Ҳақиқий толиб

Рукн: Ибрат Чоп этилган: 10.12.2014

Андалус олимларидан, буюк муҳаддис Бақиъ ибн Михлат Имом Аҳмад ибн Ҳанбалдан ҳадис эшитиш мақсадида машриққа пиёда келган экан. Бағдодга яқинлашганида Имом Аҳмадни мўътазила эътиқодига қарши чиққани учун ҳалифа Маъмун уй қамоғига тиққанини эшитиб, қаттиқ ғамга ботибди.
Шу куни шаҳардаги масжидга борибди. У ердаги илм халқасида ўтириб, устоз Яҳё ибн Маъин (катта муҳаддис, Имом Бухорийнинг устозларидан)дан Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ҳолатини сўраб, у зотнинг уйларига борибди. Биров кўриб қолишидан хавотирда ичкарида гаплашибдилар. Аҳмад ибн Ҳанбал сўрабдилар:
— Қаердан келдингиз? Узоқданми? Африқияданми?
— Йўқ, ундан ҳам узоқдан, Андалусдан келдим, фақатгина сиздан ҳадис ўрганиш мақсадида келдим.
— Билгандирсиз, ҳалифа мени илм беришдан, масжидга чиқишдан маҳрум қилди…
— Ҳазрат, агар йўқ демасангиз бир ҳийла ишлатсам. Ҳузурингизга ҳар куни гадо қиёфасида келаман-да, оз муддат ичида менга битта ҳадис айтиб берсангиз бўлди, кетавераман.
Бақиъ ибн Михлат ҳикоя қилади:
«Ҳар куни жулдур кийимларда, қўлимга эгри таёқ тутиб Аҳмад ибн Ҳанбалнинг олдиларига келар, у зот баъзан битта, баъзан эса 2-3 та ҳадис айтиб берардилар. У зотдан шу йўл билан 300 дан зиёд ҳадис ёд олдим. Маъмун дунёдан ўтиб, Аҳмад ибн Ҳанбал машҳур уламо бўлиб, буюк муҳаддисларга дарс берадиган бўлдилар. Шундай буюк мужтаҳид ҳузурларига келсам, ёнларидан жой бериб, толибларга шундай дер эдилар:
— Мана буни ҳақиқий толиби илм дейди! У гадойлик қилиб бўлса-да, мендан илм ўрганди.
Бир куни касал бўлиб қолганимдан хабар топган имом шогирдлари билан мен ётган карвонсаройга келдилар. Шу даражада олимлар кўп эдики, ҳатто одам сиғмади. Дуо қилиб кетдилар. Шундан сўнг, ҳамма мени ҳурмат қиладиган, зиёратимга келадиган бўлди.»

* * *

Andalus olimlaridan, buyuk muhaddis Baqi’ ibn Mixlat Imom Ahmad ibn Hanbaldan hadis eshitish maqsadida mashriqqa piyoda kelgan ekan. Bag‘dodga yaqinlashganida Imom Ahmadni mo‘‘tazila e’tiqodiga qarshi chiqqani uchun xalifa Ma’mun uy qamog‘iga hukm qilganini eshitib, qattiq g‘amga botdi.
Shu kuni shahardagi masjidga bordi. U yerdagi ilm halqasida o‘tirib, ustoz Yahyo ibn Ma’in (katta muhaddis, Imom Buxoriyning ustozlaridan)dan Ahmad ibn Hanbalning holatini so‘rab, u zotning uylariga boribdi. Birov ko‘rib qolishidan xavotirda ichkarida gaplashibdilar. Ahmad ibn Hanbal so‘rabdilar:
— Qaerdan keldingiz? Uzoqdanmi? Afriqiyadanmi?
— Yo‘q, undan ham uzoqdan, Andalusdan keldim, faqatgina sizdan hadis o‘rganish maqsadida keldim.
— Bilgandirsiz, xalifa meni ilm berishdan, masjidga chiqishdan mahrum qildi…
— Hazrat, agar yo‘q demasangiz bir hiyla ishlatsam. Huzuringizga har kuni gado qiyofasida kelaman-da, oz muddat ichida menga bitta hadis aytib bersangiz bo‘ldi, ketaveraman.
Baqi’ ibn Mixlat hikoya qiladi:
“Har kuni juldur kiyimlarda, qo‘limga egri tayoq tutib Ahmad ibn Hanbalning oldilariga kelar, u zot ba’zan bitta, ba’zan esa 2-3 ta hadis aytib berardilar. Ustozdan shu yo‘l bilan 300 dan ziyod hadis yod oldim. Ma’mun dunyodan o‘tib, Ahmad ibn Hanbal mashhur ulamo bo‘lib, muhaddislarga dars beradigan bo‘ldilar. Buyuk mujtahid shuncha buyuk muhaddislarga dars berayotib, huzurlariga kelsam, yonlaridan joy berib, toliblarga shunday der edilar:
— Mana buni haqiqiy tolibi ilm deydi! U gadoylik qilib bo‘lsa-da, mendan ilm o‘rgandi.
Bir kuni kasal bo‘lib qolganimdan xabar topgan imom shogirdlari bilan men yotgan karvonsaroyga keldilar. Shu darajada olimlar ko‘p ediki, hatto odam sig‘madi. Duo qilib ketdilar. Shundan so‘ng, hamma meni hurmat qiladigan, ziyoratimga keladigan bo‘ldi.”

Yorqinjon qori ma’ruzalari asosida tayyorlandi.