Султонга дарс берган қул

Рукн: Ибрат Чоп этилган: 14.05.2018

“Энг гўзал ҳикоятлар-2” танловига

Аёз исмли бир қул тақдир бўлиб, Султон Маҳмуднинг хизматкори бўлибди. Султон қулининг одоб-ахлоқини кўриб, уни яхши кўриб қолибди. Шунчалик ишончини қозонибдики, бутун салтанатнинг хазинабони этиб тайинланиб, саройнинг барча хазина-бойликлари унга топшириладиган бўлибди. Бу ҳолатни кўрган саройдагиларнинг баъзилари бунга ҳасад қилишибди. Ҳасад ва кибрлари туфайли “шундай оддий бир қулга бунчалик катта мавқеъ берилиши”ни ва ўзларининг шу даражада ҳам обрўлари йўқлигини ўзларига сингдира олмабдилар. Ҳолат шундай давом этгач, Султонга ҳар куни, ҳар хил баҳона билан Аёздан шикоят қила бошлашибди. Унинг обрўйини тушириш учун қўлларидан келган ҳамма йўлни синаб кўришибди.

Кунларнинг бирида Султоннинг ҳузурида бир сарой аъёни иккинчисига: “Қул Аёз хазинага тез-тез қатнайдиган бўлиб қолди, биласанми? Менимча у гавҳарларимизни ўғирлаб юрибди. Бунга аминман”, дебди.

Буни эшитган Султон қулоқларига ишонмай “Ҳақиқатдан ҳам шундаймикин, шундай бўлса ўз кўзим билан кўрайин” деб, хазина хонаси деворига кичкинагина тешикча тешдирибди. Шундай қилиб, ичкарида бўлаётган нарсаларни томоша қилишни бошлабди.

Кеч тушибди, қул секин сарой хазинасига бориб, эшикни ҳам билдирмасдан ёпиб ичкарига кирибди. Султон қулнинг сандиқ олдига яқинлашганини кўрибди. У ерда яшириб қўйгани кичкинагина бир тугун экан. Тугунни ўпиб, пешонасига суртиб уни очибди. Ичидан қуллик пайти кийган эски-туски кийими чиқибди. Уни кийиб ойнанинг олдига ўтибди. Ўзига ўзи: “Авваллари шу кийимни кийиб юрганингда ким эканлигингни эслайсанми?” – деб сўрабди. – Ҳеч ким... Бор йўғи сотиладиган қул эдинг, холос. Аллоҳ сенга Султоннинг қўли билан, лойиқ бўлмасанг ҳам Ўз раҳматидан шундай неъматларини лутф қилди. Асло қаердан келганингни унутма! Чунки мол-мулк инсоннинг ақлини олади, унутишга мажбурлайди. Шундай экан, сен ҳам сендан камроқ неъматга эга бўлганларга паст назар билан қараб, кибрланма! Буни асло унутма, эй Аёз! – деб сандиқни ёпиб, қулфлабди ва секингина эшикдан чиқибди. Хазинадан чиқар-чиқмас, Султон билан юзма-юз келибди. Шунда Султон Аёзга қараб туриб, кўзидан дона-дона ёш оқа бошлабди. Султон гапиришга ҳам қийналиб, томоғи ҳам тиқилиб қолибди ва ўзини мажбурлаб бўлса ҳам қулига шундай дебди:

— Бугунга қадар бойликларимнинг хазинабони эдинг. Энди... Қалбимизнинг ҳам хазинабонига айландинг. Менга, ҳақиқий Султоним олдида ҳеч ким эканлигимни ва унга қандай муносабатда бўлишим кераклигини ўргатдинг...

Манба: Жалолиддин Румий. “Маснавий”

Турк тилидан Абдуллоҳ Раҳимбоев таржимаси.

Ayoz ismli bir qul taqdir bo‘lib, Sulton Mahmudning xizmatkori bo‘libdi. Sulton qulining odob-axloqini ko‘rib, uni yaxshi ko‘rib qolibdi. Shunchalik ishonchini qozonibdiki, butun saltanatning xazinaboni etib tayinlanib, saroyning barcha xazina-boyliklari unga topshiriladigan bo‘libdi. Bu holatni ko‘rgan saroydagilarning ba’zilari bunga hasad qilishibdi. Hasad va kibrlari tufayli “shunday oddiy bir qulga bunchalik katta mavqe’ berilishi”ni va o‘zlarining shu darajada ham obro‘lari yo‘qligini o‘zlariga singdira olmabdilar. Holat shunday davom etgach, Sultonga har kuni, har xil bahona bilan Ayozdan shikoyat qila boshlashibdi. Uning obro‘yini tushirish uchun qo‘llaridan kelgan hamma yo‘lni sinab ko‘rishibdi.

Kunlarning birida Sultonning huzurida bir saroy a’yoni ikkinchisiga: “Qul Ayoz xazinaga tez-tez qatnaydigan bo‘lib qoldi, bilasanmi? Menimcha u gavharlarimizni o‘g‘irlab yuribdi. Bunga aminman”, debdi.

Buni eshitgan Sulton quloqlariga ishonmay “Haqiqatdan ham shundaymikin, shunday bo‘lsa o‘z ko‘zim bilan ko‘rayin” deb, xazina xonasi devoriga kichkinagina teshikcha teshdiribdi. Shunday qilib, ichkarida bo‘layotgan narsalarni tomosha qilishni boshlabdi.

Kech tushibdi, qul sekin saroy xazinasiga borib, eshikni ham bildirmasdan yopib ichkariga kiribdi. Sulton qulning sandiq oldiga yaqinlashganini ko‘ribdi. U yerda yashirib qo‘ygani kichkinagina bir tugun ekan. Tugunni o‘pib, peshonasiga surtib uni ochibdi. Ichidan qullik payti kiygan eski-tuski kiyimi chiqibdi. Uni kiyib oynaning oldiga o‘tibdi. O‘ziga o‘zi: “Avvallari shu kiyimni kiyib yurganingda kim ekanligingni eslaysanmi?” – deb so‘rabdi. – Hech kim... Bor yo‘g‘i sotiladigan qul eding, xolos. Alloh senga Sultonning qo‘li bilan, loyiq bo‘lmasang ham O‘z rahmatidan shunday ne’matlarini lutf qildi. Aslo qaerdan kelganingni unutma! Chunki mol-mulk insonning aqlini oladi, unutishga majburlaydi. Shunday ekan, sen ham sendan kamroq ne’matga ega bo‘lganlarga past nazar bilan qarab, kibrlanma! Buni aslo unutma, ey Ayoz! – deb sandiqni yopib, qulflabdi va sekingina eshikdan chiqibdi. Xazinadan chiqar-chiqmas, Sulton bilan yuzma-yuz kelibdi. Shunda Sulton Ayozga qarab turib, ko‘zidan dona-dona yosh oqa boshlabdi. Sulton gapirishga ham qiynalib, tomog‘i ham tiqilib qolibdi va o‘zini majburlab bo‘lsa ham quliga shunday debdi:

— Bugunga qadar boyliklarimning xazinaboni eding. Endi... Qalbimizning ham xazinaboniga aylanding. Menga, haqiqiy Sultonim oldida hech kim ekanligimni va unga qanday munosabatda bo‘lishim kerakligini o‘rgatding...

Manba: Jaloliddin Rumiy. “Masnaviy”

Turk tilidan Abdulloh Rahimboev tarjimasi.