Онамнинг урчуғи

Рукн: Ибрат Чоп этилган: 30.06.2016


“Энг ибратли ҳаётий ҳикоялар” танловига

Камина ёзғувчингиз ўзимни бугунги ўзбекларнинг бир зиёлиси, ёшлигидан ҳарф таниб, оқ-қорани ажратишга ўрганган одам, деб ўйлаб юрар эдим. Лекин бугун англаб етишимча, мен билган қораларнинг ҳаммаси ҳам қора эмас экан. Оқ деб таниганларимнинг барисини ҳам оқ деб айтиш хато бўларкан.
Таассуфларим боиси шулки, камина муаллифингиз ақлини таниган жамиятда худони инкор қилган шўролар тузуми ҳукмрон эди ва бизни Аллоҳни танишдан бошқа ҳамма нарсага ўргатдилар, лекин ёшим элликдан ўтганда тушуниб етдимки, Аллоҳни танимай билганларимнинг бариси сароб экан. Дунёни ўрганишга интилибмиз-у, лекин дунёнинг эгасини билмай туриб бирон самарага муяссар бўлиш мумкин эмаслигини англамабмиз.

Кўп нарса ёдимдан кўтарилиб кетган, лекин бола чоғим бир куни онаизоримнинг қошига келиб, савол сўраганим ҳамон ёдимда:
– Эна (мен туғилиб ўсган юртда онани шундай чақиришарди), мактабда малим (муаллимни шундай атар эдик) худо йўқ деди.
Онам раҳматли йигириб ўтирган урчуғини кафти билан тўхтатиб, тиззаси устига қўйди, ёнидаги бир тутам тоза пахтани чангаллаб, тўсатдан уни қаерга қўйишни билмагандай каловланди. Кейин менинг ҳали алмаштиришга улгурмаган мактаб кийимларимнинг йўқ чангини қоқди.
– Малиминг бекорларнинг бештасини айтибди, – деди онам зарда билан. – Худо йўқ бўлса, бу дунёни ким яратган, деб сўрамадингларми?
 – Сўрамадик.
 – Эртага яна худо йўқ деб айтса, сўранглар.
Эртасигами, индинигами, сал кейинроқми, муаллимимиз яна худо йўқ, деб айтди. Мен тирсакларимни партадан узмай, одоблигина бола бўлиб қўл кўтардим.
 – Ҳа, саволинг борми? – деди муаллим.
 – Энам, малиминг яна худо йўқ деса, бу дунёни ким яратган деб сўра деди, – дедим ҳар бир сўзни дона-дона қилиб.
Ҳозир ёдимда йўқ, ўшанда учинчи синфда ўқирмидим, ё тўртинчидами, лекин тилим анчагина бурро эди. Ўша муаллим бизга қўшни бўлгани учун ундан унчалик чўчимасдим ҳам. Мактабга қора костюм кийиб, ялтироқ қизил бўйинбоғ тақиб келадиган, доим терлаб-пишиб юрадиган муаллимимизни ҳар куни уйда йўл-йўл тик иштон, оқ яктак ё олабайроқ тўн кийган ҳолида кўрганим учунми, ўзимга аллақандай яқин ҳам олардим. Синфдошларим менинг яхши ўқишимга ғайирлик қилмасди-ю, лекин малим ҳамсоянг, шунга сенга нуқул беш баҳо қўяди, деб айтишарди. Мен баҳони малимнинг ёрдами билан эмас, ўзимнинг кучим билан олаётганимни исботлашга ўлиб-тирилардим. Онам раҳматли айтган саволнинг мағзига етиб бормаган бўлсам ҳам, шу саволни берсам, синфдошларим роса қойил қолади, деб ўйлаган бўлсам керак, эҳтимол. Яна ким билади дейсиз. Балким, бугун ўша олис болаликда қолиб кетган хотираларимни ёзиб қўйишим учун ҳам ўша пайтда ўша савол  тилимга келгандир...
Муаллим бироз эсанкиради, аниқроғи, мен ҳозир у кишини ўша пайтда бироз эсанкираган бўлса керак, деб ўйлаяпман. Ахир, эсанкираш нима эканини ўша пайтлар ўзим тушунмас эдим-да. Ҳарҳолда, худди видеотасвир каби аниқ ёдимда қолиб кетгани шуки, муаллим қўлидаги узун чизғич билан олд қатордаги партани бир-икки бор шартиллатиб урди, қисиб турган бўйинбоғини бироз бўшатди, тердан ялтираб турган юз-бўйнини кир дастрўмоли билан артди. Кейин негадир эшик томон юрди. Уни очди. Бироқ ташқарига чиқмади, уёқда бирон киши борми, деб қараб ҳам кўрмади. Яна ёпди. Ортига бурилиб, столи ёнига келди ва шундай деди:
 – Си(з)лар энди катта-матта бўлиб қолдиларинг, бир гапни айтса, тушунаси(з)лар. Бизга тепадан, – муаллим кўрсаткич бармоғи билан шифтга ишора қилди. Ҳаммамиз шифтга қарадик. Ҳеч нарса йўқ. Муаллим бу қилиғимиздан кулди. У бунақа мажозий тушунчалар бизнинг бола тафаккуримизга сиғмаслигини тушунди, шекилли, яна муаллимнинг оғзига тикилган биз болаларга англатди. – Районда (бугун ўйлашимча, ўшанда муаллим туман фирқа ва шўролар идорасини назарда тутган) бизга “болаларга худо йўқ деб айтинглар”, деб тайинлашган. Биз шуни айтамиз. Лекин уёққа, – муаллим яна қўли билан шифтга ишора қилди. Биз яна шифтга қарадик. Яна ҳеч ким ё ҳеч нарсани кўрмадик. Муаллим бу қилиғимиздан тағин илжайди. – Уёққа ҳеч ким бориб келмаган. Йўқ, деб айтаётганлар ҳам бориб келмаган. Балким худо бордир. Лекин менам баъзан энанг айтган саволни ўйлаб қоламан. Худо йўқ бўлса, дунёни ким яратган?..
Мен ўшанда муаллимнинг гапидан бирон нарсани тушунган ё тушунмаганимни бугун эслолмайман. Эслаганим, энам айтган саволга муаллимнинг жавоб беролмаганидан андак ғурурланганим.
Онам раҳматли бесавод аёл эдилар. Ёшлиги иккинчи жаҳон урушидан олдинги қийинчилик замонларига тўғри келгани туфайли мактабга ҳам гоҳ чиқиб, гоҳ чиқолмаганини ҳикоя қилиб берса, мен худди эртак тинглагандай ўтирар эдим. Қолаверса, биринчи синфда лотин алифбосини ўрганиб, учинчими-тўртинчи синфдан кириллчада ўқишни давом эттиргани тўғрисида айтарди. Кейин иккинчи жаҳон уруши бошланиб, нон арзандага айланган замонларда мактабга чиқишни бас қилган, алқисса, бесавод бўлиб қолган экан. Лекин менинг назаримда энг оқила, энг донишманд, дунёдаги ҳамма нарсани биладиган аёл эдилар. Асли, ҳаммамиз онамиз ҳақида шундай ўйлаймиз. Ҳаммага ўзининг онаси азиз. Аллоҳ раҳматига олган бўлсин онамни. Бу дунёни жуда эрта тарк этдилар.
Исломда худонинг зоти ва сифати ҳақида фикр юритишдан қайтарилган. Чунки борлиқ билиш мумкин бўлган ва мумкин бўлмаган оламлардан – кўриб турганимиз моддий оламдан ва ақл эмас кўнгил сезадиган ғайб дунёсидан иборат. Ақлнинг билмаган нарса ҳақида фикр юритиши алал-охир адашишга олиб келиши мумкин. Ҳозир шунга яна бир мисол айтай.
Талабалик чоғларимиз эди. Бир куни ҳамсабоқлар халфана қилиб бир чўқим ош дамладик. Аввал кундалик можаролар борасида бошланган ғийбатга ўхшаш суҳбатимиз аста-секинлик билан ҳаммамизни ўйлантириб турган мавзуларга бурилди.
 – Фалончи домла (мен бу домланинг атай исмини ёзмаяпман – муаллиф), отаси ўлганда жанозасига бормаган экан, – деди ҳамсабоқлардан бировимиз.
Ошни катта-катта ошаётган яна бировимиз кафтида қолган гуруч доналарини тили билан териб оларкан, бепарво гап қотди:
 – Шуниям билмайсанми, у киши коммунист, жанозага борса, партиядан ўчади, ишданам кетади.
 – Отасининг арвоҳи чирқиллаб қолмайдими? – деб сўради ҳалиги ҳамсабоғимиз.
 – Ўлган ўлди, кетди, – деди ошхўр ҳамсабоқ. – Унинг касрига буёқдагилар қийналиши керак эмас-ку!
 – Лекин шу домла бир сафар мардлик қилиб, отасининг жанозасига борса эди, бизга мазза бўларди, – деди негадир тиззасига шаппатилатиб кулган яна бир ҳамсабоғимиз.
Гап мавзуси бўлган домла анчайин қаттиққўллиги билан машҳур эди. Айрим талабалар шу домладан имтиҳон топшира олмай, қийналиб юриши ҳақида эшитган эдик. Таниш-билишга ҳам йўл бермас экан. Димоғи баланд одам эди. Ўртага таниш тиқмоқчи бўлсанг, мендан баландроқ одам ёнимга келсин, лекин Ўзбекистонда мендан зўри йўқ, демак, танишларинг ўтмайди, деган эди бир сафар.
 – Бекорга хурсанд бўляпсиз, бизга бунинг сираям иссиқ-совуғи йўқ – дея мен ҳам гапга қўшилдим. – Мен сўраб билдим: шу фандан имтиҳон пайти домла Тошкентда бўлмасакан. Ёрдамчисига топширамиз.
Ўша куни, адашмасам, суҳбатимизнинг аввалида худонинг бор-йўқлиги борасида баҳс қўзғалган, ҳар ким ҳар хил фикр айтган, ҳатто, ичимизда худога ишонмайдиган даҳрийлар ҳам бор экан ва биз курсдошлар уларга нисбатан ўзимизда заррача бегоналик туйғусини сезмаган эдик. Ниҳоят, анча тортишувдан кейин, мабодо, худо бўлмаса ҳам, чексиз коинотда Олий Бир Куч борлиги, янаям аниқроғи, шундай кучга эҳтиёж борлиги ҳақида тўхтамга келдик. Дунё ўз-ўзидан яралган, бу ишда худонинг заррача иштироки йўқ, деб таъкидлаган аллақайси домламизга эътирозан ўзимизча Олий Моҳият борлиги ҳақида гапирдик. Бу Олий Моҳиятни диндорлар худо, динсизлар Олий Онг деб айтади, деб хулосаладик. Ҳар ким ўз фикрида қолса, зарра зиёни йўқ, шунчаки, ҳаммамиз бошқа-бошқа сўзлар билан ягона нарса тўғрисида гапираётирмиз, деб ўйладик кўпчилигимиз.
Ошхўрлик сўнггидаги гурунг шу суҳбатнинг изоваси эди. Ўзак масала борасида эмас, энди унинг атрофидаги ғийбатларни бошлаган пайтимиз эди. Жумладан, машҳур домланинг ота жанозасига бормагани ҳақидаги гап ҳам шу ғийбатнинг давоми бўлди.
Мен бу суҳбатга унчалик қўшилмай, аниқроғи, қўшилолмай ўтирардим. Чунки мен ўзимга худо аниқ бор деб таъкидласам-да, ёнверимдаги дўстларимнинг Олий Моҳият борасидаги фикрлари ҳам жўяли бўлиб туюларди. Ўйлаган сари хаёлим чувалиб, охирида кўз олдимга онамнинг урчуғи келди. Урчуқ пириллаб айланиб, онамнинг баланд кўтарилган қўлидаги ип чийрилиб, мустаҳкамланиб борарди. Кейин онам раҳматлининг муаллимдан сўрашим учун тайинлаган сўроғи ёдимга тушди: “Худо йўқ бўлса, дунёни ким яратган?”
Қолаверса, тахминан шу кунлари бир туш кўрган эдим. Тушимда кўҳна бир шаҳарда юрган эмишман ва мовий гумбазлар тагида ирфоний суҳбатга гувоҳ бўлибман. Сокингина суҳбатлашиб турган кишиларнинг икки жумла гапи ҳамон миямда михланиб турибди: “Одамзот ҳақ йўлидан юришга табиатан мойил, лекин шайтон бизларни йўлдан оздириб туради”, деди соқолини калта кузаб, бошига кичиккина салла ўраган биттаси. “Агар шайтон йўқ бўлса, уни ўйлаб топишга тўғри келарди, – деди ярашиқли соқол-мурт қўйган иккинчи киши. – Чунки ёмонга тимсол керак, шусиз биз ҳақ ва ботилни бир-бировидан ажратолмай қоламиз”.
Ҳозирлар ўйлаб кўрсам, ўшанда Эронда исломий инқилоб амалга оширилган ва барча матбуот воситалари фақат шу ҳақида ёзарди. Американи ёмон кўрадиган шўролар давлати матбуоти Эронда америкапараст шоҳ ҳукуматининг ағдариб ташланганини олқишлар эди-ю, лекин инқилоб ислом байроғи остида амалга оширилганини ҳазм қилолмасди. Шу боис бу инқилобнинг моҳияти ҳақида хабарлар берилмасди. Биз билмаган воқеамиз ҳақида тахмин ва тасаввур қилишга мажбур бўлардик.
Ўзимча таъбир қидириб, Фрейд деган ғарб файласуфининг китобидан ўрганганларимни қўллаб, тушдаги маконни бир қадар тасаввур қилдим.
Лекин шайтон мавзуи хаёлимга қандай келганини ҳозиргача тушуниб етолмайман. Ҳозиргача, ҳар сафар шу тушимни эсласам, фоний ва боқий дунёлар орасида узилмас боғланиш бор, лекин ақл уни идрок этишга қодир эмас, шу боис, бундай масалаларда руҳнинг билимига таяниш лозим, деган хулосамни ўзимга такрорлайман.
Менинг ақлим ўз-ўзидан яралган дунё ҳақидаги таълимотни ўша талабалик чоғларимда ҳам қабул қилолмасди. Олий Моҳият ҳақидаги гапларни эса Гегелни ўқиганми ё Гегел ҳақида ўқиганми, ишқилиб, ақлли бир жўрамиз топиб келган эди. Гегел фалсафаси кўпчилик қатори менга ҳам ёқиб тушганди, чунки унга амал қилсак, яъни, ишонсак, ҳар ким ўз фикрида қолиши мумкиндай эди. Худо бор дейдиганларга ҳам, йўқ дейдиганларга ҳам мос фалсафа эди бу. Лекин кейинроқ билсам, орамизда худони қатъиян инкор қиладиган жангари даҳрийлар ҳам йўқ эмас экан.
Ҳа, бир гап, мен, барибир, Гегелни кейин ҳам сира ўқимадим. Орадан анча йиллар ўтгач, олимликка даъвогар бир танишим Гегелни ўқимаганим ҳақидаги эътирофимдан ажабланди. Сиз уни албатта ўқишингиз лозим, бугунги замонавий дунёқарашнинг асосида шу фалсафа ётади, десам, эҳтимол, хато айтарман, лекин Гегелнинг замонавий инсон тафаккурига жуда катта таъсир кўрсатгани шаксиз, деди у. Тўғриси, Гегелни ўқимаганимдан ўшанда бироз уялдим. Бироқ дарров жавоб ҳам топдим. Айтдимки, мен илмда авторитетларни тан олиш тамойилига амал қиламан, лекин илм уммони чексиз, унинг ҳамма пучмоғини бирма-бир кезиб чиқиш имконсиз. Хусусан, менинг Гегелни ўқишим дунёқарашимга ижобий таъсир кўрсатишига шубҳа қиламан. Ўқиб-ўрганишим керак бўлган китоблар шундоқ ҳам жуда кўп...
Хўш, хайр, аввалги суҳбатимиз мавзусига қайтсак.
Гурунгга ошхўр ҳамсабоқ нуқта қўйди.
 – Эй, бу масалада тортишманглар, ҳеч ким уёққа бориб келмаган, – деди у ва кўрсаткич бармоғи билан шифтга ишора қилди. Биз, энди анча катта бўлиб қолган йигитлар, бармоқнинг қаёққа ишора қилаётганини яхши тушунардик. – Яъни, буёқдагилар уёқ ҳақида аниқ хабарга эгамас. Тоза яша, ҳалол яша, ўшанда ўлсангу, у дунё бор бўлса, албатта, жаннатга тушасан, мабодо, йўқ бўлса, хотиржам ўласан, ҳалол яшадим деб ўзингга таскин берасан...
Шу суҳбатдан анча кейин, Яратган ва яралмиш борасида ўзимнинг мустаҳкам фикрим қарор топган чоғларда, физика факултетида ўқийдиган шоир дўстим дунёнинг яралиши борасида гапириб, бундан неча миллиард йилдир аввал коинотда улкан портлаш юз бергани ва шундан кейин юлдузлар чангидан бугун биз кўриб турган олам пайдо бўлгани хусусида ваъз ўқиган эди. Мен ўшанда ҳам онамнинг урчуғини эсладим ва “Ўша портлашдан аввал нима бор эди?” деб сўрадим.
У айтдики, ундан аввал ҳеч нарса йўқ эди.
Ҳеч нарсадан бир нарса яралиши мумкинми, деб яна сўрадим.
Физик танишим гапга чечан инсон эди. Довдираб қолмади: “Йўқликдан борликни яратишга фақат Худо қодир”, деди у.
Шу жавобдан кўнглим таскин топди. Чунки худо дунёни мукаммал қонун билан яратган. Фақат, табиатшунос олимларимиз буни дунёнинг ўз қонунлари деб айтади, холос. Бу қонунларда табиат ва кишилик дунёсининг муайян тарзда такомил топиб бориши ҳам азалдан белгилаб, тайин этиб қўйилган. Қуръони Каримда одамнинг йўқдан бор этилгани ҳақида неча бор айтилади...
Мана, ўша воқеалардан буён ҳам орадан 35-40 йил вақт ўтди. Алҳамдулиллоҳ, имонимиздаги кўп камчиликлар барҳам топди. Исломимиз ҳам аста-секин изга тушяпти. Мусулмончилик аста-аста, деган гапнинг ҳам маъносини чаққандай бўляпман. Бироқ...
Бироқ бугунги замонда айрим амри-маъруф давраларида иштирок этишга тўғри келса, кўп ҳолларда фақат нафснинг ёмонлигидан, нафсга қарши кураш ҳақида ваъз ўқилади. Билган одамлар ҳам шу мавзуда ўзаро баҳс қиладилар.
Ҳолбуки, муслимнинг имонига фақат нафс эмас, ақл ҳам зарар етказиши борасида деярли ўйламаймиз.
Бундан йигирма йилча бурун, имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” асари ўзбек тилига таржима қилиниб, кўпминг нусхада чоп этилди. Буни юртимизда заифлашган динимизга қувват бўлади, деб тушундик.
Лекин яқинда дўстларимиздан бири ғалати фикр айтиб қолди:
 – Биласизми, мана шу китобнинг нашр қилиниши динимизга фойдадан кўпроқ зиён келтирди, – деди у ва столи устидаги тўрт жилдлик “Саҳиҳи Бухорий”ни кўрсатди.
Мен унга ажабланиб, савол назари билан тикилдим. Имони мустаҳкам, динига маҳкам бу дўстимиздан шундай ғалат бир гапни эшитаман, деб сира ўйламовдим.
 – Йўқ, йўқ, сиз мени нотўғри тушунманг, – деди у шошиб. – Мен китобнинг ўзи ҳақида эмас, унинг вақтидан аввалроқ чоп этилгани тўғрисида гапиряпман. Назаримда, уламоларимиз халқимизга аввал дин ва имонни тушунтириши, ҳалол ва ҳаромни ажратиб кўрсатиши, ҳар бир мусулмон киши билиши лозим бўлган тушунчалар ва қилиши лозим бўлган амалларни ўргатиши шартмиди, дейман-да! Ақидани билмай туриб, шариатдан баҳс юритгувчилар кўпайиб кетган ҳозир. – Дўстимиз бир нафас ростлаб, кейин фикрида давом этди. – Ҳозир шу китобни ўқиган чаламуллалар оғзингга дарров уради: “Саҳиҳи Бухорий”да мана бундоқ дейилган, демак, шундоқ қилишимиз лозим деб. Ахир, дейман мен, эй, мусулмон, бу китобдаги ҳадисларни тўғридан-тўғри амалга қўллаб бўлмайди. Замонлар ўзгариб кетди. Олимлардан фатво бўлмаса, ўзимизча хулоса айтишга ҳаққимиз йўқ. Лекин улар менинг гапимни эшитишмайди.
 – Пайғамбаримиз (САВ)дан кейинги замонларда айрим масалалар бўйича саҳобалардан фатво сўралса, улар минг бир гапни баҳона қилиб, фатво беришдан қочар экан, – дедим мен дўстимизнинг кейинги гапини маъқуллаб. Унинг айтган асосий фикри эса ҳамон мен учун янгилик эди. Дарров бир қарорга келишим қийин кечаётганди. Шунга гапни айлантираётган эдим. – Ҳолбуки, улар дин таълимини ҳазрати пайғамбаримиз (САВ)нинг ўзидан олган эди. Кўпчилигининг салоҳияти ҳар қандай масалада фатво бериш учун кифоя қиларди. Шундай бўлса ҳам, улар тағин хато қилиб қўймайлик, деган истиҳола билан фатво беришдан қочган. Савол сўрагувчини ўзидан кўра олимроқ, салоҳиятлироқ деб ўйлаган бошқа саҳобага йўллаган. Ҳозирги чаламулла “олим”лар эса эшитган бир ривоятини байроқ қилиб, даврама-давра кўтариб чопади. Ўрни келса ҳам, келмаса ҳам ўзиникини маъқул қилади...
 – Шунисига куяман-да, – деди дўстимиз. – Илм олимнинг қўлида қолиб, шариат номидан ҳукм ўқиш мақоми жоҳилга ўтиб кетса, шўро замонида кўрганларимиз ҳам ҳолва бўлиб қолмасмикин?! Бугун пайдо бўлиб қолаётган мутаассиб-жангарилар динимизни дунёнинг кўзига ёмон кўрсатса, эҳтимол, бунга чидармиз, лекин болаларимизнинг ақлини, дилини динимиздан чалғитса, фикрини четга буриб юборса нима қиламиз? Худонинг олдига борганда нима деймиз? Кўриб, индамай турган эдик деймизми?
Менинг бу саволларга жавобим йўқ эди. Дўстимизнинг ҳам жавоби йўқ экани тайин. Лекин кейинроқ ўйлаб кўрсам ва ўзим дунёвий илм-фанда тан олинган бир услубни қўлласам, саволнинг қўйилгани – масаланинг ярми ечилгани экан. Ўзи илмдан узоқроқ юрса ҳам, илмлиларни севадиган бу дўстимиз қўйган саволлар жамиятимизнинг бугунги энг муҳим муаммоларидан бири экан. Хайриятки, муаммони илғадик, энди, иншааллоҳ, унинг ечимини ҳам топармиз.

Мусулмон Намоз

* * *

Kamina yozg‘uvchingiz o‘zimni bugungi o‘zbeklarning bir ziyolisi, yoshligidan harf tanib, oq-qorani ajratishga o‘rgangan odam, deb o‘ylab yurar edim. Lekin bugun anglab yetishimcha, men bilgan qoralarning hammasi ham qora emas ekan. Oq deb taniganlarimning barisini ham oq deb aytish xato bo‘larkan.
Taassuflarim boisi shulki, kamina muallifingiz aqlini tanigan jamiyatda xudoni inkor qilgan sho‘rolar tuzumi hukmron edi va bizni Allohni tanishdan boshqa hamma narsaga o‘rgatdilar, lekin yoshim ellikdan o‘tganda tushunib yetdimki, Allohni tanimay bilganlarimning barisi sarob ekan. Dunyoni o‘rganishga intilibmiz-u, lekin dunyoning egasini bilmay turib biron samaraga muyassar bo‘lish mumkin emasligini anglamabmiz.

Ko‘p narsa yodimdan ko‘tarilib ketgan, lekin bola chog‘im bir kuni onaizorimning qoshiga kelib, savol so‘raganim hamon yodimda:
– Ena (men tug‘ilib o‘sgan yurtda onani shunday chaqirishardi), maktabda malim (muallimni shunday atar edik) xudo yo‘q dedi.
Onam rahmatli yigirib o‘tirgan urchug‘ini kafti bilan to‘xtatib, tizzasi ustiga qo‘ydi, yonidagi bir tutam toza paxtani changallab, to‘satdan uni qaerga qo‘yishni bilmaganday kalovlandi. Keyin mening hali almashtirishga ulgurmagan maktab kiyimlarimning yo‘q changini qoqdi.
– Maliming bekorlarning beshtasini aytibdi, – dedi onam zarda bilan. – Xudo yo‘q bo‘lsa, bu dunyoni kim yaratgan, deb so‘ramadinglarmi?
 – So‘ramadik.
 – Ertaga yana xudo yo‘q deb aytsa, so‘ranglar.
Ertasigami, indinigami, sal keyinroqmi, muallimimiz yana xudo yo‘q, deb aytdi. Men tirsaklarimni partadan uzmay, odobligina bola bo‘lib qo‘l ko‘tardim.
 – Ha, savoling bormi? – dedi muallim.
 – Enam, maliming yana xudo yo‘q desa, bu dunyoni kim yaratgan deb so‘ra dedi, – dedim har bir so‘zni dona-dona qilib.
Hozir yodimda yo‘q, o‘shanda uchinchi sinfda o‘qirmidim, yo to‘rtinchidami, lekin tilim anchagina burro edi. O‘sha muallim bizga qo‘shni bo‘lgani uchun undan unchalik cho‘chimasdim ham. Maktabga qora kostyum kiyib, yaltiroq qizil bo‘yinbog‘ taqib keladigan, doim terlab-pishib yuradigan muallimimizni har kuni uyda yo‘l-yo‘l tik ishton, oq yaktak yo olabayroq to‘n kiygan holida ko‘rganim uchunmi, o‘zimga allaqanday yaqin ham olardim. Sinfdoshlarim mening yaxshi o‘qishimga g‘ayirlik qilmasdi-yu, lekin malim hamsoyang, shunga senga nuqul besh baho qo‘yadi, deb aytishardi. Men bahoni malimning yordami bilan emas, o‘zimning kuchim bilan olayotganimni isbotlashga o‘lib-tirilardim. Onam rahmatli aytgan savolning mag‘ziga yetib bormagan bo‘lsam ham, shu savolni bersam, sinfdoshlarim rosa qoyil qoladi, deb o‘ylagan bo‘lsam kerak, ehtimol. Yana kim biladi deysiz. Balkim, bugun o‘sha olis bolalikda qolib ketgan xotiralarimni yozib qo‘yishim uchun ham o‘sha paytda o‘sha savol  tilimga kelgandir...
Muallim biroz esankiradi, aniqrog‘i, men hozir u kishini o‘sha paytda biroz esankiragan bo‘lsa kerak, deb o‘ylayapman. Axir, esankirash nima ekanini o‘sha paytlar o‘zim tushunmas edim-da. Harholda, xuddi videotasvir kabi aniq yodimda qolib ketgani shuki, muallim qo‘lidagi uzun chizg‘ich bilan old qatordagi partani bir-ikki bor shartillatib urdi, qisib turgan bo‘yinbog‘ini biroz bo‘shatdi, terdan yaltirab turgan yuz-bo‘ynini kir dastro‘moli bilan artdi. Keyin negadir eshik tomon yurdi. Uni ochdi. Biroq tashqariga chiqmadi, uyoqda biron kishi bormi, deb qarab ham ko‘rmadi. Yana yopdi. Ortiga burilib, stoli yoniga keldi va shunday dedi:
 – Si(z)lar endi katta-matta bo‘lib qoldilaring, bir gapni aytsa, tushunasi(z)lar. Bizga tepadan, – muallim ko‘rsatkich barmog‘i bilan shiftga ishora qildi. Hammamiz shiftga qaradik. Hech narsa yo‘q. Muallim bu qilig‘imizdan kuldi. U bunaqa majoziy tushunchalar bizning bola tafakkurimizga sig‘masligini tushundi, shekilli, yana muallimning og‘ziga tikilgan biz bolalarga anglatdi. – Rayonda (bugun o‘ylashimcha, o‘shanda muallim tuman firqa va sho‘rolar idorasini nazarda tutgan) bizga “bolalarga xudo yo‘q deb aytinglar”, deb tayinlashgan. Biz shuni aytamiz. Lekin uyoqqa, – muallim yana qo‘li bilan shiftga ishora qildi. Biz yana shiftga qaradik. Yana hech kim yo hech narsani ko‘rmadik. Muallim bu qilig‘imizdan tag‘in iljaydi. – Uyoqqa hech kim borib kelmagan. Yo‘q, deb aytayotganlar ham borib kelmagan. Balkim xudo bordir. Lekin menam ba’zan enang aytgan savolni o‘ylab qolaman. Xudo yo‘q bo‘lsa, dunyoni kim yaratgan?..
Men o‘shanda muallimning gapidan biron narsani tushungan yo tushunmaganimni bugun eslolmayman. Eslaganim, enam aytgan savolga muallimning javob berolmaganidan andak g‘ururlanganim.
Onam rahmatli besavod ayol edilar. Yoshligi ikkinchi jahon urushidan oldingi qiyinchilik zamonlariga to‘g‘ri kelgani tufayli maktabga ham goh chiqib, goh chiqolmaganini hikoya qilib bersa, men xuddi ertak tinglaganday o‘tirar edim. Qolaversa, birinchi sinfda lotin alifbosini o‘rganib, uchinchimi-to‘rtinchi sinfdan kirillchada o‘qishni davom ettirgani to‘g‘risida aytardi. Keyin ikkinchi jahon urushi boshlanib, non arzandaga aylangan zamonlarda maktabga chiqishni bas qilgan, alqissa, besavod bo‘lib qolgan ekan. Lekin mening nazarimda eng oqila, eng donishmand, dunyodagi hamma narsani biladigan ayol edilar. Asli, hammamiz onamiz haqida shunday o‘ylaymiz. Hammaga o‘zining onasi aziz. Alloh rahmatiga olgan bo‘lsin onamni. Bu dunyoni juda erta tark etdilar.
Islomda xudoning zoti va sifati haqida fikr yuritishdan qaytarilgan. Chunki borliq bilish mumkin bo‘lgan va mumkin bo‘lmagan olamlardan – ko‘rib turganimiz moddiy olamdan va aql emas ko‘ngil sezadigan g‘ayb dunyosidan iborat. Aqlning bilmagan narsa haqida fikr yuritishi alal-oxir adashishga olib kelishi mumkin. Hozir shunga yana bir misol aytay.
Talabalik chog‘larimiz edi. Bir kuni hamsaboqlar xalfana qilib bir cho‘qim osh damladik. Avval kundalik mojarolar borasida boshlangan g‘iybatga o‘xshash suhbatimiz asta-sekinlik bilan hammamizni o‘ylantirib turgan mavzularga burildi.
 – Falonchi domla (men bu domlaning atay ismini yozmayapman – muallif), otasi o‘lganda janozasiga bormagan ekan, – dedi hamsaboqlardan birovimiz.
Oshni katta-katta oshayotgan yana birovimiz kaftida qolgan guruch donalarini tili bilan terib olarkan, beparvo gap qotdi:
 – Shuniyam bilmaysanmi, u kishi kommunist, janozaga borsa, partiyadan o‘chadi, ishdanam ketadi.
 – Otasining arvohi chirqillab qolmaydimi? – deb so‘radi haligi hamsabog‘imiz.
 – O‘lgan o‘ldi, ketdi, – dedi oshxo‘r hamsaboq. – Uning kasriga buyoqdagilar qiynalishi kerak emas-ku!
 – Lekin shu domla bir safar mardlik qilib, otasining janozasiga borsa edi, bizga mazza bo‘lardi, – dedi negadir tizzasiga shappatilatib kulgan yana bir hamsabog‘imiz.
Gap mavzusi bo‘lgan domla anchayin qattiqqo‘lligi bilan mashhur edi. Ayrim talabalar shu domladan imtihon topshira olmay, qiynalib yurishi haqida eshitgan edik. Tanish-bilishga ham yo‘l bermas ekan. Dimog‘i baland odam edi. O‘rtaga tanish tiqmoqchi bo‘lsang, mendan balandroq odam yonimga kelsin, lekin O‘zbekistonda mendan zo‘ri yo‘q, demak, tanishlaring o‘tmaydi, degan edi bir safar.
 – Bekorga xursand bo‘lyapsiz, bizga buning sirayam issiq-sovug‘i yo‘q – deya men ham gapga qo‘shildim. – Men so‘rab bildim: shu fandan imtihon payti domla Toshkentda bo‘lmasakan. Yordamchisiga topshiramiz.
O‘sha kuni, adashmasam, suhbatimizning avvalida xudoning bor-yo‘qligi borasida bahs qo‘zg‘algan, har kim har xil fikr aytgan, hatto, ichimizda xudoga ishonmaydigan dahriylar ham bor ekan va biz kursdoshlar ularga nisbatan o‘zimizda zarracha begonalik tuyg‘usini sezmagan edik. Nihoyat, ancha tortishuvdan keyin, mabodo, xudo bo‘lmasa ham, cheksiz koinotda Oliy Bir Kuch borligi, yanayam aniqrog‘i, shunday kuchga ehtiyoj borligi haqida to‘xtamga keldik. Dunyo o‘z-o‘zidan yaralgan, bu ishda xudoning zarracha ishtiroki yo‘q, deb ta’kidlagan allaqaysi domlamizga e’tirozan o‘zimizcha Oliy Mohiyat borligi haqida gapirdik. Bu Oliy Mohiyatni dindorlar xudo, dinsizlar Oliy Ong deb aytadi, deb xulosaladik. Har kim o‘z fikrida qolsa, zarra ziyoni yo‘q, shunchaki, hammamiz boshqa-boshqa so‘zlar bilan yagona narsa to‘g‘risida gapirayotirmiz, deb o‘yladik ko‘pchiligimiz.
Oshxo‘rlik so‘nggidagi gurung shu suhbatning izovasi edi. O‘zak masala borasida emas, endi uning atrofidagi g‘iybatlarni boshlagan paytimiz edi. Jumladan, mashhur domlaning ota janozasiga bormagani haqidagi gap ham shu g‘iybatning davomi bo‘ldi.
Men bu suhbatga unchalik qo‘shilmay, aniqrog‘i, qo‘shilolmay o‘tirardim. Chunki men o‘zimga xudo aniq bor deb ta’kidlasam-da, yonverimdagi do‘stlarimning Oliy Mohiyat borasidagi fikrlari ham jo‘yali bo‘lib tuyulardi. O‘ylagan sari xayolim chuvalib, oxirida ko‘z oldimga onamning urchug‘i keldi. Urchuq pirillab aylanib, onamning baland ko‘tarilgan qo‘lidagi ip chiyrilib, mustahkamlanib borardi. Keyin onam rahmatlining muallimdan so‘rashim uchun tayinlagan so‘rog‘i yodimga tushdi: “Xudo yo‘q bo‘lsa, dunyoni kim yaratgan?”
Qolaversa, taxminan shu kunlari bir tush ko‘rgan edim. Tushimda ko‘hna bir shaharda yurgan emishman va moviy gumbazlar tagida irfoniy suhbatga guvoh bo‘libman. Sokingina suhbatlashib turgan kishilarning ikki jumla gapi hamon miyamda mixlanib turibdi: “Odamzot haq yo‘lidan yurishga tabiatan moyil, lekin shayton bizlarni yo‘ldan ozdirib turadi”, dedi soqolini kalta kuzab, boshiga kichikkina salla o‘ragan bittasi. “Agar shayton yo‘q bo‘lsa, uni o‘ylab topishga to‘g‘ri kelardi, – dedi yarashiqli soqol-murt qo‘ygan ikkinchi kishi. – Chunki yomonga timsol kerak, shusiz biz haq va botilni bir-birovidan ajratolmay qolamiz”.
Hozirlar o‘ylab ko‘rsam, o‘shanda Eronda islomiy inqilob amalga oshirilgan va barcha matbuot vositalari faqat shu haqida yozardi. Amerikani yomon ko‘radigan sho‘rolar davlati matbuoti Eronda amerikaparast shoh hukumatining ag‘darib tashlanganini olqishlar edi-yu, lekin inqilob islom bayrog‘i ostida amalga oshirilganini hazm qilolmasdi. Shu bois bu inqilobning mohiyati haqida xabarlar berilmasdi. Biz bilmagan voqeamiz haqida taxmin va tasavvur qilishga majbur bo‘lardik.
O‘zimcha ta’bir qidirib, Freyd degan g‘arb faylasufining kitobidan o‘rganganlarimni qo‘llab, tushdagi makonni bir qadar tasavvur qildim.
Lekin shayton mavzui xayolimga qanday kelganini hozirgacha tushunib yetolmayman. Hozirgacha, har safar shu tushimni eslasam, foniy va boqiy dunyolar orasida uzilmas bog‘lanish bor, lekin aql uni idrok etishga qodir emas, shu bois, bunday masalalarda ruhning bilimiga tayanish lozim, degan xulosamni o‘zimga takrorlayman.
Mening aqlim o‘z-o‘zidan yaralgan dunyo haqidagi ta’limotni o‘sha talabalik chog‘larimda ham qabul qilolmasdi. Oliy Mohiyat haqidagi gaplarni esa Gegelni o‘qiganmi yo Gegel haqida o‘qiganmi, ishqilib, aqlli bir jo‘ramiz topib kelgan edi. Gegel falsafasi ko‘pchilik qatori menga ham yoqib tushgandi, chunki unga amal qilsak, ya’ni, ishonsak, har kim o‘z fikrida qolishi mumkinday edi. Xudo bor deydiganlarga ham, yo‘q deydiganlarga ham mos falsafa edi bu. Lekin keyinroq bilsam, oramizda xudoni qat’iyan inkor qiladigan jangari dahriylar ham yo‘q emas ekan.
Ha, bir gap, men, baribir, Gegelni keyin ham sira o‘qimadim. Oradan ancha yillar o‘tgach, olimlikka da’vogar bir tanishim Gegelni o‘qimaganim haqidagi e’tirofimdan ajablandi. Siz uni albatta o‘qishingiz lozim, bugungi zamonaviy dunyoqarashning asosida shu falsafa yotadi, desam, ehtimol, xato aytarman, lekin Gegelning zamonaviy inson tafakkuriga juda katta ta’sir ko‘rsatgani shaksiz, dedi u. To‘g‘risi, Gegelni o‘qimaganimdan o‘shanda biroz uyaldim. Biroq darrov javob ham topdim. Aytdimki, men ilmda avtoritetlarni tan olish tamoyiliga amal qilaman, lekin ilm ummoni cheksiz, uning hamma puchmog‘ini birma-bir kezib chiqish imkonsiz. Xususan, mening Gegelni o‘qishim dunyoqarashimga ijobiy ta’sir ko‘rsatishiga shubha qilaman. O‘qib-o‘rganishim kerak bo‘lgan kitoblar shundoq ham juda ko‘p...
Xo‘sh, xayr, avvalgi suhbatimiz mavzusiga qaytsak.
Gurungga oshxo‘r hamsaboq nuqta qo‘ydi.
 – Ey, bu masalada tortishmanglar, hech kim uyoqqa borib kelmagan, – dedi u va ko‘rsatkich barmog‘i bilan shiftga ishora qildi. Biz, endi ancha katta bo‘lib qolgan yigitlar, barmoqning qayoqqa ishora qilayotganini yaxshi tushunardik. – Ya’ni, buyoqdagilar uyoq haqida aniq xabarga egamas. Toza yasha, halol yasha, o‘shanda o‘lsangu, u dunyo bor bo‘lsa, albatta, jannatga tushasan, mabodo, yo‘q bo‘lsa, xotirjam o‘lasan, halol yashadim deb o‘zingga taskin berasan...
Shu suhbatdan ancha keyin, Yaratgan va yaralmish borasida o‘zimning mustahkam fikrim qaror topgan chog‘larda, fizika fakultetida o‘qiydigan shoir do‘stim dunyoning yaralishi borasida gapirib, bundan necha milliard yildir avval koinotda ulkan portlash yuz bergani va shundan keyin yulduzlar changidan bugun biz ko‘rib turgan olam paydo bo‘lgani xususida va’z o‘qigan edi. Men o‘shanda ham onamning urchug‘ini esladim va “O‘sha portlashdan avval nima bor edi?” deb so‘radim.
U aytdiki, undan avval hech narsa yo‘q edi.
Hech narsadan bir narsa yaralishi mumkinmi, deb yana so‘radim.
Fizik tanishim gapga chechan inson edi. Dovdirab qolmadi: “Yo‘qlikdan borlikni yaratishga faqat Xudo qodir”, dedi u.
Shu javobdan ko‘nglim taskin topdi. Chunki xudo dunyoni mukammal qonun bilan yaratgan. Faqat, tabiatshunos olimlarimiz buni dunyoning o‘z qonunlari deb aytadi, xolos. Bu qonunlarda tabiat va kishilik dunyosining muayyan tarzda takomil topib borishi ham azaldan belgilab, tayin etib qo‘yilgan. Qur’oni Karimda odamning yo‘qdan bor etilgani haqida necha bor aytiladi...
Mana, o‘sha voqealardan buyon ham oradan 35-40 yil vaqt o‘tdi. Alhamdulilloh, imonimizdagi ko‘p kamchiliklar barham topdi. Islomimiz ham asta-sekin izga tushyapti. Musulmonchilik asta-asta, degan gapning ham ma’nosini chaqqanday bo‘lyapman. Biroq...
Biroq bugungi zamonda ayrim amri-ma’ruf davralarida ishtirok etishga to‘g‘ri kelsa, ko‘p hollarda faqat nafsning yomonligidan, nafsga qarshi kurash haqida va’z o‘qiladi. Bilgan odamlar ham shu mavzuda o‘zaro bahs qiladilar.
Holbuki, muslimning imoniga faqat nafs emas, aql ham zarar yetkazishi borasida deyarli o‘ylamaymiz.
Bundan yigirma yilcha burun, imom Buxoriyning “Sahihi Buxoriy” asari o‘zbek tiliga tarjima qilinib, ko‘pming nusxada chop etildi. Buni yurtimizda zaiflashgan dinimizga quvvat bo‘ladi, deb tushundik.
Lekin yaqinda do‘stlarimizdan biri g‘alati fikr aytib qoldi:
 – Bilasizmi, mana shu kitobning nashr qilinishi dinimizga foydadan ko‘proq ziyon keltirdi, – dedi u va stoli ustidagi to‘rt jildlik “Sahihi Buxoriy”ni ko‘rsatdi.
Men unga ajablanib, savol nazari bilan tikildim. Imoni mustahkam, diniga mahkam bu do‘stimizdan shunday g‘alat bir gapni eshitaman, deb sira o‘ylamovdim.
 – Yo‘q, yo‘q, siz meni noto‘g‘ri tushunmang, – dedi u shoshib. – Men kitobning o‘zi haqida emas, uning vaqtidan avvalroq chop etilgani to‘g‘risida gapiryapman. Nazarimda, ulamolarimiz xalqimizga avval din va imonni tushuntirishi, halol va haromni ajratib ko‘rsatishi, har bir musulmon kishi bilishi lozim bo‘lgan tushunchalar va qilishi lozim bo‘lgan amallarni o‘rgatishi shartmidi, deyman-da! Aqidani bilmay turib, shariatdan bahs yuritguvchilar ko‘payib ketgan hozir. – Do‘stimiz bir nafas rostlab, keyin fikrida davom etdi. – Hozir shu kitobni o‘qigan chalamullalar og‘zingga darrov uradi: “Sahihi Buxoriy”da mana bundoq deyilgan, demak, shundoq qilishimiz lozim deb. Axir, deyman men, ey, musulmon, bu kitobdagi hadislarni to‘g‘ridan-to‘g‘ri amalga qo‘llab bo‘lmaydi. Zamonlar o‘zgarib ketdi. Olimlardan fatvo bo‘lmasa, o‘zimizcha xulosa aytishga haqqimiz yo‘q. Lekin ular mening gapimni eshitishmaydi.
 – Payg‘ambarimiz (SAV)dan keyingi zamonlarda ayrim masalalar bo‘yicha sahobalardan fatvo so‘ralsa, ular ming bir gapni bahona qilib, fatvo berishdan qochar ekan, – dedim men do‘stimizning keyingi gapini ma’qullab. Uning aytgan asosiy fikri esa hamon men uchun yangilik edi. Darrov bir qarorga kelishim qiyin kechayotgandi. Shunga gapni aylantirayotgan edim. – Holbuki, ular din ta’limini hazrati payg‘ambarimiz (SAV)ning o‘zidan olgan edi. Ko‘pchiligining salohiyati har qanday masalada fatvo berish uchun kifoya qilardi. Shunday bo‘lsa ham, ular tag‘in xato qilib qo‘ymaylik, degan istihola bilan fatvo berishdan qochgan. Savol so‘raguvchini o‘zidan ko‘ra olimroq, salohiyatliroq deb o‘ylagan boshqa sahobaga yo‘llagan. Hozirgi chalamulla “olim”lar esa eshitgan bir rivoyatini bayroq qilib, davrama-davra ko‘tarib chopadi. O‘rni kelsa ham, kelmasa ham o‘zinikini ma’qul qiladi...
 – Shunisiga kuyaman-da, – dedi do‘stimiz. – Ilm olimning qo‘lida qolib, shariat nomidan hukm o‘qish maqomi johilga o‘tib ketsa, sho‘ro zamonida ko‘rganlarimiz ham holva bo‘lib qolmasmikin?! Bugun paydo bo‘lib qolayotgan mutaassib-jangarilar dinimizni dunyoning ko‘ziga yomon ko‘rsatsa, ehtimol, bunga chidarmiz, lekin bolalarimizning aqlini, dilini dinimizdan chalg‘itsa, fikrini chetga burib yuborsa nima qilamiz? Xudoning oldiga borganda nima deymiz? Ko‘rib, indamay turgan edik deymizmi?
Mening bu savollarga javobim yo‘q edi. Do‘stimizning ham javobi yo‘q ekani tayin. Lekin keyinroq o‘ylab ko‘rsam va o‘zim dunyoviy ilm-fanda tan olingan bir uslubni qo‘llasam, savolning qo‘yilgani – masalaning yarmi yechilgani ekan. O‘zi ilmdan uzoqroq yursa ham, ilmlilarni sevadigan bu do‘stimiz qo‘ygan savollar jamiyatimizning bugungi eng muhim muammolaridan biri ekan. Xayriyatki, muammoni ilg‘adik, endi, inshaalloh, uning yechimini ham toparmiz.

Musulmon Namoz