Болалар қотиллари – инсоният душманлари

Рукн: Долзарб мавзу Чоп этилган: 24.12.2014

Куни кеча оммавий ахборот воситаларида бутун дунё афкор оммасини ларзага солган ва огоҳликка яна бир бор даъват этган хабар тарқалди. Покистоннинг Пешовар шаҳридаги мактаблардан бирини тиш-тирноғигача қуролланган етти нафар жангарилар гаровга олди. Гаровдагилар жами 500 кишига яқин бўлиб, улардан асосий қисмни ўқувчилар ташкил этган. Жангарилар синфма-синф юриб, ўқитувчи ва ўқувчиларни аёвсиз ўлдирган.

Бу воқеа мутахассислар томонидан инсоният тарихида Беслан воқесидан кейинги мактаб ўқувчиларига нисбатан амалга оширилган иккинчи кенг кўламли террористик ҳаракат, деб баҳоланмоқда. 2004 йилнинг 1 сентябрида жангарилар Доғистондаги Беслан шаҳрида жойлашган 1-сонли мактабга ҳужум қилиб 1000 дан ортиқ кишини гаровга олган. Уч кун давомида уларни сувсиз, озиқ-овқатсиз ушлаб турган эди. Охир-оқибат гаровдагилардан 355 киши қурбон бўлиб, улардан 155 дан ортиғини мактаб ўқувчилари ташкил этган эди.

Пешовардаги мактабда жангарилар қўлида 140дан зиёд одам ҳалок бўлди. Уларнинг аксариятини ёш болалар ташкил этди. Юзлаб норасида болалар ярадор бўлдилар. Бу қабиҳ ишни Афғонистон ва Покистонда фаолият олиб бораётган “Покистон толибон ҳаракати” ташкилоти амалга оширганини ўз бўйнига олди.

Бир тасаввур қилинг... Биринчи синф ўқувчиси эндигина мактабга “Илм оламан, ўқийман”, деб борди. Борди ҳамки, бир гуруҳ қўпорувчилар унинг мактабига бостириб кириб, кўз ўнгида ўзи тенги ёш болаларни бирма-бир ўлдира кетди. Бола қандай аҳволга тушади? Унинг руҳияти нима бўлади? 10 йил олдинги “Беслан воқеалари” натижасида ҳали-ҳануз болаларнинг руҳиятини тиклаш борасида муолажалар қилинмоқда. Бу болаларнинг ҳам руҳиятини даволаш учун бундан кам муддат кетмайди. Ахир бу каби болаларни ўлдириш ўша қўпорувчиларга нима манфаат етказади?! Бегуноҳ болаларда нима айб? Уларнинг ҳам яшашга ҳақлари борку! Нима деб изоҳлашга ҳайронсан киши...

Пешоварда террористик ҳаракатни амалга оширган разил кимсалар “Ла илаҳа иллаллоҳ” каби сўзлар ёзилган матони пешоналарига боғлаб олиб, ислом динини ниқоб қилиб олишган. Ўзларини мусулмон сифатида кўрсатмоқчи бўлган бу жангарилар аслида ислом дини инсонларни эзгуликка, илм маърифатга чақиришидан буткул бехабарлар. Мактабда таълим тарбия олаётган бу мурғак қалб эгаларини қонларини тўкишдан кўра каттароқ ваҳшийлик борми?! Ислом дини шунга чақирадими?!

Муқаддас динимиз фарзандни Аллоҳ таоло инсонга берган энг буюк неъматлардан бири сифатида қадрлайди. Ҳадиси шарифлардан бирида Пайғамбар алайҳиссалом “Солиҳ фарзанд жаннат райҳонларидан бир райҳондир”, – деганлар.

Хўш, террорчиларнинг ҳали ўн гулдан бири очилмаган, мурғак ёш болаларни ўлдиришдан, уларга зулм қилишларидан муддаолари нима эди? Ахир Қуръони каримда:

Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса, гўё барча одамларга ҳаёт берибди” (Моида, 32-оят) дея марҳамат қилганку!

Бошқа бир оятда эса “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай” (“Нисо”, 93-оят), - деб бегуноҳ қон тўкишдан қайтарилган эмасми?!

Аллоҳ таоло Қуръони каримда

“Мол-мулк, фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир...” (“Каҳф” сураси, 46-оят)деб марҳамат қилган. 

 Динимизга кўра ёш болага азият бериш у ёқда турсин, ота-она ўз боласига қаттиқ гапириб, кўнглини оғритишдан қайтарилган ва уларга нисбатан мулойимлик билан муомалада бўлишга чақирилган. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бутун инсониятга гўзал бир ўрнак бўлганлар. Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (набиралари) Ҳасан ибн Алини ўпдилар. У зотнинг хузурларида Ақроъ ибн Ҳобис бор эди. У: “Менинг ўнта фарзандим бор-у, улардан бирортасини ўпмайман”, деди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: “Ким раҳм қилмаса, унга нисбатан ҳам раҳм қилинмайди”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

 Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

 من لا يرحم الناس لا يرحمه الله

 “Кимки, инсонларга раҳм қилмаса, Аллоҳ ҳам унга раҳм қилмайди”, – деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

 Имом Бухорий ўзларининг “ал-Жоме ас-Саҳиҳ”ларида бир гуруҳ аъробийлар Пайғамбар алайҳиссаломнинг ёш болаларга бўлган меҳрларидан ажабланганларида уларга қарата:

 أوأملك إن كان الله نزع من قلوبكم الرحمة

 “Аллоҳ қалбингиздан меҳр-шафқатни олиб қўйган бўлса, мен ўрнига солиб қўя олармидим”, – деганларини ривоят қилганлар.

 Абу Қатода Ҳорис ибн Рибъийдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

 إني لأقوم إلى الصلاة وأريد أن أطول فيها فأسمع بكاء الصبي فأتجوز فى صلاتى كراهية أن أشق على أمه

 “Намозга туриб уни узун қилишни хоҳлайман-у, гўдакнинг йиғи овозини эшитиб, онасига машаққат бўлмаслиги учун намозимни қисқароқ қиламан”, – деганлар (Имом Бухорий ривояти).

 Ушбу ҳадислар қаторини яна давом эттиришимиз мумкин. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган юзлаб ҳадисларда асл мусулмон киши ёш авлодга, покиза қалб эгаларига нисбатан қандай муомалада бўлиш кераклигини амалда кўрсатиб берганлар. Хўш, ушбу жангарилар ўзларини “мусулмон” қилиб кўрсатиб кимга эргашяптилар?! Оламларга раҳмат бўлган Пайғамбар алайҳиссаломгами ёки бошқаларгами?! Улар қайси динга эътиқод қиляптилар?! Тинчлик, эзгулик, меҳр-оқибат дини бўлмиш Ислом динигами ёки бошқагами?! Ахир бошқа динларда ҳам бегуноҳ болаларни қонини тўкишни қораланади-ку!

 бу масаланинг бир томони. Иккинчи томони эса динимиз ушбу “жаннат райҳонлари”ни ёшликдан таълим олишлари, илм ва маърифат ва эзгулик сари ёшликдан қадам ташлашларига даъват этади. Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллаҳу алайҳи васаллам: “Илм олиш фазилати ибодат қилиш фазилатидан яхшироқдир”, – деганлар (Табароний, Баззор ва Ҳоким ривояти). етук фақиҳлигидан “имомларнинг  қуёши” дея танилган буюк бобакалонимиз Имом Сарахсий ўзларининг “Мабсут” номли китобларида: “Аллоҳга имон келтиришдан сўнг фарзларнинг энг муҳимроғи илм талаб қилишдир”, – деганлар.

 Илм оладиган масканлар мактаблар ҳисобланади. Муҳтарам Президентимиз “Юксак маънавият - енгилмас куч” номли китобларида таъкидлаганларидек: “дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касблар ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир”.

 Бу жангарилар эса, ўзларига исломни ниқоб қилиб, айни шу ислом таълимотига амал қилиб илм-таҳсил олётган ёш болаларни умрига зомин бўлди. Бундай хунрезликни амалга ошираётганлар, ўзларини гўёки дин ҳимоячиси сифатида кўраётган бу инсоният кушандалари ислом инсонларни илм олишга чақирганини, ҳатто ибодатларнинг улуғи қилиб қўйганини, илм масканлари эса, мактаблар эканини наҳот билмасалар?!

 Юқорида қайд этилганлардан хулоса қилиш мумкинки, бугунги кунда тинчликни асраш, фитналардан ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшаш жамиятдаги барча фуқароларимиз учун долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Азиз ва бетакрор юртимиз, тинчликсевар ва меҳнаткаш халқимизни турли қабиҳ кучларнинг хуружидан авайлаб-асраб яшайлик. Жаннатнинг райҳонлари, келжагимиз эгалари бўлган фарзандларимизни асраб-авайлаб вояга етказайлик.

 Ҳайдархон Юлдашходжаев,

 Тошкент ислом институти ректори

* * *

Kuni kecha ommaviy axborot vositalarida butun dunyo afkor ommasini larzaga solgan va ogohlikka yana bir bor da’vat etgan xabar tarqaldi. Pokistonning Peshovar shahridagi maktablardan birini tish-tirnog‘igacha qurollangan yetti nafar jangarilar garovga oldi. Garovdagilar jami 500 kishiga yaqin bo‘lib, ulardan asosiy qismni o‘quvchilar tashkil etgan. Jangarilar sinfma-sinf yurib, o‘qituvchi va o‘quvchilarni ayovsiz o‘ldirgan.

Bu voqea mutaxassislar tomonidan insoniyat tarixida Beslan voqesidan keyingi maktab o‘quvchilariga nisbatan amalga oshirilgan ikkinchi keng ko‘lamli terroristik harakat, deb baholanmoqda. 2004 yilning 1 sentyabrida jangarilar Dog‘istondagi Beslan shahrida joylashgan 1-sonli maktabga hujum qilib 1000 dan ortiq kishini garovga olgan. Uch kun davomida ularni suvsiz, oziq-ovqatsiz ushlab turgan edi. Oxir-oqibat garovdagilardan 355 kishi qurbon bo‘lib, ulardan 155 dan ortig‘ini maktab o‘quvchilari tashkil etgan edi.

 Peshevardagi maktabda jangarilar qo‘lida 140dan ziyod odam halok bo‘ldi. Ularning aksariyatini yosh bolalar tashkil etdi. Yuzlab norasida bolalar yarador bo‘ldilar. Bu qabih ishni Afg‘oniston va Pokistonda faoliyat olib borayotgan “Pokiston tolibon harakati” tashkiloti amalga oshirganini o‘z bo‘yniga oldi.

 Bir tasavvur qiling... Birinchi sinf o‘quvchisi endigina maktabga “Ilm olaman, o‘qiyman”, deb bordi. Bordi hamki, bir guruh qo‘poruvchilar uning maktabiga bostirib kirib, ko‘z o‘ngida o‘zi tengi yosh bolalarni birma-bir o‘ldira ketdi. Bola qanday ahvolga tushadi? Uning ruhiyati nima bo‘ladi? 10 yil oldingi “Beslan voqealari” natijasida hali-hanuz bolalarning ruhiyatini tiklash borasida muolajalar qilinmoqda. Bu bolalarning ham ruhiyatini davolash uchun bundan kam muddat ketmaydi. Axir bu kabi bolalarni o‘ldirish o‘sha qo‘poruvchilarga nima manfaat yetkazadi?! Begunoh bolalarda nima ayb? Ularning ham yashashga haqlari borku! Nima deb izohlashga hayronsan kishi...

 Peshovarda terroristik harakatni amalga oshirgan razil kimsalar “La ilaha illalloh” kabi so‘zlar yozilgan matoni peshonalariga bog‘lab olib, islom dinini niqob qilib olishgan. O‘zlarini musulmon sifatida ko‘rsatmoqchi bo‘lgan bu jangarilar aslida islom dini insonlarni ezgulikka, ilm ma’rifatga chaqirishidan butkul bexabarlar. Maktabda ta’lim tarbiya olayotgan bu murg‘ak qalb egalarini qonlarini to‘kishdan ko‘ra kattaroq vahshiylik bormi?! Islom dini shunga chaqiradimi?!

 Muqaddas dinimiz farzandni Alloh taolo insonga bergan eng buyuk ne’matlardan biri sifatida qadrlaydi. Hadisi shariflardan birida Payg‘ambar alayhissalom “Solih farzand jannat rayhonlaridan bir rayhondir”, – deganlar.

 Xo‘sh, terrorchilarning hali o‘n guldan biri ochilmagan, murg‘ak yosh bolalarni o‘ldirishdan, ularga zulm qilishlaridan muddaolari nima edi? Axir Qur’oni karimda:

 Kimki biron jonni o‘ldirmagan va yerda buzg‘unchilik qilib yurmagan odamni o‘ldirsa, go‘yo barcha odamlarni o‘ldiribdi va kimki unga hayot ato etsa, go‘yo barcha odamlarga hayot beribdi” (Moida, 32-oyat) deya marhamat qilganku!

 Boshqa bir oyatda esa “Kimda-kim qasddan bir mo‘minni o‘ldirsa, uning jazosi jahannamda abadiy qolishdir. Yana unga Alloh g‘azab qilgay, la’natlagay va unga ulkan azobni tayyorlab qo‘ygay” (“Niso”, 93-oyat), - deb begunoh qon to‘kishdan qaytarilgan emasmi?!

 Alloh taolo Qur’oni karimda

  “Mol-mulk, farzandlar dunyo hayotining ziynatidir...” (“Kahf” surasi, 46-oyat)deb marhamat qilgan. 

 Dinimizga ko‘ra yosh bolaga aziyat berish u yoqda tursin, ota-ona o‘z bolasiga qattiq gapirib, ko‘nglini og‘ritishdan qaytarilgan va ularga nisbatan muloyimlik bilan muomalada bo‘lishga chaqirilgan. Bu borada Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning o‘zlari butun insoniyatga go‘zal bir o‘rnak bo‘lganlar. Abu Hurayra (r.a.)dan rivoyat qilingan hadisi sharifda shunday deyiladi: “Rasululloh sollallohu alayhi vasallam (nabiralari) Hasan ibn Alini o‘pdilar. U zotning xuzurlarida Aqro’ ibn Hobis bor edi. U: “Mening o‘nta farzandim bor-u, ulardan birortasini o‘pmayman”, dedi. Shunda Payg‘ambar alayhissalom: “Kim rahm qilmasa, unga nisbatan ham rahm qilinmaydi”, dedilar (Imom Buxoriy va Imom Muslim rivoyati).

 Jobir ibn Abdullohdan rivoyat qilingan hadisi sharifda Rasululloh sollallohu alayhi vasallam:

 من لا يرحم الناس لا يرحمه الله

 “Kimki, insonlarga rahm qilmasa, Alloh ham unga rahm qilmaydi”, – deganlar (Imom Buxoriy va Imom Muslim rivoyatlari).

 Imom Buxoriy o‘zlarining “al-Jome as-Sahih”larida bir guruh a’robiylar Payg‘ambar alayhissalomning yosh bolalarga bo‘lgan mehrlaridan ajablanganlarida ularga qarata:

 أوأملك إن كان الله نزع من قلوبكم الرحمة

 “Alloh qalbingizdan mehr-shafqatni olib qo‘ygan bo‘lsa, men o‘rniga solib qo‘ya olarmidim”, – deganlarini rivoyat qilganlar.

 Abu Qatoda Horis ibn Rib’iydan rivoyat qilingan hadisi sharifda Rasululloh sollallohu alayhi vasallam:

 إني لأقوم إلى الصلاة وأريد أن أطول فيها فأسمع بكاء الصبي فأتجوز فى صلاتى كراهية أن أشق على أمه

 “Namozga turib uni uzun qilishni xohlayman-u, go‘dakning yig‘i ovozini eshitib, onasiga mashaqqat bo‘lmasligi uchun namozimni qisqaroq qilaman”, – deganlar (Imom Buxoriy rivoyati).

 Ushbu hadislar qatorini yana davom ettirishimiz mumkin. Rasululloh sallallohu alayhi vasallamdan rivoyat qilingan yuzlab hadislarda asl musulmon kishi yosh avlodga, pokiza qalb egalariga nisbatan qanday muomalada bo‘lish kerakligini amalda ko‘rsatib berganlar. Xo‘sh, ushbu jangarilar o‘zlarini “musulmon” qilib ko‘rsatib kimga ergashyaptilar?! Olamlarga rahmat bo‘lgan Payg‘ambar alayhissalomgami yoki boshqalargami?! Ular qaysi dinga e’tiqod qilyaptilar?! Tinchlik, ezgulik, mehr-oqibat dini bo‘lmish Islom dinigami yoki boshqagami?! Axir boshqa dinlarda ham begunoh bolalarni qonini to‘kishni qoralanadi-ku!

 bu masalaning bir tomoni. Ikkinchi tomoni esa dinimiz ushbu “jannat rayhonlari”ni yoshlikdan ta’lim olishlari, ilm va ma’rifat va ezgulik sari yoshlikdan qadam tashlashlariga da’vat etadi. Huzayfa ibn Yamon roziyallohu anhudan rivoyat qilingan hadisi sharifda Payg‘ambar sollallahu alayhi vasallam: “Ilm olish fazilati ibodat qilish fazilatidan yaxshiroqdir”, – deganlar (Tabaroniy, Bazzor va Hokim rivoyati). yetuk faqihligidan “imomlarning  quyoshi” deya tanilgan buyuk bobakalonimiz Imom Saraxsiy o‘zlarining “Mabsut” nomli kitoblarida: “Allohga imon keltirishdan so‘ng farzlarning eng muhimrog‘i ilm talab qilishdir”, – deganlar.

 Ilm oladigan maskanlar maktablar hisoblanadi. Muhtaram Prezidentimiz “Yuksak ma’naviyat - yengilmas kuch” nomli kitoblarida ta’kidlaganlaridek: “dunyo imoratlari ichida eng ulug‘i maktab bo‘lsa, kasblar ichida eng sharaflisi o‘qituvchilik va murabbiylikdir”.

 Bu jangarilar esa, o‘zlariga islomni niqob qilib, ayni shu islom ta’limotiga amal qilib ilm-tahsil olyotgan yosh bolalarni umriga zomin bo‘ldi. Bunday xunrezlikni amalga oshirayotganlar, o‘zlarini go‘yoki din himoyachisi sifatida ko‘rayotgan bu insoniyat kushandalari islom insonlarni ilm olishga chaqirganini, hatto ibodatlarning ulug‘i qilib qo‘yganini, ilm maskanlari esa, maktablar ekanini nahot bilmasalar?!

 Yuqorida qayd etilganlardan xulosa qilish mumkinki, bugungi kunda tinchlikni asrash, fitnalardan hushyor va ogoh bo‘lib yashash jamiyatdagi barcha fuqarolarimiz uchun dolzarb vazifa bo‘lib qolmoqda. Aziz va betakror yurtimiz, tinchliksevar va mehnatkash xalqimizni turli qabih kuchlarning xurujidan avaylab-asrab yashaylik. Jannatning rayhonlari, keljagimiz egalari bo‘lgan farzandlarimizni asrab-avaylab voyaga yetkazaylik.

 Haydarxon Yuldashxodjaev,

 Toshkent islom instituti rektori

www.buxoriy.uz saytidan olindi.