Миссионерлар тузоғидан сақланинг

Рукн: Долзарб мавзу Чоп этилган: 08.12.2014

Ватанимиз мустақилликка эришганидан сўнг маънавиятни юксалтириш, диний қадриятларни тиклаш борасида катта ишлар қилинди. Мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та диний конфессия ўртасида тотувлик, бағрикенглик ҳукм сураётганини алоҳида айтиш мумкин.
Лекин диний қадриятлар эркинлигидан ғаразли мақсадда фойдаланувчилар чиқиб қолгани ҳам ҳақиқат. Бундайлардан баъзилари муқаддас Ислом дини номидан иш юритиб, унга доғ тушираётган экстремистик ҳамда террористик оқим ва ташкилотлар бўлса, бошқалари христиан динини ниқоб қилиб олган секталар ва уларнинг “миссионерлари”дир.
Жаҳон динларидан саналган насронийлик (христианлик)да турли секталар борлиги ушбу дин кенг тарқалган мамлакатларда катта муаммога айланган. Маълумотларга кўра, ўтган аср етмишинчи йилларида ривожланган мамлакатларда мазкур диннинг 1500 дан 5000 гача турли йўналишлари бўлган. Лекин аҳоли уларни қабул қилмагани учун кўпи ҳозир йўқолиб кетган. Франция бўйича келтирилган маълумотга кўра, ушбу давлатда ҳозирда 170 га яқин секта ва уларнинг саккиз юзта шаҳобчаси мавжуд экан. Аслида, ўрта асрларда христианлик динининг католик ва православ йўналишлари мустаҳкам илдиз отган эди. Бироқ протестантлик ажралиб чиққач, унинг ўзида турли оқимлар кўпайди.
Хўш, секталар ва уларни тарғиб қилаётган “миссионер”ларнинг нима зарари бор, деган савол туғилиши мумкин. Асосий эътиборни мана шу жиҳатга қаратсак. Биринчидан, миссионерлик натижасида маълум бир динга эътиқод қилувчилар орасига анъанавий диндан ташқари ўзга дин кириб келади. Унинг ортидан ўзгача дунёқараш, урф-одат ҳам ёйила бошлайди. Бу эса ўз навбатида одамлар ўртасида диний, эътиқодий, ғоявий, фикрий бўлиниш ва қарама-қаршиликни вужудга келтиради. Иккинчидан, “ташвиқот” натижасида бир динни иккинчи диндан устун қўйиш, ўз “диндошлари”га бошқача муносабату “ғайрилар”га ўзгача муносабат шаклланади ва бу муносабат оила, қавм-қариндошчилик, қўни-қўшничиликка ҳамда жамият бирдамлигига жиддий салбий таъсир кўрсатади. Учинчидан, бундай бўлиниш одамларнинг хусуматлашиши, жамиятдаги муаммоларни якдил ҳал қилмаслиги, охир-оқибат иқтисодий, ижтимоий, сиёсий соҳаларда ҳам муаммолар бўлишига олиб келади. Тўртинчидан, ўзга таъсир доирасига тушганларнинг миссионерлар тобеъларига айланиб қолишлари, уларнинг буйруқлари, кўрсатмаларига сўзсиз итоат қилишлари натижасида разил ишларга ҳам қўл урилади. Умуман олганда, бу услуб давлат ва жамиятни парчалаш, уни таназзулга юз туттириш, маънан қашшоқлаштириш, ўз муаммолари билан машғул қилдириб, мамлакатнинг бошқа муҳим вазифаларидан чалғитишнинг энг яхши воситаларидан ҳисобланади.
Санаб ўтилган омилларнинг ўзиёқ бундай секталар ва уларнинг тарғиботчилари жамият ва давлатга катта хавф туғдиришига етарли далилдир.  
Айни пайтда разил натижаларга эришишга интилувчи кучларнинг ўз даъватчиларини доимо қўллаб-қувватлаб туриши ҳам уларга қарши курашнинг узоқ чўзилишига сабаб бўлишини ҳам эсдан чиқара олмаймиз.
Миссионерлар ва улар мансуб секталарни ажратиб олишнинг жиҳатлари қуйидагилардан иборат:
—     кўпчиликни анъанавий диндан узоқлаштириш. Бунинг натижасида оиладан, яқинлардан, жамиятдан узоқлашиш ҳолатлари келиб чиқади. “Миссионер”лар одамлардаги, жамиятдаги, мамлакатдаги баъзи бир камчилик ва “гуноҳ ишлар”ни рўкач қилиб, теварак-атрофга салбий муносабатда бўлишга ҳамда бошқаларда шундай муҳитни шакллантиришга интиладилар. Улар ҳаворий Павелнинг қуйидаги сўзини нотўғри талқин қилишади: «Худо: “Уларнинг орасидан ажралиб чиқинг ва нопок нарсаларга тегманг”, дейди»;
—     ўзларини “тўғри йўлдагилар ” деб санаш. Аъзолар сектадаги ҳар бир амални ўзларига қоида, сафдошларини эса, “қардош” билиб, қолган барча нарсаларни инкор қилишади;
—     секта аъзолигига аста-секин ва якка тартибда қабул қилиш. Дастлаб, ўзига оғдирмоқчи бўлган киши билан турли масалаларда, масалан, дин, Яратувчи ҳақида суҳбатлашилади, ҳамма қабул қиладиган мўътадил фикрлар айтилиб, ўз сўзлари маъқул топтирилгачгина мақсадга ўтилади. Сўнг ўзларининг жамоавий тадбир ва суҳбатларига олиб борилади. Ишонч ҳосил бўлганидагина унга жиддийроқ масалалар айтилади. Белгиланган босқичлардан ўтган киши аъзо қилиб олинади. Ҳеч қачон оммавий тарзда “дин қабул қилдирилмайди”;
—     қатъий тартиб-интизом. Сектада белгиланган тартибларга амал қилиш барча аъзоларга шартдир. Сир ошкор қилинмайди. Қоидаларни бузганларга жамоадан вақтинча ёки умуман четлатилиши каби турли жазо чоралари кўрилади;
—     марказлашган бошқарув. Секталарнинг таркибий тузилмасига кўра, кичик жамоадагилар ўша жамоа раҳбарига, у ҳам ўз навбатида каттароқ раҳбарга итоат этади. Охир-оқибат раҳбарларнинг барчаси марказий бошлиққа бўйсунади. Масалан, “Иеҳова гувоҳлари”да бундай: “Биз теократик ташкилотни унинг содиқ ва итоатгўй қули (секта раҳбари) билан тан олишимиз даркор... қулга нисбатан қарши чиқиш Иеҳова (Илоҳ)га нисбатан қарши чиқиш саналади”;
—     барча учун лозим бўлган муқаддас иш. Жамоа аъзолари секта ғояларини фаол тарқатиш, сектага тааллуқли ишларни қолган барча нарсадан устун қўйиб, уни биринчи галда бажариш, керак бўлса, бу йўлда оила, ота-она, фарзанд, яқинлар, жамиятни тарк қилиш ёки уларга қарши чиқишга тарғиб қилинади. Шунингдек, “тарғиботчилар” янги аъзоларни “Худога олиб боришлари” ҳам шарт ҳисобланади. Бу йўлда улар ҳеч нарсадан тап тортишмайди: алдаш, ҳийла ишлатиш, ўзини ростгўй, тақводор, бахтли, омадли, бой ёки қийналган, эзилган қилиб кўрсатиш каби бир қанча услублардан фойдаланишади. Агар уларни эшитмасликка ҳаракат қилсангиз, бошқачароқ мавзуда сўз очишади ва тарғибдан тўхташмайди. Улар ишонч ва матонат билан сўзлашга буюрилган. Шу сабаб, улар нима қилиб бўлса-да, одамлар ишончига кириш, уларни ўз томонига оғдириб олишга бор кучини сарф қилишади.
Шуни эсдан чиқармаслик лозим: тарғиботчи бирор бошқа динга эътиқод қилувчи одамга ҳеч қачон ўз динини устун қўйиб, бошқанинг динини камситишдан гап бошламайди. Балки дастлаб, ўз дини билан унинг дини ўртасидаги муштаракликларга тўхталади. Масалан, Исо пайғамбар Исломда ҳам пайғамбар сифатида тан олинади, дейди. Шу сабаб миссионер Исонинг (алайҳиссалом) буюклиги, Куръоннинг бир нечта оятларида зикр этилганини айтиб, Инжилдаги мисоллар билан бойитади. Аслида эса, у Қуръони каримни тан оладими ёки йўқми, деган савол очиқ турибди. Суҳбатдош юқоридаларга кўнсагина, кейинги босқичга ўтилади. Бу ҳолатни ўзбек тилида чоп этилаётган китобларда ҳам кузатиш мумкин. Демак, “ҳар бир ялтираган нарсани олтин дейиш” хато экан.
Миссионер инсонни жалб қилиш мақсадида одамга ширин ва мулойим сўзларни айтиши, керак бўлса, унинг ташқи жиҳатлари ёқимли экани, кийими ўзига жуда ярашгани, юзи нуронийлиги ва шу каби мақтов сўзларини айтишдан тап тортмайди. Агар унга телефон рақамингизни ёки уй манзилингизни берсангиз борми, минг узрлар билан сизни безовта қилишни бошлайди.
Даъватчилар фан ва техника ривожлангани сари тарғиб қилишнинг китоб ва варақалар таркатиш услубларидан интернет, радио, телевидение, журнал ва газета каби замонавий ютуқлардан тобора кенг фойдаланишга ўтишяпти. Шунингдек, улар аёлларнинг кўпроқ таъсирчанлиги ва ёшларнинг дунёқараши етарли даражада шаклланмаганидан ғаразли мақсадларда фойдаланишга уринишмокда. Ўз навбатида ёшлар янги куч сифатида доимо керакдир.
Баъзи секталар тўғрисида россиялик олимлар келтирган маълумотлар диққатга сазовордир. Аниқланишича, секта аъзолари орасида ёлғиз аёллар 45 фоизни, қирқ ёшдан юқори бевалар 54 фоизни, 30—40 ёшлилар ичида эрга тегмаганлари 14 фоизини ташкил этар экан. Шу билан бирга, секта таъсирига тушганлар ичида 39,2 фоизини нафақахўрлар, 5,2 фоизини ногиронлар, 12,4 фоизини уй бекалари, 24 фоизини вақтинча ишламайдиганлар, 69 фоизини умуман ишламайдиганлар ташкил қилади. Бу ҳол ўз навбатида аъзолар орасида ёлғиз, мулоқотга муҳтож, меҳнат тажрибаси ва билим савияси паст бўлганларнинг кўплиги ва ижтимоий ҳаётда кийналганларга кўпроқ эътибор қаратилишини қўрсатади. Чунки бундай кишиларнинг миссионерлар тўрига илинишлари нисбатан осонроқ кечади. Лекин, шу билан бирга, аҳолининг тўкис, фаровон қисмига ҳам алоҳида эътибор каратилишини таъкидлаш лозим.
Бу томондан секта аъзоларини шартли равишда уч гуруҳга бўлиш мумкин:
Биринчиси, секта йўл-йўриқларига амал қиладиган, лекин тўлақонли равишда унга кирмаган, сектадаги баъзи бир жиҳатларга қўшилмасалар-да, лекин кескин эътироз билдирмайдиганлар.
Иккинчиси, ишонувчилар. Улар кўпинча секта манбалари, битикларини ўқийдилар, ибодатларда қатнашадилар, баъзи бир нозик масалаларни англаб етмаган бўлсаларда, таълимотнинг умумий жиҳатларини билиб, Янги Аҳдни ўқиганлар.
Учинчи гуруҳ вакилларини бир сўз билан “ўта берилганлар” деб аташ мумкин. Улар секта таълимотига муккасидан кетган кишилар бўлиб, кескин ишларни қилишдан ҳам қайтишмайди.
Шу ўринда табиий савол туғилади: бундай секталарга кириб қолганларни қандай қилиб ундан қайтариш мумкин. Бу иш анча мушкул ва секта аъзоси ундан ўз ихтиёри билан осонликча чиққиси келмайди. Сектанинг бошқа сафдошлари ҳам бунга қаттиқ қаршилик кўрсатишади. Бу ерда “касални даволагандан кўра, унинг олдини олган яхши” деган матални келтирган маъқул. Бошқачароқ айтганда, профилактик-тарғибот ишларини кучайтириш зарур.
Аъзоларни бу хатарли йўлдан қайтаришда қуйидаги икки услуб фойдадан холи эмас:
Аввало, яқинлари уни сектадан мажбурий равишда ажратиб олиб, у ҳатто эшитишни хоҳламаган аччиқ ҳақиқатни, яъни миясини заҳарлаганлари, “устози” нақадар ёлғончи ва қаллоб экани, сектанинг асл келиб чиқиши ҳамда мақсадлари каби маълумотлар етказилади. Бу услуб кескинроқ бўлса-да, фойдаси кўпрокдир.
Кейингиси, насиҳат услуби бўлиб, керакли мутахассислар, руҳшунослар ёрдамида тушунтириш берилади. Кейинчалик унга танлаш ихтиёри топширилади. Тўғри, сектадан чиққан кишининг олдинги ҳаётга мослашиши руҳий жиҳатдан осон кечмайди. Шу билан бирга, атрофидагиларнинг эътибори, кайта тарбияси, панду насиҳатлари, ёрдамлари ҳам кам бўлмаслиги лозим. Чунки миссионерлар уни ўз сафларига қўшиб олишга қанчалик каттиқ ҳаракат қилганларини эсдан чиқариб бўлмайди.
Умуман олганимизда, инсон оила, маҳалла, жамиятдан айри яшай олмайди. Шу сабабли, ўзимизга жиддий эътибор каратмоғимиз, эътиқод ва иродамизни бўшаштирмаслигимиз ва қолаверса, ён-атрофимиздаги кишиларга нисбатан масъулиятимизни ҳис этишимиз даркор. Бир кишининг нотўғри йўлдан қайтиб, тўғри йўлни топишига сабаб бўлиш бизга дунё ва ундаги барча нарсалардан аъло экани тўғрисидаги ҳадисни эсдан чиқармайлик.

Даврон Мақсудов
“Ҳидоят” журналининг 2009 йил, 10-сонидан олинди.

 

* * *

 

Missionerlar tuzog‘idan saqlaning


Vatanimiz mustaqillikka erishganidan so‘ng ma’naviyatni yuksaltirish, diniy qadriyatlarni tiklash borasida katta ishlar qilindi. Mamlakatimizda 130 dan ortiq millat va elat hamda 16 ta diniy konfessiya o‘rtasida totuvlik, bag‘rikenglik hukm surayotganini alohida aytish mumkin.
Lekin diniy qadriyatlar erkinligidan g‘arazli maqsadda foydalanuvchilar chiqib qolgani ham haqiqat. Bundaylardan ba’zilari muqaddas Islom dini nomidan ish yuritib, unga dog‘ tushirayotgan ekstremistik hamda terroristik oqim va tashkilotlar bo‘lsa, boshqalari xristian dinini niqob qilib olgan sektalar va ularning “missionerlari”dir.
Jahon dinlaridan sanalgan nasroniylik (xristianlik)da turli sektalar borligi ushbu din keng tarqalgan mamlakatlarda katta muammoga aylangan. Ma’lumotlarga ko‘ra, o‘tgan asr yetmishinchi yillarida rivojlangan mamlakatlarda mazkur dinning 1500 dan 5000 gacha turli yo‘nalishlari bo‘lgan. Lekin aholi ularni qabul qilmagani uchun ko‘pi hozir yo‘qolib ketgan. Frantsiya bo‘yicha keltirilgan ma’lumotga ko‘ra, ushbu davlatda hozirda 170 ga yaqin sekta va ularning sakkiz yuzta shahobchasi mavjud ekan. Aslida, o‘rta asrlarda xristianlik dinining katolik va pravoslav yo‘nalishlari mustahkam ildiz otgan edi. Biroq protestantlik ajralib chiqqach, uning o‘zida turli oqimlar ko‘paydi.
Xo‘sh, sektalar va ularni targ‘ib qilayotgan “missioner”larning nima zarari bor, degan savol tug‘ilishi mumkin. Asosiy e’tiborni mana shu jihatga qaratsak. Birinchidan, missionerlik natijasida ma’lum bir dinga e’tiqod qiluvchilar orasiga an’anaviy dindan tashqari o‘zga din kirib keladi. Uning ortidan o‘zgacha dunyoqarash, urf-odat ham yoyila boshlaydi. Bu esa o‘z navbatida odamlar o‘rtasida diniy, e’tiqodiy, g‘oyaviy, fikriy bo‘linish va qarama-qarshilikni vujudga keltiradi. Ikkinchidan, “tashviqot” natijasida bir dinni ikkinchi dindan ustun qo‘yish, o‘z “dindoshlari”ga boshqacha munosabatu “g‘ayrilar”ga o‘zgacha munosabat shakllanadi va bu munosabat oila, qavm-qarindoshchilik, qo‘ni-qo‘shnichilikka hamda jamiyat birdamligiga jiddiy salbiy ta’sir ko‘rsatadi. Uchinchidan, bunday bo‘linish odamlarning xusumatlashishi, jamiyatdagi muammolarni yakdil hal qilmasligi, oxir-oqibat iqtisodiy, ijtimoiy, siyosiy sohalarda ham muammolar bo‘lishiga olib keladi. To‘rtinchidan, o‘zga ta’sir doirasiga tushganlarning missionerlar tobe’lariga aylanib qolishlari, ularning buyruqlari, ko‘rsatmalariga so‘zsiz itoat qilishlari natijasida razil ishlarga ham qo‘l uriladi. Umuman olganda, bu uslub davlat va jamiyatni parchalash, uni tanazzulga yuz tuttirish, ma’nan qashshoqlashtirish, o‘z muammolari bilan mashg‘ul qildirib, mamlakatning boshqa muhim vazifalaridan chalg‘itishning eng yaxshi vositalaridan hisoblanadi.
Sanab o‘tilgan omillarning o‘ziyoq bunday sektalar va ularning targ‘ibotchilari jamiyat va davlatga katta xavf tug‘dirishiga yetarli dalildir. 
Ayni paytda razil natijalarga erishishga intiluvchi kuchlarning o‘z da’vatchilarini doimo qo‘llab-quvvatlab turishi ham ularga qarshi kurashning uzoq cho‘zilishiga sabab bo‘lishini ham esdan chiqara olmaymiz.
Missionerlar va ular mansub sektalarni ajratib olishning jihatlari quyidagilardan iborat:
—     ko‘pchilikni an’anaviy dindan uzoqlashtirish. Buning natijasida oiladan, yaqinlardan, jamiyatdan uzoqlashish holatlari kelib chiqadi. “Missioner”lar odamlardagi, jamiyatdagi, mamlakatdagi ba’zi bir kamchilik va “gunoh ishlar”ni ro‘kach qilib, tevarak-atrofga salbiy munosabatda bo‘lishga hamda boshqalarda shunday muhitni shakllantirishga intiladilar. Ular havoriy Pavelning quyidagi so‘zini noto‘g‘ri talqin qilishadi: «Xudo: “Ularning orasidan ajralib chiqing va nopok narsalarga tegmang”, deydi»;
—     o‘zlarini “to‘g‘ri yo‘ldagilar ” deb sanash. A’zolar sektadagi har bir amalni o‘zlariga qoida, safdoshlarini esa, “qardosh” bilib, qolgan barcha narsalarni inkor qilishadi;
—     sekta a’zoligiga asta-sekin va yakka tartibda qabul qilish. Dastlab, o‘ziga og‘dirmoqchi bo‘lgan kishi bilan turli masalalarda, masalan, din, Yaratuvchi haqida suhbatlashiladi, hamma qabul qiladigan mo‘‘tadil fikrlar aytilib, o‘z so‘zlari ma’qul toptirilgachgina maqsadga o‘tiladi. So‘ng o‘zlarining jamoaviy tadbir va suhbatlariga olib boriladi. Ishonch hosil bo‘lganidagina unga jiddiyroq masalalar aytiladi. Belgilangan bosqichlardan o‘tgan kishi a’zo qilib olinadi. Hech qachon ommaviy tarzda “din qabul qildirilmaydi”;
—     qat’iy tartib-intizom. Sektada belgilangan tartiblarga amal qilish barcha a’zolarga shartdir. Sir oshkor qilinmaydi. Qoidalarni buzganlarga jamoadan vaqtincha yoki umuman chetlatilishi kabi turli jazo choralari ko‘riladi;
—     markazlashgan boshqaruv. Sektalarning tarkibiy tuzilmasiga ko‘ra, kichik jamoadagilar o‘sha jamoa rahbariga, u ham o‘z navbatida kattaroq rahbarga itoat etadi. Oxir-oqibat rahbarlarning barchasi markaziy boshliqqa bo‘ysunadi. Masalan, “Iehova guvohlari”da bunday: “Biz teokratik tashkilotni uning sodiq va itoatgo‘y quli (sekta rahbari) bilan tan olishimiz darkor... qulga nisbatan qarshi chiqish Iehova (Iloh)ga nisbatan qarshi chiqish sanaladi”;
—     barcha uchun lozim bo‘lgan muqaddas ish. Jamoa a’zolari sekta g‘oyalarini faol tarqatish, sektaga taalluqli ishlarni qolgan barcha narsadan ustun qo‘yib, uni birinchi galda bajarish, kerak bo‘lsa, bu yo‘lda oila, ota-ona, farzand, yaqinlar, jamiyatni tark qilish yoki ularga qarshi chiqishga targ‘ib qilinadi. Shuningdek, “targ‘ibotchilar” yangi a’zolarni “Xudoga olib borishlari” ham shart hisoblanadi. Bu yo‘lda ular hech narsadan tap tortishmaydi: aldash, hiyla ishlatish, o‘zini rostgo‘y, taqvodor, baxtli, omadli, boy yoki qiynalgan, ezilgan qilib ko‘rsatish kabi bir qancha uslublardan foydalanishadi. Agar ularni eshitmaslikka harakat qilsangiz, boshqacharoq mavzuda so‘z ochishadi va targ‘ibdan to‘xtashmaydi. Ular ishonch va matonat bilan so‘zlashga buyurilgan. Shu sabab, ular nima qilib bo‘lsa-da, odamlar ishonchiga kirish, ularni o‘z tomoniga og‘dirib olishga bor kuchini sarf qilishadi.
Shuni esdan chiqarmaslik lozim: targ‘ibotchi biror boshqa dinga e’tiqod qiluvchi odamga hech qachon o‘z dinini ustun qo‘yib, boshqaning dinini kamsitishdan gap boshlamaydi. Balki dastlab, o‘z dini bilan uning dini o‘rtasidagi mushtarakliklarga to‘xtaladi. Masalan, Iso payg‘ambar Islomda ham payg‘ambar sifatida tan olinadi, deydi. Shu sabab missioner Isoning (alayhissalom) buyukligi, Kur’onning bir nechta oyatlarida zikr etilganini aytib, Injildagi misollar bilan boyitadi. Aslida esa, u Qur’oni karimni tan oladimi yoki yo‘qmi, degan savol ochiq turibdi. Suhbatdosh yuqoridalarga ko‘nsagina, keyingi bosqichga o‘tiladi. Bu holatni o‘zbek tilida chop etilayotgan kitoblarda ham kuzatish mumkin. Demak, “har bir yaltiragan narsani oltin deyish” xato ekan.
Missioner insonni jalb qilish maqsadida odamga shirin va muloyim so‘zlarni aytishi, kerak bo‘lsa, uning tashqi jihatlari yoqimli ekani, kiyimi o‘ziga juda yarashgani, yuzi nuroniyligi va shu kabi maqtov so‘zlarini aytishdan tap tortmaydi. Agar unga telefon raqamingizni yoki uy manzilingizni bersangiz bormi, ming uzrlar bilan sizni bezovta qilishni boshlaydi.
Da’vatchilar fan va texnika rivojlangani sari targ‘ib qilishning kitob va varaqalar tarkatish uslublaridan internet, radio, televidenie, jurnal va gazeta kabi zamonaviy yutuqlardan tobora keng foydalanishga o‘tishyapti. Shuningdek, ular ayollarning ko‘proq ta’sirchanligi va yoshlarning dunyoqarashi yetarli darajada shakllanmaganidan g‘arazli maqsadlarda foydalanishga urinishmokda. O‘z navbatida yoshlar yangi kuch sifatida doimo kerakdir.
Ba’zi sektalar to‘g‘risida rossiyalik olimlar keltirgan ma’lumotlar diqqatga sazovordir. Aniqlanishicha, sekta a’zolari orasida yolg‘iz ayollar 45 foizni, qirq yoshdan yuqori bevalar 54 foizni, 30—40 yoshlilar ichida erga tegmaganlari 14 foizini tashkil etar ekan. Shu bilan birga, sekta ta’siriga tushganlar ichida 39,2 foizini nafaqaxo‘rlar, 5,2 foizini nogironlar, 12,4 foizini uy bekalari, 24 foizini vaqtincha ishlamaydiganlar, 69 foizini umuman ishlamaydiganlar tashkil qiladi. Bu hol o‘z navbatida a’zolar orasida yolg‘iz, muloqotga muhtoj, mehnat tajribasi va bilim saviyasi past bo‘lganlarning ko‘pligi va ijtimoiy hayotda kiynalganlarga ko‘proq e’tibor qaratilishini qo‘rsatadi. Chunki bunday kishilarning missionerlar to‘riga ilinishlari nisbatan osonroq kechadi. Lekin, shu bilan birga, aholining to‘kis, farovon qismiga ham alohida e’tibor karatilishini ta’kidlash lozim.
Bu tomondan sekta a’zolarini shartli ravishda uch guruhga bo‘lish mumkin:
Birinchisi, sekta yo‘l-yo‘riqlariga amal qiladigan, lekin to‘laqonli ravishda unga kirmagan, sektadagi ba’zi bir jihatlarga qo‘shilmasalar-da, lekin keskin e’tiroz bildirmaydiganlar.
Ikkinchisi, ishonuvchilar. Ular ko‘pincha sekta manbalari, bitiklarini o‘qiydilar, ibodatlarda qatnashadilar, ba’zi bir nozik masalalarni anglab yetmagan bo‘lsalarda, ta’limotning umumiy jihatlarini bilib, Yangi Ahdni o‘qiganlar.
Uchinchi guruh vakillarini bir so‘z bilan “o‘ta berilganlar” deb atash mumkin. Ular sekta ta’limotiga mukkasidan ketgan kishilar bo‘lib, keskin ishlarni qilishdan ham qaytishmaydi.
Shu o‘rinda tabiiy savol tug‘iladi: bunday sektalarga kirib qolganlarni qanday qilib undan qaytarish mumkin. Bu ish ancha mushkul va sekta a’zosi undan o‘z ixtiyori bilan osonlikcha chiqqisi kelmaydi. Sektaning boshqa safdoshlari ham bunga qattiq qarshilik ko‘rsatishadi. Bu yerda “kasalni davolagandan ko‘ra, uning oldini olgan yaxshi” degan matalni keltirgan ma’qul. Boshqacharoq aytganda, profilaktik-targ‘ibot ishlarini kuchaytirish zarur.
A’zolarni bu xatarli yo‘ldan qaytarishda quyidagi ikki uslub foydadan xoli emas:
Avvalo, yaqinlari uni sektadan majburiy ravishda ajratib olib, u hatto eshitishni xohlamagan achchiq haqiqatni, ya’ni miyasini zaharlaganlari, “ustozi” naqadar yolg‘onchi va qallob ekani, sektaning asl kelib chiqishi hamda maqsadlari kabi ma’lumotlar yetkaziladi. Bu uslub keskinroq bo‘lsa-da, foydasi ko‘prokdir.
Keyingisi, nasihat uslubi bo‘lib, kerakli mutaxassislar, ruhshunoslar yordamida tushuntirish beriladi. Keyinchalik unga tanlash ixtiyori topshiriladi. To‘g‘ri, sektadan chiqqan kishining oldingi hayotga moslashishi ruhiy jihatdan oson kechmaydi. Shu bilan birga, atrofidagilarning e’tibori, kayta tarbiyasi, pandu nasihatlari, yordamlari ham kam bo‘lmasligi lozim. Chunki missionerlar uni o‘z saflariga qo‘shib olishga qanchalik kattiq harakat qilganlarini esdan chiqarib bo‘lmaydi.
Umuman olganimizda, inson oila, mahalla, jamiyatdan ayri yashay olmaydi. Shu sababli, o‘zimizga jiddiy e’tibor karatmog‘imiz, e’tiqod va irodamizni bo‘shashtirmasligimiz va qolaversa, yon-atrofimizdagi kishilarga nisbatan mas’uliyatimizni his etishimiz darkor. Bir kishining noto‘g‘ri yo‘ldan qaytib, to‘g‘ri yo‘lni topishiga sabab bo‘lish bizga dunyo va undagi barcha narsalardan a’lo ekani to‘g‘risidagi hadisni esdan chiqarmaylik.

Davron Maqsudov
“Hidoyat” jurnalining 2009 yil, 10-sonidan olindi.