Интернет ҳамласи: хавф ва ҳимоя

Рукн: Долзарб мавзу Чоп этилган: 17.07.2012

Аёнки, техник тараққиётни тўхтатиш мумкин эмас: биз буни хоҳлаймизми-йўқми, компютер технологиялари ҳаётимизда мустаҳкам ўринга эга, компютер саводхонлиги кўрсаткичи эса кўп ҳолларда инсоннинг юқори савиясини белгилаб берувчи омилга айланиб бормоқда. Бугун компютерда ишлашни билмайдиган ходимни яхши мутахассис дейиш қийин. Агар ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталарида ёшларнинг энг севимли машғулотлари мусиқа тинглаш ва телекўрсатувлар кўриш бўлса, айни кунда эса компютер ва интернет аввалги қизиқишларни ёш авлод ҳаётидан сиқиб чиқарди.
Ҳозирги замон ёшларининг 70 фоизи ўз қизиқиш ва севимли машғулотлари ҳақида сўз юритганда спорт, дўстлар билан суҳбатлашиш, маънавий ва маданий ҳордиқ чиқариш чиқариш билан бир қаторда компютер технологиялари, интернетга бўлган қизиқишини биринчи ўринда тилга олади.

Онлайн ҳаёт вакиллари

Nielsen/Net Ratings  компанияси ўтказган сўнгги илмий текширувлар натижаларига кўра, бутун дунё тармоғига уланаётган ёш болаларнинг сони кун эмас, соат сайин ошмоқда: биргина 2007 йили Европада ўсиб келаётган ёш авлод вакилининг учдан бир қисми онлайн тизимида бўлиши кузатилди. Ўтган йили дунё тармоғида 10 миллион ёшлар "сайр қилган" бўлса, ҳозирда уларнинг сони аллақачон 13 миллионга етди. Мутахассисларнинг фикрича, бу - табиий ҳолат. Негаки, кундан-кунга интернетдан фойдаланаётган оилалар, демак, ундан фойдаланаётган фарзандлар сони купаймоқда. Бундай онлайн ҳаётда яшайдиган ёшларнинг катта қисми - 4,5 миллиони Буюк Британияга тўғри келади. Улар ҳар куни электрон манзилларини текширади, турли хил сайтлардан маълумот излайди ва чат (глобал тармоқдаги суҳбатхона)лар орқали мулоқотда бўлишади. Германияда ҳозирча 3 ва Франсияда 1,5 миллион ёшлар вақтини асосан онлайн тизимида ўтказади. Бир йилдан сўнг эса бу кўрсаткич икки бараварга ошиши кутилмоқда.  
Дарҳақиқат, 21 аср замонавий ёшлар ҳаётига сезиларли чизгиларни киритди. Ўтган аср болалари мактаб, турли тўгарак ва спорт сектсияларига чопган бўлса, бугун улар ўзаро дисклар, флешкалар ва ахборотни сақловчи шу каби бошқа воситалардан имкон борича тез фойдаланишга шошилади. Ёш авлоднинг ота-оналарига нисбатан компютер саводхонлиги баланд, кўпгина олти яшар болалар блютуз (bluetooth) ва спам нималигини катталарга нисбатан яхши билади.
Дунёнинг ривожланган мамлакатларидан бири Канадада ўн етти ёшгача бўлган 6 минг бола ўртасида ўтказилган тадқиқотлар натижасига кўра, улар содда ота-оналари ўйлаганидек, интернетдан аксарият, ҳолларда ахборот олиш мақсадида фойдаланмас экан. Сўровда иштирок этганларнинг 99 фоизи интернетдан фойдаланишини, уларнинг ҳар ўн нафаридан саккиз нафари уйда уланиш имкониятига эга эканини билдирди. Канада ёшларининг ярмидан кўпи интернет ва компютер технологияларни ота-оналаридан яхшироқ билишини айтган. Уларнинг 80 фоизи мустақил равишда интернетга уланишини, ота-оналари компютерга ҳимоя воситаси бўлган «филтрлаш» дастурини ўрнатиб қўймаганликлари ва фарзандлари қандай сайтларга киришини назорат қилмаслигини тан олишди. Умуман олганда, ота-оналарнинг аксарият қисми, аниқроғи, 65 фоизи фарзандлари интернетдан фақат уй вазифасини тайёрлаш учун фойдаланади, деган фикрда, ёшлар эса илм олишни энг охирги ўринга қўядилар. Улар асосан интернет орқали мусиқа тинглайди, электрон манзилни текширади, хуллас, вақтини чоғ ўтказади. Ёшларнинг учдан икки қисми интернетга янги дўстлар орттириш ва ким биландир суҳбатлашиш мақсадида уланади, уларнинг 15 фоизи кейинчалик бу муносабатларни реал ҳаётда давом эттирар экан.
Мулоқотнинг бу каби шакллари яхши, албатта. Бироқ масаланинг иккинчи томони ҳам борки, унга чуқурроқ назар ташлаш лозим. Алоҳида эътибор талаб этадиган жиҳат эса интернет орқали таъқиб деб номланади.

Виртуал таъқиб оммалашмоқда

Тадқиқотлар натижаларидан маълум бўлдики, ҳозирда мактаб ёшидаги болалар интернетдан тобора эрта фойдалана бошламоқдалар. Масалан, бошланғич синф ўқувчилари бемалол мактаб ён атрофидаги кафе ёки клубга кириб, интернетдан фойдаланиши мумкин. Шу боис улар уйда ҳам интернетга уланиш имкони бўлишини хоҳлаши табиий. Лекин, мутахассисларнинг фикрича, ёши ўнга етмаган бола одатда мустақил равишда интернетдан фойдаланиш учун зарур бўлган танқидий фикрлаш ва шу аснода маълумотларни фарқлаш, уларни ажрата билиш, бошқача қилиб айтганда, «филтрлай» олиш қобилиятига эга эмас. Шу сабаб, интернетдан ёлғиз қолганда ҳам фойдаланиш эҳтимоли бўлган болани қаттиқ назорат остига олиш керак, унга ўзи ҳақидаги шахсий маълумотларни интернет орқали танишган одамларга айтмасликни ўргатиш зарур.

Бироқ дунё тармоғидаги қандай ахборот мактаб ёшидаги болалар учун фойдали бўлиши мумкин? Кунига бир неча соатлаб кибер маконда «саёҳат қиладиган» ўсмирлар аслида нима билан шуғулланади ва бу ҳолат уларнинг дунёқараши, характерида қандай акс этади? Зарур ҳолларда ўсмирларнинг ахборот хавфсизлигини қай усулда таъминлаш мумкин? Мазкур саволлар кўпчилик ота-оналар ҳамда ёшлар муаммолари билан шуғулланувчи ташкилот ходимларини тобора кўпроқ ташвишга солаяпти ва ўйлантирмоқда. Бунга жиддий асос ҳам бор.

Сўнгги пайтларда интернет орқали таъқиб этиш ёки илмий тилда айтадиган бўлсак, грифинг ҳолатлари кўп кузатилмоқда. Бу каби тармоқ безорилигининг энг биринчи қурбонлари айнан ёшлар қатлами, хусусан, ўсмирлар ҳисобланади. Сабаби, шу ёшда болалар табиатан очиқ бўлади ҳамда дунёга фақат ижобий нуқтаи назар билан қарайди. Улар ўзлари эришган ютуқлари билан ўртоқлашишни, ўз фикрларини бировларга баён этишни, ғоялари билан бўлишишни хоҳлайдилар. Ўсмирлар ўта ишонувчан, компютер ўйинларига қобилиятли, буйруқларни осонликча бажарадиган бўладилар. Атрофдагилар билан кўпроқ мулоқотда бўлиб, янгидан-янги фикр-ғояларни ўртага ташлайдилар, уларни амалда қўллашга интиладилар, бироқ бу борада уларга ҳаётий тажриба етишмайди. Шунинг учун ҳам улар сайтларда қидирувни амалга ошираётганда, ахборотни қабул қилишда ёки электрон почта манзилидан фойдаланаётганда катталар ёрдамига муҳтож. Чунки бир қарашда беозор туюлган чат хоналар ёки махсус мулоқот дастурлари орқали кечадиган суҳбатлар тафаккури энди шаклланаётган болаларни охир-оқибат жиноятгача етаклаб бораётгани ҳаётий ҳақиқат. Грифинг билан шуғулланувчилар ёки грифёрлар замонавий ёшларнинг қизиқишларидан жуда яхши хабардор бўлиб, онлайн конферентсия, форум хоналарида исталган мавзуда суҳбат юритиши, ўзларини уларнинг муаммоларини тушунадиган одамлар сифатида кўрсатиши мумкин, бунинг устига веб тармоқда анонимликни сақлаш хусусияти қисқа фурсат ичида ишончга кириб олишга имкон яратади.

Қарши кураш чораларига келсак...

Грифинг билан курашишнинг энг оддий усули - компютерга махсус тақиқлов дастурлари (энг машҳурлари Киберпатрул ёки Кидсконтрол)ни ўрнатиш. Шунда ўша фойдаланувчидан келадиган барча хабарлар автоматик тарзда филтрланади ёки дастурга ота-оналар томонидан киритилган чеклов туфайли боланинг ўзи қизиқиб ножўя ахборотни олмоқчи бўлганда автоматик тақиқ ишга тушади. Айни пайтда мазкур дастурлар ҳам тўлиқ хафвсизликни кафолатлай олмайди, чунки баъзида улар фойдали ахборотни чеклаб қўйиши ёки кераксизини ўтказиб юбориши мумкин.
Ҳозирги кунда кўплаб мамлакатларда интернетдан фойдаланиш дарслари факултатив сифатида мактаб дастурига киритила бошланди. Буни ҳам грифингга қарши курашишнинг ўзига хос усули сифатида кўрсатиш мумкин. Негаки, факултатив дарслар орқали болалар интернетдан олинадиган маълумотларнинг ҳаққоний ва тўғрилигини текширишга ўргатилади. Бундай дарслар айниқса, ўсмирлар учун зарур.
Интернетда грифингдан ташқари айнан ўсмир ёшдагилар учун яна бир қанча хавфлар ҳам бор. Вақт ўтгани сайин болалар ва интернет муаммоси тобора чуқурлашиб бораётган бир пайтда, глобал тармоқнинг яширин хавфларига фақатгина таъсир тушиб қолишни эмас, балки экстремистик характердаги, секта ва турли хил уюшмалар сайтларининг фойдаланишга очиқлигини, виртуал фирибгарликка кенг йўл қўйилганликни ҳам кўрсатиш мумкин. Болаларнинг қизиқувчан табиати уларни юқорида тилга олинган турдаги сайтларга етаклаши, бу веб саҳифаларда уларнинг руҳий ёки жисмоний соғлиғига хавф солувчи маълумотларни кўришига олиб келиши табиий. Электрон почта манзиллари орқали олинган хабарлар кучли руҳий таъсир ўтказиб, болаларни интернет доирасида ва ундан ташқарида ҳам жиноятга ундаши ҳеч гап эмас. Банк ёки кредит карточкасидаги ҳисоб рақамларни билган болакайлар онлайн савдоларда қатнашиш имкони билан бирга кичик ўйинчоқдан тортиб то энг сўнгги русумдаги машина сотиб олиш ҳуқуқига эга дегани. Бу нарса уларни виртуал фирибгарларнинг нишонига айлантиради.
Шу сабаб, глобал тармоқ фойдаланувчилари кўп бўлган Белорусияда бу каби муаммолар қатор янги касбларнинг вужудга келишига ҳам туртки бўлди. Мазкур янги турдаги мутахассисларининг вазифаси оилада интернетдан фойдаланиш маданиятини жорий этадиган ҳамда болаларга психологик, маънавий ҳамда жисмоний зарар етказмайдиган очиқ ва хавфсиз ахборот маконини яратишдан иборат.
Шунингдек, кўплаб жамоат ташкилотлари, нодавлат ташкилотлар ва хусусий компаниялар ўз фаолиятини интернетнинг болаларга таъсири ва бундан бўладиган зарарнинг олдини олиш усулларини ўрганишга қаратган. Жумладан, интернет мазмунини баҳолаш ассотсиатсияси (ICRA) мустақил халқаро ташкилот бўлиб, асосий вазифаси ота-оналарни уларнинг фарзандларини тармоқда кутаётган кўнгилсизликлар ва хавфли муносабатлар ҳақида огоҳлантириш, кибер маконда болаларни нотўғри ахборотлардан ҳимоялаш ва сўз эркинлигини таъминлашдан иборат. Ота-оналарга кўрилаётган муаммолар юзасидан маслаҳат, кўмак берувчи Киберфаришталар (Cyberangels) - интернетда болалар ҳуқуқини ҳимоя қилишга йўналтирилган Европадаги илк ташкилотга 1995 йили асос солинди ва айни пайтда АҚШ, Канада каби давлатлар ҳам аъзолар сафидан ўрин олди.

Муаммолар чуқурлашгани сайин бу каби ташкилотлар ҳам кенг кўламда тадқиқотлар ўтказиш ва хавфларга қарши кураш чоралари ишлаб чиқишни кучайтирмоқда. Хусусан, Болаларни асрайлик (Save the Children) халқаро ҳуқуқий ташкилоти ўтгазган сўровномалар натижасида маълум бўлдики, АҚШдаги 15-17 яшар ўсмирларнинг 85 фоизи, Канада ёшларининг 93 фоизи мунтазам равишда интернетдан фойдаланади. Коммуникатсия воситалари тадқиқоти ассотсиатсияси (Association for the Research of Communication Media) олган натижаларга кўра эса, ўсмирлар катта ёшлиларни 2004 йилдаёқ интернетдан фойдаланиш бўйича ортда қолдирган.

Испаниянинг Болаларни ҳимоя қилиш агентлиги (Child Protection Agency) тадқиқотлари натижалари шуни кўрсатдики, интернетдан доимий равишда фойдаланувчи болаларнинг 44 фоизи виртуал мулоқот пайтида ҳеч бўлмаганда бир марта, 11 фоизи эса бир неча бор таъқиб остига олинган. Эътиборли томони, сўровларда иштирок этган ёшларнинг 14,5 фоизи интернет орқали нотаниш одамлар билан учрашув белгилаган, 10 фоизи бундай учрашувларга ёлғиз борган, 7 фоизи бу ҳақда ҳеч кимга ҳеч нарса айтмаган. Дунё миқёсида эса 38 фоиз болалар зўравонлик руҳидаги сайтларни, 26 фоизи миллатчилик характеридаги веб саҳифаларни мунтазам кузатиб бориши маълум бўлди.

Ўтган йилнинг охирги ойларида дунёнинг энг машҳур компанияларидан бири «Майкрософт» 28 давлатда ўзининг чат хоналарини ёпишини эълон қилди. Бу ҳаракат болалар муаммолари билан шуғулланувчи ҳуқуқ-тартибот ҳамда хайрия ташкилотлари томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди, чунки эркин ва назоратсиз форум хоналар спам, вирус ва ахлоқсиз ахборотни тарқатиш манбаига айланиб қолганди. Шу тариқа, MSN текин чатлари Европа, Яқин Шарқ, Африка, Осиё ва Лотин Америкасининг кўплаб мамлакатларида ўз фаолиятини тўхтатди. Ўрнига Microsoft Messenger тезкор хабар алмашиниш тизими жорий қилиндики, эндиликда бу хизматдан фойдаланиш учун шахсий маълумотларни киритиш асосида рўйхатдан ўтиш талаб этилади. Чунки ўтган йили Буюк Британияда шов-шувга сабаб бўлган зўравонлар устидан ўтказилган суд жараёнларининг камида 26 ҳолатида қурбонга айланган болалар таъқибчилар билан виртуал мулоқот орқали танишгани аниқланди.

Хулоса ўрнида

Замонавий технологияларнинг тез суръатларда ўсишига қарамай, баъзан одамлар улардан оқилона фойдаланиш қандай кечиши кераклигини тўлиқ англаб етмайди. Компютер ва интернетгача бўлган даврда ўсиб-улғайган кўплаб ота-оналар ва муаллимларнинг катта қисми, агар бола интернетдан фойдалана бошласа, бунинг, албатта, фойдасидан зарари кўпроқ, деб ўйлайди. Болани компютер ёки интернетдан чалғитиш ҳаракати замирида аслида бошқа бир муаммо, яъни катталарнинг бу масалада нисбатан саводсиз экани аниқланди. Бироқ агар улар ўзлари аввал технологиялар саводсизлиги масаласига жиддийроқ ёндашиб, уни бартараф этишса, мақсадга мувофиқ бўларди. Негаки, саводсизлик масаласидан қочиш орқали болани технологиялардан ажратиб қўйиш тўғри эмас. Бунинг устига яна бир жиҳат эътиборга лойиқ: айнан катталарнинг тутган йўлидан келиб чиққан ҳолда болаларда кибернетик дўстига нисбатан муносабат шаклланади.

Шубҳасиз, интернет билим ва керакли ахборотни олиш учун улкан имкониятлар яратади, бироқ тармоққа жойлаштириладиган катта ҳамждаги ахборотнинг барчасини ҳам ишончли ва фойдали деб бўлмайди. Фойдаланувчилар маълумотларнинг тўғрилигини аниқ ажрата билиши учун танқидий фикрлаш қобилиятига эга бўлиши талаб этиларкан, бу жиҳат «Интернетда бўлса, демак, тўғри» дея фикрлайдиган болаларга ҳам тегишлидир. Бу борада уларга интернетда хоҳлаган инсон ўз саҳифасини яратиши, унга ҳар қандай маълумотни жойлаштириши ва бунда унга ҳеч ким тўсиқлик қила олмаслигини вақтида тушунтириш зарур. Болаларга кенг доирадаги манбалардан фойдаланишга йўналтириш натижасида фактларни фикрлардан фарқлашга, тўғрилиги тасдиқланмаган ахборотдан ҳимояланишга уларни ўргатиш мумкин.

Наргиза Иброҳимова,

“Маърифат” газетасидан олинди.

* * *

Ayonki, texnik taraqqiyotni to‘xtatish mumkin emas: biz buni xohlaymizmi-yo‘qmi, kompyuter texnologiyalari hayotimizda mustahkam o‘ringa ega, kompyuter savodxonligi ko‘rsatkichi esa ko‘p hollarda insonning yuqori saviyasini belgilab beruvchi omilga aylanib bormoqda. Bugun kompyuterda ishlashni bilmaydigan xodimni yaxshi mutaxassis deyish qiyin. Agar o‘tgan asrning 90-yillari o‘rtalarida yoshlarning eng sevimli mashg‘ulotlari musiqa tinglash va teleko‘rsatuvlar ko‘rish bo‘lsa, ayni kunda esa kompyuter va internet avvalgi qiziqishlarni yosh avlod hayotidan siqib chiqardi.

Hozirgi zamon yoshlarining 70 foizi o‘z qiziqish va sevimli mashg‘ulotlari haqida so‘z yuritganda sport, do‘stlar bilan suhbatlashish, ma‘naviy va madaniy hordiq chiqarish chiqarish bilan bir qatorda kompyuter texnologiyalari, internetga bo‘lgan qiziqishini birinchi o‘rinda tilga oladi.

Onlayn hayot vakillari

 Nielsen/Net Ratings kompaniyasi o‘tkazgan so‘nggi ilmiy tekshiruvlar natijalariga ko‘ra, butun dunyo tarmog‘iga ulanayotgan yosh bolalarning soni kun emas, soat sayin oshmoqda: birgina 2007 yili Yevropada o‘sib kelayotgan yosh avlod vakilining uchdan bir qismi onlayn tizimida bo‘lishi kuzatildi. O‘tgan yili dunyo tarmog‘ida 10 million yoshlar "sayr qilgan" bo‘lsa, hozirda ularning soni allaqachon 13 millionga yetdi. Mutaxassislarning fikricha, bu - tabiiy holat. Negaki, kundan-kunga internetdan foydalanayotgan oilalar, demak, undan foydalanayotgan farzandlar soni kupaymoqda. Bunday onlayn hayotda yashaydigan yoshlarning katta qismi - 4,5 millioni Buyuk Britaniyaga to‘g‘ri keladi. Ular har kuni elektron manzillarini tekshiradi, turli xil saytlardan ma‘lumot izlaydi va chat (global tarmoqdagi suhbatxona)lar orqali muloqotda bo‘lishadi. Germaniyada hozircha 3 va Fransiyada 1,5 million yoshlar vaqtini asosan onlayn tizimida o‘tkazadi. Bir yildan so‘ng esa bu ko‘rsatkich ikki baravarga oshishi kutilmoqda.    

Darhaqiqat, XXI asr zamonaviy yoshlar hayotiga sezilarli chizgilarni kiritdi. O‘tgan asr bolalari maktab, turli to‘garak va sport sektsiyalariga chopgan bo‘lsa, bugun ular o‘zaro disklar, fleshkalar va axborotni saqlovchi shu kabi boshqa vositalardan imkon boricha tez foydalanishga shoshiladi. Yosh avlodning ota-onalariga nisbatan kompyuter savodxonligi baland, ko‘pgina olti yashar bolalar blyutuz (bluetooth) va spam nimaligini kattalarga nisbatan yaxshi biladi.

Dunyoning rivojlangan mamlakatlaridan biri Kanadada o‘n yetti yoshgacha bo‘lgan 6 ming bola o‘rtasida o‘tkazilgan tadqiqotlar natijasiga ko‘ra, ular sodda ota-onalari o‘ylaganidek, internetdan aksariyat, hollarda axborot olish maqsadida foydalanmas ekan. So‘rovda ishtirok etganlarning 99 foizi internetdan foydalanishini, ularning har o‘n nafaridan sakkiz nafari uyda ulanish imkoniyatiga ega ekanini bildirdi. Kanada yoshlarining yarmidan ko‘pi internet va kompyuter texnologiyalarni ota-onalaridan yaxshiroq bilishini aytgan. Ularning 80 foizi mustaqil ravishda internetga ulanishini, ota-onalari kompyuterga himoya vositasi bo‘lgan «filtrlash» dasturini o‘rnatib qo‘ymaganliklari va farzandlari qanday saytlarga kirishini nazorat qilmasligini tan olishdi. Umuman olganda, ota-onalarning aksariyat qismi, aniqrog‘i, 65 foizi farzandlari internetdan faqat uy vazifasini tayyorlash uchun foydalanadi, degan fikrda, yoshlar esa ilm olishni eng oxirgi o‘ringa qo‘yadilar. Ular asosan internet orqali musiqa tinglaydi, elektron manzilni tekshiradi, xullas, vaqtini chog‘ o‘tkazadi. Yoshlarning uchdan ikki qismi internetga yangi do‘stlar orttirish va kim bilandir suhbatlashish maqsadida ulanadi, ularning 15 foizi keyinchalik bu munosabatlarni real hayotda davom ettirar ekan.

Muloqotning bu kabi shakllari yaxshi, albatta. Biroq masalaning ikkinchi tomoni ham borki, unga chuqurroq nazar tashlash lozim. Alohida e‘tibor talab etadigan jihat esa internet orqali ta‘qib deb nomlanadi.

Virtual ta‘qib ommalashmoqda

Tadqiqotlar natijalaridan ma‘lum bo‘ldiki, hozirda maktab yoshidagi bolalar internetdan tobora erta foydalana boshlamoqdalar. Masalan, boshlang‘ich sinf o‘quvchilari bemalol maktab yon atrofidagi kafe yoki klubga kirib, internetdan foydalanishi mumkin. Shu bois ular uyda ham internetga ulanish imkoni bo‘lishini xohlashi tabiiy. Lekin, mutaxassislarning fikricha, yoshi o‘nga yetmagan bola odatda mustaqil ravishda internetdan foydalanish uchun zarur bo‘lgan tanqidiy fikrlash va shu asnoda ma‘lumotlarni farqlash, ularni ajrata bilish, boshqacha qilib aytganda, «filtrlay» olish qobiliyatiga ega emas. Shu sabab, internetdan yolg‘iz qolganda ham foydalanish ehtimoli bo‘lgan bolani qattiq nazorat ostiga olish kerak, unga o‘zi haqidagi shaxsiy ma‘lumotlarni internet orqali tanishgan odamlarga aytmaslikni o‘rgatish zarur.

Biroq dunyo tarmog‘idagi qanday axborot maktab yoshidagi bolalar uchun foydali bo‘lishi mumkin? Kuniga bir necha soatlab kiber makonda «sayohat qiladigan» o‘smirlar aslida nima bilan shug‘ullanadi va bu holat ularning dunyoqarashi, xarakterida qanday aks etadi? Zarur hollarda o‘smirlarning axborot xavfsizligini qay usulda ta‘minlash mumkin? Mazkur savollar ko‘pchilik ota-onalar hamda yoshlar muammolari bilan shug‘ullanuvchi tashkilot xodimlarini tobora ko‘proq tashvishga solayapti va o‘ylantirmoqda. Bunga jiddiy asos ham bor.

So‘nggi paytlarda internet orqali ta‘qib etish yoki ilmiy tilda aytadigan bo‘lsak, grifing holatlari ko‘p kuzatilmoqda. Bu kabi tarmoq bezoriligining eng birinchi qurbonlari aynan yoshlar qatlami, xususan, o‘smirlar hisoblanadi. Sababi, shu yoshda bolalar tabiatan ochiq bo‘ladi hamda dunyoga faqat ijobiy nuqtai nazar bilan qaraydi. Ular o‘zlari erishgan yutuqlari bilan o‘rtoqlashishni, o‘z fikrlarini birovlarga bayon etishni, g‘oyalari bilan bo‘lishishni xohlaydilar. O‘smirlar o‘ta ishonuvchan, kompyuter o‘yinlariga qobiliyatli, buyruqlarni osonlikcha bajaradigan bo‘ladilar. Atrofdagilar bilan ko‘proq muloqotda bo‘lib, yangidan-yangi fikr-g‘oyalarni o‘rtaga tashlaydilar, ularni amalda qo‘llashga intiladilar, biroq bu borada ularga hayotiy tajriba yetishmaydi. Shuning uchun ham ular saytlarda qidiruvni amalga oshirayotganda, axborotni qabul qilishda yoki elektron pochta manzilidan foydalanayotganda kattalar yordamiga muhtoj. Chunki bir qarashda beozor tuyulgan chat xonalar yoki maxsus muloqot dasturlari orqali kechadigan suhbatlar tafakkuri endi shakllanayotgan bolalarni oxir-oqibat jinoyatgacha yetaklab borayotgani hayotiy haqiqat. Grifing bilan shug‘ullanuvchilar yoki grifyorlar zamonaviy yoshlarning qiziqishlaridan juda yaxshi xabardor bo‘lib, onlayn konferentsiya, forum xonalarida istalgan mavzuda suhbat yuritishi, o‘zlarini ularning muammolarini tushunadigan odamlar sifatida ko‘rsatishi mumkin, buning ustiga veb tarmoqda anonimlikni saqlash xususiyati qisqa fursat ichida ishonchga kirib olishga imkon yaratadi.

Qarshi kurash choralariga kelsak...

Grifing bilan kurashishning eng oddiy usuli - kompyuterga maxsus taqiqlov dasturlari (eng mashhurlari Kiberpatrul yoki Kidskontrol)ni o‘rnatish. Shunda o‘sha foydalanuvchidan keladigan barcha xabarlar avtomatik tarzda filtrlanadi yoki dasturga ota-onalar tomonidan kiritilgan cheklov tufayli bolaning o‘zi qiziqib nojo‘ya axborotni olmoqchi bo‘lganda avtomatik taqiq ishga tushadi. Ayni paytda mazkur dasturlar ham to‘liq xafvsizlikni kafolatlay olmaydi, chunki ba‘zida ular foydali axborotni cheklab qo‘yishi yoki keraksizini o‘tkazib yuborishi mumkin.

Hozirgi kunda ko‘plab mamlakatlarda internetdan foydalanish darslari fakultativ sifatida maktab dasturiga kiritila boshlandi. Buni ham grifingga qarshi kurashishning o‘ziga xos usuli sifatida ko‘rsatish mumkin. Negaki, fakultativ darslar orqali bolalar internetdan olinadigan ma‘lumotlarning haqqoniy va to‘g‘riligini tekshirishga o‘rgatiladi. Bunday darslar ayniqsa, o‘smirlar uchun zarur.

Internetda grifingdan tashqari aynan o‘smir yoshdagilar uchun yana bir qancha xavflar ham bor. Vaqt o‘tgani sayin bolalar va internet muammosi tobora chuqurlashib borayotgan bir paytda, global tarmoqning yashirin xavflariga faqatgina ta‘sir tushib qolishni emas, balki ekstremistik xarakterdagi, sekta va turli xil uyushmalar saytlarining foydalanishga ochiqligini, virtual firibgarlikka keng yo‘l qo‘yilganlikni ham ko‘rsatish mumkin. Bolalarning qiziquvchan tabiati ularni yuqorida tilga olingan turdagi saytlarga yetaklashi, bu veb sahifalarda ularning ruhiy yoki jismoniy sog‘lig‘iga xavf soluvchi ma‘lumotlarni ko‘rishiga olib kelishi tabiiy. Elektron pochta manzillari orqali olingan xabarlar kuchli ruhiy ta‘sir o‘tkazib, bolalarni internet doirasida va undan tashqarida ham jinoyatga undashi hech gap emas. Bank yoki kredit kartochkasidagi hisob raqamlarni bilgan bolakaylar onlayn savdolarda qatnashish imkoni bilan birga kichik o‘yinchoqdan tortib to eng so‘nggi rusumdagi mashina sotib olish huquqiga ega degani. Bu narsa ularni virtual firibgarlarning nishoniga aylantiradi.

Shu sabab, global tarmoq foydalanuvchilari ko‘p bo‘lgan Belorusiyada bu kabi muammolar qator yangi kasblarning vujudga kelishiga ham turtki bo‘ldi. Mazkur yangi turdagi mutaxassislarining vazifasi oilada internetdan foydalanish madaniyatini joriy etadigan hamda bolalarga psixologik, ma‘naviy hamda jismoniy zarar yetkazmaydigan ochiq va xavfsiz axborot makonini yaratishdan iborat.

Shuningdek, ko‘plab jamoat tashkilotlari, nodavlat tashkilotlar va xususiy kompaniyalar o‘z faoliyatini internetning bolalarga ta‘siri va bundan bo‘ladigan zararning oldini olish usullarini o‘rganishga qaratgan. Jumladan, internet mazmunini baholash assotsiatsiyasi (ICRA) mustaqil xalqaro tashkilot bo‘lib, asosiy vazifasi ota-onalarni ularning farzandlarini tarmoqda kutayotgan ko‘ngilsizliklar va xavfli munosabatlar haqida ogohlantirish, kiber makonda bolalarni noto‘g‘ri axborotlardan himoyalash va so‘z erkinligini ta‘minlashdan iborat. Ota-onalarga ko‘rilayotgan muammolar yuzasidan maslahat, ko‘mak beruvchi Kiberfarishtalar (Cyberangels) - internetda bolalar huquqini himoya qilishga yo‘naltirilgan Yevropadagi ilk tashkilotga 1995 yili asos solindi va ayni paytda AQSh, Kanada kabi davlatlar ham a‘zolar safidan o‘rin oldi.

Muammolar chuqurlashgani sayin bu kabi tashkilotlar ham keng ko‘lamda tadqiqotlar o‘tkazish va xavflarga qarshi kurash choralari ishlab chiqishni kuchaytirmoqda. Xususan, Bolalarni asraylik (Save the Children) xalqaro huquqiy tashkiloti o‘tgazgan so‘rovnomalar natijasida ma‘lum bo‘ldiki, AQShdagi 15-17 yashar o‘smirlarning 85 foizi, Kanada yoshlarining 93 foizi muntazam ravishda internetdan foydalanadi. Kommunikatsiya vositalari tadqiqoti assotsiatsiyasi (Association for the Research of Communication Media) olgan natijalarga ko‘ra esa, o‘smirlar katta yoshlilarni 2004 yildayoq internetdan foydalanish bo‘yicha ortda qoldirgan.

Ispaniyaning Bolalarni himoya qilish agentligi (Child Protection Agency) tadqiqotlari natijalari shuni ko‘rsatdiki, internetdan doimiy ravishda foydalanuvchi bolalarning 44 foizi virtual muloqot paytida hech bo‘lmaganda bir marta, 11 foizi esa bir necha bor ta‘qib ostiga olingan. E‘tiborli tomoni, so‘rovlarda ishtirok etgan yoshlarning 14,5 foizi internet orqali notanish odamlar bilan uchrashuv belgilagan, 10 foizi bunday uchrashuvlarga yolg‘iz borgan, 7 foizi bu haqda hech kimga hech narsa aytmagan. Dunyo miqyosida esa 38 foiz bolalar zo‘ravonlik ruhidagi saytlarni, 26 foizi millatchilik xarakteridagi veb sahifalarni muntazam kuzatib borishi ma‘lum bo‘ldi.

O‘tgan yilning oxirgi oylarida dunyoning eng mashhur kompaniyalaridan biri «Maykrosoft» (Microsoft) 28 davlatda o‘zining chat xonalarini yopishini e‘lon qildi. Bu harakat bolalar muammolari bilan shug‘ullanuvchi huquq-tartibot hamda xayriya tashkilotlari tomonidan to‘liq qo‘llab-quvvatlandi, chunki erkin va nazoratsiz forum xonalar spam, virus va axloqsiz axborotni tarqatish manbaiga aylanib qolgandi. Shu tariqa, MSN tekin chatlari Yevropa, Yaqin Sharq, Afrika, Osiyo va Lotin Amerikasining ko‘plab mamlakatlarida o‘z faoliyatini to‘xtatdi. O‘rniga Microsoft Messenger tezkor xabar almashinish tizimi joriy qilindiki, endilikda bu xizmatdan foydalanish uchun shaxsiy ma‘lumotlarni kiritish asosida ro‘yxatdan o‘tish talab etiladi. Chunki o‘tgan yili Buyuk Britaniyada shov-shuvga sabab bo‘lgan zo‘ravonlar ustidan o‘tkazilgan sud jarayonlarining kamida 26 holatida qurbonga aylangan bolalar ta‘qibchilar bilan virtual muloqot orqali tanishgani aniqlandi.

Xulosa o‘rnida

Zamonaviy texnologiyalarning tez sur‘atlarda o‘sishiga qaramay, ba‘zan odamlar ulardan oqilona foydalanish qanday kechishi kerakligini to‘liq anglab yetmaydi. Kompyuter va internetgacha bo‘lgan davrda o‘sib-ulg‘aygan ko‘plab ota-onalar va muallimlarning katta qismi, agar bola internetdan foydalana boshlasa, buning, albatta, foydasidan zarari ko‘proq, deb o‘ylaydi. Bolani kompyuter yoki internetdan chalg‘itish harakati zamirida aslida boshqa bir muammo, ya‘ni kattalarning bu masalada nisbatan savodsiz ekani aniqlandi. Biroq agar ular o‘zlari avval texnologiyalar savodsizligi masalasiga jiddiyroq yondashib, uni bartaraf etishsa, maqsadga muvofiq bo‘lardi. Negaki, savodsizlik masalasidan qochish orqali bolani texnologiyalardan ajratib qo‘yish to‘g‘ri emas. Buning ustiga yana bir jihat e‘tiborga loyiq: aynan kattalarning tutgan yo‘lidan kelib chiqqan holda bolalarda kibernetik do‘stiga nisbatan munosabat shakllanadi.

Shubhasiz, internet bilim va kerakli axborotni olish uchun ulkan imkoniyatlar yaratadi, biroq tarmoqqa joylashtiriladigan katta hamjdagi axborotning barchasini ham ishonchli va foydali deb bo‘lmaydi. Foydalanuvchilar ma‘lumotlarning to‘g‘riligini aniq ajrata bilishi uchun tanqidiy fikrlash qobiliyatiga ega bo‘lishi talab etilarkan, bu jihat «Internetda bo‘lsa, demak, to‘g‘ri» deya fikrlaydigan bolalarga ham tegishlidir. Bu borada ularga internetda xohlagan inson o‘z sahifasini yaratishi, unga har qanday ma‘lumotni joylashtirishi va bunda unga hech kim to‘siqlik qila olmasligini vaqtida tushuntirish zarur. Bolalarga keng doiradagi manbalardan foydalanishga yo‘naltirish natijasida faktlarni fikrlardan farqlashga, to‘g‘riligi tasdiqlanmagan axborotdan himoyalanishga ularni o‘rgatish mumkin.

Nargiza Ibrohimova
“Ma’rifat” gazetasidan olindi.