Қоп кўтарган халифа

Рукн: Ибрат Чоп этилган: 10.12.2014

Бир тунда Ҳазрати Умар кули Аслам билан биргаликда Мадинани айлангани чиқди. Айланиб юриб, Ҳаррату Воқим деган жойга келди. Кейин Сирорга етди. У ерда оловни кўриб, Ҳазрати Умар:
— Аслам, менимча бу оловни совуқ ва қоронғуликдан қийналган одамлар ёққан бўлсалар керак. Юр, уларнинг олдига борамиз,— деди.
Араблар қоронғу, совуқ кунларда олов ёқиб, итларини чодир атрофига боғлаб қўярди. Бундан мақсад, ёниб турган гулханни ва вовуллаётган итларни кўрган одам у ерни осон топади.
Икковлон бориб қарасалар, гулхан атрофида кекса аёл ва бир неча бола ўтиришган экан. Болалар тинмай йиғлар, кампир эса олов устига қўйилган қозонни ковлар эди.
— Ассалому алайкум!
— Ваалайкум ассалом!
— Ўтирсам майлими?
— Яхши ниятда бўлсанг, кел, ниятинг ёмон бўлса, кетавер.
— Биз яхшиликни ўйлайдиган ва уни яхши кўрадиган одамлармиз.
Ҳазрати Умар олдинга яна бир-икки қадам ташлади. — Аҳволлар қалай, хола?
— Қоронғулик ва совуқдан қийналяпмиз.
— Болалар нега йиғлашяпти?
— Қорни оч уларнинг. Очликдан қийналишяпти. Аёл ҳақ эди. Қорни очган бола йиғлайди. Ҳазрати Умар қизиқиб:
— Нима пиширяпсиз? Қозондаги нима?
— Сув қайнатяпман. Фақат сувнинг ўзи. Ичида қитирлаётган нарса эса, тош. Болаларни, овқат пиширяпман, деб алдаяпман. Бир оздан кейин йиғидан чарчаб ухлаб қолишади.
Аёл бу гапларни алам ва маҳзунлик ичра айтди, кўзларидан оққан ёшни кўрмаган, ҳатто гапларига яхши тушунмаган одам ҳам бу аёл товушидаги дардни пайқамасдан қолмасди. Бир оз тин олган аёл гапини давом эттирди:
— Бир кун Аллоҳ биз билан Умар ўртасида ҳакам бўлади.
Охирги гапни аёл юрак тубидан чиқариб айтди. Ҳазрати Умар бир қалқиб тушди. Лекин «Нималар деётганингни биласанми, аҳмоқ кампир?» демади. Шундай деса бўларди, ҳатто қўлларидаги таёқ билан бир-икки туширса ҳам, бўларди. Лекин бу билан нималарнидир ҳал қилиб бўлмасди. Ҳазрати Умар бундай қилолмасди, балки бошқа Умар қилиши мумкин эди. У адолат, сабр, яхшилик ва эҳсон тимсоли эди. Нафс амрига бўйсуниб, бир-икки дўппосласа, бир оз муддатдан кейин унутилиб кетарди. Аммо бу билан асрлар оша тантиликлари ила инсониятга ўрнак сиймо бўлиб қололмасди.
— Худо хайрингизни берсин, Умар аҳволингизни қайдан билсин?
— Амир бўлишни, ишимизни гарданига олишни билса-ю, аҳволимиз билан қизиқмаса, нима қилиб халифа бўлиб юрибди? Бир кун келиб, Аллоҳ ундан бизнинг ҳисобимизни сўрамайдими?
— Сиз ҳақсиз, холажон, ҳақсиз...
Ҳазрати Умарнинг пешоналаридан тер окиб, оёқ-қўллари ҳолсизланди. Виждони эса, икки тегирмон тоши орасига тушиб қолгандек эди. Аёлга қолса, яна нималар демасди. Ундаги дард юки шу даражада оғир эди. Зеро, болаларига тош пишираётган, уларнинг йиғлаб-сиқтаб ухлаб қолишларини кутаётган аёлнинг бутун ғам-алами икки жумлага жо бўлолмасди. Аёлнинг дардини дастурхон қилиши ва Ҳазрати Умарнинг уни сабр-матонат билан эшитиши ҳам мавжуд муаммони хал қилиб беролмасди ёки болаларнинг қорнини тўйдириб қўймасди. Шунинг учун: — Кетдик, Аслам, — деди Ҳазрати Умар. Икковлон у жойдан шоша-пиша кетаркан, ортларидан бир жуфт кўз ҳайрон қараб келди. Аёл қўлидаги капгир билан қозонни кавлаб: «Ҳозир пишади, болажонларим», дейишда давом этарди.

* * *


Тез-тез юриб Байтулмолга етиб келган Ҳазрати Умар у ердан бир қоп ун ва кўзада ёғ олди.
— Унни устимга орт, Аслам, — деди.
— Буни мен олақоламан.
— Айтганимни қил!
— Лекин уни мен ташишим керак.
— Онанг сени йўқотсин, Аслам! Қиёмат куни ҳам менинг гуноҳларимни гарданингга олиб, менга енгил нафас олдирасанми? Вақтни ўтказмай, қопни орт.
Ёнида халифа елкасига қоп ортиб кетаркан, ўзининг бундай эркин кетиши Асламга эриш туюлди. Лекин бошқа иложи ҳам йўқ эди. Аслам ёғни олгандан кейин қадамлар тезлашди.
Ниҳоят, гулхан кўзга ташланди. Аслам енгил нафас олди. Чунки оддий одам кўтаролмайдиган қопни ерга қўймай, деярли югуриб келиши Ҳазрати Умарни анча ҳолдан тойдиргани аниқ эди.
Бу сафар изн ҳам сўрамай чодирга киришди. Аёл ҳануз машғул эди, болалари эса тинмай йиғларди. Ҳазрати Умар елкасидаги унни ерга қўйиб, қозондаги сув ва тошларни тўкиб ташлади. Унга озгина ёғ солди. Кейин ҳайрат тўла миннатдор кўзлари билан қараб турган аёлга:
— Унни сол, мен қораман! — деди.
Бу сафар ростакамига ҳам овқат пиширилаётганини болалар ҳам сездилар. Ҳазрати Умар хамир қора бошлади. Орада олов ўчиб қолай деганда, эгилиб, пуфлай кетди.
Воқеани айтиб бераркан, Аслам: «Ҳазрати Умарнинг қуюқ соқоллари орасидан чиққан тутунни ҳозир ҳам кўриб тургандекман», деган эди. Ниҳоят, таом тайёр бўлди. Ҳазрати Умар аёлдан лаган сўради. Овқатни лаганга сузиб бир оз совушини кутди, кейин уни болалар олдига қўйди. Ўзи бир чеккага ўтиб, уларни кузата бошлади. Тутун ва ис босган юзида табассум пайдо бўлди. Аёл ҳам бундан мамнун ҳолда:
— Худо ҳаққи, халифаликка Умардан кўра сен лойиқроқсан. Аллоҳ рози бўлсин, сенга яхшилик ва эҳсонлар ато этсин, — дер эди.
— Аллоҳ сизларга ҳам яхшиликлар берсин. Эртага мўминлар амирининг олдига бор. Мени ўша ерда учратасан. Сенга ёрдам бериб юбораман. — Ундай қилолмайман, — деди аёл. — Бориб унинг олдида кўз ёши қилолмайман.
Болалар ҳам қорни тўйгач, табассум қила бошлади. Улар бир-бири билан ҳазил-ҳузул қилиб ўйнарди. Охири уйқулари келиб, бир чеккага чўзилишди. Ҳазрати Умар ҳам ўрнидан турди.
— Аллоҳ роҳат берсин, — деб чиқиб кетди. Аёл у кишининг ортидан дуо қилганча қолди. Кўнглида кечаётганлари кўз ёшларидан ҳам кўпроқ эди. Бир оз юргач, Ҳазрати Умар Асламга ўгирилди: — Очлик уларнинг уйқуларига монеълик қилган эди. Мен уларнинг тўйгани ва кулишларини кўрмай кетишни истамадим. («Тарихи Табарий»)
Бу ажойиб фазилат эди. Расулуллоҳ: «Ким бир мўминни дунё ғамидан халос қилса, Аллоҳ ҳам қиёмат куни унинг ғамларидан бирини кетказади», деганлар. Ҳазрати Умар шунинг учун ҳам хурсанд эди. Шу билан бирга, бу каби оилалар қанча. Халифа ҳузурига келиб: «Биз болаларимиз қорнини тўйдиролмаяпмиз», дея олмайдиган қанчадан-қанча одам ҳаётнинг аччиқ лаҳзаларидан эзилиб, тушкунликда яшамоқда. Ҳазрати Умар тунни бедор ўтказди. Лекин шу биргина тун мириқиб ухлайдиган кечалардан афзал эди. Бу кеча тарихда қоладиган кеча эди. Унинг қаҳрамонлари — буюк халифа, унинг сабрли қули ва Умарнинг олдига бориб кўз ёши тўкмай, қаноат ичра яшаган аёл. Уларнинг ҳаққига ўн тўрт асрдан кейин ҳам дуолар қилинажак, саломлар йўллаш учун Аллоҳ азза ва жалла томон қўллар кўтарилажак. Куёви шаҳид кетган, қизи вафот этган бу аёл набираларини қачонгача боқа олади? Бир кун келиб, сабри тугайди ё ўша сабр уларни ўлимгача олиб боради.
Eртасига Ҳазрати Умар ҳузурига келган аёл кеча ким билан учрашганини фаҳмлади:
— Сиз кеча ҳолимиздан хабар олган ўша кишимисиз? Нега кимлигингизни айтмадингиз?
— Муҳими Умарни танишингиз эмас, эҳтиёжингиз қондирилишидир. Аллоҳ мададкорингиз бўлсин!

Аҳмад Лутфий Қозончининг “Ҳазрати Умар ибн Хаттоб (р.а.)”
(Тошкент, «Мовароуннаҳр», 2005) китобидан олинди.

* * *

Bir tunda Hazrati Umar kuli Aslam bilan birgalikda Madinani aylangani chiqdi. Aylanib yurib, Harratu Voqim degan joyga keldi. Keyin Sirorga yetdi. U yerda olovni ko‘rib, Hazrati Umar:
— Aslam, menimcha bu olovni sovuq va qorong‘ulikdan qiynalgan odamlar yoqqan bo‘lsalar kerak. Yur, ularning oldiga boramiz,— dedi.
Arablar qorong‘u, sovuq kunlarda olov yoqib, itlarini chodir atrofiga bog‘lab qo‘yardi. Bundan maqsad, yonib turgan gulxanni va vovullayotgan itlarni ko‘rgan odam u yerni oson topadi.
Ikkovlon borib qarasalar, gulxan atrofida keksa ayol va bir necha bola o‘tirishgan ekan. Bolalar tinmay yig‘lar, kampir esa olov ustiga qo‘yilgan qozonni kovlar edi.
— Assalomu alaykum!
— Vaalaykum assalom!
— O’tirsam maylimi?
— Yaxshi niyatda bo‘lsang, kel, niyating yomon bo‘lsa, ketaver.
— Biz yaxshilikni o‘ylaydigan va uni yaxshi ko‘radigan odamlarmiz.
Hazrati Umar oldinga yana bir-ikki qadam tashladi. — Ahvollar qalay, xola?
— Qorong‘ulik va sovuqdan qiynalyapmiz.
— Bolalar nega yig‘lashyapti?
— Qorni och ularning. Ochlikdan qiynalishyapti. Ayol haq edi. Qorni ochgan bola yig‘laydi. Hazrati Umar qiziqib:
— Nima pishiryapsiz? Qozondagi nima?
— Suv qaynatyapman. Faqat suvning o‘zi. Ichida qitirlayotgan narsa esa, tosh. Bolalarni, ovqat pishiryapman, deb aldayapman. Bir ozdan keyin yig‘idan charchab uxlab qolishadi.
Ayol bu gaplarni alam va mahzunlik ichra aytdi, ko‘zlaridan oqqan yoshni ko‘rmagan, hatto gaplariga yaxshi tushunmagan odam ham bu ayol tovushidagi dardni payqamasdan qolmasdi. Bir oz tin olgan ayol gapini davom ettirdi:
— Bir kun Alloh biz bilan Umar o‘rtasida hakam bo‘ladi.
Oxirgi gapni ayol yurak tubidan chiqarib aytdi. Hazrati Umar bir qalqib tushdi. Lekin «Nimalar deyotganingni bilasanmi, ahmoq kampir?» demadi. Shunday desa bo‘lardi, hatto qo‘llaridagi tayoq bilan bir-ikki tushirsa ham, bo‘lardi. Lekin bu bilan nimalarnidir hal qilib bo‘lmasdi. Hazrati Umar bunday qilolmasdi, balki boshqa Umar qilishi mumkin edi. U adolat, sabr, yaxshilik va ehson timsoli edi. Nafs amriga bo‘ysunib, bir-ikki do‘pposlasa, bir oz muddatdan keyin unutilib ketardi. Ammo bu bilan asrlar osha tantiliklari ila insoniyatga o‘rnak siymo bo‘lib qololmasdi.
— Xudo xayringizni bersin, Umar ahvolingizni qaydan bilsin?
— Amir bo‘lishni, ishimizni gardaniga olishni bilsa-yu, ahvolimiz bilan qiziqmasa, nima qilib xalifa bo‘lib yuribdi? Bir kun kelib, Alloh undan bizning hisobimizni so‘ramaydimi?
— Siz haqsiz, xolajon, haqsiz...
Hazrati Umarning peshonalaridan ter okib, oyoq-qo‘llari holsizlandi. Vijdoni esa, ikki tegirmon toshi orasiga tushib qolgandek edi. Ayolga qolsa, yana nimalar demasdi. Undagi dard yuki shu darajada og‘ir edi. Zero, bolalariga tosh pishirayotgan, ularning yig‘lab-siqtab uxlab qolishlarini kutayotgan ayolning butun g‘am-alami ikki jumlaga jo bo‘lolmasdi. Ayolning dardini dasturxon qilishi va Hazrati Umarning uni sabr-matonat bilan eshitishi ham mavjud muammoni xal qilib berolmasdi yoki bolalarning qornini to‘ydirib qo‘ymasdi. Shuning uchun: — Ketdik, Aslam, — dedi Hazrati Umar. Ikkovlon u joydan shosha-pisha ketarkan, ortlaridan bir juft ko‘z hayron qarab keldi. Ayol qo‘lidagi kapgir bilan qozonni kavlab: «Hozir pishadi, bolajonlarim», deyishda davom etardi.

* * *


Tez-tez yurib Baytulmolga yetib kelgan Hazrati Umar u yerdan bir qop un va ko‘zada yog‘ oldi.
— Unni ustimga ort, Aslam, — dedi.
— Buni men olaqolaman.
— Aytganimni qil!
— Lekin uni men tashishim kerak.
— Onang seni yo‘qotsin, Aslam! Qiyomat kuni ham mening gunohlarimni gardaningga olib, menga yengil nafas oldirasanmi? Vaqtni o‘tkazmay, qopni ort.
Yonida xalifa yelkasiga qop ortib ketarkan, o‘zining bunday erkin ketishi Aslamga erish tuyuldi. Lekin boshqa iloji ham yo‘q edi. Aslam yog‘ni olgandan keyin qadamlar tezlashdi.
Nihoyat, gulxan ko‘zga tashlandi. Aslam yengil nafas oldi. Chunki oddiy odam ko‘tarolmaydigan qopni yerga qo‘ymay, deyarli yugurib kelishi Hazrati Umarni ancha holdan toydirgani aniq edi.
Bu safar izn ham so‘ramay chodirga kirishdi. Ayol hanuz mashg‘ul edi, bolalari esa tinmay yig‘lardi. Hazrati Umar yelkasidagi unni yerga qo‘yib, qozondagi suv va toshlarni to‘kib tashladi. Unga ozgina yog‘ soldi. Keyin hayrat to‘la minnatdor ko‘zlari bilan qarab turgan ayolga:
— Unni sol, men qoraman! — dedi.
Bu safar rostakamiga ham ovqat pishirilayotganini bolalar ham sezdilar. Hazrati Umar xamir qora boshladi. Orada olov o‘chib qolay deganda, egilib, puflay ketdi.
Voqeani aytib berarkan, Aslam: «Hazrati Umarning quyuq soqollari orasidan chiqqan tutunni hozir ham ko‘rib turgandekman», degan edi. Nihoyat, taom tayyor bo‘ldi. Hazrati Umar ayoldan lagan so‘radi. Ovqatni laganga suzib bir oz sovushini kutdi, keyin uni bolalar oldiga qo‘ydi. O’zi bir chekkaga o‘tib, ularni kuzata boshladi. Tutun va is bosgan yuzida tabassum paydo bo‘ldi. Ayol ham bundan mamnun holda:
— Xudo haqqi, xalifalikka Umardan ko‘ra sen loyiqroqsan. Alloh rozi bo‘lsin, senga yaxshilik va ehsonlar ato etsin, — der edi.
— Alloh sizlarga ham yaxshiliklar bersin. Ertaga mo‘minlar amirining oldiga bor. Meni o‘sha yerda uchratasan. Senga yordam berib yuboraman. — Unday qilolmayman, — dedi ayol. — Borib uning oldida ko‘z yoshi qilolmayman.
Bolalar ham qorni to‘ygach, tabassum qila boshladi. Ular bir-biri bilan hazil-huzul qilib o‘ynardi. Oxiri uyqulari kelib, bir chekkaga cho‘zilishdi. Hazrati Umar ham o‘rnidan turdi.
— Alloh rohat bersin, — deb chiqib ketdi. Ayol u kishining ortidan duo qilgancha qoldi. Ko‘nglida kechayotganlari ko‘z yoshlaridan ham ko‘proq edi. Bir oz yurgach, Hazrati Umar Aslamga o‘girildi: — Ochlik ularning uyqulariga mone’lik qilgan edi. Men ularning to‘ygani va kulishlarini ko‘rmay ketishni istamadim. («Tarixi Tabariy»)
Bu ajoyib fazilat edi. Rasululloh: «Kim bir mo‘minni dunyo g‘amidan xalos qilsa, Alloh ham qiyomat kuni uning g‘amlaridan birini ketkazadi», deganlar. Hazrati Umar shuning uchun ham xursand edi. Shu bilan birga, bu kabi oilalar qancha. Xalifa huzuriga kelib: «Biz bolalarimiz qornini to‘ydirolmayapmiz», deya olmaydigan qanchadan-qancha odam hayotning achchiq lahzalaridan ezilib, tushkunlikda yashamoqda. Hazrati Umar tunni bedor o‘tkazdi. Lekin shu birgina tun miriqib uxlaydigan kechalardan afzal edi. Bu kecha tarixda qoladigan kecha edi. Uning qahramonlari — buyuk xalifa, uning sabrli quli va Umarning oldiga borib ko‘z yoshi to‘kmay, qanoat ichra yashagan ayol. Ularning haqqiga o‘n to‘rt asrdan keyin ham duolar qilinajak, salomlar yo‘llash uchun Alloh azza va jalla tomon qo‘llar ko‘tarilajak. Kuyovi shahid ketgan, qizi vafot etgan bu ayol nabiralarini qachongacha boqa oladi? Bir kun kelib, sabri tugaydi yo o‘sha sabr ularni o‘limgacha olib boradi.
Ertasiga Hazrati Umar huzuriga kelgan ayol kecha kim bilan uchrashganini fahmladi:
— Siz kecha holimizdan xabar olgan o‘sha kishimisiz? Nega kimligingizni aytmadingiz?
— Muhimi Umarni tanishingiz emas, ehtiyojingiz qondirilishidir. Alloh madadkoringiz bo‘lsin!

Ahmad Lutfiy Qozonchining “Hazrati Umar ibn Xattob (r.a.)”
(Toshkent, «Movarounnahr», 2005) kitobidan olindi.