Ишқ сурури ёхуд яратганнинг “калтак”ларига эҳтиёжим бор

Рукн: Ибрат Чоп этилган: 22.07.2016

“Энг ибратли ҳаётий ҳикоялар” танловига

Ёшлигимдан китоблар оламида улғайдим. Жалолиддин Румий руҳий озуқам, маънавий эҳтиёжим эди. Мутолаадан завқу шавққа тўлиб, яшашга куч, илҳом олардим. Тилимда, дилимда такрор эди, бу ҳаётбахш ҳикматлар. Мавлононинг “Хом эдим, ёндим, пишдим” иқрорномасидан руҳан таъсирланиб, мен ҳам ич-ичимдан “ёниш”ни, тобланишни истардим. Ҳикматларни англай бошлагач билдимки, Ҳазратнинг барча китоблари моҳиятида улуғ китоб тафсири мужассам экан. Шунданми, араб тилига қизиқишим кучайди. Бахтимга мактабимизга араб тили муаллими келди. Устоздан қўшимча сабоқ ола бошладим. Шу қадар киришиб кетибманки, университет дарслигини ўзлаштира бошлабман. Ойим мендаги ихлосмандликни кўриб, “Аллоҳга муҳабатинг дилингга бўлсин” деб, Нақшбандий ҳазратларининг “Дилинг Аллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин”, ҳикматини бот-бот эслатиб, меҳнатсеварликка рағбатлантирардилар. Отам мени бошқача кўрар, кўчат экса, ёки бир иш бошласалар “Сенинг қўлинг тексин, қизим”, дердилар.
Тенгдошларим ишқий саргузаштлар, зебу зийнат, янги русумдаги либосларга орзуманд бўлганида мен китоблардан бош кўтармас, шунданми, очиқ ошкора “китоб жинниси” деган “унвон”ни қўлга киритгандим. Бўлажак турмуш ўртоғим билан ҳам мутолаа нашъасини сурсам, деб орзуманда эдим.
Қиз боланинг холис ниятини Ўзи ижобат айлайди, деганлари рост экан. Олийгоҳнинг биринчи босқичини тугатиб, мактабда дарс бердим. Ўқишим тугагач кўнглим истагидагидек инсонга турмушга чиқдим. Турмуш ўртоғим ўзбек тили ва адабиёти муаллими эди. Ана, иккита китобсуярнинг завқу-шавқини ҳеч бир лаззатга алишмайдиган сурурли кунлар бошланди. Никоҳнинг илк кунлари асал ойи бўлса, биз учун китобхонлик ойи бардавом бўлди. Янги келиннинг уйини сепи, гиламу мебеллари безатса, бир жавон китобу, бир айвон гуллар, тикув машинаси уйимнинг кўрки эди мен учун.
Бахтиёрлик билан бир йилни ўтказдик, бироқ ҳамон гўдак исига етинолмасдик. Ўқиганларимизни на қадар уққанлигимизни синаш фурсати бошланганди чоғи... Тиббий ва халқона даво чораларин кўриш билан бирга Ўзига муножот айлаб, кеча-ю кундуз Закариё алайҳиссалом дуосини такрорладик: "Раббим, менга (ҳам) ўз ҳузурингдан пок зурриёт ато эт! Дарҳақиқат, Сен дуони эшитувчидирсан". Интизорликда тўрт йил ўтди. Бешинчи йили фарзандлик бўлдик. Биздан бахтиёр оила йўқ эди ўша кунлар. Қизимиз тўрт ойлик бўлиб, ширин кулгулари билан дилдаги ғуборларимизни аритаётган кунларда уйимизга орган ходимлари келиб, тинтув ўтказишди. Турмуш ўртоғим талабалигида сараланган истеъдодли ёшлар қаторида давлат томонидан хорижга ўқишга юборилганди. Ўша даврлар, ўқиш давомида тақиқланган ташкилотлар таъсирида бўлган экан. Эътиқоди кучли, халол инсонлигини билардим, аммо...
Ҳақиқий синов кунлари бошланганди. Қаттиқ қўрқувданми сутим қочди. Қизимни сунъий сут билан катта қила бошладим. Олти йилга ҳукм ўқилди. Даҳшат... Бунга сабрим чидармикан, дейман. Яна Мавлонодан маъно излайман:

Осмонким, гоҳ аламлар бергуси,
Мунтазир бўл, сенга тўн кийдургиси.

Оҳ, ўша кунларгача иймонимни мустаҳкам қил, деб илтижо қиламан.
Дадамиз узоқда, қарийб икки минг километр олисда. Ҳар уч ойда уч кунга рухсат берилади. Қиш чилласими, ёз саратоними, орзиқиб, интиқиб белгиланган кунида етиб борамиз. Шароитлар, ейиш ичиши яхши, фақат ғарибга айланган. Жиноят олами даврасида илм аҳли не куйга тушишини тасаввур қилиш қийин эмас. Борганимда кундузи яхши овқатлар билан сийлайман, кечаси ёлғиз қолганимизда, китоблар мусоҳабасига тушамиз, мушоира бошлаймиз. Улар ўқинг дейдилар. Қалбим кечинмаларига яқин ғазалдан бошлайман:

Хазон япроғи янглиғ гул юзинг ҳажрида сарғардим,
Кўриб раҳм айлагил эй лола руҳ бу чеҳраи зардим...

У киши эса Машрабдан тушадилар:

Намангандан кетар бўлсам, мени йўқлар кишим борму?
Ғариблик шаҳрида ўлсам, мени йўқлар кишим борму?..

Шундай қилиб тонг отади. Уч кеча уч йилга татийди. Кетарда ёр ишқида билинмаган йўллар қайтишда бирам узун, машаққатли туюлади.
Бу орада қизим эсини таниб қолди. Ҳар куни дадасини сўрайди. “Даданг сени жуда яхши кўради, улар узоқ ишга кетганлар”, деб овутаман. Уч ёшга тўлганида, боғчага бериб, ўзим ишга чиқдим. Қайнона-қайнота билан катта ҳовлида яшайман. Ёш ва фаоллигим учунми, эри йўқ ҳозир, дея туҳмат, фитна қилмоқчи бўладилар. Ейиш, ичиш ва кийинишим янада одмилашди. “Озиб тўзиб кетдинг”, дея яқинларим, мудом хавотирда. Ойим ўргатган ўша улуғ тариқат “Дил ба ёр, даст ба кор” қалбимга сокинлик, жисмимга қувват беради. Кундузи меҳнат билан андармон бўлиб, ўзимни чалғитаман. Узундан-узун ва оғриқли кечаларда мактублар битаман. Китоблардан ҳикмат ахтараман. Яна нажоткор Мавлонога юзланаман: “Гиламни калтак билан қоқмоқ гиламга озор бермоқ учун эмас, гиламни покламоқ учундир. Аллоҳ сенга ташвиш берар экан, сени имтиҳон қилиб тозалар, чангу ғуборингни кетказар. Қайғурма…”
О, бу ташвишлар гар бу покланишим, гуноҳлардан аришим учун бўлса, минг бор розиман!
Пурмаъно ҳикматлардан янгиланаман. Уйқусиз тунларда ўзимга сабр, иймонимни бақувват қилгин деб, субҳга етаман. Ҳар янги кун ёримга яқинлаштиргани учун яратгана шукрона айтаман. Кунлар тезроқ ўтишини истайман.
Қизим дадаси қамоқда эканлигини билмайди. Эсини танигач, дадасининг олдига камроқ олиб борадиган бўлдим. Жуда тийрак бўлганидан ҳар нарсани кузатиб саволга кўма бошлади:
— Ойи дадамнинг ишида нега милисалар туради?
— ...
Бўғзимга нимадир тиқилади. Кўзим ёшланганини кўрсатмасликка уриниб, банкда ишлайдиган холасининг ишини эслатаман: — Холангнинг ишига борганимизда ҳам кўрдингку, мелисалар текшириб киргизишди, дадангнинг иши ҳам шунақа-да.
— Ҳм, шунақами, нега унда ҳаммани дадаси ишидан келадию, улар келмаяптилар?
— Онажон, қаранг Ширинанинг дадаси Россияга кетиб уч йилда энди келди. Қизига кўпгина нарса олиб келди.
— Дадажонинг ҳам сенга кўпгина совғалар олиб келади.
— Нега бўлмаса, ҳадеб йиғлайверасиз! Сўрасам, дадангни соғиндим, дейсиз. Менга ҳеч нарса керакмас, дадажоним тезда келсин.Сиз ҳам бошқа йиғламанг.
Маҳкам бағримга босаман, кўзимнинг ёши унинг юзларини ювиб тушади.
Бир куни қизим боғчадаги ўртоғига мақтанаётгани эшитиб, қолдим:
“ Менинг дадам узоқда, зўр ишда ишлайдилар. У ерда ишлаб, менга совғалар олиб келадилар. Озгинада келади. Ўшанда сенга ҳам ўйинчоқлар бераман хўп”. Ўртоғларининг олдида уялиб қолмаслик учун энди фариштагинам ҳар куни мен билан дуо қилади: “Эй, Художон, дадам тезроқ келсин, мен сени яхши кўраман”.
Покиза ҳаётимиз неъмати бўлганиданми қизим бошқача, саволлари тугамайди: “Ая, худойим қаерда?”, “Худойимнинг уйи борми ўзи?” Билганимча соддагина жавоб беришга ҳаракат қиламан. Бир куни хайрли тун тиларкан, “Ая тушизда дадамни кўриб, гаплашиб олинг хўпми”, деди. Ҳар қанча уринмай, ўпкам тўлиб, ўзимни тутолмадим. Эрталаб ўрнидан туриб суюнчилади: “Аяжон, аяжон тушимда Художонимни кўрдим, сиз унинг рангини айтиб беролмагандингиз уларчи ялтир-юлтир қилиб, порпираб ҳу-ув баландда яшаркан. Худойим билан гаплашдим. Дадамни тезроқ келтириб бергин дедим. Аяжон, дадам келишига жичча қопди” деди. Ҳайратдан қотиб қолдим. Илоҳим, болажоним, тушинг рост бўлсин деб, яна йиғлаб юборибман. “Эй, яна йиғлаяпсизми, айтаяпман-ку, сизга жичча қолди” деб астойдил юпатишга тушди. Ишонасизми, ўша куни жума эди, намозшомда қўнғироқ бўлди:
— Аяси, Ассалому алайкум!
— ... Ассалому алайкум, дадаси яхшимисиз, тинчликми?
Жазони ижро этиш муассасаларининг тартибига кўра маҳкумлар белгиланган муддатда қўнғироқ қилишарди. Хўжайин бу имтиёзидан яқинда фойдаланганди. Таажжубим шундан.
— Аяси, мени афв этишмоқчи... Ҳужжатларни олиб келсаларинг. Ҳужжатларни ёзволинг...
Ич-ичимда вулқон портлади-ю, отилиб чиқди. Сўнг бўшашиб кетдим. Қўлим қалтирайди, гўшакни қайнотамга берибман-у, бир фурсат унсиз йиғлаганча, суратдек қотиб ўтираверибман.
Уларнинг “қизим, тез ҳужжатларни тўғрилайлик”, деган гапидан ўзимга келибман.
Фариштагинамнинг дуоси ижобат бўлиб, туши ўнгидан келди. Дадамиз амнистия қарорига кўра муддатидан олдин озодликка чиқди.
Мана ҳозир бағримиз бут, бахтимиз бутун. Тинчлик ва хотиржамликнинг қадрини мана биздан сўранг. Турмуш ўртоғим билан давлат ишига камарбастамиз. Бугун ўша кунларни тушдек хотирлайман. Энди билсам, ўтган кунлар, руҳимизни тоблаш, қалбимизни поклаш учун Яратганнинг синови экан. Ўткан кунларимдан розиман, чунки бизга кўп эшиклар очилди, ҳақиқатлар аён бўла бошлади. Ҳақ дунё саодатига эришиш учун Яратганнинг калтакларига ҳали ҳам эҳтиёжимиз бор.
Яқинда тенгдошларимнинг “гап”ида меҳмон бўлдим. Бундай давраларга азалдан “ҳушим йўқ”. Бу сафар ҳам ҳар галгидек, бош мавзу - зебу-зийнат, кийим-кечак, уй-жой, машина, бу орада қайнона, эрдан нолишлар, ғийбат... Ҳамма ўзини дардини дастурхон қилади. Ичимда Мавлонодан топганим: Роббимга қараб: “менинг буюк дардим эмас”, дардимга қараб: “Менинг буюк Роббим бор” деб ўтирибман. Руҳим озуқа олиш, тугул бироз ғуборлангандек. Даврада ўзимни бегона ҳис этдим. Уйга, жуфтим томон ошиқдим. Бизни икки қўш кабутарга ўхшатишади. Мудом бир-биримизга ошиқаверамиз. Тил билан севги изҳор қилмаймизу, ботинан бирлашиб кетган, бир танамиз гўё. Йўқ, бу муболаға эмас. Муқаддас ишқ қозонида қайнаётган, қоврилаётган муштарак қалблар қандай бирлашмасин, уйғунлашмасин?! Оқшомда турмуш ўртоғим билан “нафис мажлислар”ни давом эттирамиз. Қувончлиси, энди даврамиз кенгайган. Қизим кичик ва тийрак тингловчимиз. О, бу мутолаа - англаш завқини, ҳеч бир нарсага алишмаймиз. Вужудимиз титраб, руҳимиз инграйди, зиёдан кўзимиз қамашади. Бор бойлигимиз, бахтимиз, суянчимиз шу ИШҚ!
Сиз ҳам ишқнинг заррин нурларига чулғанмоқчи бўлсангиз, аввало сўз ва амални уйғунлаштиринг. Яратганнинг “калтаклар”ига эҳтиёжда, севги, қўрқув ва умидвор келинг. Нурга, оташга талпиниб келинг-да, ҳақиқий ишқ сурурини Мавлонодан сўранг: “Ишқни бийрон сайраётган булбулдан эмас, сассиз-садосиз жон бераётган парвоналардан сўра”.

Дил дафтарини оққа кўчирувчи Гулнигор

* * *

Yoshligimdan kitoblar olamida ulg‘aydim. Jaloliddin Rumiy ruhiy ozuqam, ma’naviy ehtiyojim edi. Mutolaadan zavqu shavqqa to‘lib, yashashga kuch, ilhom olardim. Tilimda, dilimda takror edi, bu hayotbaxsh hikmatlar. Mavlononing “Xom edim, yondim, pishdim” iqrornomasidan ruhan ta’sirlanib, men ham ich-ichimdan “yonish”ni, toblanishni istardim. Hikmatlarni anglay boshlagach bildimki, Hazratning barcha kitoblari mohiyatida ulug‘ kitob tafsiri mujassam ekan. Shundanmi, arab tiliga qiziqishim kuchaydi. Baxtimga maktabimizga arab tili muallimi keldi. Ustozdan qo‘shimcha saboq ola boshladim. Shu qadar kirishib ketibmanki, universitet darsligini o‘zlashtira boshlabman. Oyim mendagi ixlosmandlikni ko‘rib, “Allohga muhabating dilingga bo‘lsin” deb, Naqshbandiy hazratlarining “Diling Allohda, qo‘ling mehnatda bo‘lsin”, hikmatini bot-bot eslatib, mehnatsevarlikka rag‘batlantirardilar. Otam meni boshqacha ko‘rar, ko‘chat eksa, yoki bir ish boshlasalar “Sening qo‘ling teksin, qizim”, derdilar.
Tengdoshlarim ishqiy sarguzashtlar, zebu ziynat, yangi rusumdagi liboslarga orzumand bo‘lganida men kitoblardan bosh ko‘tarmas, shundanmi, ochiq oshkora “kitob jinnisi” degan “unvon”ni qo‘lga kiritgandim. Bo‘lajak turmush o‘rtog‘im bilan ham mutolaa nash’asini sursam, deb orzumanda edim.
Qiz bolaning xolis niyatini O‘zi ijobat aylaydi, deganlari rost ekan. Oliygohning birinchi bosqichini tugatib, maktabda dars berdim. O‘qishim tugagach ko‘nglim istagidagidek insonga turmushga chiqdim. Turmush o‘rtog‘im o‘zbek tili va adabiyoti muallimi edi. Ana, ikkita kitobsuyarning zavqu-shavqini hech bir lazzatga alishmaydigan sururli kunlar boshlandi. Nikohning ilk kunlari asal oyi bo‘lsa, biz uchun kitobxonlik oyi bardavom bo‘ldi. Yangi kelinning uyini sepi, gilamu mebellari bezatsa, bir javon kitobu, bir ayvon gullar, tikuv mashinasi uyimning ko‘rki edi men uchun.
Baxtiyorlik bilan bir yilni o‘tkazdik, biroq hamon go‘dak isiga yetinolmasdik. O‘qiganlarimizni na qadar uqqanligimizni sinash fursati boshlangandi chog‘i... Tibbiy va xalqona davo choralarin ko‘rish bilan birga O‘ziga munojot aylab, kecha-yu kunduz Zakariyo alayhissalom duosini takrorladik: "Rabbim, menga (ham) o‘z huzuringdan pok zurriyot ato et! Darhaqiqat, Sen duoni eshituvchidirsan". Intizorlikda to‘rt yil o‘tdi. Beshinchi yili farzandlik bo‘ldik. Bizdan baxtiyor oila yo‘q edi o‘sha kunlar. Qizimiz to‘rt oylik bo‘lib, shirin kulgulari bilan dildagi g‘uborlarimizni aritayotgan kunlarda uyimizga organ xodimlari kelib, tintuv o‘tkazishdi. Turmush o‘rtog‘im talabaligida saralangan iste’dodli yoshlar qatorida davlat tomonidan xorijga o‘qishga yuborilgandi. O‘sha davrlar, o‘qish davomida taqiqlangan tashkilotlar ta’sirida bo‘lgan ekan. E’tiqodi kuchli, xalol insonligini bilardim, ammo...
Haqiqiy sinov kunlari boshlangandi. Qattiq qo‘rquvdanmi sutim qochdi. Qizimni sun’iy sut bilan katta qila boshladim. Olti yilga hukm o‘qildi. Dahshat... Bunga sabrim chidarmikan, deyman. Yana Mavlonodan ma’no izlayman:

Osmonkim, goh alamlar bergusi,
Muntazir bo‘l, senga to‘n kiydurgisi.

Oh, o‘sha kunlargacha iymonimni mustahkam qil, deb iltijo qilaman.
Dadamiz uzoqda, qariyb ikki ming kilometr olisda. Har uch oyda uch kunga ruxsat beriladi. Qish chillasimi, yoz saratonimi, orziqib, intiqib belgilangan kunida yetib boramiz. Sharoitlar, yeyish ichishi yaxshi, faqat g‘aribga aylangan. Jinoyat olami davrasida ilm ahli ne kuyga tushishini tasavvur qilish qiyin emas. Borganimda kunduzi yaxshi ovqatlar bilan siylayman, kechasi yolg‘iz qolganimizda, kitoblar musohabasiga tushamiz, mushoira boshlaymiz. Ular o‘qing deydilar. Qalbim kechinmalariga yaqin g‘azaldan boshlayman:

Xazon yaprog‘i yanglig‘ gul yuzing hajrida sarg‘ardim,
Ko‘rib rahm aylagil ey lola ruh bu chehrai zardim...

U kishi esa Mashrabdan tushadilar:

Namangandan ketar bo‘lsam, meni yo‘qlar kishim bormu?
G‘ariblik shahrida o‘lsam, meni yo‘qlar kishim bormu?..

Shunday qilib tong otadi. Uch kecha uch yilga tatiydi. Ketarda yor ishqida bilinmagan yo‘llar qaytishda biram uzun, mashaqqatli tuyuladi.
Bu orada qizim esini tanib qoldi. Har kuni dadasini so‘raydi. “Dadang seni juda yaxshi ko‘radi, ular uzoq ishga ketganlar”, deb ovutaman. Uch yoshga to‘lganida, bog‘chaga berib, o‘zim ishga chiqdim. Qaynona-qaynota bilan katta hovlida yashayman. Yosh va faolligim uchunmi, eri yo‘q hozir, deya tuhmat, fitna qilmoqchi bo‘ladilar. Yeyish, ichish va kiyinishim yanada odmilashdi. “Ozib to‘zib ketding”, deya yaqinlarim, mudom xavotirda. Oyim o‘rgatgan o‘sha ulug‘ tariqat “Dil ba yor, dast ba kor” qalbimga sokinlik, jismimga quvvat beradi. Kunduzi mehnat bilan andarmon bo‘lib, o‘zimni chalg‘itaman. Uzundan-uzun va og‘riqli kechalarda maktublar bitaman. Kitoblardan hikmat axtaraman. Yana najotkor Mavlonoga yuzlanaman: “Gilamni kaltak bilan qoqmoq gilamga ozor bermoq uchun emas, gilamni poklamoq uchundir. Alloh senga tashvish berar ekan, seni imtihon qilib tozalar, changu g‘uboringni ketkazar. Qayg‘urma…”
O, bu tashvishlar gar bu poklanishim, gunohlardan arishim uchun bo‘lsa, ming bor roziman!
Purma’no hikmatlardan yangilanaman. Uyqusiz tunlarda o‘zimga sabr, iymonimni baquvvat qilgin deb, subhga yetaman. Har yangi kun yorimga yaqinlashtirgani uchun yaratgana shukrona aytaman. Kunlar tezroq o‘tishini istayman.
Qizim dadasi qamoqda ekanligini bilmaydi. Esini tanigach, dadasining oldiga kamroq olib boradigan bo‘ldim. Juda tiyrak bo‘lganidan har narsani kuzatib savolga ko‘ma boshladi:
— Oyi dadamning ishida nega milisalar turadi?
— ...
Bo‘g‘zimga nimadir tiqiladi. Ko‘zim yoshlanganini ko‘rsatmaslikka urinib, bankda ishlaydigan xolasining ishini eslataman: — Xolangning ishiga borganimizda ham ko‘rdingku, melisalar tekshirib kirgizishdi, dadangning ishi ham shunaqa-da.
— Hm, shunaqami, nega unda hammani dadasi ishidan keladiyu, ular kelmayaptilar?
— Onajon, qarang Shirinaning dadasi Rossiyaga ketib uch yilda endi keldi. Qiziga ko‘pgina narsa olib keldi.
— Dadajoning ham senga ko‘pgina sovg‘alar olib keladi.
— Nega bo‘lmasa, hadeb yig‘layverasiz! So‘rasam, dadangni sog‘indim, deysiz. Menga hech narsa kerakmas, dadajonim tezda kelsin.Siz ham boshqa yig‘lamang.
Mahkam bag‘rimga bosaman, ko‘zimning yoshi uning yuzlarini yuvib tushadi.
Bir kuni qizim bog‘chadagi o‘rtog‘iga maqtanayotgani eshitib, qoldim:
“ Mening dadam uzoqda, zo‘r ishda ishlaydilar. U yerda ishlab, menga sovg‘alar olib keladilar. Ozginada keladi. O‘shanda senga ham o‘yinchoqlar beraman xo‘p”. O‘rtog‘larining oldida uyalib qolmaslik uchun endi farishtaginam har kuni men bilan duo qiladi: “Ey, Xudojon, dadam tezroq kelsin, men seni yaxshi ko‘raman”.
Pokiza hayotimiz ne’mati bo‘lganidanmi qizim boshqacha, savollari tugamaydi: “Aya, xudoyim qaerda?”, “Xudoyimning uyi bormi o‘zi?” Bilganimcha soddagina javob berishga harakat qilaman. Bir kuni xayrli tun tilarkan, “Aya tushizda dadamni ko‘rib, gaplashib oling xo‘pmi”, dedi. Har qancha urinmay, o‘pkam to‘lib, o‘zimni tutolmadim. Ertalab o‘rnidan turib suyunchiladi: “Ayajon, ayajon tushimda Xudojonimni ko‘rdim, siz uning rangini aytib berolmagandingiz ularchi yaltir-yultir qilib, porpirab hu-uv balandda yasharkan. Xudoyim bilan gaplashdim. Dadamni tezroq keltirib bergin dedim. Ayajon, dadam kelishiga jichcha qopdi” dedi. Hayratdan qotib qoldim. Ilohim, bolajonim, tushing rost bo‘lsin deb, yana yig‘lab yuboribman. “Ey, yana yig‘layapsizmi, aytayapman-ku, sizga jichcha qoldi” deb astoydil yupatishga tushdi. Ishonasizmi, o‘sha kuni juma edi, namozshomda qo‘ng‘iroq bo‘ldi:
— Ayasi, Assalomu alaykum!
— ... Assalomu alaykum, dadasi yaxshimisiz, tinchlikmi?
Jazoni ijro etish muassasalarining tartibiga ko‘ra mahkumlar belgilangan muddatda qo‘ng‘iroq qilishardi. Xo‘jayin bu imtiyozidan yaqinda foydalangandi. Taajjubim shundan.
— Ayasi, meni afv etishmoqchi... Hujjatlarni olib kelsalaring. Hujjatlarni yozvoling...
Ich-ichimda vulqon portladi-yu, otilib chiqdi. So‘ng bo‘shashib ketdim. Qo‘lim qaltiraydi, go‘shakni qaynotamga beribman-u, bir fursat unsiz yig‘lagancha, suratdek qotib o‘tiraveribman.
Ularning “qizim, tez hujjatlarni to‘g‘rilaylik”, degan gapidan o‘zimga kelibman.
Farishtaginamning duosi ijobat bo‘lib, tushi o‘ngidan keldi. Dadamiz amnistiya qaroriga ko‘ra muddatidan oldin ozodlikka chiqdi.
Mana hozir bag‘rimiz but, baxtimiz butun. Tinchlik va xotirjamlikning qadrini mana bizdan so‘rang. Turmush o‘rtog‘im bilan davlat ishiga kamarbastamiz. Bugun o‘sha kunlarni tushdek xotirlayman. Endi bilsam, o‘tgan kunlar, ruhimizni toblash, qalbimizni poklash uchun Yaratganning sinovi ekan. O‘tkan kunlarimdan roziman, chunki bizga ko‘p eshiklar ochildi, haqiqatlar ayon bo‘la boshladi. Haq dunyo saodatiga erishish uchun Yaratganning kaltaklariga hali ham ehtiyojimiz bor.
Yaqinda tengdoshlarimning “gap”ida mehmon bo‘ldim. Bunday davralarga azaldan “hushim yo‘q”. Bu safar ham har galgidek, bosh mavzu - zebu-ziynat, kiyim-kechak, uy-joy, mashina, bu orada qaynona, erdan nolishlar, g‘iybat... Hamma o‘zini dardini dasturxon qiladi. Ichimda Mavlonodan topganim: Robbimga qarab: “mening buyuk dardim emas”, dardimga qarab: “Mening buyuk Robbim bor” deb o‘tiribman. Ruhim ozuqa olish, tugul biroz g‘uborlangandek. Davrada o‘zimni begona his etdim. Uyga, juftim tomon oshiqdim. Bizni ikki qo‘sh kabutarga o‘xshatishadi. Mudom bir-birimizga oshiqaveramiz. Til bilan sevgi izhor qilmaymizu, botinan birlashib ketgan, bir tanamiz go‘yo. Yo‘q, bu mubolag‘a emas. Muqaddas ishq qozonida qaynayotgan, qovrilayotgan mushtarak qalblar qanday birlashmasin, uyg‘unlashmasin?! Oqshomda turmush o‘rtog‘im bilan “nafis majlislar”ni davom ettiramiz. Quvonchlisi, endi davramiz kengaygan. Qizim kichik va tiyrak tinglovchimiz. O, bu mutolaa - anglash zavqini, hech bir narsaga alishmaymiz. Vujudimiz titrab, ruhimiz ingraydi, ziyodan ko‘zimiz qamashadi. Bor boyligimiz, baxtimiz, suyanchimiz shu ISHQ!
Siz ham ishqning zarrin nurlariga chulg‘anmoqchi bo‘lsangiz, avvalo so‘z va amalni uyg‘unlashtiring. Yaratganning “kaltaklar”iga ehtiyojda, sevgi, qo‘rquv va umidvor keling. Nurga, otashga talpinib keling-da, haqiqiy ishq sururini Mavlonodan so‘rang: “Ishqni biyron sayrayotgan bulbuldan emas, sassiz-sadosiz jon berayotgan parvonalardan so‘ra”.

Dil daftarini oqqa ko‘chiruvchi Gulnigor