“Энг гўзал ҳикоятлар-2” танловига марҳамат!

Рукн: Янгиликлар Чоп этилган: 27.04.2018

www.ziyouz.uz ва www.qadriyat.uz сайтлари “Энг гўзал ҳикоятлар-2” танловини эълон қилади. Танловда энг гўзал, ибратли ҳикоятлар таржималари ҳамда ўзингиз ҳаётда кўрган ёки яқинларингиз ҳаётида юз берган реал ибратли ҳикоялар билан иштирок этишингиз мумкин.

Танлов тартиби:

Танлов учун ўзингиз таржима қилган ҳикоят(лар)ни ёки ўзингиз ҳаётда кўрган, яқинларингиз ҳаётида юз берган ибратли реал ҳикоя(лар)ни чиройли баён қилиб Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра. почтасига юборинг. Материаллар 2018 йил 1 майдан 30 майга қадар қабул қилинади. Ғолиблар Рамазон ҳайити арафасида  эълон қилинади.

Танловга турли тиллардан қилинган таржималар қабул қилинади. Олимлар, буюк кишилар ҳаётидан ибратли лавҳалар маъқулланади. Интернет ўқувчиси учун қулайлик мақсадида қисқароқ ҳикоятлар танланса мақсадга мувофиқ.

Иштирокчилар юборадиган материаллар сони чекланмаган. Ғолибларни аниқлашда ҳикоятнинг мазмуни, долзарблиги, матннинг бадиий хусусиятлари, манбанинг ишончлилиги ҳам эътиборга олинади.

Танловга юборилган ҳикоялар www.ziyouz.uz ва www.qadriyat.uz сайтларида эълон қилинади.

Танлов талаблари:

1. Ҳикоя аввал бошқа манбаларда чоп этилмаган бўлиши керак. Буни Google қидирувчида текшириб олишингиз мумкин.
2. Ҳикоянинг манбаси ва муаллифи кўрсатилиши керак. Тўқима ҳикоялар қабул қилинмайди.
3. Ҳикоя ўзбек тилида чиққан турли манбалардан кўчирилмаган бўлиши керак.
4. Ҳикоя юборувчининг ўзи томонидан таржима қилинган бўлиши керак.
5. Ҳикоя қайси тилдан таржима қилинганлиги ҳам ёзилиши керак.

Ушбу китоблар ғолиблар орасида тақсимланади:

1. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг 6 жилдли “Тафсири ҳилол”
2. Сафиюрраҳмон Муборакфурийнинг «Ар-Раҳиқул махтум» китоби
3. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг 2 жилдли "Ислом тарихи" китоби (3 дона)
4. Аҳмад Лутфий Қозончининг 4 жилдлик "Саодат асри қиссалари" китоби
5. Зиёвуддин Раҳимнинг «Бахтли ҳаёт сари» китоби.

Қўшимча номинациялар ҳам ташкил этилиши мумкин. Танловга ҳомийлик масалалари бўйича Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра. почтасига мурожаат қилишингиз мумкин.

2016 йили ўтказилган “Энг гўзал ҳикоятлар” (329 та ҳикоя юборилган) ва “Энг ибратли ҳаётий ҳикоялар” (57 нафар муаллиф 93 та ҳикоя билан иштирок этган) танловларига юборилган ҳикоялар билан ҳам танишишингиз мумкин.

Танловга юборилган ҳикоялар (тўлдириб борилмоқда):

Аввало, Ватан! (туркчадан Абдуллоҳ Раҳимбоев таржимаси)
Ибодати ортса, ризқи ҳам ортади! (туркчадан Абдуллоҳ Раҳимбоев таржимаси)
Оқкўнгил одамлар орасида (Бердиқобил Худойқулов)
Ҳуқуқшуносликдан шайхликкача... (арабчадан Иброҳимхўжа Рихсихўжаев таржимаси)
Фойда бадалига тўлов (арабчадан Суннатуллоҳ Абдулбосит таржимаси)
Мўъмин Аллоҳнинг нури билан қарайди (арабчадан Муҳаммадий Абдураҳимов таржимаси)
Қимматли фатво (туркчадан Марям Осиё таржимаси)
Акси бўлиши мумкин эди (туркчадан Марям Осиё таржимаси)
Сенинг сиртинг кир, менинг эса – ичим (туркчадан Марям Осиё таржимаси)
Тахтдан тушиш (туркчадан Марям Осиё таржимаси)
Барибир шу ерга келади (туркчадан Марям Осиё таржимаси)
Майдон тулкиларга қолмасин (туркчадан Марям Осиё таржимаси)
Ўзини саҳобага тенглаган қори (арабчадан Робия Маннобжонова таржимаси)
Фитнес клубдаги қиз (инглизчадан Отабек Матқулов таржимаси)
Сулаймон ва гилам (туркчадан Абдуллоҳ Раҳимбоев таржимаси)
Султон дарс берган қул (туркчадан Абдуллоҳ Раҳимбоев таржимаси)
Сизни, отамни ва ёқтирган оёқ кийимимни қолдириб келдим… (туркчадан Муҳаммад Мубийн таржимаси)
Қирмиз баргли оғочлар (Мансурхон Тоиров)
Паранжи (Мансурхон Тоиров)
Сўнгги сабоқ (Мансурхон Тоиров)
Тушдаги ташаҳҳуд (Абдулазиз Муҳаммад)
Фарзандингиз тарбиясини ўзингиз бузманг! (Умму Амина)
Отанинг ҳидоятига сабабчи бўлган қизалоқ (русчадан Шаҳбоз Раҳмонов таржимаси)
Фаришта (инглизчадан Фарангиз Салимова таржимаси)
Дурли маржон қиссаси (арабчадан Аъзамхон Абдураҳмонов таржимаси)
Бақлажондан ўзини тийган толиб (арабчадан Аъзамхон Абдураҳмонов таржимаси)
Ҳалолдан келган барака (арабчадан Аъзамхон Абдураҳмонов таржимаси)
Ширин кулчалар (Абдулатиф Абдуллаев)
“Ўз-ўзидан ясалган қайиқ” (туркчадан Абдулатиф Абдуллаев таржимаси)
Нодонликнинг давоси йўқ (туркчадан Абдулатиф Абдуллаев таржимаси)
Нажот қўнғироғини ким босган эди? (туркчадан Абдулатиф Абдуллаев таржимаси)
Отамнинг сабоғи (Абдулатиф Абдуллаев)
“Намоз вақти бўлди, тур!” (туркчадан Вазира Шодиева таржимаси)
Ҳазрат Али ва душмани (туркчадан Вазира Шодиева таржимаси)
Тақводор ўғри (арабчадан Робия Маннобжонова таржимаси)
Чол ва чегарачи (Акбаржон Абдулмажид)
Тарбия (Акбаржон Абдулмажид)
Учрашув (Акбаржон Абдулмажид)
Оқибат (Акбаржон Абдулмажид)
Мушук (Акбаржон Абдулмажид)
Ирқчиликка муносабат (русчадан Акбаржон Абдулмажид таржимаси)
Муштипар она дуоси (инглизчадан Отабек Матқулов таржимаси)
Савобнинг аълоси (Болтабой Муҳаммад Қурбон)
Бировники боришда, бировники келишда (Болтабой Муҳаммад Қурбон)
Абу Язид ва отаси (арабчадан Иброҳимхўжа Рихсихўжаев таржимаси)
Оқил самурай (русчадан Хуршид Нуруллаев таржимаси)
Дўстлик ёлғиз юрмайди (русчадан Хуршид Нуруллаев таржимаси)
Севгидан воз кечилмайди (русчадан Хуршид Нуруллаев таржимаси)
Бахт ва бойлик ҳақида (русчадан Хуршид Нуруллаев таржимаси)
Мевани билмаган қизалоқ (русчадан Хуршид Нуруллаев таржимаси)
Дунё — шайтоннинг моли (туркчадан Фатима Алий таржимаси)
Кар, Кўр ва Яланғоч (туркчадан Фатима Алий таржимаси)
Иймонни пулга сотиб олиб бўлмайди (туркчадан Фатима Алий таржимаси)
Яхшиямки, туғилган экансан, болам! (туркчадан Фатима Алий таржимаси)
Эҳтиётингни қил, ўғлим! (Муслим Мирзажонов)
Машаққатсиз ризқ истаган одам (туркчадан Вазира Шодиева таржимаси)
Тошбақа нега қисилиб қолди? (Гулчеҳрахон Абдуллаева)
Дард яқинлаштиради (туркчадан Марям Осиё таржимаси)
Маймун тузоғи (туркчадан Марям Осиё таржимаси)
Инсон нимага бақиради? (туркчадан Марям Осиё таржимаси)
Хўрозни ким бўғизлади? (Ҳожиаҳмад Умурзоқов)
Нуфайса нима ёки фақирлар хизматкори (туркчадан Вазира Шодиева таржимаси)
Қўли очиқ аёл (туркчадан Наргиза Атабаева таржимаси)
Мусо алайҳиссалом ва лочин қуши (туркчадан Наргиза Атабаева таржимаси)
Болалари оч қолган ота ва тиланчи (туркчадан Наргиза Атабаева таржимаси)
Бировга чоғ қазисанг, ўзинг тушасан (туркчадан Наргиза Атабаева таржимаси)
Аллоҳ ошиғи (туркчадан Наргиза Атабаева таржимаси)
Малак ва балиқ (туркчадан Наргиза Атабаева таржимаси)
Ризқ сендан, ё Раббим! (туркчадан Наргиза Атабаева таржимаси)
Ният пок бўлса… (Санжарбек Ҳамидов)

Мулоҳазалар   

#64 Qadriyat.uz 22.05.2018 11:11
Танловга юборилган ҳикоя

МEНГА БИРОЗ ЎТИН ТЎПЛАНГ!

Бани Исроил замонида хушовоз, навқирон ёш йигит бор эди. Тавротни ўқий бошлаши билан бутун ёш-у қари, аёл-эркак атрофида тўпланишар эди. “Ҳар тўкисда бир айб” деганларидек, йигитнинг ҳам бир камчилиги бор эди. Баъзан у хамр ичар эди. Онаси уни огоҳлантириб:
— Агар Бани Исроилнинг обид кишилари сенинг бу аҳволингни билишса, сени бу мамлакатдан қувиб солишади, бошқа ичма ўғлим!
Бироқ ўғил насиҳатни олмай, яна ичибди ва Тавротни ўқий бошлабди. Одамлар яна унинг атрофида тўплана бошлашибди.
Шунда онаси келиб:
— Ўғлим! Тур! Таҳорат ол-да кейин ўқи — дебди. Аммо сархуш йигит онасининг танбеҳидан қаттиқ ғазабланибди. Онасига юз-кўзи аралаш бир тарсаки туширибди. Бечора аёлнинг бир кўзи чиқиб, камига битта тиши ҳам синибди. Ўғлидан ўпкаланган шўрлик она, жаҳл устида:
— Аллоҳ сендан рози бўлмасин! — дебди.
Тонг отиб ўғил қилиб қўйган ишини кўриб уялганидан нима қилишни билмай тоқатсизланибди ва онасига кўтарилган қўлини кесиб ташлабди. Кейин онасининг ҳузурига келиб, пушаймон эканлигини айтиб, узрлар сўрабди. Аммо ҳеч бир ўзгариш бўлмаганини кўрган йигит:
— Энди дийдор қиёматга қолди. Мени бошқа кўрмайсиз, — деб қишлоқдан бош олиб чиқиб кетибди.
Бир тоғдан қўним топиб, у ерда роппа-роса қирқ йил ибодат билан машғул бўлибди.
Йигит ғордаги ибодатхонасида риёзат билан ва Аллоҳ таолога тавба қилиш билан машғул бўлганидан ғоятда заифлашибди ва ниҳоят қўлларини осмонга кўтариб:
— Ё Роббим! Онамга қилган муомаламдан кейин тавба қилдим, мени авф этган бўлсанг, буни менга билдир! — деб дуо қилибди:
— Менинг сендан рози бўлишим, Онанг сендан рози бўлишидадир! — дебди ғойибдан келган садо.
Бу жавобни эшитган фарзанд шу заҳоти онасининг ёнига югурибди:
— Эй жаннатимнинг калити! Агар ҳаёт бўлсангиз не бахт?! Агар вафот этган бўлсангиз аҳволимга вой бўлсин! — деб нола қилибди. Овозни эшитган онаси:
— Ким у бақирган? — дебди.
— Ўғлингдир! — дейишибди атрофдагилар. Қалби тилка-пора бўлган аёл яна:
— Қани кет бу ердан! Аллоҳ сендан рози бўлмасин! — дея фарёд қилибди. Чорасиз қолган ўғил атрофдагиларга:
— Менга бироз ўтин тўпланг ва гуркиратиб ўт қўйинг, сўнгра шу оловга мени отинг. Зеро жаҳаннамда абадий ёнишим ҳақ экан мана шу дунёда бироз ёниб қутилишим мен учун афзалроқдир! — дея оловни ёқдирибди.
Бўлиб турган ишларни хабарини онаизорга етказишибди. Яна фарзандига муҳаббати, оналик марҳамати жўш уриб:
— Ўғлим, қаердасан? — деб нола қилибди.
— Мен сендан рози бўлдим. Аллоҳ ҳам сендан рози бўлсин! Асло... Асло ўзимни оловга ташлайман дема! — деб йиғлабди.
Аллоҳ азза ва жалла шунда бир фаришта юбориб, онасининг кўзини ва тишини аввалги ҳолатига қайтарибди. Фарзандини ҳам онасини урганидан сўнг кесиб ташлаган қўлини фаришталарни восита қилиб янгидан ўз ҳолига қайтарибди.
Аллоҳ таоло куч-қудратда на ақлга, на фикрга сиғмас. Бизни йўқдан бор қилгани каби, яна ҳар нарсани йўқдан бор қила олур!
Хулоса: Аллоҳнинг розилиги ота-онанинг розилигидадир. Аллоҳнинг ғазаби ҳам ота-онанинг ғазабидадир. (Термизий)

Туркчадан Фатима Алий таржимаси
Иқтибос олиш
#63 Qadriyat.uz 21.05.2018 09:43
Танловга юборилган ҳикоя

"ТУҲФА"СИНИ ШАРҲЛАДИ — ҚИЗИГА УЙЛАНДИ

Бундан 9 аср олдин Самарқандда Алоуддин исмли фиқҳ олими яшарди. Атрофида ундан илм олиш ва фатво сўраш истагидаги одамлар бисёр эди. Бу олимнинг биттагина фарзанди, Фотима исмли қизи бор эди. Бу қиз оддий болалар каби эмасди. Заковати ва ҳаракатчанлиги отасини диққатини тортди. У эса қизини бир фиқҳ олими қилиб етиштирди.
Фотимахоним даврининг буюк фиқҳ олимларидан бири бўлди. Отасининг "Туҳфатул фуқаҳо" номли машҳур асарини ёд олди. Отаси берган фатволарда қизининг ҳам имзоси бўлишини истарди. Фотимахонимнинг ёзуви жуда чиройли эди. Кўп ҳолларда отаси берган фатволарни у ёзарди. Шунингдек жуда гўзал, иффатли, гўзал ахлоқ соҳибаси эди. Аёлларга дарс ва фатво берарди.
Фотимахонимнинг илмдаги шуҳратини, иффат, ахлоқ ва гўзаллигини эшитганлар унга уйланиш истагида бўлишди. Талабгорлар орасида баъзи султонлар ва шаҳзодалар ҳам бор эди. Лекин Фотимахонимни на мартаба, на мол дунё қизиқтирарди. Номзодларга шундай қизиқ бир шарт қўйди. Отасининг "Туҳфа" номли китобини ким энг гўзал ҳолда шарҳласа, шунга турмушга чиқишини айтди. Шу ниятда даврининг олимлари "Туҳфа"га шарҳлар ёза бошладилар. Натижада жуда қимматли асарлар ёзилгани боис, Фотимахоним фиқҳ илмига кўп хизмат қилган бўлди.
Шарҳ ёзганлардан бири Алоуддин ибн Масъуд Косоний эди. Косоний айни пайтда Алоуддин Самарқандийнинг талабаси эди. Косоний устозининг китобини энг гўзал шарҳлаб шартни бажарди. Фотимахонимга уйланиш насиб этди. Фотимахоним бу китобни маҳр сифатида қабул қилди.
Косоний ҳақида "Шараҳа туҳфатаҳу, завважа бинтаҳу" ("Туҳфа"сини шарҳлади, қизига никоҳланди) деган ибора машҳур бўлган. Бу китоб "Бидоя" дейилган. Ҳанафий мазҳабида ёзилган энг бебаҳо китоблардан биридир. Ҳозиргача ўрганилмаган бир услуб ва тартибда ёзилган. Фиқҳий ҳукмларнинг далиллари берилган, етти жилддан иборат. Косоний бу асаридан кейин кўп обрў қозонди. "Маликул уламо" (олимлар султони) унвони билан атала бошланди. Мўътазила, қолаверса бидъатчи фирқаларга ўткир закоси билан жавоб қайтарди.

* * *

Фотимахоним, Алоуддин Косоний билан турмуш қургач, оталари билан бирга учовлари яшай бошладилар. Фотимахоним Косоний ҳазратларининг фатволарига ёрдамчи бўларди. Қийин масаларда олима аёлининг фикрини билмасдан фатво бермасди. Фотимахоним ҳусни хат билан фатвони ёзар, отаси ва завжи учовлари бирга имзолаб фатвони сўраганга берардилар.
Отаси Алоуддин Самарқандий 1144 йилда вафот этди. Косоний, аёли билан Кўняга кетди. Онадўли Салжуқли султони Масъуд I дан ҳурмат-эътибор кўрди. Лекин бу ердаги баъзи олимларнинг ҳасади боис, султон ўзининг айни пайтда куёви бўлган Зангий Атабейларидан Нуриддин Шаҳидга элчи қилиб жўнатди. Сурия, Миср ва Ироқнинг султони бўлиб, Ҳалабда мустақил ҳукм юритган Нуриддин Шаҳид Косонийга эҳтиром кўрсатди. Уни Ҳаловийя мадрасасига мударрис қилиб тайинлади. Шу тарзда аёли билан Ҳалабга кўчиб борди.
Нуриддин Шаҳид Косоний оиласини жуда ҳурмат қиларди. Саройига чақириб муҳим ишларда маслаҳат оларди. Сарой аёллари ҳам Фотимахонимнинг суҳбатини тинглаш учун ўзаро рақобатлашишарди. Алоуддин Косоний Ҳалабда дарс берган Ҳаловийя мадрасаси олдинроқ Ая Элина номли Византия ибодатхонаси эди.

* * *

Ҳалабда қанчалар эътибор кўрмасин, Косоний оиласи ўз юртини соғинарди. Ҳалабдан кетишларини Нуриддин Шаҳидга айтдилар. Нуриддин уларни кетмасликларини қаттиқ тайинласа-да, "устозимнинг қизи қайтишни истайди" деб узрни айтди. Алоуддин Косоний, устозининг хотираси ҳурмати, аёлини айтганини ерда қолдирмасди. Нуриддин Шаҳид қалъани ичкаридан забт этиш мақсадида бир аёлни қаттиқ илтимос қилиши учун Фотимахоним ҳузурига юборди. Фотимахоним бу илтимосни рад этолмай, Ҳалабда қолишга рози бўлди.
Илм, иффат, ахлоқ ва гўзаллиги қадар, саховати ҳам баланд бўлган Фотимахоним, қўлидаги билакузукларни сотиб, Ҳаловийя мадрасаси иморатида фақирларга ҳар Рамазон кечаси ифторлик бериш одатини бошлади. Фотимахонимнинг фиқҳ ва ҳадис соҳасида асарлари бор. Маҳмуд исмли бир ўғиллари бўлган. Эр-хотин уни ҳам олим қилиб етиштирдилар.
Фотимахоним Ҳалабда вафот этди. Алоуддин Косоний ҳам кўп ўтмай 1191 йилда фоний дунёни тарк этди. Икковларининг қабрлари Ҳалабда Биррус-солиҳин қабристонида ёнма-ён жойлашган. Халқ орасида бу икки қабр "Қабрул маръа ва завжиҳа" (хонимининг ва завжининг мозори) дейилади ва зиёрат қилинади.

Туркчадан Марям Осиё таржимаси
Иқтибос олиш
#62 Qadriyat.uz 21.05.2018 09:43
Танловга юборилган ҳикоя

ЎЙИНЧОҚ ОНА

Кун бўйи ташқарида ишлайдиган эр-хотин, қизчаларига туғилган кунига совға олиш учун ўйинчоқ дўконига кирдилар. Аёл сотувчи қизга:
— Қаранг, қизим кун бўйи уйда, энагаси билан қолади. Шундай бир ўйинчоқ топиб берингки, менинг йўқлигимни сезмасин.
Сотувчи қиз бошини тебратиб:
— Сизни жуда яхши тушунаман хоним. Дўконимиз бу ҳудуддаги энг кўп, энг хилма-хил ўйинчоқларга эга. Сизга истаган ўйинчоғингизни берамиз. Ўйинчоқ айиқлар, ўйинчоқ аскарлар, ўйинчоқ ўт ўчирувчилар, турли ўйинчоқ болалар. Лекин ўйинчоқ онамиз йўқ! Ҳеч қачон бўлмайди ҳам, афсусдаман!

Туркчадан Марям Осиё таржимаси
Иқтибос олиш
#61 Qadriyat.uz 19.05.2018 11:54
Танловга юборилган ҳикоя

НИЯТ ПОК БЎЛСА…

Аёл ибодатларини мукаммал адо этиб бўлди. Тун ярмидан оғди ҳамки, кўзига уйқу илинмади. Олисда пойтахтда олий ўқув юртида таҳсил олаётган фарзанди ҳаққига дуо қилди. Қарзи ҳақида ўйлагиси ҳам келмасди. Яқинда бир ҳафтада қайтариш шарти билан бир миллион сўм қарз кўтариб, ўғлига жўнатган эди. Турмуш ўртоғининг иши юришмай қолиб, ўзининг оладиган маоши тирикчиликдан ортмасди. Аёл ана шулар ҳақида ўйлай-ўйлай вақт ўтганини ҳам сезмай қолди. «Ғойибидан ато қилгин» дея ихлос билан дуо қилди. Тонг сутдек оқариб келаётган пайтда кўзи илинибди.
Эрталаб эри уйғотди. Унинг кўзлари кулиб турар, аёл бу хурсандчилик сабабини билолмай ҳалак бўлди.
Эрининг яқин оғайниси тижоратдан катта даромад олган экан. У қийналиб қолган дўстини йўқлагиси, унга ёрдам қўлини чўзгиси келиб, эрта тонгда йўқлаб келган экан.
«Бу пулни аёлингга бер, ҳақимга дуо айласин». Ўртоғининг гапи бироз эриш туюлиб, унинг кўзларига тикилди. Нега менинг хотиним уни дуо қилиши керак экан, деган ғаразли фикр ҳам яшиндек чақнаб ўтди.
Лекин оғайнисининг нигоҳларида дўстга бўлган меҳр, самимийлик уфуриб турарди. Шул сабаб хаёлига келган фикрдан ўнғайсизланди. Хайрият, у сезмабди.
Аёлига пулни узатди. Мўмина аёл «Бу кеча ғойибидан ато қилгин, дея илтижо қилгандим» деди.
Алқисса, ҳар қандай пок ният албатта амалга ошади.

Санжарбек Ҳамидов
Иқтибос олиш
#60 Qadriyat.uz 19.05.2018 11:54
Танловга юборилган ҳикоя

РИЗҚ СЕНДАН, Ё РАББИМ!

Сулаймон а.с. саноқсиз даражадаги ер ости ва ер усти бойликларига эга эди. Шу билан бирга инсонларга, жинларга, қушларга, йиртқич ҳайвонларга ва шамолга ҳукмрон эди.
Мана шу моддий ва маънавий бойликларга эга Сулаймон а.с. бир куни Аллоҳга шундай дедилар: “Аллоҳим менга рухсат бер, ер юзидаги барча жонзотларнинг бир йиллик егулигини мен берайин”.
Аллоҳ жавоб берди: “Сулаймон бу ишни сен қилолмайсан. Бунга сенинг кучинг етмайди”.
Сулаймон а.с.: “Майли, унда бир кунлик егуликларини мен берай” деб ёлворганидан кейин Аллоҳ изн берди.
Шундай қилиб Сулаймон а.с. дунёдаги барча жин ва инсонлар бир жойга тўпланиб ҳаммага етадиган озиқ-овқат тайёрлашларини буюрди. Инсонлар ва жинлар йиғилиб тайёргарлик кўра бошладилар. Тайёр бўлгандан кейин Сулаймон а.с. шамолга қарата: “Асло эсмагин. Егуликлар айниб қолади” деди.
Егуликларни катта майдонга тайёрладилар. Дастурхон шу қадар катта эдики, унинг узунлиги бир ойлик йўлга тенг эди.
Кейин Аллоҳ таоло Сулаймон а.с.га аввал ердаги ва денгиздаги ҳайвонларни тўйдириш кераклиги айтилди. Ҳамма балиқлар келиб кетиб: “Эй Сулаймон, бугунги овқатимизни сен берар экансан. Бу Аллоҳнинг амри” деди.
Сулаймон а.с.: “Хуш келибсизлар. Марҳамат олинг” дебди.
Балиқлар еб бўлиб қарасалар уларга аталган егулик тугабди. Ҳаммалари: “Эй Сулаймон! Бизни таклиф қилдинг. Энди қорнимизни тўйдир. Биз тўймадик” дебди.
Шунда Сулаймон а.с. қанчалик катта хатога йўл қўйганини англаб етди. Сажда қилиб коинотнинг тенгсиз соҳиби Аллоҳга дуо қилди: “Инсоннинг ақли етмайдиган даражада барча борлиқнинг ризқини зиммасига олган Аллоҳ нуқсонлардан покдир!”

Турк тилидан Наргиза Атабаева таржимаси
Иқтибос олиш
#59 Qadriyat.uz 19.05.2018 11:54
Танловга юборилган ҳикоя

МАЛАК ВА БАЛИҚ

Бир вақтлар мўмин билан кофир биргаликда балиқ овига чиқишибди. Сув бўйида ўтириб қармоқ ташлаб, кечгача қолиб кетишибди.
Кофир қармоғини сувга ҳар ташлаганда сиғинадиган бутининг номини айтар эди. Мўмин эса ҳар қармоқда Аллоҳнинг номини канда қилмасди. Лекин кечгача кофир одам челагини балиққа тўлдирди, мўминнинг челаги эса бўш эди. Қуёш ботаётган пайтда бир балиқ тутганди, шуни ҳам тушуриб юборди. Шу билан кофир қўли тўла, мўмин эса бўш қўл билан уйларига кетдилар.
Буни кўрган асровчи фаришта мўминнинг ҳолидан хафа бўлади. Кўкка чиққанида Аллоҳ таоло унга мўминнинг Жаннатдаги жойини, кофирнинг эса Жаҳаннамдаги жойини кўрсатади.
Буни кўрган фаришта: “Аллоҳга қасамки, Жаннатни қўлга киритгандан кейин мўминнинг дунёда кўрган зарарлари ҳеч нима бўлмай қолади. Жаҳаннамга равона бўладиган кофирнинг бу дунёда йиққан бойликлари ҳам ҳеч нима бўлмай қолади. Шунинг учун мўмин банданинг бу дунёдаги азоб-уқубатлари йўққа чиқиб кетади. Шу билан бирга кофирнинг бу дунёда эришган мол-бойликлари унинг Жаҳаннамдаги азобларини заррача камайтиролмайди.”

Турк тилидан Наргиза Атабаева таржимаси
Иқтибос олиш
#58 Qadriyat.uz 19.05.2018 11:54
Танловга юборилган ҳикоя

АЛЛОҲ ОШИҒИ

Садун исмли бир мўмин банда ўзини бутун борлиғи билан Аллоҳга бағишлабди. Ҳар куни Аллоҳни ёд этиш ва У Зотга ибодат қилиш билан ўтар экан. Ҳатто у бошқа ҳеч нарсани ўйламайдиган, фикру зикри шу билан машғул бўладиган бўлиб қолибди. Шунинг учун уни “Ахмоқ Садун” деб чақиришар экан.
Бир куни шу одам ҳовучининг ичига “Аллоҳ” деб ёзаётган экан, уни ўша ердан ўтиб кетаётган Сиррий Сақотий кўриб қолибди. Садунга: “Эй Садун, нима қиляпсан?” дебди.
“Мен Аллоҳни жуда жуда яхши кўраман. Аллоҳнинг исмини қалбимга ёздим, бошқа номга жой қолмасин, деб. Тилимга ёздим бошқасини зикр қилмасин деб. Энди эса кафтимга ёзяпман, қараганимда кўрайин ва кўзим бошқага боқмасин, деб” дебди.

Манба: Мишкат ул Анвар
Турк тилидан Наргиза Атабаева таржимаси
Иқтибос олиш
#57 Qadriyat.uz 19.05.2018 11:54
Танловга юборилган ҳикоя

БИРОВГА ЧОҒ ҚАЗИСАНГ, ЎЗИНГ ТУШАСАН

Ислом кириб келгандан кейин қисқа муддат ичида ҳар томонга ёйилиб, бу динни қабул қилувчилар ҳам ортиб борарди. Бу ҳолат араблар ичида Ислом динини қабул қилмаган баъзи мансабдорларни беҳузур қиларди. Абу Лаҳаб ва Абу Жаҳл шулар жумласидан эдилар. Куфр ва инкорнинг малъун байроғини қўлларидан қўймаган бу икки инсон хавотирга тушиб қолишган эди. Чунки Ислом дини бир куни зафарга эришса, ҳам ота-боболарининг динидан (бутпарастликдан), ҳам катта бойликдан ажралишарди. Исломият, масалан Аллоҳга ишонишни, ичкилик ичмасликни, иймон келтирган инсонга биродардек муомала қилишни, шу билан бирга ҳаммага бирдек муносабатда бўлишни илгари суради.
Ҳолбуки, Исломдан аввалги арабларнинг 360 та бутлари бор эди. Буларга итоат қилишарди. Бой оилаларда ичкилик сувдек ичиларди. Ўзига тўқ араблар камбағалларга қулдек муомала қилардилар. Қиз бола туғилса, бахтсизлик деб, тириклайин кўмар эдилар.
Ислом барча ваҳшийлик ва ноҳақликларга “тўхта” дер эди. Барча инсонларни Аллоҳнинг бирлигига ва борлигига иймон келтиришга тарғиб қилишар, Исломни қабул қилганларни биродар дейишар эди. Ноҳақлик жазосиз қолмаслигини билишар эди. Шохсиз қўйнинг шохли қўйдан ҳаққини оладиган, илоҳий адолат куни бўлмиш қиёмат ҳисоб-китоби ҳақида гапирилар эди.
Бу вазиятда араб зодагонлари қандай бехавотир бўлишлари мумкин? Исломнинг кундан-кунга ёйилиб бориши айниқса Абу Лахаб ва Абу Жаҳлларни ғазабини қўзитар эди. Қандай йўл билан бўлмасин динга қаршилик қилишга ҳаракат қилишар эди. Шунинг учун режалар тузишар эди. Биринчи бўлиб икки олам сарвари Расулуллоҳни (с.а.в.) йўқ қилишни хоҳлашарди.
Абу Жахл бир куни шундай тузоқ тайёрлади. Уйига борадиган йўлга бир тузоқ қўйилади ва Пайғамбаримизни (с.а.в.) бир баҳона билан уйига чақирди ва уларни шу чуқурга туширди. Одамларини чақириб уйи олдига бир чуқур қазишларини буюрди. Чуқур қазидилар ва устини майда тахталар билан беркитдилар ва устига қум сепиб қўйдилар. Абу Жаҳл “Жуда бетобман” деб Пайғамбаримизни (с.а.в.) уйига чақиртиради. Одамларига Пайғамбаримиз (с.а.в.) келиб, чуқурга тушганларидан кейин, устини тупроқ билан яхшилаб беркитиб, уларни халок қилишни буюрди.
Касалланганини эшитишлари билан Пайғамбаримиз (с.а.в.) энг катта душманлари бўлишига қарамай, балки иймонга келар, деган мақсадда Абу Жаҳлнинг уйига бордилар. Энди эшигига яқинлашганларида Жаброил (а.с.) пайдо бўлиб, уларга тайёрланган тузоқни кўрсатиб, уйга киришларини ман қилди.
Пайғамбаримиз (с.а.в) дарров орқаларига қайтдилар. Хизматкоридан бўлган воқеани эшитган Абу Жаҳл ўрнидан туриб Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) ортларидан келди. “Нега кетиб қолдингиз?” деб сўраб кўнгилларини олиб, ортларига қайтармоқчи ва чуқурга туширмоқчи эди. Лекин Аллоҳнинг мўъжизасини қарангки, Абу Жаҳл чуқур борлигини унутиб, у ерга ўзи тушиб кетди. Шунинг учун ҳам, бошқага чоғ қазима, ўзинг тушасан, дейилмаган.
Чуқур ичида “Ёрдам беринг, қутқаринг” деб бақиришни бошлаган Абу Жаҳлни қутқариш учун келган одамлар унга арқон ташлашди. Лекин у арқон етмади. Абу Жаҳл арқонни ушлаб ололмаётган эди. Яна қўшимча арқон боғладилар. Учинчи, тўртинчи маротаба ҳам боғладилар. Лекин Абу Жаҳл ҳеч ушлай олмади. Арқон узайган сари чуқур ҳам пастлашиб борарди. Қараса борган сари пастлашиб боряпти. Шунда у одамларига: “Менга Пайғамбарни чақиринг, мени фақат У қутқара олади” деди. Бориб Пайғамбаримизни (с.а.в.) чақирдилар. Суюкли Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Эй Абу Жаҳл! Аллоҳга ва Расулига иймон келтирсанг, сени бу чуқурдан чиқараман. Бўлмаса ўлиб кетасан” дедилар.
Чорасиз қолган Абу Жаҳл тилидагина “майли” дер эди. Шундан сўнг Пайғамбаримиз (с.а.в.) қудуққа қўлларини узатдилар ва Абу Жахлни тортиб чиқардилар. Ҳамма ҳайрон қолди.Чунки ҳозиргина узундан-узун арқонлар ҳам унга етиб боролмаётган эди. Бу имконсиз нарса эди. Бунинг имкони бор эди, чунки бу мўъжиза эди. Иймон келтирганлар учун. Иймон келтирмаганлар учун эса бу сеҳр эди. Шу жумладан, Абу Жаҳл ҳам чиқиши билан: “Эй Муҳаммад! Сен буюк сеҳргарсан!” деди.
Аслида эса бу воқеани сеҳрга алоқаси йўқ эди. Бу шунчаки қудратининг чеки йўқ Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримизга бағишлаган луфти эди. Шу билан бирга бошқаларга чоғ қазиганлар ўша чоғга ўзлари тушишларини исботлаган бир мўъжиза. Шунинг учун Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар: “Мўмин биродарига чоғ қазиган инсон, эртами-кечми ўша чоғга ўзи тушади”.
Буюк Аллоҳ таоло барчамизни ўз амаллари билан овора, бошқаларига чоғ қазимайдиган бандаларидан қилсин. Амийн!!!

Турк тилидан Наргиза Атабаева таржимаси
Иқтибос олиш
#56 Qadriyat.uz 19.05.2018 11:53
Танловга юборилган ҳикоя

МУСО АЛАЙҲИССАЛОМ ВА ЛОЧИН ҚУШИ

Мусо пайғамбар Юша ибн Нун билан бирга чиққан саёхатларидан бирида, йўлда кетаётганларида тўсатдан оппоқ бир қушни кўриб қолишади.
Қуш Мусо а.с.нинг елкаларига қўниб, уларга шундай дейди: “Эй Аллоҳ элчиси Мусо! Мени лочин ўлдиради, илтимос мени қутқар!”
Муса а.с. қушни кийимининг остига беркитиб қўяди. Ортидан лочин келиб: “Эй Аллоҳнинг элчиси Мусо! Менинг емишимга, овимга нега тўсқинлик қиляпсан?” деб сўрайди. Мусо а.с. лочинга “Сенга сурувимдаги хоҳлаган қўйингни бераман. Шу қушга тегма илтимос” дейди. “Аммо қўйнинг гўштини нима қиламан, уни ёқтирмайманку!?” деган лочинга Мусо а.с. шундай жавоб қайтаради: “Ундай бўлса сенга ўз сон гўштимдан кесиб берай, шуни егин”.
Шу пайт Мусо а.с.нинг кийими остига яширинган қуш учиб чиқиб кетди. Кетидан лочин ҳам учиб кетди. Мусо а.с. орқаларидан қараб қолади. У “Бунинг қандай ҳикмати бор экан?” деб ўйга толади. Бу икки мавжудот ҳам ҳаёт-мамот дардида бир-бирларини ейишга тайёр эканликларини кўриб, лочинга ўз оёқ сонларидан беришга рози эди. У ҳамма мавжудотлар бир-бирлари билан урушмасдан хотиржам яшашларини орзу қиларди. Унинг мақсади ҳам уларни Аллоҳ ё`лига даъват қилиб, тинч-хотиржам яшашга ундаш эди.
Мусо а.с. хаёлидан бу ўйларни кечирар экан, қушлар унинг ёнига келиб: “Мен Жаброилман” деди. Иккинчиси эса: “Мен Микоилман” деди ва сўзини давом эттирди: “Эй Мусо! Биз бу ерга сени синаш учун келгандик. Очиғи Аллоҳ таоло Аллоҳнинг бандаларига нисбатан қай даражада меҳр-мурувватли эканлигингни билиш учун бизларни юборди. Биз Унинг айтганларини бажардик. Имтиҳондан яхши ўтдинг”.
Буюк Аллоҳ ҳаммамизни меҳр-мурувватли қилсин. Амийн!

Турк тилидан Наргиза Атабаева таржимаси
Иқтибос олиш
#55 Qadriyat.uz 19.05.2018 11:53
Танловга юборилган ҳикоя

ҚЎЛИ ОЧИҚ АЁЛ

Бир замонлар Бани Исроилда бир неча йил очлик, қахатчилик ҳукм сурди. Бу шундай қаттиқ очлик эдики, кўпгина оилалар бир бурда нонга зор эдилар.
Ўша пайтларда бир аёл уйида бир бўлак қотган нонини энди оғзига солмоқчи бўлиб турганда жуда муҳтож бир одам эшигини тақиллатиб қолибди. “Илтимос, очликдан ўлай деяпман. Менга Аллоҳ ризолиги учун бир бурда нон беринг”.
Ўзи ҳам худди шу инсон каби оч бўлган қўли очиқ аёл емоқчи бўлган луқмасини ўша инсонга беради.
Қўли очиқ аёл, ёнида ёш боласи борлигига қарамай, бу воқеадан бир неча кун ўтиб уйни иситиш учун шох-шабба йиғишга чиқибди. Аммо фалокатга дуч келиб, севимли боласини бўри олиб қочиб кетибди. Бахти қаро аёл овозининг борича бақирганча бўрининг орқасидан югурибди. Худди бўрини тутиб боласини ундан қутқарадигандек. Лекин нима қилса ҳам бўрининг домидан фарзандини қутқаришнинг имкони йўқ.
Бечора аёл тез югурганидан ва овози борича йиғлаганидан дармони қуриб ерга йиқилди. Шу пайт чексиз куч-қувватга эга Аллоҳ таоло Жаброил орқали унга ёрдам берибди. Жаброил бўрининг чангалидан болани қутқарибди ва онасининг ёнига олиб келибди.. Аёл ўзига келганда Жаброил боласини унда топширибди ва Аллоҳ номидан шундай дебди: “Эй қўли очиқ аёл! Фарзандингни қутқарганимдан хурсандмисан? Бу сенга ўша мухтож одамга берган бир луқма нон учун Аллоҳ томонидан кичик бир яхшиликдир”.

Манба: Тафсири Ҳанафий
Турк тилидан Наргиза Атабаева таржимаси
Иқтибос олиш

Мулоҳаза қўшиш


Ҳимоя коди
Янгилаш