Хорликка элтувчи қора ажал

Рукн: Долзарб мавзу Чоп этилган: 24.06.2015

Гиёҳвандлик инсониятни жисмоний ва руҳий жиҳатдан тубанликка элтувчи, ақл-идрокдан маҳрум этиб, икки дунё хорлигига етакловчи офатдир. Гиёҳванд моддалар инсонни айни куч-қувватга тўлган даврида алкоголга нисбатан 4-6 баробар тезроқ ҳалокатга учратади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1987 йил 7 декабрдаги карорига асосан, 26 июнь «Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни» деб эълон қилинган. Шунингдек, БМТ томонидан “Наркотик моддалар тўғрисида”ги, “Психотроп моддалар” ҳамда “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши қураш тўғрисида”ги конвенциялар қабул қилинган.
1999 йил 19 август куни Ўзбекистон Республикасининг “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида” Қонуни қабул қилинган.

Қора ажал

Афсуски, гиёҳвандлик касалига мубтало бўлганлар сони йилдан йилга ошмоқда. БМТ маълумотларга кўра, дунёда 200 миллиондан ортиқ киши (бошқа статистикага кўра 500 миллион) гиёҳвандлик дардига йўлиққан. Унинг аксарият қисмини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Қора ажал оқибатида ҳар йили 200 мингдан ортиқ киши ҳаётдан кўз юммоқда. Дунёда содир этилаётган жиноятларнинг 57 фоизи гиёҳвандлар ҳиссасига тўғри келади.
rbc.ru сайтининг ёзишича, ҳозирда Россияда 2-2,5 миллион наркоманлар бўлиб, уларнинг ёши 18 дан 39 гачадир. Ҳар йили 80 минг янги наркоманлар улар орасига қўшилмоқда. Ҳар йили 30 минг (кунига 80 киши) россиялик гиёҳвандлик қурбонига айланмоқда.
Республикамизда ҳам 20 мингдан ортиқ шахснинг гиёҳванд моддалар истеъмолига ружу қўйгани қайд қилинган (“Даракчи” газетаси, 14.03.2002 йил).

Гиёҳвандлик босқичлари
 
Мутахассисларнинг фикрларига кўра, гиёҳванд моддалар истеъмол қилингандан сўнг наркотик сархушлик ҳолати юзага келади. Бунда юқори кайфият, кўп кулиш, телбалик, диққат чалғиши, ланжлик, ҳаракат мувофиқлигининг бузилиши, қадам ташлашнинг ўзгарувчанлиги намоён бўлади. Баъзида беғамлик, хаёлпарастлик, баджаҳллик, жиззакилик, тажовузкорлик кузатилади. Тери қоплами қизаради, кўз хиралашади ва кенгаяди. Ушбу белгилар гиёҳвандликка мойилликнинг 1-босқичи бўлиб, бунда наркотик моддага руҳий мойиллик пайдо бўлади, организмнинг ҳимоя жараёни сусаяди.
2-босқичда гиёҳванд наркотик моддага енгиб бўлмас даражадаги ҳирс қўяди, организм наркотик таъсири остида қолиб, жисмоний қарамлик юзага келади.
3-босқичда организм наркотик моддаларга қарши курашолмай қолади, беморларда гиёҳванд моддаларсиз яшай олмаслик хусусиятлари пайдо бўлади. Кучли оғриқ кузатилиб, наркотикка буткул қарамлик юзага келади.
Наркомания инсон руҳиятини оғир тарзда бузади, организмни ишдан чиқаради. Наркоманга ҳар қадамда ўлим таҳдид қилиб туради, бундай одам организмнинг ҳолдан тойишидан, препарат дозасини тасодифан оширишдан, текширилмаган моддани қабул қилишдан, уколдан зарарланишдан, депрессив ҳолатдан ўлиб қолиши мумкин. Наркоман бўлиб қолган киши бошқа ҳеч нарсага қизиқмай қўяди, куч-қувватдан қолиб, меҳнат қобилиятини йўқотади.

Наркомания турлари

1. Опийнинг кимёвий ҳосиласи - героин наркоманияси. БМТ маълумотларига кўра, инсон ҳаётига энг катта хавф солувчи ушбу оғу таъсирига дунё бўйлаб 10 миллион киши дучор бўлган. Организмга героин моддаси тушганда одамнинг онги хиралашади, ҳис-туйғулари кескин равишда ўзгаради, фикрлари чалкашиб кетади, кўзига ҳар хил қўрқинчли нарсалар кўринади, қўрқади, турли ҳаракатлар қилади, атрофдаги кишиларга ҳужум қилиб, уларга ташланади. Ана шу аломатлар заминида жинсий майл йўқолади ва мижоз кескин сусаяди.
2. Наша моддаларини истеъмол қилишдан келиб чиқадиган гиёҳвандлик. Наркотик моддаларнинг ушбу гуруҳига нашанинг турли навларидан олинадиган сақичсимон моддалар - марихуана, анаша, банг, хусус, харас киради. Нашавандлик ортидан маиший бузуқлик ва ақл идрокнинг камайиши юзага келади. БМТ маълумотларига кўра, дунёдаги нашавандлар сони 150 миллиондан ошади. Наша чеккан одам карахт бўлади, тентакнамо бўлиб қолади, жиннига ўхшаб кулаверади, иштаҳаси очилади ва жинсий ҳиси ортади. Наркотик моддани кўп қабул қилганда одамнинг кўзига нарсалар катта бўлиб кўринади, ранглар ёрқинроққа ўхшайди. Нашани мунтазам равишда сурункали чекиб юрганда киши шахсияти шунчалик ўзгариб кетадики, у бесаранжом, лоқайд, лапашанг ва одамови, бошқаларга аралашмайдиган бўлиб қолади. Беморда психозлар пайдо бўладики, бу ҳолатни шизофрениядан ажратиб бўлмайди.
3. Кокаин наркоманияси. Жанубий Америкада ўсувчи кока ўсимлик баргидан тайёрланадиган ушбу модда истеъмол қилинганда дармонсизлик, жаҳлдорлик, мушаклар бўшашуви ва титроқ ҳолатлари кузатилади. Кокаин истеъмол қилиш ваҳимали-депрессив ҳолатга олиб келади. Кокаиндан заҳарланганда кўпинча психозлар, галлюцинациялар пайдо бўлади. Кокаинни тез-тез истеъмол қилиб турганда одам организми ниҳоятда ҳолдан тояди, киши озиб кетади, уни уйқусизлик қийнайди, хотираси сусаяди.
4. Барбитуромания - уйқу келтирувчи моддалар истеъмоли наркоманияси. Кўпинча алкоголизм, героин наркоманиясига учраган беморларда ёки кўп вақт уйқусизликдан қийналаётган кишиларда учрайди. Узоқ вақт уйқу дорилар истеъмол этилганда беморларда сурункали эйфория, жаҳлдорлик, дисфория, паришонхотирлик, органик деменция, хотира ва ақл-идрокнинг сусайиши билан боғлиқ неврологик ўзгаришлар (талаффуз бузилиши, титроқ, мувозанатнинг йўқолиши) кузатилади. Уйқу дориларининг бирмунча дозаси одамни маст қилади, унинг ҳаракатлари, онги ўзгаради, баъзан бемор шок ҳолатига тушиб қолади. Уйқу дориларини киши узоқ муддат мобайнида ичиб юрадиган бўлса, унинг ақл-идроки бирмунча пасаяди ва хотираси сусаяди. Айни пайтда рефлектор реакцияларнинг барча турлари ортади, беморнинг мускуллари мўртлашади, боши қаттиқ оғрийди, қон босими пасаяди, у жаҳлдор, ғазабкор ва ҳужумкор бўлиб қолади. Агар наркотикнинг шу тури ичмай қўйилса, бемор тиришиб, тутқаноқ тутади.
5. Руҳий ҳолатни қўзғотувчи, галлюциногенлар келтириб чиқарувчи моддалар истеъмоли. Бундай беморларда депрессия ҳолатлари кузатилади.

Гиёҳвандлик асоратлари

1. Иқтисодий асоратлар: катта пул сарфланиши, даромадларнинг йўқолиши, ишни йўқотиш, қарзга ботиш, талончилик ва тиланчилик.
2. Маънавий асоратлар: оилаларнинг бузилиши, бефарқлик, тушкунлик, норозилик, худбинлик, маҳдудлик.
3. Жиноий асоратлар: ўғрилик, босқинчилик, одам ўлдириш, уруш ва террор.

Гиёҳвандликнинг тиббий асоратлари

- одамнинг онги хиралашади, ҳис-туйғулари кескин равишда ўзгаради, фикрлари чалкашиб кетади;
- кўзига ҳар хил қўрқинчли нарсалар кўринади, қаттиқ қўрқади;
- жинсий майл йўқолади ва мижоз кескин сусаяди;
- гиёҳванд моддаларни инъекция йўли орқали қабул қилиниши оқибатида ОИТС билан касалланиш даражаси ортади (ОИТС касаллигига чалинганларнинг 80 фоиздан кўпини гиёҳвандлар ташкил қилади);
- ҳомиладорлик даврида наркотик моддани истеъмол қилган аёллардан дунёга келган болалар жуда безовта бўлади, тиришади, кўп эснайди, ичи кетади, нафас олишга қийналади (бундай чақалоқлар одатда ҳаётининг 2—3-куни нобуд бўлади), чақалоқ фалаж бўлиб туғилади;
- кўз қорачиғи кенгаяди, шиллиқ пардалари қуруқшайди, юрак тез уради, мускул тонуси ортади ва қон босими кўтарилади;
- наркоман наркотик модда тополмаса, касал бўлиб қолади, нохуш сезгилар пайдо  бўлади: сўлаги ва кўзидан ёш оқади, тумов бўлади, аксиради, терлайди, титраб-қақшайди, мускуллари зўриқади;
- меъда-ичак иши бузилади, тиришиб, тутқаноқ тутади ва ҳатто оғир психоз бошланади;
- оғиз бўшлиғи, тил қизилўнгач, ўпка саратони, юрак, қон-томир, нафас олиш, ошқозон-ичак, жинсий касалликларга олиб келади.
 
Динимиз нима дейди?

“Пайғамбар (с.а.в.) ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар”, дейилади ҳадиси шарифда (Аҳмад ва Абу Довуд ривояти). Мазкур ҳадиси шариф ҳар қандай турдаги гиёҳвандлик ҳаром эканига далолат қилади.
Аллома ибн Ҳажар ал-Маккийнинг “Фатовои Кабир”ида шундай дейилади: “Гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишда бир қанча диний ва дунёвий зарарлар мавжуд: у инсон тафаккурини ўтмаслаштиради, тананинг турли касалликларга чидамлилигини йўқотади, хотирани сусайтиради, бош, юрак, сил, истисқо хасталикларини юзага келтиради, ибодатдан тўсади, шарму ҳаёни кетказади, инсоний муносабатлар ва мурувватга зарар етказади”.
Яна фатволарда келишича, “Гиёҳванд моддаларини истеъмол қилиш ва унинг тижоратидан келган фойда ҳам ҳаром саналади”.
Имом Саноний шундай дейди: “Гиёҳвандлик нима нарсадан бўлишидан қатъи назар маст қилдими ёки афюн каби нарса бўлиб истеъмол қилинишида кайф бердими – у мутлақ ҳаромдир”.
Имом Аъзам (раҳмутулоҳи алайҳ) мазҳабларидаги охирги мужтаҳид уламолардан Ибн Обидин ҳазратлари Ибн Ҳажардан нақл этиб шундай дейди: “Банг-афюн истеъмол этишда 120 хил диний ва дунёвий зарар, офатлар бўлади”.
Инсоннинг икки дунёсини хароб қиладиган ушбу офатдан узоқда бўлиш барчамизга насиб этсин!

Давронбек Тожиалиев тайёрлади

* * *

Giyohvandlik insoniyatni jismoniy va ruhiy jihatdan tubanlikka eltuvchi, aql-idrokdan mahrum etib, ikki dunyo xorligiga yetaklovchi ofatdir. Giyohvand moddalar insonni ayni kuch-quvvatga to‘lgan davrida alkogolga nisbatan 4-6 barobar tezroq halokatga uchratadi.
Birlashgan Millatlar Tashkiloti Bosh Assambleyasining 1987 yil 7 dekabrdagi karoriga asosan, 26 iyun «Xalqaro giyohvandlikka qarshi kurash kuni» deb e’lon qilingan. Shuningdek, BMT tomonidan “Narkotik moddalar to‘g‘risida”gi, “Psixotrop moddalar” hamda “Giyohvandlik vositalari va psixotrop moddalarning noqonuniy aylanishiga qarshi qurash to‘g‘risida”gi konventsiyalar qabul qilingan.
1999 yil 19 avgust kuni O‘zbekiston Respublikasining “Giyohvandlik vositalari va psixotrop moddalar to‘g‘risida” Qonuni qabul qilingan.

Qora ajal

Afsuski, giyohvandlik kasaliga mubtalo bo‘lganlar soni yildan yilga oshmoqda. BMT ma’lumotlarga ko‘ra, dunyoda 200 milliondan ortiq kishi (boshqa statistikaga ko‘ra 500 million) giyohvandlik dardiga yo‘liqqan. Uning aksariyat qismini 30 yoshgacha bo‘lganlar tashkil etadi. Qora ajal oqibatida har yili 200 mingdan ortiq kishi hayotdan ko‘z yummoqda. Dunyoda sodir etilayotgan jinoyatlarning 57 foizi giyohvandlar hissasiga to‘g‘ri keladi.
rbc.ru saytining yozishicha, hozirda Rossiyada 2-2,5 million narkomanlar bo‘lib, ularning yoshi 18 dan 39 gachadir. Har yili 80 ming yangi narkomanlar ular orasiga qo‘shilmoqda. Har yili 30 ming (kuniga 80 kishi) rossiyalik giyohvandlik qurboniga aylanmoqda.
Respublikamizda ham 20 mingdan ortiq shaxsning giyohvand moddalar iste’moliga ruju qo‘ygani qayd qilingan (“Darakchi” gazetasi, 14.03.2002 yil).

Giyohvandlik bosqichlari
 
Mutaxassislarning fikrlariga ko‘ra, giyohvand moddalar iste’mol qilingandan so‘ng narkotik sarxushlik holati yuzaga keladi. Bunda yuqori kayfiyat, ko‘p kulish, telbalik, diqqat chalg‘ishi, lanjlik, harakat muvofiqligining buzilishi, qadam tashlashning o‘zgaruvchanligi namoyon bo‘ladi. Ba’zida beg‘amlik, xayolparastlik, badjahllik, jizzakilik, tajovuzkorlik kuzatiladi. Teri qoplami qizaradi, ko‘z xiralashadi va kengayadi. Ushbu belgilar giyohvandlikka moyillikning 1-bosqichi bo‘lib, bunda narkotik moddaga ruhiy moyillik paydo bo‘ladi, organizmning himoya jarayoni susayadi.
2-bosqichda giyohvand narkotik moddaga yengib bo‘lmas darajadagi hirs qo‘yadi, organizm narkotik ta’siri ostida qolib, jismoniy qaramlik yuzaga keladi.
3-bosqichda organizm narkotik moddalarga qarshi kurasholmay qoladi, bemorlarda giyohvand moddalarsiz yashay olmaslik xususiyatlari paydo bo‘ladi. Kuchli og‘riq kuzatilib, narkotikka butkul qaramlik yuzaga keladi.
Narkomaniya inson ruhiyatini og‘ir tarzda buzadi, organizmni ishdan chiqaradi. Narkomanga har qadamda o‘lim tahdid qilib turadi, bunday odam organizmning holdan toyishidan, preparat dozasini tasodifan oshirishdan, tekshirilmagan moddani qabul qilishdan, ukoldan zararlanishdan, depressiv holatdan o‘lib qolishi mumkin. Narkoman bo‘lib qolgan kishi boshqa hech narsaga qiziqmay qo‘yadi, kuch-quvvatdan qolib, mehnat qobiliyatini yo‘qotadi.

Narkomaniya turlari

1. Opiyning kimyoviy hosilasi - geroin narkomaniyasi. BMT ma’lumotlariga ko‘ra, inson hayotiga eng katta xavf soluvchi ushbu og‘u ta’siriga dunyo bo‘ylab 10 million kishi duchor bo‘lgan. Organizmga geroin moddasi tushganda odamning ongi xiralashadi, his-tuyg‘ulari keskin ravishda o‘zgaradi, fikrlari chalkashib ketadi, ko‘ziga har xil qo‘rqinchli narsalar ko‘rinadi, qo‘rqadi, turli harakatlar qiladi, atrofdagi kishilarga hujum qilib, ularga tashlanadi. Ana shu alomatlar zaminida jinsiy mayl yo‘qoladi va mijoz keskin susayadi.
2. Nasha moddalarini iste’mol qilishdan kelib chiqadigan giyohvandlik. Narkotik moddalarning ushbu guruhiga nashaning turli navlaridan olinadigan saqichsimon moddalar - marixuana, anasha, bang, xusus, xaras kiradi. Nashavandlik ortidan maishiy buzuqlik va aql idrokning kamayishi yuzaga keladi. BMT ma’lumotlariga ko‘ra, dunyodagi nashavandlar soni 150 milliondan oshadi. Nasha chekkan odam karaxt bo‘ladi, tentaknamo bo‘lib qoladi, jinniga o‘xshab kulaveradi, ishtahasi ochiladi va jinsiy hisi ortadi. Narkotik moddani ko‘p qabul qilganda odamning ko‘ziga narsalar katta bo‘lib ko‘rinadi, ranglar yorqinroqqa o‘xshaydi. Nashani muntazam ravishda surunkali chekib yurganda kishi shaxsiyati shunchalik o‘zgarib ketadiki, u besaranjom, loqayd, lapashang va odamovi, boshqalarga aralashmaydigan bo‘lib qoladi. Bemorda psixozlar paydo bo‘ladiki, bu holatni shizofreniyadan ajratib bo‘lmaydi.
3. Kokain narkomaniyasi. Janubiy Amerikada o‘suvchi koka o‘simlik bargidan tayyorlanadigan ushbu modda iste’mol qilinganda darmonsizlik, jahldorlik, mushaklar bo‘shashuvi va titroq holatlari kuzatiladi. Kokain iste’mol qilish vahimali-depressiv holatga olib keladi. Kokaindan zaharlanganda ko‘pincha psixozlar, gallyutsinatsiyalar paydo bo‘ladi. Kokainni tez-tez iste’mol qilib turganda odam organizmi nihoyatda holdan toyadi, kishi ozib ketadi, uni uyqusizlik qiynaydi, xotirasi susayadi.
4. Barbituromaniya - uyqu keltiruvchi moddalar iste’moli narkomaniyasi. Ko‘pincha alkogolizm, geroin narkomaniyasiga uchragan bemorlarda yoki ko‘p vaqt uyqusizlikdan qiynalayotgan kishilarda uchraydi. Uzoq vaqt uyqu dorilar iste’mol etilganda bemorlarda surunkali eyforiya, jahldorlik, disforiya, parishonxotirlik, organik dementsiya, xotira va aql-idrokning susayishi bilan bog‘liq nevrologik o‘zgarishlar (talaffuz buzilishi, titroq, muvozanatning yo‘qolishi) kuzatiladi. Uyqu dorilarining birmuncha dozasi odamni mast qiladi, uning harakatlari, ongi o‘zgaradi, ba’zan bemor shok holatiga tushib qoladi. Uyqu dorilarini kishi uzoq muddat mobaynida ichib yuradigan bo‘lsa, uning aql-idroki birmuncha pasayadi va xotirasi susayadi. Ayni paytda reflektor reaktsiyalarning barcha turlari ortadi, bemorning muskullari mo‘rtlashadi, boshi qattiq og‘riydi, qon bosimi pasayadi, u jahldor, g‘azabkor va hujumkor bo‘lib qoladi. Agar narkotikning shu turi ichmay qo‘yilsa, bemor tirishib, tutqanoq tutadi.
5. Ruhiy holatni qo‘zg‘otuvchi, gallyutsinogenlar keltirib chiqaruvchi moddalar iste’moli. Bunday bemorlarda depressiya holatlari kuzatiladi.

Giyohvandlik asoratlari

1. Iqtisodiy asoratlar: katta pul sarflanishi, daromadlarning yo‘qolishi, ishni yo‘qotish, qarzga botish, talonchilik va tilanchilik.
2. Ma’naviy asoratlar: oilalarning buzilishi, befarqlik, tushkunlik, norozilik, xudbinlik, mahdudlik.
3. Jinoiy asoratlar: o‘g‘rilik, bosqinchilik, odam o‘ldirish, urush va terror.

Giyohvandlikning tibbiy asoratlari

- odamning ongi xiralashadi, his-tuyg‘ulari keskin ravishda o‘zgaradi, fikrlari chalkashib ketadi;
- ko‘ziga har xil qo‘rqinchli narsalar ko‘rinadi, qattiq qo‘rqadi;
- jinsiy mayl yo‘qoladi va mijoz keskin susayadi;
- giyohvand moddalarni in’ektsiya yo‘li orqali qabul qilinishi oqibatida OITS bilan kasallanish darajasi ortadi (OITS kasalligiga chalinganlarning 80 foizdan ko‘pini giyohvandlar tashkil qiladi);
- homiladorlik davrida narkotik moddani iste’mol qilgan ayollardan dunyoga kelgan bolalar juda bezovta bo‘ladi, tirishadi, ko‘p esnaydi, ichi ketadi, nafas olishga qiynaladi (bunday chaqaloqlar odatda hayotining 2—3-kuni nobud bo‘ladi), chaqaloq falaj bo‘lib tug‘iladi;
- ko‘z qorachig‘i kengayadi, shilliq pardalari quruqshaydi, yurak tez uradi, muskul tonusi ortadi va qon bosimi ko‘tariladi;
- narkoman narkotik modda topolmasa, kasal bo‘lib qoladi, noxush sezgilar paydo  bo‘ladi: so‘lagi va ko‘zidan yosh oqadi, tumov bo‘ladi, aksiradi, terlaydi, titrab-qaqshaydi, muskullari zo‘riqadi;
- me’da-ichak ishi buziladi, tirishib, tutqanoq tutadi va hatto og‘ir psixoz boshlanadi;
- og‘iz bo‘shlig‘i, til qizilo‘ngach, o‘pka saratoni, yurak, qon-tomir, nafas olish, oshqozon-ichak, jinsiy kasalliklarga olib keladi.
 
Dinimiz nima deydi?

“Payg‘ambar (s.a.v.) har qanday mast qiluvchi, badanni bo‘shashtiruvchi va susaytiruvchi narsalarni iste’mol qilishdan qaytardilar”, deyiladi hadisi sharifda (Ahmad va Abu Dovud rivoyati). Mazkur hadisi sharif har qanday turdagi giyohvandlik harom ekaniga dalolat qiladi.
Alloma ibn Hajar al-Makkiyning “Fatovoi Kabir”ida shunday deyiladi: “Giyohvandlik moddalarini iste’mol qilishda bir qancha diniy va dunyoviy zararlar mavjud: u inson tafakkurini o‘tmaslashtiradi, tananing turli kasalliklarga chidamliligini yo‘qotadi, xotirani susaytiradi, bosh, yurak, sil, istisqo xastaliklarini yuzaga keltiradi, ibodatdan to‘sadi, sharmu hayoni ketkazadi, insoniy munosabatlar va muruvvatga zarar yetkazadi”.
Yana fatvolarda kelishicha, “Giyohvand moddalarini iste’mol qilish va uning tijoratidan kelgan foyda ham harom sanaladi”.
Imom Sanoniy shunday deydi: “Giyohvandlik nima narsadan bo‘lishidan qat’i nazar mast qildimi yoki afyun kabi narsa bo‘lib iste’mol qilinishida kayf berdimi – u mutlaq haromdir”.
Imom A’zam (rahmutulohi alayh) mazhablaridagi oxirgi mujtahid ulamolardan Ibn Obidin hazratlari Ibn Hajardan naql etib shunday deydi: “Bang-afyun iste’mol etishda 120 xil diniy va dunyoviy zarar, ofatlar bo‘ladi”.
Insonning ikki dunyosini xarob qiladigan ushbu ofatdan uzoqda bo‘lish barchamizga nasib etsin!

Davronbek Tojialiyev tayyorladi