Саккиз масала ёки энг яхши маҳбуб

Рукн: Ибрат Чоп этилган: 10.11.2015

Шақиқ Балхий (р.а.) талабаси Ҳотамул Асомдан сўрадилар: «Қанчадан бери менинг ҳузуримдасан?»

Ҳотам: «Ўттиз уч йилдан бери», дедилар.

У зот: «Шу муддат ичида мендан нима ўргандинг?» деб сўрадилар.

Ҳотам: «Саккиз масалани», деб жавоб бердилар.

Шунда Шақиқ: «Инналиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун. Умрим сен билан ўтган бўлса-ю, сен фақат саккизтагина масалани ўргандингми?» дедилар.

Ҳотам айтдилар: «Эй устоз! Ёлғон гапришни ёқтирмайман. Ҳақиқатда бошқа ҳеч нарсани ўрганмадим».

Устози: «Майли, ўша саккиз масалани айт, эшитайлик», дедилар.

Ҳотам сўзлай бошладилар: «Одамларга қарадим. Кўрдимки, уларнинг ҳар бирининг бир маҳбуби бор, ўша маҳбуби билан қабргача бирга бўлади. Қабрга етганда эса, ундан ажраб қолади. Шунинг учун мен ҳасанотни (савобли ишларни) ўзимга маҳбуб қилдимки, қачон қабрга кирсам, маҳбубим ҳам мен билан бирга кирсин».

Шақиқ: «Жуда чиройли сўзладинг, эй Ҳотам! Иккинчиси нима?» дедилар.

Ҳотам айтдилар: «Аллоҳ таолонинг:
«Энди ким (ҳаёти-дунёдалик пайтида Қиёмат куни маҳшаргоҳда) Парвардигорининг (ҳузурида) туриши ( ва У зотга ҳисоб-китоб бериши)дан қўрққан ва нафсини ҳавойи ҳоҳишлардан қайтарган бўлса, у ҳолда фақат жаннатгина (унинг учун) жой бўлур» (Нозиот сураси, 40–41-оятлар), деган сўзига қарадим. Билдимки, Аллоҳ таолонинг сўзи ҳақдир. Шунинг учун нафсимни ҳаволанишдан қайтаришга жиддий ҳаракат қилдим. Токи, нафсим Аллоҳ таолонинг тоатида мустаҳкам бўлди. Учинчи, яна шу одамларга боқдим ва кўрдимки ҳамманинг ҳузурида қийматга эга бўлган бирор нарса бор ва уни кўтариб, сақлаб юради.

Кейин Аллоҳ таолонинг:
«Сизларнинг ҳузурларингиздаги нарсалар тугаб кетур. Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсалар боқийдир» (Наҳл сураси, 96-оят), деган сўзига қарадим. Қачон бирор қийматга эга нарсани қўлга киритсам, Аллоҳнинг ҳузурига юбордим, токи у ерда сақланиб боқий қолсин. Сўнгра яна шу одамларга қарадим. Кўрдимки, уларнинг ҳар бири мол-дунёга, мансабга, шон-шарафга ва насабга ружуъ қўйган. Буларнинг барчасини ўйлаб кўрсам, қийматсиз нарсалар экан.

Кейин Аллоҳ таолонинг:
«Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир» (Ҳужурот сураси, 13-оят), деган сўзига қарадим. Шунинг учун Аллоҳнинг ҳузурида ҳурматли бўлай деб,  тақвога мувофиқ амал қилдим. Сўнг яна шу одамларга қарадим. Улар бир-бирларига таъна қиладилар, лаънатлайдилар. Буларнинг барчасининг асоси  ҳасаддир.

Кейин Аллоҳ таолонинг:
«Уларнинг дунё ҳаётидаги маишат-тирикчиликларини ҳам уларнинг ўрталарида Биз ўзимиз тақсимлаганмиз» (Зухруф сураси, 32-оят), деган сўзига боқдим. Натижада ҳасадни тарк қилдим ва халқдан ўзимни сақладим ҳамда билдимки, бу тақсимот Аллоҳ таолонинг ҳузуридандир. Шундай қилиб, халқнинг адоватини ҳам тарк қилдим. Сўнг яна шу одамларга боқдим, уларнинг бир-бирларига тажовуз қилаётганини, урушиб-жанжаллашаётганини кўрдим.

Шунда Аллоҳ таолонинг:
«Албатта, шайтон сизларга душмандир, бас, уни душман тутинглар» (Фотир сураси, 6-оят), деган сўзига қарадим. Натижада унгагина душманлик қилдим ва ундан эҳтиёт чораларини кўришга тиришдим. Чунки унинг менга душман экани ҳақида Аллоҳ таоло гувоҳлик берди. Шунинг учун шайтондан бошқаларга адоватни тарк қилдим. Сўнг яна шу одамларга қарадим. Кўрдимки, уларнинг ҳар бири бир парча ризқни қидириб, унинг йўлида ўзини хор қилмоқда ва ҳалол бўлмаган йўлларга кирмоқда.

Шунда Аллоҳ таолонинг:
«Ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир» (Ҳуд сураси, 6-оят), деган сўзига боқдим ва ўзимни ризқи Аллоҳнинг зиммасида бўлган жонзотлардан бири деб билдим. Шунинг учун зиммамдаги Аллоҳнинг ҳаққини адо этиш билан машғул бўлдим ва Унинг ҳузуридаги ўзимга тегишли бўлган нарсани (ризқни Унга ҳавола қилиб) тарк этдим. Ва ниҳоят, яна шу одамларга қарадим. Кўрдимки, уларнинг барчаси қайсидир махлуққа суянади. Кимдир даласига, кимдир тижоратига, кимдир санъатига, яна кимдир баданининг соғлигига, ҳамма ўзи каби бир махлуққа таянмоқда.

Шунда Аллоҳ таолонинг:
«Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга етарлидир» (Талоқ сураси, 3-оят), деган сўзини ўйладим ва менга кифоя қилувчи бўлган Аллоҳ таолога таваккул қилдим».

Шунда Шақиқ (р.а.) дедилар: «Эй Ҳотам, Аллоҳ таоло сени муваффақ қилсин. Мен Таврот, Инжил, Забур ва Қуръони карим илмларига боқдим. Яхшилик ва диёнатнинг барча турлари мана шу саккиз масала атрофида айланишини топдим. Ким буларга амал қилса, тўрт китобга амал қилган бўлади».

Имом Ғаззолийнинг “Иҳёу улумид-дин” китобидан

* * *

Shaqiq Balxiy (r.a.) talabasi Hotamul Asomdan so‘radilar: «Qanchadan beri mening huzurimdasan?»

Hotam: «O‘ttiz uch yildan beri», dedilar.

U zot: «Shu muddat ichida mendan nima o‘rganding?» deb so‘radilar.

Hotam: «Sakkiz masalani», deb javob berdilar.

Shunda Shaqiq: «Innalillahi va inna ilayhi roji’un. Umrim sen bilan o‘tgan bo‘lsa-yu, sen faqat sakkiztagina masalani o‘rgandingmi?» dedilar.

Hotam aytdilar: «Ey ustoz! Yolg‘on gaprishni yoqtirmayman. Haqiqatda boshqa hech narsani o‘rganmadim».

Ustozi: «Mayli, o‘sha sakkiz masalani ayt, eshitaylik», dedilar.

Hotam so‘zlay boshladilar: «Odamlarga qaradim. Ko‘rdimki, ularning har birining bir mahbubi bor, o‘sha mahbubi bilan qabrgacha birga bo‘ladi. Qabrga yetganda esa, undan ajrab qoladi. Shuning uchun men hasanotni (savobli ishlarni) o‘zimga mahbub qildimki, qachon qabrga kirsam, mahbubim ham men bilan birga kirsin».

Shaqiq: «Juda chiroyli so‘zlading, ey Hotam! Ikkinchisi nima?» dedilar.

Hotam aytdilar: «Alloh taoloning:
«Endi kim (hayoti-dunyodalik paytida Qiyomat kuni mahshargohda) Parvardigorining (huzurida) turishi ( va U zotga hisob-kitob berishi)dan qo‘rqqan va nafsini havoyi hohishlardan qaytargan bo‘lsa, u holda faqat jannatgina (uning uchun) joy bo‘lur» (Noziot surasi, 40–41-oyatlar), degan so‘ziga qaradim. Bildimki, Alloh taoloning so‘zi haqdir. Shuning uchun nafsimni havolanishdan qaytarishga jiddiy harakat qildim. Toki, nafsim Alloh taoloning toatida mustahkam bo‘ldi. Uchinchi, yana shu odamlarga boqdim va ko‘rdimki hammaning huzurida qiymatga ega bo‘lgan biror narsa bor va uni ko‘tarib, saqlab yuradi.

Keyin Alloh taoloning:
«Sizlarning huzurlaringizdagi narsalar tugab ketur. Allohning huzuridagi narsalar boqiydir» (Nahl surasi, 96-oyat), degan so‘ziga qaradim. Qachon biror qiymatga ega narsani qo‘lga kiritsam, Allohning huzuriga yubordim, toki u yerda saqlanib boqiy qolsin. So‘ngra yana shu odamlarga qaradim. Ko‘rdimki, ularning har biri mol-dunyoga, mansabga, shon-sharafga va nasabga ruju’ qo‘ygan. Bularning barchasini o‘ylab ko‘rsam, qiymatsiz narsalar ekan.

Keyin Alloh taoloning:
«Albatta, sizlarning Alloh nazdidagi eng hurmatlirog‘ingiz taqvodorrog‘ingizdir» (Hujurot surasi, 13-oyat), degan so‘ziga qaradim. Shuning uchun Allohning huzurida hurmatli bo‘lay deb,  taqvoga muvofiq amal qildim. So‘ng yana shu odamlarga qaradim. Ular bir-birlariga ta’na qiladilar, la’natlaydilar. Bularning barchasining asosi  hasaddir.

Keyin Alloh taoloning:
«Ularning dunyo hayotidagi maishat-tirikchiliklarini ham ularning o‘rtalarida Biz o‘zimiz taqsimlaganmiz» (Zuxruf surasi, 32-oyat), degan so‘ziga boqdim. Natijada hasadni tark qildim va xalqdan o‘zimni saqladim hamda bildimki, bu taqsimot Alloh taoloning huzuridandir. Shunday qilib, xalqning adovatini ham tark qildim. So‘ng yana shu odamlarga boqdim, ularning bir-birlariga tajovuz qilayotganini, urushib-janjallashayotganini ko‘rdim.

Shunda Alloh taoloning:
«Albatta, shayton sizlarga dushmandir, bas, uni dushman tutinglar» (Fotir surasi, 6-oyat), degan so‘ziga qaradim. Natijada ungagina dushmanlik qildim va undan ehtiyot choralarini ko‘rishga tirishdim. Chunki uning menga dushman ekani haqida Alloh taolo guvohlik berdi. Shuning uchun shaytondan boshqalarga adovatni tark qildim. So‘ng yana shu odamlarga qaradim. Ko‘rdimki, ularning har biri bir parcha rizqni qidirib, uning yo‘lida o‘zini xor qilmoqda va halol bo‘lmagan yo‘llarga kirmoqda.

Shunda Alloh taoloning:
«O‘rmalagan narsa borki, barchasining rizqi Allohning zimmasidadir» (Hud surasi, 6-oyat), degan so‘ziga boqdim va o‘zimni rizqi Allohning zimmasida bo‘lgan jonzotlardan biri deb bildim. Shuning uchun zimmamdagi Allohning haqqini ado etish bilan mashg‘ul bo‘ldim va Uning huzuridagi o‘zimga tegishli bo‘lgan narsani (rizqni Unga havola qilib) tark etdim. Va nihoyat, yana shu odamlarga qaradim. Ko‘rdimki, ularning barchasi qaysidir maxluqqa suyanadi. Kimdir dalasiga, kimdir tijoratiga, kimdir san’atiga, yana kimdir badanining sog‘ligiga, hamma o‘zi kabi bir maxluqqa tayanmoqda.

Shunda Alloh taoloning:
«Kim Allohga tavakkul qilsa, bas, (Allohning) O‘zi unga yetarlidir» (Taloq surasi, 3-oyat), degan so‘zini o‘yladim va menga kifoya qiluvchi bo‘lgan Alloh taologa tavakkul qildim».

Shunda Shaqiq (r.a.) dedilar: «Ey Hotam, Alloh taolo seni muvaffaq qilsin. Men Tavrot, Injil, Zabur va Qur’oni karim ilmlariga boqdim. Yaxshilik va diyonatning barcha turlari mana shu sakkiz masala atrofida aylanishini topdim. Kim bularga amal qilsa, to‘rt kitobga amal qilgan bo‘ladi».

Imom G‘azzoliyning “Ihyou ulumid-din” kitobidan