Тахтага қоқилган михлар

Рукн: Ибрат Чоп этилган: 10.12.2014

Доим дўстлари билан тортишиб юрадиган бир қайсар йигит бор экан. Бир куни дадаси унга бир қоп мих берибди.
— Одамлар билан тортишиб қолганингда ҳар сафар тахтага биттадан мих қоқ, — дебди.
Йигит биринчи ҳафтадаёқ тахтага ўттиз еттита мих қоқибди. Кейинги ҳафталарда ўзини бошқаришга ҳаракат қилибди ва кундан-кунга мих қоқишни озайтирибди. Ниҳоят, бир куни битта ҳам мих қоқмабди. Бу ҳолни отасига келиб айтибди. Отаси уни тахтанинг ёнига етаклабди:
—     Бугундан бошлаб ҳеч ким билан тортишмаган кунларинг биттадан михни суғуриб олавер, — дебди.
Кунлар ўтаверибди. Ниҳоят, бир куни тахтада бирорта ҳам мих қолмабди. Отаси унга:
 Офарин, яхши иш қилдинг. Энди бу тахтага диққат билан қара, шўрлик, илматешик бўлиб кетибди. Олдингидай чиройли эмас. Одамлар билан тортишганингда ёмон сўзлар айтгансан. Ҳар бир ёмон сўз кўнгилда асорат қолдиради. Энди дўстларингдан узр сўраб, яхши сўзлар айтиб, қалбларига малҳам бўлишинг керак, дебди.

Муна, Сумайро Абдуллоҳ қизлари тайёрлади. 

 

***

Doim do‘stlari bilan tortishib yuradigan bir qaysar yigit bor ekan. Bir kuni dadasi unga bir qop mix beribdi.
— Odamlar bilan tortishib qolganingda har safar taxtaga bittadan mix qoq, — debdi.
Yigit birinchi haftadayoq taxtaga o‘ttiz yettita mix qoqibdi. Keyingi haftalarda o‘zini boshqarishga harakat qilibdi va kundan-kunga mix qoqishni ozaytiribdi. Nihoyat, bir kuni bitta ham mix qoqmabdi. Bu holni otasiga kelib aytibdi. Otasi uni taxtaning yoniga yetaklabdi:
—     Bugundan boshlab hech kim bilan tortishmagan kunlaring bittadan mixni sug‘urib olaver, — debdi.
Kunlar o‘taveribdi. Nihoyat, bir kuni taxtada birorta ham mix qolmabdi. Otasi unga:
 Ofarin, yaxshi ish qilding. Endi bu taxtaga diqqat bilan qara, sho‘rlik, ilmateshik bo‘lib ketibdi. Oldingiday chiroyli emas. Odamlar bilan tortishganingda yomon so‘zlar aytgansan. Har bir yomon so‘z ko‘ngilda asorat qoldiradi. Endi do‘stlaringdan uzr so‘rab, yaxshi so‘zlar aytib, qalblariga malham bo‘lishing kerak, debdi.

Muna, Sumayro Abdulloh qizlari tayyorladi.