Ҳақсўз муфтий Иззуддин

Рукн: Ибрат Чоп этилган: 17.10.2017

Салоҳиддин Айюбийнинг вафотидан кейин халифаликда ихтилофлар юзага келди. Бу ихтилофлар мағлубиятга учраб, тор-мор бўлган салибчиларга қўл келди. Шом султони Солиҳ Исмоил билан унинг акаси, Миср султони Нажмиддин Айюб ўртасида низолар бошланиб кетди.

Солиҳ Исмоил салибчилар билан иттифоқ тузиб, уларга Байтул Мақдис, Табарийя ва Асқалонни топшириб, агар Нажмиддин Айюбни мағлуб қилишга ёрдам беришса, Мисрдан ҳам бир парча жой ажратиб беришга ваъда берди. Шунингдек, салибчиларга Димашққа бемалол киришига йўл очиб берди. Уларга ҳаракат эркинлигини ва маҳаллий халқдан қурол сотиб олишларига имконият яратилди.

Иззуддин ибн Абдусалом бу пайтда Дамашқ муфтийси ва уммавийлар масжидининг имом хатиби эди. Жума куни хутбада минбарда туриб Солиҳни беаёв танқид қилди. Унга баддуо ҳам қилиб юборди. Салибчиларга қурол сотиш ва умуман ёрдам беришнинг ҳаромлигига фатво берди. Ҳар бир хутбаси, дарслари султонга қарши бўлди. Салибчиларга қарши урушишга одамларни даъват қилди. Душманларга ёрдам беришни хиёнат деб эълон қилди.

Бу сўзларни эшитган султон Солиҳ Исмоил дарғазаб бўлиб, уни уммавийларнинг масжидига имомлик вазифасидан четлатди, фатво чиқариш ва одамларга аралашиб юришни тақиқлаб қўйди. Уйидан чиқишга рухсат бермасликка буйруқ берди. Шундан сўнг Иззуддин ҳаракатини давом эттириш учун Дамашқдан Мисрга ҳижрат қилишга қарор қилди.

Шундай қилиб, ҳижрий 638 йилида шаҳардан чиқиб кетди. Буни билган Дамашқ халқи ғалаён кўтарди. Султон вазирларидан бирини Иззуддиннинг ортидан юборди. Вазир Нобилисга етганда Иззуддин билан учрашди ва Димашққа қайтишни илтимос қилди. Яна қўшимча қилди:

— Хоҳласанг аввалги лавозимингга қайтишинг мумкин. Аввалгидан зиёда мартабаларга етишишинг ҳам мумкин. Фақат бунинг учун султондан узр сўраб, қўлини ўпсанг бўлди.

— Эҳ бечора! — деди Иззуддин, — Султон менинг қўлимни ўпишига рози бўлмайман-у, мен унинг қўлини ўпишга рози бўлармидим?! Эй қавмим, сизлар бир водийда-ю, мен бир водийдаман. Сизлар мубтало бўлиб турган фитналардан сақлаб қўйган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!

— Султон менга буюрган, ё шартимни қабул қиласан ёки сени занжирбанд қиламан! — деди вазир.

— Қўлингиздан келганини қилинг!

Нобилис шаҳрида Иззуддинга кишан солишди. Токи Мисрдан мадад кучи келиб озод қилгунча кишанда турди. Мисрликлар келиб Иззудинни кишандан озод қилдилар ва салибчиларга қарши курашиш учун Қоҳирага олиб кетишди.

Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан Шаҳобиддин Парпиев таржимаси.

Salohiddin Ayyubiyning vafotidan keyin xalifalikda ixtiloflar yuzaga keldi. Bu ixtiloflar mag‘lubiyatga uchrab, tor-mor bo‘lgan salibchilarga qo‘l keldi. Shom sultoni Solih Ismoil bilan uning akasi, Misr sultoni Najmiddin Ayyub o‘rtasida nizolar boshlanib ketdi.

Solih Ismoil salibchilar bilan ittifoq tuzib, ularga Baytul Maqdis, Tabariyya va Asqalonni topshirib, agar Najmiddin Ayyubni mag‘lub qilishga yordam berishsa, Misrdan ham bir parcha joy ajratib berishga va’da berdi. Shuningdek, salibchilarga Dimashqqa bemalol kirishiga yo‘l ochib berdi. Ularga harakat erkinligini va mahalliy xalqdan qurol sotib olishlariga imkoniyat yaratildi.

Izzuddin ibn Abdusalom bu paytda Damashq muftiysi va ummaviylar masjidining imom xatibi edi. Juma kuni xutbada minbarda turib Solihni beayov tanqid qildi. Unga badduo ham qilib yubordi. Salibchilarga qurol sotish va umuman yordam berishning haromligiga fatvo berdi. Har bir xutbasi, darslari sultonga qarshi bo‘ldi. Salibchilarga qarshi urushishga odamlarni da’vat qildi. Dushmanlarga yordam berishni xiyonat deb e’lon qildi.

Bu so‘zlarni eshitgan sulton Solih Ismoil darg‘azab bo‘lib, uni ummaviylarning masjidiga imomlik vazifasidan chetlatdi, fatvo chiqarish va odamlarga aralashib yurishni taqiqlab qo‘ydi. Uyidan chiqishga ruxsat bermaslikka buyruq berdi. Shundan so‘ng Izzuddin harakatini davom ettirish uchun Damashqdan Misrga hijrat qilishga qaror qildi.

Shunday qilib, hijriy 638 yilida shahardan chiqib ketdi. Buni bilgan Damashq xalqi g‘alayon ko‘tardi. Sulton vazirlaridan birini Izzuddinning ortidan yubordi. Vazir Nobilisga yetganda Izzuddin bilan uchrashdi va Dimashqqa qaytishni iltimos qildi. Yana qo‘shimcha qildi:

— Xohlasang avvalgi lavozimingga qaytishing mumkin. Avvalgidan ziyoda martabalarga yetishishing ham mumkin. Faqat buning uchun sultondan uzr so‘rab, qo‘lini o‘psang bo‘ldi.

— Eh bechora! — dedi Izzuddin, — Sulton mening qo‘limni o‘pishiga rozi bo‘lmayman-u, men uning qo‘lini o‘pishga rozi bo‘larmidim?! Ey qavmim, sizlar bir vodiyda-yu, men bir vodiydaman. Sizlar mubtalo bo‘lib turgan fitnalardan saqlab qo‘ygan Allohga hamdlar bo‘lsin!

— Sulton menga buyurgan, yo shartimni qabul qilasan yoki seni zanjirband qilaman! — dedi vazir.

— Qo‘lingizdan kelganini qiling!

Nobilis shahrida Izzuddinga kishan solishdi. Toki Misrdan madad kuchi kelib ozod qilguncha kishanda turdi. Misrliklar kelib Izzudinni kishandan ozod qildilar va salibchilarga qarshi kurashish uchun Qohiraga olib ketishdi.

Shayx Ahmad Muhammad Assofning “Qabasotun min hayotir-Rasul” kitobidan Shahobiddin Parpiev tarjimasi.