Ислом ва умумий таълим

Рукн: Долзарб мавзу Чоп этилган: 03.05.2014

Сарвари олам Пайғамбаримиз с.а.в 40 ёшга тўлганларида, Ҳиро ғорида, Аллоҳ таоло ўзининг энг охирги ва мукаммал динини инсониятга жўнатишининг бошланиши ўлароқ олган энг биринчи буйруқлари “ЎҚИ” деган сўз бўлди. Сўнгра чексиз илм ва ҳикмат соҳиби бўлган Парвардигори Олам Қуръони каримнинг биринчи оятини нозил қилди.

“Ўқи, яратган Роббинг номи билан”. (Алақ сураси, 1 оят)
Муқаддас динимизнинг ер юзига нозил бўлишининг “Ўқи” калимаси билан бошланганининг ўзи, илм ўрганишнинг фарзлигига, амалларнинг афзали эканлигига инкор этиб бўлмас далилдир.

Қолaверса, айнан шу буйруқни маҳкам ушлаган ва ақлларини ўқиш, ўрганиш, изланишга астойдил ишлатган халқларнинг дунё саҳнасида етишган даражалари, мавқеълари ҳам илмнинг, ўқиш ва ўрганишнинг энг муҳим ва афзал амал эканига ҳаётий далилдир. Бас шундай экан, мусулмонлар ҳам ғафлат уйқусидан уйғониб, масала талашиш, мазҳаб талашишларни ташлаб, илм-фан билан астойдил шуғулланишлари шарт.

Айтиш мумкинки, бугунги куннинг энг долзарб, устувор вазифаси ёшларимизни дунё стандартлари даражасида, керак бўлса унданда юқори даражада билимли қилиб тарбиялашдир. Токи, шу соҳадаги илғорликка етилмас экан, фақатгина ўтган буюк аждодларимиз билан фахрланиб, бугунги ожизлигимизни чучук гаплар билан яшириб, ўзимизни алдаб юраверишга мажбурмиз.

Шундай экан, бугунги энг катта хизмат, энг катта жиҳод, энг катта кураш илм-фан майдонидаги курашдир. Фақат шу майдондаги ғалаба бугунги куннинг ҳақиқий ғалабаси бўлади. Шу мақсадда, қалбида заррача умматнинг ғами, халқнинг дарди бор юртдошларимизнинг барчаси ўзларининг бор имкониятларни, ҳаракатларини шу соҳага сафарбар этишлари керак.

Миллатимизнинг ичдан емирилишига сабаб бўлаётган, дунёю-охират учун фақат зарарли бўлган риёкорона маросимпарастликлардан воз кечишимиз, ноўрин сарфланаётган беҳисоб маблағларни, ҳимматларни келажак авлод таълими, юксалиши йўлида ишлатишга буришимиз лозим.

Шундай умуммиллий сафарбарлик билангина қисқа муддат ичида халқимиз сезиларли натижаларга эришиши, ўзига муносиб ўрнини эгаллаши, ўзини кимларнинг авлодлари эканини амалда исбот этиши мумкин.

Бинобарин, мусулмонларнинг бугунги аҳволи ҳар бир фикрли, ақлли, соғлом дидга эга одамни ўйлашга, ўз ўйларида, фикрларида кескин бурилишлар ясашга мажбур этади. Акс ҳолда ўша таназзул, тафриқа ва қолоқлик ботқоғига ботаверишдан бошқа чора йўқ.

Шунинг учун уммат устидаги ўз масъулиятини, Аллоҳ, Дин олдидаги жавобгарлигини ҳис этган ҳар бир ақл эгаси, ҳақиқий мусулмон уламолар янги, илғор, ихчам, диннинг фақат рукну-фарзларини ўргатадиган, мусулмонларни бирлаштирадиган дастурни тузишлари, жорий этишлари лозим. Фақат шундагина ўзларини ҳам, умматни ҳам ҳалокатдан қутқаришлари мумкин.

Бунинг учун дин ва дунё илмларидан бохабар, ҳар хил таассублардан холи, диннинг моҳиятини, бутун оламларга раҳмат бўлиб келганини тушунган, инсон зотини энг юксак ахлоққа, маданиятга эриштирувчи неъмат эканига иймони мустаҳкам, зиёли, аслни сохтадан ажратиш, қўшимчалардан тозалаш салоҳиятига эга, қалби Аллоҳнинг бандаларига бўлган меҳр-мурувватга тўла инсонлардан иборат бир ишчи гуруҳ уюштирилиши керак. Бу ишчи гуруҳ келажак авлодни қўшимчалардан тозаланган, ҳақиқий асл ислом руҳида тарбияловчи замонавий, гўзал ва мукаммал бир дарс системасини ишлаб чиқишлари зарур.

Албатта, халқимиз орасида юқори интеллектдаги, зиёли олимлар етарли. Диний уламоларимиз ичида ҳам ҳозирги ҳолатдан кўнгли тўлмаётган, ўз тушунчалари ва дунёқарашларининг воқеъликка тўғри келмаётганидан ҳайрон юртдошларимиз, мусулмонларимиз дардига малҳам бўлгудай бирор иш қилиш умидидаги оқкўнгил, софдил одамларимиз бисёрдир. Бу иккала тоифа олим ва уламолар биргаликда, баҳамжиҳат ҳаракат қилсалар ниҳоятда самарали натижаларга эришиш мумкин.

Дин ва дунё олимларининг бундай баҳамжиҳат ишлашлари дарс системаларини аввало бир тарафламаликдан сақлаб қолса, иккинчидан халқнинг ҳамма тоифалари манфаатига, дунёқарашига зид бўлмагани учун ҳамма тоифа тарафидан яхши қабул қилинишини, охир-оқибат тескари натижа бермаслигини, халқ орасида ҳамжиҳатлик, ҳамфикрлилик ва бирлик юзага келишини таъминлайди.

Дунёю-охират учун фойдали, келажак авлод тарққиёти, бахт-саодати учун зарур бундай хайрли ишга барчалари ўз илму-иқтидорларини, куч-ғайратларини аямасдан бажонидил ҳисса қўшсалар керак.

Бинобарин бундай яхшиликка чақирувчи, жамиятнинг бирлигини, жипслигини таъминлайдиган, ҳеч бир жамиятнинг тинчлигига, осойишталигига раҳна солмайдиган, дунёдаги энг олийжаноб инсонни тарбиялайдиган дарс системасини чўчимай умумий таълим мактабларига киргизишга ҳаракат қилиш лозим.

Зеро, ёшликда олинган таълим, тушунча тошга ёзилган хатдай бир умрга инсон онгида сақланиб, унинг бутун умри давомида ҳаёт йўлини белгиловчи муҳим омил бўлиб қолади. Шунинг учун мактабларда асл исломнинг асослари, ғоялари ҳақида мукаммал тушунча берилиши керак.

Бу ёшларни кейинчалик ҳар хил шубҳали, реакцион, экстремистик оқимлар ва гуруҳларга эргашиб кетишдан сақлаб қолади. Акс ҳолда, инсонпарвар, тинчликсевар, асл ислом ҳақида ҳеч қандай тушунча олмаган мусулмон фарзандлари бир кун келиб ўз руҳоний эҳтиёжларини қондирмоқчи бўлган вақтда дуч келган оқимларга эргашиб кетаверадилар.

Бехабарлик кўрликдир. Кўрни эса ким қаёққа етакласа кетаверади...

Дарҳақиқат, юртимизда, кўз ўнгимизда содир бўлаётган ҳолатлардан хулоса қилиб айтганда, аксар мутаассиб, гап уқмас зомбиларга айланиб қолган ёшларнинг тарбия, ҳаёт босқичларини кузатсангиз, ёшлигида диндан анча узоқ, “ипини узган” безори бўлиб юрган одамлар ҳам кимдир 20, кимдир 30, кимдир 40 ёшда ёки кейинроқ бўлса ҳам, бир кун келиб дўппини ерга қўйиб ўтган умрини сарҳисоб қилар экан.

Тирикчиликдан, бир хил ҳаёт тарзидан зерикиш сабабми, ёки худонинг инсоф берганими, ҳар тугул руҳоний туйғулари уйғониб дуч келган бирор домланинг этагини тутишга ва шу домласининг айтганини қилишга ҳаракат қила бошлайди.

Умрининг кўп қисмини ибодатсиз, ҳар хил тарзда ўтказгани учун ҳам бу одамларда ўтган умридан афсусланиш, ўзини гуноҳкор сезиш, ҳамда дин, худо йўлида бирор жиддийроқ хизмат қилиб қолиш туйғуси анча кучли. Афсуски, исломнинг ҳақиқий моҳиятидан, тинчлик, саломатлик, инсонпарварлик дини эканидан бехабар ўсган бу инсонларни дин, худо номи билан гапириб ким қаёққа етакласа кетаверадилар.

Бундай одамларнинг халқ ичида кўпчиликни ташкил қилиши, ҳар хил шубҳали диний-экстремистик оқимларнинг ўз фаолиятларини кучайтиришлари учун жуда қулай замин яратиб келмоқда. Уларнинг таъсирига тушиб қолган ёшларнинг бутун қариндош-уруғ, таниш-билишларининг қайтарувлари, ҳатто ота-онасининг оқ қилишлари ҳам танлаган хато йўлларидан қайтара олмаётгани, охир-оқибат ўз умрларини ҳазон қилиб, яқинлари тақдирларини ҳам вайрон қилаётганлари, афсуски оддий бир ҳолга айланиб қолмоқда.

Шунингдек, бундай шубҳали, мутаассиб оқимларга аралашиб, уларнинг тўрларига илиниб, гап уқмас, жоҳил зомбиларга айланиб, юртимизда содир бўлаётган кўнгилсиз ҳодисаларга сабаб бўлаётган қанча-қанча ёшларимизнинг ачинарли аҳволлари бунга гувоҳдир...

Бундан ташқари, Аллоҳ таоло инсон табиатидаги руҳонийлик, сиғиниш ва иймон туйғуси учун ажратиб қўйган бўшлиқни, дин номи билан берилиб келаётган сохта таълимотлар эгаллаб олмасидан аввал, ҳақиқий диний таълимот билан банд этиш лозим.

Бу соҳадаги эътиборсизлик, масъулиятсизлик ва сустлик туфайли диндошлар, юртдошлар, бир шаҳар, бир маҳалла одамлари, ҳатто бир тўшакда катта бўлган ака-укалар ҳам ҳар хил, булғанган “диний таълимотлар” таъсирида ашаддий душманларга айланиб қолмоқдалар. Бутун ислом оламида, хусусан юртларимиздаги мусулмонларнинг орасидаги ҳамжиҳатлик, биродарлик, ўзаро ҳурмат, инсонпарварлик ва тинчликсеварликнинг йўқолиб кетганининг сабаби ҳам айнан шу бўлса ажаб эмас.

Зеро, бир муаммо юзага келганда “Мен кўрмасам ҳеч ким кўрмайди” деган туяқушдай бу муаммодан кўз юмиш мутлақо тўғри эмас. Қайтанга ўша муаммонинг аслини, илдизини чуқур ўрганиб, касалини, хато кетган ерларини ислоҳ қилиб, ўнглаб, ҳар қандай энергияни, қувватни, кучни жиловлашга, халқ манфаати, равнақи, фойдаси учун сафарбар қилишга уринишлик энг тўғри ва оқилона тадбир бўлади.

Шу ўринда бир мисол. Ҳеч қандай техник воситалар йўқ замонда кетмону белкураклар билан 283 километр узунликдаги Катта Фарғона каналини қандайдир 45 кунда халқ кучи билан бунёд этилди. Ўзининг бундай мўъжизакор, қаҳрамонона меҳнатлари билан юртимиз халқи бутун дунёни лол қолдиргани кишида ифтихор туйғусини уйғотмаслиги мумкин эмас.

Водий белига тортилган кумуш камардай қуёшда ярқираб, товланиб оқаётган, секундига 180 кубометргача сув ўтказиш қувватига эга бу канал қарийб 70 йилдан бери 250 минг гектардан ошиқ ерларга жон бахш этиб, миллионлаб одамларимизга ризқ улашиб келмоқда...

Бундан ташқари, эл-юртнинг манфаати учун фойдали бу иншоотдан токи сув оқиб, одамлар фойдаланиб турар эканлар бу - иншоот қурилишига ўз ҳиссаларини қўшган барча одамларга тинимсиз савоби етиб турувчи садақаи жориядир, узлуксиз яхшиликдир.

Халқни яхши ишларга сафарбар этиш натижаси ўлароқ бунёдга келган бу улкан иншоот халқимиз кучига, иродасига бўлган гўзал ва буюк бир гувоҳдир.

Бинобарин, юртдошларимиз қалбидаги иймон, эътиқод ҳам жуда катта кучдир. Бу кучни ҳам жуда эҳтиёткорлик, ҳассослик, донолик ва ҳурмат эҳтиром билан изчил равишда халқ манфаати, юксалиши, бирлиги учун йўналтириш лозим.

Агар бу кучни бошқаришга, тўғри йўлга солишга ҳаракат қилмай ўз ҳолига ташлаб қўйилса қандай мудҳиш оқибатларга олиб келишига узоқ ва яқин тарих давомидаги кечмишлар, хусусан бевосита қўшни давлатларда бўлиб ўтган даҳшатли биродаркушлик урушлари ёрқин далилдир. Шунинг учун мавжуд фаол ва ўта катта таъсирга эга бу кучни, энергияни ёшликдан тўғри ва фойдали ўзанга буриш, эътибордан четда қолдирмаслик, доимий назоратда ушлаш ва бошқариш лозим.

Бу муҳим ва катта кучни диннинг моҳиятини тушунмай нотўғри талқин этувчи, мутаассиб, жиғилдон қулига айланган, калтабин хурофотчилар қўлига бериб қўйилгани, ҳамда бу бирор яхши иш устида ҳеч қачон боши бирлашмаган, бирлашмайдиган мутаассибларнинг тумтарақай ҳаракатлари туфайли юрт осойишталиги бузилиб, узлуксиз безовталиклар юзага келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Халқнинг қалбини, онгини, тушунчасини бундай чалғитувчи, тараққиётдан, юксакликка интилишдан тўсувчи қузғунлар чангалидан қутқариш лозим.

Бу нодон, жоҳил, мутаассиб “дин жонкуярлари”нинг бутун ислом оламини ички зиддиятлар ботқоғига ботириб энг қолоқ ва жоҳиллар юртларига айлантириб, ҳаммани эсанкиратиб юраётганларини унутмаслик керак.

Тўғри, тарихнинг хатоси деб тан олинган етмиш йиллик худосизлик тузуми давридаги иймон-эътиқодли одамларнинг давлатга, давлат сиёсатига қаршиликлари ва душманликлари табиийки, тушунарли ҳол эди. Яратганга беадад шукрлар бўлсинким, охир-оқибат бу мустабид даҳрий тузум ўз-ўзини еб, ичдан чириб битди ва дунё харитасидан ўчиб кетди.

Лекин Фитрату-Чўлпон, Беҳбудию-Усмон Носирларнинг орзулари, армонлари бўлган, Аллоҳнинг инояти билан бошимизга буюк неъмат бўлиб келган истиқлолимиздан кейин ҳам бу буюк неъматнинг шукронасини қилиш, юртимиз равнақи, давлатимиз тараққиётининг бирор соҳасига айтарли улуш қўшиш уёқда турсин, жилла қурса жамиятнинг бирлигига, жипслигига ўз ҳиссаларини қўшиш ўрнига, фақат сувни лойқалатаётган, ҳар хил кўнгилсиз воқеалар ва безовталикларнинг сабабчиси бўлаётган бу хурофотчиларнинг ғаламисликларини нима деб тушуниш мумкин?

Ибн Сино, Улуғбек, Бухорий, Термизий, Хоразмий, Фарғоний, Беруний ва Навоий авлодлари бўлган халқимизнинг қалбига, онгига, иймону иродасига ишониб, суяниб, оқилона тадбир билан тўғри ўзанга қайтариб, барчани, барча қувватни халқимиз онги, савияси, таълимини юксалтиришга сафарбар этилса, қисқа вақт ичида бу халқ орасидан минглаб Ибн Синолар, Улуғбеклар, Бухорию-Термизийлар, Хоразмию-Фарғонийлар, Берунийлар ва Навоийлар етишиб чиқиши, халқимиз ҳам илғор халқлар қаторидан жой олиб, оламни яна ўз ютуқлари билан лол қолдиришлари шубҳасиз.

Фақат бунга халқ онгида ишонч уйғотиб, фидоийлик билан астойдил ҳаракат қилиш керак. Дарвоқеъ, бундай оқилона тадбир одамларимизнинг давлатга, давлат сиёсатига бўлган ишончини, ҳурматини оширади. Халқ орасида якдилликни, бирликни, жипсликни юзага келтиради.

Бундай хайрли иш устида турган одамлардан моддий ва маънавий юксалишга сабаб бўлганлари учун халқ жуда миннатдор бўлиши, дунёю охират муваффақияти гарови бўлган бу тадбир асосчиларининг номлари юртимиз тарихи саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан ёзилиб қолиши шубҳасиз.

Чунки узоқ давом этган иймонсизлик тузуми зулмларидан зада бўлган, иймон-эътиқодга, динга, маънавиятга чанқоқ халқимиз системали тарзда, давлат мутасаддилиги остида сифатли диний таълим берилишига жуда ижобий ёндошишлари табиий.

Асосан мусулмонлардан иборат халқимиз кўнглига йўл топиш, ҳар бир масалада ўзаро ҳурмат, ишонч ҳамда давлат ва халқ бирлигини, жипслигини ҳосил қилувчи бу воситани қўлдан бермаслик керак.

Зотан, шундай муҳитга, яъни давлат ва халқ бирлигига, жамиятнинг жипслигига, якдиллигига эришилса, бундай давлат учун ҳар қандай қийинчиликларни енгиб ўтиш, ҳар қандай ақл бовар қилмас даражадаги улкан ижтимоий-иқтисодий режаларни амалга ошириш жуда осон кечади. Дунё ҳамжамияти орасида ҳам ўзининг мустаҳкам ўрнига, мавқеъига, обрўсига эга бўлади.

Демак, юрт манфаатини, халқ манфаатини, тинчлигини, юксалишини мақсад қилган, халқимизнинг ҳам моддий, ҳам маънавий ривожини кўзлаган барча ватанпарвар, умматпарвар юртдошларимиз шу йўлда биргаликда астойдил ҳаракат қилишлари лозим. Аллоҳ олдидаги, эл-юрт олдидаги ҳақиқий хизмат ҳам шу бўлади, иншааллоҳ.

Қолаверса, Расулуллоҳ с.а.в. олиб келган дин умматнинг бошини бирлаштиргани ҳолда, нима учун бугунги ислом мусулмонларни парчалаб, тарқоқ бўлишларига сабаб бўлмоқда? деган ғоят муҳим саволнинг жавоби ҳам шудир.

Зотан, Аллоҳ таоло ислом динини умматни парчалаш учун эмас, рукну-фарзлардан иборат асл-ўзак атрофига жамлаш, бирлаштириш ва намунали уммат ҳосил қилиш учун юборгани шубҳасиздир.

Ҳабибулло Каримов

 

* * *


Sarvari olam Payg‘ambarimiz s.a.v 40 yoshga to‘lganlarida, Hiro g‘orida, Alloh taolo o‘zining eng oxirgi va mukammal dinini insoniyatga jo‘natishining boshlanishi o‘laroq olgan eng birinchi buyruqlari “O‘QI” degan so‘z bo‘ldi. So‘ngra cheksiz ilm va hikmat sohibi bo‘lgan Parvardigori Olam Qur’oni karimning birinchi oyatini nozil qildi.

“O‘qi, yaratgan Robbing nomi bilan”. (Alaq surasi, 1 oyat)
Muqaddas dinimizning yer yuziga nozil bo‘lishining “O‘qi” kalimasi bilan boshlanganining o‘zi, ilm o‘rganishning farzligiga, amallarning afzali ekanligiga inkor etib bo‘lmas dalildir.

Qolaversa, aynan shu buyruqni mahkam ushlagan va aqllarini o‘qish, o‘rganish, izlanishga astoydil ishlatgan xalqlarning dunyo sahnasida yetishgan darajalari, mavqe’lari ham ilmning, o‘qish va o‘rganishning eng muhim va afzal amal ekaniga hayotiy dalildir. Bas shunday ekan, musulmonlar ham g‘aflat uyqusidan uyg‘onib, masala talashish, mazhab talashishlarni tashlab, ilm-fan bilan astoydil shug‘ullanishlari shart.

Aytish mumkinki, bugungi kunning eng dolzarb, ustuvor vazifasi yoshlarimizni dunyo standartlari darajasida, kerak bo‘lsa undanda yuqori darajada bilimli qilib tarbiyalashdir. Toki, shu sohadagi ilg‘orlikka yetilmas ekan, faqatgina o‘tgan buyuk ajdodlarimiz bilan faxrlanib, bugungi ojizligimizni chuchuk gaplar bilan yashirib, o‘zimizni aldab yuraverishga majburmiz.

Shunday ekan, bugungi eng katta xizmat, eng katta jihod, eng katta kurash ilm-fan maydonidagi kurashdir. Faqat shu maydondagi g‘alaba bugungi kunning haqiqiy g‘alabasi bo‘ladi. Shu maqsadda, qalbida zarracha ummatning g‘ami, xalqning dardi bor yurtdoshlarimizning barchasi o‘zlarining bor imkoniyatlarni, harakatlarini shu sohaga safarbar etishlari kerak.

Millatimizning ichdan yemirilishiga sabab bo‘layotgan, dunyoyu-oxirat uchun faqat zararli bo‘lgan riyokorona marosimparastliklardan voz kechishimiz, noo‘rin sarflanayotgan behisob mablag‘larni, himmatlarni kelajak avlod ta’limi, yuksalishi yo‘lida ishlatishga burishimiz lozim.

Shunday umummilliy safarbarlik bilangina qisqa muddat ichida xalqimiz sezilarli natijalarga erishishi, o‘ziga munosib o‘rnini egallashi, o‘zini kimlarning avlodlari ekanini amalda isbot etishi mumkin.

Binobarin, musulmonlarning bugungi ahvoli har bir fikrli, aqlli, sog‘lom didga ega odamni o‘ylashga, o‘z o‘ylarida, fikrlarida keskin burilishlar yasashga majbur etadi. Aks holda o‘sha tanazzul, tafriqa va qoloqlik botqog‘iga botaverishdan boshqa chora yo‘q.

Shuning uchun ummat ustidagi o‘z mas’uliyatini, Alloh, Din oldidagi javobgarligini his etgan har bir aql egasi, haqiqiy musulmon ulamolar yangi, ilg‘or, ixcham, dinning faqat ruknu-farzlarini o‘rgatadigan, musulmonlarni birlashtiradigan dasturni tuzishlari, joriy etishlari lozim. Faqat shundagina o‘zlarini ham, ummatni ham halokatdan qutqarishlari mumkin.

Buning uchun din va dunyo ilmlaridan boxabar, har xil taassublardan xoli, dinning mohiyatini, butun olamlarga rahmat bo‘lib kelganini tushungan, inson zotini eng yuksak axloqqa, madaniyatga erishtiruvchi ne’mat ekaniga iymoni mustahkam, ziyoli, aslni soxtadan ajratish, qo‘shimchalardan tozalash salohiyatiga ega, qalbi Allohning bandalariga bo‘lgan mehr-muruvvatga to‘la insonlardan iborat bir ishchi guruh uyushtirilishi kerak. Bu ishchi guruh kelajak avlodni qo‘shimchalardan tozalangan, haqiqiy asl islom ruhida tarbiyalovchi zamonaviy, go‘zal va mukammal bir dars sistemasini ishlab chiqishlari zarur.

Albatta, xalqimiz orasida yuqori intellektdagi, ziyoli olimlar yetarli. Diniy ulamolarimiz ichida ham hozirgi holatdan ko‘ngli to‘lmayotgan, o‘z tushunchalari va dunyoqarashlarining voqe’likka to‘g‘ri kelmayotganidan hayron yurtdoshlarimiz, musulmonlarimiz dardiga malham bo‘lguday biror ish qilish umididagi oqko‘ngil, sofdil odamlarimiz bisyordir. Bu ikkala toifa olim va ulamolar birgalikda, bahamjihat harakat qilsalar nihoyatda samarali natijalarga erishish mumkin.

Din va dunyo olimlarining bunday bahamjihat ishlashlari dars sistemalarini avvalo bir taraflamalikdan saqlab qolsa, ikkinchidan xalqning hamma toifalari manfaatiga, dunyoqarashiga zid bo‘lmagani uchun hamma toifa tarafidan yaxshi qabul qilinishini, oxir-oqibat teskari natija bermasligini, xalq orasida hamjihatlik, hamfikrlilik va birlik yuzaga kelishini ta’minlaydi.

Dunyoyu-oxirat uchun foydali, kelajak avlod tarqqiyoti, baxt-saodati uchun zarur bunday xayrli ishga barchalari o‘z ilmu-iqtidorlarini, kuch-g‘ayratlarini ayamasdan bajonidil hissa qo‘shsalar kerak.

Binobarin bunday yaxshilikka chaqiruvchi, jamiyatning birligini, jipsligini ta’minlaydigan, hech bir jamiyatning tinchligiga, osoyishtaligiga rahna solmaydigan, dunyodagi eng oliyjanob insonni tarbiyalaydigan dars sistemasini cho‘chimay umumiy ta’lim maktablariga kirgizishga harakat qilish lozim.

Zero, yoshlikda olingan ta’lim, tushuncha toshga yozilgan xatday bir umrga inson ongida saqlanib, uning butun umri davomida hayot yo‘lini belgilovchi muhim omil bo‘lib qoladi. Shuning uchun maktablarda asl islomning asoslari, g‘oyalari haqida mukammal tushuncha berilishi kerak.

Bu yoshlarni keyinchalik har xil shubhali, reaktsion, ekstremistik oqimlar va guruhlarga ergashib ketishdan saqlab qoladi. Aks holda, insonparvar, tinchliksevar, asl islom haqida hech qanday tushuncha olmagan musulmon farzandlari bir kun kelib o‘z ruhoniy ehtiyojlarini qondirmoqchi bo‘lgan vaqtda duch kelgan oqimlarga ergashib ketaveradilar.

Bexabarlik ko‘rlikdir. Ko‘rni esa kim qayoqqa yetaklasa ketaveradi...

Darhaqiqat, yurtimizda, ko‘z o‘ngimizda sodir bo‘layotgan holatlardan xulosa qilib aytganda, aksar mutaassib, gap uqmas zombilarga aylanib qolgan yoshlarning tarbiya, hayot bosqichlarini kuzatsangiz, yoshligida dindan ancha uzoq, “ipini uzgan” bezori bo‘lib yurgan odamlar ham kimdir 20, kimdir 30, kimdir 40 yoshda yoki keyinroq bo‘lsa ham, bir kun kelib do‘ppini yerga qo‘yib o‘tgan umrini sarhisob qilar ekan.

Tirikchilikdan, bir xil hayot tarzidan zerikish sababmi, yoki xudoning insof berganimi, har tugul ruhoniy tuyg‘ulari uyg‘onib duch kelgan biror domlaning etagini tutishga va shu domlasining aytganini qilishga harakat qila boshlaydi.

Umrining ko‘p qismini ibodatsiz, har xil tarzda o‘tkazgani uchun ham bu odamlarda o‘tgan umridan afsuslanish, o‘zini gunohkor sezish, hamda din, xudo yo‘lida biror jiddiyroq xizmat qilib qolish tuyg‘usi ancha kuchli. Afsuski, islomning haqiqiy mohiyatidan, tinchlik, salomatlik, insonparvarlik dini ekanidan bexabar o‘sgan bu insonlarni din, xudo nomi bilan gapirib kim qayoqqa yetaklasa ketaveradilar.

Bunday odamlarning xalq ichida ko‘pchilikni tashkil qilishi, har xil shubhali diniy-ekstremistik oqimlarning o‘z faoliyatlarini kuchaytirishlari uchun juda qulay zamin yaratib kelmoqda. Ularning ta’siriga tushib qolgan yoshlarning butun qarindosh-urug‘, tanish-bilishlarining qaytaruvlari, hatto ota-onasining oq qilishlari ham tanlagan xato yo‘llaridan qaytara olmayotgani, oxir-oqibat o‘z umrlarini hazon qilib, yaqinlari taqdirlarini ham vayron qilayotganlari, afsuski oddiy bir holga aylanib qolmoqda.

Shuningdek, bunday shubhali, mutaassib oqimlarga aralashib, ularning to‘rlariga ilinib, gap uqmas, johil zombilarga aylanib, yurtimizda sodir bo‘layotgan ko‘ngilsiz hodisalarga sabab bo‘layotgan qancha-qancha yoshlarimizning achinarli ahvollari bunga guvohdir...

Bundan tashqari, Alloh taolo inson tabiatidagi ruhoniylik, sig‘inish va iymon tuyg‘usi uchun ajratib qo‘ygan bo‘shliqni, din nomi bilan berilib kelayotgan soxta ta’limotlar egallab olmasidan avval, haqiqiy diniy ta’limot bilan band etish lozim.

Bu sohadagi e’tiborsizlik, mas’uliyatsizlik va sustlik tufayli dindoshlar, yurtdoshlar, bir shahar, bir mahalla odamlari, hatto bir to‘shakda katta bo‘lgan aka-ukalar ham har xil, bulg‘angan “diniy ta’limotlar” ta’sirida ashaddiy dushmanlarga aylanib qolmoqdalar. Butun islom olamida, xususan yurtlarimizdagi musulmonlarning orasidagi hamjihatlik, birodarlik, o‘zaro hurmat, insonparvarlik va tinchliksevarlikning yo‘qolib ketganining sababi ham aynan shu bo‘lsa ajab emas.

Zero, bir muammo yuzaga kelganda “Men ko‘rmasam hech kim ko‘rmaydi” degan tuyaqushday bu muammodan ko‘z yumish mutlaqo to‘g‘ri emas. Qaytanga o‘sha muammoning aslini, ildizini chuqur o‘rganib, kasalini, xato ketgan yerlarini isloh qilib, o‘nglab, har qanday energiyani, quvvatni, kuchni jilovlashga, xalq manfaati, ravnaqi, foydasi uchun safarbar qilishga urinishlik eng to‘g‘ri va oqilona tadbir bo‘ladi.

Shu o‘rinda bir misol. Hech qanday texnik vositalar yo‘q zamonda ketmonu belkuraklar bilan 283 kilometr uzunlikdagi Katta Farg‘ona kanalini qandaydir 45 kunda xalq kuchi bilan bunyod etildi. O‘zining bunday mo‘‘jizakor, qahramonona mehnatlari bilan yurtimiz xalqi butun dunyoni lol qoldirgani kishida iftixor tuyg‘usini uyg‘otmasligi mumkin emas.

Vodiy beliga tortilgan kumush kamarday quyoshda yarqirab, tovlanib oqayotgan, sekundiga 180 kubometrgacha suv o‘tkazish quvvatiga ega bu kanal qariyb 70 yildan beri 250 ming gektardan oshiq yerlarga jon baxsh etib, millionlab odamlarimizga rizq ulashib kelmoqda...

Bundan tashqari, el-yurtning manfaati uchun foydali bu inshootdan toki suv oqib, odamlar foydalanib turar ekanlar bu - inshoot qurilishiga o‘z hissalarini qo‘shgan barcha odamlarga tinimsiz savobi yetib turuvchi sadaqai joriyadir, uzluksiz yaxshilikdir.

Xalqni yaxshi ishlarga safarbar etish natijasi o‘laroq bunyodga kelgan bu ulkan inshoot xalqimiz kuchiga, irodasiga bo‘lgan go‘zal va buyuk bir guvohdir.

Binobarin, yurtdoshlarimiz qalbidagi iymon, e’tiqod ham juda katta kuchdir. Bu kuchni ham juda ehtiyotkorlik, hassoslik, donolik va hurmat ehtirom bilan izchil ravishda xalq manfaati, yuksalishi, birligi uchun yo‘naltirish lozim.

Agar bu kuchni boshqarishga, to‘g‘ri yo‘lga solishga harakat qilmay o‘z holiga tashlab qo‘yilsa qanday mudhish oqibatlarga olib kelishiga uzoq va yaqin tarix davomidagi kechmishlar, xususan bevosita qo‘shni davlatlarda bo‘lib o‘tgan dahshatli birodarkushlik urushlari yorqin dalildir. Shuning uchun mavjud faol va o‘ta katta ta’sirga ega bu kuchni, energiyani yoshlikdan to‘g‘ri va foydali o‘zanga burish, e’tibordan chetda qoldirmaslik, doimiy nazoratda ushlash va boshqarish lozim.

Bu muhim va katta kuchni dinning mohiyatini tushunmay noto‘g‘ri talqin etuvchi, mutaassib, jig‘ildon quliga aylangan, kaltabin xurofotchilar qo‘liga berib qo‘yilgani, hamda bu biror yaxshi ish ustida hech qachon boshi birlashmagan, birlashmaydigan mutaassiblarning tumtaraqay harakatlari tufayli yurt osoyishtaligi buzilib, uzluksiz bezovtaliklar yuzaga kelayotgani hech kimga sir emas. Xalqning qalbini, ongini, tushunchasini bunday chalg‘ituvchi, taraqqiyotdan, yuksaklikka intilishdan to‘suvchi quzg‘unlar changalidan qutqarish lozim.

Bu nodon, johil, mutaassib “din jonkuyarlari”ning butun islom olamini ichki ziddiyatlar botqog‘iga botirib eng qoloq va johillar yurtlariga aylantirib, hammani esankiratib yurayotganlarini unutmaslik kerak.

To‘g‘ri, tarixning xatosi deb tan olingan yetmish yillik xudosizlik tuzumi davridagi iymon-e’tiqodli odamlarning davlatga, davlat siyosatiga qarshiliklari va dushmanliklari tabiiyki, tushunarli hol edi. Yaratganga beadad shukrlar bo‘lsinkim, oxir-oqibat bu mustabid dahriy tuzum o‘z-o‘zini yeb, ichdan chirib bitdi va dunyo xaritasidan o‘chib ketdi.

Lekin Fitratu-Cho‘lpon, Behbudiyu-Usmon Nosirlarning orzulari, armonlari bo‘lgan, Allohning inoyati bilan boshimizga buyuk ne’mat bo‘lib kelgan istiqlolimizdan keyin ham bu buyuk ne’matning shukronasini qilish, yurtimiz ravnaqi, davlatimiz taraqqiyotining biror sohasiga aytarli ulush qo‘shish uyoqda tursin, jilla qursa jamiyatning birligiga, jipsligiga o‘z hissalarini qo‘shish o‘rniga, faqat suvni loyqalatayotgan, har xil ko‘ngilsiz voqealar va bezovtaliklarning sababchisi bo‘layotgan bu xurofotchilarning g‘alamisliklarini nima deb tushunish mumkin?

Ibn Sino, Ulug‘bek, Buxoriy, Termiziy, Xorazmiy, Farg‘oniy, Beruniy va Navoiy avlodlari bo‘lgan xalqimizning qalbiga, ongiga, iymonu irodasiga ishonib, suyanib, oqilona tadbir bilan to‘g‘ri o‘zanga qaytarib, barchani, barcha quvvatni xalqimiz ongi, saviyasi, ta’limini yuksaltirishga safarbar etilsa, qisqa vaqt ichida bu xalq orasidan minglab Ibn Sinolar, Ulug‘beklar, Buxoriyu-Termiziylar, Xorazmiyu-Farg‘oniylar, Beruniylar va Navoiylar yetishib chiqishi, xalqimiz ham ilg‘or xalqlar qatoridan joy olib, olamni yana o‘z yutuqlari bilan lol qoldirishlari shubhasiz.

Faqat bunga xalq ongida ishonch uyg‘otib, fidoiylik bilan astoydil harakat qilish kerak. Darvoqe’, bunday oqilona tadbir odamlarimizning davlatga, davlat siyosatiga bo‘lgan ishonchini, hurmatini oshiradi. Xalq orasida yakdillikni, birlikni, jipslikni yuzaga keltiradi.

Bunday xayrli ish ustida turgan odamlardan moddiy va ma’naviy yuksalishga sabab bo‘lganlari uchun xalq juda minnatdor bo‘lishi, dunyoyu oxirat muvaffaqiyati garovi bo‘lgan bu tadbir asoschilarining nomlari yurtimiz tarixi sahifalariga zarhal harflar bilan yozilib qolishi shubhasiz.

Chunki uzoq davom etgan iymonsizlik tuzumi zulmlaridan zada bo‘lgan, iymon-e’tiqodga, dinga, ma’naviyatga chanqoq xalqimiz sistemali tarzda, davlat mutasaddiligi ostida sifatli diniy ta’lim berilishiga juda ijobiy yondoshishlari tabiiy.

Asosan musulmonlardan iborat xalqimiz ko‘ngliga yo‘l topish, har bir masalada o‘zaro hurmat, ishonch hamda davlat va xalq birligini, jipsligini hosil qiluvchi bu vositani qo‘ldan bermaslik kerak.

Zotan, shunday muhitga, ya’ni davlat va xalq birligiga, jamiyatning jipsligiga, yakdilligiga erishilsa, bunday davlat uchun har qanday qiyinchiliklarni yengib o‘tish, har qanday aql bovar qilmas darajadagi ulkan ijtimoiy-iqtisodiy rejalarni amalga oshirish juda oson kechadi. Dunyo hamjamiyati orasida ham o‘zining mustahkam o‘rniga, mavqe’iga, obro‘siga ega bo‘ladi.

Demak, yurt manfaatini, xalq manfaatini, tinchligini, yuksalishini maqsad qilgan, xalqimizning ham moddiy, ham ma’naviy rivojini ko‘zlagan barcha vatanparvar, ummatparvar yurtdoshlarimiz shu yo‘lda birgalikda astoydil harakat qilishlari lozim. Alloh oldidagi, el-yurt oldidagi haqiqiy xizmat ham shu bo‘ladi, inshaalloh.

Qolaversa, Rasululloh s.a.v. olib kelgan din ummatning boshini birlashtirgani holda, nima uchun bugungi islom musulmonlarni parchalab, tarqoq bo‘lishlariga sabab bo‘lmoqda? degan g‘oyat muhim savolning javobi ham shudir.

Zotan, Alloh taolo islom dinini ummatni parchalash uchun emas, ruknu-farzlardan iborat asl-o‘zak atrofiga jamlash, birlashtirish va namunali ummat hosil qilish uchun yuborgani shubhasizdir.

Habibullo Karimov