Ҳеч қачон беркилмайдиган эшик

Рукн: Ибрат Чоп этилган: 23.04.2016

Сизларга америкалик бир оиланинг бошидан ўтган қиссани айтиб бераман. Ўша оилада олти нафар фарзанд бор эди. Оталари баланд бўйли, келбатли, бақувват, азми қатъий деҳқон эди. Оналари оқила, тадбиркор, хушчақчақ аёл эди. У фарзандларини сабр-матонат билан тарбия қилди. Болалар ҳам бақувват, етук, алпқомат бўлиб етишдилар.

Бир куни кичик фарзандлари кўчага ўйнаш учун чиқди. Ўшанда унинг ёши ўн учда эди. Баланд харсангтош устидан сакраб, тиззаси билан ерга йиқилди. Тиззасида жуда қаттиқ оғриқ сезди. Унинг ёшидаги бошқа бола бўлганда бу оғриққа чидолмасди. Лекин у чидади, сабр қилди. Йиқилганини ҳеч кимга айтмади. Эртаси куни мактабга ўз оёқларида юриб борди. Оғриқ эса кучайгандан кучайди. Оғриқ кучайгани сари унинг сабри ҳам зиёдалашиб борарди.

Шу алфозда орадан икки кун ўтди. Оёғида шиш ва кўкариш пайдо бўлди. Ҳатто бир қадам ҳам босолмай қолди. Буни кўрган шўрлик она изтиробга тушди. Ота ҳам тоқатсизлана бошлади. Ота-она ўғлидан нима бўлганини сўрашди. Болакай уларга бўлган воқеани айтиб берди. Уни дарҳол ётқизиб, табибни олиб келишди. Табиб болани обдон кўздан кечириб, муолажа қилишга вақт қолмаганини, бироз кеч бўлганини, агар оёқ зудлик билан кесилмаса, бола бечора қони заҳарланишидан вафот этишини англади.

Боланинг отасини бир четга тортиб, унга секингина ҳолатни тушунтирди. Боланинг ўзи буни билмаслиги кераклигидан огоҳлантирди. Лекин бола буни эшитиб бўлган эди. Оёғи кесилишини билган болакай: “Йўқ, йўқ! Оёғимни кесманглар, оёғимни кесманглар! Отажон, мени қутқаринг!” деб бор овози билан қичқирди. Ўрнидан туриб, бир оёғи билан сакраб-сакраб қочмоқчи бўлди. Отаси дарҳол ушлаб олиб, яна тўшакка ётқизди. Кейин онасига қараб, қалбларни парчалайдиган овоз билан: “Онажон! Онажоним! Мени қутқаринг! Онажоним! Менга ёрдам беринг! Оёғимни кесмасинлар!” деб ёлворди. Бечора онаизор боласининг бу сўзларини эшитиб, нима қилишини билолмай донг қотиб тураверди. Гўёки жигарининг парчаланаётганини ҳис қилди. Қалби эса уни ўғлига ёрдам беришга ундарди. Боласига бўлган меҳри, шафқати ичини тўлдириб юборди. Ақли эса уни бу ҳислардан ман этиб, боласининг ҳаётини оёғи эвазига бўлса ҳам сақлаб қолишга ундарди. Нима қилишга ҳайрон эди. Қалбининг чорловига “Лаббай” десинми ёки ақлининг насиҳатигами?  Қалби изтиробдан эзилган, кўзи аламдан ёшланганча боласига термулиб турарди. Бола эса онасига, худди сувга чўкаётган кимса соҳилда турган кимсага қарагандек, ҳозир шу мени қутқаради дегандек, қараб турарди.

Онасининг қутқаришга ҳаракат қилмай, жим турганини кўрган боланинг ундан ҳам умиди узилди. Бироз аввалроқ отасидан ҳам умиди узилган эди. Бола йиғи аралаш, бор овози билан акаси Эдгарни чақира бошлади. “Эдгар! Эдгар! Қаердасан? Тезроқ кел! Мени қутқар! Улар менинг оёғимни кесишмоқчи. Эдгар! Эдгар!”  Эдгар укасининг бақираётганини эшитиб, шошиб етиб келди. Уйга кириб, қоматини ростлади, кўксини керди, укасининг рўпарасига тўсиқ бўлиб туриб олди. Кўзида эса енгилмас азму шижоатнинг учқунлари чақнар эди. Ҳеч кимни укасининг ёнига яқинлаштирмаслигини эълон қилди. Унга отаси гапириб кўрди, онаси насиҳат қилиб кўрди, фойдаси бўлмади. У эса борган сари важоҳатга тўлар, укасини қўриқлашга янада жиддийроқ уринарди. Ука бечора бўлса, паҳлавон аканинг ортига беркинар, уни маҳкам ушлаб олганди. Укасининг бундай қилгани аканинг шижоати янада тўлиб-тошишига туртки бўларди. Ота ўғлини четга суришга уриниб кўрди. Ўғил эса отасига ҳам, ёрдамга келган табибга ҳам ташланиб, укасини ҳимоя қилди. Катта ўғлининг йўлбарсдай ташланиб, ботирлик кўрсатгани учун ота ҳам, она ҳам, табиб ҳам умидсизликка тушишди.

Инсон агар умидсизликка тушса, ажойиб ишларни қилади.

Товуққа назар солмайсизларми? Агар бирор киши жўжасига ҳужум қилса, патларини хўрпайтириб, полапонининг ҳимояси учун қандай шижоат кўрсатишига кўп гувоҳ бўлганмиз.

Мушукка назар солмайсизларми? Агар уни бирор жойга қисиб, қийнамоқчи бўлсангиз, тишларини ғижирлатиб, ўткир тирноқларини, панжаларини кўрсатиб, ўзини ҳимоя қилади.

Ўзини ҳимоя қилиш учун товуқ йиртқич лочинга, мушук ваҳший бўрига айланади.

Эдгар ҳам укасини ҳимоясида бақувват инсонга, матонатли қўриқчига айланди. Девор жойидан силжиши мумкин, лекин у турган жойидан ҳеч қаёққа силжимади. Оила аъзолари “Балки, чарчаб, ҳолдан тойиб, укасининг ёнидан узоқлашар” деган умид билан уни ўз ҳолига қўйишди. Лекин у жойидан жилмади. Икки кун мобайнида хонанинг остонасида туриб, укасини қўриқлаб чиқди. Шу икки кун давомида ота-онаси олиб келган бир-икки луқма таомдан бошқа ҳеч нарса емади, бир неча дақиқа ухлади, холос. Табиб эса, ҳар куни келарди, аканинг халиям эшик олдида турганини кўриб, яна ортига қайтарди. Бола бечоранинг оёғи эса борган сари шишиб, кўкарарди. Табиб бу ҳолатни кўргач, қўлини силтаб, жарроҳлик амалиётидан ҳам фойда йўқлигини, бола тез орада вафот этишини айтиб, ортига қайтди. Ота-она, ака-укалар, барчалари юз бериши муқаррар хатарнинг олдида ҳеч нарса қилолмай жим турдилар.

Хўш, инсон бу каби хатар вақтида нима қилади? Қандай йўл тутади?     

Албатта, ҳар бир инсон, у мўмин бўлсин ёки кофир бўлсин, хатар вақтида Аллоҳга қайтади. Чунки, иймон ҳар бир нафсда ўрнашган бўлади, ҳатто кофирларда ҳам. Шунинг учун ҳам уни “кофир” дейилади. Кофир сўзи арабларнинг луғатида “Яширувчи, беркитувчи” деган маънони билдиради. Чунки, у иймонини беркитади, ўраб, яширади. У ўзича иймонини нафсидан кетди деб ўйлайди. Агар ҳаётда қалбини титратиб, эсини довдиратиб қўядиган бирор воқеа содир бўлса, ўша парда олиниб, иймон зоҳир бўлади.

  Маккадаги ҳубал, лот, уззо каби бутларга сиғинадиган Қурайш қабиласи мазкур бутларга фақат тинчлик, омонлик вақтларидагина сиғинишарди. Агар вазият жиддий тус олса, қурайшликлар кемага минишганда денгиз мавжланиб, тоғдек келадиган тўлқинлар ҳар томондан ўраб олиб, кемалари мавжлар қўйнида, худди шамол эсганда ҳилпираган патдек бўлиб қолиб, хатар юзага чиқиб, қўрқув барчаларини қамраб олган чоғда нафснинг тубларида яшириниб ётган иймон кўринар, натижада, лот, уззо ва яна бир қанча масхара қилиб сиғиниладиган ёғоч-тошларга эмас, балки, Ер ва осмонларнинг Робби Аллоҳга дуо қилишарди.

Кема сув тубига ғарқ бўлиб, битта ўзинг ёғоч эшик устида, сув билан осмон ўртасида турганингда “Эй Аллоҳ!” деб нидо қилишдан бошқа чора топа олмайсан.

Туғёнга кетган, ҳаддидан ошган, нодонлик, мутакаббирлик, золимлик қилган Фиръавнни эсланг. Ҳатто унинг мутакаббирлиги шу даражага бориб етдики, “Мен сизларнинг олий Парвардигорингиздирман” (Нозиот, 24) деди. Денгиз тубига ғарқ бўлиши чоғида эса “Имон келтирдимки, Исроил авлоди имон келтирган Зотдан ўзга илоҳ йўқдир. Мен ҳам мусулмонларданман” (Юнус, 90) деди.

Саҳрода юрганингда, ташналик ичингни ёндирганда, ҳар томондан ўлим сенга қараб келаётганини кўрганингда, “Эй Аллоҳ!” деб нидо қилишдан бошқа чора тополмайсан.

Кетма-кет қурғоқчилик йиллари бўлиб, ёмғир узоқ муддат ёғмай қолганда, даҳшатли уруш қизигандан қизиб, ўлим билан юзма-юз келганда, бемор ўлимга яқинлашиб, шифокорлар даволашдан ожиз қолганда қайтиш Аллоҳ сари бўлади. Ўша ўринда мулҳид (инкор қилувчи) ўзининг инкорини, моддапараст ўзининг моддасини, коммунист ўзининг коммунистик ғояларини унутадида, барча “Эй Аллоҳ!” деб нидо қилади.

Табиб ортига қайтиб, оилада умидсизлик ҳукмрон бўлиб, ноумидлик бечора боланинг, йўлбарсдек шижоати жўшган аканинг, ота-онанинг, барча оила аъзоларининг қалбларини тўлдирди. Қўлларида ҳеч қандай чора қолмади. Барчалари музтар ҳолатига етишди. Қўлларини Аллоҳ таолога узатиб, Унинг Ўзидан шифо тилай бошладилар. Ундан шифо тилашдан ўзга чоралари қолмаган эди. Чунки, барча сабаблар иш бермаган эди. Дори ва тиббиётни сабаб қилиб шифо берадиган Аллоҳ дори ва тиббиётсиз ҳам шифо беришга қодирдир. Қўлларини кўтариб: “Эй Аллоҳ!” дея муҳтожларнинг, чораси қолмаганларнинг дуосини қила бошлашди. Аллоҳ таоло ноилож одам дуо қилган вақтида дуосини ижобат қилади, гарчи ўша одам фосиқ бўлса ҳам ёки кофир бўлса ҳам. Модомики ўша одам Аллоҳнинг Ўзига илтижо қилар экан, Унга суянар экан, Унинг эшиги олдида тўхтар экан, умидлари рўёбга чиқишини фақат Ундан сўрар экан, албатта, У ўша бандасининг дуосини ижобат қилади. Аммо кофирнинг охиратга оид дуоларини ижобат қилмайди. Чунки, у охиратга иймон келтирмагандир. Фақат бу дунёга оид дуоларини ижобат қилади.

Қурайш мушриклари юқоридаги ҳолатга тушиб қолганларида Аллоҳга ихлос билан дуо қилишган ва дуолари ижобат бўлиб, Аллоҳ уларни қуруқликка чиқарган.

Балки, махлуқларнинг энг ёмони бўлмиш Иблис  ҳам Аллоҳга ноилож кимсанинг дуосидек дуо қилиб “Эй, Раббим! У ҳолда менга (улар) қайта тириладиган кунгача (қиёматгача) муҳлат бергин!” деганда, Аллоҳ таоло унга “Бас, сен муҳлат берилганлардансан” деди (Ҳижр, 36, 37).

Қуръоннинг услубига диққат билан назар солсангиз, Аллоҳ таоло Қуръонда ноилож қолган одамнинг дуосини ижобат қилиши ҳақида хабар берган. Лекин мазкур оятларни мушрикларга қарши ҳужжат сифатида зикр қилган. У Зот марҳамат қилиб шундай дейди:

Ёки ноилож одам дуо қилган вақтида (дуосини) ижобат қиладиган ва (ундан) ёмонлик (мусибат)ни йўқ қиладиган ҳамдасизларни Ернинг ўринбосарлари қиладиган зот (яхши)ми?! Аллоҳ билан бирга (яна бирор) илоҳ борми?! (Насиҳатдан) камдан-кам эслатма олурсиз” (Намл, 62).

Эй ўқувчилар! Улар (юқоридаги оила) дуо қилишганда, болакайнинг оёғига назар солишди. Қарашса, оёқдаги шиш кичрая бошлади, кўкаргани эса кўринмай қолди. Оғриқ ҳам пасайди. Сўнг орадан икки кун ўтар-ўтмас болакай бутунлай соғайди. Табиб келиб, ҳолатни кўриб, кўзларига ишонолмасди.

Эҳтимол, сизлар бу қиссани хаёлий, ўзинг тўқиб, хаёлингга келганини ёзгансан деяётгандирсизлар? Агар сизларга ўша болакай кимлигини айтсам, унда нима дер экансизлар?

Бу болакай кейинчалик бутун дунёга машҳур, таниқли шахсга айланди. Ўша болакай мазкур қиссани ўз тили билан ҳикоя қилиб берган Эйзенхауэрдир. Иккинчи Жаҳон Уруши даврида иттифоқчи қўшинларнинг бош қўмондони, ундан кейин эса АҚШ президенти бўлган.

Ўзимда ҳам бир воқеа содир бўлган. Ўзим кўрган ва бошимдан кечирган воқеа. Атрофимдаги баъзи кишилар ҳам ўз бошларидан шунга ўхшаш воқеани кечиришган. 1957 йилда ёш, коммунист табиб йигитнинг хиёнати туфайли оғир дардга чалиндим. У менга бир бактерияни юқтирди. Уни ҳаворанг бацилла (Blue bacilli) дейишади. Бизнинг юртимизда жуда кам, ноёб ҳисобланади. Мени буйракдаги тошлардан шикоятим бор эди. Вақти-вақти билан бўладиган буйрак хуружларидан пайдо бўладиган оғриқларга чидардим. У оғриқнинг ҳажми қанақа бўлишини бошидан ўтказган билади.  У касалликнинг ёнига яна бир бошқа, ўзим кутмаган касаллик ҳам қўшилди.

Ўша кунларни Дамашқдаги Марказий Сиҳҳат бош шифохонасида ўтказдим. Ундан кейин Буйрак тиббиёт бирлашмасида ётдим. У ерда бир неча ўн ойлаб турдим. Кейин у ердан ҳам чиқдим. Кейин яна ўша шифохонага қайтдим.

Шифохонада ҳар куни икки мартадан сийдик анализ олишарди. Бавлни яхшилаб текширишарди. Иш чўзилиб, юрагим сиқилиб, Аллоҳга юзландим. У Зотдан икки роҳатдан бирини: агар мен учун шифо яхши бўлса, шифо беришини, агар мен учун ўлим яхши бўлса, ўлим беришини сўрардим. Қолаверса, мени яхши кўрадиган жуда кўплаб қариндошлар, дўстлар ҳам, гарчи ўзим бу муҳаббатга лойиқ, ҳақли бўлмасамда, мен учун дуо қилишарди. Ўша куни ниятимни холис қилиб, Унинг менга шифо беришга қодирлигига ишониб Аллоҳга юзланганимда, оғриқ тўхтади. Буйрак хуружлари узоқлашди. Бавлни эса ҳар кунгидек текширдилар. Қарашса, бавлдаги жуда кўплаб зарарли моддалар, касаллик белгилари камайибди. Шифокорлар ҳайратдан даҳшатга тушишди. Барчалари тўпланиб, баҳс қила бошладилар. Мен уларга: “Бу шифо тиббиётингиз ортидан келди деб ўйлаб ўзларингизни қийнаманглар. Бизларга шифо беришда тиббиётни, дорини сабаб қилган Аллоҳ тиббиёт ва дорисиз шифо беришга ҳам қодирдир” дедим.

Ҳижрий 1382 йил (мелодий 1961 йил)да Саудия Арабистонига келдим ва бир йил Риёзда турдим. Кейин Маккага келдим ва у ерда ҳозиргача (яъни шу мақолани ёзган пайтларини назарда тутяптилар – таржимон) турдим. Биз билан бирга Шомдан бир киши ҳам бор эди. Исмини айтмайман. У онаси билан Риёзда яшарди. Бир иш юзасидан Ливанга сафар қилишига тўғри келиб қолди. Онаси эса, ўзи қолгиси келмай, ўғлининг сафарга чиқишини ёқтирмади. Сафарга чиқадиган кун келганда, юкларини (яъни чемодан ва нарсаларини) олиб, аэропортга борди. Юкларини ширкатга топширди. Ўзи эса тонг вақтигача уйига қайтди. Онасидан бомдоддан олдин уйғотиб қўйишини илтимос қилди. Онаси эса уни уйғотиб қўймади.

Бир пайт ўзи уйғониб қараса, самолёт ҳавога кўтарилишига 45 дақиқа қолибди. Шошилиб ўрнидан турди-да, таксига ўтирди. Ҳайдовчига “Мени зудлик билан аэропортга элтиб қўйинг. Йўл ҳақини кўпайтириб бераман” деди. Аллоҳдан ўзини самолёт ҳавога кўтарилмасидан олдин унга етказишини сўради. Аэропортга етиб боргач, қараса, самолёт кўтарилишига хали яна 15 дақиқа вақт бор экан. Буфетга кириб, бир стулга ўтирди ва ухлаб қолди. Бироздан сўнг самолётга йўловчилар чиқарилаётгани ҳақида микрофонда эълон қилинди. У одам эса, ухлаб қолгани учун кўзини очмади, бу эълонни эшитмади.

Самолёт ҳавога кўтарилди. Мен у билан бирга эдим. У жуда ҳайрон эди. Аллоҳга ихлос билан дуо қилди, ноилож (музтар) одамнинг дуосидек дуо қилди. Аммо дуоси ижобат бўлдими ёки бўлмадими?

Мен ишни унга енгиллатишга уриниб: “Албатта, Аллоҳ ихлос билан чин қалбдан дуо қилувчининг дуосини ҳеч қачон рад этмайди. Лекин инсон гоҳида яхшилик сўраб дуо қилгани каби (гоҳо сиқилган пайтларида) ёмонлик сўраб ҳам дуо қилади. Аллоҳ таолонинг Ўзи ўша бандасига нима фойдали эканини унинг ўзидан ҳам яхшироқ билади” дедим.

Ушбу қиссанинг охири қандай якун топганини биласизларми? Эҳтимол, орангизда “Ўрта Шарқ” ширкатига қарашли самолётнинг қулаб тушгани, ундаги барча йўловчиларнинг ҳалок бўлганини эслайдиганлар бордир.

Бояги танишим чиқолмаганига афсус қилган самолёт айнан ўша – қулаган самолётдир!

Албатта, инсон гоҳида Аллоҳдан ўзига зарарли нарсани сўрайди. Лекин Аллоҳ таоло ўша бандасига унинг ўзидан ҳам меҳрибонроқдир. Агар ота кичкина боласини бозорга олиб борганда, боласи ўйинчоқни кўриб: “Шуни хоҳлайман” деса, ота ўша ўйинчоқни сотиб олади. Бола чиройли мевани кўриб, егиси келса, ота ўша мевани сотиб олади. Шоколад сўраса, шоколад олиб беради. Агар бола аптеканинг ёнидан ўтаётганда, қизил қоғозга ўраб қўйилган дорини кўриб, рангига қизиқиб, ўшани талаб қилса, ота ўша дорининг зарарли эканини била туриб, боласига олиб берадими? Демак, ота боласига нима фойдали эканини боласидан ҳам кўпроқ билгани учун унга ҳамма сўраган нарсаларини олиб беравермайди. Чунки, бола гоҳида ўзига фойдаси йўқ нарсани ҳам талаб қилиши мумкин. Аллоҳ таоло эса, уларнинг оталаридан, оналаридан ва уларга ўхшаганлардан кўра бандаларига Меҳрибонроқдир!     

Муаллиф: Али Тантовий раҳимаҳуллоҳ

Арабчадан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

* * *

Sizlarga amerikalik bir oilaning boshidan o‘tgan qissani aytib beraman. O‘sha oilada olti nafar farzand bor edi. Otalari baland bo‘yli, kelbatli, baquvvat, azmi qat’iy dehqon edi. Onalari oqila, tadbirkor, xushchaqchaq ayol edi. U farzandlarini sabr-matonat bilan tarbiya qildi. Bolalar ham baquvvat, yetuk, alpqomat bo‘lib yetishdilar.

Bir kuni kichik farzandlari ko‘chaga o‘ynash uchun chiqdi. O‘shanda uning yoshi o‘n uchda edi. Baland xarsangtosh ustidan sakrab, tizzasi bilan yerga yiqildi. Tizzasida juda qattiq og‘riq sezdi. Uning yoshidagi boshqa bola bo‘lganda bu og‘riqqa chidolmasdi. Lekin u chidadi, sabr qildi. Yiqilganini hech kimga aytmadi. Ertasi kuni maktabga o‘z oyoqlarida yurib bordi. Og‘riq esa kuchaygandan kuchaydi. Og‘riq kuchaygani sari uning sabri ham ziyodalashib borardi.

Shu alfozda oradan ikki kun o‘tdi. Oyog‘ida shish va ko‘karish paydo bo‘ldi. Hatto bir qadam ham bosolmay qoldi. Buni ko‘rgan sho‘rlik ona iztirobga tushdi. Ota ham toqatsizlana boshladi. Ota-ona o‘g‘lidan nima bo‘lganini so‘rashdi. Bolakay ularga bo‘lgan voqeani aytib berdi. Uni darhol yotqizib, tabibni olib kelishdi. Tabib bolani obdon ko‘zdan kechirib, muolaja qilishga vaqt qolmaganini, biroz kech bo‘lganini, agar oyoq zudlik bilan kesilmasa, bola bechora qoni zaharlanishidan vafot etishini angladi.

Bolaning otasini bir chetga tortib, unga sekingina holatni tushuntirdi. Bolaning o‘zi buni bilmasligi kerakligidan ogohlantirdi. Lekin bola buni eshitib bo‘lgan edi. Oyog‘i kesilishini bilgan bolakay: “Yo‘q, yo‘q! Oyog‘imni kesmanglar, oyog‘imni kesmanglar! Otajon, meni qutqaring!” deb bor ovozi bilan qichqirdi. O‘rnidan turib, bir oyog‘i bilan sakrab-sakrab qochmoqchi bo‘ldi. Otasi darhol ushlab olib, yana to‘shakka yotqizdi. Keyin onasiga qarab, qalblarni parchalaydigan ovoz bilan: “Onajon! Onajonim! Meni qutqaring! Onajonim! Menga yordam bering! Oyog‘imni kesmasinlar!” deb yolvordi. Bechora onaizor bolasining bu so‘zlarini eshitib, nima qilishini bilolmay dong qotib turaverdi. Go‘yoki jigarining parchalanayotganini his qildi. Qalbi esa uni o‘g‘liga yordam berishga undardi. Bolasiga bo‘lgan mehri, shafqati ichini to‘ldirib yubordi. Aqli esa uni bu hislardan man etib, bolasining hayotini oyog‘i evaziga bo‘lsa ham saqlab qolishga undardi. Nima qilishga hayron edi. Qalbining chorloviga “Labbay” desinmi yoki aqlining nasihatigami?  Qalbi iztirobdan ezilgan, ko‘zi alamdan yoshlangancha bolasiga termulib turardi. Bola esa onasiga, xuddi suvga cho‘kayotgan kimsa sohilda turgan kimsaga qaragandek, hozir shu meni qutqaradi degandek, qarab turardi.

Onasining qutqarishga harakat qilmay, jim turganini ko‘rgan bolaning undan ham umidi uzildi. Biroz avvalroq otasidan ham umidi uzilgan edi. Bola yig‘i aralash, bor ovozi bilan akasi Edgarni chaqira boshladi. “Edgar! Edgar! Qaerdasan? Tezroq kel! Meni qutqar! Ular mening oyog‘imni kesishmoqchi. Edgar! Edgar!”  Edgar ukasining baqirayotganini eshitib, shoshib yetib keldi. Uyga kirib, qomatini rostladi, ko‘ksini kerdi, ukasining ro‘parasiga to‘siq bo‘lib turib oldi. Ko‘zida esa yengilmas azmu shijoatning uchqunlari chaqnar edi. Hech kimni ukasining yoniga yaqinlashtirmasligini e’lon qildi. Unga otasi gapirib ko‘rdi, onasi nasihat qilib ko‘rdi, foydasi bo‘lmadi. U esa borgan sari vajohatga to‘lar, ukasini qo‘riqlashga yanada jiddiyroq urinardi. Uka bechora bo‘lsa, pahlavon akaning ortiga berkinar, uni mahkam ushlab olgandi. Ukasining bunday qilgani akaning shijoati yanada to‘lib-toshishiga turtki bo‘lardi. Ota o‘g‘lini chetga surishga urinib ko‘rdi. O‘g‘il esa otasiga ham, yordamga kelgan tabibga ham tashlanib, ukasini himoya qildi. Katta o‘g‘lining yo‘lbarsday tashlanib, botirlik ko‘rsatgani uchun ota ham, ona ham, tabib ham umidsizlikka tushishdi.

Inson agar umidsizlikka tushsa, ajoyib ishlarni qiladi.

Tovuqqa nazar solmaysizlarmi? Agar biror kishi jo‘jasiga hujum qilsa, patlarini xo‘rpaytirib, polaponining himoyasi uchun qanday shijoat ko‘rsatishiga ko‘p guvoh bo‘lganmiz.

Mushukka nazar solmaysizlarmi? Agar uni biror joyga qisib, qiynamoqchi bo‘lsangiz, tishlarini g‘ijirlatib, o‘tkir tirnoqlarini, panjalarini ko‘rsatib, o‘zini himoya qiladi.

O‘zini himoya qilish uchun tovuq yirtqich lochinga, mushuk vahshiy bo‘riga aylanadi.

Edgar ham ukasini himoyasida baquvvat insonga, matonatli qo‘riqchiga aylandi. Devor joyidan siljishi mumkin, lekin u turgan joyidan hech qayoqqa siljimadi. Oila a’zolari “Balki, charchab, holdan toyib, ukasining yonidan uzoqlashar” degan umid bilan uni o‘z holiga qo‘yishdi. Lekin u joyidan jilmadi. Ikki kun mobaynida xonaning ostonasida turib, ukasini qo‘riqlab chiqdi. Shu ikki kun davomida ota-onasi olib kelgan bir-ikki luqma taomdan boshqa hech narsa yemadi, bir necha daqiqa uxladi, xolos. Tabib esa, har kuni kelardi, akaning xaliyam eshik oldida turganini ko‘rib, yana ortiga qaytardi. Bola bechoraning oyog‘i esa borgan sari shishib, ko‘karardi. Tabib bu holatni ko‘rgach, qo‘lini siltab, jarrohlik amaliyotidan ham foyda yo‘qligini, bola tez orada vafot etishini aytib, ortiga qaytdi. Ota-ona, aka-ukalar, barchalari yuz berishi muqarrar xatarning oldida hech narsa qilolmay jim turdilar.

Xo‘sh, inson bu kabi xatar vaqtida nima qiladi? Qanday yo‘l tutadi?     

Albatta, har bir inson, u mo‘min bo‘lsin yoki kofir bo‘lsin, xatar vaqtida Allohga qaytadi. Chunki, iymon har bir nafsda o‘rnashgan bo‘ladi, hatto kofirlarda ham. Shuning uchun ham uni “kofir” deyiladi. Kofir so‘zi arablarning lug‘atida “Yashiruvchi, berkituvchi” degan ma’noni bildiradi. Chunki, u iymonini berkitadi, o‘rab, yashiradi. U o‘zicha iymonini nafsidan ketdi deb o‘ylaydi. Agar hayotda qalbini titratib, esini dovdiratib qo‘yadigan biror voqea sodir bo‘lsa, o‘sha parda olinib, iymon zohir bo‘ladi.

  Makkadagi hubal, lot, uzzo kabi butlarga sig‘inadigan Quraysh qabilasi mazkur butlarga faqat tinchlik, omonlik vaqtlaridagina sig‘inishardi. Agar vaziyat jiddiy tus olsa, qurayshliklar kemaga minishganda dengiz mavjlanib, tog‘dek keladigan to‘lqinlar har tomondan o‘rab olib, kemalari mavjlar qo‘ynida, xuddi shamol esganda hilpiragan patdek bo‘lib qolib, xatar yuzaga chiqib, qo‘rquv barchalarini qamrab olgan chog‘da nafsning tublarida yashirinib yotgan iymon ko‘rinar, natijada, lot, uzzo va yana bir qancha masxara qilib sig‘iniladigan yog‘och-toshlarga emas, balki, Yer va osmonlarning Robbi Allohga duo qilishardi.

Kema suv tubiga g‘arq bo‘lib, bitta o‘zing yog‘och eshik ustida, suv bilan osmon o‘rtasida turganingda “Ey Alloh!” deb nido qilishdan boshqa chora topa olmaysan.

Tug‘yonga ketgan, haddidan oshgan, nodonlik, mutakabbirlik, zolimlik qilgan Fir’avnni eslang. Hatto uning mutakabbirligi shu darajaga borib yetdiki, “Men sizlarning oliy Parvardigoringizdirman” (Noziot, 24) dedi. Dengiz tubiga g‘arq bo‘lishi chog‘ida esa “Imon keltirdimki, Isroil avlodi imon keltirgan Zotdan o‘zga iloh yo‘qdir. Men ham musulmonlardanman” (Yunus, 90) dedi.

Sahroda yurganingda, tashnalik ichingni yondirganda, har tomondan o‘lim senga qarab kelayotganini ko‘rganingda, “Ey Alloh!” deb nido qilishdan boshqa chora topolmaysan.

Ketma-ket qurg‘oqchilik yillari bo‘lib, yomg‘ir uzoq muddat yog‘may qolganda, dahshatli urush qizigandan qizib, o‘lim bilan yuzma-yuz kelganda, bemor o‘limga yaqinlashib, shifokorlar davolashdan ojiz qolganda qaytish Alloh sari bo‘ladi. O‘sha o‘rinda mulhid (inkor qiluvchi) o‘zining inkorini, moddaparast o‘zining moddasini, kommunist o‘zining kommunistik g‘oyalarini unutadida, barcha “Ey Alloh!” deb nido qiladi.

Tabib ortiga qaytib, oilada umidsizlik hukmron bo‘lib, noumidlik bechora bolaning, yo‘lbarsdek shijoati jo‘shgan akaning, ota-onaning, barcha oila a’zolarining qalblarini to‘ldirdi. Qo‘llarida hech qanday chora qolmadi. Barchalari muztar holatiga yetishdi. Qo‘llarini Alloh taologa uzatib, Uning O‘zidan shifo tilay boshladilar. Undan shifo tilashdan o‘zga choralari qolmagan edi. Chunki, barcha sabablar ish bermagan edi. Dori va tibbiyotni sabab qilib shifo beradigan Alloh dori va tibbiyotsiz ham shifo berishga qodirdir. Qo‘llarini ko‘tarib: “Ey Alloh!” deya muhtojlarning, chorasi qolmaganlarning duosini qila boshlashdi. Alloh taolo noiloj odam duo qilgan vaqtida duosini ijobat qiladi, garchi o‘sha odam fosiq bo‘lsa ham yoki kofir bo‘lsa ham. Modomiki o‘sha odam Allohning O‘ziga iltijo qilar ekan, Unga suyanar ekan, Uning eshigi oldida to‘xtar ekan, umidlari ro‘yobga chiqishini faqat Undan so‘rar ekan, albatta, U o‘sha bandasining duosini ijobat qiladi. Ammo kofirning oxiratga oid duolarini ijobat qilmaydi. Chunki, u oxiratga iymon keltirmagandir. Faqat bu dunyoga oid duolarini ijobat qiladi.

Quraysh mushriklari yuqoridagi holatga tushib qolganlarida Allohga ixlos bilan duo qilishgan va duolari ijobat bo‘lib, Alloh ularni quruqlikka chiqargan.

Balki, maxluqlarning eng yomoni bo‘lmish Iblis  ham Allohga noiloj kimsaning duosidek duo qilib “Ey, Rabbim! U holda menga (ular) qayta tiriladigan kungacha (qiyomatgacha) muhlat bergin!” deganda, Alloh taolo unga “Bas, sen muhlat berilganlardansan” dedi (Hijr, 36, 37).

Qur’onning uslubiga diqqat bilan nazar solsangiz, Alloh taolo Qur’onda noiloj qolgan odamning duosini ijobat qilishi haqida xabar bergan. Lekin mazkur oyatlarni mushriklarga qarshi hujjat sifatida zikr qilgan. U Zot marhamat qilib shunday deydi:

Yoki noiloj odam duo qilgan vaqtida (duosini) ijobat qiladigan va (undan) yomonlik (musibat)ni yo‘q qiladigan hamdasizlarni Yerning o‘rinbosarlari qiladigan zot (yaxshi)mi?! Alloh bilan birga (yana biror) iloh bormi?! (Nasihatdan) kamdan-kam eslatma olursiz” (Naml, 62).

Ey o‘quvchilar! Ular (yuqoridagi oila) duo qilishganda, bolakayning oyog‘iga nazar solishdi. Qarashsa, oyoqdagi shish kichraya boshladi, ko‘kargani esa ko‘rinmay qoldi. Og‘riq ham pasaydi. So‘ng oradan ikki kun o‘tar-o‘tmas bolakay butunlay sog‘aydi. Tabib kelib, holatni ko‘rib, ko‘zlariga ishonolmasdi.

Ehtimol, sizlar bu qissani xayoliy, o‘zing to‘qib, xayolingga kelganini yozgansan deyayotgandirsizlar? Agar sizlarga o‘sha bolakay kimligini aytsam, unda nima der ekansizlar?

Bu bolakay keyinchalik butun dunyoga mashhur, taniqli shaxsga aylandi. O‘sha bolakay mazkur qissani o‘z tili bilan hikoya qilib bergan Eyzenxauerdir. Ikkinchi Jahon Urushi davrida ittifoqchi qo‘shinlarning bosh qo‘mondoni, undan keyin esa AQSh prezidenti bo‘lgan.

O‘zimda ham bir voqea sodir bo‘lgan. O‘zim ko‘rgan va boshimdan kechirgan voqea. Atrofimdagi ba’zi kishilar ham o‘z boshlaridan shunga o‘xshash voqeani kechirishgan. 1957 yilda yosh, kommunist tabib yigitning xiyonati tufayli og‘ir dardga chalindim. U menga bir bakteriyani yuqtirdi. Uni havorang batsilla (Blue bacilli) deyishadi. Bizning yurtimizda juda kam, noyob hisoblanadi. Meni buyrakdagi toshlardan shikoyatim bor edi. Vaqti-vaqti bilan bo‘ladigan buyrak xurujlaridan paydo bo‘ladigan og‘riqlarga chidardim. U og‘riqning hajmi qanaqa bo‘lishini boshidan o‘tkazgan biladi.  U kasallikning yoniga yana bir boshqa, o‘zim kutmagan kasallik ham qo‘shildi.

O‘sha kunlarni Damashqdagi Markaziy Sihhat bosh shifoxonasida o‘tkazdim. Undan keyin Buyrak tibbiyot birlashmasida yotdim. U yerda bir necha o‘n oylab turdim. Keyin u yerdan ham chiqdim. Keyin yana o‘sha shifoxonaga qaytdim.

Shifoxonada har kuni ikki martadan siydik analiz olishardi. Bavlni yaxshilab tekshirishardi. Ish cho‘zilib, yuragim siqilib, Allohga yuzlandim. U Zotdan ikki rohatdan birini: agar men uchun shifo yaxshi bo‘lsa, shifo berishini, agar men uchun o‘lim yaxshi bo‘lsa, o‘lim berishini so‘rardim. Qolaversa, meni yaxshi ko‘radigan juda ko‘plab qarindoshlar, do‘stlar ham, garchi o‘zim bu muhabbatga loyiq, haqli bo‘lmasamda, men uchun duo qilishardi. O‘sha kuni niyatimni xolis qilib, Uning menga shifo berishga qodirligiga ishonib Allohga yuzlanganimda, og‘riq to‘xtadi. Buyrak xurujlari uzoqlashdi. Bavlni esa har kungidek tekshirdilar. Qarashsa, bavldagi juda ko‘plab zararli moddalar, kasallik belgilari kamayibdi. Shifokorlar hayratdan dahshatga tushishdi. Barchalari to‘planib, bahs qila boshladilar. Men ularga: “Bu shifo tibbiyotingiz ortidan keldi deb o‘ylab o‘zlaringizni qiynamanglar. Bizlarga shifo berishda tibbiyotni, dorini sabab qilgan Alloh tibbiyot va dorisiz shifo berishga ham qodirdir” dedim.

Hijriy 1382 yil (melodiy 1961 yil)da Saudiya Arabistoniga keldim va bir yil Riyozda turdim. Keyin Makkaga keldim va u yerda hozirgacha (ya’ni shu maqolani yozgan paytlarini nazarda tutyaptilar – tarjimon) turdim. Biz bilan birga Shomdan bir kishi ham bor edi. Ismini aytmayman. U onasi bilan Riyozda yashardi. Bir ish yuzasidan Livanga safar qilishiga to‘g‘ri kelib qoldi. Onasi esa, o‘zi qolgisi kelmay, o‘g‘lining safarga chiqishini yoqtirmadi. Safarga chiqadigan kun kelganda, yuklarini (ya’ni chemodan va narsalarini) olib, aeroportga bordi. Yuklarini shirkatga topshirdi. O‘zi esa tong vaqtigacha uyiga qaytdi. Onasidan bomdoddan oldin uyg‘otib qo‘yishini iltimos qildi. Onasi esa uni uyg‘otib qo‘ymadi.

Bir payt o‘zi uyg‘onib qarasa, samolyot havoga ko‘tarilishiga 45 daqiqa qolibdi. Shoshilib o‘rnidan turdi-da, taksiga o‘tirdi. Haydovchiga “Meni zudlik bilan aeroportga eltib qo‘ying. Yo‘l haqini ko‘paytirib beraman” dedi. Allohdan o‘zini samolyot havoga ko‘tarilmasidan oldin unga yetkazishini so‘radi. Aeroportga yetib borgach, qarasa, samolyot ko‘tarilishiga xali yana 15 daqiqa vaqt bor ekan. Bufetga kirib, bir stulga o‘tirdi va uxlab qoldi. Birozdan so‘ng samolyotga yo‘lovchilar chiqarilayotgani haqida mikrofonda e’lon qilindi. U odam esa, uxlab qolgani uchun ko‘zini ochmadi, bu e’lonni eshitmadi.

Samolyot havoga ko‘tarildi. Men u bilan birga edim. U juda hayron edi. Allohga ixlos bilan duo qildi, noiloj (muztar) odamning duosidek duo qildi. Ammo duosi ijobat bo‘ldimi yoki bo‘lmadimi?

Men ishni unga yengillatishga urinib: “Albatta, Alloh ixlos bilan chin qalbdan duo qiluvchining duosini hech qachon rad etmaydi. Lekin inson gohida yaxshilik so‘rab duo qilgani kabi (goho siqilgan paytlarida) yomonlik so‘rab ham duo qiladi. Alloh taoloning O‘zi o‘sha bandasiga nima foydali ekanini uning o‘zidan ham yaxshiroq biladi” dedim.

Ushbu qissaning oxiri qanday yakun topganini bilasizlarmi? Ehtimol, orangizda “O‘rta Sharq” shirkatiga qarashli samolyotning qulab tushgani, undagi barcha yo‘lovchilarning halok bo‘lganini eslaydiganlar bordir.

Boyagi tanishim chiqolmaganiga afsus qilgan samolyot aynan o‘sha – qulagan samolyotdir!

Albatta, inson gohida Allohdan o‘ziga zararli narsani so‘raydi. Lekin Alloh taolo o‘sha bandasiga uning o‘zidan ham mehribonroqdir. Agar ota kichkina bolasini bozorga olib borganda, bolasi o‘yinchoqni ko‘rib: “Shuni xohlayman” desa, ota o‘sha o‘yinchoqni sotib oladi. Bola chiroyli mevani ko‘rib, yegisi kelsa, ota o‘sha mevani sotib oladi. Shokolad so‘rasa, shokolad olib beradi. Agar bola aptekaning yonidan o‘tayotganda, qizil qog‘ozga o‘rab qo‘yilgan dorini ko‘rib, rangiga qiziqib, o‘shani talab qilsa, ota o‘sha dorining zararli ekanini bila turib, bolasiga olib beradimi? Demak, ota bolasiga nima foydali ekanini bolasidan ham ko‘proq bilgani uchun unga hamma so‘ragan narsalarini olib beravermaydi. Chunki, bola gohida o‘ziga foydasi yo‘q narsani ham talab qilishi mumkin. Alloh taolo esa, ularning otalaridan, onalaridan va ularga o‘xshaganlardan ko‘ra bandalariga Mehribonroqdir!     

Muallif: Ali Tantoviy rahimahulloh

Arabchadan Nozimjon Hoshimjon tarjimasi