Илм аҳллари ИШИД фитнаси ҳақида

Рукн: Долзарб мавзу Чоп этилган: 15.01.2015

Ўзларини “Ироқ ва Шом Ислом давлати”, “Халифалик” давлати деб атаётган террорчи гуруҳнинг гўёки ислом тартиб қоидаларини “тўлиқ” амалга ошириш ниқоби остида динимизга зид, қабиҳ ишларни қилаётгани, шиа мусулмонларини, язидийларни, насороларни ва ИШИДчиларнинг ғояларига бўйсунмаган сунний мусулмонларни ҳам аёвсиз қатл этаётгани дунё аҳлини ларзага солмоқда.

Бундан бир минг икки юз йил олдин саййидимиз Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу айтган ушбу сўзлар ҳозирда ўзларини «Ислом давлати» деб атаётганларга қарата айтилгандек. Уни имом Бухорийнинг шайхи Нуъайм Ибн Ҳаммод “Фитналар” ривоят қилган.

Қачон қора байроқларни кўрсангиз,
(ИШИДчиларнинг байроқлари қорадир)

Ерни лозим тутинг.
(яъни «Эй мусулмонлар, маконингизда туринг. Уларга ҳижрат қилманг»)

Қўлларингизни қимирлатманг, оёқларингизни ҳам.
(Яъни уларга мол билан, асбоб-ускуна билан ёрдам берманг)

Сўнгра бир қавм зоҳир бўлур. Улар заифдирлар, эътиборга сазовор эмаслар.
(Бу ердаги «заифлик» дин маърифатида заиф, аҳлоқда заиф, аҳлоққа амал қилишда заиф, деган маъноларни ўз ичига олади)

Уларнинг қалблари темирнинг зангига ўхшайди.
(яъни улар асирларни қатл қиладилар, одамларни азоблайдилар, раҳм-шафқатни билмайдилар)

Улар давлат соҳибларидир.
(Тақрибан, юз йилдан олдин бирорта одам «Ислом давлати» деган гапни айтмаган. Фақат булар Сурия ва Ироқда «Ислом давлати» деб ном чиқаришди)

Аҳдга вафо қилмаслар, мийсоққа ҳам вафо қилмаслар.
(Элчи қилиб юборилганларга ва матбуот ходимларига берилган аҳдни бузишди)

Ҳаққа чақирурлар.
(Бу «Ислом давлати» ҳам Исломга чақиряпти, лекин амали Исломга зиддир)

Лекин ўзлари ҳақ аҳлидан эмаслар.
(Яъни, ўзлари айтганига амал қилмайдилар. Аҳли ҳақ бўлиш учун раҳмли бўлиш керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Раҳм қилинглар, раҳм қилинасизлар», деганлар)

Исмлари кунядир.
(Ҳозир ўша давлатнинг бошлиқлари, кўзга кўринган одамлари Абу Бакр, Абу Валид, Абу Муҳаммад, Абу Мусанна, Абу Муслим ва бошқа исмлар билан аталмоқда)

Нисбатлари қишлоқларгадир.
(Бағдодий, Зарқовий, Мақдисий, Шишаний, Тунисий, Яманий, Канадий…)

Сочлари аёлларнинг сочига ўхшаб осилиб туради.
(«Ислом давлати» жангчиларининг ҳаммасининг сочлари ана шундай, осилган)

Улар охири бориб ўзаро ихтилоф қиладилар.
(«Ислом давлати» ўзларининг асосий ташкилоти бўлмиш “ал-Қоида”га ихтилоф қилди, сўнгра «Нусрат жабҳаси»га ҳам ихтилоф қилди. Ораларида қатл бўлди. Икки томондан 10 000лаб одамларни бир ерда ўлдирдилар.)

Сўнгра Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳақни кимга хоҳласа, ўшанга беради (Нуайм ибн Ҳаммод. «Фитналар китоби (573).

Замонамизнинг кўзга кўринган уламолари ҳам ИШИД фитнасидан огоҳ бўлишга чақирмоқдалар. Дунё мусулмон уламолари раёсати аъзоси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам Рамазон суҳбатларидан бирида “халифалик” давлати ҳақида хавотирларини изҳор этган эдилар:

“Ўзини Ироқ ва Шом ислом давлати деб номлаб олган бир ташкилот бор. Уларнинг қаердан келганини ҳеч ким билмайди. Ҳозир Сурия ҳукуматига қарши бўлганлар билан урушяпти, Ироққа ҳукумат билан жанг қиляпти. Икки кун олдин улар “Ислом халифалиги”ни эълон қилишди. Бағдодий деган ўзларининг одамини халифа этиб сайлашди. У гўёки жаҳон мусулмонлари ўз қўл остидадек бутун дунё мусулмонларига мурожаат билан чиқди. Халифалик эълон қилган ташкилот бекорларни айтибди. Уларнинг қилаётган иши шариатга мутлақо тўғри келмайди. Уларнинг бу ҳаракатлари ўзбошимчаликдан, бетамизликдан, шариатни билмасликдан бошқа нарса эмас. БМТнинг болалар бўйича бўлими маълум қилишича, Сурияда 6 миллион бола очликдан қийналяпти экан. Ана шу ўзларини “исломий халифалик” деб атаб олган бетамизларнинг шарофати шу...”

* * *

“Бу адашган гуруҳ, уларнинг қилаётган ишлари нотўғри ва агар улар мусулмонлар билан урушсалар, мусулмонга уларга қарши курашиш вожиб бўлади, зеро бу билан уларнинг зулмидан дин ва одамлар ҳимоя қилинган бўлади”.

Шайх Абдулазиз ибн Абдуллоҳ Оли-Шайх,

Саудия Арабистонининг бош муфтийси, илмий-тадқиқотлар ва фато қўмитаси бошлиғи.

 * * *

“Бу жиноятчилар дунёга мусулмонларни ёмон қилиб кўрсатадиган тасаввурни тарқатишга муваффақ бўлишди. Бунга ўхшаш фундаменталистик террорчи гуруҳлар ўзларини нима деб атамасин ва уларга кимлар эргашмасин, буларнинг ҳаммаси мустамлакачилик махсулотлари бўлиб, улар араб дунёсини вайрон қилиб сионизмга хизмат қилади”.

Шайх Аҳмад Тоййиб,

Мисрдаги Ал-Азҳар университетининг олий имоми.

 * * *

“Шу нарса аёнки, Ироқ ва Шом ислом давлати “жангари салафийлик”нинг давомидир. Уларнинг асосий хусусиятлари куч ишлатиш, ўлдириш ва жанг қилишга бўлган очиқ мойиллик, эътиқод ва фикрни тиқиштириш учун қуролни восита қилиб олишлик; куфрни урушиш ва ўлдиришликнинг иллати деб ҳисоб қилиш; раъйни муқаддаслаштириш; Исломни ва Қуръонни англашликдаги саёзлик ва сафларида ишончлилик ва лаёқатлилик билан танилган уламоларнинг йўқлигидир”.

Доктор Абдураҳмон Букилий,

Марокашлик олим

 * * *

"Ушбу «Ислом давлати» низоми шариатга мос эмас. Бу ҳаракатлар Ироқ ва Суриядаги суннийлар ҳаёти учун хавфли натижаларга олиб келиши мумкин".

Шайх Юсуф Қарзовий,

Бутунжаҳон мусулмон уламолари уюшмаси раиси

 * * *

“Бу гуруҳни хорижийлар деб атаётганлар адашади. Улар – худосизлардир. Гуруҳ бошидагилар – зиндиқлар (ўзини мусулмон қилиб кўрсатадиган кофирлар). ИШИД Аллоҳ ва пайғамбари ҳукмларига қарши курашмоқда. Уларга байъат қилиш, қўллаб қувватлаш ҳаромдир. Улар билан ҳар турли ҳамкорлик қилиш мумкин эмас. Бу Аллоҳга, пайғамбарига ва мусулмонларга қарши жиноятдир”.

Шайх Саъд Аш-Шасрий,

Уламолар кенгаши собиқ аъзоси, Бин Сауд университети устози

 Ким раҳм қилса, унга ҳам раҳм қилинади

Афсуски, ана шу фитначи гуруҳлар таркибида ўзбек ёшлари ҳам фаолият юритмоқда. Уларга ҳам атоқли Мадина муҳаддисларидан Шайх Абдулмуҳсин ал-Аббоднинг ушбу хитоби дарс бўлади деган умидамиз:

"Мусулмонларни кофирликда айблайдиган, энг қабиҳ, ғайриинсоний усуллар билан одамларни оммавий қатл қилаётган бу гуруҳдан қандай яхшилик кутасиз? Шуни кўра-била туриб, ўша халифага байъат қилиш аҳмоқликдир. Ҳар бир бақироқнинг қуруқ гапига ишониб кетаётган ёшлар, ҳеч бўлмаса, ўз қадрингизни билинг! Тўғри йўлга қайтинг!"

* * *

O‘zlarini “Iroq va Shom Islom davlati”, “Xalifalik” davlati deb atayotgan terrorchi guruhning go‘yoki islom tartib qoidalarini “to‘liq” amalga oshirish niqobi ostida dinimizga zid, qabih ishlarni qilayotgani, shia musulmonlarini, yazidiylarni, nasorolarni va IShIDchilarning g‘oyalariga bo‘ysunmagan sunniy musulmonlarni ham ayovsiz qatl etayotgani dunyo ahlini larzaga solmoqda.

Bundan bir ming ikki yuz yil oldin sayyidimiz Ali ibn Abu Tolib karramallohu vajhahu aytgan ushbu so‘zlar hozirda o‘zlarini «Islom davlati» deb atayotganlarga qarata aytilgandek. Uni imom Buxoriyning shayxi Nu’aym Ibn Hammod “Fitnalar” rivoyat qilgan.

Qachon qora bayroqlarni ko‘rsangiz,
(IShIDchilarning bayroqlari qoradir)

Yerni lozim tuting.
(ya’ni «Ey musulmonlar, makoningizda turing. Ularga hijrat qilmang»)

Qo‘llaringizni qimirlatmang, oyoqlaringizni ham.
(Ya’ni ularga mol bilan, asbob-uskuna bilan yordam bermang)

So‘ngra bir qavm zohir bo‘lur. Ular zaifdirlar, e’tiborga sazovor emaslar.
(Bu yerdagi «zaiflik» din ma’rifatida zaif, ahloqda zaif, ahloqqa amal qilishda zaif, degan ma’nolarni o‘z ichiga oladi)

Ularning qalblari temirning zangiga o‘xshaydi.
(ya’ni ular asirlarni qatl qiladilar, odamlarni azoblaydilar, rahm-shafqatni bilmaydilar)

Ular davlat sohiblaridir.
(Taqriban, yuz yildan oldin birorta odam «Islom davlati» degan gapni aytmagan. Faqat bular Suriya va Iroqda «Islom davlati» deb nom chiqarishdi)

Ahdga vafo qilmaslar, miysoqqa ham vafo qilmaslar.
(Elchi qilib yuborilganlarga va matbuot xodimlariga berilgan ahdni buzishdi)

Haqqa chaqirurlar.
(Bu «Islom davlati» ham Islomga chaqiryapti, lekin amali Islomga ziddir)

Lekin o‘zlari haq ahlidan emaslar.
(Ya’ni, o‘zlari aytganiga amal qilmaydilar. Ahli haq bo‘lish uchun rahmli bo‘lish kerak. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: «Rahm qilinglar, rahm qilinasizlar», deganlar)

Ismlari kunyadir.
(Hozir o‘sha davlatning boshliqlari, ko‘zga ko‘ringan odamlari Abu Bakr, Abu Valid, Abu Muhammad, Abu Musanna, Abu Muslim va boshqa ismlar bilan atalmoqda)

Nisbatlari qishloqlargadir.
(Bag‘dodiy, Zarqoviy, Maqdisiy, Shishaniy, Tunisiy, Yamaniy, Kanadiy…)

Sochlari ayollarning sochiga o‘xshab osilib turadi.
(«Islom davlati» jangchilarining hammasining sochlari ana shunday, osilgan)

Ular oxiri borib o‘zaro ixtilof qiladilar.
(«Islom davlati» o‘zlarining asosiy tashkiloti bo‘lmish “al-Qoida”ga ixtilof qildi, so‘ngra «Nusrat jabhasi»ga ham ixtilof qildi. Oralarida qatl bo‘ldi. Ikki tomondan 10 000lab odamlarni bir yerda o‘ldirdilar.)

So‘ngra Alloh subhanahu va taolo haqni kimga xohlasa, o‘shanga beradi (Nuaym ibn Hammod. «Fitnalar kitobi (573).

Zamonamizning ko‘zga ko‘ringan ulamolari ham IShID fitnasidan ogoh bo‘lishga chaqirmoqdalar. Dunyo musulmon ulamolari rayosati a’zosi Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf hazratlari ham Ramazon suhbatlaridan birida “xalifalik” davlati haqida xavotirlarini izhor etgan edilar:

“O‘zini Iroq va Shom islom davlati deb nomlab olgan bir tashkilot bor. Ularning qaerdan kelganini hech kim bilmaydi. Hozir Suriya hukumatiga qarshi bo‘lganlar bilan urushyapti, Iroqqa hukumat bilan jang qilyapti. Ikki kun oldin ular “Islom xalifaligi”ni e’lon qilishdi. Bag‘dodiy degan o‘zlarining odamini xalifa etib saylashdi. U go‘yoki jahon musulmonlari o‘z qo‘l ostidadek butun dunyo musulmonlariga murojaat bilan chiqdi. Xalifalik e’lon qilgan tashkilot bekorlarni aytibdi. Ularning qilayotgan ishi shariatga mutlaqo to‘g‘ri kelmaydi. Ularning bu harakatlari o‘zboshimchalikdan, betamizlikdan, shariatni bilmaslikdan boshqa narsa emas. BMTning bolalar bo‘yicha bo‘limi ma’lum qilishicha, Suriyada 6 million bola ochlikdan qiynalyapti ekan. Ana shu o‘zlarini “islomiy xalifalik” deb atab olgan betamizlarning sharofati shu...”

* * *

“Bu adashgan guruh, ularning qilayotgan ishlari noto‘g‘ri va agar ular musulmonlar bilan urushsalar, musulmonga ularga qarshi kurashish vojib bo‘ladi, zero bu bilan ularning zulmidan din va odamlar himoya qilingan bo‘ladi”.

Shayx Abdulaziz ibn Abdulloh Oli-Shayx,

Saudiya Arabistonining bosh muftiysi, ilmiy-tadqiqotlar va fato qo‘mitasi boshlig‘i.

 * * *

“Bu jinoyatchilar dunyoga musulmonlarni yomon qilib ko‘rsatadigan tasavvurni tarqatishga muvaffaq bo‘lishdi. Bunga o‘xshash fundamentalistik terrorchi guruhlar o‘zlarini nima deb atamasin va ularga kimlar ergashmasin, bularning hammasi mustamlakachilik maxsulotlari bo‘lib, ular arab dunyosini vayron qilib sionizmga xizmat qiladi”.

Shayx Ahmad Toyyib,

Misrdagi Al-Azhar universitetining oliy imomi.

 * * *

“Shu narsa ayonki, Iroq va Shom islom davlati “jangari salafiylik”ning davomidir. Ularning asosiy xususiyatlari kuch ishlatish, o‘ldirish va jang qilishga bo‘lgan ochiq moyillik, e’tiqod va fikrni tiqishtirish uchun qurolni vosita qilib olishlik; kufrni urushish va o‘ldirishlikning illati deb hisob qilish; ra’yni muqaddaslashtirish; Islomni va Qur’onni anglashlikdagi sayozlik va saflarida ishonchlilik va layoqatlilik bilan tanilgan ulamolarning yo‘qligidir”.

Doktor Abdurahmon Bukiliy,

Marokashlik olim

 * * *

"Ushbu «Islom davlati» nizomi shariatga mos emas. Bu harakatlar Iroq va Suriyadagi sunniylar hayoti uchun xavfli natijalarga olib kelishi mumkin".

Shayx Yusuf Qarzoviy,

Butunjahon musulmon ulamolari uyushmasi raisi

 * * *

“Bu guruhni xorijiylar deb atayotganlar adashadi. Ular – xudosizlardir. Guruh boshidagilar – zindiqlar (o‘zini musulmon qilib ko‘rsatadigan kofirlar). IShID Alloh va payg‘ambari hukmlariga qarshi kurashmoqda. Ularga bay’at qilish, qo‘llab quvvatlash haromdir. Ular bilan har turli hamkorlik qilish mumkin emas. Bu Allohga, payg‘ambariga va musulmonlarga qarshi jinoyatdir”.

Shayx Sa’d Ash-Shasriy,

Ulamolar kengashi sobiq a’zosi, Bin Saud universiteti ustozi

 Kim rahm qilsa, unga ham rahm qilinadi

Afsuski, ana shu fitnachi guruhlar tarkibida o‘zbek yoshlari ham faoliyat yuritmoqda. Ularga ham atoqli Madina muhaddislaridan Shayx Abdulmuhsin al-Abbodning ushbu xitobi dars bo‘ladi degan umidamiz:

"Musulmonlarni kofirlikda ayblaydigan, eng qabih, g‘ayriinsoniy usullar bilan odamlarni ommaviy qatl qilayotgan bu guruhdan qanday yaxshilik kutasiz? Shuni ko‘ra-bila turib, o‘sha xalifaga bay’at qilish ahmoqlikdir. Har bir baqiroqning quruq gapiga ishonib ketayotgan yoshlar, hech bo‘lmasa, o‘z qadringizni biling! To‘g‘ri yo‘lga qayting!"