“Маҳбуб Пайғамбар (с.а.в.)” номли сийрат танловига марҳамат!

Рукн: Янгиликлар Чоп этилган: 06.12.2016

www.ziyouz.uz ва www.qadriyat.uz сайтлари Рабиул-аввал ойи муносабати билан “Маҳбуб Пайғамбар (с.а.в.)” номли сийрат танловини эълон қилади. Танловда севимли набийимиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳақларидаги ижодий ишлар билан иштирок этишингиз мумкин.

Танлов тартиби:
Танлов учун ижодий ишларингизни Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра. почтасига юборинг. Ижодий ишлар 2017 йил 1 январга қадар қабул қилинади. Ғолиблар 2017 йил январь ойида эълон қилинади.

Танловга қуйидаги жанрлардаги ижодий ишларингизни юборишингиз мумкин:
1. Оламларга раҳмат Пайғамбар (с.а.в.) мадҳ этилган шеър, наът, манзума.
2. Муҳаммад (с.а.в.)нинг ҳаётларига оид илмий мақола (аввал бошқа жойда чоп этилмаган бўлиши керак).
3. Суюкли набийимиз (с.а.в.)га мактуб, дил изҳори.
4. Муҳаммад алайҳиссалом ҳақларида ёзилган бошқа тиллардаги мақола, шеърлар таржимаси.
5. Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳадислари асосида хаттотлик ёки санъат намунаси.
6. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳаётларига оид плакат, инфографика.

Иштирокчилар юборадиган ижодий ишлар сони чекланмаган. Ғолибларни аниқлашда ишнинг мазмуни, матннинг бадиий хусусиятлари, манбанинг ишончлилиги ҳам эътиборга олинади.
Танловга юборилган ижодий ишлар www.ziyouz.uz ва www.qadriyat.uz сайтларида эълон қилинади.

Танлов талаблари:
1. Мақола, шеър муаллифнинг ўзи томонидан ёзилган бўлиши керак.
2. Ижодий ишлар турли манбалардан кўчирилмаган бўлиши керак.
3. Таржима юборувчининг ўзи томонидан ўгирилган бўлиши керак. Қайси тилдан таржима қилинганлиги, манбаси ҳам ёзилиши шарт.

Танлов ғолиблари қуйидаги мукофотлар билан тақдирланадилар:
1-ўрин соҳибига – Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг 5 жилдли “Хислатли ҳикматлар шарҳи” китоби.
2-ўрин соҳибига – Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг “Ҳадис ва ҳаёт” тўпламидан 1-6-жилдлар (1. Муқаддима; 2. Ислом ва иймон; 3. Ният, ихлос, илм; 4-5-6. Намоз).
3-ўрин соҳибига – Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг “Ҳадис ва ҳаёт” тўпламидан 4 та китоб (20. Анбиёлар қиссаси; 23. Жаннат башорати берилганлар ва аҳли байт; 25. Нубувват хонадони хонимлари; 29. Тафсир, туш ва масаллар).

Рабиул-аввал ойида ““Маҳбуб Пайғамбар (с.а.в.)” танловида иштирок этинг ва энг гўзал ҳадяга соҳиб чиқинг!

www.ziyouz.uz va www.qadriyat.uz saytlari Rabiul-avval oyi munosabati bilan “Mahbub Payg‘ambar (s.a.v.)” nomli siyrat tanlovini e’lon qiladi. Tanlovda sevimli nabiyimiz Muhammad (s.a.v.) haqlaridagi ijodiy ishlar bilan ishtirok etishingiz mumkin.

Tanlov tartibi:
Tanlov uchun ijodiy ishlaringizni Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра. pochtasiga yuboring. Ijodiy ishlar 2017 yil 1 yanvarga qadar qabul qilinadi. G‘oliblar 2017 yil yanvar oyida e’lon qilinadi.

Tanlovga quyidagi janrlardagi ijodiy ishlaringizni yuborishingiz mumkin:
1. Olamlarga rahmat Payg‘ambar (s.a.v.) madh etilgan she’r, na’t, manzuma.
2. Muhammad (s.a.v.)ning hayotlariga oid ilmiy maqola (avval boshqa joyda chop etilmagan bo‘lishi kerak).
3. Suyukli nabiyimiz (s.a.v.)ga maktub, dil izhori.
4. Muhammad alayhissalom haqlarida yozilgan boshqa tillardagi maqola, she’rlar tarjimasi.
5. Rasululloh (s.a.v.) hadislari asosida xattotlik yoki san’at namunasi.
6. Payg‘ambarimiz (s.a.v.) hayotlariga oid plakat, infografika.

Ishtirokchilar yuboradigan ijodiy ishlar soni cheklanmagan. G‘oliblarni aniqlashda ishning mazmuni, matnning badiiy xususiyatlari, manbaning ishonchliligi ham e’tiborga olinadi.
Tanlovga yuborilgan ijodiy ishlar www.ziyouz.uz va www.qadriyat.uz saytlarida e’lon qilinadi.

Tanlov talablari:
1. Maqola, she’r muallifning o‘zi tomonidan yozilgan bo‘lishi kerak.
2. Ijodiy ishlar turli manbalardan ko‘chirilmagan bo‘lishi kerak.
3. Tarjima yuboruvchining o‘zi tomonidan o‘girilgan bo‘lishi kerak. Qaysi tildan tarjima qilinganligi, manbasi ham yozilishi shart.

Tanlov g‘oliblari quyidagi mukofotlar bilan taqdirlanadilar:
1-o‘rin sohibiga – Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf rahimahullohning 5 jildli “Xislatli hikmatlar sharhi” kitobi.
2-o‘rin sohibiga – Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf rahimahullohning “Hadis va hayot” to‘plamidan 1-6-jildlar (1. Muqaddima; 2. Islom va iymon; 3. Niyat, ixlos, ilm; 4-5-6. Namoz).
3-o‘rin sohibiga – Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf rahimahullohning “Hadis va hayot” to‘plamidan 4 ta kitob (20. Anbiyolar qissasi; 23. Jannat bashorati berilganlar va ahli bayt; 25. Nubuvvat xonadoni xonimlari; 29. Tafsir, tush va masallar).

Rabiul-avval oyida ““Mahbub Payg‘ambar (s.a.v.)” tanlovida ishtirok eting va eng go‘zal hadyaga sohib chiqing!

Танловга келган ижодий ишлар (тўлдириб борилмоқда):

Ғиёсиддин Баратов. Оламларга айни раҳмат Пайғамбар (слайд)
Жасур Мирзо. Онасин норизо қилган Алқама (шеър)
Ғиёсиддин Баратов. Пайғамбар алайҳиссаломнинг оила-аъзо ва яқинларига бўлган илтифотлари (мақола)
Ғиёсиддин Баратов. Сийрат борасидаги энг тўлиқ сўз (мақола)
Ғиёсиддин Баратов. Пайғамбар алайҳиссаломнинг муомала одоблари (мақола)
Ғиёсиддин Баратов. Пайғамбар алайҳиссалом — адолатли зот (мақола)
Ғиёсиддин Баратов. Пайғамбар алайҳиссаломнинг сабрлари қандай бўлган? (мақола)
Ғиёсиддин Баратов. Пайғамбар алайҳиссалом — тавозели зот (мақола)
Ғиёсиддин Баратов. Пайғамбар алайҳиссаломнинг шижоатлари (мақола)
Ғиёсиддин Баратов. Пайғамбар алайҳиссалом — кечиримли зот (мақола)
Ғиёсиддин Баратов. Пайғамбар алайҳиссаломнинг зуҳдлари қандай бўлган? (мақола)
Даврон Нурмуҳаммад. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қайтарганлар (мақола)
Чингиз Нўъмонўғли. У тунда сиз туғилган... (қасида) (туркчадан Гулбаҳор Абдуллоҳ таржимаси)
Камолиддин Шукур. Ё Расулуллоҳ (шеър)
Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф. Учратсам сизни Расулуллоҳ (шеър)
Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф. Тушларимга киринг (шеър)
Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф. Пайғамбардан ўзга (шеър)
Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф. Севавераман... (шеър)
Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф. Сур (шеър)
Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф. Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (мақола)
Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф. Расулуллоҳга қўшни бўлсам (шеър)
Ғиёсиддин Баратов. Расулуллоҳ с.а.в.нинг ташқи кўринишларига эътиборлари (слайд)
Мустафо Темирчи. Султоним (қасида) (туркчадан Гулбаҳор Абдуллоҳ таржимаси)
Сами Юсуф. Сиз келдингиз (Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф таржимаси)
Хуршид Еркабаев. Ҳалилуллоҳ (с.а.в.) оламларга айни раҳмат (шеър)
Хуршид Еркабаев. Умматим деб йиғлаган Расули Акрам (с.а.в.) (шеър)
Нодира Афоқова. Ё Мустафо Муҳаммад! (ғазал)
Ғиёсиддин Баратов. Пайғамбар алайҳиссаломнинг таомланишдаги ахлоқлари (слайд)
Ғиёсиддин Баратов. Пайғамбар алайҳиссалом — аҳдга вафодор зот (мақола)
Ғиёсиддин Баратов. Пайғамбар алайҳиссаломнинг инсонлар билан муомалада олийжанобликлари (мақола)
Шарофиддин Асомиддин ўғли. Қоши ёсинму дейин... (мақола)
Шарофиддин Асомиддин ўғли. Сатрларга жо бўлган муҳаббат тараннуми (мақола)
Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф. Муҳаммад (с.а.в.)нинг яқинлари (плакат)
Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф. Исро ва меърож (инфографика)
Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф. Жангларда Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг буйруқлари (инфографика)
Ҳасанбой Ғойиб. Ассалому алайка ё Ҳабибуллоҳ (наът)
Ҳасанбой Ғойиб. Ё, Муҳаммад Мустафо (саловот)
Ҳасанбой Ғойиб. Хуш келдингиз (шеър)
Ҳасанбой Ғойиб. Мавлуди Набий (ғазал)
Ҳасанбой Ғойиб. Тавба айлаб (ғазал)
Ҳасанбой Ғойиб. Шафоат қилинг бизни (шеър)
Ҳасанбой Ғойиб. Яшашни ўрган (шеър)
Ғиёсиддин Баратов. Пайғамбар алайҳиссаломнинг одоблари ва хос сифатлари (слайд)
Мардон Ўғуз. Расулуллоҳ (с.а.в.) ва астрофизика (мақола)
Диля Абдуллаева. Тушларимга киринг ё Расулуллоҳ (шеър)
Диля Абдуллаева. Расулуллоҳга (с.а.в.) мактуб
Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф. Расулуллоҳнинг (с.а.в.) 40 фазилатлари (мақола)
Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф. Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳақларидаги ояти карималар (видео)
Ғиёсиддин Баратов. Пайғамбар алайҳиссалом қандай юпатардилар? (мақола)
Ғиёсиддин Баратов. Пайғамбар алайҳиссалом — ҳарбий қўмондон (мақола)
Марям Осиё. Оламларга раҳмат пайғамбар (мақола)
Ламартин. Буюк иймон соҳиби (таржима)
Марям Осиё. Расулуллоҳга (с.а.в.) севгимизни қандай биламиз? (мақола)
Юнус Эмро. Хуш келдингиз марҳабо! (шеър) (Марям Осиё таржимаси)
Муҳаммад Ходимий. Шафоат, ё Расулуллоҳ! (шеър) (Марям Осиё таржимаси)
Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф. Расулуллоҳнинг (с.а.в.) оилалари (инфографика)
Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф. Суннатдан кўрсатмалар (инфографика)
Ғиёсиддин Баратов. Расулуллоҳнинг (с.а.в.) сиёсий ишларни юритишда доноликлари (мақола)
Баротжон Бойназаров. Иймон (шеър)
Баротжон Бойназаров. Ассолату вассаламу алайка ё Расулуллоҳ! (шеър)
Юнус Эмро. Исми гўзал, жисми гўзал Муҳаммад (Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф таржимаси)
Юнус Эмро. Излаб-излаб топсам изини (Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф таржимаси)
Йилмаз Челик. Суюкли Пайғамбарим (Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф таржимаси)
Салом сизга, эй Муҳаммад Мустафо (Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф таржимаси)
Сами Юсуф. Асмауллоҳ (видео) (Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф таржимаси)
Пайғамбар алайҳиссаломнинг таомга муносабатлари (Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф таржимаси)
Наполеон Бонапарт Муҳаммад (с.а.в.) ҳақларида (Марям Осиё таржимаси)
Абдуллоҳ Қосим. Соғинч мактуби (хаёлий қисса)
Абдуллоҳ Қосим. Байрам шукуҳи (ҳикоя)
Абдуллоҳ Қосим. Соғинч (ҳикоя)
Маъмура Абдураҳимова. “Инсон севгани билан биргадир”... (мактуб)
Маъмура Абдураҳимова. Сабр суви билан ўчган оловлар (иккинчи мактуб)
Ғиёсиддин Баратов. Расулуллоҳнинг (с.а.в.) сўзни далил билан қувватлашлари (мақола)
Ғиёсиддин Баратов. Расулуллоҳ (с.а.в.) – олий ҳиммат соҳиби (мақола)
Сами Юсуф. Муҳаммад (с.а.в.) (видео) (Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф таржимаси)
Диля Абдуллаева. Биз Расулуллоҳни (с.а.в.) яхши кўрамизми?
Акбаржон Абдулмажид. Саҳобаларнинг энг сўнгги вакиллари (инфографика)
Акбаржон Абдулмажид. Катта Бадр ғазоти (инфографика)
Акбаржон Абдулмажид. Уҳуд водийси билан танишув (инфографика)
Акбаржон Абдулмажид. Ашъараи мубашшара (инфографика)
Акбаржон Абдулмажид. Ойиша онамизнинг ҳужралари (инфографика)
Анвар Эркинов. Расулуллоҳ (с.а.в.) ва аҳли байт (инфографика)
Обидхон Икромов. Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) ваъз қилиш услублари (мақола)
Ғиёсиддин Баратов. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Қуръонни ўргатишга эътиборлари (мақола)
Ғиёсиддин Баратов. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Аллоҳ таолодан қўрқишлари (мақола)
Ғиёсиддин Баратов. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳарбий маҳоратлари (мақола)
Ғиёсиддин Баратов. Таъна қилиш (койиш) ва одоб беришда Расулуллоҳ (с.а.в.) тутган чиройли йўл (мақола)

Мулоҳазалар   

0 #39 Qadriyat.uz 03.01.2017 13:25
“Маҳбуб Пайғамбар (с.а.в.)” танловига

БИЗ РАСУЛУЛЛОҲНИ (С.А.В.) ЯХШИ КЎРАМИЗМИ?

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман. Бутун оламларнинг Роббиси, Бизларни Ислом неъмати билан неъматлантирган, Расули акрам солаллоҳу алайҳи ва саламга уммат бўлишимизни насиб этган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Ҳаётларининг ҳар бир лаҳзаси, ҳар бир қилган ишлари биз учун ибрат бўлган шафоатчимиз Муҳаммад Мустафо солаллоҳу алайҳи ва салламга салому саловатлар бўлсин.
Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида қанча гапирсак ҳам оз. Келинг сизга Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида озгина сўзлаб берай. У зотнинг ҳаётларини ўрганиб, ундан ибрат олиб, ҳаётга тадбиқ этишни барчамизга насиб этсин. Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни ерга туширган кунидан бошлаб уни ўз ҳолига ташлаб қўймади, дунёда саодатли ҳаёт кечиришлиги, ҳамда ўзининг асл ватани Жаннатга қайтиб бориши учун қандай кўрсатма, қандай қўлланма, йўлланма керак бўладиган бўлса, Ўзининг ҳузуридан тушириб турди ва пайғамбарларнинг сўнггиси Набий алайҳиссаломга 23 йил давомида мукаммал шариат Қуръонни нозил қилди.
Биз Аллоҳ розилигига етказадиган йўлни қандай топамиз? Қуръон агар Аллоҳ таолони инсониятга туширган йўлланмаси, китоби каломи бўладиган бўлса, Набий алайҳиссалом ана шу китобни ўзини ҳаётида амалий суръатда кўрсатиб берган инсондир.
Муҳаммад алайҳиссалом Маккаи Мукаррамада Қурайш қабиласида, етим бўлиб туғилдилар, ака укалари йўқ, опа сингиллари йўқ. Ўқишни, ёзишни билмайдиган бир бирини бир оғиз сўз учун қириб ташлашга тайёр бўлган жоҳил, уруғчиликни қабилачиликни махкам ушлаган, қолоқ, чўпон бўлган халқни орасида дунёга келдилар. 23 йил давомида мана шу қолоқ бўлган қавмга дунёга устозлик қиладиган уммат даражасига кўтариб олиб чиқдилар. Тарихда бундай қисқа муддат ичида умматини бундай юксалтирган киши бўлмаган. Ҳатто европа ҳам мусулмонлардан илмни ўрганди.
Мана айтамизки, мусулмон киши бундай бўлиш керак, ундай бўлиш керак, бу сифатлардан тийилиш керак ва.ҳ.к жуда кўп биламиз. Агар мана шу сифатларнинг ҳаммаси бир инсонда жамланган бўлса қандай инсон бўлар экан...? Ҳеч кимдан қўрқмаса, фақирликдан шикоят қилмаса, иссиқ совуқ деб нолимаса, хотинларга яхши муомала қилса, бола-чақага зўр тарбия берса, тижоратда ҳалол бўлса... бу сифатларнинг барчаси Муҳаммад алайҳиссаломда мужассам бўлган. Ҳаётни қандай ўрни бўладиган бўлса бизларга мукаммал суръатда намуна бўлган.
Набий алайҳиссаломни ҳаётларини ўрганиш, ўқиш ибодатдир. Аллоҳ таоло айтади: "Сизларга ибрат бўладиган намуна бўладиган ягона киши Муҳаммад алайҳиссаломдир".
Набий алайҳиссалом айтганлар: "Ким қайси бир қавмни яхши кўрса уша қавм билан қиёматда бирга тирилади". Яна у зот айтадилар: "мен сизларни шундай бир йўлга қўйиб кетяпманки бу йўлни туни кунидан кўра ёруғроқдир". Яъни У зотни қолдириб кетган йўлда қоронғулик йўқ, ҳамма нарса кундек равшан.
Тарихда буюк инсонлар кўп бўлган. Лекин уларнинг буюклиги маълум бир вақтда, маълум бир соҳада ривожланган ўлганидан кейин улар эсдан чиқиб кетган. Уларнинг инсониятга тасири ўзи яшаган даврда бўлган холос. Искандар, Арасту, Афлотун, Волтер, Наполеон, Шекспир... Мисол учун Шекспир шоирликда донғини таратди, шу соҳадан бошқасига ўта олмади, Наполеон ҳарбий қўмондон сифатида кўзга кўринди унинг ҳам даври ўтди, бошқа соҳада бизга ибрат бўлишка ярамади.
Дунёда неча хил инсон бўлса, қайси тоифа бўлса, Набий алайҳиссалом ибрат бўла оладилар. Аллоҳ таоло У зотга барча яхши сифатларни жамлаб берди, қандай ёмон сифатлар бўлса биронтаси ҳам бўлганмас, ҳатто пайғамбарларни ҳаммасида йўқ бу сифатлар. Биз пайғамбарларни ҳаммасига иймон келтирганмиз, мисол учун Исо алайҳиссалом: биз у зотни яхши кўрамиз тилга олинганда алайҳиссалом деймиз, руҳуллоҳ деймиз. Аммо у кишини биз ким деб таниймиз? Тақводор, дунёдан беҳожат, уйланмаган бўйдоқ бир инсон. Ота сифатида ибрат бўлишга ярамайди чунки ота бўлмаган, раҳбар сифатида ибрат бўлишга ярамайди раҳбар бўлмаган. Ёки Сулаймон алайҳиссаломни олайлик. Одил подшо, шокир бой бўлган. Камбағал сифатида ибратлана олмаймиз чунки камбағал бўлмаган, маҳкум оддий инсон сифатида ибратлана олмаймиз.
Набий алайҳиссалом етимликдан то подшо бўлгунга қадар 00 та табақа бўладиган бўлса барчасини кўрганлар. Етимликни барча аччиғини кўрдилар, камбағал бўлдилар, бой бўлдилар, раҳбар бўлдилар... У зот хилма хил тоифа билан гаплашганлар, маданиятлисини билан ҳам яҳудлар билан, араблар билан, ҳатто энг қурдартли бўлган Форс подшосини мағлубиятга учратган эдилар. Барчаси билан муомила қилишни билганлар, мукаммал инсон бўлганлар. Ёшлик чоғларида боболари Абдулмуттолибни ўрниларига ўтириб олсалар бу неварам буюк инсон бўлади дердилар. Гўдакликларидан боболаридан барча нарсаларни ўрганиб борганлар. Бой бўлганларида бойларга бўладиган ибратли ишни қилдилар, қўлларига бир водий қўй келганда ҳаммасини камбағал бечораларга тарқатиб юбордилар, камбағал бўлганларида очликдан қоринларини тош билан боғлаб юрар эдилар. Ҳеч кимга шикоят қилмадилар фақирларга ибрат бўлдилар.
Набий алайҳиссалом айтадилар "Ким мени ота онасидан ҳам боласидан ҳам ҳатто жонидан ҳам кўпроқ яхши кўрмагунича ҳақиқий мусулмон бўла оламайди". Энди биз У зотни шундай яхши кўрамизми? Мана шу биргина ҳадис бизни иймонимизни белгилаб беради. Биз У зотни қанча яхшиликлар қилиб кетганларини билмаганимиз учун ҳам У зотни ўзимиздан ҳам кўра кўпроқ яхши кўра олмаймиз. У зот буюк фотиҳ сифатида ибрат бўлдилар, қурайш қабиласи 13 йил азият берганда кечириб юборган эдилар. Мағлуб бўлганда сабр қилиш осон, ғолиб бўлганда сабр қилиш қийин бўлади, Ана бизга ибрат. Намоз ўқисалар душманлари нажас нарсаларни устиларига ташлаб кетганда ҳам сабр қилдилар. Набий алайҳиссалом эр сифатида мукаммал инсон эдилар, бутун умматни ташвиши елкасида бўлганда ҳам уйга келганларида аёлларига ширин муомала қилар эдилар, набираларини елкаларига ўрказиб от бўлиб юриб беришга ҳам тоқатлари бор эди. Ҳатто ямоқларини ўзлари тиккан эдилар.
Бизчи? Мен ишлаб келдим, чарчадим сенларни деб юрибман деган гаплар билан ўзимиздан нари қиламиз. Набий алайҳиссалом ҳатто душманларининг кўзида ҳам буюк инсон эдилар. Рум подшоҳи Ҳирақлга душманлари Абу Суфён ибн Ҳарб пайғамбаримиз ҳақларида: насл насаби олий, ёлғон гапирмайдиган, ростгўй инсон, ҳиёнат қилмайдиган, бизларни тўғри йўлга, намозга буюради деб маҳтаган эди. У зот буюк ота эдилар, аҳлоқлари буюк эди, ҳеч қачон ўзларини шахсиятлари учун бировни сўкиб бировни жазоламаганлар. Ҳеч қачон аёл кишини урмаганлар ва ҳеч қачон ҳиёнат қилиб ёлғон гапирмаганлар. Пайғамбарлик машъалини кўтариб чиққанларида қурайшликлар жинни дейишди, сеҳргар дейишди, мажнун дейишди аммо улар У зотга ишониб омонатларини топширишар эди. Шунда ҳам у зот биронтасига ҳиёнат қилмай ҳижрат қилганларида киёвлари Али разиёллоҳу анҳуга ҳар бирини эгасига топширишни буюрган эдилар.
У зот омонотдор эдилар. Ҳаттоки душманлари ҳам ҳаётларидан нуқсон камчилик топа олишмайди. Ҳар қандай инсон қанчалик буюк бўлмасин унинг уйидаги аёли қандайлигини билади. У зот билан бирга яшаган аёллари Оиша разияллоҳу анҳо "Аҳлоқлари Қуръон эди" деган эдилар. Биз У зотни яхши кўрамизми? У зотни қолдириб кетган йўлдан юрсак икки дунё саодатига етишган бўламиз иншаоллоҳ. Аллоҳ таоло у зотнинг ҳаётларини ўқиб ўрганиш барчамизга насиб этсин.

Диля Абдуллаева
Иқтибос олиш
+1 #38 Qadriyat.uz 30.12.2016 14:44
“Маҳбуб Пайғамбар (с.а.в.)” танловига

СОҒИНЧ

Соат чамаси тунги 12. Атроф жим-жит. Уйда соатнинг чиқирлаган овозидан бўлак нарса эшитилмаяпти. Ҳар сонияси ўтаётганда “Эй, банда, ҳар бир сониянинг ўтиши умринг тобора қисқараётганидан хабар бермоқда. Қиладиган ишларингни қилиб ол” дегандек гўё. Хонада чироқ ёқилган. Бир қарашда, кўз китоб тўла жавонга ҳамда стол устида тартибсиз ётган қоғозларга тушади. Қаламдондаги қаламларнинг кичрайиб қолганига қараганда, у анчагина китоб қоралаганидан дарак беради. Бутун қишлоқ уйқуга кетган бу пайтда биргина Иброҳим ҳали ҳамон уйғоқ. Қишлоқ зим-зимистон бўлган айни дамда фақатгина унинг хонасидаги чироқ ёқиқ. Бироқ хонадаги чироқ ёқилган бўлса-да, унинг хиралигидан китоб ўқишга қийналади киши. Иброҳим икки кўзлари қизариб, қўлидаги китобни столи устига қўйди. Унинг кўзларидан сизиб чиққан ёш эҳтимол кўзлари шамоллагани сабабли чиққан бўлиши ёки ўқиган китобининг таъсири туфайли ҳам бўлиши мумкин эди.
У ҳали ҳамон ўқиган китобидаги маълумотларни ўйлар, ҳечам ўзига сиғдира олмасди. Чунки у чакана ишмики, бир эшитиш ёки ўқишда бундай гапларни сингдириб олса.
Иброҳимнинг ёши 25 да. Шу пайтга қадар умрини ўзи истаган йўналиш – адабиёт оламига бахшида этиб келди. Ёшлигидан буён қўлидан китоб тушмайдиган, жаҳону ўзбек бадиий адабиётига тааллуқли анчагина асарларни ўқиб чиққан бу йигит охирги пайтларда диний руҳда ёзилган китобларни варақлай бошлаганди. Пайғамбарлар тарихи, айниқса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига доир китобларни кўп мутолаа қила бошлаганди. Ҳозир ҳам сийрат китобини ўқиб, бир маълумотга келганда тўхталиб қолганди. “Макка даври” номи билан тарих саҳифаларида қолган даврни мутолаа қила туриб, “Ойнинг бўлиниши” ҳодисасини ўқиди... Бу воқеа рўй берганини тасдиқлади... Бироқ, бироқ тасдиқлаган бўлса-да, ичидан аллақандай ҳислар ўтди. “Қандай қилиб бу ҳодиса рўй берган экан?” деган савол у учун жумбоқлигича қолди.
Иброҳим ҳовлига чиқди. Кечалари бироз салқин бўлса-да, ёқимли ҳаво. Айниқса, осмонда чарақлаб турган юлдузлар, тўлин ой... Иброҳим осмонга ҳечам бугундака қарамаганди. Ўйчан нигоҳда ойга термула бошлади. У ариқда оққан сувнинг шилдираши, чигирткаларнинг чириллаши, узоқ-узоқлардан келаётган итларнинг вовуллашига ҳам парво қилмаётганди. Бугун ой тўлин эди. Иброҳим ундан нигоҳини узмасди. У шу даражада тикилиб қолгандики, ё ойдан китобда ўқиганидек бўлинганлик белгисини кўрмоқчи ёхуд у хаёл денгизига шўнғиб кетган. Бу фақат унинг ўзига аён...
Бир пайт қўққисдан:
- Ҳа нима, ишонмаяпсанми? – деган овоз келди. Иброҳим чўчиб кетди. Дарров атрофига аланглаб, ким гапираётганини билишга интилди. Бироқ ҳеч кимни топа олмади. “Эҳтимол менга шундай туюлгандир”, дея ўзини ўзи хотиржам қилишга уринди. Ҳеч нарса бўлмагандай, аввалгидай хаёл суришда давом этди.
Бироқ бу ҳолат узоқ давом этмади:
- Ростдан ҳам ишонмаяпсанми? – овоз жиддий оҳангда янгради. Иброҳим бу сафар хаёли эмаслигига аниқ ишониб, гапирган кишини қидириб топишга ҳаракат қилди. Ҳовлида ҳеч ким йўқ эканлигига ишончи комил бўлгунга қадар атрофдан бирор кишининг шарпасини излади. Бироқ ҳеч ким йўқ экан. Сўнг журъатсиз товушда:
- Гапираётган ким?! – деб сўради.
- Ярим соатдан бери менга тикилиб ўтирибсан. Яна кимлигимни сўрайсан.
Иброҳим “Барибир кимдир яшириниб олиб, мени мазах қилмоқчи”, деб ўйлаб, яшириниш мумкин бўлган жойларни ҳам эътибор билан қараб чиқди. Топа олмади.
- Юқорига қара!
Иброҳимнинг бутун вужудини титроқ босган, нафас олиши ўзгарганди. Қўрққанича тепа томонга қаради... Ҳеч нима кўринмайди... Бояги овозидан кўра яна ҳам журъатсиз оҳангда:
- Гапираётган ким?! – деб сўради.
- Мен оймомаман. Хавотир олма, сенга ҳеч нима қилмайман...
Иброҳим бир оғиз ҳам сўз айта олмади. Бир муддат жим қолди... Сўнг ўзига келиб олгач, “Аниқ ухлаяпман, буларнинг бари тушимга киряпти” деб ҳисоблади. Ахир тушга нималар кирмайди. Рост-да, тушда ой сўзга кирса, нима қилибди?! Осмон узилиб ерга тушармиди?! Бу эҳтимол Иброҳим учун ўзи истаган нарсани сўраб олиш учун берилган инъомдир... Шунинг учун ҳам Иброҳимнинг суҳбатга киришиши қийин бўлмади. Уларнинг суҳбати узоқ чўзилди...
***
- Биласанми, бугун ўқиган маълумотларимга иймон келтирган бўлсам-да, вужудим ила ҳис қила олмаяпман. Биламан, ҳозир мен туш кўряпман. Шу нарсаларни ўзингдан сўраб олай. Нима бўлган ўзи? Воқеа қандай содир бўлган? Иккига бўлинишинг қандай рўй берган?
- Сенга воқеани қаеридан бошлаб айтиб беришга ҳам ҳайронман. Кел, яхшиси, борини қисқача айтиб беришга ҳаракат қиламан. “Жоҳилият даври” деб аталган пайтда мен ҳам пайғамбар келишини умид ила кутар эдим. Чунки бўлажак пайғамбар барча-барча нарсаларга раҳмат бўлиб келиши керак эди. Ўша барча нарсалар ичида мен ҳам бор эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга ҳам раҳмат бўлиб келдилар. Пайғамбар бўлдилару, бироқ... Бироқ мен ўйлаганчалик у зотни ҳамма бирдай тасдиқламади. Инкор этганлар иймон келтирганлардан кўра кўпроқ бўлди...
Ҳижратдан аввалги бешинчи йил... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар эканликларига иймон келтирмаганлар У зот алайҳиссаломдан мўъжиза талаб қилишди. Ўша куни қўёш ўз ўрнини менга бўшатиб берганида, озгина вақтдан кейин менинг устимда қандай ишлар бўлиб кетишини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим. Бу кеча неча асрлар ўтса ҳам унут бўлмайдиган кеча бўлишини ўша онларда ҳали билмасдим... Жами сийрат китобларидан жой оладиган воқеа ўша кеча бўлиши кераклигини тасаввур ҳам қилмаган эдим. Айниқса, бу воқелар менга боғлиқлиги хаёлимнинг бир четига ҳам келмаганди...
Мушриклар ўша тунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан пайғамбар эканликларини тасдиқловчи мўъжиза талаб қилишди. Ўша мўъжиза мен ҳақимда эди. Уларнинг истаклари нима эмишки, ўша пайтнинг ўзида мен иккига бўлиниб кетишим даркор экан. Эшитдиму, даҳшатга тушдим. Чунки билардимки, қайси пайғамбардан мўъжиза талаб қилинган бўлса, албатта Аллоҳ таоло ўша мўъжизани пайғамбарига юборган.
Ўша пайтга қадар ҳар қанақа мўъжиза талаб қиладиган қавмларни кўргандиму, бироқ... Кутмагандим, сира ҳам кутмагандим бундай талабни. Даҳшатдан қўрқувга тушдим. Чунки у мўъжиза амалга ошиши билан мен йўқ бўламан. Бир зумда хаёлимдан турфа туйғулар ўтди: “Неча асрлар менга ҳам раҳмат бўлиб келишларини кутган зотим эндигина келган бир пайтларида мен энди йўқ бўламанми?! Энди қайта самода бўлмайманми? Одамлар мен сабабли ҳатто тунлари ҳам йўл юра олишлари энди тўхтайдими? Вазифам поёнига етдимикин? Қандай бўларкан? Оғримасмикан? Эй Худойим, Ўзинг осон қил!” Шу ўйлар оғушида қолиб кетдим. Ўша пайтда ҳеч нарса қулоғимга кирмас, ҳеч нарса кўзларимга кўринмай қолганди. Чинакамига қўрқувга тушдим. Қуёш ботиб, мен кўриниб қолганимга пушаймонлар едим...
Бироқ, бироқ биргина ҳис, биргина туйғу ўзимни ўнглаб олишимга етарли бўлди. Мушриклар истаган нарса – менинг иккига бўлинишим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун кўмак бўлади. Ҳа, ҳа, ҳақиқатдан ҳам бу мўъжизанинг содир бўлиши У зот алайҳиссаломнинг пайғамбар эканликларига ҳужжат бўлади. Бу эса, мусулмонларга кўмак бериш дегани. Бу мўъжиза ила у зот алайҳиссалом шод бўладилар. Бу мен учун жуда катта имконият эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун жонимни фидо қилиш каби улкан шараф эди. Бу ахир чинакамига бахт, олий саодат-ку! Аллоҳ таоло бундай шарафни менга насиб айлагани учун Ўзига ҳамдлар бўлсин!
Шундай қилиб, ўша лаҳзалар келди... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўлларини кўтариб, мен томон қаратдилар. Мен ҳаяжон, қўрқув, шодлик, бахт, алам каби ҳислар ила титроққа тушдим. Ўлим соатим келганига иқрор бўлдим. Лекин бундай муборак нигоҳ, қўллар оғушида жон беришдек завқ бўлмаса керак. Хуллас, турфа ҳислар таъсирида титрай бошладим. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак бармоқларини қаратиб, юргизган эдилар, енгил бўлдим. Худди булутлар каби самода оҳистагина сайр қилдим. Бирор оғриқ ҳис қилмадим. Сўнг Аллоҳ мени асл ҳолимга қайтарди... Бари шу билан ниҳоясига етди...
Мушрикларнинг ҳолатлари эса, ўзингга аён қандай бўлгани! Ўз билганларидан қолишмади ва бу мўъжизани сеҳрга чиқаришди... Қанийди, ўшанда Аллоҳ таоло менга тил ато қилганда-ку, барини сўзлаб, ўз оғизларим билан уларга айтиб берсам эди... Балки эҳтимол, кейин буни ҳам сеҳр деб, ҳисоблашарди...
Хуллас, бари шу тарзда рўй берган. Лекин биласанми, ўшанда ҳис қилганим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларининг муборак тафти ҳали ҳамон ёдимда. Ҳанузгача ўша тафтнинг завқи ила яшамоқдаман. Вужудимдан ўша тафтнинг ҳарорати кетгани йўқ.
Орадан 20 йил ҳам ўтмади. Неча асрлар ила кутган зотим Раббилари ҳузурига йўл олдилар. Неча-неча асрлар мобайнида интиқиб кутган кишим озгина муддат кўз ўнгимда бўлдилару, ўз вазифаларини тўлақонли бажариб, қайтиб келмас сафарга кетдилар...
Биласанми, мен ҳам худди қуёш каби ерга ҳавас қиламан. У каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бағримга босган кўйи яшашни орзу қиламан. Биламан, бу орзу амалга ошмайди. Биламан, бу армонлигича қолади. Аллоҳ таоло ҳаммага ҳар хил имконият туҳфа этар экан...
Ўша тафтни яна ҳис қилгим келяпти... Жуда-жуда соғиндим. Қанийди, бир бора яна ўша мен томонга узатилган қўлларни кўрсам. Қанийди, мени иккига бўлган муборак бармоқлар ила минг бўлакка бўлинсам. Қанийди... Қанийди...
Бу дунёдан орттирганим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатим қолди. Ўша муҳаббат мени яшашга ундайди. Аллоҳдан умид қиламан, Ундан мени суюклигим билан қайта учраштиришини сўрайман.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатимни Аллоҳга васила қилиб сўрайман, мени ҳам Жаннатда тирилтирсин! У зот билан бирга бўлай. Ҳар куни табассум қилган юзларини кўрай, Қуръон ўқиган овозларини тинглай...
Биламан, Аллоҳ мени фақатгина бу дунё учун яратди. Лекин нима қилай, у зотни ўзимдан-да зиёда севсам?! Нима қилай у зот билан доим бирга бўлишни истасам?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни соғинган бўлсам нима қилай?!..
Эй йигит, сен гувоҳ бўл! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга чин дилдан муҳаббат қўйганман. Эй само, сен ҳам гувоҳ бўл. Фазо, юлдузлар, булутлар, сизлар ҳам гувоҳ бўлинглар. Эй зулматли кеча, сен ҳам гувоҳ бўл. Еру кўкдаги жонзотлар, сизлар ҳам гувоҳ бўлинглар. Барчангиз Раббимизга сўнгги Пайғамбарига қўйган муҳаббатим борасида шоҳид бўлинглар...
***
Иброҳим “туш”ида охирги кўрган онлари шу бўлдики, самодан бир қоғоз тушди. Билдики, бу ҳамсуҳбатининг суюклисига юборган мактуби. “Эҳтимол, менга ҳам айта олмаган ҳисларини бу қоғозда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига ёзгандир”, деб ўйлади. Кўзлари жиққа ёшга тўлган кўйи уйғонди...
Бомдод намозига таҳорат қилиш учун ариққа яқинлашди. Таҳорат қилиб бўлган ҳам эдики, сувдан бир нарса оқиб келаётганини кўрди. Узоқ тикилди. Қараса, сув устида сузиб келаётган нарса ҳозиргина “туш”ида кўрган соғинч мактуби экан...

Абдуллоҳ Қосим
Иқтибос олиш
0 #37 Qadriyat.uz 30.12.2016 14:44
“Маҳбуб Пайғамбар (с.а.в.)” танловига

БАЙРАМ ШУКУҲИ

Тонг пайти... Қуёш ўзининг заррин нурларини сочмоқда. Бугун яна ҳар доимгидек оламни ёритиш учун олис самолардан чиқяпти. Гўё у уятчан келинчакдек аста мўралаб бошини кўтармоқда. Аммо бунда ҳам ўзига хос салобат, ҳайбатни ҳис қиласан киши. Бир қарашда бу қуёш кечагиси билан бир хилдек туюлади. Аслида шу бугун чиққан қуёш кечаги қуёш билан бир хилмикин?! Ундан олдингилари биланчи?! Бундан кейингилари ҳам бир хил бўладими?! Кечаги кунимиз қайта келмайди, демак кечаги қуёш ҳам қайта чиқмаслиги керак. Бошқа-бошқадек туюлса-да, аммо ўша-ўша қуёш.
Ҳар кунги қуёш бир бўлса-да, аммо бугунгиси ҳаммасидан-да фарқли. Эҳтимол, бугуннинг қуёши ҳам севинчдан ўз вазифасини бажаришга талпинаётгандир. Тезроқ самога кўтарилиб, у ҳам инсонлар хурсандчиликларига шоҳид бўлиб, шерик бўлмоқчидир. Чунки бугун ўзгача кун. Сабаби – бугун арафа куни. Эртанги байрам қурбон ҳайити учун тайёргарликлар кўрилади, ҳожилар ҳаж ибодатининг фарзи – «Арафотда туриш»ни адо этишади. Аслида бу кун бизга қўшалоқ байрам. Сабаби – бири арафа куни бўлса, яна бошқаси ҳам бор. Лекин биз бунга кўп ҳам эътибор қаратмаймиз. Бир ўйлаб кўрсак, мана шу қуёш бир вақтлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг муборак юзларини кўрган. Тўйиб-тўйиб термила олган. Расуллоллоҳ алайҳис солату васлаломнинг муборак чеҳраларига тушган қуёш эндиликда биз томон нурларини сочяпти. Биз саҳобаларни тобеинлардан устунлигини айтиб, боиси Расулуллоҳни кўришлари деймиз. Ҳатто олим тобеиндан кўра чўпон саҳобани фазилатли деб биламиз. Сабаби – саҳобаи киромлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришган. Биз саҳобаларни кўришни орзу қиламиз, туш кўришни умид қиламиз. Лекин самога назар солиб, бир ўйлаб кўрайлик. Ахир, қуёш ҳам Расулуллоҳни кўрган-ку! У зотнинг суҳбатларини гувоҳи бўлган-ку! Бугун бизга ўша хотираларини сўрасак сўзлаб бериши мумкин-ку! Бу ҳам байрам эмасми?! Улуғ шараф эмасми?! Бундан келиб чиқадики, ҳар бир кунимиз байрам экан. Чунки ҳар бир кунимизда бизларга севиклигимизни хотирлаб турувчи суҳбатдошимиз бор…
Азизлар, самога энди бошқача бир нигоҳ-ла қайтадан қаранг?! Нималардир демоқчига ўхшайди. Бир тинглаб кўрайлик, Расулуллоҳ билан бўлган хотираларини сўзлаб берсин:
“Ўша куни ҳожилар, мусулмонлар, табиат, бутун борлиқ хурсанд эди. Эртанги қурбон ҳайити севинчида бахтиёр эдилар. 100 мингдан ортиқ мусулмон Арафотда тўпланганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳаж қилиш шарафига сазовор бўлишганди. Мен ҳам шу бахтга мушарраф бўлганлардан бириман. Аллоҳга шукрлар бўлсин. Саййидимизнинг ўша кунги суҳбатларини сира ҳам унута олмайман, унутишни истамайман ҳам. Бир умрга хотирамга муҳрланиб қолган. Уни эслаб бир севинсам, минг бор куйинаман. Дардли аламларим мени яна азобга солади. Шунда оташим янада кучайиб, оламни куйдириб юборгудек бўлади. Ҳамон ёдимда, ўша кун жума куни, ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўнгги бор ҳаж қилишлари эди. Ҳозир ҳам ўша сўзлари қулоғим остида жаранглайди. Гарчи китобларда кўп ўқиган бўлсангиз-да, устозлардан эшитган бўлсангиз-да, унинг жонли шоҳиди бўлган каминадан ҳам бир бора тинглаб кўринглар. У зот алайҳиссалом айнан шу кун – арафа кунида Арафотда туриб, саҳобаларига ваъз қилдилар. Сизларга шулардан баъзиларини айтиб бераман. У зот Хутба қилиш учун туяларини устига чиқиб шундай дедилар:
“Эй, инсонлар! Сўзларимга қулоқ солинглар. Билмайман, балки бу йилдан кейин бу ерларда сизлар билан бирга бўламанми-йўқми…
Эй, одамлар! Сўзларимни ёдингизда тутинглар. Мен сизларга етказаётирман. Сизларга икки нарсани қолдиряпман, уларни маҳкам ушласангиз, мушкул аҳволга тушиб қолганингизда асло ўзингизни йўқотиб қўймайсизлар. Булар Аллоҳнинг Китоби ва пайғамбарининг суннатидир.
Эй, инсонлар! Сизларнинг аёлларингизда ҳақларингиз бор, уларнинг ҳам сизларда ҳақлари бор… Аёллар ҳақида бир-бирларингизга яхши ишларни тавсия қилинглар. Улар сизларга омонат топширилган инсонлардир. Ўзлари учун бирор нарсага эга эмаслар. Сизлар уларни Аллоҳнинг омонати ўлароқ олдингиз, улар Аллоҳнинг сўзлари билан сизларга ҳалол қилинди.
Эй, одамлар! Сўзларимни тингланглар ва эсларингизда сақланглар. Яхши билингларки, ҳар мусулмон бошқа мусулмоннинг дин биродаридир. Ҳамма мусулмонлар бир-бирларининг биродарларидир. Шундай экан, бир киши бошқа бир мўминга тегишли нарсани, агар у кўнгил розилиги билан ўзи бермагунича олиши ҳалол бўлмайди. Шундай қилиб ўзларингизга зулм қилманглар…”
Сўнг: “Аллоҳим гувоҳ бўл, Аллоҳим гувоҳ бўл, Аллоҳим гувоҳ бўл! Мен етказдим,” – дедилар.
Шу куни “Моида” сурасининг учинчи ояти нозил бўлди. Барчамиз у зотга ваҳй келганини билдик. Ваҳй ҳолати кетгач, нозил бўлган оятни ўқиб бердилар: “Бугун мен сизлар учун динингизни комил қилдим. Мен сизларга неъматимни тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин қилиб танладим…”
Шунда барча мусулмонлар хурсанд бўлишди, дин олий бўлди, деб севинчдан кўзлар чақнади. Бироқ Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг кўзлари ёшланди. Расулуллоҳ бунинг сабабини сўраганларида, “Камол заволни тақозо қилади, я Расулуллоҳ. Шунга йиғлаяпман”, дедилар. У зотга қўшилиб барча йиғлади. Мен ҳам кўз ёшларимни тийиб тура олмадим.
Биласизми, менга алам қиладиган нарса нима?! Менга тинчлик бермай, кўнглимни эзадиган нарса нима?! Мен бутун бошли тарихга гувоҳ бўлдим. Минглаб йилларнинг шоҳиди бўлдим. Лекин бор йўғи, ҳа, ҳа атиги 63 йилгина бахтга эришаманми?! Атиги шунча муддатгина муборак чеҳрани кўраманми?! Шарафли бахтга қисқагина муддат давомида насибадор бўламанми? Кейин-чи?! Ўша 63 йилдан сўнг яна қандай оламга нур сочаман?! Қайта чиққанимда муборак юзни кўрмасам қандай яна яшашим мумкин?! Севиклигимсиз қандай ҳаёт кечираман?! Яшашдан бундан бўлак не маъно бўлиши мумкин?! Биласизми, мен тупроққа ҳавас қиламан. Чунки мен бор йўғи 63 йилгина У зотнинг юзларига нур сочдим. Тупроқ эса, қиёматгача Саййидимизни бағрига босиб, тўйиб-тўйиб қучоғига олади. Бир лаҳза бўлса-да ажрамайди. Қанийди, унинг ўрнида бўлсам-у, Усайд розияллоҳу анҳу сингари маҳкам қучоқлаб олсам…
Мана сизларга арафа кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бўлган хотирамни ўртоқлашдим. Мен бир нарсага ҳайрон қоламан. Инсонлар билишади мана шундай воқеалар бўлганини, китобларда ўқишади “Ҳажжатул вадо” дея. Лекин доим ҳам Қуръон билан ҳадисни Расулуллоҳ айтганларидек асос қилиб олишармикин?! Қанийди инсон бўлиб қолсам-у, Расулуллоҳнинг суннатларини маҳкам тутиб, тўлиқ амал қилсам. Қанийди ер юзига тушсам-у, Расулуллоҳ юрганларидек юрсам, У зот таом еганларидек овқатлансам, намоз ўқиганларидек ибодат қилсам, таҳажжудлари каби кечалари қоим бўлсам. Қанийди… Қанийди бир бора ер юзига тушсам-у, Расулуллоҳ кўрсатиб берганларидек одамлар ўртасида меҳр-муҳаббатни, инсонийликни намоён қилсам… Ота-онага яхшилик қилиш қандай бўлишини Расулуллоҳ таълим берганларидек одамларга кўрсатсам… Илм олсам, унга амал қилсам, Қуръон ўқисам, ҳаётга амалларим ила татбиқ этсам… Қани эди бир зумгагина инсонга айлантирса Худойим... Севиклигимни бир бора зиёрат қилсам… Ҳузурларида дуолар қилсам…”
Қуёш яна алангаланиб оташин нурини соча бошлади. Эҳтимол, у кўз ёшларини шу зайлда тўкаётган бўлса ажаб эмас. Қуёшнинг бу ноласини яхшилаб тинглаб, унинг ҳолатига ўзимизни қўйиб кўрайлик. Оламларга раҳмат бўлган зотнинг уммати эканимиз билан фахрланиб, бу номга муносиб бўлишга интилайлик.
Расулуллоҳ алайҳиссалом қурбон ҳайитини бизлар учун байрам деб айтдилар. Ўзлари хурсандчилик ила нишонладилар, байрам қилдилар.

***

Азиз юртдошлар, мана кўриб турганингиздек, бугун қўшалоқ байрам. Сизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам байрам қилиб нишонлаган кун – Қурбон ҳайити муборак қадрдонлар. Аллоҳ барчамизнинг ишларимизга ривож, оиламизга тинчлик ато қилсин! Биз кутган ва кутмаган яхшиликлар-ла сийласин! Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

Ҳурмат билан Абдуллоҳ Қосим!
Иқтибос олиш
0 #36 Qadriyat.uz 30.12.2016 14:44
“Маҳбуб Пайғамбар (с.а.в.)” танловига

СОҒИНЧ МАКТУБИ
(хаёлий қисса)

Маҳмуджон домла ҳар доимгидек ўз маърузасини ниҳоялагандан сўнг, талабалар ўзлари қизиққан масалаларда саволларини беришди. Домла шошмасдан саволларга жавоб берар, талабаларини ўз жавоби билан қаноатлантирар эди. Мутахассислиги тарихчи бўлганлиги учун ҳам бу борада ечилмай қолиб кетган масалалар борасида кўплаб саволлар тушар, домла эса, ҳеч иккиланмасдан уларга гўё ўша воқеаларни ўз кўзлари билан кўргандек гапириб берарди. Ҳа, ҳақиқатан ҳам ўз кўзлари билан кўргандек…
Савол-жавоблар тугагач, домла аудиториядан чиқиб ректор хонасига йўл олди. Бугун Акмал Пўлатович яна уни чақиртирибди. Ўтган 2 сафар ҳам чақириб алланималар деганди: “Домла, талабаларга дарс ўтиш жараёнида тарих китобларида учрамайдиган маълумотлар айтибсиз, бу ҳақидаги фикрларингизни қаердан олдингиз? Сиз фактларга суяниб лекция ўқийдиган домламисиз ёки қаердаги сафсаталар билан бошқаларнинг бошини қотирадиган эзма чолмисиз?!” деб қаттиқ гапирганди. Домла бўлса, ортиқча сўз ҳам айтиб ўтирмаганди. Бугун ҳам шу масалада бўлса керак, ҳойнаҳой. Хонага кириши билан Акмал Пўлатович:
- Аризангизни ёзинг, сиздака ходимлар бизга керак эмас, ундан кўра маҳаллангиздаги ёш болаларни тўплаб, эртакларингизни уларга айтинг. Сизни 2 марта огоҳлантиргандим, барибир билганингиздан қолмабсиз. Бўшсиз, марҳамат қилиб кетишингиз мумкин, – деди.
Домла эса, ўзининг босиқ табиатлилиги билан гапни кўпайтириб ўтирмади. Аризани ёзди-ю, ишдан бўшади.

***

- Бугун ҳам дарс ажойиб бўлдиа? Нима дединг? – Акбар ҳар сафар дарсдан сўнг олган таассуротларини дўсти Муҳаммад билан ўртоқлашарди. Бугун ҳам институт биносидан чиқиши билан суҳбатларини шу йўсинда бошлашди.
- Ҳа, тўғри айтасан. Чинданда дарс ажойиб бўлди. Мен бир нарсадан ажабланаман. Домла қандай қилиб бунча кўп маълумотларни билади экан? Қанча китоб ўқиган бўлиши мумкин?
- Билмасам, лекин қайси масала бўйича савол берсанг, жавоб бераверадилар. Худо илмни берганда ўзиям.
- Ҳа, бизга ҳам шундай бўлиш насиб қилсин, - Муҳаммад бошини аста қимирлатиб жавоб қилди.
Шу билан бекатгача бирга суҳбатлашиб кетишди. Лекин булар севикли домласи айни лаҳзада ишдан бўшаганини билишмасди.
Муҳаммад устози ҳақида гаплашишдан чарчамасди:
- Домламизда қандайдир ўзига тортадиган илиқлик бор-а? Суҳбатлашган одам сира зерикмайди.
Акбар ҳам унинг гапини маъқуллаб:
- У кишининг юзларидан нур ёғилади.. – деди. Шу пайт унинг автобуси келиб қолди ва дўсти билан хайрлашиб уйига жўнади.

***

Домла ишдан бўшаганига биргина сабаб билан сиқилди. Шогирдларининг таълими қай тарзда кетишини билмагандангина эзилди қалби. Чунки унинг дарс беришдан мақсади – оиласини боқиш ёки ўзининг илмий даражасини кўтариш эмас, балки талабаларини билимли қилиш эди. Бундан бошқа ҳеч нарса учун афсусланмади. Хонасидаги бир-иккита файлни олди-ю, уйига равона бўлди.

***

Орадан бир неча кун ўтиб, тарих дарси бошланди. Акбар тайёрлаб келган вазифасини қайтадан кўриб чиқа бошлади. Шунда эшик очилиб, ректор домла ҳамда ёшлари 35-40 атрофидаги бир киши кириб келди. Акбар олдинига “Устозимизни бугун ишлари чиқиб қолибди шекилли ёки бирор хизмат билан жўнатишган бўлса керак. Бугунчалик бошқа домла кириб турса керак”, деб хаёлидан ўтказди. Лекин ректорнинг айтган гаплари унинг бу хаёлларини чиппакка чиқарди. “Сизларга бугундан бошлаб тарих фанидан Фурқат Ҳасанов дарсга кирадилар. Домлангиз маълум сабабларга кўра ишдан бўшадилар. Фурқат домла ўз фанининг мутахассиси, у билан дарсларингизни давом эттирасизлар”. Талабалар бу хабардан худди устиларидан муздек сув қуйилгандек жим бўлиб қолишди. Уларнинг аксарияти бу хабарга ишонгиси келмасди. Шунда Анвар:
- Домла, бир савол берсам майлими? - деб орадаги сукунатни бузди.
- Марҳамат, - ректор домланинг овозида бироз таажжуб бор эди.
- Нима учун Маҳмуджон домламиз ишдан бўшадилар? Сабабини билсак бўладими?
- Ҳа, албатта бўлади. Сизларга яхши бўлсин деб шундай қилдик. Бўлар – бўлмас эртаклари билан сизларни бошингизни қотирадиган домладан кўра ўз фанини пухта эгаллаган педагогни ишга таклиф қилдик.
Бошқа бир талаба:
- Ахир, домла, домламиз фанларини керагидан ҳам ортиқ билар эдилар-ку? – деди.
- Сизлар яхши биласизларми ёки менми?! – ректор домланинг овозларида қўполлик сезилди.
Талабалар буни пайқаб, гапни шу ерда тўхтатишди. Акбар дарсдан сўнг Муҳаммад билан не боисдан устозларини ишдан олишганини тагига етиш учун ректорнинг хонасига киришни режалаштириб қўйди.

***

Маҳмуджон домла бундан кейинги қиладиган ишларини режалаштириб ўтирганди. Турмуш ўртоғи унга аччиққина кофе тайёрлаб келди. Домла кофени аста хўплаб, хаёл денгизига шўнғиди. Ҳатто аёлининг “Бирор нарса керак эмасми, дадаси?” деган сўзини ҳам эшитмади. Уни фақат дарвоза қўнғироғининг чалинишигина хаёл уйқусидан уйғотиб юборди. Эшикни катта ўғли Зафар очди ва бир оздан сўнг:
- Дада, сизни сўраб келишибди, институтдан шогирдларингиз бўлса керак, - деди.
Домла ташқарига чиқиб қараса, севимли шогирдлари Муҳаммад билан Акбар келган экан. Уларни уйга таклиф қилди. Шогирдлар устозларини безовта қилиб қўймадикмикин деб не хижолат билан уйга киришди ўзиям. Салом-аликдан сўнг домла:
- Ўқишларингиз қандай? Яхшими? – деб сўради.
- Ҳа, яхши. Фақат … Сиз ишдан кетганингиздан жудаям хафамиз, - Акбар жавоб қилди.
- Пешонага шу ёзилган экан нима ҳам қилардик… - домла бир ҳўрсиниб қўйди.
- Домла, бир нарсага биз ҳечам тушуна олмаяпмиз, - Муҳаммад қандайдир аламзадалик билан айтди.
- Нимага? – домла босиқлик билан жавоб қайтарди.
- Ректорнинг олдига кириб, нима сабабдан сизни бўшатганларини сўрадик. У киши “Домлангиз китобда йўқ, ўзи тўқиб олган ҳикояларни гапириб беради. Мисол учун, Александр Македонскийнинг бутун бошли ҳаётини айтиб берибди анави куни сизларга. Ахир унинг бутун бошли ҳаёти ўрганилмаган-ку! Бу борада бирор асар етиб келмаган бизга. Тўғри, унинг ҳаётини умумий тарзда ёзилган китоблар бор, лекин у айтаётган маълумотлар умуман китобларда келмаган. Бундай мисоллардан сизларга қанчадан-қанча келтиришим мумкин. Қисқа қилиб айтганда, домлангиз ўз хаёлидан тўқиб чиқаради, уни бундай қилаётгани учун бир неча марта огоҳлантирдик, фойдаси бўлмади. Охирги чорани қўлладик. Бу гапларни барча курсдошларингга етказиб қўйинглар: Қайтиб Маҳмуджон домлангиз ҳақида бирортангиз эътироз билан хонамнинг эшигини тақиллатманг!” деб жавоб бердилар. Нима учун сиз ўқиган китобларингиз, фактларингизни у кишига айтмадингиз? Нима учун индамайгина бўшаб кетдингиз? Ахир, сиз ҳақсиз-ку?! – куйинчаклик билан сўради Муҳаммад.
Домла жилмайиб қўйди-да:
- Мен эмас, ректор домлангиз ҳақ, - деди.
- Нимага ундай деяпсиз? – Акбар эътироз билан сўради.
- Чунки… Чунки ҳақиқатан ҳам домлангиз айтган нарсаларни бирон китобдан ўқимаганман… - домла кулимсираб жавоб қилди.
- Ундай бўлса қаердан биласиз?
- Эҳ, Муҳаммаджон, бир кун келиб билиб оласан, албатта.
Шогирдаларининг қарашида ҳали ҳануз ишонмаслик, таажжуб асари бор эди. Домла эса, ўзига ўзи “Ҳали бироз бор, кейинроқ...” деб пичирлаб қўйди. Бу гапни шогирдлари эшита олмай қолдилар. Ёки эшитсалар-да, аҳамият бермадилар.
Суҳбатлари бошқа мавзуга бурилиб кетди. Домла шогирдларига худди дарсдагидек маълумотлар айтиб, савол-жавоб, ҳазил-ҳузул қилди. Бир пайт Акбар соатига қараса, келишганига 2 соатдан ошиб кетган экан, Муҳаммадга имлаб қўйди. Йигитлар устозни кўп вақтларини олиб қўйдикмикин, деб ўзларидан уялиб кетишди. Қайтишга рухсат сўрашди. Домла:
- Ўтирибмизда гаплашиб, - деб олдинига рухсат бермади. Шу ҳолат яна бир икки бор такрорланганидан сўнг уларга кетишларига ижозат берди:
- Келиб мени жуда ҳам хурсанд қилдинглар, эшигим доим сизлар учун очиқ, - деди.
Дарвоза олдига чиқишганидан сўнг Муҳаммад:
- Устоз, бир илтимосимиз бор эди. Агар хўп десангиз…
- Бемалол айтишингиз мумкин, қўлимдан келса, бажонидил, - домла самимий жавоб қайтарди.
- Баъзи кунлари дарсимиз тугаганидан сўнг олдингизга келиб хизматингиз бўлса қилсак, дегандик.
- Ташаккур, хизматим йўқ-куя, аммо келсаларингиз хурсанд бўлардим.
Шу билан хайрлашиб уйларига равона бўлишди.
Ҳафтасига 2 маротаба устозлариникига келиб турадиган бўлишди. Ҳолидан хабар олиб, бир сафар ҳўл мева, яна бир сафар картошка-пиёз олиб келишар, домла эса, “Келсангалар қуруқ келинглар ёки киргизмайман” деб олиб келган нарсаларини ўзларига қайтариб юборарди. Шу билан йигитлар устозлариникига ҳеч нима олиб кела олмайдиган бўлишди.
Орадан бир ярим йил ўтди. Аҳмад билан Муҳаммад устозлариникига келишни бирор маротаба бўлса-да, канда қилишмади. Орада қолган талабалар билан ҳашар уюштириб ҳовлининг этагига 1 қават уй ҳам қуришди. Домла билан анча яқин бўлишди.
Бир сафар Муҳаммад Акбарга:
- Мен домланинг ишдан кетганларига хурсандман, - деди.
- Нега ундай деяпсан?
- Чунки агар домла ўша пайт ишдан бўшамаганларида эди, биз бунчалик у кишига хизмат қила олмаган бўлардик. Муносабатларимиз фақатгина институтдан нарига ўтмас эди.
- Ҳа тўғри айтасан. Ҳар бир ишда ҳикмат бор, деб бекорга айтишмаган экан.

***

Маҳмуджон домла ҳам шогирдларини кундан кунга яхши кўриб борар, билган нарсаларини уларга ўргатишга, тарихий воқеаларни айтиб беришга одатланганди.
Кунлардан бир куни йигитлар ҳар доимгидек дарсдан сўнг ҳаялламай етиб келишди. Домла бу сафар уларни ҳар галгиданда интизорлик билан кутаётганди. Чунки бугун 10 йилдан бери кутаётган орзусига етажак. Шунча йилдан бери умид қилаётган онлари яқинлашган эди. Ниҳоят, узоқ сафарга чиқишга арзигулик ҳамроҳ топганди. Сафар жуда ҳам узоқ. Ҳа, жуда узоқ. Бу саёҳатнинг масофаси ниҳоятда узоқ, у ҳам бўлса, асрлар оша сафар эди. Бундан 15 йил аввал ёшликдан катта бўлган физик дўсти бир кашфиёт қилган эди. У ихтиро қилган қурилма орқали асрлар орасида саёҳат қилиш мумкин эди. У билан кўп бора сафарга чиқди. Ўтмишнинг инсон яратилгандан сўнг исталган замонига тушиб, тарихнинг бевосита гувоҳига айланди. Ёшликдан бери орзу қилган, бутун дунё кашфиётчилари учун армон бўлиб қолган қурилмада сафар қилиш бахтига муяссар бўлганди. Умрининг 5 йилини ана шундай сафарларга бағишлади. Бир вақтдан бошқасига ўтиб, бутун бошли тарихни кўрди.
Бир куни Николай тахтдан воз кечиши арафаси пайтида дўсти қаттиқ бетоб бўлиб қолди. Агарда вафот этса, бир ўзи ўз замонига қайта олишига кўзи етмади ва зудлик билан қайтишди. Дўстининг аҳволи кун сайин оғирлашиб, ўлим соати яқинлашиб қолди. Маҳмуджон домлани олдига чақириб, ихтиро қилган қурилмасини унга топширди ва уни зинҳор ва зинҳор бегона одамнинг қўлига тушмаслигини, фақатгина узоқ вақт мобайнида синаб, синовидан ўтган яқин инсони билангина сафарни давом эттириши мумкинлигини васият қилди. Шундан сўнг жон таслим қилди.
Домла ўша воқеадан сўнг муносиб ҳамроҳ ахтара бошлади. Аммо бирор кишини ҳам ишончли деб билмагани учун бу ҳақида оғиз очмади. Институтда талабалар орасидан ҳам кўп қидирди, ишдан кетишига рози бўлишининг ҳам сабабларидан бири шу эди. Агарда қайси талабаси ишдан кетгандан кейин ҳам у билан бирга бўлишни давом эттирса, уни ишонса бўладиган шерик деб, ўйлаганди. Лекин бир пайтлар “Ҳали бироз бор, кейинроқ...” дейишининг сабаби – дўстининг васиятини пухта бажариш эди. Шунинг учун ҳам уларни бир ярим йил давомида синаб кўрди. Синовдан намунали ўтишганлиги учун бугун уларга бор ҳақиқатни айтиб, уларни сафарга таклиф қилмоқчи.
Акбар билан Муҳаммад ҳар доимги кайфиятда устозларининг уйига киришди. Бир ҳўплам чой ичишганидан сўнг устозлари режалаштириб қўйган гапини айтди. Ҳаммасини батафсил тушунтириб берди. Буларни эшитган йигитлар ҳайратда қолишди. Нима дейишларини билмай, тилларига калима келмай қолди. “Устоз олган маълумотлар ана шулар орқали эканда”, “Қанийди бу сафарга мен ҳам ҳамроҳлик қилсам”, “Бу менинг бир умрлик орзуим эди-ку!” ва шу каби ўйлар уларнинг хаёлидан қандайдир сониялар ичида ўтди.
Шу билан сафар қилишга келишилди. Келаси ҳафта жума куни жума намозидан сўнг шу ерда учрашишга келишилди.

***

18.07.2014, соат чамаси 14:00. Келишилган жойда учрашилди. Овқатланиб олишганидан сўнг домла йигитларни болахонага бошлаб чиқди ва чангга қоришиб кетган бўзни олган эди, остидан каттагина қурилма чиқди. Унинг олд тарафига “Асрлар оша саёҳат” деб ёзилган экан. Унинг чангларини артиб ичига киришди. Сафарга чиқиш олдидан домла:
“Бир нарса ҳеч қачон ёдингиздан чиқмасин, бирортамизга бирор корҳол етадиган бўлса ҳам, тарих саҳифаларида йўқ бўлиб кетсак ҳам, у ерда кимларни кўрсак ҳам, нималарга гувоҳ бўлсак ҳам, ҳар қандай ҳолатда 3 тамиздан бошқа бирор киши бу қурилма ҳақида хабардор бўлмаслиги шарт. Ҳозир бир неча сония ичида тарихнинг бир нуқтасидан бутунлай бошқа нуқтасига ўтамиз. Бу ҳолатга тайёр бўлинглар. Бир нарсани унутмангларки, биз у ердаги инсонларни кўрамиз, лекин улар бизни кўра олишмайди, бизни ҳис қилишмайди. Биз тарихни ўзгартира олмаймиз, фақатгина шоҳиди бўлишимиз мумкин, унга ҳеч қандай янгилик кирита олмаймиз, борича кўрамиз. Бу сафарни айни лаҳзаларда дунёда қанчадан-қанча олимлар орзу қилишмоқда. Уларга насиб қилмаган бахтга биз мушарраф бўляпмиз. Бунга Тангрига шукроналар айтган ҳолатда сафаримизни бошлаймиз: “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳим, ўзинг бизни қўллагин. Бу сафаримизни дунё ва охиратимиз учун фойдали бўладиган сафарлардан қилгин…”

***

“Қаердамиз?!” …
“Шу ердамисизлар?!” …
“Ким бор бу ерда?!” …
“Нега жимсизлар?” …
“Бу ер бунча қоронғу?” …
Бу саволлар бир неча сонияда бир неча бор такрорланди. Шу пайт ҳеч ким бир-бирини эшитмай, бир зумлик қўрқинч ичида қолишди.
Ниҳоят, бир ёруғлик кўриниб, бора-бора атроф ёп-ёруғ ҳолатга келди… Атрофга қарашса, теп-текис ер, ким қаерда эканлигини билмайди. Азбаройи чарчашганидан ҳаммалиги бир лаҳзада кўзлари юмилди-ю, уйқуга ғарқ бўлишди.
Бир пайт отларнинг дупур-дупуридан уйғониб кетишди. Кўзларини очиб қарашса, юраги урушидан тўхтаб қолай деди. Маҳмуджон домлага эса, бу анча вақтдан бери соғинчга айланиб қолган ҳолат эди. Акбар отлиқдан қочиш учун югура бошлади. Муҳаммад эса, атрофдаги катта харсанг тошнинг орқасига яширинишга уринди. Домла эса, кулимсираб мен сизларга нима дедим, биз фақат кузатувчи бўламиз. Улар бизни кўра олишмайди, зарар ҳам бера олишмайди, келинглар, бу ерга. Кўрамиз, қайси қўшинлар экан булар. Орадан бир мунча вақт ўтиб қўшинлар бир-бирига яқин келди. Оппоқ отида кўринишидан қўмондонга ўхшайдиган забардаст жангчи кўзга яққол ташланди.
Шунда домла:
- Анави оқ отли жангчини кўряпсизларми? – деб сўради.
- Ҳа, ҳа, ким у?
- Александр Македонский мана шу бўлади. Қарши томонда эса, Доро ИИ қўшинлари. Эсладингизми?
- Ҳа, ҳа. Қойиле, ажойиб бўларкан жанг майдонига тушиб қолиш.
Ўртада жанг бошланди. Сайёҳлар эса, жанг натижасини билар, унинг қандай бўлганини қизиқиш билан томоша қилишарди. Китобларда неча йилдан бери ўқиган воқеаларини жонли кўриш бахтига сазовор бўлишаётганди. Ҳақиқатан ҳам ўзгача бўларкан тарихни кузатиш.

***

Шундай қилиб, бирин-кетин тарихий воқеларни борича кузатишди. Акбар билан Муҳаммад китобларда ўқимаган, Маҳмуджон устозидан эшитган маълумотларнинг гувоҳи бўлишди. Яна бир бор у воқеалар бўлганини тасдиғини кўришди. У ерда ўтган 1 йил бизнинг вақт бўйича бир неча соатга тўғри келар эди.
Сайёҳлар ўзлари қизиққан воқеларни ўз кўзлари билан кўрардилар. Қурилмани истаган вақтлари истаганча ишлатиб, бошқа замонга тушишар, бир тарихдан иккинчисига, ундан яна бошқасига сайр қилишни давом эттиришарди. Шу билан орадан анчагина вақт ўтди. Кўпгина замонларга боришди, тарихнинг бевосита гувоҳи бўлишди.

***

250 йил, тонг пайти. Мана бир неча ойдан бери шу ҳудудда яшашмоқда. Режаларига кўра бугун 350-йилга сафар қилишмоқчи. Сайёҳлар уйқудан туришди. Қурилмага чиқиб, одатдагидек қизил рангли тугмачани босишди…
Шу пайт тўсатдан олов чақнаб, қисқа туташув содир бўлди. Ҳаммаёқ тутунга тўлди. Уларни йўтал тутиб, аранг қурилмадан ташқарига чиқиб олишди. Бироз вақтдан сўнг ўзларига келиб, қурилмани текшириб кўришди. Акбар:
- Нима бўлибди бунга, устоз? – овозида хавотир оҳанги бор эди.
- Билмасам, кўрайликчи, нега ўжарлик қиляпти экан?!
- Тузалармикин, устоз? – Муҳаммад ҳам сўради.
- Ҳа Худо хоҳласа, албатта, тузилади. Бироқ озгина бош қотириш керак.
Шу билан Маҳмуджон домла қурилмани ярим кун текшириш билан вақтини ўтказди. Бирор бир натижага эриша олмади. Қурилмага нима бўлганини аниқлай ҳам олмади. Акбарнинг бояги хавотирли овози энди қўрқувдан қалтирай ҳам бошлаганди:
- Нима энди, тузалмайдими бу? Ахир қандай уйга етиб оламиз?
- Акбар, илтимос, кўп савол бермай тур, мени чалғитяпсан. Ҳаммаси яхши бўлади.
… Қуёшнинг шафақи ҳам ғойиб бўлди… Ҳали ҳануз бирор хулосага келинмади, нима бўлгани, уни қандай тузатиш мумкинлиги борасида бош қотиравериб чарчашди.
Домла:
- Муҳаммад, овқатланиб олайлик, бирор нарса тайёрла. Қориннинг пўстаги чиқиб кетди… - деди.
Егулик тайёр бўлди, овқатланишди. Муҳаммад:
- Устоз, энди нима қиламиз? Яна қаерини текшириб кўрамиз? – деб сўради.
- Текширадиган бирор ускунаси қолмади. Фақатгина бир нарсага эътибор қаратиб кўрмабман. Эртага текшириб кўрамиз бирга?
- Тузалишига ишонасизми, устоз? – Акбар сўради.
- Ҳозир бирор нарса деёлмайман. Айтган ускунамни текшириб кўрай, кейин айтаман. Агар муаммо ўша ерда бўлса, ….
- Нима бўлади ўша ерда бўлса?
- ….
- Айтинг, нима бўлади? Одамни юрагини ёрмасдан айтинг, устоз….
- … Сафаримиз мана шу ерда тўхтайди….
- Нима деганингиз бу? Қайта ишлатиб бўлмайдими? У ҳолда нима қиламиз?
- Илтимос, гапни бас қилинглар, эртагача бу борада гап очмай туринглар. Текшириб кўрай аввал. Подадан олдин чанг чиқарманглар, - домла жеркиб берди.
Шундан сўнг то эрталабгача бу борада гап очилмади. Аниқроғи, ҳеч ким тилига олмади, бироқ юракларининг ҳар бир уришида “Наҳот шу ерларда қолиб кетсак?!” деган қўрқинч бор эди.

***

Тонгда хўроз қичқириб ҳаммани уйғотди. Учовлон қандай нонушта қилишганини ҳам сезмай, тезда “фотиҳа” қилиб, ишлари бароридан келишини сўраб, кечаги қолиб кетган ишларини давом эттиришди.
Домла кечаси билан мўлжаллаб чиққан ишларини қила бошлади. Куннинг ярмигача шу билан овора бўлишди… Бироқ… Домла ҳақ бўлиб чиқди… Сафар мана шу ерда тугайдиган бўлди… Энди уйга ҳам, бошқа замонларга ҳам қайтишнинг мутлақо иложи йўқ… Умрларини мана шу оламда давом эттиришади. Ҳаётлари мана шундай тубанликлар орасида кечади энди. Ўз замонларида дон-дараксиз йўқ бўлиб кетишди. Қаерда эканликларини ҳам ҳеч ким билмайди. Эҳтимол, оила аъзолари шу пайтгача йўқ бўлиб кетишганидан ўлдига ҳам чиқариб юборишган бўлса керак.
Муҳаммад:
- Устоз, энди нима қиламиз?! – ўлимни бўйнига олган маҳбус каби сўради.
- Билмасам, бошим қотди. Эҳтимол, …
- Энди шу ерларда қолиб кетамизми? – Акбар ҳам устозни саволга тутди.
- Шунақага ўхшайди…
- Бирор иложи бордир. Наҳотки, ҳамма йўлларимиз ёпилган бўлса?!
- Афсуски, ҳа…
Гап шу ерда тўхтади. Ҳеч ким ичидаги гапларни айтишга ботина олмади. Ҳар ким дардини ичига ютди. Орага сукунат чўмди…
Бироздан сўнг Акбар:
- Бу йил уйдагилар мени уйлантиришмоқчи эди… Онам бечора келинлари бўлишни 3 йилдан бери кутиб келаётгандилар. Неча бор айтган бўлсалар ҳам, мен пайсарга солиб келаётган эдим. Мен ёлғиз ўғил бўлсам… Орзулари армон бўлиб қолар экан-да муштипаримнинг … Дадам бўлсалар, мени ёнларига ишга олмоқчи эдилар. Мендан кўп нарсаларни кутаётган эдилар. Улар менсиз қандай яшашаркин?! Эркатойгина синглим, қачон қараса, у билан урушаверардим. У ҳақ бўлса ҳам паст келмай тортишган пайтларим кўп бўлган. Қачон жанжаллашиб қолсак, дадамга айтиб берарди. Уни жуда ҳам соғиндим… Қанийди ҳозир уларнинг олдида бўлиб қолсам эди…
- Акбар, бу гапларингни қўй. Биз албатта, уйга қайтиб борамиз. Юрагимизни эзишимиздан бирор фойда йўқ. Ўзимизни қўлга олайлик, - Муҳаммад дўстига насиҳатомуз гапирди.
- Иложи бормикин?! – Акбар не умидлар ила устозига қаради.
Аммо устоз жим. Унинг умидвор кўзларини яна ғамга тушишини истамади. Акбар эса, жавобни билди ва қаттиқ хўрсиниб қўйди.
Устоз:
- Ҳеч ёдимдан чиқмайди, 2002 йил ёз пайти эди. Дўстим Бахтиёр билан асрлар оша саёҳат қилаётгандик. Нима бўлди-ю, худди шунга ўхшаш ҳолат юз берди. Қурилмамиз ишламай қолди, мен ҳам худди сизларнинг аҳволингизга тушгандим. Дўстим эса, хавотирланмаслигимни, тезда қурилмани тузатишини айтди. Лекин мен негадир ишонгим келмасди. Кўз олдимга ота-онам, аёлим, бола-чақам келди. Бир лаҳзада яқин қариндошларимни барчасини бирин-кетин хаёлимдан ўтказдим. Улардан ажралдим, деб ўйлаган эдим. Лекин орадан ярим соатча ҳам ўтмасдан дўстим қурилмани ишлатиб юборди. Севинчдан ўзимни қўярга жой топа олмадим.
- Демак, биз ҳам умид қилсак бўлар экан-да, - Акбарнинг қалбида яна умид учқуни порлади.
- Ўшанда дўстим қурилмани тузаётганида олдида қараб тургандим. У менга айтганди. Агарда мана шу қурилмаси бузилса, буни қайта ишлатиб бўлмайди, - Домла қўлидаги бузилган ускунасини йигитларга кўрсатди. – Ўшанда кўрганларим оз-моз ёдимда қолган экан. Шуларни синаб кўргандим. Афсус…
Ҳаммаларнинг кўз олдидан оила аъзолари, қариндошлари, дўстлари ўтди. Аввалига қизиқарли бўлиб кўринган мана бу саёҳат ҳам уларнинг кўнглини кўтармас, тарихни кузатгилари ҳам келмасди… Уйга қайта олмасликларига тан беришди…

***

Орадан 2 йил ўтди. Бугун Маҳмуджон домла ишининг охирги босқичини амалга оширади. Йигитлар ҳам бу ҳолатни ўзиям роппа-роса 2 йилдан бери кутишмоқда.
Қурилма бузилиб қолгандан сўнг Маҳмуджон домла ўйлаб-ўйлаб қурилмани қайтадан қуришни топганди. Ўша пайтдан бери бу иш устида бош қотириб ишлаб чиқаётганди. Йигитлар ҳам бу орада техника борасида анчагина тушунчага эга бўлиб, устоз нима қилаётганини тушуниб туришарди.
Мана бугун уларнинг қурилмаси қайта ишлаши кутиляпти. Агар ҳақиқатдан ҳам ишлайдиган бўлса, уларнинг севинчини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Интила-интила финишга оз қолишди…
Домла синовни бошлайдиган бўлди. Ҳамма қурилмаларни синаб кўришди, жойида. Муаммолар йўқ. Қурилмага ўтириб, аста ишлатмоқчи бўлиб, яшил рангли тугмачани босишди… Чироқлар ёниб, ишлай бошлади... Ҳамма хурсанд... Орзуга эришилди. Бирдан қурилмани 2 йилдан бери эшитилмаётган кулгу тутиб кетди. Ҳазил-ҳузул қила бошлашди.
- Устоз, ахири эришди-га мақсадимизга. Қойиле, қандай қилиб ишлаб бўлмайдиган нарсани ишлатиб юбордингиз? – Акбар севинчдан устозига савол берди.
- Уйга борганимизда, бизга яна қандай қурилмалар ясаб берасиз? – Муҳаммад ҳазиломуз устозига савол берди. Яна кулгу бошланди.
- Кейинги сафар келажакка саёҳат қиладиганидан ясаб берадилар, - Акбар жавоб қилди.
- Йўқ ундай эмас, одамни ичидаги фикрини ўқийдиган қурилма ясаб берадилар, тўғрими, устоз?!
- Сенларга мени устимдан кулиш бўлса-а, бас қилларинг. Иложсизликда ҳамма нарсани иложини қилса бўлар экан…
Шундай қилиб сайёҳлар ярим соатча ҳазил-ҳузул қилишди. 2 йилдан бери ёза олмаётган кўнгилларини шу кўйи ёзиб олишди.
- Ундай бўлса, бошладикми? – деб Акбар қўлини қизил тугмача томон узатди.
- Тўхта босма, - тўсатдан устоз бақириб юборди.
- Тинчликми, устоз, нима бўлди? – Муҳаммад ҳайрон эди. Акбар ҳам нима бўлаётганига тушунмаётганди.
- Мен… Мен сизларга анчадан бери бир гапни айтмаётгандим. Энди олдимизда жуда ҳам катта бир муаммо бор… - домла жиддий оҳангда жавоб қилди.
- Нима муаммо яна?! – Акбар бироз асабийлашди.
- Нима қолди қилмаганимиз, барчаси тайёр-ку!
- Бу қурилма энди 1 маротабагина ишлайди. Ундан кейин буни қайта ишлатиб бўлмайди. Ҳозир биз сўнгги бора бу қурилмани ишлатамиз. Имкониятимизда фақат бир бора сафар қолди, - домланинг овозидаги жиддийлик йўқолмаганди.
- Устоз, ҳазилингиз қурсин, қўрқиб кетибман. Яна ишлата олмасак керак, деб ўйлабман, - Акбарнинг юзига қайта табассум югурди.
- Нима ҳам қилардик, уйимизга қайтамизда шу сафар, - Муҳаммад устози нима ҳақида ўйлаётганига тушунмайгина сўзлади.
- Менда эса, бошқача бир таклиф бор…
- Қандай экан?! Бундан бошқа қандай ҳам йўл бўлиши мумкин бизларда, устоз?! – Муҳаммад ажабланди. Домла чуқур нафас олди-да:
- Мен бутун бошли инсоният тарихини ўз кўзларим ила кўриб, уларнинг ривожланиш жараёнига шоҳид бўлдим. Бир-бирига солиштирдим. Ақл тарозимга, қалб ўлчовимга назар солганимда, у учун бир замон шу даражада манзур бўлдики, уни қандай қилиб қилиб бўлса-да, қайта-қайта кўришни умид қилардим. Дўстим вафот этгандан сўнг бу сафарни яна қайта уюштиришимнинг ҳам асосий сабаби – мен орзу қилган даврни қайта кўриш эди. Бутун инсоният тарихини кўрганимда унинг мислини кўрмадим. Унда топган ҳузурни бошқа ҳеч бирида топа олмадим. Унинг номи “Асри саодат”дир. Инсоният шу даврда инсонийликнинг энг олий чўққисига эришди. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларидаги саҳобалар бу даврнинг қаймоғи бўлишди. Мана шу даврда Аллоҳ билан бандалари орасидаги пайғамбарлар ила бўладиган алоқанинг ниҳояси бўлди. Мен ана шу даврга сафар қилишимизни таклиф қилмоқчиман…
- Ахир, устоз, ҳозир у ерга сафар қилсак, умримизнинг охиригача ўша ерда қолиб кетамиз-ку! У ерда кимдир бизни кўрса ҳам, суҳбатлашса ҳам майли эди, умримизни қандай бу ҳолда давом эттиришимиз мумкин? Ундан кўра уйимизга қайтганимиз афзал эмасми? – Акбар устозининг гапига қўшилмади.
- Мен учун у ерда гапирмасдан, тирик “мурда” бўлиб юрганим, ўз давримда подшо бўлгандан кўра маҳбуброқдир. Майли, у даврда ҳеч ким билан гаплашмасам ҳам, майли, ҳеч ким мени кўрмаса ҳам, барчасига розиман. Фақат ўша нурли чеҳрани қайта кўрсам, ўша муборак суҳбатларни яна тингласам бас, менга шунинг ўзи кифоя, - домланинг бу сўзлари чин қалбдан отилиб чиқаётганди, ошиқнинг ўз маъшуғини соғинчи каби айтилаётганди. Ҳа, ҳақиқатан ҳам домла бу даврни қаттиқ соғинганди. Ўтган сафарги саёҳатида дўсти билан илк бор бу даврга тушиб қолганида, ўзини инсон эканлигини унутди, уйга қайтишни хаёлига ҳам келтирмаганди. Николай давригача боришига сабаб эса, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеину, табаа тобеинлардан сўнг ҳозирги кунимизга қадар Ислом қай тарзда таназзулга юз тутишини кўрмоқчи эди. Уйига қайтгандан сўнг роса афсусланганди ўша даврда қолмаганига. Шогирдларини бирданига асри саодатга эмас, балки тарихнинг бошланишидан сайр қилдиришига сабаб эса, улар ҳам ўтмишнинг чиркинликларини кўришликларини истаганди. Ислом мана шундай одамларни, мана шундай миллатларни, худди шундай элатларни тарбия қила олганини билдириб қўйиш эди.
- У ҳолда, устоз, бизга бир оз муҳлат беринг, озгина ўйлаб кўрайлик бу ҳақида, - Муҳаммад тез қарорга келиб, кейин афсусланишидан қўрқди.
Муҳаммад билан Акбар бу ҳақида чуқур мулоҳаза қилишди. Акбар бир томонда устозининг таъсирли сўзларини, яна бир томонда эса, онасининг “Ўғлим тўйингни бу йил қиламиз”, деган сўзларини ўйлади, бир хулосага келиши қийин бўлди. Устозининг гапига кирай деса, ўзи ҳам буни кўришга муштоқ, аммо хаёлини онасининг “Жигаргўшамдан ажралиб қолибман”, дейдиган сўзлари эгаллаб олар эди. Муҳаммадда ҳам ички курашлар бундан кам бўлмади. Иккалалари ҳам масаланинг ҳар томонини чуқур ўйлаб кўришди. Муҳаммад ўз хулосасини қуйидагича изоҳлади:
- Акбар, устоз бизни синашлари бекорга бўлмаган. Нима учун айнан бизни танлаган эдилар?! Бунга ҳаммани ҳам раво кўрмай айнан шу даврни кўрсатиш учун бизларни саёҳатга таклиф қилганлар. Биз эса, қандай қилиб “олтин аср”ни кўрмасдан қайтишимиз мумкин. Мен устознинг фикрларидаман, - деди. Акбар ҳам бунга рози эканлигини билдириб, бошина “ҳа” деган ишорада қимирлатиб қўйди.

***

Қурилма ишлатилди, ҳамманинг хоҳиши билан VIII аср бошларига йўл олинди… Атроф қоронғу, 2 йилдан бери бундай саёҳатнинг зулмати кўринмаган эди. Ҳамманинг қалби ҳапқирарди. Бутун оламларга раҳмат бўлган Зотни ўз кўзлари билан кўриш қувончи, панд-насиҳатларини тинглаш бахти, бутун ҳаётларини кузатиш роҳати уларнинг юракларини тез уришга мажбур қилаётган эди. Агар уларнинг юракларини югуриш майдончасига қўйса, унинг тезлиги ўрнатилган ва ўрнатилажак жаҳон рекордларини ўзиб кетишига ҳеч шубҳа йўқдай. Борди-ю, уларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламни кўришга бўлган қувончлари харсанг тошга айлантирилса, бу тош олдида Химолай тоғи ҳам ип йигира олмасига барча ишонгандай… 5 дақиқа ичида хаёлларидан нелар ўтмади, нақадар бахтли ҳис қилишди ўзларини. Бироқ бу қувонч Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрганларидан сўнг хамир учидан патир эканлигини билсалар борми, юраклари бардош бера олмас эди бу шодликка.
Кўз олдилари ёриша бошлади. Теварак-атроф шовқин суронга тўла эди. Нима ҳодиса бўлаётганига қизиқишди. Қарашса, бир гуруҳ одамлар биттагина одамни дўппослашяпти: ёшлари тахминан 40 лар атрофида, бўйлари новчагина, озғиндан келган. “Нима гуноҳ қилди экан бу бечорани шунча калтаклашмаса” – Акбар билан Муҳаммаднинг хаёлларидан бир хил фикр ўтарди. Шу пайт бир қизалоқ ҳалиги кишининг онасини чақириб келди:
- Ўғлим Абу Бакрни қўйиб юборинглар, қўйиб юборинглар уни … - дея онаизор бақириб келарди.
“Наҳотки шу одамлардан калтак еяётган инсон Абу Бакр розияллоҳу анҳу бўлсалар! Наҳот шу оёқости қилинаётган киши бутун ислом умматининг илк халифаси Сиддиқ розияллоҳу анҳу бўлсалар, наҳот шундай улуғ саҳоба шу даражада хор қилинсалар!” – Муҳаммад қалбида қандай тезликда бунча савол ўтганини билмади. Акбар ҳам ҳеч нарсага тушунмасди. Маҳмуд домланинг эса, кўзларига ёш думалаб, яноқларини юва бошлаган эди. Қани энди, иложи бўлса-ю, умрини фидо қилиб бўлса-да, У зотнинг бир дамлик азобларини енгиллатса. Уни йиғлатган нарса иложсизлик эди, ёрдам бера олмас эди чин кўнгилдан муҳаббат қўйган кишиларига.
Бундан кейинги кўрилган ҳодисаларни ёзишга қалам, айтишга тил ожизлик қилади. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни азоблари билан азоб чекишди, У кишининг бахтиёр дамлари ила хушнуд бўлишди. Бир пайтлар кўзларда ёш ила ўқилган китоблардаги воқеликларнинг гувоҳи бўлишди. Бу сафар қалблари тинмай йиғида, бу йиғи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришдек бахтга сазовор бўлганларидан уйғонган севинч йиғисими ёхуд У зотга берилаётган азоблар туфайли иложсизлик ила тортилаётган дардми, буни билишмас эди. Нима бўлганда ҳам У зотнинг нурларидан учовлон мириқиб баҳрамананд бўлишарди…

***

- Аҳмедов!
- Муҳаммад, тур ректор домла кирдилар, - Акбар Муҳаммадни турта бошлади. Муҳаммад сесканиб уйғониб кетди:
- Ассалому алайкум, домла!
- Нега дарс пайтида ухлаяпсиз?!
- Узр, домла бошқа такрорланмайди.
Наҳотки, булар тушда бўлган бўлса, наҳот шунча воқеа бир лаҳзалик тушда ўтган бўлса! Муҳаммад бир умр бу уйқудан уйғонмасликни истарди. Аммо… Қани эди, яна бир бор ухласа-ю, ўша муборак чеҳрани кўриш бахтига қайта мушарраф бўлса. Қани эди, бир умр тушида умр кечирса. Ҳеч уйғонмасаю, севиклиги билан бир ҳаётда яшаса. Афсус.. Бу ҳаёт экан.. Баъзида инсон бир ишни қаттиқ хоҳласа-да, амалга оширолмай қоларкан…
Орадан бир неча ой ўтди. Ҳанузгача У зотни тушида қайта кўра олмади. Муҳаммадга қайта насиб қилмади муборак чеҳрани кўриш. Муборак бўйни ҳидлаш бахтини қайта топа олмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларини яна эшитиш умиди ила кунларини тунга, тунларини эса, кунга улаб ўтказди. Ўйлаганига барибир ета олмади. Кўзларига ёруғ дунё кўринмас, фақат севиклисининг соғинчи билан яшарди. Яна бир бор кўришни орзу қиларди. Аммо кўриш учун нима қилишни билмас эди…
Бир куни хаёлига бир фикр келиб, дарди енгиллашди, елкасида тоғдек бўлиб турган ситамларидан енгил бўлди. Ахири, чорасини топди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мактуб юбориш… Ҳа, ҳа, ҳақиқатан ҳам У зоти шарифга нома юбориш… Дардларини шу кўйи енгиллатади. Йиғилиб қолган дил изҳорларини шу кўйи айтиб олади. Шу тарзда ўзини қийнаб юрган аламлардан оз бўлса-да, енгил тортади. Бир қарорга келди. У Расулуллоҳга мактуб ёзади, аниқроғи “Соғинч мактуб”ини йўллайди У зотга.
Соат чамаси 22 дан 30 дақиқа ўтди. Қўлига бир энлик қоғоз ҳамда ручка олди. Тушида кўрган муборак Зотни эслашга ҳаракат қилди. Хаёлида У зотни худди кўз ўнгидек гавдалантирди. Худди У зотнинг ёнларида тургандек ҳис қилди ўзини. Кўзлари намланди. Йиғидан ўзини тийиб тура олмади. Тўйиб-тўйиб йиғлаб олди. Бу ёшлар кўзларидан эмас, қалбларидан қуйилиб келаётган тўфон мисоли эди…
Мактуб ниҳоясига етди. Энди бу мактубни фаришталар орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга жўнатади. Мактубни конвертга солишдан аввал яна бир бор қоғозга қараб қўйди. У ёмғирда қолган каби кўз ёшлари билан ювилганди. Бироқ, бироқ қоғоз бўм-бўш эди. Ҳа, ҳақиқатан ҳам мактубга бирор сиёҳ тегмаганди. У барча изҳорларини кўз ёшларига жо қилди. Зеро, сиёҳ ҳам унинг дардларини тасвирлашга ожизлик қиларди. Иложи йўқ эди бунча дардни қоғозга қоралашга. Шунинг учун ҳам уни шу кўйи тамомлади. Хуфтон намозини ўқиб бўлгач, дуолар қилиб, мактубни токчага қўйиб қўйди. Буни тунда фаришталар олиб бориб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказишларини Аллоҳдан сўраб уйқуга кетди.
“Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар!” Муҳаммадни бомдоднинг азони уйғотди. Туриши билан таҳорат олиб, токча томон интилди. Қалблари ҳапқирарди. Қараса, мактуб йўқ экан. Аллоҳ унинг дуоларини ижобат қилиб, ёзган номасини суюклигига жўнатибди. У “Алҳамдулиллаҳ” дея, кўзларини ёшдан тия олмади…

Абдуллоҳ Қосим
Иқтибос олиш
0 #35 Qadriyat.uz 30.12.2016 14:37
“Маҳбуб Пайғамбар (с.а.в.)” танловига

НАПОЛЕОН БОНАПАРТ МУҲАММАД (С.А.В.) ҲАҚЛАРИДА

Дунё тарихининг энг буюк қўмондонларидан бири, Франция императори, етук давлат арбоби Наполеон Бонапарт шундай дейди:
"Аллоҳнинг борлигини ва бирлигини, Мусо ўз миллатига, Ийсо ўз қавмига, лекин Муҳаммад бутун кўҳна дунёга билдирди. Арабистон бутунлай бутпарст бўлиб кетган эди. Ийсодан 6 аср сўнгра келган Муҳаммад (алайҳис салом), ўзидан аввал келган Иброҳим, Исмоил, Мусо ва Исонинг Аллоҳини арабларга танитди. Арабларнинг ёнида жойлашган арянлар Ийсонинг ҳақиқи динини бузиб, уларга Аллоҳ, Аллоҳнинг ўғли, ота Худо каби ҳеч ким англамайдиган асоссиз, ботил гаплар тарқатишга уринишар, шарқни ҳузур ҳаловатини бузишарди. Муҳаммад уларга тўғри йўлни кўрсатди. Арабларга Аллоҳ якка ягона, бир эканини, Унинг на отаси, на ўғли бўлмаслигини, бир нечта Худоларга сиғиниш, бутпарастлардан қолган сафсата бир одат эканини англатди".

Марям Осиё таржимаси
Иқтибос олиш
0 #34 Qadriyat.uz 30.12.2016 14:37
“Маҳбуб Пайғамбар (с.а.в.)” танловига

ПАЙҒАМБАР АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ТАОМГА МУНОСАБАТЛАРИ

У зот алайҳиссалом таомдан юз ўгирмас эдилар.
У зот алайҳисалом имкони бўлмаган таомни талаб қилмас эдилар.
У зот алайҳиссалом таомни ҳаргиз ёмонламас эдилар.
У зот алайҳиссалом ширинликлар, асални яхши кўрар эдилар.
У зот алайҳиссалом турли хил гўшт ва балиқ еганлар.
У зот алайҳиссалом хурмони яхши кўрар эдилар.
У зот алайҳиссалом сутни яхши кўрар эдилар.
У зот алайҳиссалом нон билан хурмо, сирка ёки ёғ еганлар.
У зот алайҳиссалом пишлоқни ёқтирганлар.
У зот алайҳиссалом тарвузни ёқтирганлар.
У зот алайҳиссалом очликдан қоринларига тошлар боғлаганлар.
Уйларидаги ўчоқда таом пиширилмай ойлар ўтарди.
У зот алайҳиссалом таомланиш учун ерга ўтирар эдилар.
У зот алайҳиссалом учта бармоқлари билан таомланганлар.
У зот алайҳиссалом овқатланиш пайтида суянмас эдилар.
У зот алайҳиссалом ичимликни одатда ўтириб ичардилар.
У зот алайҳиссалом таомларини ўнг ва сўлдаги кишилар билан бирга ер эдилар.
У зот алайҳиссалом доимо (таом ейишни) Аллоҳнинг номи («Бисмиллаҳ») билан бошлаганлар.
У зот алайҳиссалом доимо Аллоҳга ҳамд айтиш билан (таом ейишни) тугатганлар.

«Зод ал-маъад», Ибнул Қайюм
Инглиз тилидан Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф таржимаси.
Иқтибос олиш
0 #33 Qadriyat.uz 30.12.2016 14:37
“Маҳбуб Пайғамбар (с.а.в.)” танловига

САЛОМ СИЗГА, ЭЙ МУҲАММАД МУСТАФО

Келишини хабар берди набийлар,
Охир замон келар Аҳмад дедилар.
Малаклар йўлига гуллар ёздилар,
Салом сизга, эй Муҳаммад Мустафо,
Нури жисмингиз дилларда завқ, сафо.

Малаклар айтган балки алла сизга,
Отангиз соғиндингиз гўдакликда.
Отам ҳам онам бўлсин фидо сизга,
Салом сизга, эй Муҳаммад Мустафо,
Руҳи нақшингиз дилларгадир шифо.

Ёшликдан жасур ва мард ўғлондингиз,
Ҳам тўғриликка дилдан ўргандингиз.
«Муҳаммад Амин» деб унвон олдингиз,
Салом сизга, эй Муҳаммад Мустафо,
Жамолингиз ўхшаш ҳусни Юсуфа

Эдиз Иброҳимнинг Ҳаниф динида,
Гоҳ савдо қилардиз Кинон элида.
Ёлғон-яшиқ йўқ зот эдиз дилида,
Салом сизга, эй Муҳаммад Мустафо,
Малакларда бўлмас сиздаги вафо.

Меърожига гувоҳ бўлиб оламлар,
Севикли мужда хабарин кутдилар.
Фироқидан ёнди бутун фалаклар,
Салом сизга, эй Муҳаммад Мустафо,
Кетмоқ истамоқдаман сиз тарафа.

Тилида дуолар, кўзлари ёшли,
Болага боладек, ёшларга ёшдек.
Муносиб вазмин эдингиз, оғир босиқ,
Салом сизга, эй Муҳаммад Мустафо,
Шуҳратиз битилган нурли Мусҳафа.

Сўзласангиз товушиз ғоят сокин,
Боқишларингиз собит, кўзлар амин.
Фирдавс деганлари жаннатдан замин,
Салом сизга, эй Муҳаммад Мустафо,
Рамз этди мим ҳарфин исмизга Аллоҳ.

Танин гул ҳидларди, нафасин райҳон,
Дунёда султон, охиратда султон.
Сизни кўрмоқ истар бу фақир ҳар он,
Салом сизга, эй Муҳаммад Мустафо,
Шафоат кўрсатинг, қўйманг Аърофа.

Ахлоқиз Қуръондир, одобиз Фурқон,
Асҳобиз нурлидир, аҳли байт нурдан.
Расул айрила олмас чаҳор ёрдан,
Салом сизга, эй Муҳаммад Мустафо,
Аҳли байтга жонлар фидо минг бора.

Ҳазрат Али, Фотима, Ҳасан, Ҳусайн,
Севдим Зайнаб ила Зайнул Обидин.
Сизсиз қиблам, сизсиз Кавсар, сизсиз дин,
Салом сизга, эй Муҳаммад Мустафо,
Ҳар заррангизга Холид фидо минг бора.

Турк тилидан Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф таржимаси.
Иқтибос олиш
0 #32 Qadriyat.uz 30.12.2016 14:37
“Маҳбуб Пайғамбар (с.а.в.)” танловига

СУЮКЛИ ПАЙҒАМБАРИМ

Бутун оламлар сиз учун яратилди,
Оламларга раҳматсиз, эй Расулллоҳ.
Сиздан бурун дунё зимистонда эди,
Нурингиз-ла ёритдиз, эй Расулуллоҳ.

Инсоният тарихида сиз ягона,
Фаришталар қилди ҳавас, эй Расулуллоҳ.
Ёмонликларга қарши ғов бўлиб мардона,
Яхшиликка амр эттиз, эй Расулуллоҳ.

Сиздан бурун қизлар тирик кўмиларди,
Бу ваҳшийлик дедингиз, эй Расулуллоҳ.
Сиздан бурун ваҳшийлик, ваҳший кўпайди,
Адлингиз берди ҳузур, эй Расулуллоҳ.

Сиз ила инсоният ўзликни билди,
Дунё сиз-ла нурланди, эй Расулуллоҳ.
Сиз ила инсонлар қулликдан қутилди,
Ўзлигини таниди, эй Расулуллоҳ.

Ҳеч бир инсон сизга ўхшаб севилмади,
Сиз – қалбларнинг ошиғи, эй Расулуллоҳ.
Ҳеч ким сизнинг вирдингизга ярамади,
Сиз Ислом бўлган инсон, эй Расулуллоҳ.

Йилмаз Челик

Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф таржимаси
Иқтибос олиш
0 #31 Qadriyat.uz 30.12.2016 14:36
“Маҳбуб Пайғамбар (с.а.в.)” танловига

ИЗЛАБ-ИЗЛАБ ТОПСАМ ИЗИНИ

Излаб-излаб топсам ҳамки изини,
Изининг чангини суртсам юзима.
Ҳақ насиб айласа кўрсам юзини,
Эй Муҳаммад, жоним истайдир сизни.

Бир муборак сафар бўлса-да, кетсам,
Каъба йўлларида қумларга ботсам.
Хўб жамолин бир бора тушда кўрсам...
Эй Муҳаммад, жоним истайдир сизни.

Заррача қолмади кўнглимда ҳийла,
Сидқ ила кирмишам мен бу ҳақ йўла.
Абу Бакр, Умар ҳам Усмонлар ила,
Эй Муҳаммад, жоним истайдир сизни.

Али ила Ҳасан ва Ҳусайн анда,
Севгиси кўнгилда, муҳаббат жонда.
Эрта маҳшар куни бўлган замонда,
Эй Муҳаммад, жоним истайдир сизни.

Арофат тоғидир бизнинг дардимиз,
Унда қабул бўлар барча дуомиз.
Мадинада ётар Пайғамбаримиз,
Эй Муҳаммад, жоним истайдир сизни.

Юнус мадҳ айлади сизни тилларда,
Тилларда, тилларда ҳам кўнгилларда.
Йиғлади, йиғлади ёт юрт, элларда,
Эй Муҳаммад, жоним истайдир сизни.

Юнус Эмро

Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф таржимаси
Иқтибос олиш
0 #30 Qadriyat.uz 30.12.2016 14:36
“Маҳбуб Пайғамбар (с.а.в.)” танловига

ИСМИ ГЎЗАЛ, ЖИСМИ ГЎЗАЛ МУҲАММАД

Бу жоним қурбон бўлсин йўлингизда,
Исми гўзал, жисми гўзал Муҳаммад.
Шафоат айланг камтар қулингизни,
Исми гўзал, жисми гўзал Муҳаммад.

Мўъмин бўлганларнинг кўпдир жафоси,
Охиратда бўлар завқ-у сафоси.
Ўн саккиз минг оламнинг Мустафоси,
Исми гўзал, жисми гўзал Муҳаммад.

Қават-қават кўкларни сайр айлаган,
Курсий устунида жавлон айлаган.
Меърожда умматга Ҳақдин тилаган,
Исми гўзал, жисми гўзал Муҳаммад.

Ул чор ёр анинг самовий ёридир,
Уни севган гуноҳлардан беридир.
Ўн саккиз минг оламнинг сарваридир,
Исми гўзал, жисми гўзал Муҳаммад.

Ошиқ Юнус найлар икки жаҳонда сизсиз,
Сиз ҳақ Пайғамбарсиз, шаксиз, гумонсиз.
Сизга эргашмаган кетар иймонсиз,
Исми гўзал, жисми гўзал Муҳаммад.

Юнус Эмро

Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф таржимаси
Иқтибос олиш

Мулоҳаза қўшиш


Ҳимоя коди
Янгилаш