Таъна қилиш (койиш) ва одоб беришда Расулуллоҳ (с.а.в.) тутган чиройли йўл

Рукн: Муҳаммад (с.а.в.) сийратлари Чоп этилган: 03.01.2017

“Маҳбуб Пайғамбар (с.а.в.)” номли сийрат танловига

Таъна қилиш одоб бериш ва таълим бериш йўлларидан бири ҳисобланади. Эҳтиёж туғилганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу услубларни қўллар эдилар. Масалан, тарбия бериш ва танбеҳ бериш ўринларида қўллар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таъна қилишда турли йўллар ва бир нечта услублардан фойдаланар эдилар. Бунда ҳам тақозо этаётган вазиятни ҳам ҳисобга олардилар. Айрим ҳолатда ишора қилиш билан, баъзида сўз билан, баъзида мунозара билан, баъзида ўзларини четга олиш, баъзида тарк қилиш билан койир эдилар. Айрим ҳолатларда муборак юзларида ғазабланиш асарлари намоён бўлар эди.

Бир куни Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу иккита сариқ кийим кийиб олганини кўрдилар. Бундай кийимдан қайтарилгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Онанг шунга буюрдими?”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу сўзни айтиш билан кифояландилар. Чунки шу сўзнинг ўзи қайтарилган ишни тўғрилаш ва яхшиликни баён қилиш учун етарли бўлган эди. Ривоятларда келишича, Ибн Умар розияллоҳу анҳу уйларига келганларида икки кийимларини ҳам ёқиб юборганлар.

Баъзида қаттиқ койир эдилар. Бунга таъна қилинувчи шунга лойиқ ёки қаттиқ гапирмаса таъсир қилмайди, деган мақсадда эмас. Балки ундан бошқа улуғ маъноларни мулоҳаза қилинган. Шундай ҳолатлардан бири Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу билан юз берган. Муоз розияллоҳу анҳу ўз қавмлари масжидида имом бўлиб намоз ўқидилар ва қироатни жуда чўзиб юбордилар. Намозхонлар орасида бир иши бор инсон намозни бузиб кетиб қолди. Муоз розияллоҳу анҳу кетиб қолганини билиб: “У мунофиқ”, дедилар. Маълумки, бу сўз ўта хатарли бўлиб, куфрни назарда тутилар эди. Шунда ҳалиги киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига қаттиқ изтиробга тушган, безовта ҳолда келди ва Муоз розияллоҳу анҳу намозни чўзиб юборгани ва уни мунофиқликда туҳмат қилганини шикоят қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз розияллоҳу анҳуни чақиртириб: “Эй Муоз, сен фитначимисан! Эй Муоз, сен фитначимисан! Эй Муоз, сен фитначимисан!”, деган сўзлари билан койидилар. Мана сўз шикоят қилувчининг кўнглини олиш ва унинг шикоятига эътибор бериш эди. Аслида намозни чўзгани учун имом енгил қироат қилиши ҳақида айтиб қўйиш етарли эди. Хусусан, ҳалол ва ҳаромни билишда олим саналадиган Муоз розияллоҳу анҳу каби кишиларга битта сўз кифоя қилар эди. Лекин бошқа тарафларни ҳам ўйлаб қаттиқ койиганлар.

Бир марта Абу Зарр розияллоҳу анҳуни ҳам қаттиқ койиганлар. Абу Зарр розияллоҳу анҳу қулига: “Эй қоранинг боласи”, дедилар. Қул Абу Заррнинг гапидан хафа бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига шикоят қилиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Зарр розияллоҳу анҳуга: “Сен жоҳилият қолдиқлари ҳали қолган киши экансан. Унинг онасини ҳақорат қилибсан”, дедилар. Бу Абу Зарр розияллоҳу анҳу учун қаттиқ танбеҳ эди. Аслида Абу Зарр розияллоҳу анҳуга бунчалик гапириш шарт эмас эди. Лекин шикоят қилиб келган хизматкорнинг ҳолини ўйладилар. У хизматкор ранг ва жинс танламайдиган ислом соясида омонликда ҳаёт кечирар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни овутиш, кўнглини олиш ва шикоятига эътибор қаратганиларини билдириб қўйишни мақсад қилган эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одоб бериш услубларидан бири кишини ҳибс қилиб қўяр эдилар. Ҳибс қилиш дегани зиндонга солиш эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврларида қамаб қўядиган махсус жой йўқ эди. Балки айбдор инсоннинг масжиддами ёки уйидами бўлсин, бирор нарсаларни тасарруф қилиши (фойдаланиш, ишлатиш)га қўймас эдилар. 

Абу Довудда ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишини туҳмат қилишда айблаб ҳибс қилганлар. “Саҳиҳ” китобда айтилишича, Сумома ибн Асолни масжиднинг бир устунига боғлаб қўйиш билан ҳибс қилганлар.

“Сийратул ҳалабийя”да айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Қурайза яҳудийларини ансор аёл Бинтул Ҳориснинг ҳавлисида ҳибс қилиб туриб, сўнг уларни ўлдирганлар.

Баъзида жанжаллашган кишининг ўзи ҳибс қилиш керак бўлган кишини олиб келар эди. Абу Довуд ва Ибн Можа Ҳармос ибн Ҳабибдан, у отасидан риоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига мендан қарздор бўлган кишини олиб келдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Асирингни нима қилишимни хоҳлайсан?”, деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврларида ҳибс қилиш шу каби йўл билан бўлган. Умар розияллоҳу анҳу халифа бўлганларида Маккада бир ҳовлини сотиб олиб қамоқхона қилиб қўйганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одоб бериш учун калтаклаш услубидан ҳам фойдаланар эдилар. Қулини қасддан ўлдирган кишини калтаклатганлар. Мистоҳ ибн Усоса ва “Ифк” ҳодисасида гап тарқатганларни калтаклатганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одоб бериш учун сургун қилиш услубидан ҳам фойдаланар эдилар. Ҳакам ибн Абу Осни тоифга сургун қилганлар. Керак бўлганда бу жазони қўллашга буюрганлар: “Ёш қари билан (зино қилса) юз дарра ва сургун қилиш”, деганлар. Зино қилган хизматкорга дарра уруш ва сургун қилишга ҳукм қилганлар. Шунингдек, аёлларнинг орасига кириб юрадиган хунасага ҳам шундай ҳукм чиқарганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одоб бериш услубларидан бири тарк қилиш ва гапирмаслик бўлган. Табук ғазотига бормаган уч киши: Каъб ибн Молик, Ҳилол ибн Умайя ва Марвон ибн Рабеъга шундай йўл тутганлар. Уларга гапирмаганлар ва бошқалар ҳам гапирмаслигини буюрганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар гапирмаганидан қаттиқ сиқилганлар. Уларнинг ҳолатини Қуръон баён қилиб берган. Аллоҳ таоло айтади:

 “Уларга ер (шунча) кенглиги билан торлик қилган, диллари танг бўлган ва Аллоҳ (ғазаби)дан фақат Ўзига қочиш билан паноҳ топилишини билишгандан сўнгра улар тавба қилувчилардан бўлишлари учун Аллоҳ тавбаларини қабул этди. Албатта, Аллоҳ Таввоб (тавбаларни қабул этувчи) ва Раҳим (раҳмли)дир” (Тавба сураси 118-оят.).

Яъни ер шунчалик кенг бўлса ҳам, уларга қилинган муомаладан қийналиб хотиржам бўладиган жой топа олмай қолдилар. Тавбалари кечиккани сабабидан даҳшатга тушиб сиқилиб қолишган. Хурсандчилик ва улфатчилик қалбларига сиғмаган.

Каъб розияллоҳу анҳунинг ўзи ривоятида: “Менинг кўзимга ер ҳам ўзини танимасликка олаётгандек бўлар эди. У мен билган ер эмас эди”, деган. Бошқа ривоятда: “Деворлар ҳам бизни танимасликка ўтиб олган эди. Ҳатто у деворлар биз билган деворлар эмас эди”, деган.

Бундай ҳолатга хафа ва ғамга ботган киши тушади. Барча нарса унга қаршидек бўлади. Бир ривоятда: “Улар жуда қаттиқ қийналишганидан роҳибларга ўхшаб қолишди”, дейилган.

Ҳадисларда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўл-оёқни кесиш ва кўзга тамға босиш билан азоб берганлар. Бунга “Урайна” қабиласи билан содир бўлган машҳур ҳодисида гувоҳ бўламиз. Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Акал ва Урайна қабиласидан бир қанча инсонлар келишди. Мадинада ҳаво ёқмаслик хасталигига учрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга ҳомиладор туяни (беришни) буюрдилар ва уларнинг сутларидан ва сийдикларидан ичишни амр қилдилар. Бас, улар боришди. Тузалишгач, чўпонни ўлдириб, туяларни ҳайдаб қочишди. Эрталаб бунинг хабари етди. Туриб уларнинг изидан тушдек. Кун кўтарилган эди уларни олиб келинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг қўл ва оёқлари кесилиш ва кўзига тамға босишга буюрдилар. Қора тошли иссиқ ерга ташлаб келинди. Чанқаганларида сув ҳамберилмади”.

Бир ривоятда: “Ҳатто ўлиб кетдилар”, дейилган.

Ибн Абу Авона Ақилдан, у Анас розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда: “Иккитаси осилди, иккитаси кесилди ва иккитасининг кўзига тамға босилди”, дейилган. Агар бу ривоят ишончли бўлса уларни азоблаш тақсимланган бўлган экан.

Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Урайналиклар чўпонларнинг кўзига тамға босиб қўйгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уларнинг кўзларига тамға босганлар”.

Имом Бухорий шу ҳадисни”Мушрик инсон мусулмонни

Ривоятларда ўлим жазосини муборак қўллари билан амалга оширганлар. Убай ибн Халафни қатл қилганлар. Ҳарс ибн Самманинг қўлидан найзани олиб Убай ибн Халафнинг бўйнига санчганлар. У отидан йиқилиб бир қовурғаси синиб ўлган.

Ҳофиз Бобилий ўзи ёзган “Сийрат”ида айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз қўллари фақат Убай ибн Холафнигина ўлдирганлар”. Зарқоний ҳам худди шундай ривоят қилган.

Ҳадисларда ёқиш ва бузиб ташлаш билан азоб берганлари айтилган. Ибн Ҳишом Абдуллоҳ ибн Ҳотамдан, у отасидан ривоят қилади: “Бир гуруҳ мунофиқлар яҳудий Сувайлимнинг уйида тўпланиб одамларни Табук ғазотига чиқишдан қайтараётгани хабари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Талҳа ибн Убайдуллоҳни бир неча нафар киши билан юбориб Сувайлимнинг уйини ёқиб юборишни буюрдилар. Шундай қилинди”.

Табук ғазотида Зирор масжиди ҳақидаги хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло тарафидан маълум қилинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қанча саҳобаларини у ерга бориб масжидни бузиш ва ёқиб юборишни буюрганлар. Молик ибн Дахшам ва Маън ибн Адий Ажлонийни чақириб: “Аҳли зулм қилувчи бўлган масжидга боринглар! Уни бузинг ва ёқиб юборинг!”, дедилар. Улар бориб бузишди ва ёқиб юборишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Назр хурмоларини қирқтириб қишлоқларини ёқиб юорганлари ҳам ривоятларда келган.

 Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Ғиёсиддин Баратов тайёрлади.

Ta’na qilish odob berish va ta’lim berish yo‘llaridan biri hisoblanadi. Ehtiyoj tug‘ilganida Rasululloh sollallohu alayhi vasallam bu uslublarni qo‘llar edilar. Masalan, tarbiya berish va tanbeh berish o‘rinlarida qo‘llar edilar. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam ta’na qilishda turli yo‘llar va bir nechta uslublardan foydalanar edilar. Bunda ham taqozo etayotgan vaziyatni ham hisobga olardilar. Ayrim holatda ishora qilish bilan, ba’zida so‘z bilan, ba’zida munozara bilan, ba’zida o‘zlarini chetga olish, ba’zida tark qilish bilan koyir edilar. Ayrim holatlarda muborak yuzlarida g‘azablanish asarlari namoyon bo‘lar edi.

Bir kuni Abdulloh ibn Umar roziyallohu anhu ikkita sariq kiyim kiyib olganini ko‘rdilar. Bunday kiyimdan qaytarilgani uchun Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: “Onang shunga buyurdimi?”, dedilar (Imom Muslim rivoyati).

Rasululloh sollallohu alayhi vasallam shu so‘zni aytish bilan kifoyalandilar. Chunki shu so‘zning o‘zi qaytarilgan ishni to‘g‘rilash va yaxshilikni bayon qilish uchun yetarli bo‘lgan edi. Rivoyatlarda kelishicha, Ibn Umar roziyallohu anhu uylariga kelganlarida ikki kiyimlarini ham yoqib yuborganlar.

Ba’zida qattiq koyir edilar. Bunga ta’na qilinuvchi shunga loyiq yoki qattiq gapirmasa ta’sir qilmaydi, degan maqsadda emas. Balki undan boshqa ulug‘ ma’nolarni mulohaza qilingan. Shunday holatlardan biri Muoz ibn Jabal roziyallohu anhu bilan yuz bergan. Muoz roziyallohu anhu o‘z qavmlari masjidida imom bo‘lib namoz o‘qidilar va qiroatni juda cho‘zib yubordilar. Namozxonlar orasida bir ishi bor inson namozni buzib ketib qoldi. Muoz roziyallohu anhu ketib qolganini bilib: “U munofiq”, dedilar. Ma’lumki, bu so‘z o‘ta xatarli bo‘lib, kufrni nazarda tutilar edi. Shunda haligi kishi Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning oldilariga qattiq iztirobga tushgan, bezovta holda keldi va Muoz roziyallohu anhu namozni cho‘zib yuborgani va uni munofiqlikda tuhmat qilganini shikoyat qildi. Shunda Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Muoz roziyallohu anhuni chaqirtirib: “Ey Muoz, sen fitnachimisan! Ey Muoz, sen fitnachimisan! Ey Muoz, sen fitnachimisan!”, degan so‘zlari bilan koyidilar. Mana so‘z shikoyat qiluvchining ko‘nglini olish va uning shikoyatiga e’tibor berish edi. Aslida namozni cho‘zgani uchun imom yengil qiroat qilishi haqida aytib qo‘yish yetarli edi. Xususan, halol va haromni bilishda olim sanaladigan Muoz roziyallohu anhu kabi kishilarga bitta so‘z kifoya qilar edi. Lekin boshqa taraflarni ham o‘ylab qattiq koyiganlar.

Bir marta Abu Zarr roziyallohu anhuni ham qattiq koyiganlar. Abu Zarr roziyallohu anhu quliga: “Ey qoraning bolasi”, dedilar. Qul Abu Zarrning gapidan xafa bo‘lib Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning oldilariga shikoyat qilib keldi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Abu Zarr roziyallohu anhuga: “Sen johiliyat qoldiqlari hali qolgan kishi ekansan. Uning onasini haqorat qilibsan”, dedilar. Bu Abu Zarr roziyallohu anhu uchun qattiq tanbeh edi. Aslida Abu Zarr roziyallohu anhuga bunchalik gapirish shart emas edi. Lekin shikoyat qilib kelgan xizmatkorning holini o‘yladilar. U xizmatkor rang va jins tanlamaydigan islom soyasida omonlikda hayot kechirar edi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam uni ovutish, ko‘nglini olish va shikoyatiga e’tibor qaratganilarini bildirib qo‘yishni maqsad qilgan edilar.

Rasululloh sollallohu alayhi vasallam odob berish uslublaridan biri kishini hibs qilib qo‘yar edilar. Hibs qilish degani zindonga solish emas. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam va Abu Bakr roziyallohu anhu davrlarida qamab qo‘yadigan maxsus joy yo‘q edi. Balki aybdor insonning masjiddami yoki uyidami bo‘lsin, biror narsalarni tasarruf qilishi (foydalanish, ishlatish)ga qo‘ymas edilar. 

Abu Dovudda rivoyat qilinishicha, Rasululloh sollallohu alayhi vasallam bir kishini tuhmat qilishda ayblab hibs qilganlar. “Sahih” kitobda aytilishicha, Sumoma ibn Asolni masjidning bir ustuniga bog‘lab qo‘yish bilan hibs qilganlar.

“Siyratul halabiyya”da aytilishicha, Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Banu Qurayza yahudiylarini ansor ayol Bintul Horisning havlisida hibs qilib turib, so‘ng ularni o‘ldirganlar.

Ba’zida janjallashgan kishining o‘zi hibs qilish kerak bo‘lgan kishini olib kelar edi. Abu Dovud va Ibn Moja Harmos ibn Habibdan, u otasidan rioyat qiladi: “Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning oldilariga mendan qarzdor bo‘lgan kishini olib keldim. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam menga: “Asiringni nima qilishimni xohlaysan?”, deganlar.

Rasululloh sollallohu alayhi vasallam va Abu Bakr roziyallohu anhu davrlarida hibs qilish shu kabi yo‘l bilan bo‘lgan. Umar roziyallohu anhu xalifa bo‘lganlarida Makkada bir hovlini sotib olib qamoqxona qilib qo‘yganlar.

Rasululloh sollallohu alayhi vasallam odob berish uchun kaltaklash uslubidan ham foydalanar edilar. Qulini qasddan o‘ldirgan kishini kaltaklatganlar. Mistoh ibn Usosa va “Ifk” hodisasida gap tarqatganlarni kaltaklatganlar.

Rasululloh sollallohu alayhi vasallam odob berish uchun surgun qilish uslubidan ham foydalanar edilar. Hakam ibn Abu Osni toifga surgun qilganlar. Kerak bo‘lganda bu jazoni qo‘llashga buyurganlar: “Yosh qari bilan (zino qilsa) yuz darra va surgun qilish”, deganlar. Zino qilgan xizmatkorga darra urush va surgun qilishga hukm qilganlar. Shuningdek, ayollarning orasiga kirib yuradigan xunasaga ham shunday hukm chiqarganlar.

Rasululloh sollallohu alayhi vasallam odob berish uslublaridan biri tark qilish va gapirmaslik bo‘lgan. Tabuk g‘azotiga bormagan uch kishi: Ka’b ibn Molik, Hilol ibn Umayya va Marvon ibn Rabe’ga shunday yo‘l tutganlar. Ularga gapirmaganlar va boshqalar ham gapirmasligini buyurganlar.

Rasululloh sollallohu alayhi vasallam va sahobalar gapirmaganidan qattiq siqilganlar. Ularning holatini Qur’on bayon qilib bergan. Alloh taolo aytadi:

 “Ularga yer (shuncha) kengligi bilan torlik qilgan, dillari tang bo‘lgan va Alloh (g‘azabi)dan faqat O‘ziga qochish bilan panoh topilishini bilishgandan so‘ngra ular tavba qiluvchilardan bo‘lishlari uchun Alloh tavbalarini qabul etdi. Albatta, Alloh Tavvob (tavbalarni qabul etuvchi) va Rahim (rahmli)dir” (Tavba surasi 118-oyat.).

Ya’ni yer shunchalik keng bo‘lsa ham, ularga qilingan muomaladan qiynalib xotirjam bo‘ladigan joy topa olmay qoldilar. Tavbalari kechikkani sababidan dahshatga tushib siqilib qolishgan. Xursandchilik va ulfatchilik qalblariga sig‘magan.

Ka’b roziyallohu anhuning o‘zi rivoyatida: “Mening ko‘zimga yer ham o‘zini tanimaslikka olayotgandek bo‘lar edi. U men bilgan yer emas edi”, degan. Boshqa rivoyatda: “Devorlar ham bizni tanimaslikka o‘tib olgan edi. Hatto u devorlar biz bilgan devorlar emas edi”, degan.

Bunday holatga xafa va g‘amga botgan kishi tushadi. Barcha narsa unga qarshidek bo‘ladi. Bir rivoyatda: “Ular juda qattiq qiynalishganidan rohiblarga o‘xshab qolishdi”, deyilgan.

Hadislarda kelishicha, Rasululloh sollallohu alayhi vasallam qo‘l-oyoqni kesish va ko‘zga tamg‘a bosish bilan azob berganlar. Bunga “Urayna” qabilasi bilan sodir bo‘lgan mashhur hodisida guvoh bo‘lamiz. Imom Buxoriy Anas roziyallohu anhudan rivoyat qiladi: “Akal va Urayna qabilasidan bir qancha insonlar kelishdi. Madinada havo yoqmaslik xastaligiga uchradilar. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam ularga homilador tuyani (berishni) buyurdilar va ularning sutlaridan va siydiklaridan ichishni amr qildilar. Bas, ular borishdi. Tuzalishgach, cho‘ponni o‘ldirib, tuyalarni haydab qochishdi. Ertalab buning xabari yetdi. Turib ularning izidan tushdek. Kun ko‘tarilgan edi ularni olib kelindi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam ularning qo‘l va oyoqlari kesilish va ko‘ziga tamg‘a bosishga buyurdilar. Qora toshli issiq yerga tashlab kelindi. Chanqaganlarida suv hamberilmadi”.

Bir rivoyatda: “Hatto o‘lib ketdilar”, deyilgan.

Ibn Abu Avona Aqildan, u Anas roziyallohu anhudan qilingan rivoyatda: “Ikkitasi osildi, ikkitasi kesildi va ikkitasining ko‘ziga tamg‘a bosildi”, deyilgan. Agar bu rivoyat ishonchli bo‘lsa ularni azoblash taqsimlangan bo‘lgan ekan.

Muslim Anas roziyallohu anhudan rivoyat qiladi: “Uraynaliklar cho‘ponlarning ko‘ziga tamg‘a bosib qo‘ygani uchun Rasululloh sollallohu alayhi vasallam ham ularning ko‘zlariga tamg‘a bosganlar”.

Imom Buxoriy shu hadisni”Mushrik inson musulmonni

Rivoyatlarda o‘lim jazosini muborak qo‘llari bilan amalga oshirganlar. Ubay ibn Xalafni qatl qilganlar. Hars ibn Sammaning qo‘lidan nayzani olib Ubay ibn Xalafning bo‘yniga sanchganlar. U otidan yiqilib bir qovurg‘asi sinib o‘lgan.

Hofiz Bobiliy o‘zi yozgan “Siyrat”ida aytadi: “Rasululloh sollallohu alayhi vasallam o‘z qo‘llari faqat Ubay ibn Xolafnigina o‘ldirganlar”. Zarqoniy ham xuddi shunday rivoyat qilgan.

Hadislarda yoqish va buzib tashlash bilan azob berganlari aytilgan. Ibn Hishom Abdulloh ibn Hotamdan, u otasidan rivoyat qiladi: “Bir guruh munofiqlar yahudiy Suvaylimning uyida to‘planib odamlarni Tabuk g‘azotiga chiqishdan qaytarayotgani xabari Rasululloh sollallohu alayhi vasallamga yetkazildi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Talha ibn Ubaydullohni bir necha nafar kishi bilan yuborib Suvaylimning uyini yoqib yuborishni buyurdilar. Shunday qilindi”.

Tabuk g‘azotida Ziror masjidi haqidagi xabar Rasululloh sollallohu alayhi vasallamga Alloh taolo tarafidan ma’lum qilindi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam bir qancha sahobalarini u yerga borib masjidni buzish va yoqib yuborishni buyurganlar. Molik ibn Daxsham va Ma’n ibn Adiy Ajloniyni chaqirib: “Ahli zulm qiluvchi bo‘lgan masjidga boringlar! Uni buzing va yoqib yuboring!”, dedilar. Ular borib buzishdi va yoqib yuborishdi.

Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Bani Nazr xurmolarini qirqtirib qishloqlarini yoqib yuorganlari ham rivoyatlarda kelgan.

 Ko‘kaldosh o‘rta maxsus islom bilim yurti mudarrisi G‘iyosiddin Baratov tayyorladi.

Мулоҳаза қўшиш


Ҳимоя коди
Янгилаш