“Олижаноб ва муносиб Ислом? Марказий Осиёга назар солинг”

Рукн: Долзарб мавзу Чоп этилган: 01.03.2014

Америкалик олим Фредерик Стар The New York Times газетасида Ислом динининг аслида ҳақиқий марказларидан бири бўлган бошқа бир минатақа — Ипак йўли бўйлаб жойлашган Марказий Осиё мамлакатлари ҳақида фикрларини билдириб ўтди. Қуйида олимнинг мақоласини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Америка қўшма штатларининг мусулмон мамлакатлардаги ҳаракатларига, шаклланган нотўғри Исломий мезонларга бир қадар ўзгартириш киритишга уриниш, диний экстремистик оқимлар билан ҳарбий тўқнашувлар олиб бораётганига ўн йилдан ошди. Ўрта шарқ мамлакатларидаги диний дунёқарашни, дин ва давлат ўртасидаги муносабатларни ўзгартиришга қаратилган Вашингтон диққат-эътибори маълум маънода муваффақиятсиз натижа билан якун топмоқда. Бу ҳаракатларни самарали олиб бориш учун Америка ҳукумати аввало, Исломнинг чинакам юраги ҳисобланган, дин ва турмуш тарзи, жамият ўртасидаги қарашларни меъёрида муносиб шакллантира олган, Буюк ипак йўли мезбонлари ҳисобланмиш Марказий Осиё мамлакатлари тажрибасини ўрганишлари мақсадга мувофиқ.

Сурия, Ироқ, Афғонистон каби Ислом мамлакатларида зўравонлик, уруш ҳаракатлари, диний зиддиятлар давом этаётган бир маҳалда, Собиқ Совет Иттифоқи мамлакатлари - Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонда устувор ҳукуматни жорий қилиш, бозор иқтисодиётини ривожлантиришда амалий натижаларга эришилаётганига жаҳон гувоҳ бўлмоқда. Бу интилиш ва тараққиёт секин бўлса-да, аммо тўғри йўлдалигини, кун келиб улар юксак ривожланиш даражасига етишини, ушбу мусулмон мамлакатларнинг ижтимоий тинчликни асраш, диний бағрикенгликни улуғлаш каби қарашлари ва илғор тажрибалари диний зиддиятлар ўчоғида яшаётган мамлакатларда тинчликни ўрнатиш учун намуна бўлиб хизмат қилишини Ғарб тан олиши керак. Шунга қарамасдан Вашингтон ҳали ҳам мазкур давлатларнинг маданий аҳамияти ва салоҳиятига тўғри баҳо бергани йўқ.

9/11 воқеасидан кейин дунё аҳли гувоҳ бўлган бўронли йилларда АҚШнинг араб мамлакатларига нисбатан таъсири сезиларли натижаларга олиб келди. Охир-оқибат Яқин Шарқ мамлакатларидаги диний мутаассибликка хос иллатлар, унинг бошқа мамлакатлар ва жаҳонга таъсири намоён бўла бошлади. Макка, Мадина, Қоҳира ва Қуддусдан кўра мусулмонлар қалбини забт этиш ва баъзи бир нотўғри қарашлардан уларни халос этишни айнан Яқин Шарқдан бошлаш кераклиги аён бўлди. АҚШ президентлари Жорж В. Буш ва Барак Обамалар Араб дунёсининг илм-фан ва жаҳон маънавиятига қўшган улкан ҳиссасини эътироф этишгани сир эмас. Уларнинг ҳар иккиси Араб халқларига интеллектуал бағрикенглик ва илоҳий-маънавий асосларга қурилган чинакам Ислом динига имон келтириш, унинг инсоний қадриятларга ҳамоҳанг тагзаминига суяниш зарурлигини таъкидлашган. Давлат раҳбарлари Ўрта Шарқда диний бағрикенгликни тарғиб қилишда Ғарб манбаларидан таржималар қилиш кераклиги, одамларга маданиятларга хос ўхшашликларни кўрсатиш кераклиги таъкидланади. Лекин афтидан ҳар иккала президент ҳам Рим давлати фалокатга юз тутаётган, Европа энди уйқудан кўз очаётганида кўплаб бебаҳо асарлар Ўрта ва Яқин Шарқ сўзлашадиган араб тилида битилганини ва аслида уларнинг муаллифлари араб эмаслигини билмайдиган кўринишади.

Салкам минг йиллар мобайнида тараққиётга мезбонлик қилган Марказий Осиё Ўрта Шарқ, Европа, Ҳиндистон ва Хитой мамлакатларининг буюк маданияти, бозор иқтисодиётини бирлаштирган марказ вазифасини ўтади. Евроосиё мамлакатлари орасида Марказий Осиёликлар каби оламшумул ғоялар, кашфиётларни ўрганиб, юксак даражада такомиллаштирмаган ва ишлаб чиқариш технологияларини турмуш тарзларига жалб қилган бошқа бир халқни учратмайсиз.

Шу зайлда кўплаб асрлар мобайнида Араб Ўрта Шарқи эмас, айнан Марказий Осиё Мусулмон дунёсининг илм-маърифат ва сиёсий пойтахти бўлган. Исломда Қуръони каримдан кейинги муқаддас манбаа ҳисобланган "Муҳаммад пайғамбар ҳадислари" китоби ҳам айнан ўша даврларда ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида жойлашган Бухородан етишиб чиққан олим (Имом Исмоил ал-Бухорий, таржимон изоҳи) томонидан тузилган. Исломнинг қудратли кучи ҳисобланмиш буюк тасаввуфий қарашлар асосига қурилган Сўфийлик тариқати ўзининг юксак чўққисини айнан Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон ҳудудларида забт этади ва бутун Ислом мамлакатларига тарқайди. Ўрта асрларда диний мутафаккирлар орасида ягона ҳисобланган, Авлиё Фома Аквинский томонидан эътироф этилган Имом Ғаззолий ҳам шу ҳудудда - бугунги Туркманистон, Афғонистон ва Эрон чегарасидаги Тус шаҳридан бўлган.

Марказий Осиё шунингдек фарзандлари Ислом илми ва фалсафасида улкан из қолдирганлиги ва ривожига буюк ҳисса қўшганлигига иккиланмай даъво қилишга ҳақли. Жаноб Барак Обама 2009 йил Коҳира университетидаги нутқида эътироф этган, алгебра фани асосчиси ҳам аслида Ўзбекистоннинг Хоразм вилоятидан. Бугун замонавий компьютер технологияларининг пойдевори ҳисобланган алгоритм тушунчаси ҳам айнан шу олим - Ал-Хоразмий томонидан илгари сурилган ва кейинчалик унинг бу бебаҳо илмий кашфиёти ўз номига қўйилган. "Тиб қонунлари" китоби билан Ҳиндистон, Ўрта Шарқ ва Европада табобат илмини ривожланишида юксак ҳиссасини қўшган, Ғарбда Авиценна номи билан донғи кетган аллома ҳам айнан Ўзбекистон заминининг фарзанди ҳисобланади. Аристотел асарларига шарҳ ёзган, мусиқа фани тўғрисида улкан илмий асарлар битган ва илм-фан ривожига муносиб ҳисса қўшган яна бир буюк олим Ал-Фаробий ҳам Марказий Осиёдан етишиб чиққан. Илм-фанда илк фалакиётшунос олимлар сирасига киритлган Абу Маҳмуд Хўжандий ҳам ҳозирги Тожикистон ҳудудида яшаб ўтган.

Тўғри, бу алломаларнинг барчаси араб тилида ёзиб, ижод қилган. Аммо инглиз тилида ёзган япон инглиз бўла олмаганидек, биз араб деб ҳисоблаган, Мусулмон дунёси ривожининг асосчилари бўлмиш бу мутафаккирлар ҳам аслида Марказий Осиёда истиқомат қилган турли - форс ва туркий халқларнинг фарзандларидир.

Буюк ипак йўлининг минг йиллик меросхўрлари ҳисобланмиш бу халқлар бугун яна ўз йўлини танлаган ва муносиб ҳатти-ҳаракатлари билан буюк ўтмишларига монанд бўлишга интилишмоқда. Аммо бу осон иш эмас. Марказий Осиёнинг аксарият мамлакатлари Россия иқтисодиёти барқарорлиги ва Хитойдаги мисли кўрилмаган тараққиётнинг пойдевори ҳисобланмиш авторитар тузумни жорий қилишда асоссиз айбланади. Гарчи бу мамлакатлар демократия тушунчаси билан у қадар ҳам таниш бўлмасалар-да, мамлакатда тинчлик ва осойишталик ҳукмрон бўлиб, эътиқод ҳамда диний, ирқий бағрикенгликда Ўрта Шарқ ва бошқа ҳудудлардаги ўзларига диндош бўлган мамлакатларга ўрнак бўла олишади ва юқори туришади. Марказий Осиё мамлакатларида қарор топаётган иқтисодий юксалиш ўз навбатида диний ва илмий таълимни ҳам рағбатлантирмоқда. Марказий Осиё мамлакатларининг минглаб ёшлари хорижда таҳсил олиб қайтишмоқда. Бу давлатларда ҳам ўз кучлари ва меҳнатлари эвазига жаҳон талабларига мос олий ўқув юртлари қад кўтармоқда. Бу мамлакатларда ўрнатилган эркин жамиятда ўсиб-улғайиб келаётган эркак ва аёллар эркин ва озод жамият фуқаролари эканликларидан ғурурланишади.

Жаноб Буш ёки президент Обама Ўрта Шарқ, Покистон ёки Ҳиндистонда қачондир қарор топишига умид қилаётган умуминсоний исломий қарашлар, диний бағрикенглик жаҳон учун нотаниш эмас, буларга аллақачон ривожланиб улгурган Марказий Осиё давлатларидаги фаровон жамиятларда гувоҳи бўлишимиз мумкин. Бу Вашингтон Араб давлатларига эътиборини сусайтириши кераклигини эмас, балки уларга нисбатан қўллаётган тадбирларини, гапираётган маърузаларини Исломнинг тинчлик ва маърифий қарашлари асосида қайта кўриб чиқиши зарурлигини, буни эса бунга эришган Марказий Осиё халқларидан ўрганиш мумкинлигини англатади.

Фредерик Стар,
Жон Хопкинс университети Халқаро алоқалар факультети раҳбари ҳамда Марказий Осиё Кавказ институти раиси, профессор, Йўқотилган маърифат: Араб босқинидан то Темургача Марказий Осиёнинг олтин даври" китоби муаллифи.

Инглиз тилидан Шуҳрат Сатторов таржимаси

 

* * *


Amerikalik olim Frederik Star The New York Times gazetasida Islom dinining aslida haqiqiy markazlaridan biri bo‘lgan boshqa bir minataqa — Ipak yo‘li bo‘ylab joylashgan Markaziy Osiyo mamlakatlari haqida fikrlarini bildirib o‘tdi. Quyida olimning maqolasini e’tiboringizga havola etamiz.

Amerika qo‘shma shtatlarining musulmon mamlakatlardagi harakatlariga, shakllangan noto‘g‘ri Islomiy mezonlarga bir qadar o‘zgartirish kiritishga urinish, diniy ekstremistik oqimlar bilan harbiy to‘qnashuvlar olib borayotganiga o‘n yildan oshdi. O‘rta sharq mamlakatlaridagi diniy dunyoqarashni, din va davlat o‘rtasidagi munosabatlarni o‘zgartirishga qaratilgan Vashington diqqat-e’tibori ma’lum ma’noda muvaffaqiyatsiz natija bilan yakun topmoqda. Bu harakatlarni samarali olib borish uchun Amerika hukumati avvalo, Islomning chinakam yuragi hisoblangan, din va turmush tarzi, jamiyat o‘rtasidagi qarashlarni me’yorida munosib shakllantira olgan, Buyuk ipak yo‘li mezbonlari hisoblanmish Markaziy Osiyo mamlakatlari tajribasini o‘rganishlari maqsadga muvofiq.

Suriya, Iroq, Afg‘oniston kabi Islom mamlakatlarida zo‘ravonlik, urush harakatlari, diniy ziddiyatlar davom etayotgan bir mahalda, Sobiq Sovet Ittifoqi mamlakatlari - O‘zbekiston, Qozog‘iston, Qirg‘iziston, Tojikiston va Turkmanistonda ustuvor hukumatni joriy qilish, bozor iqtisodiyotini rivojlantirishda amaliy natijalarga erishilayotganiga jahon guvoh bo‘lmoqda. Bu intilish va taraqqiyot sekin bo‘lsa-da, ammo to‘g‘ri yo‘ldaligini, kun kelib ular yuksak rivojlanish darajasiga yetishini, ushbu musulmon mamlakatlarning ijtimoiy tinchlikni asrash, diniy bag‘rikenglikni ulug‘lash kabi qarashlari va ilg‘or tajribalari diniy ziddiyatlar o‘chog‘ida yashayotgan mamlakatlarda tinchlikni o‘rnatish uchun namuna bo‘lib xizmat qilishini G‘arb tan olishi kerak. Shunga qaramasdan Vashington hali ham mazkur davlatlarning madaniy ahamiyati va salohiyatiga to‘g‘ri baho bergani yo‘q.

9/11 voqeasidan keyin dunyo ahli guvoh bo‘lgan bo‘ronli yillarda AQShning arab mamlakatlariga nisbatan ta’siri sezilarli natijalarga olib keldi. Oxir-oqibat Yaqin Sharq mamlakatlaridagi diniy mutaassiblikka xos illatlar, uning boshqa mamlakatlar va jahonga ta’siri namoyon bo‘la boshladi. Makka, Madina, Qohira va Quddusdan ko‘ra musulmonlar qalbini zabt etish va ba’zi bir noto‘g‘ri qarashlardan ularni xalos etishni aynan Yaqin Sharqdan boshlash kerakligi ayon bo‘ldi. AQSh prezidentlari Jorj V. Bush va Barak Obamalar Arab dunyosining ilm-fan va jahon ma’naviyatiga qo‘shgan ulkan hissasini e’tirof etishgani sir emas. Ularning har ikkisi Arab xalqlariga intellektual bag‘rikenglik va ilohiy-ma’naviy asoslarga qurilgan chinakam Islom diniga imon keltirish, uning insoniy qadriyatlarga hamohang tagzaminiga suyanish zarurligini ta’kidlashgan. Davlat rahbarlari O‘rta Sharqda diniy bag‘rikenglikni targ‘ib qilishda G‘arb manbalaridan tarjimalar qilish kerakligi, odamlarga madaniyatlarga xos o‘xshashliklarni ko‘rsatish kerakligi ta’kidlanadi. Lekin aftidan har ikkala prezident ham Rim davlati falokatga yuz tutayotgan, Yevropa endi uyqudan ko‘z ochayotganida ko‘plab bebaho asarlar O‘rta va Yaqin Sharq so‘zlashadigan arab tilida bitilganini va aslida ularning mualliflari arab emasligini bilmaydigan ko‘rinishadi.

Salkam ming yillar mobaynida taraqqiyotga mezbonlik qilgan Markaziy Osiyo O‘rta Sharq, Yevropa, Hindiston va Xitoy mamlakatlarining buyuk madaniyati, bozor iqtisodiyotini birlashtirgan markaz vazifasini o‘tadi. Yevroosiyo mamlakatlari orasida Markaziy Osiyoliklar kabi olamshumul g‘oyalar, kashfiyotlarni o‘rganib, yuksak darajada takomillashtirmagan va ishlab chiqarish texnologiyalarini turmush tarzlariga jalb qilgan boshqa bir xalqni uchratmaysiz.

Shu zaylda ko‘plab asrlar mobaynida Arab O‘rta Sharqi emas, aynan Markaziy Osiyo Musulmon dunyosining ilm-ma’rifat va siyosiy poytaxti bo‘lgan. Islomda Qur’oni karimdan keyingi muqaddas manbaa hisoblangan "Muhammad payg‘ambar hadislari" kitobi ham aynan o‘sha davrlarda hozirgi O‘zbekiston hududida joylashgan Buxorodan yetishib chiqqan olim (Imom Ismoil al-Buxoriy, tarjimon izohi) tomonidan tuzilgan. Islomning qudratli kuchi hisoblanmish buyuk tasavvufiy qarashlar asosiga qurilgan So‘fiylik tariqati o‘zining yuksak cho‘qqisini aynan O‘zbekiston, Qozog‘iston va Tojikiston hududlarida zabt etadi va butun Islom mamlakatlariga tarqaydi. O‘rta asrlarda diniy mutafakkirlar orasida yagona hisoblangan, Avliyo Foma Akvinskiy tomonidan e’tirof etilgan Imom G‘azzoliy ham shu hududda - bugungi Turkmaniston, Afg‘oniston va Eron chegarasidagi Tus shahridan bo‘lgan.

Markaziy Osiyo shuningdek farzandlari Islom ilmi va falsafasida ulkan iz qoldirganligi va rivojiga buyuk hissa qo‘shganligiga ikkilanmay da’vo qilishga haqli. Janob Barak Obama 2009 yil Kohira universitetidagi nutqida e’tirof etgan, algebra fani asoschisi ham aslida O‘zbekistonning Xorazm viloyatidan. Bugun zamonaviy kompyuter texnologiyalarining poydevori hisoblangan algoritm tushunchasi ham aynan shu olim - Al-Xorazmiy tomonidan ilgari surilgan va keyinchalik uning bu bebaho ilmiy kashfiyoti o‘z nomiga qo‘yilgan. "Tib qonunlari" kitobi bilan Hindiston, O‘rta Sharq va Yevropada tabobat ilmini rivojlanishida yuksak hissasini qo‘shgan, G‘arbda Avitsenna nomi bilan dong‘i ketgan alloma ham aynan O‘zbekiston zaminining farzandi hisoblanadi. Aristotel asarlariga sharh yozgan, musiqa fani to‘g‘risida ulkan ilmiy asarlar bitgan va ilm-fan rivojiga munosib hissa qo‘shgan yana bir buyuk olim Al-Farobiy ham Markaziy Osiyodan yetishib chiqqan. Ilm-fanda ilk falakiyotshunos olimlar sirasiga kiritlgan Abu Mahmud Xo‘jandiy ham hozirgi Tojikiston hududida yashab o‘tgan.

To‘g‘ri, bu allomalarning barchasi arab tilida yozib, ijod qilgan. Ammo ingliz tilida yozgan yapon ingliz bo‘la olmaganidek, biz arab deb hisoblagan, Musulmon dunyosi rivojining asoschilari bo‘lmish bu mutafakkirlar ham aslida Markaziy Osiyoda istiqomat qilgan turli - fors va turkiy xalqlarning farzandlaridir.

Buyuk ipak yo‘lining ming yillik merosxo‘rlari hisoblanmish bu xalqlar bugun yana o‘z yo‘lini tanlagan va munosib hatti-harakatlari bilan buyuk o‘tmishlariga monand bo‘lishga intilishmoqda. Ammo bu oson ish emas. Markaziy Osiyoning aksariyat mamlakatlari Rossiya iqtisodiyoti barqarorligi va Xitoydagi misli ko‘rilmagan taraqqiyotning poydevori hisoblanmish avtoritar tuzumni joriy qilishda asossiz ayblanadi. Garchi bu mamlakatlar demokratiya tushunchasi bilan u qadar ham tanish bo‘lmasalar-da, mamlakatda tinchlik va osoyishtalik hukmron bo‘lib, e’tiqod hamda diniy, irqiy bag‘rikenglikda O‘rta Sharq va boshqa hududlardagi o‘zlariga dindosh bo‘lgan mamlakatlarga o‘rnak bo‘la olishadi va yuqori turishadi. Markaziy Osiyo mamlakatlarida qaror topayotgan iqtisodiy yuksalish o‘z navbatida diniy va ilmiy ta’limni ham rag‘batlantirmoqda. Markaziy Osiyo mamlakatlarining minglab yoshlari xorijda tahsil olib qaytishmoqda. Bu davlatlarda ham o‘z kuchlari va mehnatlari evaziga jahon talablariga mos oliy o‘quv yurtlari qad ko‘tarmoqda. Bu mamlakatlarda o‘rnatilgan erkin jamiyatda o‘sib-ulg‘ayib kelayotgan erkak va ayollar erkin va ozod jamiyat fuqarolari ekanliklaridan g‘ururlanishadi.

Janob Bush yoki prezident Obama O‘rta Sharq, Pokiston yoki Hindistonda qachondir qaror topishiga umid qilayotgan umuminsoniy islomiy qarashlar, diniy bag‘rikenglik jahon uchun notanish emas, bularga allaqachon rivojlanib ulgurgan Markaziy Osiyo davlatlaridagi farovon jamiyatlarda guvohi bo‘lishimiz mumkin. Bu Vashington Arab davlatlariga e’tiborini susaytirishi kerakligini emas, balki ularga nisbatan qo‘llayotgan tadbirlarini, gapirayotgan ma’ruzalarini Islomning tinchlik va ma’rifiy qarashlari asosida qayta ko‘rib chiqishi zarurligini, buni esa bunga erishgan Markaziy Osiyo xalqlaridan o‘rganish mumkinligini anglatadi.

Frederik Star,
Jon Xopkins universiteti Xalqaro aloqalar fakulteti rahbari hamda Markaziy Osiyo Kavkaz instituti raisi, professor, Yo‘qotilgan ma’rifat: Arab bosqinidan to Temurgacha Markaziy Osiyoning oltin davri" kitobi muallifi.

Ingliz tilidan Shuhrat Sattorov tarjimasi