“Илминг нурини гуноҳлар зулмати билан ўчириб қўйма”

Рукн: Ибрат Чоп этилган: 28.12.2015

Молик ибн Динор (р.а.) айтадилар: «Баъзи аввалги китобларда ўқиганманки, унда Аллоҳ таоло: «Олим киши  дунёга муҳаббат қўйса, унга бериладиган жазонинг энг енгили шуки, қалбидан муножотимнинг ҳаловатини чиқариб юбораман», деган».

Бир киши биродарига шундай мактуб ёзган экан: «Сенга илм берилган экан, илмингнинг нурини гуноҳлар зулмати билан ўчириб қўйма, унда илм аҳллари илмининг нури билан юрадиган қиёмат кунида зулматда қолиб кетасан».

Яҳё ибн Муоз Розий (р.а.) дунёпараст олимларга шундай дер эдилар: «Эй илм соҳиблари! Қасрларингиз Қайсарники каби, уйларингиз Кисроники каби, либосларингиз Тоҳирники каби, оёқ кийимларингиз Жомутники каби, уловингиз Қорунники каби, уй жиҳозларингиз Фиръавнники каби бўлса, гуноҳларингиз жоҳилиятдаги кабидир ва йўлингиз шайтоний йўлдир. Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шариатларига йўл бўлсин!»

Орифларнинг биридан: «Сизнинг-ча, гуноҳлар кўзини қувнатадиган киши Аллоҳни таний оладими?!» деб сўрашганида, шундай жавоб берган экан: «Дунёни охиратдан устун қўйган киши Аллоҳни таний олмаслиги шубҳасиздир. Ҳолбуки, унинг  гуноҳи ундан (сиз сўраётган одамникидан) анчайин енгилдир».

Мол-дунёни тарк қилиш охират олимлари сафига қўшилиш учун кифоя қилади, деб ўйлама. Чунки обрў – мақом мол-дунёдан кўра зарарлироқдир. Шунинг учун Бишр ибн Ҳорис (р.а.) шундай деганлар: «Ҳаддасана» (бизга айтиб беришди) деган сўз мол-дунё эшикларидан биридир. Бир кишининг қачон «ҳаддасана» деганини эшитсангиз, у «менга йўл беринглар» деган бўлади».

Ана шу Бишр ибн Ҳорис (р.а.) ўндан ортиқ саватларга жойланган китобларни ерга кўмиб қўйган эдилар, айтардиларки: «Мен ҳадис айтишни хоҳлайман. Агар мендаги ҳадис айтишга бўлган иштиёқ йўқолса, албатта, айтаман».

У зот ҳам, бошқалар ҳам айтганларки: «Қачон гапиришни хоҳласанг, сукут қил. Қачон хоҳламасанг, шунда гапир».

Имом Ғаззолийнинг “Иҳёу улумид-дин” китобидан

* * *

Molik ibn Dinor (r.a.) aytadilar: «Ba’zi avvalgi kitoblarda o‘qiganmanki, unda Alloh taolo: «Olim kishi  dunyoga muhabbat qo‘ysa, unga beriladigan jazoning eng yengili shuki, qalbidan munojotimning halovatini chiqarib yuboraman», degan».

Bir kishi birodariga shunday maktub yozgan ekan: «Senga ilm berilgan ekan, ilmingning nurini gunohlar zulmati bilan o‘chirib qo‘yma, unda ilm ahllari ilmining nuri bilan yuradigan qiyomat kunida zulmatda qolib ketasan».

Yahyo ibn Muoz Roziy (r.a.) dunyoparast olimlarga shunday der edilar: «Ey ilm sohiblari! Qasrlaringiz Qaysarniki kabi, uylaringiz Kisroniki kabi, liboslaringiz Tohirniki kabi, oyoq kiyimlaringiz Jomutniki kabi, ulovingiz Qorunniki kabi, uy jihozlaringiz Fir’avnniki kabi bo‘lsa, gunohlaringiz johiliyatdagi kabidir va yo‘lingiz shaytoniy yo‘ldir. Muhammadning (sollallohu alayhi vasallam) shariatlariga yo‘l bo‘lsin!»

Oriflarning biridan: «Sizning-cha, gunohlar ko‘zini quvnatadigan kishi Allohni taniy oladimi?!» deb so‘rashganida, shunday javob bergan ekan: «Dunyoni oxiratdan ustun qo‘ygan kishi Allohni taniy olmasligi shubhasizdir. Holbuki, uning  gunohi undan (siz so‘rayotgan odamnikidan) anchayin yengildir».

Mol-dunyoni tark qilish oxirat olimlari safiga qo‘shilish uchun kifoya qiladi, deb o‘ylama. Chunki obro‘ – maqom mol-dunyodan ko‘ra zararliroqdir. Shuning uchun Bishr ibn Horis (r.a.) shunday deganlar: «Haddasana» (bizga aytib berishdi) degan so‘z mol-dunyo eshiklaridan biridir. Bir kishining qachon «haddasana» deganini eshitsangiz, u «menga yo‘l beringlar» degan bo‘ladi».

Ana shu Bishr ibn Horis (r.a.) o‘ndan ortiq savatlarga joylangan kitoblarni yerga ko‘mib qo‘ygan edilar, aytardilarki: «Men hadis aytishni xohlayman. Agar mendagi hadis aytishga bo‘lgan ishtiyoq yo‘qolsa, albatta, aytaman».

U zot ham, boshqalar ham aytganlarki: «Qachon gapirishni xohlasang, sukut qil. Qachon xohlamasang, shunda gapir».

Imom G‘azzoliyning “Ihyou ulumid-din” kitobidan