Ер юзида аҳоли кўпайиши билан инсоният ризқи қирқиладими?

Рукн: Долзарб мавзу Чоп этилган: 24.01.2018

“Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур. Ҳаммаси аниқ Китоб (Лавҳул Маҳфуз)да (ёзилган)дир”.

(Ҳуд сураси, 6-оят).

Дунё аҳолиси сони, 2018 йил 1 январь ҳолатига кўра, 7,4 миллиарддан ошиб кетди. Нуфус жиҳатидан ҳамон Хитой (1,399 млрд.) етакчилик қилиб келмоқда. Иккинчи ўринни Ҳиндистон (1,35 млрд.га яқин) банд этган. Уни АҚШ (326,6 млн.) таъқиб қилиб келмоқда.

Ўтган давр мобайнида социолог олимларнинг: “Туғилишни чеклаш лозим”, деган ташвишли фикр-мулоҳазалари жаҳоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинмоқда.

Ҳатто яқин-яқингача аҳолиси сони ҳижатидан дунёда етакчи давлат — Хитойда бир оила фақат битта фарзанд кўриши мумкин, деган ғайриоддий қоида бор эди. Чинликларнинг кўплаб эътирозлари ҳамда бошқа объектив ва субъектив сабаблар туфайли бу қоидага барҳам берилди.

Аслида мутахассисларнинг ташвишли мулоҳазалари кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Бу муаммо бир неча асрдан бери нафақат олимларни, балки ишлаб чиқариш манбаларининг камлиги ва Ер куррасида табиий захираларнинг тугаб бораётганидан хабардор ҳар бир кишини ўйлантиради.

Олимлар: «Агар аҳоли сонининг мунтазам кўпайиб бориши олди олинмаса Ер юзи башариятга торлик қилиб қолади, кундалик эҳтиёжларни қоплаш имкони бўлмайди» дейишади.

Мутахассислар аҳоли сонининг ортиши уй-жой, озиқ-овқат муаммоси билан бир қаторда, энергия танқислиги ва атроф-муҳитнинг ифлосланишидан ҳам хавотирдалар. Шу боис туғилишни чеклаш керакми-йўқми, деган масала йирик халқаро анжуманларда тез-тез кун тартибига қўйилмоқда.

Туғилишни назорат қилиш илк бор XVIII аср охирларида Европада бошланган. Инглиз иқтисодчиси Малтус, кейинчалик франциялик олим Франц Плэс туғилишга чегара қўйиш таклифи билан чиққанлар. 1833 йили америкалик табиб Чарлз Нортон ҳам буни қўллаб-қувватлаган.

Бу олимлар аҳоли кўпайишини геометрик тарзда (2,4,8,16,32...), озиқ-овқат маҳсулотлари кўпайиб боришини эса арифметик тарзда (1,2,3,4,5...) кўрсатишган. Улар аҳоли сони тўсиқларга учрамай ортиб борса, йигирма беш йилдан кейин икки марта, бир асрдан кейин икки юз эллик олти марта кўпаяди, нуфус билан озиқ-овқат манбалари орасидаги номутаносиблик кескин ортади, деб ўйлашган.

Тарихий ҳақиқат шуки, инсон насли ҳеч қачон Малтус ва Франц Плэс айтганидек, геометрик тартибда кўпаймаган. Аниқ рақамларга мурожаат қилсак, милодий тақвим бошида 200 миллион кишини ташкил этган дунё аҳолиси 1300 йилларга келиб 500 миллион, 1804 йилда бир миллиард, 1927 йили икки миллиард, 1959 йили уч миллиард, 1974 йили тўрт миллиард, 1987 йили беш миллиард, 1999 йили олти миллиард ва 2011 йил 31 октябрь куни етти миллиардга етгани расман эълон қилинди ва кўпчилик етти миллиардинчи бола Россияда туғилгани ва уни БМТ мутасаддилари «тилла бола», деб эълон қилганини шодиёналик билан кутиб олган бўлса-да, аммо «етти ўлчаб бир кесадиган» иқтисодчи ва социолог олимлар бу воқеани унча хушлашмай қарши олишди. Сабаби, аҳвол шу зайлда давом этадиган бўлса, 2100 йилга бориб сайёрамизда 15 миллиард одам ўзаро муросаю мадора қилишга мажбур бўлади.

Бизнингча, аҳоли нуфузининг бу тариқа ортиб боришидан фожиа ясаш шарт эмас. Чунки инсоният туғилишга эътибор қаратгани билан ўлимни камайтиришнинг уддасидан чиқа олмаяпти.

Озиқ-овқат воситалари ҳам арифметик тартибда ошмайди.

Қадимда кишиларнинг озиқ-овқати, асосан, сув, ўсимликлар ва ҳайвонлардан иборат эди. Ҳозир бошқа жуда кўп манбалар бор. Инсон насли кўпайгани сайин ҳаётини муҳофаза қилиш учун янги-янги ризқ манбаларини излаяпти, эҳтиёжларини қондириш учун турли усуллардан фойдаланяпти.

Шунингдек, аҳоли сони ортиши билан бирга, ишчи кучининг кўпайишини ҳам назардан қочирмаслик керак.

Иқтисод илмига кўра, ишлаб чиқаришнинг уч асосий унсури бор: табиат, сармоя ва инсон. Инсон бу унсурларнинг энг улуғи ва муҳим аҳамиятга молигидир. Аҳоли сони ортишидан хавотирга тушаётганларнинг ишлаб чиқаришдаги ўрнини эътиборга олмай, унга фақат истеъмолчи сифатида қарашади. Ҳолбуки, инсоннинг Ер юзидаги тараққиёт ва яшаш шароитини яхшилашга қўшган ҳиссасини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Нуфузнинг ортиши аслида инсонларнинг яхшироқ ишлашни тақозо этадиган омиллардан биридир. Эҳтиёжлар инсонни тараққиёт учун янги-янги ихтиролар қилишга ундайди. Бугун инсон денгиз тубларидан ва фазодан ризқини ахтармоқда.

Умуман, дунё аҳолиси кўпайишига мувофиқ тарзда ер юзида ризқ воситалари ҳам ортаётир.

Ер юзи ва коинотдаги мавжуд мувозанатни ҳеч ким инкор этолмайди. Ер куррасида яшайдиган барча махлуқот сонида чегара ва мувозанат мавжуд. Масалан, «Sismibrium Sophia» номли дарахт йилига етти юз эллик мингта уруғ сочишига қарамай, Ер юзини босиб кетаётгани йўқ. «Денгиз юлдузи» балиғи бир мартада икки юз миллионгача уруғ қўяди. Лекин денгизларни айни шу балиқлар эгаллаб олмаган, яъни мувозанат бузилмаган. Башарият ҳам ушбу илоҳий низомдан четда эмас.

Яна бир муҳим жиҳатни асло унутмаслигимиз керак. У ҳам бўлса банданинг ризқи Аллоҳнинг зиммасида эканидир.

Мақолага эпиграф сифатида келтирилган ояти каримадаги “ўрмалаган нарса” ибораси фақат тўрт оёқли жониворларни эмас, балки барча жонли мавжудот, хусусан, инсонларни ҳам ифода этади.

Буюк аждодимиз Ҳаким Термизийнинг “Наводир ул-усул” асарида келтирилган воқеа ҳам ризқ Аллоҳдан эканига далолат қилади. Ораларида Абу Мусо, Абу Молик ва Абу Омир каби саҳобалар бўлган Ашъарийлар карвони Мадинага ҳижрат қилишди. Манзилга очликдан силласи қуриб, бир алфозда етиб келдилар. Бир кишини Расулуллоҳ (с.а.в.)дан егулик сўраб келишга юборишди. Жўнатилган одам эшиклари олдига келганда ичкаридан Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг: “Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур...” оятини тиловат қилаётганларини эшитди. Ўзига ўзи: “Аллоҳга Ашъарийлардан ҳам кўра ризқлантириш осонроқ бирор жонзот йўқ”, дея Расулуллоҳ (с.а.в.)га учрамай қайтиб кетди.

Бориб: “Хушхабар, сизларга ёрдам келмоқда!” деганида, шериклари бу гапни Расулуллоҳ (с.а.в.) кўмак ваъда қилибдилар, дея тушунишди. Шу пайт уларнинг олдига нон ва гўшт тўла идиш кўтариб олган икки киши келди. Ашъарийлар ундан тўйгунларича егач, таомдан ортиб қолганини Расулуллоҳ (с.а.в.)га қайтарайлик, у зот буни бошқа муҳтожларга берсинлар, деб келишишди. Сўнг барчалари Пайғамбаримиз (а.с.)нинг олдиларига бориб, таом учун миннатдорлик билдиришди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Мен сизларга ҳеч қандай егулик юборганим йўқ”, дедилар. Бир шерикларини ул зотнинг ҳузурларига юборганларини айтишганида, Пайғамбаримиз (с.а.в.) ўша одамдан нима гаплигини сўрадилар. У нима қилгани ва шерикларига нима деганини айтганида у зот (с.а.в.): “Мана шу Аллоҳнинг сизларни ризқлантирганидир”, дея марҳамат қилдилар.

Толибжон Низомов

“Yerda o‘rmalovchi biror narsa (jonzot) yo‘qki, uning rizqi (ta’minoti) Allohning zimmasida bo‘lmasa! (U) uning qarorgohini ham, oromgohini ham bilur. Hammasi aniq Kitob (Lavhul Mahfuz)da (yozilgan)dir”.

(Hud surasi, 6-oyat).

Dunyo aholisi soni, 2018 yil 1 yanvar holatiga ko‘ra, 7,4 milliarddan oshib ketdi. Nufus jihatidan hamon Xitoy (1,399 mlrd.) yetakchilik qilib kelmoqda. Ikkinchi o‘rinni Hindiston (1,35 mlrd.ga yaqin) band etgan. Uni AQSh (326,6 mln.) ta’qib qilib kelmoqda.

O‘tgan davr mobaynida sotsiolog olimlarning: “Tug‘ilishni cheklash lozim”, degan tashvishli fikr-mulohazalari jahonning yetakchi ommaviy axborot vositalari orqali e’lon qilinmoqda.

Hatto yaqin-yaqingacha aholisi soni hijatidan dunyoda yetakchi davlat — Xitoyda bir oila faqat bitta farzand ko‘rishi mumkin, degan g‘ayrioddiy qoida bor edi. Chinliklarning ko‘plab e’tirozlari hamda boshqa ob’ektiv va sub’ektiv sabablar tufayli bu qoidaga barham berildi.

Aslida mutaxassislarning tashvishli mulohazalari kecha yoki bugun paydo bo‘lib qolgani yo‘q. Bu muammo bir necha asrdan beri nafaqat olimlarni, balki ishlab chiqarish manbalarining kamligi va Yer kurrasida tabiiy zaxiralarning tugab borayotganidan xabardor har bir kishini o‘ylantiradi.

Olimlar: «Agar aholi sonining muntazam ko‘payib borishi oldi olinmasa Yer yuzi bashariyatga torlik qilib qoladi, kundalik ehtiyojlarni qoplash imkoni bo‘lmaydi» deyishadi.

Mutaxassislar aholi sonining ortishi uy-joy, oziq-ovqat muammosi bilan bir qatorda, energiya tanqisligi va atrof-muhitning ifloslanishidan ham xavotirdalar. Shu bois tug‘ilishni cheklash kerakmi-yo‘qmi, degan masala yirik xalqaro anjumanlarda tez-tez kun tartibiga qo‘yilmoqda.

Tug‘ilishni nazorat qilish ilk bor XVIII asr oxirlarida Yevropada boshlangan. Ingliz iqtisodchisi Maltus, keyinchalik frantsiyalik olim Frants Ples tug‘ilishga chegara qo‘yish taklifi bilan chiqqanlar. 1833 yili amerikalik tabib Charlz Norton ham buni qo‘llab-quvvatlagan.

Bu olimlar aholi ko‘payishini geometrik tarzda (2,4,8,16,32...), oziq-ovqat mahsulotlari ko‘payib borishini esa arifmetik tarzda (1,2,3,4,5...) ko‘rsatishgan. Ular aholi soni to‘siqlarga uchramay ortib borsa, yigirma besh yildan keyin ikki marta, bir asrdan keyin ikki yuz ellik olti marta ko‘payadi, nufus bilan oziq-ovqat manbalari orasidagi nomutanosiblik keskin ortadi, deb o‘ylashgan.

Tarixiy haqiqat shuki, inson nasli hech qachon Maltus va Frants Ples aytganidek, geometrik tartibda ko‘paymagan. Aniq raqamlarga murojaat qilsak, milodiy taqvim boshida 200 million kishini tashkil etgan dunyo aholisi 1300 yillarga kelib 500 million, 1804 yilda bir milliard, 1927 yili ikki milliard, 1959 yili uch milliard, 1974 yili to‘rt milliard, 1987 yili besh milliard, 1999 yili olti milliard va 2011 yil 31 oktyabr kuni yetti milliardga yetgani rasman e’lon qilindi va ko‘pchilik yetti milliardinchi bola Rossiyada tug‘ilgani va uni BMT mutasaddilari «tilla bola», deb e’lon qilganini shodiyonalik bilan kutib olgan bo‘lsa-da, ammo «etti o‘lchab bir kesadigan» iqtisodchi va sotsiolog olimlar bu voqeani uncha xushlashmay qarshi olishdi. Sababi, ahvol shu zaylda davom etadigan bo‘lsa, 2100 yilga borib sayyoramizda 15 milliard odam o‘zaro murosayu madora qilishga majbur bo‘ladi.

Bizningcha, aholi nufuzining bu tariqa ortib borishidan fojia yasash shart emas. Chunki insoniyat tug‘ilishga e’tibor qaratgani bilan o‘limni kamaytirishning uddasidan chiqa olmayapti.

Oziq-ovqat vositalari ham arifmetik tartibda oshmaydi.

Qadimda kishilarning oziq-ovqati, asosan, suv, o‘simliklar va hayvonlardan iborat edi. Hozir boshqa juda ko‘p manbalar bor. Inson nasli ko‘paygani sayin hayotini muhofaza qilish uchun yangi-yangi rizq manbalarini izlayapti, ehtiyojlarini qondirish uchun turli usullardan foydalanyapti.

Shuningdek, aholi soni ortishi bilan birga, ishchi kuchining ko‘payishini ham nazardan qochirmaslik kerak.

Iqtisod ilmiga ko‘ra, ishlab chiqarishning uch asosiy unsuri bor: tabiat, sarmoya va inson. Inson bu unsurlarning eng ulug‘i va muhim ahamiyatga moligidir. Aholi soni ortishidan xavotirga tushayotganlarning ishlab chiqarishdagi o‘rnini e’tiborga olmay, unga faqat iste’molchi sifatida qarashadi. Holbuki, insonning Yer yuzidagi taraqqiyot va yashash sharoitini yaxshilashga qo‘shgan hissasini hech narsa bilan o‘lchab bo‘lmaydi. Nufuzning ortishi aslida insonlarning yaxshiroq ishlashni taqozo etadigan omillardan biridir. Ehtiyojlar insonni taraqqiyot uchun yangi-yangi ixtirolar qilishga undaydi. Bugun inson dengiz tublaridan va fazodan rizqini axtarmoqda.

Umuman, dunyo aholisi ko‘payishiga muvofiq tarzda yer yuzida rizq vositalari ham ortayotir.

Yer yuzi va koinotdagi mavjud muvozanatni hech kim inkor etolmaydi. Yer kurrasida yashaydigan barcha maxluqot sonida chegara va muvozanat mavjud. Masalan, «Sismibrium Sophia» nomli daraxt yiliga yetti yuz ellik mingta urug‘ sochishiga qaramay, Yer yuzini bosib ketayotgani yo‘q. «Dengiz yulduzi» balig‘i bir martada ikki yuz milliongacha urug‘ qo‘yadi. Lekin dengizlarni ayni shu baliqlar egallab olmagan, ya’ni muvozanat buzilmagan. Bashariyat ham ushbu ilohiy nizomdan chetda emas.

Yana bir muhim jihatni aslo unutmasligimiz kerak. U ham bo‘lsa bandaning rizqi Allohning zimmasida ekanidir.

Maqolaga epigraf sifatida keltirilgan oyati karimadagi “o‘rmalagan narsa” iborasi faqat to‘rt oyoqli jonivorlarni emas, balki barcha jonli mavjudot, xususan, insonlarni ham ifoda etadi.

Buyuk ajdodimiz Hakim Termiziyning “Navodir ul-usul” asarida keltirilgan voqea ham rizq Allohdan ekaniga dalolat qiladi. Oralarida Abu Muso, Abu Molik va Abu Omir kabi sahobalar bo‘lgan Ash’ariylar karvoni Madinaga hijrat qilishdi. Manzilga ochlikdan sillasi qurib, bir alfozda yetib keldilar. Bir kishini Rasululloh (s.a.v.)dan yegulik so‘rab kelishga yuborishdi. Jo‘natilgan odam eshiklari oldiga kelganda ichkaridan Payg‘ambarimiz (s.a.v.)ning: “Yerda o‘rmalovchi biror narsa (jonzot) yo‘qki, uning rizqi (ta’minoti) Allohning zimmasida bo‘lmasa! (U) uning qarorgohini ham, oromgohini ham bilur...” oyatini tilovat qilayotganlarini eshitdi. O‘ziga o‘zi: “Allohga Ash’ariylardan ham ko‘ra rizqlantirish osonroq biror jonzot yo‘q”, deya Rasululloh (s.a.v.)ga uchramay qaytib ketdi.

Borib: “Xushxabar, sizlarga yordam kelmoqda!” deganida, sheriklari bu gapni Rasululloh (s.a.v.) ko‘mak va’da qilibdilar, deya tushunishdi. Shu payt ularning oldiga non va go‘sht to‘la idish ko‘tarib olgan ikki kishi keldi. Ash’ariylar undan to‘ygunlaricha yegach, taomdan ortib qolganini Rasululloh (s.a.v.)ga qaytaraylik, u zot buni boshqa muhtojlarga bersinlar, deb kelishishdi. So‘ng barchalari Payg‘ambarimiz (a.s.)ning oldilariga borib, taom uchun minnatdorlik bildirishdi. Rasululloh (s.a.v.): “Men sizlarga hech qanday yegulik yuborganim yo‘q”, dedilar. Bir sheriklarini ul zotning huzurlariga yuborganlarini aytishganida, Payg‘ambarimiz (s.a.v.) o‘sha odamdan nima gapligini so‘radilar. U nima qilgani va sheriklariga nima deganini aytganida u zot (s.a.v.): “Mana shu Allohning sizlarni rizqlantirganidir”, deya marhamat qildilar.

Tolibjon Nizomov