lsangiz ham, mulkim kamayib qolmaydi.

Ey bandalarim! Sizlardan avvalgilar va keyingilar, insonlar va jinlar hammangiz bir maydonga to‘planib, Mendan biror narsa so‘rasangiz ham, har biringizning so‘raganini beraman. Bu bilan xuddi igna dengizga botirib olinganda uning suvi qanchalik kamaysa, mulkimdan ham o‘shancha kamayadi (ya’ni, hech narsa kamayib qolmaydi).

Ey bandalarim! Amallaringga kelsak, ularni sizlar uchun hisoblab qo‘yaman. So‘ng ularning evazini (mukofoti yoki jazosini) to‘liq qilib beraman. Shunday ekan, kim yaxshilikka uchrasa, Alloh taologa hamd aytsin. Kim undan boshqa narsaga yo‘liqsa, o‘zidan boshqani ayblamasin!” (Imom Muslim va Imom Termiziy)

Sharh: Ushbu hadis dinimiz asosiy qoidalarining muxtasar ma’nosini o‘z ichiga olgani bilan alohida ahamiyatga ega. Shu sababli uning sharhiga bag‘ishlangan kitoblar ham yozilgan.

Hadisda Alloh taoloning zulmni o‘ziga harom qilgani aytilmoqda. Olimlar Allohni zulmga yo‘l qo‘yadi, deyish aqlsizlik ekanini aytadilar. Zero, butun koinot Alloh taologa tegishli. U o‘z mulkini istaganicha tasarruf qiladi. Uning biror sherigi ham, nuqsoni ham yo‘qki, sherigining mulkidan olib, o‘zinikini to‘kis qilib olsa.

Alloh taolo zulmni o‘ziga harom qilganidek, bandalarini undan saqlanishga buyurdi. Uning eng yomon ko‘rgan narsasi zulmdir. Shuningdek, bu ta’qiq umumiy ma’no kasb etadi. Ya’ni, mo‘minga zulm qilish bilan boshqalarga jabr qilish bir xil – bari man qilingan.

Hadisdagi “hammangiz gumrohsiz” iborasi “hamma bolalar islom fitratida tug‘iladi” degan hadisga zid kelmaydi. Balki bu o‘rinda tabiatidagi shahvat, rohatga mukkasidan ketish kabi zaif jihatlari bilan inson o‘z holiga qo‘yilsa, adashib ketardi, degan ma’no ko‘zda tutilgan.

Islom aqidasidan ma’lumki, Alloh taolo barcha jonzotning rizqini belgilab qo‘ygan. U Ar-Razzoq sifati bilan dengiz ostidagi xilqatga ham, toshning orasidagi jonivorga ham rizqini yetkazib turadi. Uning iznisiz hech kim bir luqma ham oziqlana olmaydi. Bularni bilgan odam halol mehnat qiladi va Parvardigordan pokiza rizq so‘raydi.

Rizq deganda faqat yeyish-ichishga yaraydigan narsalar ko‘zda tutilmaydi. Balki kiyim-kechak, uy-joy va insonning yashashi uchun lozim bo‘lgan barcha vositalar ham rizqdir.

Allohning bandalariga mehribonligi, ularning gunohlarini kechiruvchi va rahm qiluvchi (Al-G‘afur), ayblarini berkituvchi (Sattor al-uyub) sifatlaridan ham ma’lumdir. Qu’oni karimning bir necha o‘rinlarida Alloh o‘zining rahmati g‘azabidan ustun ekanini bayon qilishi bunga dalil. Bandalarga qolgani esa, gunohlardan pushaymon bo‘lish va qayta takrorlamaslik sharti bilan Allohga yolvorib tavba qilishdir.

Insoniyat fan-texnika sohasida har qancha yuksalgani bilan Yaratgan oldida ojiz va noshud bandaligicha qoladi. Nafaqat odamzot, balki jinlar va boshqa barcha jonzotlar birlikda harakat qilishsa ham, Uning cheksiz qudrati oldida hech ahamiyatlari yo‘q. Bularni anglash va Alloh taolo oldida o‘zini xor tutish bandani ilohiy rizolik va ma’naviy yuksalish sari yetaklaydi.

Alloh taolo insonlar va jinlarni O‘ziga ibodat qilishlari uchun yaratgan. Farishtalar doimo Uning amrida, qusursiz ibodatda bardavomdirlar. Biroq inson va jinlarning hammasi ham bu ilohiy amrga bo‘ysunavermaydi. Basharti ularning barchasi birdek eng taqvodor banda kabi itoat va ibodatga berilsa ham, Alloh taoloning mulkiga biror narsa qo‘shilib qolmaydi. Shuningdek, ularning hech biri Parvardigorga ibodat qilmay qo‘ysa ham, Uning ulug‘ligi va qudratiga putur yetmaydi, davlati kamayib qolmaydi.

Igna botirib olinganda dengizning suvi qanchalik kamaysa, hamma bandalarining tilaklarini bergan taqdirda ham mulkidan bir narsa kamayib qolmasligi Allohning mulki cheksiz ekanini bildiradi. Ma’lumki, dengiz tabiatdagi eng katta, igna esa eng kichik narsalar. Aslida, ignani botirgan bilan dengizda hech qanday kamayish yuz bermaydi. Bu tashbeh Alloh taoloning boyligi cheksizligini ifodalashda juda mos tushadi.

Hadis so‘ngida kishi boshiga kelgan har bir yaxshilikni Allohdan deb bilishi, yomonlikni esa o‘zidan ko‘rib, tavba qilishi kerakligi uqtirilgan. Bu o‘lchovni yaxshi anglab, hayotiga tatbiq etmagan kimsalar dinda jiddiy xatolikka yo‘l qo‘yishlari mumkin. Yaxshilikni o‘zidan deb bilgan kibr va manmanlikka beriladi. Yomonlikni o‘zidan ko‘rmagan kimsa o‘nglanish o‘rniga, atrofidagilarni tanqid qilish, o‘zi yashab turgan jamiyat qonun-qoidasidan norozilik kabi illatlar chohiga tushib qoladi. Bu ikki holdan Alloh taoloning o‘zi asrasin!

Manbalar asosida Sodiq Nosir tayyorladi.

“Irfon” taqvimining 2013 yil 3-sonidan olindi.