Оммавий манқуртликка сабабчи офат (ёҳуд компютер ўйинларини ўйновчиларга олти савол)

Рукн: Долзарб мавзу Чоп этилган: 23.09.2015

Ҳозирги кунимизда омматан халқ ичида вақтнинг қадрига етмайдиганлар мубтало бўлган бир иллат тўғрисида зарурий шаръий маълумотларни етказмоқликка бел боғламоқдамиз.

Аллоҳ таоло берган энг буюк неъматлар ичида, вақт – тенгсиз, такрорсиз, бебаҳодир. Аммо мазкур неъматнинг қадрига етмасдан, уни арзимас нарсалар бўлган, балки кони зарар ўйин-кулгулар, нафс ва шаҳватнинг истаклари бўлмиш кўнгилочар ўйинлар ёки оддийгина эрмак сифатида фойдаланиладиган нарсаларга сарф қиладиганлар кундан-кунга кўпайиб бораяпти, десак хато бўлмайди.

Албатта, мазкур салбий ҳолат кимларнингдир тегирмонига сув қуйишдан бошқаси эмас. Ўз-ўзидан, бу ишлар замирида уларнинг мўмайгина даромад орттиришдан ташқари, омматан халқни, ҳоссатан ёшларни илм ва маърифат ҳосил қилиб, ўзлигини, миллийлиги ва маънавиятини таниб қолишидан чалғитиш, уларни буюк ихтиро ва кашфиётлардан тўсиш мақсади ҳам йўқ эмас. Мазкур чалғитишлар сояси остида ҳозирги кунда компьютер ва бошқа жиҳозлар орқали янгидан-янги ўйинлар ишлаб чиқарилмоқда. Бу ўйинларнинг баъзи бирлари ҳаттоки шу даражада босқичма-босқич бўладики, ўз-ўзидан унга киришган инсон ҳар бир босқични эгаллагиси келади ва бунинг натижасида бир куннинг ўзида қанчадан-қанча вақт, маблағ, керак бўлса жисмоний қувватини ишлатиб, сиҳат-саломатлиги, кўнгил хотиржамлигига ҳар тарафлама путур етказади.

Ушбу маълумотларни етказишга қарор қилганимизга сабабчи бўлган нарса – ҳозирда юртимиз ёшлари оммалашган ҳолда ўйнаётган Clash of Clans («Жамоалар уруши») ўйинидир. Биз қуйида фақатгина мазкур ўйиннинг салбий оқибатларини эмас, балки умуман бефойда, баъмано бўлган ҳар қандай ўйин ёки шунга ўхшаш бошқа машғулотлар тўғрисида ҳам хабар бермоқчимиз.

Мазкур ўйинлар нафақат бефойда, балки инсоннинг умрини завол қилиб, унинг икки дунёда бадбахт бўлишлигига ҳамда ҳар тарафлама зарар кўрганлардан бўлиб қолишига сабаб бўлади. Биз мазкур салбий ҳолатларни юқорида зикри ўтган ўйин тимсолида келтириб ўтмоқчимиз.

Бу ўйиннинг тақдимоти сифатида ишланган видеороликни, ўйиннинг тузилиш шакли, қаҳрамонлари, сюжети, мақсадини ўрганиб чиқиб ҳамда уни ўйнашга муккасидан кетганлар билан суҳбатлашиш асносида қуйидагича хулосага келдик.

Ўйиндаги турли шаклдаги жину шайтонлар, девлар, жодугару сеҳргарлар ва бошқа қаҳрамонларнинг кийимлари ва ҳаракатлари, қўлларидаги баъзи нарсалари ҳар хил мажусий, оташпараст динлар ва шайтоний (сатанист) секталарга мансуб эканлиги яққол кўриниб турибди. Демак бу ўйиндан мақсад оддийгина эрмак эмас, балки буни ихтиро қилганлар унинг замирида ўзларининг диний эътиқодлари ва секталари ғояларига даъват қилиб, оммага сингдиришни ҳам мақсад қилиб олган. Ўйновчилар эса эътиборини фақатгина ўйинда ғалаба қозонишга қаратади-да, ўзлари билмаган ҳолатда мазкур секталарнинг ғояларини қўллаб-қувватлайди ва унинг аъзосига ҳам айланиб қолиши мумкин.

Мисол тариқасида, «Resident Evil 5» («Ёвузлик маскани 5») номли бошқа бир ўйинда, кейинги босқичга ўтиш учун, ўйин қаҳрамони бир хонага кирганда, унинг ўртасида бир нечта китоблар ерда сочилиб ётган бўлади. Демак буни ўйнаётган инсон бу хонадан ўтаётганда ҳеч иккиланмасдан кўнгилли ҳолатда ўша китобни босиб ўтиб кетади. Ваҳоланки, яқиндан ўрганиб кўрилганда, оёқости бўлиб ётган мазкур китоб Қуръони карим эканлиги маълум бўлади (қуйида ушбу ҳолат расми илова қилинади).

Шунингдек, ушбу ўйининг бошқа қисми бўлмиш «Resident Evil 4» («Ёвузлик маскани 4») ўйинида эса, ўйиннинг бир босқичига ўтиш учун кириладиган эшикни Мадинаи мунавварадаги Масжидун Набавийнинг кириш эшикларининг айнан шаклида қилиб кўрсатилган. Унинг биргина фарқи, ўйиндаги эшикнинг ўртасида шайтоний (сатанист)ларнинг икки шоҳли белгиси чизиб қўйилган.

Бундан ташқари, яна бир бошқа «Devil may cry 3» («Иблис ҳам йиғлаши мумкин 3») номли ўйинда эса (бу ўйинларнинг номларини бир-биридан совуқлигига эътибор биринг), энди тўғридан-тўғри Каъбатуллоҳнинг эшиклари кўрсатилган бўлиб, одам шаклидаги шайтонсифатлар бу эшикдан кириб-чиқиб юрганларини кўришимиз мумкин.

«Call Duty Modern Warfare 2» ўйинида эса, уруш кетаётган шаҳардаги бир вайрона уйдаги ҳожатхонадаги деворга иккита расм илинган бўлиб, бу расмнинг рамкасида “Албатта Аллоҳ гўзалдир ва у гўзалликни яхши кўради” ҳадиси ва бошқа сўзлар ёзилганини кўриш мумкин. Ушбу сўзлар шундай нопок жойда ёзилгани ҳам, бу ўйинларнинг ишлаб чиқарувчиларнинг қанчалик қабиҳ шахслар эканлигидан очиқ  далолат қилиб турганини билгандан кейин ҳам, бундай ўйинларни ўйнашда давом этадиганларни ким деб аташ мумкин?!

Мазкур ҳолатлар ҳамда бошқа ўйинларда шайтоний оқимлар томонидан исломга қарши бўлган, одамларни манқуртлаштириш бўйича қилинаётган макр-ҳийлалар ҳақида ушбу видеоролик билан батафсил  танишиб, тегишли хулоса чиқаришингиз ва бошқаларга ҳам тарқатишингиз мумкин: https://www.youtube.com/watch?v=NO7q_gqKnzs

Бу маълумотларни ўқиб, баъзи бирлар таажжубланган ҳолда: «пашшадан фил ясабсизлар», дейишлари мумкин. «Мазкур ўйинларни ўйнаш мумкин эмаслигига бирор бир яроқли шаръий далил борми?», дейишдан ҳам қайтишмайди. Чунки айримлар кейин пайдо бўлган ҳар хил майда-чуйда нарсаларга ҳам албатта Қуръон ва Суннати Набавиядан аниқ лафзли далил ва ҳужжат бўлишини талаб қиладилар.

Аслида эса шариатнинг асл манбалари умумий ва тафсилий далилларни келтиради. Усулул фиқҳ уламолари, қолаверса, фақиҳлар мазкур умумий далилларнинг нималарга далолат қилишларини бизларга батафсил баён қилиб берганлар. Айтайлик, баъзилар инкор қилаётганидек, айрим ўйинларда қайсидир секталарнинг диний эътиқодлари ташвиқот ва тарғибот қилинмаётгандир. Бу эса, мазкур ўйинни бемалол ўйнаш мумкин, дегани эмас. Чунки на дунё, ва на охират учун фойдасиз бўлган ҳар қандай машғулотлар бизнинг шариатимизда ман этилади.
Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар. Молларингиз ва болаларингиз сизни Аллоҳнинг зикридан чалғитмасин. Ким шундай қилса, бас, ана ўшалар ютқазувчилардир» (Мунафиқун сураси, 9-оят).

Одатда, инсонга берилган неъматлар ичида молу дунё ва фарзандлар алоҳида аҳамиятга эгадир. Лекин мазкур нарсалар неъмат бўлиши билан биргаликда, унга берилиб кетилиши туфайли Аллоҳнинг зикридан чалғитадиган бўлса, ўз эгасини ютқазувчилардан қилиб қўяди. Энди оддийгина кўнгилочар ёки эрмак учун туну кунни совуриб, турли бефойда ўйинларни ўйнаётганларни кимлар деб аташимиз мумкин?!

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Қиёмат кунида банданинг қадами то тўрт нарсадан сўралмагунча жойидан жилмайди; умрини қандай ўтказгани, ёшлигида нима қилгани, молини қаердан топибнимага сарф қилгани, илмига қай даражада амал қилгани ҳақида» (Термизий ривоят қилган).

Демак, ҳар бир банда Қиёмат кунида мазкур тўрт нарсадан сўралиши аниқ! Биз зикр қилаётган ўйинлар эса, сўралаётган тўрт нарсанинг ҳаммасига мансубдир. Чунки бундай ўйинларда аввало умрни завол қилиш, ёшликни беҳуда ўтказиш, молу дунёни исроф этиш, илму маърифатни бекорчи ўйинга совуриш бор.

Улуғ тобеъинлардан Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳнинг шундай сўзлари бор: «Шундай зотлар бор эдики, сизлар дирҳам-динорларингизга ҳарис бўлганингиздан кўра улар вақтларига қаттиқроқ ҳарис эдилар. Одам боласининг ҳар бир куни қуйидаги сўзларни айтиб ўтади: «Эй одам боласи, мен янги кунман ва қиладиган амалингга гувоҳман. Агар ўтиб кетсам, қайтиб келмайман. Хоҳлаган ишингни қил, унинг самарасини қариганингда топасан ва хоҳлаган ишингни кечиктир, у сенга асло қайтиб келмайди».

Улуғ муршидлардан бири Баҳоуддин Нақшбанд раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: «Ким вақтини зое кетказса, вақт унинг душманига айланади, нафаснинг зое бўлишига йул қўйманг ва ундан эҳтиёт бўлинг».

Улуғлардан бири Абу Ҳафс Найсобурий раҳматуллоҳи алайҳи: «Ҳар бир вақтнинг ўз одоби бор, ким вақт одобларига риоя қилса улуғлар даражасига етади», деганлар.

Албатта, бунга ўхшаш далиллар ниҳоятда кўп бўлиб, уларнинг барчасини келтиришга ҳожат йўқ деб ўйлаймиз. Сўзимизнинг охирида мазкур ўйинларнинг қайси бирини бўлса ҳам ўйнаётганларга қуйидаги мантиқий саволлар билан мурожаат қилмоқчимиз.

1. Аввало мазкур ўйинни «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» билан бошлайсизми (одатда ҳар бир эътиборли, яхши иш «Бисмиллаҳ» билан бошланади).

2. Ўйиннинг якунида «Алҳамдулиллаҳ» деб дуо қиласизми?

3. Ўйнаётган машғулотингиз гуноҳ эмасми? Агар гуноҳ бўлмаса, демак у савоб бўлиши керак.

4. Агар мазкур машғулотингиз савоб бўлса, унинг савобини ўзингизнинг марҳум ота-оналарингиз ёки дода-момоларингизнинг руҳларига бағишлай оласизми?

5. Тасаввур қилинг, ушбу машғулот пайтида сизнинг ажалингиз етса, нажот топа оласизми?

6. Қабр ёки Қиёматда мазкур ҳолатда жон таслим қилганингиз учун жавоб бера оласизми?

Исҳоқ Муҳаммад,
«Тўхтабой» жомеъ масжиди имом хатиби

Ummat.uz сайтидан олинди.

* * *

Hozirgi kunimizda ommatan xalq ichida vaqtning qadriga yetmaydiganlar mubtalo bo‘lgan bir illat to‘g‘risida zaruriy shar’iy ma’lumotlarni yetkazmoqlikka bel bog‘lamoqdamiz.

Alloh taolo bergan eng buyuk ne’matlar ichida, vaqt – tengsiz, takrorsiz, bebahodir. Ammo mazkur ne’matning qadriga yetmasdan, uni arzimas narsalar bo‘lgan, balki koni zarar o‘yin-kulgular, nafs va shahvatning istaklari bo‘lmish ko‘ngilochar o‘yinlar yoki oddiygina ermak sifatida foydalaniladigan narsalarga sarf qiladiganlar kundan-kunga ko‘payib borayapti, desak xato bo‘lmaydi.

Albatta, mazkur salbiy holat kimlarningdir tegirmoniga suv quyishdan boshqasi emas. O‘z-o‘zidan, bu ishlar zamirida ularning mo‘maygina daromad orttirishdan tashqari, ommatan xalqni, hossatan yoshlarni ilm va ma’rifat hosil qilib, o‘zligini, milliyligi va ma’naviyatini tanib qolishidan chalg‘itish, ularni buyuk ixtiro va kashfiyotlardan to‘sish maqsadi ham yo‘q emas. Mazkur chalg‘itishlar soyasi ostida hozirgi kunda kompyuter va boshqa jihozlar orqali yangidan-yangi o‘yinlar ishlab chiqarilmoqda. Bu o‘yinlarning ba’zi birlari hattoki shu darajada bosqichma-bosqich bo‘ladiki, o‘z-o‘zidan unga kirishgan inson har bir bosqichni egallagisi keladi va buning natijasida bir kunning o‘zida qanchadan-qancha vaqt, mablag‘, kerak bo‘lsa jismoniy quvvatini ishlatib, sihat-salomatligi, ko‘ngil xotirjamligiga har taraflama putur yetkazadi.

Ushbu ma’lumotlarni yetkazishga qaror qilganimizga sababchi bo‘lgan narsa – hozirda yurtimiz yoshlari ommalashgan holda o‘ynayotgan Clash of Clans («Jamoalar urushi») o‘yinidir. Biz quyida faqatgina mazkur o‘yinning salbiy oqibatlarini emas, balki umuman befoyda, ba’mano bo‘lgan har qanday o‘yin yoki shunga o‘xshash boshqa mashg‘ulotlar to‘g‘risida ham xabar bermoqchimiz.

Mazkur o‘yinlar nafaqat befoyda, balki insonning umrini zavol qilib, uning ikki dunyoda badbaxt bo‘lishligiga hamda har taraflama zarar ko‘rganlardan bo‘lib qolishiga sabab bo‘ladi. Biz mazkur salbiy holatlarni yuqorida zikri o‘tgan o‘yin timsolida keltirib o‘tmoqchimiz.

Bu o‘yinning taqdimoti sifatida ishlangan videorolikni, o‘yinning tuzilish shakli, qahramonlari, syujeti, maqsadini o‘rganib chiqib hamda uni o‘ynashga mukkasidan ketganlar bilan suhbatlashish asnosida quyidagicha xulosaga keldik.

O‘yindagi turli shakldagi jinu shaytonlar, devlar, jodugaru sehrgarlar va boshqa qahramonlarning kiyimlari va harakatlari, qo‘llaridagi ba’zi narsalari har xil majusiy, otashparast dinlar va shaytoniy (satanist) sektalarga mansub ekanligi yaqqol ko‘rinib turibdi. Demak bu o‘yindan maqsad oddiygina ermak emas, balki buni ixtiro qilganlar uning zamirida o‘zlarining diniy e’tiqodlari va sektalari g‘oyalariga da’vat qilib, ommaga singdirishni ham maqsad qilib olgan. O‘ynovchilar esa e’tiborini faqatgina o‘yinda g‘alaba qozonishga qaratadi-da, o‘zlari bilmagan holatda mazkur sektalarning g‘oyalarini qo‘llab-quvvatlaydi va uning a’zosiga ham aylanib qolishi mumkin.

Misol tariqasida, «Resident Evil 5» («Yovuzlik maskani 5») nomli boshqa bir o‘yinda, keyingi bosqichga o‘tish uchun, o‘yin qahramoni bir xonaga kirganda, uning o‘rtasida bir nechta kitoblar yerda sochilib yotgan bo‘ladi. Demak buni o‘ynayotgan inson bu xonadan o‘tayotganda hech ikkilanmasdan ko‘ngilli holatda o‘sha kitobni bosib o‘tib ketadi. Vaholanki, yaqindan o‘rganib ko‘rilganda, oyoqosti bo‘lib yotgan mazkur kitob Qur’oni karim ekanligi ma’lum bo‘ladi (quyida ushbu holat rasmi ilova qilinadi).

Shuningdek, ushbu o‘yining boshqa qismi bo‘lmish «Resident Evil 4» («Yovuzlik maskani 4») o‘yinida esa, o‘yinning bir bosqichiga o‘tish uchun kiriladigan eshikni Madinai munavvaradagi Masjidun Nabaviyning kirish eshiklarining aynan shaklida qilib ko‘rsatilgan. Uning birgina farqi, o‘yindagi eshikning o‘rtasida shaytoniy (satanist)larning ikki shohli belgisi chizib qo‘yilgan.

Bundan tashqari, yana bir boshqa «Devil may cry 3» («Iblis ham yig‘lashi mumkin 3») nomli o‘yinda esa (bu o‘yinlarning nomlarini bir-biridan sovuqligiga e’tibor biring), endi to‘g‘ridan-to‘g‘ri Ka’batullohning eshiklari ko‘rsatilgan bo‘lib, odam shaklidagi shaytonsifatlar bu eshikdan kirib-chiqib yurganlarini ko‘rishimiz mumkin.

«Call Duty Modern Warfare 2» o‘yinida esa, urush ketayotgan shahardagi bir vayrona uydagi hojatxonadagi devorga ikkita rasm ilingan bo‘lib, bu rasmning ramkasida “Albatta Alloh go‘zaldir va u go‘zallikni yaxshi ko‘radi” hadisi va boshqa so‘zlar yozilganini ko‘rish mumkin. Ushbu so‘zlar shunday nopok joyda yozilgani ham, bu o‘yinlarning ishlab chiqaruvchilarning qanchalik qabih shaxslar ekanligidan ochiq  dalolat qilib turganini bilgandan keyin ham, bunday o‘yinlarni o‘ynashda davom etadiganlarni kim deb atash mumkin?!

Mazkur holatlar hamda boshqa o‘yinlarda shaytoniy oqimlar tomonidan islomga qarshi bo‘lgan, odamlarni manqurtlashtirish bo‘yicha qilinayotgan makr-hiylalar haqida ushbu videorolik bilan batafsil  tanishib, tegishli xulosa chiqarishingiz va boshqalarga ham tarqatishingiz mumkin: https://www.youtube.com/watch?v=NO7q_gqKnzs

Bu ma’lumotlarni o‘qib, ba’zi birlar taajjublangan holda: «pashshadan fil yasabsizlar», deyishlari mumkin. «Mazkur o‘yinlarni o‘ynash mumkin emasligiga biror bir yaroqli shar’iy dalil bormi?», deyishdan ham qaytishmaydi. Chunki ayrimlar keyin paydo bo‘lgan har xil mayda-chuyda narsalarga ham albatta Qur’on va Sunnati Nabaviyadan aniq lafzli dalil va hujjat bo‘lishini talab qiladilar.

Aslida esa shariatning asl manbalari umumiy va tafsiliy dalillarni keltiradi. Usulul fiqh ulamolari, qolaversa, faqihlar mazkur umumiy dalillarning nimalarga dalolat qilishlarini bizlarga batafsil bayon qilib berganlar. Aytaylik, ba’zilar inkor qilayotganidek, ayrim o‘yinlarda qaysidir sektalarning diniy e’tiqodlari tashviqot va targ‘ibot qilinmayotgandir. Bu esa, mazkur o‘yinni bemalol o‘ynash mumkin, degani emas. Chunki na dunyo, va na oxirat uchun foydasiz bo‘lgan har qanday mashg‘ulotlar bizning shariatimizda man etiladi.
Zero, Alloh taolo marhamat qiladi:

«Ey iymon keltirganlar. Mollaringiz va bolalaringiz sizni Allohning zikridan chalg‘itmasin. Kim shunday qilsa, bas, ana o‘shalar yutqazuvchilardir» (Munafiqun surasi, 9-oyat).

Odatda, insonga berilgan ne’matlar ichida molu dunyo va farzandlar alohida ahamiyatga egadir. Lekin mazkur narsalar ne’mat bo‘lishi bilan birgalikda, unga berilib ketilishi tufayli Allohning zikridan chalg‘itadigan bo‘lsa, o‘z egasini yutqazuvchilardan qilib qo‘yadi. Endi oddiygina ko‘ngilochar yoki ermak uchun tunu kunni sovurib, turli befoyda o‘yinlarni o‘ynayotganlarni kimlar deb atashimiz mumkin?!

Shuningdek, Rasululloh sollallohu alayhi va sallam aytadilar:

«Qiyomat kunida bandaning qadami to to‘rt narsadan so‘ralmaguncha joyidan jilmaydi; umrini qanday o‘tkazgani, yoshligida nima qilgani, molini qaerdan topibnimaga sarf qilgani, ilmiga qay darajada amal qilgani haqida» (Termiziy rivoyat qilgan).

Demak, har bir banda Qiyomat kunida mazkur to‘rt narsadan so‘ralishi aniq! Biz zikr qilayotgan o‘yinlar esa, so‘ralayotgan to‘rt narsaning hammasiga mansubdir. Chunki bunday o‘yinlarda avvalo umrni zavol qilish, yoshlikni behuda o‘tkazish, molu dunyoni isrof etish, ilmu ma’rifatni bekorchi o‘yinga sovurish bor.

Ulug‘ tobe’inlardan Hasan Basriy rahmatullohi alayhning shunday so‘zlari bor: «Shunday zotlar bor ediki, sizlar dirham-dinorlaringizga haris bo‘lganingizdan ko‘ra ular vaqtlariga qattiqroq haris edilar. Odam bolasining har bir kuni quyidagi so‘zlarni aytib o‘tadi: «Ey odam bolasi, men yangi kunman va qiladigan amalingga guvohman. Agar o‘tib ketsam, qaytib kelmayman. Xohlagan ishingni qil, uning samarasini qariganingda topasan va xohlagan ishingni kechiktir, u senga aslo qaytib kelmaydi».

Ulug‘ murshidlardan biri Bahouddin Naqshband rahmatullohi alayhi aytadilar: «Kim vaqtini zoe ketkazsa, vaqt uning dushmaniga aylanadi, nafasning zoe bo‘lishiga yul qo‘ymang va undan ehtiyot bo‘ling».

Ulug‘lardan biri Abu Hafs Naysoburiy rahmatullohi alayhi: «Har bir vaqtning o‘z odobi bor, kim vaqt odoblariga rioya qilsa ulug‘lar darajasiga yetadi», deganlar.

Albatta, bunga o‘xshash dalillar nihoyatda ko‘p bo‘lib, ularning barchasini keltirishga hojat yo‘q deb o‘ylaymiz. So‘zimizning oxirida mazkur o‘yinlarning qaysi birini bo‘lsa ham o‘ynayotganlarga quyidagi mantiqiy savollar bilan murojaat qilmoqchimiz.

1. Avvalo mazkur o‘yinni «Bismillahir rohmanir rohiym» bilan boshlaysizmi (odatda har bir e’tiborli, yaxshi ish «Bismillah» bilan boshlanadi).

2. O‘yinning yakunida «Alhamdulillah» deb duo qilasizmi?

3. O‘ynayotgan mashg‘ulotingiz gunoh emasmi? Agar gunoh bo‘lmasa, demak u savob bo‘lishi kerak.

4. Agar mazkur mashg‘ulotingiz savob bo‘lsa, uning savobini o‘zingizning marhum ota-onalaringiz yoki doda-momolaringizning ruhlariga bag‘ishlay olasizmi?

5. Tasavvur qiling, ushbu mashg‘ulot paytida sizning ajalingiz yetsa, najot topa olasizmi?

6. Qabr yoki Qiyomatda mazkur holatda jon taslim qilganingiz uchun javob bera olasizmi?

Ishoq Muhammad,
«To‘xtaboy» jome’ masjidi imom xatibi

Ummat.uz saytidan olindi.