Harlem Shake: бемаънилик илдизи қаерда?

Рукн: Долзарб мавзу Чоп этилган: 30.03.2013

Айни кунларда интернетда кенг тарқалган видеовируслардан бири Harlem Shake қисқа вақт ичида миллионлаб инсонларни ўзининг бемаънилик, беҳаёлик тўла гирдобига тортиб олди. Википедия энциклопедияси ёзишича, ярим дақиқадан иборат ушбу роликнинг аввалги 14-15 секундида бир иштирокчи ноодатий бош кийим билан рақсга тушади, айни дамда бошқа иштирокчилар ўз ишлари билан банд бўладилар. Шундан сўнг ҳамма иштирокчилар турли ноўхшов кийимларда ёки деярли яланғоч ҳолда тартибсиз ҳаракат қилиб, ноодатий усулда ҳавода ёки саҳнага қараб эротик позани намойиш этиб, рақс ижро этадилар.

“Harlem Shake” аслида нима?

Ўзларининг айтишича, булутли ҳавода бекорчиликдан нима қилишни билмаган австралиялик 5 нафар ўспирин юқоридагидек “рақс”ни ижро этишади ва 2013 йилнинг 2 февраль куни роликни Youtube га жойлашади. Қисқа вақт ичида ушбу ролик жаҳон бўйлаб тарқалиб, интернет фойдаланувчиларини “телба” қилади, унинг турли муқаллидлари юзага келади. Дунё бўйлаб, “Harlem Shake”нинг “оригинал” вариантини 40 000 000 киши, унинг пародияларини 500 000 000 дан ортиқ киши томоша қилган.
“Harlem Shake” телбалари дунёнинг турли жойларида турли флешмоблар ташкил этиб ушбу бемаъни рақсга ўйнаб, турли роликларни суратга олмоқдалар. Исроилнинг Тель-Авив шаҳрида бир пайтнинг ўзида 70000 киши шу рақсни ижро этиб рекорд ўрнатишди (шаҳарда жами 400000 киши истиқомат қилади).
Инглизчадан таржимаси “Ҳарлемча жилпанглаш” бўлган ушбу рақс тури Нью-Йоркнинг Ҳарлем туманида яшовчи алкоголик Эл Би томонидан 80-йиллар бошида “кашф қилинган”.

“Harlem Shake” Ўзбекистонда

Интернетда “Harlem Shake”ка тақлидан ўзбекистонлик ёшлар томонидан суратга олинган 50 дан ортиқ ролик тарқалган. Harlem Shake номи билан mover.uz да 220 дан ортиқ, mytube.uz да 50 та ролик ўрин олган. Ўзнетдаги энг машҳур ролик “Тошкентча Harlem Shake” ҳамда  Корзинка супермаркетида тасвирга олинган ролик бўлиб, mover.uz да икки роликни 30000 дан ортиқ, mytube.uz да 4000 дан ортиқ киши томоша қилган. Биргина mover.uz даги “Harlem Shake” билан боғлиқ роликларни 250 000 киши кўрганлиги қайд этилган.
Энг ачинарли жиҳати аксарият “ўзбекона Harlem Shake”лар ўспиринлар, асосан, мактаб ва коллеж ўқувчилари, университет талабалари томонидан суратга олинган ва тармоққа жойлаштирилган. Роликларнинг мактаб синф хоналарида ўқувчилар томонидан ижро этилгани ҳайратлидир. Ҳатто айрим роликлардаги беҳаё қилиқлар ҳар қандай томошабинни бу каби ёшларнинг тақдири ҳақида ўйлашга мажбур этади.

Жазаванинг оқибатлари

Тунис таълим вазирлиги томонидан ушбу рақс маънавий ва диний туйғуларни масхара қилгани учун тақиқланди. Мисрдаги эҳромлар ёнида рақс ижро этган талабалар тарихий обидаларга беҳурматлик қилгани учун ҳибсга олинди. Пенсилваниянинг Саскуэханн университети футбол командасидан 11 футболчи “Harlem Shake” рақсини ижро эта туриб, жинсий алоқа ҳолатини акс эттиргани учун жамоадан четлатилди. Нью-Йорк хоккей жамоаси ечиниш хонасида ярим яланғоч ва бир иштирокчи қип-яланғоч ҳолда ушбу рақсга ролик ишлагани учун ўйинлардан четлатилди. АҚШда 30 нафар ўқувчи “Harlem Shake” рақси орқали расизмни тарғиб қилгани учун мактабдан ҳайдалди. Бу мамлакатда айни шу рақс сабаб 100 дан ортиқ ўқувчи ва талабаларнинг ўқув юртларидан четлатилгани ҳақида хабар берилди. Шунингдек, 15 нафар олтин кони ишчилари иш жойларида ушбу рақсни ижро этгани учун ишдан четлатилиб, умрбод олтин қазиш учун лицензиялари бекор қилинди. Бу каби хабарларни ҳар куни оммавий ахборот воситаларидан ўқимоқдамиз.

Зиёлилар нима дейди?

Шу кунларда кўпчилик зиёлиларни ранжитаётган ушбу муаммо ҳақида зиё аҳли нима дейди? Оммавий маданият дея ғарбона тарғиб асосида тарқатилаётган шу каби «вирус»лардан ким манфаатдор? Бундан мақсад нима? Ёшларимизнинг шу каби бемаъни одатларга берилишларига ким сабабчи? Бундай номақбулчиликларнинг олдини олиш учун нима қилиш керак?

Турсунали Қўзиев, маданиятшунос:
— Бу каби аксилинсоний кўринишдаги ҳаракат жаҳон оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлиши билан зиёлилар аввалига ҳайрон бўлишди. Бугунги кунда жаҳондаги энг тараққий этган давлатлардаги беқарорлик, ўша жамиятларда ҳукм сураётган эртанги кунга ишончсизлик туфайли юзага келган маънавий инқирозлар у ердаги саросимага тушган ёшларни чалғитиб қўйди. Бундай ҳаракатлар умуминсоний қадриятларга мутлақо зид, манқуртликнинг янгича бир кўринишидир.
Инсоннинг эстетик диди, маданияти учун ҳеч қандай изоҳлаб бериш мумкин бўлмаган,  ваҳший ҳайвонот оламига ҳам ёт бўлган бундай ҳаракатлардан хориждаги баъзи доиралар манфаатдор бўлиб, улар ҳали оқ-қоранинг фарқини англаб улгурмаган ёшларни чалғитиш учун турли аксилмаънавий технологияларни ишлаб чиқишмоқда. Тобора илдиз отаётган бу каби одатлар умуминсоний қадриятлар у ёқда турсин, оддий инсоний маданият тушунчаларига ҳам тўғри келмайди. Буюк алломалар, жаҳоннинг ғурури бўлган маданият пешволарининг ворислари ва авлодлари бўлган ўзбек ёшлари ичида ҳам тақлидчилар пайдо бўлишини изоҳлаш қийин.
Бугун ёшларга таълим бераётган ҳар бир педагог, ўз фарзандининг эртанги тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир ота-она, маҳалла-кўй, мутахассислар бунга қайтадан, яна бир бора жиддий эътибор билан қараши зарур. Ёшларимиз эса, баркамол шахс бўлиб етишишлари учун яратилган шароит ва имкониятларга нисбатан ўз муносабатларини чин юракдан, самимий намоён этишлари керак. Улар нафақат ўзлари, балки ён-атрофидаги тенгдошларини ҳам ҳатти-ҳаракатларига бефарқ бўлмасликлари зарур.

Жалолиддин Ҳамроқулов, Тошкет ислом институти “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири,  Тошкент шаҳар “Новза” жомеъ масжиди имом хатиби:
— Оммавий маданият – ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, ғараз ғояларни тарқатиш, бунинг ортидан бойлик орттириш, халқларнинг бир неча минг йиллик анъана ва қадрятлари, турмуш тарзини маънавий илдизларидан қўпоришгача олиб борувчи салбий иллатдир.
Ғарб давлатларида эркак билан эркак, аёл билан аёл ўртасидаги никоҳ – ҳайратланарли ҳодиса бўлмай қолаётганлиги назар тутилса, «оммавий маданият» тарғиб этаётган маънавий тубанликлар, беҳаёликлар, қабоҳатлар нақадар чуқурлашиб кетганлигини тасаввур этиш қийин эмас.
Маълумки, ҳар қандай касалликнинг олдини олиш учун аввало киши организмида унга қарши иммунитет ҳосил қилинади. Биз ҳам фарзандларимизни она ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, ота-боболаримизнинг муқаддас динига садоқат руҳида тарбиялаш учун аввало уларнинг қалби ва онгида мафкуравий иммунитетни кучайтиришимиз зарур. Ана шундагина турли ёвуз ниятли кимсаларнинг биз учун мутлақо бегона бўлган пуч ғоя  ва даъволаридан сақланган бўламиз.
Муқаддас Ислом дини инсониятга икки дунё бахт-саодатини таминлаш учун юборилган диндир. Унинг таълимотлари бешта мақсадни: инсон ҳаёти, ақли, дини, насли ва молу мулкини муҳофаза қилишни ўз ичига олган. Оммавий маданият айни мана шу мақсадларга қарши ғоявий таҳдид ҳисобланади. Ҳозирги кунда оммавий маданиятнинг бирламчи зарари инсониятни  буюк аждодларимизнинг асл маънавий қадриятларини менсимасдан, балки уларни эскилик сарқити деб қараб, инсон ҳаёти, оила муқаддаслиги ва ёшлар тарбиясига катта хавф солаётганлиги жуда ачинарлидир.
Шу билан бирга оммавий маданият жамиятни парчалайди, барча ишларни бузади ва инсонни ўзлигини йўқотишигача олиб боради. Бундай ёмон иллатлар таъсирига тушиб қолган кимсаларга нисбатан бошқалар бефарқ бўлмасликлари, балки улар ҳам оммавий тарзда курашишлари шарт. Шунда қолганлар ҳам бундай кишилар туфайли турли ёмон иллатларнинг зарарли оқибатларига дуч келмайдилар. Бу ҳолатни қуйидагича тасвирлаш мумкин. Икки қаватдан иборат бўлган кеманинг  иккинчи қаватидаги кишилар тепадагиларни безовта қилмасдан сув олиш мақсадида ўз қаватларини тешмоқчи бўладилар. Агар тепадагилар уларни тек қўйиб берса, улар ҳам ўзлари ҳам ҳалок бўлишади. Агар уларни бундай қилишдан қайтарсалар барчалари эсон-омон манзилларига етиб олишади. Ота-боболаримиздан бизга бой мерос бўлиб сайқал топган ор-номус, уят ва андиша, шарму ҳаё, ибо ва иффат каби юксак ахлоқий туйғу ва тушунчалар биз учун бебаҳо меросдир.
Ҳозирги давр замонавий ахборот алмашинуви ва глобаллашув жараёни ўзининг таъсири кўрсатмоқда. Дунёнинг бир бурчагида бўлган янгиликни тарғиботи, ахборот алмашинуви, янгиликлардан тезда хабардор бўлиш албатта ижобий ҳолат. Лекин кириб келаётган ахборот оқими халқимиз учун фойдалими? Глобаллашув жараёнида турли ахборотлар маънавиятимизга етказиши мумкин бўлган таҳдидни қандай қилиб бартараф этиш мумкин. Умуман олганда оммавий маданиятни маънавий ва ахлоқий тубанлик иллатлари ахлоқий бузуқлик, зўравонликнинг салбий оқибатларини тўла англаяпмизми? Жамиятнинг маънавий юксалишига раҳна солаётган бундай таҳдидларга қарши кураш фақатгина юксак маънавият билан амалга оширилади. Бу йўлда таълим-тарбия, маънавий-маърифий тарғибот айниқса, оиланинг ўрни аҳамиятли. Зеро, таълим-тарбия оилада шаклланади.
Муқаддас динимизда зино жинояти қораланиб ҳаром қилиниши билан бир қаторда зинога олиб борувчи ва унга сабаб бўлувчи нарсалар ҳам ҳаром қилинган. Зинога олиб борувчи сабабларнинг бири “кўз зиноси”дир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одам боласига зинодан бўлган насибаси ёзилгандир. Икки кўзнинг зиноси назар солишдир. Тилнинг зиноси гапиришдир. Икки қулоқнинг зиноси эшитишдир. Икки қўлнинг зиноси ушлашдир. Икки оёқнинг зиноси юриб боришдир. Нафс орзу ва иштаҳа қилади, фарж эса, уни ё тасдиқлайди, ё ёлғонга чиқаради”, дея огоҳлантирганлар.
Бундан ташқари фаҳшни тарғиб қилувчи фильмларни кўриш, мана шундай ҳаракатларни тасвирга олиб тарқатиш ер юзида фисқу фасод, ёмонлик ва фаҳшни ёйишга киради. Аллоҳ таоло бундай қабиҳ ишлардан қайтарган.
“Албатта, иймон келтирганлар ичида фаҳш ишлар тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ биладир, сизлар билмассизлар.” (Нур сураси 19 оят).

Давронбек Тожиалиев тайёрлади.
 
* * *

Ayni kunlarda internetda keng tarqalgan videoviruslardan biri Harlem Shake qisqa vaqt ichida millionlab insonlarni o‘zining bema’nilik, behayolik to‘la girdobiga tortib oldi. Vikipediya ensiklopediyasi yozishicha, yarim daqiqadan iborat ushbu rolikning avvalgi 14-15 sekundida bir ishtirokchi noodatiy bosh kiyim bilan raqsga tushadi, ayni damda boshqa ishtirokchilar o‘z ishlari bilan band bo‘ladilar. Shundan so‘ng hamma ishtirokchilar turli noo‘xshov kiyimlarda yoki deyarli yalang‘och holda tartibsiz harakat qilib, noodatiy usulda havoda yoki sahnaga qarab erotik pozani namoyish etib, raqs ijro etadilar.

“Harlem Shake” aslida nima?

O‘zlarining aytishicha, bulutli havoda bekorchilikdan nima qilishni bilmagan avstraliyalik 5 nafar o‘spirin yuqoridagidek “raqs”ni ijro etishadi va 2013 yilning 2 fevral kuni rolikni Youtube ga joylashadi. Qisqa vaqt ichida ushbu rolik jahon bo‘ylab tarqalib, internet foydalanuvchilarini “telba” qiladi, uning turli muqallidlari yuzaga keladi. Dunyo bo‘ylab, “Harlem Shake”ning “original” variantini 40 000 000 kishi, uning parodiyalarini 500 000 000 dan ortiq kishi tomosha qilgan.
“Harlem Shake” telbalari dunyoning turli joylarida turli fleshmoblar tashkil etib ushbu bema’ni raqsga o‘ynab, turli roliklarni suratga olmoqdalar. Isroilning Tel-Aviv shahrida bir paytning o‘zida 70000 kishi shu raqsni ijro etib rekord o‘rnatishdi (shaharda jami 400000 kishi istiqomat qiladi).
Inglizchadan tarjimasi “Harlemcha jilpanglash” bo‘lgan ushbu raqs turi Nyu-Yorkning Harlem tumanida yashovchi alkogolik El Bi tomonidan 80-yillar boshida “kashf qilingan”. 

“Harlem Shake” O‘zbekistonda

Internetda “Harlem Shake”ka taqlidan o‘zbekistonlik yoshlar tomonidan suratga olingan 50 dan ortiq rolik tarqalgan. Harlem Shake nomi bilan mover.uz da 220 dan ortiq, mytube.uz da 50 ta rolik o‘rin olgan. O‘znetdagi eng mashhur rolik “Toshkentcha Harlem Shake” hamda  Korzinka supermarketida tasvirga olingan rolik bo‘lib, mover.uz da ikki rolikni 30000 dan ortiq, mytube.uz da 4000 dan ortiq kishi tomosha qilgan. Birgina mover.uz dagi “Harlem Shake” bilan bog‘liq roliklarni 250 000 kishi ko‘rganligi qayd etilgan.
Eng achinarli jihati aksariyat “o‘zbekona Harlem Shake”lar o‘spirinlar, asosan, maktab va kollej o‘quvchilari, universitet talabalari tomonidan suratga olingan va tarmoqqa joylashtirilgan. Roliklarning maktab sinf xonalarida o‘quvchilar tomonidan ijro etilgani hayratlidir. Hatto ayrim roliklardagi behayo qiliqlar har qanday tomoshabinni bu kabi yoshlarning taqdiri haqida o‘ylashga majbur etadi.

Jazavaning oqibatlari

Tunis ta’lim vazirligi tomonidan ushbu raqs ma’naviy va diniy tuyg‘ularni masxara qilgani uchun taqiqlandi. Misrdagi ehromlar yonida raqs ijro etgan talabalar tarixiy obidalarga behurmatlik qilgani uchun hibsga olindi. Pensilvaniyaning Saskuexann universiteti futbol komandasidan 11 futbolchi “Harlem Shake” raqsini ijro eta turib, jinsiy aloqa holatini aks ettirgani uchun jamoadan chetlatildi. Nyu-York xokkey jamoasi yechinish xonasida yarim yalang‘och va bir ishtirokchi qip-yalang‘och holda ushbu raqsga rolik ishlagani uchun o‘yinlardan chetlatildi. AQShda 30 nafar o‘quvchi “Harlem Shake” raqsi orqali rasizmni targ‘ib qilgani uchun maktabdan haydaldi. Bu mamlakatda ayni shu raqs sabab 100 dan ortiq o‘quvchi va talabalarning o‘quv yurtlaridan chetlatilgani haqida xabar berildi. Shuningdek, 15 nafar oltin koni ishchilari ish joylarida ushbu raqsni ijro etgani uchun ishdan chetlatilib, umrbod oltin qazish uchun litsenziyalari bekor qilindi. Bu kabi xabarlarni har kuni ommaviy axborot vositalaridan o‘qimoqdamiz.

Ziyolilar nima deydi?

Shu kunlarda ko‘pchilik ziyolilarni ranjitayotgan ushbu muammo haqida ziyo ahli nima deydi? Ommaviy madaniyat deya g‘arbona targ‘ib asosida tarqatilayotgan shu kabi «virus»lardan kim manfaatdor? Bundan maqsad nima? Yoshlarimizning shu kabi bema’ni odatlarga berilishlariga kim sababchi? Bunday nomaqbulchiliklarning oldini olish uchun nima qilish kerak?

Tursunali Qo‘ziyev, madaniyatshunos:
— Bu kabi aksilinsoniy ko‘rinishdagi harakat jahon ommaviy axborot vositalarida paydo bo‘lishi bilan ziyolilar avvaliga hayron bo‘lishdi. Bugungi kunda jahondagi eng taraqqiy etgan davlatlardagi beqarorlik, o‘sha jamiyatlarda hukm surayotgan ertangi kunga ishonchsizlik tufayli yuzaga kelgan ma’naviy inqirozlar u yerdagi sarosimaga tushgan yoshlarni chalg‘itib qo‘ydi. Bunday harakatlar umuminsoniy qadriyatlarga mutlaqo zid, manqurtlikning yangicha bir ko‘rinishidir.
Insonning estetik didi, madaniyati uchun hech qanday izohlab berish mumkin bo‘lmagan,  vahshiy hayvonot olamiga ham yot bo‘lgan bunday harakatlardan xorijdagi ba’zi doiralar manfaatdor bo‘lib, ular hali oq-qoraning farqini anglab ulgurmagan yoshlarni chalg‘itish uchun turli aksilma’naviy texnologiyalarni ishlab chiqishmoqda. Tobora ildiz otayotgan bu kabi odatlar umuminsoniy qadriyatlar u yoqda tursin, oddiy insoniy madaniyat tushunchalariga ham to‘g‘ri kelmaydi. Buyuk allomalar, jahonning g‘ururi bo‘lgan madaniyat peshvolarining vorislari va avlodlari bo‘lgan o‘zbek yoshlari ichida ham taqlidchilar paydo bo‘lishini izohlash qiyin.
Bugun yoshlarga ta’lim berayotgan har bir pedagog, o‘z farzandining ertangi taqdiriga befarq bo‘lmagan har bir ota-ona, mahalla-ko‘y, mutaxassislar bunga qaytadan, yana bir bora jiddiy e’tibor bilan qarashi zarur. Yoshlarimiz esa, barkamol shaxs bo‘lib yetishishlari uchun yaratilgan sharoit va imkoniyatlarga nisbatan o‘z munosabatlarini chin yurakdan, samimiy namoyon etishlari kerak. Ular nafaqat o‘zlari, balki yon-atrofidagi tengdoshlarini ham hatti-harakatlariga befarq bo‘lmasliklari zarur.

Jaloliddin Hamroqulov, Toshket islom instituti “Tahfizul-Qur’on” kafedrasi mudiri,  Toshkent shahar “Novza” jome’ masjidi imom xatibi:
— Ommaviy madaniyat - axloqiy buzuqlik va zo‘ravonlik, g‘araz g‘oyalarni tarqatish, buning ortidan boylik orttirish, xalqlarning bir necha ming yillik an’ana va qadryatlari, turmush tarzini ma’naviy ildizlaridan qo‘porishgacha olib boruvchi salbiy illatdir.
G‘arb davlatlarida erkak bilan erkak, ayol bilan ayol o‘rtasidagi nikoh - hayratlanarli hodisa bo‘lmay qolayotganligi nazar tutilsa, «ommaviy madaniyat» targ‘ib etayotgan ma’naviy tubanliklar, behayoliklar, qabohatlar naqadar chuqurlashib ketganligini tasavvur etish qiyin emas.
Ma’lumki, har qanday kasallikning oldini olish uchun avvalo kishi organizmida unga qarshi immunitet hosil qilinadi. Biz ham farzandlarimizni ona vatanga muhabbat, boy tariximizga, ota-bobolarimizning muqaddas diniga sadoqat ruhida tarbiyalash uchun avvalo ularning qalbi va ongida mafkuraviy immunitetni kuchaytirishimiz zarur. Ana shundagina turli yovuz niyatli kimsalarning biz uchun mutlaqo begona bo‘lgan puch g‘oya  va da’volaridan saqlangan bo‘lamiz.
Muqaddas Islom dini insoniyatga ikki dunyo baxt-saodatini taminlash uchun yuborilgan dindir. Uning ta’limotlari beshta maqsadni: inson hayoti, aqli, dini, nasli va molu mulkini muhofaza qilishni o‘z ichiga olgan. Ommaviy madaniyat ayni mana shu maqsadlarga qarshi g‘oyaviy tahdid hisoblanadi. Hozirgi kunda ommaviy madaniyatning birlamchi zarari insoniyatni  buyuk ajdodlarimizning asl ma’naviy qadriyatlarini mensimasdan, balki ularni eskilik sarqiti deb qarab, inson hayoti, oila muqaddasligi va yoshlar tarbiyasiga katta xavf solayotganligi juda achinarlidir.
Shu bilan birga ommaviy madaniyat jamiyatni parchalaydi, barcha ishlarni buzadi va insonni o‘zligini yo‘qotishigacha olib boradi. Bunday yomon illatlar ta’siriga tushib qolgan kimsalarga nisbatan boshqalar befarq bo‘lmasliklari, balki ular ham ommaviy tarzda kurashishlari shart. Shunda qolganlar ham bunday kishilar tufayli turli yomon illatlarning zararli oqibatlariga duch kelmaydilar. Bu holatni quyidagicha tasvirlash mumkin. Ikki qavatdan iborat bo‘lgan kemaning  ikkinchi qavatidagi kishilar tepadagilarni bezovta qilmasdan suv olish maqsadida o‘z qavatlarini teshmoqchi bo‘ladilar. Agar tepadagilar ularni tek qo‘yib bersa, ular ham o‘zlari ham halok bo‘lishadi. Agar ularni bunday qilishdan qaytarsalar barchalari eson-omon manzillariga yetib olishadi. Ota-bobolarimizdan bizga boy meros bo‘lib sayqal topgan or-nomus, uyat va andisha, sharmu hayo, ibo va iffat kabi yuksak axloqiy tuyg‘u va tushunchalar biz uchun bebaho merosdir.
Hozirgi davr zamonaviy axborot almashinuvi va globallashuv jarayoni o‘zining ta’siri ko‘rsatmoqda. Dunyoning bir burchagida bo‘lgan yangilikni targ‘iboti, axborot almashinuvi, yangiliklardan tezda xabardor bo‘lish albatta ijobiy holat. Lekin kirib kelayotgan axborot oqimi xalqimiz uchun foydalimi? Globallashuv jarayonida turli axborotlar ma’naviyatimizga yetkazishi mumkin bo‘lgan tahdidni qanday qilib bartaraf etish mumkin. Umuman olganda ommaviy madaniyatni ma’naviy va axloqiy tubanlik illatlari axloqiy buzuqlik, zo‘ravonlikning salbiy oqibatlarini to‘la anglayapmizmi? Jamiyatning ma’naviy yuksalishiga rahna solayotgan bunday tahdidlarga qarshi kurash faqatgina yuksak ma’naviyat bilan amalga oshiriladi. Bu yo‘lda ta’lim-tarbiya, ma’naviy-ma’rifiy targ‘ibot ayniqsa, oilaning o‘rni ahamiyatli. Zero, ta’lim-tarbiya oilada shakllanadi.
Muqaddas dinimizda zino jinoyati qoralanib harom qilinishi bilan bir qatorda zinoga olib boruvchi va unga sabab bo‘luvchi narsalar ham harom qilingan. Zinoga olib boruvchi sabablarning biri “ko‘z zinosi”dir.
Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi va sallam: “Odam bolasiga zinodan bo‘lgan nasibasi yozilgandir. Ikki ko‘zning zinosi nazar solishdir. Tilning zinosi gapirishdir. Ikki quloqning zinosi eshitishdir. Ikki qo‘lning zinosi ushlashdir. Ikki oyoqning zinosi yurib borishdir. Nafs orzu va ishtaha qiladi, farj esa, uni yo tasdiqlaydi, yo yolg‘onga chiqaradi”, deya ogohlantirganlar.
Bundan tashqari fahshni targ‘ib qiluvchi filmlarni ko‘rish, mana shunday harakatlarni tasvirga olib tarqatish yer yuzida fisqu fasod, yomonlik va fahshni yoyishga kiradi. Alloh taolo bunday qabih ishlardan qaytargan.
“Albatta, iymon keltirganlar ichida fahsh ishlar tarqalishini yaxshi ko‘radiganlarga bu dunyoyu oxiratda alamli azob bordir. Alloh biladir, sizlar bilmassizlar.” (Nur surasi 19 oyat).

Davronbek Tojialiyev tayyorladi.