Миссионерлар мўлжали

Рукн: Долзарб мавзу Чоп этилган: 08.12.2014

Бугун масофалар қисқараётган, муносабатлар яқинлашаётган, ҳазоралар, маданиятлар муштараклашаётган, замон тили билан айтганда, ҳамма нарса «глобаллашаётган» бир даврда яшаб турибмиз. Иқтисод ва сиёсатнинг глобалллашуви маданиятлар глобаллашувига сабаб бўлмоқда.
Ўзи чуқур маънавий жарликдан чиқишга йўл тополмай боши қотган мустамлакачилар бугун демократия ниқоби остида мусулмон давлатлар ёшлари онгини заҳарлаш, мингйиллик синовларга дош берган ҳақ йўлдан тойдириш, уларни жаҳолат, бузуқлик, нодонликка бошлаш билан глобал бошқарувга эришиш учун бор ҳунарини ишга соляпти. Бу йўлда миссионерлик ҳаракатларидан, ўз турмуш тарзини тарғибот-ташвиқот қилишдан, «поп-маданият»у, оммавий ахборот воситаларидан, хуллас, таъсир ўтказишнинг барча усулларидан кенг фойдаланмоқда.
Мақсадлар аниқ: нима қилиб бўлса ҳам давлат, миллат келажаги, таянчи бўлмиш ёшларни бузиш, тўғри йўлдан оздириш ва шу тариқа мамлакатни маънавий истило этиш! Бу ғоялар бугун туғилмаган, бу режалар бугун тузилмаган, балки жуда кўҳна китобнинг битикларидир. Мустамлакачилар бундан юз, икки юз, уч юз йил бурун ҳам худди шундай йўл тутишган. Мусулмон ўлкаларни ичдан бузиш учун юборилган бир хорижлик жосуснинг фаолият режасида «Мусулмон ўлкаларда... халқни диндан чалғитиш учун... ёшлар кўнглида динларига нисбатан шубҳа ва зиддият уйғотиш керак», деган йўриқнома ёзилган экан.
Онгли ёшларимиз дўст киму душман ким эканини яхши ажратиб олишлари керак. Тажрибали боксчи каби туйқус зарбанинг қаёқдан тушишини сергаклик билан, ички туйғу орқали сезиб олишлари зарур. Мақсадига етиш йўлида ҳеч нарсадан тап тортмайдиган душман қаршисида турганларини унутишга ҳақлари йўқ.
Бугунги кунда ана шу хатарли душман ёшларимиз юрагини эгаллаш учун бор кучини ташлаган, барча тадбирларини ишга солган. Насронийлик «тарғиботчи»лари — миссионерлар дунёнинг ҳамма жойида изғиб юришибди. Амриқолик насронийлик ҳаракати тадқиқотчиси Дэвид Борит ёзишича, канисаларга тушган маблағдан йилига 150-160 миллиард доллар пул насронийликни тарғиб ва Исломни ёмонотлиқ қилиш йўлида харжланмоқда. Жаҳоннинг ҳамма ерида йилига 22,7 миллион нусха масиҳий даврий нашр, 72,5 миллион нусха Инжил тарқатилмоқда.
Миссионерлар фақат булар билан кифояланиб қолишаётгани йўқ. Улар ёш, ҳали тараққиёт йўлига тўла тушмаган мамлакатлар ночорлигидан ўз мақсадларида фойдаланиб қолишга интилишмоқда. Хайр-саховат ва ёрдам ниқоби остида шифохоналар, ўқув марказлари, хайрия муассасалари, тарбия ўчоқлари ташкил этишяпти. Аҳолининг ночор қатламлари қалбига йўл топиш учун уларга пул, кийим-кечак, озиқ-овқат, дори-дармон тарқатишмоқда. Тошкентлик бир талабанинг ҳикоясига кўра, аввал унга дўсти орқали ташвиқот ишлари бошлашган, қароргоҳларига таклиф этишган. Мусиқа қўйиб беришган, енгилгина зиёфат билан сийлашган, у ёқ-бу ёқдан суҳбат қуришган. Кетаётганида қўлига пул тутқазишган. Бир неча марта бу аҳвол такрорлангач, ниҳоят бирга ибодат қилишга даъват этишган. Талабани бунга кўндиролмагач, уни қаттиқ ҳақоратлаб, берган пулларини тортиб олишган.
Мана бу воқеани эса жиззахлик бир журналист сўзлаб берди: «Хўжаликлардан бирига мақола ёзгани борувдим. Ишимни битириб, туман марказига бориш учун далалар оралаб пиёда йўлга чиқдим. Шу пайт тутқатор орасидан бир ўзбек аёли чиқиб салом берди ва мени гапга сола бошлади. Унинг ниятини билишга қизиқиб, саволларига жавоб бериб турдим. Бирдан у Ислом динининг қолоқ, урушқоқ дин экани, ҳозирги пайтда нажот фақат насронийликдалиги ҳақида гапира бошлади. Ўзим диндор бўлмасам-да, унинг бу гапи ғашимга тегди. Ақлим етганича гапларининг ёлгон эканини фош қила бошладим. Шунда аёл «Ишонмасангиз, мана буларни ўқиб кўринг, кейин тушуниб оласиз», деди-да, халтасидан сифатли қоғозларга босилган рангли суратли бир неча масиҳий китобларни қўлимга тутқазмоқчи бўлди. Табиийки, қизиқиб турсам-да, уларни олишдан бош тортдим ва «Ҳозир мелиса чақираман», деб у ёқ-бу ёққа алангладим. Аёл қандай пайдо бўлган бўлса, шундай тутқатор ичига кириб ғойиб бўлди. Миссионерлар фақат пойтахтда ташвиқот олиб боради, деб ўйларканман. Чўлнинг энг чекка қишлоқларида ҳам китоб тарқатиб юришганини кўриб ҳайронликда қолдим».
Ўзбекистон Республикасининг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунида (5-модда) «Бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелитизм), шунингдек, бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти ман этилади», деб ёзиб қўйилган. Аммо мамлакатга турли йўллар ва баҳоналар билан кириб келган айрим миссионерлар қонунларимизни назар-писанд қилмай, мусулмонларни ўз динларига даъват қилишяпти. Тақиқланган китобларни, аудио-видео тасмалар ва дискларни кўча-кўйларда, жамоат жойларида, ўқув юртларида тарқатишга уринишяпти. Айниқса, улар олий ўқув юртлари талабалари орасида фаол иш олиб бораётганлари ҳақида талабаларнинг ўзлари куюниб гапириб беришди.
Бир қарашда беозор кўринган «тарғиботчи»ларнинг китоб ёки пул улашишлари аслида узоқни кўзлаб, пухта режа билан олиб борилаётган сиёсатнинг бир кўриниши, холос. Исломий ўлкаларни қурол кучи билан енгиб бўлмасликка кўзи етиб қолган мустамлакачилар энди улар устига фикрий ва маданий юриш қилишга, ақидаси ва анъаналарини мусулмонлар ўртасида ёйишга уринишмоқда. Демократия, маданият, тараққиёт олиб кириш баҳонасида диний ва миллий асосларга зарба беришга, мусулмонлар юрагидан имон, эътиқод, ишончни чиқариб ташлашга интилмоқда.
Миссионерларнинг бир раҳбари очиқроқ айтиб қўя қолди: «Миссионерлик гуруҳларининг мақсади фақатгина насронийликни ёйиш бўлмай, балки Ислом оламини насроний ғарб ҳукмига бўйсундиришдир» («Ислом нури» газетаси, 1992 йил 43—44-сон).
Ана шу кураш ва ҳаракатлар «меваси»ни бериб турибди. Улар қанчалаб мамлакатларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётини издан чиқариб, яхлит халқларни бир қанча гуруҳ ва табақаларга ажратиб юборди. Оқибатда, жойларда миллий, диний аҳилликка, сиёсий барқарорликка путур етди. Масалан, Индонезияда ҳаракат қилаётган миссионерлар йигирма беш йил мобайнида 250 минг одамни насронийлаштиришга эришди ва улар яшаётган Шарқий Тиморни мамлакатдан ажратиб олишди. Африқо қитъасидаги беш миллион талабанинг таълими миссионерлар қўлида. Ливан, Сомали, Индонезия, Болқон ва бошқа минтақаларда вақти-вақти билан алангаланиб турадиган фуқаролик урушларида, динлараро тўқнашувларда ҳам миссионерларнинг «холис хизматлари» бор.
Бизнинг мамлакатда янги ҳодиса бўлган бу миссионерлик ҳаракатларини илмий, ижтимоий ва сиёсий нуқтаи назардан ўрганиш пайти келди.

Абдулла Нодиров.
“Ҳидоят” журналининг 2009-йил 2-сонидан олинди.

 

* * *


Bugun masofalar qisqarayotgan, munosabatlar yaqinlashayotgan, hazoralar, madaniyatlar mushtaraklashayotgan, zamon tili bilan aytganda, hamma narsa «globallashayotgan» bir davrda yashab turibmiz. Iqtisod va siyosatning globalllashuvi madaniyatlar globallashuviga sabab bo‘lmoqda.
O‘zi chuqur ma’naviy jarlikdan chiqishga yo‘l topolmay boshi qotgan mustamlakachilar bugun demokratiya niqobi ostida musulmon davlatlar yoshlari ongini zaharlash, mingyillik sinovlarga dosh bergan haq yo‘ldan toydirish, ularni jaholat, buzuqlik, nodonlikka boshlash bilan global boshqaruvga erishish uchun bor hunarini ishga solyapti. Bu yo‘lda missionerlik harakatlaridan, o‘z turmush tarzini targ‘ibot-tashviqot qilishdan, «pop-madaniyat»u, ommaviy axborot vositalaridan, xullas, ta’sir o‘tkazishning barcha usullaridan keng foydalanmoqda.
Maqsadlar aniq: nima qilib bo‘lsa ham davlat, millat kelajagi, tayanchi bo‘lmish yoshlarni buzish, to‘g‘ri yo‘ldan ozdirish va shu tariqa mamlakatni ma’naviy istilo etish! Bu g‘oyalar bugun tug‘ilmagan, bu rejalar bugun tuzilmagan, balki juda ko‘hna kitobning bitiklaridir. Mustamlakachilar bundan yuz, ikki yuz, uch yuz yil burun ham xuddi shunday yo‘l tutishgan. Musulmon o‘lkalarni ichdan buzish uchun yuborilgan bir xorijlik josusning faoliyat rejasida «Musulmon o‘lkalarda... xalqni dindan chalg‘itish uchun... yoshlar ko‘nglida dinlariga nisbatan shubha va ziddiyat uyg‘otish kerak», degan yo‘riqnoma yozilgan ekan.
Ongli yoshlarimiz do‘st kimu dushman kim ekanini yaxshi ajratib olishlari kerak. Tajribali bokschi kabi tuyqus zarbaning qayoqdan tushishini sergaklik bilan, ichki tuyg‘u orqali sezib olishlari zarur. Maqsadiga yetish yo‘lida hech narsadan tap tortmaydigan dushman qarshisida turganlarini unutishga haqlari yo‘q.
Bugungi kunda ana shu xatarli dushman yoshlarimiz yuragini egallash uchun bor kuchini tashlagan, barcha tadbirlarini ishga solgan. Nasroniylik «targ‘ibotchi»lari — missionerlar dunyoning hamma joyida izg‘ib yurishibdi. Amriqolik nasroniylik harakati tadqiqotchisi Devid Borit yozishicha, kanisalarga tushgan mablag‘dan yiliga 150-160 milliard dollar pul nasroniylikni targ‘ib va Islomni yomonotliq qilish yo‘lida xarjlanmoqda. Jahonning hamma yerida yiliga 22,7 million nusxa masihiy davriy nashr, 72,5 million nusxa Injil tarqatilmoqda.
Missionerlar faqat bular bilan kifoyalanib qolishayotgani yo‘q. Ular yosh, hali taraqqiyot yo‘liga to‘la tushmagan mamlakatlar nochorligidan o‘z maqsadlarida foydalanib qolishga intilishmoqda. Xayr-saxovat va yordam niqobi ostida shifoxonalar, o‘quv markazlari, xayriya muassasalari, tarbiya o‘choqlari tashkil etishyapti. Aholining nochor qatlamlari qalbiga yo‘l topish uchun ularga pul, kiyim-kechak, oziq-ovqat, dori-darmon tarqatishmoqda. Toshkentlik bir talabaning hikoyasiga ko‘ra, avval unga do‘sti orqali tashviqot ishlari boshlashgan, qarorgohlariga taklif etishgan. Musiqa qo‘yib berishgan, yengilgina ziyofat bilan siylashgan, u yoq-bu yoqdan suhbat qurishgan. Ketayotganida qo‘liga pul tutqazishgan. Bir necha marta bu ahvol takrorlangach, nihoyat birga ibodat qilishga da’vat etishgan. Talabani bunga ko‘ndirolmagach, uni qattiq haqoratlab, bergan pullarini tortib olishgan.
Mana bu voqeani esa jizzaxlik bir jurnalist so‘zlab berdi: «Xo‘jaliklardan biriga maqola yozgani boruvdim. Ishimni bitirib, tuman markaziga borish uchun dalalar oralab piyoda yo‘lga chiqdim. Shu payt tutqator orasidan bir o‘zbek ayoli chiqib salom berdi va meni gapga sola boshladi. Uning niyatini bilishga qiziqib, savollariga javob berib turdim. Birdan u Islom dinining qoloq, urushqoq din ekani, hozirgi paytda najot faqat nasroniylikdaligi haqida gapira boshladi. O‘zim dindor bo‘lmasam-da, uning bu gapi g‘ashimga tegdi. Aqlim yetganicha gaplarining yolgon ekanini fosh qila boshladim. Shunda ayol «Ishonmasangiz, mana bularni o‘qib ko‘ring, keyin tushunib olasiz», dedi-da, xaltasidan sifatli qog‘ozlarga bosilgan rangli suratli bir necha masihiy kitoblarni qo‘limga tutqazmoqchi bo‘ldi. Tabiiyki, qiziqib tursam-da, ularni olishdan bosh tortdim va «Hozir melisa chaqiraman», deb u yoq-bu yoqqa alangladim. Ayol qanday paydo bo‘lgan bo‘lsa, shunday tutqator ichiga kirib g‘oyib bo‘ldi. Missionerlar faqat poytaxtda tashviqot olib boradi, deb o‘ylarkanman. Cho‘lning eng chekka qishloqlarida ham kitob tarqatib yurishganini ko‘rib hayronlikda qoldim».
O‘zbekiston Respublikasining «Vijdon erkinligi va diniy tashkilotlar to‘g‘risida»gi Qonunida (5-modda) «Bir diniy konfessiyadagi dindorlarni boshqasiga kiritishga qaratilgan xatti-harakatlar (prozelitizm), shuningdek, boshqa har qanday missionerlik faoliyati man etiladi», deb yozib qo‘yilgan. Ammo mamlakatga turli yo‘llar va bahonalar bilan kirib kelgan ayrim missionerlar qonunlarimizni nazar-pisand qilmay, musulmonlarni o‘z dinlariga da’vat qilishyapti. Taqiqlangan kitoblarni, audio-video tasmalar va disklarni ko‘cha-ko‘ylarda, jamoat joylarida, o‘quv yurtlarida tarqatishga urinishyapti. Ayniqsa, ular oliy o‘quv yurtlari talabalari orasida faol ish olib borayotganlari haqida talabalarning o‘zlari kuyunib gapirib berishdi.
Bir qarashda beozor ko‘ringan «targ‘ibotchi»larning kitob yoki pul ulashishlari aslida uzoqni ko‘zlab, puxta reja bilan olib borilayotgan siyosatning bir ko‘rinishi, xolos. Islomiy o‘lkalarni qurol kuchi bilan yengib bo‘lmaslikka ko‘zi yetib qolgan mustamlakachilar endi ular ustiga fikriy va madaniy yurish qilishga, aqidasi va an’analarini musulmonlar o‘rtasida yoyishga urinishmoqda. Demokratiya, madaniyat, taraqqiyot olib kirish bahonasida diniy va milliy asoslarga zarba berishga, musulmonlar yuragidan imon, e’tiqod, ishonchni chiqarib tashlashga intilmoqda.
Missionerlarning bir rahbari ochiqroq aytib qo‘ya qoldi: «Missionerlik guruhlarining maqsadi faqatgina nasroniylikni yoyish bo‘lmay, balki Islom olamini nasroniy g‘arb hukmiga bo‘ysundirishdir» («Islom nuri» gazetasi, 1992 yil 43—44-son).
Ana shu kurash va harakatlar «mevasi»ni berib turibdi. Ular qanchalab mamlakatlarning ijtimoiy-siyosiy hayotini izdan chiqarib, yaxlit xalqlarni bir qancha guruh va tabaqalarga ajratib yubordi. Oqibatda, joylarda milliy, diniy ahillikka, siyosiy barqarorlikka putur yetdi. Masalan, Indoneziyada harakat qilayotgan missionerlar yigirma besh yil mobaynida 250 ming odamni nasroniylashtirishga erishdi va ular yashayotgan Sharqiy Timorni mamlakatdan ajratib olishdi. Afriqo qit’asidagi besh million talabaning ta’limi missionerlar qo‘lida. Livan, Somali, Indoneziya, Bolqon va boshqa mintaqalarda vaqti-vaqti bilan alangalanib turadigan fuqarolik urushlarida, dinlararo to‘qnashuvlarda ham missionerlarning «xolis xizmatlari» bor.
Bizning mamlakatda yangi hodisa bo‘lgan bu missionerlik harakatlarini ilmiy, ijtimoiy va siyosiy nuqtai nazardan o‘rganish payti keldi.

Abdulla Nodirov.
“Hidoyat” jurnalining 2009-yil 2-sonidan olindi.